+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Март 2019

Шукроналик байрами

Шу кунларда вилоятимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби туманимизда ҳам Наврўз байрами катта шодиёналик билан нишонланмоқда. Байрам арафасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, ногирон, якка-ёлғиз яшовчи, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Туманимиз ҳудудида истиқомат қилаётган 14 нафар юз ёшдан ошган онахонларимизни совға-саломлар билан йўқладик.

Наврўз - шукроналик байрами! Бу байрамда одамлар қишдан эсон-омон чиққанига шукроналар айтиб, эҳсонлар улашадилар, сумалак, баҳорий таомлар пишириб тарқатадилар, кекса-мискинлар ҳолидан хабар оладилар. Маҳаллаларимизда ҳам сумалак тайёрланиб, Наврўз тантаналари ўтказилмоқда.

Туманимизда 52 мингга яқин оила бўлиб, уларнинг 10 мингдан зиёдини ёш оилалар ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнидаги ўрганишлар жараёнида ажрашиш арафасида турган 59 оила яраштирилди. Демак, шунча оилада тинчлик-хотиржамлик,    барқарорлик таъминланди. Бундан ташқари, кўплаб опа-сингилларимиз ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун банклардан кредитлар олишларига ёрдам кўрсатилди. Энди улар тикувчилик, иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишларда иш ташкил этиб, ўз оилаларига даромад олиб кириш имконига эга бўлдилар. Ҳозирда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш юзасидан фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди, қатор тадбирлар уюштирилди.  Ана шундай суҳбат ва тадбирлар давомида опа-сингилларимизнинг муаммолари ўрганилиб, уларга зарур маслаҳатлар берилди, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 336 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларга 20 млн. сўмга яқин моддий ёрдам ажратилди. Уй-жой олиш бўйича мурожаат қилган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган 12 нафар  хотин-қиз жорий йилда уй-жой билан таъминланиши режалаштирилди.

Шунингдек, тумандаги 800 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда  уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу кунгача 150 дан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 79 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратилиши бўйича тавсиялар берилди.

Никоҳга киришдан аввал ёшлар ҳар жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёр, зарур билим ва тушунчага эга бўлишлари лозим. Шундагина барпо бўлаётган янги оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиб, ҳаётнинг турли синовларига дош бера олади. Шундан келиб чиқиб, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ҳамда "Саломатлик кунлари" мунтазам ўтказилмоқда.

Шу кунларда Наврўз байрамига бағишлаб "Соғлом тана - соғлом келажак" шиори остида спорт ҳафталигини ўтказаяпмиз. Ҳафталик доирасида турли соҳадаги хотин-қизлар спортнинг югуриш, теннис, шахмат-шашка, волейбол турлари бўйича беллашишмоқда.

Наврўз - йилбоши, уни қандай кутиб олсанг, йил давомида шундай руҳият ҳукм суради. Ўйлайманки, фаолиятимизда кўтаринкилик, унумли меҳнат ва самара йил давомида ҳамроҳ бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яшариш, янгиланиш айёми - Наврўзи олам билан чин дилдан табриклайман. Аёлларимизнинг хонадонлари тинч, оилалари мустаҳкам бўлсин!

 

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.