+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Оилавий ажримлар масаласи яна муҳокамада

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга бағишланган навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоятда ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, ажримларнинг сабаблари, унга йўл очиб бераётган омиллар ҳамда мавжуд ҳолат атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 56 оиланинг никоҳи бекор қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 186 та, яъни 17,6 фоизга кўпдир. Ажралиб кетган оилаларнинг 441 таси ёки 41,7 фоизини 30 ёшгача бўлган ёш оилалар ташкил этади.

Оилавий ажримлар Андижон шаҳри, Улуғнор, Хўжаобод, Бўз, Қўрғонтепа, Пахтаобод туманларида ортган. Ажримларнинг қарийб 65 фоизи оилавий келишмовчиликлар туфайли юз бермоқда.

Ажримлар сабаблари таҳлил қилинганда маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари номига ишлаётгани, оиланинг, ажрашаётган оилалардаги фарзандлар тақдирига бефарқ қаралаётгани, ажрашиш бўйича юзаки хулосалар чиқарилаётганлиги танқид остига олинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилавий ажралиш бўйича ҳукмлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,8 фоизга ортиб кетган. Натижада, биргина ўтган чоракда вилоят бўйича 648 нафар бола тирик етим қолди.

Қолаверса, оилавий ажрим масаласи кўриб чиқилишида аёлнинг, вояга етмаган болаларнинг бошпана таъминоти масаласи ҳал этилмасдан қолмоқда. Бу ўз навбатида яна кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аёл норасида фарзандлари билан сарсон бўлмоқда.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси туман, шаҳар ҳокимликлари қошида ҳокимлар раислигида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик вакилларидан иборат Тўй-маросимларни ўтказиш бўйича комиссия тузиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, сессияда фуқаролик ишлари бўйича судларга, қатор давлат идоралари раҳбарларига, профилактика инспекторларига, имом-хатиблар, отинойиларга қатъий вазифалар белгиланди. Масъул ва раҳбар шахсларга оилавий ажрим, умуман, оила билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда оилавий ажримларнинг оғир ва аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров, вилоят кенгаши депутати С. Мамитова, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ў. Охунов, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги раиси Н. Холиқназаров кун тартибидаги масала юзасидан ўзларининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сессияда кўрилган масала бўйича қарор қабул қилинди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Сен гўзаллик шайдосисан - нурсан аёл

Сен синглимсан, сен моҳитоб - опамдурсан,

Меҳрибон ва мушфиқ, дилбар онамдурсан,

Фиғон чеккан кўнгилларга малҳамдурсан.

Тоғларга тенг сабринг сени, синмас аёл,

Меҳнат билан ошинг ҳалол, тинмас аёл.

 

Сен қуёшсан, зулматларни ёритган нур,

Боғи эрам боғларида очилган гул,

Севгинг дея муҳаббатни куйлар булбул.

Гўзал хилқат - яшнаб турган фасли - баҳор,

Табиатнинг мўъжизаси - сенсан аёл.

 

Темурларни дунёларга сен келтирдинг,

Бобурларга алла айтиб улғайтирдинг,

Широқларни, Алпомишни сен ўстирдинг.

Сен тарихнинг келажаги, суюк аёл,

Наслимизнинг давомчиси буюк аёл.

 

Сен сабабли етишгаймиз саодатга,

Ҳамроҳингдир, доим ёрсан садоқатга,

Сен бор сабаб ҳаёт тўлар муҳаббатга.

Сен меҳрнинг гадосисан, гулсан аёл,

Сен гўзаллик шайдосисан - нурсан аёл.

 

Абдуллоҳ МИРЗО, Андижон шаҳри.

Вилоятимизда ўқувчи қизлар саммити бўлиб ўтди

Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" вилоят ёшлар марказида "Илм-фан келажак пойдевори" шиори остида "Қизларжон" ўқувчи қизлар саммитининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган "Қизларжон" клублари етакчилари, фаоллари иштирокида ўтказилган саммитда мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариш, "Қизларжон" клублари фаолиятини  самарали ташкил этиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори   босқичга кўтариш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 740 та таълим масканининг барчасида "Қизларжон" клублари ташкил этилган бўлиб, уларга ўқувчи қизлар тўла жалб этилган.

Иштирокчиларга "Қизларжон" саммитининг мақсад-вазифалари ҳақида кенг тушунчалар берилди, шунингдек, "Хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг истиқболлари ва ўқувчи қизларнинг Ўзбекистон ривожига қўшадиган ҳиссаси" мавзусида    машғулотлар ўтказилди.

