+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Фев 2019

Меҳр ва эътибор дунёни қутқаради

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Вилоятимиздаги маҳаллалардан бирида мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар барчани ларзага солди. Аянчли воқеа содир бўлган куни Нафиса (исм ўзгартирилган) одатдагидек мактабга борган, аъло баҳолар олган. Мактабдан қайтгач, уйида ҳеч ким бўлмаган бир пайтда ана шу мудҳиш воқеа юз берди. Қиз нима учун ўзини осгани, жонига қасд қилгани фақат Яратганга аён..

 

Лоқайдлик фожиа келтиради.

 

..Cинфдошлари, ўқитувчиларининг таъкидлашларича, Нафиса одобли, аълочи, фаол ўқувчилардан бўлган. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, мустақил ҳаёт остонасида турган ўсмир қизнинг орзуларидан воз кечиб, нега бундай қилгани ҳар қандай кишини ўйлантиради. Нима учун бу воқеа юз берди? Қандай муаммо Нафисани бундай йўл тутишга мажбурлади? Минг афсуски, бу каби саволлар биз учун энди жумбоқлигича қолади.

 Тўғри, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, Яратганнинг иродаси, тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди. Лекин эътиборли, хушёр ва огоҳ бўлганимизда, унинг юриш-туриши, саломатлигидаги салбий ўзгаришларни ўз вақтида пайқаб, ёрдам берганимизда балки қалбларимизни ларзага солувчи мусибатли воқеа бўлмаслиги мумкин эди.

Саноқли бўлса-да юз бераётган бу каби фожиа, мусибатлар бир оиланинг, маҳалланинг эмас, бутун бир жамиятимизнинг, миллатимизнинг фожиасидир. Бунда сизу биз, барчамиз бирдек айбдормиз. Чунки кимдир тарбияда адашди, биз буни билиб ўзимизни билмасликка олдик. " - Ҳой биродар, бундай қилишинг нотўғри", - дея уни огоҳлантирмадик, тартибга, хушёрликка чақирмадик. Ёки, қизимиз, дугонамиз, синглимиз ёки опамиз руҳий тушкунликка тушиб, изтироб чекяпти. Саломатлиги яхши эмас. Бунга ҳам эътибор бермадик. Ишимиз кўп. Ундан «аҳволинг қалай», - деб сўрашга вақт топа олмадик. Оқибатда нима бўлди? Фожиа, мусибат!

Юз берган воқеа барчани бирдек ташвишга солгани аниқ.                                             

- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларни турмушга тайёрлаш, ёшларимизнинг ўз иқтидор ва имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир пайтда ўз жонига қасд қилишдек ҳолатнинг юз берганлиги ниҳоятда ачинарли, - дейди Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зилола Тоштемирова. - Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун муаммонинг туб илдизини ўрганишга, айниқса, муаммоли оилалар, руҳий тушкунликка тушиб қолган қиз-аёллар билан бевосита иш олиб боришга, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

 Бўлиб ўтган воқеа маҳалла, мактаб жамоаси, хотин-қизлар қўмитаси, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Тегишли хулосалар чиқарилди. Бироқ лоқайдлигимиз қурбони бўлган қизимиз энди ҳаётга  қайтмайди. Муштипар она, унинг жигарлари бир умр армон доғида қолди.

 

Суицид нима?

 

Ўз жонига қасд қилиш расмий тилда "суицид" (лотинча. sui caedere - ўзини ўлдирмоқ) деб аталади. Айни кунга келиб суицид дунё бўйича глобал муаммолардан бирига айланмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили жаҳонда 800 минг нафардан ортиқ киши ўз жонига қасд қилар экан. Бу қарийб ҳар 40 дақиқада бир киши ўз жонига қасд қилишини англатади. Таҳлилларга кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг аксарияти 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ҳисобланади.

Ҳаёт - Яратганнинг инъоми, тириклик ўзи бир мўъжиза.  Ширин ҳаёт остонасида турган қиз ёки аёлнинг бундай бебаҳо неъматдан воз кечишини ҳеч бир дин, ҳеч бир қонун оқламайди. Қолаверса, аёл ҳаётнинг давомчиси, авлодлар яратувчисидир. У ўз ҳаётини завол қилмаслиги, чекидаги ана шу хайрли ишни адо этиши керак.

- Ўз жонига қасд қилиш жаҳолатдан бошқа нарса эмас, - дейди ҳуқуқшунос Дилшода Раҳмонова. - Бу ҳаётнинг қадрига етмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози шахснинг тушкунликка тушган, руҳан толиққан пайтида содир этган ҳаракатидир.

