+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Оилада эркакнинг гапи ўтсин

Мулоҳаза

Ҳозирги вақтда оилавий муносабатлар, ажримларнинг олдини олишга катта эътибор берилмоқда. Чунки, жамиятимизнинг ажралмас бўғини бўлган оила муаммолари бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бирига айланган.   Оилалар пароканда бўлишининг, ёш-ёш келинлар бева, гўдаклар тирик етим қолишининг сабабини ҳар ким ҳар нарсадан қидирмоқда. Айрим қизларнинг бесабрлиги, йигитларнинг масъулиятсизлиги, қайноналарнинг сеп-сидирға, мол-мулк-ка ўчлиги, қайноталарнинг индамаслиги… Сабаблар кўп, оқибатлар аянчли.

Ўз келинлик даврларимни эслайман. У пайтлар бунақа замонавий жиҳозлару буюмлар қайда дейсиз? Бўлсаям қиз томон қизининг сепига сандиқ, йигит томон жавон қилар эди. Гилам ва палос ҳам шундай. Қиз томон гилам олса, йигит томон палос қилган. Шу билан бўлди. Қолгани майда-чуйда, данғир-дунғир билан тўй бўлиб ўтарди. Оила эҳтиёжига керак нарсани келин-куёв тўйдан    кейин ишлаб, ўз маблағига олар эди. Унинг гашти бўлакча бўлар эди,          менимча.

Ҳозирда келин-куёвга барча нарса муҳайё бўляпти. Қудалар қарз-ҳавола қилиб бўлсада, ёшларга шароит яратиб беряпти. Шунинг учун бўлса керак, ёшларда орзу-ҳавас, ота-онага талаб кучайиб бормоқда. Энг ёмони, арзимаган маиший муаммолар деб орага совуқчилик тушяпти. Келин аразлаб кетган, иккала томон ҳам ён босай демайди.

Назаримда, оилада эркакларнинг мавқеи анча тушиб бораётгандай. "Нима бўлса ҳам қизинг чидаб яшайди, оилада менинг айтганим бўлади", дейилмаётганга ўхшаяпти. Буни айтишимдан мақсад, бизнинг оилада турмуш ўртоғим ўғлим билан келин, ёки мен ва келиним ўртасидаги можарога ҳам ўзи одилона ҳукм чиқаради. Ўйлаб қарасак, у киши ҳақ бўлиб чиқади. Ҳаммамиз у кишининг райига қарши чиқолмаймиз. Натижада ҳеч ким озор чекмайди.

Ҳозирда тўрт ўғил, тўрт келинга она, саккизта набиранинг бувисиман. Жорий йилда "Ибратли хонадон бекаси" мукофотини маҳаллада менга бердилар. Шу билан бирга, "Ибратли қайнона" кўрик-танловининг шаҳар босқичида иккинчи ўрин соҳибаси бўлдим.

Ибратли қайнона бўлиш учун бировнинг боласини ўз фарзанди каби қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Унинг ютуғи ва камчилигини ўзиники деб билиш керак. Ҳар бир фарзандимизнинг яхши ва ёмон тарафи бўлгани каби, бировнинг боласи ҳам камчиликлардан холи эмас. Ахир, беайб фақат Парвардигор! Шундай экан, келиннинг ёмон тарафини элга достон қилмасдан, ёмонини яшириб, яхшисини оширишимиз керак эмасми?

Мен келинларимга дастлабки кунларданоқ оилада қандай қилса эрига ва элига ёқишини тушунтираман. Биринчиси: "қовоқ солмайсиз, гап қайтармайсиз, бола урмайсиз, сен демайсиз, аразлаб кетмайсиз, уйдаги гапни кўчага олиб чиқмайсиз! Шу шартларни бажаришда сизга ёрдам бераман. Шуларга риоя қилсангиз, эрингиз подишоҳ, сиз эса малика бўлиб яшайсиз, мен эса суянчиқ бўламан", дейман ва ваъдамнинг устидан чиқиб, доимо келинларим тарафида бўламан.