Саммит доирасидаги "Нафосат тимсоллари", "Қиз боланинг ҳунари - унинг бахти" деб номланган тадбирларда ижодкор, иқтидорли қизларнинг чиқишлари, ўқувчи қизлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, мусаввирлик, дизайнерлик бўйича ижодий ишлари кўргазмалари намойиш этилди.

Қизларжон" клуби координаторлари иш фаолиятини ривожлантиришга қаратилган "Дублёр" лойиҳаси, Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари  сардорлари учун фаол қизлар жамоасини шакллантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича TED-Ed клубларини шакллантириш,  "Ҳаётда гўзалликни англаб яша" сингари қатор йўналишларда тренинг ва психологик машғулотлар ўтказилди.

Иштирокчилар "Қизларжон" клублари фаолияти самарадорлигини ошириш, фаол қизлар сафини кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

 Саммит иштирокчилари Андижон шаҳридаги "Феруз" тикувчилик  мажмуасида бўлишиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар, шунингдек, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилдилар.

Якунда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова саммитнинг фаол иштирокчиларига сертификат ва эсдалик совғалар топширди.

Нигорахон Исақова,

вилоят халқ таълими

 

 бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

АЁЛЛАР НЕГА КЎП ГАПИРАДИ?

Барчамизга маълумки, аёллар кўп гапиришни ёқтиради. Олимлар олиб борган тадқиқотлар ҳам аёллар бир кунда қарийб беш соат вақтини гаплашишга сарфлаши маълум бўлди.  Эркаклар эса кўп гапирадиган аёлларни ёқтирмайди. Айтиш жоизки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўзича ҳақ.  Қуйидаги маълумотлар уларнинг табиати ва кўп гапиришга бўлган муносабатини ифодалайди ва аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тўғри тушуниш имконини беради.

Эркаклар бирон нарса ҳақида ўйлаб олиш учун бироз вақт ёлғиз қолишга ҳаракат қилади. Аёллар эса, аксинча, фикр алмашиш ёки шунчаки ҳамдардлик тилакларини эшитиш мақсадида ўз муаммоларини дугонаси, онаси, опа-сингиллари ёки танишлари билан бўлишишни афзал кўради.

Агар аёлни ўзи кабилар билан суҳбатлашиш имкониятидан маҳрум қилсангиз, уни нафақат куч, ҳиссий енгиллашишдан, балки ўзлигини англаш туйғусидан маҳрум қилган бўласиз. Бунинг оқибатида у жазавага тушадиган, асабий бўлиб қолиши мумкин.

Эркакларнинг асосий қисми кўп гапирадиган аёлларни ёқтирмайди. Бунинг сабаби эркакларнинг мияси одатда аёллар алмашадиган катта ҳажмдаги ахборотни қабул қилишга қодир эмас. Шунинг учун аёллар ишдаги ҳамкасбининг ёмонлиги тўғрисида қанчалик ҳиссиётларга берилиб гапирмасин, барибир эркаклар қулоқ солмайди.  Шунинг учун, азиз аёллар, ёдда тутинг, яқин кишингиз олдида ҳеч қачон ёмон гапирмасликка, кимнидир иғво қилишга одатланманг.

Минглаб йиллар давомида аёлларнинг ғийбат қилиши устидан эркаклар кулиб келган. Гап шундаки, аёллар бош миясининг ҳар иккала ярим шарида иккита нутқ маркази мавжуд. Эркакларда эса, нутқ зонаси қатъий белгиланмаган бўлиб, бутун чап ярим шар ушбу функция учун жавоб беради. Шунинг учун ҳам, болаликдан қизлар тил маҳорати бўйича ўғил болалардан анча ўзиб кетади.

Бундан ташқари, аёллар мияси ўрганилганида, гапириш билан бир вақтда уларнинг эшитиш маркази ҳам ишлаши аниқланган. Яъни, аёллар бир вақтнинг ўзида кимгадир гапириши, кимнидир эшита олиши мумкин.  Эркаклар эса, бунга умуман қодир эмас ва гапираётган пайтида улар жимликни талаб қилади. Эркак киши учун фикрини охиригача ифодалаш муҳим бўлса, аёллар учун шунчаки суҳбатда қатнашиш ва шу билан ҳамсуҳбати эътиборида бўлиш муҳимдир.

Хулоса шуки, агар эркак киши билан яхши суҳбат қуришни хоҳласангиз, у гапираётган пайтида гапини бўлманг. Эркакларга маслаҳат эса, аёллар билан муносабатни йўлга қўйиш учун улар билан кўпроқ суҳбатлашинг ёки уларга ичидагини тўкиб солишга имкон беринг.