Аксарият ҳолларда киши ўзини англамаган ҳолда суицид ҳолатини содир этади. Лекин унутмайликки, бу ҳол ҳеч қачон ўз-ўзидан содир бўлмайди, ақли расо инсон тўсатдан бундай ишга қўл урмайди. Унга турли сабаб ва муаммолар, атрофдагиларнинг таъсири, айниқса, узоқ вақт руҳий тушкунликда юриши  сабаб  бўлиши мумкин.

Бугунги кунда бир қатор мамлакатларда ўз жонига қасд қилишга уринган шахслар жазога тортилади. Бундан ташқари, шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб келувчи ҳаракатлар ижтимоий хавфли жиноят, дея баҳоланиб, унга нисбатан жуда кўп давлатлар Жиноят кодекси ва қонунларида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Суицид ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда асосан, носоғлом оилавий муҳит, ажримлар, ёлғизлик, руҳий тушкунлик, моддий етишмовчилик, оила аъзоларининг салбий муносабати, рад этилган севги, бедаво касаллик, ота-она ўртасидаги мунтазам жанжалларнинг фарзандларга руҳий таъсири сингари омиллар туфайли юзага келганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолиши, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд бўлиш, муаммолар олдида ожиз қолиш сингари омиллар ҳам кишини ўз жонига қасд қилишга етаклаши мумкинлигини унутмаслик керак.

 

Ҳар ишда меъёр бўлсин

 

Қанчалик оғир бўлмасин, ўз жонига қасд қилган марҳуманинг оила аъзолари, яқинлари, қўни-қўшни, қариндош уруғлари билан гаплашишга, фожиа сабабларини таҳлил қилишга уринамиз. Жигарбанди вафотидан абгор онаизордан гап олиш жуда мушкул. Нафисанинг онаси йиғлай-йиғлай, сўнгги ойларда фарзанди руҳиятида ўзгаришлар содир бўлганини сезганини, аммо эътиборсизлик қилганини айтиб, надомат чекмоқда.

- Унга эътибор қаратганимда, руҳшуносга, шифокорга олиб борганимда балки, қизим тирик қолармиди?

...Жудолик азобида ёнаётган онанинг кўнглини кўтаришга, унга тасалли беришга уриндик. Бундай мусибат ҳеч кимнинг бошига тушмасин, Аллоҳ онаизорга сабр берсин. 

Шу ўринда яна мулоҳазалар туғилаверади. Хўп, она, оила аъзолари эътиборсизлик қилибди. Лекин қизнинг ҳолатини, унда бўлаётган ўзгаришларни наҳотки, унинг дугоналари, устозлари, мактаб психологи пайқамаган бўлса? Бу гапларни айтишдан мақсад, кимнидир айбдор қилиш эмас. Фақат шу қадар лоқайд, ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолаётганимиз қалбимга оғриқ беради.

Яна ёшлар тарбияси борасида ҳам хато ва камчиликларимиз борлигидан кўз юммаслигимиз керак. Айрим ёшларда қийинчиликларни бардош билан енгиб ўтиш, сабрли бўлиш, нима савобу, нима гуноҳ эканлигини англаш кўникмасини назаримда етарли даражада шакллантира олмаяпмиз. Бундан ташқари, таълим муассасаларида диншунослик асослари талаб даражасида ўқитилмаслиги, мактабда ҳам, оилада ҳам тарбия билан боғлиқ миллий ва диний қадриятларимизга у қадар эътибор қаратилмаётганлиги, ёшларнинг виртуал олам таъсирига тушиб қолаётганликлари ҳам турли кўнгилсизликларга эшик очиб бермоқда.

Минг афсуски, бугун  ёшлар, айниқса, қизларимиз зиммасига ихтиёрий-мажбурий тарзда кўп вазифалар юклаб қўйганмиз. Уларнинг ҳар бир куни зўриқиш, қатъий тартиб билан ўтмоқда. Яъни, эрталаб фарзандимиз мактабга боради, дарсларини тамомлаб, апил-тапил тушлик қилади. Кейин бир эмас, икки репититорга бориши керак. Бу орада уй ишларини ҳам бажаради. Кечги ишлардан бўшаб, яна бир маҳалгача дарс тайёрлайди. Бундай зўриқиш айниқса, қиз бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Унутмайлик, ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши.