Севимли шоирамиз Турсуной Содиқова ҳаётлик пайти бир учрашувда "фалончини келини яхшийкан, деб кўчага номи чиқса, уни яхши деб номини чиқарган қайнонасига раҳмат денглар" деган эди. Менга ҳам: "нимага ҳамма келинларингиз яхши?" деб савол беришади. "Сиз яхши бўлсангиз, ҳамма яхши бўлади", деб жавоб бераман. Менинг гапимга кириб, йўлимга юрадиган қизларни тарбиялаб берган қудаларимга раҳмат. Келинларим: "биз сизга ўхшаган қайнона бўламиз" дейишади, барака топгурлар.

Хулоса қилиб айтганда, фарзандларга биз ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Ўғил болани ҳам турмушга тайёрлаб, "сен энди бир инсон ҳаётини ўз      бўйнингга олаяпсан. Унинг моддий ва маънавий таъминотини тўғри олиб борсанг, оиланг тинч, фарзандларинг бахтли бўлади, ҳалол ризқ мартабангни оширади. Аёлингни она, опа, сингил каби эҳтиёжларини қоплашинг керак. Уни  соғлигида ҳам, беморлигида ҳам бирдек севиб ардоқлагин!" дея тушунтириш керак.

Бир жойга борсангиз, суҳбатдошингиз "нечта машинангиз бор, уйингиз   нечта?, деб сўрамайди. "Фарзандлардан нечта, уйлаб-жойлаганмисиз, қанча набираларингиз бор?" деб сўрайди. Шунда биз фахр билан ўзимиз, келин ёхуд куёв, набираларимиз тўғрисида уялмай гапирадиган бўлайлик.

Шу ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг яна бир ҳадисларини ёдга олгим келди: "Эркак кишини иши хотин кишига қолса, ернинг ости яхши". Оилада эркакнинг гапи ўтсин. Биз аёллар эркакларга мушкулот туғдирмай, уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, измида юрсак, ҳамма ҳавас қиладиган  бахтли оила эгасига айланамиз.

 

Тожибархон АҲМАДАЛИЕВА,

 

Қўрғонтепа тумани.

ЁШЛИК - БУЮК АФСУНГАР

Ҳар қандай ниҳол Она табиатнинг меҳри, офтобнинг беминнат нури, асл боғбоннинг эътибори ва парвариши билан қад ростлайди, гуллайди, мевага киради. Эндигина камол топиб, ўсиб келаётган авлодни ҳам гўё бир ниҳолга ўхшатиш мумкин. Ёшлар кўнглидаги ҳар қандай эзгулик, улуғ мақсадлар тарбия ва ибрат орқали юзага келади, шаклланади. Вужуд меъмори бўлган ота-она фарзандига ўз вақтида, тўғри тарбия берса, қалб меъмори бўлган устозу мураббийлар боланинг илму маърифат эгаси бўлиши, баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун ҳисса қўшадилар.

Бугун ёшлар орасидан ҳар соҳада билимдон, заковатли, истеъдод эгалари етишиб чиқмоқда. Бир нечта тилларни биладиган, шунингдек, ўз интилишлари, иқтидори билан ўзбек номини жаҳонга танитаётган ёшлар кўплаб топилади. Албатта, ёшлар бундай ютуқларга ўз-ўзидан эришиб қолаётганлари йўқ. Барчасига тиришқоқлиги, тинимсиз меҳнати ва кўп ўқиш орқали эришмоқдалар. Бунинг учун уларда билим, иштиёқ, фидойилик, қатъият етарли.

Буюк рус шоири Александр Сергеевич Пушкин "Ёшлик - буюк афсунгар" дея таърифлаган эди.