 

 Зилола ИБРАГИМОВА тайёрлади.

БОЛАЛАРНИНГ КЎРИШ ҚОБИЛИЯТИ ЎЗГАРГАНДА...

Биласизми?

Гижжа касаллиги билан узоқ вақт юрган болаларда узоқни яхши кўролмаслик ҳолати пайдо бўлиши мумкин. Негаки, кўзнинг иш фаолиятида витамин "А" ёки бошқа озиқ моддалар керак. Гижжа касалликлари бор бўлса, уларда бу озиқ моддалар ва витаминларнинг сўрилиши кескин камайиб кетади.

 Болалар осмонга қараб ётиб олиб, узоқ вақт китоб ўқиганда ҳам шундай ҳолат юз бериши мумкин. Бундан ташқари, кўзнинг яллиғланиш касалликларини тўлиқ ва ўз вақтида даволамаслик ҳам узоқни кўролмай қолишга сабаб бўлиши мумкин.

Агарда узоқни кўролмаслик касаллиги ўз вақтида даволанмаса, қуйидаги асоратларни келтириб чиқаради. Яъни,

* болаларда кўз ўткирлигининг бузилиши;

* ақлий меҳнатдаги толиқиш;

* узоқни кўролмаслик касаллиги ирсиятга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳатто, у кўз билан боғлиқ бошқа оғир касалликларни ҳам юзага келтириши мумкин.

Ана шуларни ҳисобга олиб, қуйидаги тавсияларга эътибор бериш керак:

- болалар китоб ўқиётганда китоб кўздан камида 33-35 см. узоқликда бўлиши кераклигини уларга тушунтириш зарур;

- телевизорни 2,5-3 метр узоқликда ўтириб кўриш керак (электр чироқларининг ёқилган ҳолатда туриши талаб этилади);

- болаларнинг компьютер олдида узоқ вақт ўтириши, ўйнаши ёки ишлаши зарарлидир;

- болаларда учрайдиган гижжа касалликларини ўз вақтида даволашга алоҳида эътибор қаратиш лозим;

- болаларга таркибида А витамини бўлган таомлардан кўпроқ бериш (қизил сабзи, кўк пиёз, балиқ, кўкатлар) тавсия этилади.

Агар боланинг кўриш қобилиятида ўзгаришлар сезилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Минурахон БОЗОРОВА,

болалар шифокори

ДЕҲҚОНЧИЛИК ИЛМИНИНГ АКАДЕМИГИ ЭДИ

Хотира

Андижон шаҳридаги "Анда жон" тантаналар саройида таниқли пахтакор, уста деҳқон, Андижон аёлларининг фахрига айланган Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаевани хотирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга Сиёсатхон аянинг яқинлари, қадрдонлари, уни таниган-билган, у билан бирга меҳнат қилган, ёруғ хотирасига ҳурмати баланд инсонлар жам бўлдилар.

Сиёсатхон Абдуллаева деҳқончилик илмининг академиги даражасига етган уста деҳқон эди. У ёшлигидан деҳқончилик билан шуғулланишни бошлаган, ерга бор меҳрини бериб, ер билан тиллашиб ишлаган.

У Андижон пахтачилик институтининг агрономия факультетини тамомлаган. 2006 йилда "Олтинкўл водий гулшани" фермер хўжалигини ташкил этди ва умрининг сўнггига қадар шу хўжаликка бош бўлди, самарали меҳнати, эришган юқори кўрсаткичлари билан шуҳрат қозонди.

Сиёсатхон Абдуллаеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У 2005 йилда "Дўстлик" ордени, 2008 йилда "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан мукофотланган.

Хотира тадбирида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова фидокорона меҳнати, улкан ютуқлари, жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган аёллар қаторида Сиёсатхон Абдуллаеванинг номи алоҳида ҳурмат билан тилга олинишини эътироф этди.

Пахтачиликда ўзига хос "Андижон мактаби"ни яратган миришкор деҳқон, кўплаб ёшларни тарбиялаган мутахассис, пахта илмининг устаси, деҳқончиликда замонавий технологияларни қўллаган олим сифатида хотираларда ёрқин из қолдирганини таъкидлади.

Меҳнат фахрийси Манзурахон Эгамова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мукаррама Fанижон қизи опа билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашдилар.

Ўтказилган тадбир ҳалол ва самарали меҳнат қилган инсон икки дунё саодатига, эл-юрт ҳурматига эришишига бир мисол сифатида катта тарбиявий аҳамият касб этди.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

СЕН ҲАМ АЛБАТТА, БАХТЛИ БЎЛАСАН, ГУЛНОЗ!

