+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Июль 2019

НОТИНЧ ОИЛА БИТТА БЎЛСАЯМ КЎП, - дейди Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Марҳабо Мўминова.

Марҳабохон Мўминова Пахтаободдан Избосканнинг Қораянтоқ қишлоғига келин бўлиб тушдию, меҳнатсеварлиги, ширин муомаласи, самимий ва  бағрикенглиги сабаб,  тезда қайнона-қайнотасининг меҳрини қозонди, қўни-қўшни, қариндош-уруғнинг ҳурматига сазовор бўлди. Қайнотаси Нурмуҳаммад ака, қайнонаси  Ҳайринисо опанинг дардкаши, суюкли қизига айланди. Турмуш ўртоғи Сирожиддин Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактабида ўқитувчи. Оёқ қўли чаққон, ширинсўз умр йўлдоши учраганидан куёв бола ҳам хурсанд.Аҳил, тинч оила хонадонида бирин-кетин фарзандлар туғилди.

Марҳабо опа 15 йилдан зиёд соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилди. Қўли енгил, очиқчеҳра, дилкаш ҳамширани Қораянтоқ аҳолиси ҳам яхши кўриб қолди. Айниқса, киши кўнглини тушуниши, ҳар доим ёрдамга ошиқиши, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма билан бирдек чиқишиб кетиши уни маҳалланинг ўз одамига айлантирди. 1997 йилда "Янги ҳаёт" ширкат хўжалигига ишга ўтди. Раис ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг раиси бўлди. Ишига масъулиятли ёндошиш, қўл остидагиларга сўзини ўтказа олиш хусусияти бор эди унда. Шу боис,  Марҳабо опани маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайладилар. Мана 10 йилдирки, раиса Қораянтоқ маҳалласи тинчлиги,   ободлиги, аҳоли фаровонлиги йўлида меҳнат қилиб келмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинида 4300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 1200 оилани ўз бағрига олган Қораянтоқ ўтган йили "Обод маҳалла" дастури лойиҳасига киритилди. Дастур асосида "Янги ҳаёт" қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб қўшимча тез тиббий ёрдам пункти биноси, 100 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасаси, 250 ўринли тўйхона қурилди.3 та янги дорихона, компьютер, пайнет хизмати ташкил қилинди. Анча йиллардан буён ишга яроқсиз ҳолда турган ҳаммом қайта қурилиб, эркак ва аёллар учун миллий ҳаммом, савдо маркази, ошхона бунёд этилди. Аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун турли хилдаги қурилиш, хўжалик моллари билан савдо қилувчи шохобчалар, қолипли нон ишлаб чиқарувчи цех ҳамда "Аёллар салони" ишга туширилди. Шу билан бирга ҳудуддаги 28-умумтаълим мактаби, 19-мактабгача таълим муассасаси қайта реконструкция қилинди. Сув таъминоти яхшиланди, кўчаларга замонавий симёғочлар тортилиб, фонарлар ўрнатилди.  Бу ишларнинг амалга оширилишида албатта, Марҳабо Мўминованинг  муносиб ҳиссаси бор.

Жорий йил май ойида маҳалла фуқаролар йиғини раислигига ўтказилган сайловларда ҳам аҳоли Марҳабо опани ўз лавозимига лойиқ кўрди.

- Хонадонларни айланишни яхши кўраман, - дейди М.Мўминова. - Баъзи нотинч оилаларга кирганда ўйланиб қоламан, ҳамма нарсаси бор, рўзғори бут, аммо ҳеч тинчи, ҳаловати йўқ. Буларга оила аъзолари ўртасида ҳамжиҳатлик, меҳр, самимиятнинг йўқлиги сабаб деб ўйлайман. Шукрки, бундай оилаларимиз кўп эмас, аммо нотинч оила битта бўлсаям кўпда. Ибратли хонадонларга кирсам, дилим яйрайди. Нимадир ўрганиб чиқаман. Уйлари покиза, саранжом-саришта. Китобхон оилаларга кириб қолсамчи, ҳеч ҳам чиққим келмайди. Ўша оила  аъзолари билан суҳбатлашиш, китоблар муҳокамаси менга кўтаринки руҳ, завқ беради. "Қариси бор уйнинг - париси бор", деб бежиз айтишмаган. Қишлоғимиздаги нуроний отахону онахонлар ёнига кириб ҳол-аҳвол сўрашни, маслаҳат олишни ёқтираман. Баъзи масалаларда улардан маслаҳат сўрайман, муаммолар ечимини топишда уларнинг ҳаёт тажрибаси асқотади. Хуллас, бугунги куним маҳалла ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ, эртанги кунимни эса маҳалламсиз тасаввур қила олмайман.

У билан суҳбатлашиб, зерикмайсиз. Суҳбатдошини сабр билан эшитади, муаммоларига ижобий ечим топишга ҳаракат қилади. Энг муҳими, уларга тўғри маслаҳат бера олади. Айниқса, ўқувчилар, ёшлар  билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туради. "Китоб - маънавий озуқа", дея уларга китоб совға қилишни яхши кўради.

- Шундай тинч, осуда ҳаёт ва мусаффо осмонимиз остида яшаб турганимизнинг ўзи катта бахт, - дейди кулиб  Марҳабо опа.  - Лекин, унинг қадрига етмаётган айрим ёш оилалар билан анчагина ишлашимизга тўғри келмоқда. Айниқса, яқин йиллардан буён арзимаган сабабларга кўра, ажримларнинг кўпайиб бораётгани ҳаммамиздан масъулият ва ҳамжиҳатликни талаб этади. Шундай экан, оилалар тинч, маҳалламиз осойишта, турмушимиз фаровон бўлиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак.

Қораянтоқ аҳолиси Марҳабо опанинг олиб бораётган ишларидан хурсанд.  Унинг эзгу мақсадлари ривожини тилаб дуо қилмоқда.                                                                                               

 

 Гулнора МАҲКАМОВА