Дарҳақиқат, айни ёшлик даврида инсон улкан ишларни амалга оширишга қодир бўлади. Юртбошимизнинг ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, уларнинг спорт, мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга кўмаклашиш юзасидан илгари сурган муҳим ташаббуслари ортидан ҳар бир йигит-қиз ўз иқтидорини, қобилиятини юзага чиқаришга имкон топмоқда.

Яратилаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим олишга, етук мутахассис  бўлишга, Ватанимиз равнақи учун фидойи бўлишга биз ёшлар астойдил ҳаракат қилайлик.

Асадбек ТУРСУНОВ,

 

Қўрғонтепа Тадбиркорлик ва бизнес касб-ҳунар коллежи битирувчиси.

Ёз - ўтади соз!

Мутахассис минбари

Вилоятимизда бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш жараёнида ёшларнинг, айниқса, мактаб ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, хусусан ёзги соғломлаштириш мавсумида уларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш муҳим масалалардан бири саналади.

Жорий йил ёзги дам олиш мавсумида шаҳар четида 14 та ёзги дам олиш оромгоҳлари фаолият кўрсатмоқда. Айни кунларда ана шу оромгоҳларда 2350 нафардан зиёд болажонлар мароқли ҳордиқ   чиқармоқда.

Вилоят давлат санитария ва эпидемилогия назорат маркази мутахассислари томонидан  оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади. Озиқ-овқатлар сифатига, болаларга берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча оромгоҳлар омборхоналари замонавий музлатгичлар билан жиҳозланган, оромгоҳларда зарарсизлантириш ишлари олиб борилди, ҳар бир маскан ўзининг чўмилиш бассейнига эга бўлиб,     бассейнлар талаб даражасида таъмирланди, юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида сувнинг мунтазам зарарсизлантириб турилиши таъминланмоқда.

Дам олиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан болажонлар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг        соғлом овқатланишларини ташкил қилиш, овқатдан заҳарланиш ва бошқа юқумли-паразитар касалликларнинг олдини олиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ошхонада овқат тайёрлаш технологиясига қатъий риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оромгоҳларда шу мавзуда ўқув-амалий семинарлар ташкил этилиб, ошпазлар, омборчи ва тиббий ходимларга ўргатилмоқда. Эслатма ва намунавий таомномалар тарқатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, барча яратилаётган шарт-шароитлар келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз учундир. Ёз мавсумида болаларни мароқли дам олдириш ва       соғломлаштириш, таътил жараёнида уларнинг спорт, маданият, китоб ўқишга  қизиқишларини ошириш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатларимиз эртага ижобий  самарасини беради, албатта.

Шаҳноза ҲАКИМОВА,

 

вилоят давлат санитария ва эпидемилогия назорат маркази бўлим бошлиғи.

Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи - жамият ривожини юқори босқичга кўтаради

Ҳуқуқшунос минбари

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, фуқароларнинг Конституция асосида кафолатланган ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланмоқда.

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг муҳим омилларидан биридир. Шу боис миллий қонунчилигимизда фуқаролар мурожаатлари масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2017 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонуни мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солиш билан бирга, янада юқори даражага кўтарди.

6 боб, 38 моддадан иборат мазкур қонуннинг 3-боби "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари" деб номланиб, унда мурожаат этиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатлари, мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланиш тартиблари, мурожаат этишда ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларга риоя этилишининг кафолатлари, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги, жисмоний ва юридик    шахсларнинг мурожаатлари муносабати билан улар хавфсизлигининг кафолатлари белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда инсон манфаатларини таъминлаш, энг аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Республикамизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқотни, жойларда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш, камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминламоқда.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тизимли равишда таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни ҳамда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Мурожаат қилиш фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан биридир. Мурожаатларда одамларнинг кайфияти, шарт-шароити, жамиятдаги жараёнларга муносабати акс этади. Қолаверса, мурожаат орқали аҳолининг ҳуқуқий, сиёсий билимлари юксалишига, жамиятдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга ёрдам беради.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонидан ҳам фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг ана шу йўналишдаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мурожаат қилиш ҳуқуқи - фуқароларнинг муҳим конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари сирасига киради. Ҳар бир мурожаат ортида эса инсон, унинг тақдири ёки уни қийнаётган муаммо билан боғлиқ масала ётади. Демак, мурожаат қилиш ҳуқуқи энг аввало, жамият ривожи, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолат принципларини қарор топтиришдек хайрли ишларга хизмат қилади. 