Ҳикоя

Тонг... Ҳар кунгидай бу кун ҳам атиргулларнинг ажиб ифори димоғини қитиқлаб, ҳўрознинг қичқириғи ила тонгнинг илиқ шабодаси Гулнознинг юзидан бўса олиб уйғотди. Кўзини очиб, бироз ётди. Гулнознинг хаёлида негадир бундан бир неча йиллар аввал бўлиб ўтган воқеалар гавдаланди.

.... Ўшанда ҳам тонг эди. Ҳовлини супираётган Гулноз қайнонасининг қадами овозидан сергакланди, унга пешвоз чиқиб, тонг билан қутлади. Бироқ қайнонаси унинг саломига совуққина алик олиб, нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин гапирмасдан ёнидан ўтиб кетди.

Гулноз ишларни саранжом қилиб, нонуштани тайёрлаб, қайнота ва қайнонасини чақириш учун улар ўтирган хонага кираётиб, қайнонасининг гапларини эшитди-ю, остонада қотиб қолди.

-      Дадаси, бугун синглим Салиманикига бўлғуси келиннинг сеп-сидирғаларини олиб келиб, илишар экан, - дея қайнонаси қайнотасига гапирарди. - Бугун уларникида бўламан, қизларни ҳам олиб бораман.

-      Келин ҳам борадиган бўлса, ўғлингни огоҳлантириб қўйинглар, - деди қайнотаси.

-      Вой дадаси, "гапирманг". Салима алоҳида огоҳлантирган, келинингизни олиб келманг, деган. Мана неча йилдирки, келинингиз фарзанд кўрмаяпти. Шунинг учун ирим қилиб, олиб келманг, деди. Бефарзанд аёл чиллали уйга келиндан олдин кириши бехосиятмиш, - дея  қайнонаси  эшик томон юра бошлади.

  Буни эшитиб турган Гулноз шошиб ошхонага кириб кетди. Хаёлидан "қайнонам эрталаб нимадир демоқчи бўлганида шу гапни айтолмаган экан-да", - деган  фикр ўтди.

Қўшни маҳаллага келин бўлиб тушган қайнопаси Наргизахон фарзандлари билан кириб келганида Гулноз қатлама пишираётган эди. 

Наргиза онаси билан сўрашиб, ҳол-аҳвол сўрагач, чор атрофга разм солди. Ҳаммаёқ покиза, саранжом саришта эди.

- Ая, анови туғмас келиниз ишга кетдими ёки биздан олдин меҳмонга кетдими? - деди.

Ҳайрихон ая келини эшитиб қолишидан хижолат бўлиб, "қўй шунақа гапларни" дея қизига танбеҳ берди.

Шу пайт Гулноз саватга солинган қатламаларни кўтарганча, табассум билан қайнопасига пешвоз чиқиб, сўрашди.

   Наргиза онасининг гапларига парво қилмасдан Гулнознинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, "Бу келиниз ҳали бери таслим бўлмайди. Бетимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури,  деб акамнинг топганини еб юраверади" - дея гапида давом этди. Гулноз она ва бола ўртасида бўлаётган гапни эшитмагандай ичкари уйга кириб кетди. Ўзига бир оз оро бериб, дили оғриб турган бўлса-да, табассум билан айвонга қайнопасининг болаларига қанд олиб чиқди. Болалар "келинойи менга беринг, менга беринг" деб уни ўраб олишди.

- Аяжон, - қувноқ овоз билан Гулноз қайнонасига юзланди. - Бугун уйимизга бориб келсам, майлими?

- Майли қизим, бориб келинг, кечки пайт қайтарсиз, - деб қайнонаси жавоб  қайтарди.

  … Гулноз ўзининг болалиги ўтган кўчадан кетар экан, ёшлигининг ширин дамлари кино лентасидай кўз ўнгидан ўтарди. Рўпарасида фарзандини эркалатиб келаётган аёлга кўзи тушдию ширин хаёллари тарқаб кетди. Эрталаб уйида бўлиб ўтган гап-сўзлар, айниқса, қайнопасининг гапларини эслаб, қаттиқ сиқилди. Келин бўлиб тушган хонадонида ўзини ортиқчадай ҳис қилди.

Гулноз шу кетганча ўша хонадонга қайтиб келмади...   Ота-онаси, яқинлари ҳам буни тўғри тушуниб, унга бирор оғиз гап айтишмади.

… Иш билан андармон бўлиб, бироз қайғуларни унутгандай бўлди.

