+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Март 2019

ХОНОБОДДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАЛАРИ

Андижоннинг сўлим ва хушманзара Хонобод шаҳрида "Юртимга ҳуш келдинг, эй сахий  Наврўз!" деб номланган Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий     кийимдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, меҳмонларни байрам шодиёналарига чорлади.

Хонобод шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, идора ва муассасалар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, республикамизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар, хорижлик сайёҳлар иштирокида бошланган асосий байрам тадбири шодиёналари хақиқий халқ сайлига айланиб кетди. 

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Эгамбердиев  иштирокчиларни байрам билан муборакбод этиб, вилоят ҳокимининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчиларнинг чиқишлари  байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

 

Юксалаётган Хонобод

- Хонтоғ тоғи этагида жойлашган сўлим Хонобод шаҳрида ўтказилган бу йилги Наврўз байрами ҳар йилгидан бошқача, шукуҳли, миллий урф-одат ва қадриятлар тўла акс этган ҳолда ўтказилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, - дейди Пахтаобод тумани "Давр садоси" газетаси муҳаррири Замирахон Кимсанова. - Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик баҳш этди.

 Президентимиз 2018 йилнинг 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрида бўлганида шаҳарни яна ривожлантириш юзасидан фикр билдириб, "Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим", деган эди.

- Муҳтарам юртбошимизнинг фикрлари бугун ўз ифодасини топмоқда, - дейди Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон Ҳошимова. - Ўтган қисқа давр ичида шаҳарда улкан ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 180 ўринли "Хонобод" санаторийси ишга туширилди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси - Хонтоғда янги чархпалак ўрнатилди, бир километрли осма йўл реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Умуман, шаҳарда йилига 500 минг киши хордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш     объектлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланмоқда, янги-янги аттракционлар ўрнатилмоқда, турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари ўзгача қиёфа касб этмоқда. Янги, замонавий кўринишдаги амфитеатр барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

Юртимизга байрамлар ярашади

Байрам тадбирлари иштирокчилар, меҳмонлар, айниқса, ёшларга кўтаринкилик ва хуш  кайфият улашди.

- Озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади, - дейди шаҳрихонлик меҳнат фахрийси Оминахон Юнусова. - Бугунги байрамга фарзандларим, набираларим билан ташриф буюрдик. Кулгу ва аския кечаси, санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз          тегмасин.

Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик, тиббиёт институтлари, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари  ўқувчилари инновацион ғоя, лойиҳа ва  илмий ишланмалари кўргазмалари орқали ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини, эришаётган ютуқларини намойиш этди. Айниқса, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг қўшиқ ва рақслари барчага хуш кайфият улашди. 

- Туман халқ таълими бўлими тасарруфида 56 та таълим муассасаси фаолият кўрсатади, - дейди Балиқчи тумани халқ таълими бўлими мудири Нурхон Хомидова. - Мактабларимизда ижодкор, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб мактабларимизда бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилган. Бугунги Наврўз шодиёнасида 1-умумтаълим мактаби ўқувчи ёшлар бадиий жамоаси томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарларни меҳмонлар олқишлар билан кутиб олдилар.

 

Хорижликлар эътирофи

Байрам шодиёналарида қўшни Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Россия, Жанубий Корея, Хитой сингари давлатлардан хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Улар Наврўз байрами, халқимизнинг гўзал, ўзига хос миллий удумларидан завқ олганликларини изҳор этдилар.

- Наврўз байрами ҳақида эшитгандим, - дейди россиялик профессор Михаил Крюшкин. - Байрам тадбирларида бевосита иштирок этиб, ўзбек халқининг бағрикенг, меҳмондўстлигига, миллий қадриятларини бу қадар улуғлашига яна бир бор амин бўлдим.

- Мен хорижий инвестор сифатида Андижонда иш олиб бораман, - дейди Избоскан туманидаги "Uzbek ANK Spinning" Корея хорижий корхонаси бош директори Джанг Хюн Тэг.                  -Халқингизнинг Наврўз байрами тантаналарида иштирок этаётганлигимдан беҳад мамнунман. Ўзбек таомлари, айниқса, Андижон палови менга жуда манзур бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб айтишим мумкинки, кейинги йилларда юртингиз жадал ривожланиш йўлидан бормоқда. Одамлар юрт равнақи йўлида жипслашиб меҳнат қилмоқда. Албатта, бунинг асосий сабаби юртингиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонликдан деб биламан. Ишонаманки, Ўзбекистон мана шундай тараққиёт, юксалиш йўлидан қатъий боради.

 

Қадим қадриятларимиз бардавомдир

Аскиячиларнинг ичакузди чиқишлари, фольклор этнографик ансамбллари ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслардан кўнгиллар шод бўлди.

- Юртдошларимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга, уларга маънавий озуқа беришга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, - дейди Хўжаобод туманидаги "Гулёр" фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Лолахон Тиллабоева. - Чиқишларимиз катта олқишлар билан кутиб олинди. Бундан кўринадики, халқимиз фольклор қўшиқларни севиб тинглайди. Шундай экан, миллий қўшиқчилигимизнинг қадим анъаналари, қадриятларимиз ҳеч қачон йўқолмайди, янгича мазмун билан бойиб бораверади.

Миллий таомимиз - палов тайёрлаш бўйича беллашувда 20 дан ортиқ моҳир ошпаз иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди. Тайёрланган палов, сумалак байрам иштирокчилари ва меҳмонларга улашилди.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз шодиёналари  юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, ўзликни англаш, эртанги кунга умид туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