Муҳайё Турдиева,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси.

ҲЕЧ БИР ЖУРНАЛИСТ ХОЛИСЛИКДАН ЧЕКИНМАСИН!

Журналистика - шарафли ва машаққатли касб, бироқ бу касбнинг машаққатли йўлларидан юришга жазм этган, касбини ардоқлаб, давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлишга интилиб ишлаётган ҳамкасбларимиз борки, уларнинг ибратли фаолиятига кўпчилик ҳавас қилади. Улар амалга ошираётган хайрли ишларни кўриб, беихтиёр улар каби ишлашга, улардай касбининг фидойиси бўлишга интилади. Ана шундай ҳавасларга муносиб  ҳамкасбларимиздан бири Муҳаббат Иминовадир.

Муҳаббат болалигида сухандонларга ҳавас қиларди. Телеэкранларга термулиб,     мурғак қалби билан бутун Ўзбекистон аҳлига бирдек таниқли ва севимли бўлиб қолган сухандонларни завқ билан томоша қилар, уларга тақлид қилиб   матнлар ўқирди. Бу ҳавас Муҳаббатни мактабни битириб, касб танлаш вақти етгунича ҳам тарк этмади. Фақат, энди у сухандонлик касб эмаслигини, дунёда журналистика деган ажойиб касб борлигини яхши биларди.

Муҳаббат Андижон давлат университетига ўқишга кирди. Талабалик йиллари Андижон вилоят телевидениесига қатнаб амалиёт ўтаб юрган қизни бу ердаги ижодий муҳит ўзига ром этди. Ўқишни тамомлаб, ҳеч қандай иккиланишларсиз, тўғри телевидение эшигини қоқиб келган ёш мутахассисга кўпни кўрган, тажрибали устоз журналистлар имкон бердилар. Шу тариқа Муҳаббат телевидениенинг сеҳрли, қайноқ оламига кириб келди. Ишдан ажралмаган ҳолда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети сиртқи бўлимига ҳам ўқишга кирди. Ҳозирда битирувчи курс талабаси.

Меҳнат фаолияти давомида эса у ўзининг тиришқоқлиги, зеҳнию иқтидор қирраларини намоён этди. Бу борада журналистлар Муҳаммадсодиқ Тешабоев(марҳум), Муборак Отахонова, Зокиржон Юсупов, Абдураҳмон Исҳоқов, Матлуба Юсуповалардан касб сирларини мукаммал ўрганиб борди.

- Устозларимдан журналистиканинг машаққатларига елка тутишни, ҳар бир вазифадан завқ олишни, ишга масъулият билан ёндашишни, асосийси, томошабин қалбидан ўрин оладиган кўрсатувлар тайёрлашни ўргандим, - дейди Муҳаббат Иминова. - Бугун бу соҳада қандай ютуқ ва муваффақиятларга эришган бўлсам, аввало, уларнинг берган таълими, меҳнатларининг самараси, деб биламан.

Бугун қаҳрамонимизнинг болалигидаги орзуси ушалди, яъни, айни пайтда у сухандон вазифасида ишламоқда. Шу билан бирга, хабар ва янгиликлар, турли танқидий-таҳлилий руҳдаги материаллар тайёрлаб туради. "Диёр табиати" деб номланган муаллифлик кўрсатувида эса юртимиздаги муқаддас қадамжолар, тарихий жойлар, гўзал ва бетакрор табиатга эга қишлоқларимиз ҳақида ҳикоя қилади.