Кунлардан бир куни унга соғлиқни сақлаш бошқармаси топшириғи билан туман туғруқ комплексига зудлик билан бориш, у ерга келтирилган оғир аҳволдаги ҳомиладор аёлга тиббий ёрдам кўрсатишда кўмак бериши кераклигини айтишди.

Гулноз зудлик билан айтилган жойга етиб борди. Туғруқ бўлимига кириш эшиги олдида қайнонаси ва қайнопасини кўриб, бироз ғалати бўлди. Лекин, улар билан ҳеч бир гинасиз кўришиб, ҳол-аҳвол сўради.

- Қизим, келинимни олиб келгандик, аҳволи оғир дейишяпти, туғишига бироз эрта эди ҳали, - деб қайнонаси ундан нажот кутгандай гап бошлади.

- Аяжон ҳаммаси яхши бўлади, - дея Гулноз ичкарига кириб кетди.

  Ҳайрихон ая тез-тез соатга қарар, соат миллари шу даражада секин ҳаракатланардики, вақтнинг секин ўтишидан асабийлашар, қўлидаги тасбеҳни айлантириб, пичирлаб дуолар қиларди.

Туғруқ залида шифокорлар томонидан оналик бахтига эришиш учун курашаётган аёлга зарур ёрдам кўрсатилди. Айниқса, Гулноз бутун меҳрини, билим ва малакасини ишга солиб, астойдил ҳаракат қилди. Аёлнинг тўлғоқдан қийналиб, ҳорғин-дардли овози бир зум тинди. Шу дамда ёруғ оламнинг илк ҳавосидан нафас олган чақалоқнинг жарангдор овози янгради. Ўғил дунёга келди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан ҳам она, ҳам боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Гулноз "худога шукр, Азиз акам фарзандли бўлди" дея чақалоқни онасининг бағрига қўйди.

Туғруқ залининг эшиклари олдида нажот кутиб турган онасининг олдига Азизбек ҳам келди.

 - Ая,  шифокорлар ишқилиб тажрибалимикин, - деди. Ҳайрихон ая бошини қимирлатиб қўйиб, унсиз йиғларди.

Эшик очилиб, ичкаридан Гулноз табассум билан чиқиб, қайнонасини набира билан қутлади, Азизбекка "Ўғил муборак" дея  юзланди. Бироқ, бу инсонлар олдида кулиб турган Гулнознинг қалбини изтироб тирнар эди.  

Гулноз кундошининг фарзанди дунёга келишида доялик қилганлиги, ҳали ҳам собиқ эрида кўнгли борлиги учун юрагидан қон йиғлаётган бўлса-да, буни билинтирмай унинг авлоди давомчиси дунёга келгани билан табриклагани, ҳурсандлигидан ҳамкасблари хайрону лол эдилар.

Шу воқеани эшитганимда ўз севган инсони билан нафақат бирга яшаб, балки айро яшаганда ҳам унинг бахти ва ютуқларидан севиниб, ундан меҳр олиб яшаш мумкинлигини Гулноз мисолида кўрдим.

Бир кам дунё. Яратганнинг турли синовлари бор. Лекин қалбида меҳр, эзгулик, сабр ин қурган инсон албатта, бахтли бўлади.

Сен ҳам ўз бахтингни топасан Гулноз. Аллоҳ сенга ҳам оналик бахтини албатта, насиб этади…

Ирода ТУРДИБОЙ қизи

Кундошим - сирдошим

Турмуш чорраҳаларида

Муқаддас барвақт уйғонди. Негадир туни билан алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиқди. Яхшиликка бўлсин, ишқилиб. Хорғин гавдасини зўрға кўтариб турди-да, дарёдек тўлқин урган қоп-қора сочларини йиғиштириб, ювиниш хонасига ўтди.

Турмуш ўртоғи Аҳмаджонни аллақачон уйғониб, қандайдир чизмалар устида мук тушиб ўтирганини кўрди: "Нечук, бу киши саҳарлаб уйғонибди? Эслолмайди. Ўзи кечқурун ётоқхонага кирдими ёки туни билан шу ерда ўтириб чиқдими? Бир-икки кундан буён Аҳмаджон негадир безовта!"