 

Ўз жонига қасд қилиш - улкан гуноҳ

 

Инсон борки, унинг бошига турли мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларга сабр қилиш ва уни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб айюҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ҳаётдан норози бўлиб, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан "осонгина" қутилишнинг ягона йўли деб билиш - имоннинг заифлигидандир. Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади. Бу ҳақда вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова шундай дейди:

- Абу Ҳурайра (р. а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ(с.а.в.)бундай дейдилар: "Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади" (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Минг афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки,  ўз жонига қасд қилишдек мудҳиш ҳолат Ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Бундай гуноҳга қўл урган банда ота-онаси, жигарларини ҳам оғир кулфатга солиб қўяди. Қолаверса, уламолар томонидан  ўзини-ўзи ўлдирган бандаларга жаноза намозини ўқимаслик тўғрисида фатво берилган.

Демак, инсон бу синов дунёда бошига келадиган қийинчилик ва машаққатларга бардош бера олмай, Яратганнинг умр деб аталган буюк омонатига хиёнат қилиши улкан гуноҳ бўлиши билан бирга,  муаммонинг ечими ҳам бўлмас экан.

 

Меҳр ва эътибор дунёни қутқаради                                               

 

Яқинда бир танишимдан рўй берган бахтсиз бир ҳодиса ҳақида эшитиб қолдим. Икки фарзанди бор аёл болалари билан бозордан қайтаётганда, автоаварияга учраган. Юқори тезликда келаётган "Нексия" қарши томондан келаётган юк автомобили билан тўқнашиб кетган. Фалокат оний лаҳзаларда юз берган, ҳайдовчи, унинг ёнида ўтирган йўловчи ва орқа ўриндиқдаги болали аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмганлар. Мўъжизани қарангки, норасидаларнинг бирон жойига шикаст ҳам етмаган. Айтишларича, аёл иккала фарзандини маҳкам қучоқлаб, тўқнашув пайти болаларини бағри билан тўсиб қолган экан...

Воқеадан жуда таъсирландим. Гарчи аёлни танимасам-да, ҳаққига дуо ўқидим. Мен исмини ҳам билмайдиган, ҳали 30 га ҳам етмаган бу жувон фидойи она тимсолини, ҳақиқий Оналар қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб кетди. Жисму жонидан яралган жигарбандларига яна бир марта ҳаёт ато этди.

Бугун ҳамма ота-она ҳам фарзандларига фидоийлик кўрсатяптими? Гўдаклигида-ку эркалатиб ўстираяпмиз, аммо катта бўлгач, ота-она ва  фарзандлар ўртасидаги муносабатларда бўшлиқлар пайдо бўлмаяптими? 

- Бугун кўп ота-оналар ўз фарзандини эшитмайди, фарзанди билан самимий суҳбатдош бўлмайди, - дейди амалиётчи психолог Неъматхон Йўлдошева. - Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг асосий сабаби ҳам ота-она ва фарзанд ўртасида катта жарлик мавжудлигидир. Ота-она бола тарбиясини таълим муассасаларига юклаб қўймоқда. Ваҳоланки, ўсмирлар асосий вақтини уйда, оилада ўтказади, тарбияни, ҳаёт кўникмаларини энг аввало оиласида олади. Бу жараёнда ота-она унга дўст бўлиши керак. Афсуски, биз - катталар дилбандимизга дўст, сирдош бўла олмаяпмиз, уларга керакли меҳрни беролмаяпмиз.

Таълим муассасаларида фаолият юритаётган психологлар ҳар бир болага эътиборли бўлиши ҳам жуда муҳимдир. Ўқитувчи, синф раҳбари болада қандайдир ўзгариш сездими,  у билан дўстона суҳбатлашиши, унинг ҳолати, руҳияти билан албатта, қизиқиши керак.

 "Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, иллат излаганга иллатдир дунё", деган пурмаъно гап бежиз айтилмаган. Ҳар биримиз ўз ташвишу ўйларимиз билан бандмиз. Лекин ёнимиздаги, атрофимиздаги инсонларга озгина эътиборли бўлсак, керак пайтда уларнинг ҳол-аҳволини сўрасак, энг муҳими меҳр берсак, ўз жонига қасд қилишдек иллатнинг олдини олган бўламиз. Дунёни меҳр аталмиш туйғу қутқаришини, ўз жонига қасд қилган инсон эса дўзах азобига маҳкум эканлигини  асло унутмайлик.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Прочитано 1316 раз Последнее изменение 01 Апр 2019