- Оммавий ахборот воситалари халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, одамларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиради, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини тортади, - дейди М.Иминова. -  Шунинг учун халқ журналистларга ишонади. Биз халқнинг ана шу ишончини оқлашимиз керак. Шу ўринда касбимиздаги масъулият, ахлоқ-одоб қоидаларига ҳар биримиз қатъий амал қилиб ишлашимиз шарт, деб ўйлайман. Ҳеч бир журналист холисликдан чекинмасин. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин юракдан табриклайман.

Биз ҳам Муҳаббатни касб байрами билан табриклаб, эзгу ниятлари ўзига ҳам йўлдош бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

Муаззам Собиржон қизи

Аёл қайси касбнинг эгаси бўлмасин, аввало, аёллигини унутмаслиги лозим

Санъаткорлар оиласида дунёга келган Нигора Саттархонова болалигиданоқ ижодий муҳит, маънавият олами ичида яшади. Отаси - вилоят театри актёри Обиджон Саидбурхонов ҳамда онаси - Аббос Бакиров номидаги ёшлар театри актрисаси Матлубахон Мадраҳимовалар фарзандларининг зукко, маънавиятли, билимдон, қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишини орзу қилар эдилар. Унинг санъаткор бўлишига ота-онаси рози бўлишмади, аммо журналистикага қизиқишини, тележурналист бўлишни орзу қилишини маълум қилганида, қаршилик билдиришмади.

Нигора суд жараёнларини ёритишни, юридик малакага эга журналист бўлиб етишишни орзу қилди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича коллежга ўқишга кирди. Амалиёт пайти ва машғулотлардан бўш бўлди дегунча, фуқаролик ва жиноят судлари ҳамда суд ижро бюросидаги қизиқарли ва тортишувларга бой жараёнларни бевосита кузатиш билан банд бўлди. Бирмунча вақт суд органларининг бирида ишлаб юрди, қонунчиликни ўрганди.

"Тараққиёт" телерадиокомпаниясидаги фаолиятини 2016 йилда  бошлади. Жамоа раҳбари, тажрибали журналист Маҳмуджон Мамадалиев Нигорага журналистиканинг машаққатлари, ижодкор қандай фазилатларга эга бўлиши ҳақида йўл-йўриқлар кўрсатди. Сухандон Мавлуда Аҳмедовани эса Нигора яқин маслаҳатчиси, телевидениедаги  илк устози сифатида ҳурмат қилади. 

Ҳозир "Тараққиёт" телерадиокомпаниясида ишлар доимгидек қизғин паллада. Нигоранинг бир дақиқа ҳам бўш вақти йўқ. Тажриба ва малакаси ошиб боргани сари турли лойиҳалар устида изланишга, муаллифлик кўрсатувлари тайёрлашга ҳаракат қилади. Дарвоқе, унинг "Юртим ошхонаси" деб номланган муаллифлик кўрсатуви вилоятимиз аёлларининг севимли кўрсатувларидан бирига айланган. Айни кунда мухлислар талаб ва таклифлари асосида "Соғлом ҳаёт сари" дастури устида ишламоқда.

- Телевидениедаги фаолиятимни эртароқ бошлашни истаган эдим, аммо оила, оналик масъулияти бу борада танаффус қилишга мажбур этди. Аммо, бундан ҳеч ҳам афсусланмайман. Чунки, аёл қайси касбнинг эгаси бўлмасин, аввало аёллигини унутмаслиги лозим, - дейди Нигора. - Аёллигимни, оиладаги бурч ва вазифаларимни унутмаганим учун Оллоҳ менга орзуларим рўёбини берди. Қайнона-қайнотам, мени доимо тўғри тушунадиган турмуш ўртоғим, бир-биридан ширин 2 қизалоғим ҳамиша мени қўллаб-қувватлайдилар. Энг муҳими, болалигимдан орзу қилган, севимли касб билан шуғулланаётганимдан хурсандман.