Унга ҳам қийин. Катта шаҳарнинг меъмори, ёзув-чизув ишлари бошидан ошиб ётибди. Баъзида Муқаддас инжиқлик қилиб: "Сиз ҳам ҳамма эркакларга ўхшаб уйга вақтида келсангиз бўлмайдими?", деганида ҳам индамай қўя қолади. Ярим тунда келса ҳам ўзи билан аллақандай чизмаларни олиб келади. Балки айб Муқаддаснинг ўзидадир?! Яқин ўн йил бўлди оралари бузилганига. Ўшанда Муқаддас учинчи ўғли Аҳрорбекни туққан эди. Рўзғордаги камчиликлардан юраги сиқилган аёл эрига: "Қачонгача латта чайнаб юрасиз? Бирин-кетин уч бола, орадаги фарқи 2-3 ёшдан. Уларни кўтариб болалар боғчасига боргунимгача мадорим қолмаяпти. Битта болалар аравачасини олиб беришга ҳам кучингиз етмайдими? Ё бўлмаса хизмат машинангиздан фойдаланишга рухсат беринг! " - деди. Эри:

- Муқаддасхон, сабр қилинг! Эндигина шаҳар бош меъмори бўлдим. Кеча лавозимга миниб, бугун хизмат машинамга аёлимни чиқариб келолмайман-ку!" - деди.

- Эсон-омон шу боламни уч ёш қилиб олиб, ишга қайтсам, сизга ялинмайман.

Муқаддас силтаниб кўчага чиқиб кетди.

Жувон тиббиёт олийгоҳини тугатган, шаҳардаги нуфузли болалар шифохонасида бош шифокор бўлиб ишлайди. Онаси Маҳфуза опа "Сен ёлғиз қизсан, болаларинг кўп бўлиши керак", деб мажбурлагани учун учта фарзандли бўлди. Тўғри, Аҳмаджон билан севишиб турмуш қурган. Шунга ҳам 18 йил бўлибди. Катта ўғли Акмал коллежда ўқийди. Ўртанчаси олтинчи синфда. Кенжаси Аҳрорбек тўртинчи синфда. Бир қараганда, бу оиланинг ҳеч қандай ками йўқдай. Эрталаб иккита хизмат машинаси келиб, эшик тагида туради. Бири Муқаддасга, бири эса Аҳмаджонга. Уйларида эса яп-янги, ёғи артилмаган хорижий русумдаги машина турибди. Фақат ораларида меҳр деган нарса йўқ. Эр-хотин деярли бир дастурхонда бақамти ўтириб, кўзларига қараб сирлашмайдилар, дардлашмайдилар. У ҳам лоқайд, бу ҳам. Ана шуларни ўйлаб эгнидаги оппоқ халатининг тугмасини қадаётган аёлга эшикни оҳиста очиб кирган ҳамшира сўз қотди:

- Мумкинми, Муқаддас Алимовна? Кеча келган боланинг онаси сиз билан учрашмоқчи.

- Майли, кирсин!

Эшик оҳиста очилиб, хонага хушбичим, хушрўй жувон кириб келди. Унинг эгнидаги одмигина халат ўзига шундай чиройли ярашган эди-ки, Муқаддас унга қараб бир шоирнинг "майсаларинг синглимдай майин" деган сатрларини эслади. Мана шундай аёлларни ҳақиқий аёл деса бўлади. Орқасига шунчаки турмаклаб қўйилган қоп-қора сочлари, учишга шайланган қалдирғочнинг қанотидай қошлари жуда ҳам жозибали эди.

- Ассалому алайкум, доктор опа!

Жувоннинг қоп-қора кўзлари намланган.

- Келинг, синглим. Ўтиринг! Йиғламанг! Мен йиғлаганларни ёмон кўраман. Кўз ёш ожизлик белгиси. Болангизни ўзим текшириб кўрдим. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетади. Бугун-эрта операцияга тайёрланади. Ташвишланманг. Мен ўзим операция қиламан. Ўғлингиз ҳам ўзингизга ўхшаб ширингина экан, синглим. Фақат отасидан операция учун розилигини олишимиз керак. Эрингиз бугун бир келиб кетсин.

Муқаддаснинг гаплари оғзида қолди. Қаршисидаги жувон овоз чиқариб йиғлаб юборди:

- Опажон, опажоним!

Муқаддас аёлга сув тутиб, тундай қоп-қора сочларини силади.

- Нима гап, синглим?

- Опажон, мен оддий қишлоқ қизи эдим. Ота-онам ўзига тўқ оила бўлгани учун мени 17 ёшимда қўшнимизга келин қилиб берди. Турмуш ўртоғим Россияга қатнаб савдогарлик қилар эди. У менга уйлангандан кейин бир ой ўтгач сафарга кетди. Уйга ҳар йили бир марта, беш-ўн кунга келарди. Шундай қилиб, орадан ўн йил ўтди. Қайнона-қайнотамнинг дуосини олиб юравердим. Фарзандли бўлмадим. Кунларнинг бирида қайнонам, сўнг эса қайнотам касал бўлиб қолди. Ҳар икки беморга қарашдан қийналиб кетгач, эримга телеграмма юбориб, чақиртирдим. Турмуш ўртоғим уйимизга бир рус аёлни икки ўғли билан етаклаб келди... Уни ўша ёқда оиласи, фарзандлари бор экан. Индамай қайнона-қайнотамдан розилик олиб, чиқиб кетдим. Ўз хатоларини тушунган ота-онам менга шаҳардан уй олиб беришди. Кичикроқ қурилиш ташкилотига котиба бўлиб ишга кирдим. Ҳаётимнинг ана шундай қоп-қора кунларининг бирида ишхонамизга текширувчилар келди. Уларнинг орасидан бир йигит билан яқин бўлиб қолдим. Биз аввал телефонда гаплашиб юрдик, сўнг кўришиб юрдик, ундан кейин енг учида тўйимиз бўлиб ўтди. Ишонинг, опажон, мен уни севиб қолдим. У менга шахсий ҳаёти ҳақида гапирмайди.

Мен у кишига ҳар доим "хотинингиз билан учраштиринг, мен ўзим тушунтираман. Озми-кўп кундошлик дардини     тортган аёлман" десам, кўнмайди. Агар хотини билан учраштирса, мен ўша аёлнинг оёқларига йиқилиб, ялинардим-ёлворардим. Ахир, эрим эр бўлиб кўча-кўйда етаклашиб юролмаса, бирор кеча ўғли ва менинг ёнимда қололмаса! Агар аёл билан учрашсам, ундан ўша мен севган одам ҳафтанинг олти куни у билан, лоақал бир кун биз билан қолишига рухсат беришини сўрардим.

Муқаддас аёлга яна ҳам яқинроқ келиб, опаларча меҳр билан қучоқлади. - Менга суянинг, синглим. Мен эрингиз билан ҳам, кундошингиз билан ҳам гаплашиб бераман..

Жувон кўз ёшларини артмоқчи бўлиб, халатининг чўнтагига қўлини солган эди, у ердан рўмолчага илашиб бир варақ букланган оқ қоғоз чиқди.

- Опа, мана, эримнинг сурати, - деди у қоғоз орасидаги  расмни Муқаддасга кўрсатиб.

Муқаддас ҳайратдан тахтадек қотиб қолди. Не кўз билан кўрсин-ки, суратда унинг эри Аҳмаджон машинага суянганча хиёл жилмайиб турарди.

 

 

 Умида ЙЎЛЧИЕВА

Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз...

Мулоҳаза

Қиз йўқ уйда сарин сабо эсмайди,

Қиз йўқ уйда жамбил-райҳон ўсмайди.

Ўғилларнинг ота билан иши йўқ,

Қиз отасин ҳар қадамда эслайди.

Ушбу шеърнинг маъносини ҳар бир инсон уқиб олиши керак. Чунки, қиз туғилса нолийдиган, аёлига ёвқараш қиладиган, ҳатто кўришга бормайдиган ношукр эркаклар бор. Яқинда жияним кўзи ёриб, туғруқхонада ётганди, кўргани борсам, бир ёш йигит ота бўлибди, яъни қиз кўрибди. Пастда туриб хотини ётган палатага қараганча сўкиниб, "Бошқа келмайман, нима қилсанг қилавер"дея оёғининг остидаги тошни зарда билан тепиб кетди. Суриштирсам, аёлнинг иккинчи фарзанди экан.

Тавба, ахир 5-6 та қиз кўрганлар ҳам бор-ку! Қиз бола ҳам Яратганнинг неъмати. Қалбимизнинг қонидан, жон томиримиздан яралган-ку. Тоҳирни Тоҳир қилган, Мажнунни ишқ ила сийлаган, Фарҳодни тожу тахтдан тондирган, Отабекни лол қилган ҳам сулув қизлар эмасми?

Дардингизга дармон бўлган, холингиздан хабар олган ҳам қизингиз бўлади. Авлодлар давомчиси туғилса, бу бахт эмасми? Қизи борнинг уйи супурилган бўлади, ариқчасининг лаби райҳону жамбилга тўлади.

Қиз туққан аёлни баъзи қайноналар ҳам айблайди. Яна қиз туғса, ўғлини уйлантириб қўйишини шарт қилиб қўяди. Қатор қиз кўрган баъзи эркаклар хотинини ҳайдайман, деб қўрқитади. Ахир қизни ҳам, ўғилни ҳам Аллоҳ беради-ку. Тирноққа зор бўлганлар, уйидан гўдак йиғиси эшитилмай, бир марта алла айтолмаган армонли аёллар қанча?