Юртимиздаги барча газета ва журналлар, телерадиоканалларида иш олиб бораётган  барча касбдошларимизни байрам билан табриклайман, Машаққатли йўлларида уларга бардош, ирода ва сабот, улкан муваффақиятлар, оилаларига файзу-барака, доимо соғ ва омон бўлишларини тилаб қоламан.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Кўнглим тоғдай кўтарилди

Оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрами арафасида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан соҳа вакиллари узоқ йиллар турли таҳририят ва телевидениеларда самарали фаолият юритган фахрий журналистлар ҳолидан хабар олди.

Тўхтахон Давронова ишга масъулият билан ёндашадиган, камтар, ҳалол-пок ижодкорлардан бири. У кўп йиллар "Булоқбоши" газетаси таҳририятида сидқидилдан меҳнат қилди. Унинг газета саҳифаларида эълон қилинган турли мавзулардаги долзарб мақолалари, очерк ва лавҳалари газетхонларнинг эътирофига сазовор бўлган. Айни кунда у нафақада бўлса-да, ижодни четга суриб қўйгани йўқ. Баҳоли қудрат туман газетасининг нашр этилишига ҳисса қўшиб келмоқда.

- Бир гуруҳ ҳамкасбларимиз хонадонимга мени йўқлаб келганликларидан, эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди, - дейди фахрий журналист Тўхтахон опа Давронова. -  Касбим, ижодим туфайли эл орасида кам бўлмадим, ҳурмат-эътибор топдим. Журналистиканинг нонини ейиш осон эмас, барча даврларда ҳам матбуот соҳаси кишиси зиммасига  катта масъулият юкланган. Бу масъулиятни кўтариб юриш, журналист деган номга муносиб бўлиш,  жамиятда ўз ўрнини топиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Мен фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиздаги барча оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамимиз билан муборакбод этаман.

Биз ҳам байрам билан фахрий ижодкорларимизни, журналист, ношир ва матбаачиларни, матбуот тарқатувчиларни касб байрамлари билан табриклаймиз.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Бағрида ҳар сиқим тупроғи азиз...

Буюк ва муқаддас Ўзбекистонда,

Ҳумо қушнинг баланд учмоғи азиз!

Мозий қатларидан асрий орзулар,

Юксалиб, самони қучмоғи азиз.

 

Ватан дея урган ҳар бир юракнинг,

Оҳидан яралган титроғи азиз.

Шонли Мустақиллик солномасида,

Озод йиллар тизган саноғи азиз.

 

Ватаннинг дардию чеккан заҳмати,

Бағрида ҳар сиқим тупроғи азиз.

Азиз, барчасидан оби раҳмати,

Истиқлоли азиз, байроғи азиз.

 

Ҳурлик карвонида одимлар шаҳдам,

Танлаган нурафшон ўз роҳи азиз.

Халқ ила Ватаннинг чин ишонч билан

Сизу бизга тиккан нигоҳи азиз.

 

 

Хуршида ВАҲОБЖОН қизи

Пахтаободда янги мактабгача таълим муассасаси иш бошлади

Пахтаобод тумани  Тошқўрғон маҳалласида "Доногинам" деб номланган нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

Тумандаги "Маданият универсал савдо" масъулияти чекланган жамияти томонидан  мазкур муассаса қурилиши ва жиҳозланиши учун 1,7 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Айни кунда учта гуруҳда 75 нафар болажон тарбияланаётган муассасада кичкинтойларнинг таълим-тарбия олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Фавворали ўйингоҳ, замонавий ошхона жиҳозлари билан таъминланган ошхона, шинам ётоқхона, машғулот хоналари, спорт-соғломлаштириш заллари болажонлар ихтиёрида

- Муассасамизда болажонларга таълимнинг дастлабки сабоқларини бериш, уларни ҳар жиҳатдан етук ва соҳлом тарбиялаш учун зарур барча шароитлар яратилган, - дейди муассаса раҳбари Шаҳноза Абдулазизова. - Сир эмаски, бола ҳаётидаги илк ёш энг муҳим давр бўлиб, худди мана шу даврда боланинг жисмоний, ахлоқий, меҳнат, эстетик ривожланишига пойдевор қўйилади. Шу боис ҳам, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама камол топтириш, унинг онги, дунёқарашини ўстириш тарбиячи-педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди.

Асосан рус-инглиз тилларини пухта ўргатишга ихтисослашган мазкур муассасанинг ишга туширилиши ҳисобига 15 та янги иш ўрни  яратилди.

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

 

жамоатчи мухбир.

СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ИЖОДКОРЛАРГА КУЧ ВА ШИЖОАТ УЛАШДИ

Вилоятимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан соҳа ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган футбол, теннис, эркаклар ўртасида шахмат, аёллар ўртасида шашка, стол тенниси мусобақалари юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.

- Очиғи, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ходимлари дам олиш, спорт билан шуғулланишга имкон топиши қийин, - дейди  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Назиржон Саидов. - Чунки, иш кўп, ҳар куни турли тадбирлар, ҳаммасига улгуриши, ёритиши керак. Лекин анъанавий касб байрамимиз арафасида ташкил этилган спорт мусобақаларида вилоятдаги ОАВда фаолият юритаётган ижодкорлар фаол иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, вилоят босмахонаси, "Тасвирий ойна" уюшмаси ҳамда Таҳририятлар терма жамоаси иштирокидаги қизиқарли беллашувларга бой футбол турнирида Таҳририятлар терма жамоаси барча рақибларидан устун келиб биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ, учинчи ўрин "Тасвирий ойна" уюшмаси жамоаларига насиб этди.

Теннис бўйича ўтказилган жуфтлик мусобақаларида "Водийнома" журнали мухбири Тўлқин Сиддиқов, "Андижанская правда" газетаси мухбири Аъзамжон Қодиров ғолиб чиққан бўлса, "Иқбол" газетаси муҳаррири Фахриддин Ибайдуллаев ҳамда "Тараққиёт" телекомпанияси оператори Омадбек Абдунабиев жуфтлиги иккинчи, Андижон вилояти телерадиокомпанияси мухбирлари Ашурали Маматов, Авазбек Қўчқаров жуфтлиги эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

 Эркаклар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақасида вилоят телерадиокомпанияси мухбири Ашурали Маматовга биринчи, "Тараққиёт" телекомпанияси оператори Шуҳратбек Абдуллаевга иккинчи, "Иқбол" газетаси жамоатчи мухбири Ҳадятулло Собирхўжаевга учинчи ўрин насиб этди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган стол тениси мусобақасида Андижон вилоят телерадиокомпанияси вакиллари  Авазбек Қўчқоров, Шавкатбек Эгамов, Камронбек Холдаров         совринли ўринларни қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги шашка турнирида вилоят ахборот ва оммавий комуникация бошқармаси ходимаси Муқаддас Раҳмонова биринчи,  "Жалақудуқ ҳаёти" газетаси ходимаси Мавлуда Каттахўжаева иккинчи, "Андижоннома" газетаси мухбири Нилуфар Юлдашева учинчи ўринга сазовор бўлди.

- Қайси соҳада, қайси касбда бўлишдан қатъи назар спорт билан ошно бўлган инсон ҳамиша соғ-саломат, руҳи тетик бўлади, - дейди мусобақа ғолибларидан бири М. Каттахўжаева. - Айниқса, ижодкорнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши  шубҳасиз, шижоат, куч-ғайрат бағишлайди.

Fолиб ва совриндорлар касб байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантанали тадбирда муносиб тақдирланадилар. 

Умиджон НОЗИМЖОНОВ,

 

жамоатчи мухбир.