Ҳали сиз суймаган қизингиз шундай суюмли бўлсинки, айтган гапингиздан уялиб қолинг.

 

Умр дарё, толега ким кафилдир,

Қизнинг борар жойи бўлак соҳилдир.

Қиз қадрига етмаганлар ғофилдир,

Қиз бор уйда ёруғ бўлар юзингиз,

Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз.

 

 

Ҳурматой АЗИМШЕР қизи

Куёв бола суюнчи сўрашдан ор қилиши керак

Муносабат

Оила - жамиятнинг бир бўлаги, муқаддас ва улуғ даргоҳдир. Ана шу даргоҳни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади.

Барчамиз яхши биламизки, оила никоҳ асосида қурилади. Никоҳ эса Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошади. Шу боис ҳам никоҳ ва оила ҳаётимиздаги энг азиз ва қадрли неъматдир. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда етарли диний билимларга эга бўлмаган, оила масаласига юзаки қарайдиган айрим ота-оналарнинг хатоси билан ёш оилалар барбод бўлмоқда, ҳатто ҳали ҳаёт, дунё нима эканлигини   англамаган гўдаклар тирик етим бўлиб қолмоқда. Бу бизнинг йиллар давомида диний, дунёвий тарбиядаги хатоларимиз, қадим қадриятларимизни, ўзбекона одоб-аҳлоқ меъёрларини, оила нечоғлик муқаддас эканлигини унутганлигимиз маҳсулидир.

Ваҳоланки, азал-азалдан халқимиз оила бузилишига йўл қўймаган. Ҳаттоки қушнинг ини бузилса бобо, момоларимизнинг кўнгли оғриган. Бирор оилада муаммо юзага келса, кенгашиб, маҳалла аҳли маслаҳат билан ана шу муаммога ечим топган. Бугун эса оилаларнинг бузилишига оддий ҳол сифатида қарашга ўрганиб қоляпмиз.

Айни кунда баъзи оилаларнинг ёлғон ваъдалар ҳисобига барпо бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Совчиликка борган вакиллар куёв топарман-тутарман, ҳунарли, деб келин томонни ишонтиради ёки қиз тараф бўлажак келиннинг қўлидан келмайдиган ҳунарлар йўқлигини айтиб, уни турли сифатлар билан мақтаб, бир-бирларига унаштирилаётганлигини оқлаб бўлмайди. Тўйдан кейин эса, ана шу ёлғонлар юзага чиқиб қолмоқда. Бу қудалар ўртасида совуқчиликни юзага келтирмоқда. 

Ажримларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳат бу -    мол-дунёга ҳирс қўяётганлигимиз. Қизимизга ҳамма нарсани муҳайё қиляпмиз, бекаму кўст турмушга узатяпмиз. Лекин унинг уқувсизлиги, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, янги оилага, унинг муҳитига кўника олмаётганлиги сабаб турли низолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап.

Касалликни ўзимиз яратиб, сўнг унга даво излашга мажбур бўляпмиз. Бу каби иллатларга йўл қўймаслик, ажримларнинг олдини олиш мақсадида маҳалламизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, йигит ва қизни унаштиришдан аввал ота-оналар тўйни ўтказиш бўйича ўзаро келишиб олишлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар билан алоҳида-алоҳида мутахассис, маҳалла оқсоқоли, имом, отинойи иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, ёшларнинг оила қуришга қай даражада тайёрлиги ўрганилмоқда. Шундан сўнггина унаштиришга розилик берилмоқда.

Миллатимиз учун ниҳоятда уятли бўлган яна бир ҳолат борки, буни гапирмаслик мумкин эмас. Ёш оила фарзандли бўлганида куёв келиннинг ота-онасидан "суюнчи" олишидир. Тўғри, набирали бўлган ота-она азалдан куёвининг белига чорси боғлаб, "суюнчи", деб имкон қадар нимадир берган.  Лекин бугун баъзи бир куёвлар мана бунча доллар берасиз, деб суюнчи сўрашдан уялмаяптилар. Ўз қадрини билмайдиган, орсиз йигитгина бундай йўл тутади. Менимча, куёв бола суюнчи сўрашдан ор қилиши керак.

Мухтасар айтганда, бугун оила қуриш, уни мустаҳкамлаш билан боғлиқ ҳал этилиши керак бўлган муаммолар, ишлар талайгина. Бунинг учун барчамиз, кенг жамоатчилик ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борсаккина, ижобий натижаларга эриша оламиз.

Маъмурахон МАЛЛАЕВА,

 

Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.