+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Садоқат

(ҳикоя)

Ҳаётда  меҳр-оқибат, вафо, садоқат каби сўзларни кўп ишлатамиз. Албатта, ҳар ким ҳам бу сўзларга муносиб бўлавермайди. Аммо, инсон бўлмасада, меҳр-муҳаббатни ҳис қиладиган, меҳрингга садоқати билан жавоб қайтарадиган жониворлар ҳам бор экан.

Дадам раҳматли юввош, меҳрибон, жониворларни яхши кўрадиган, чумолига ҳам озор бермайдиган киши эди. Унинг Бўйноқ лақабли ити бор эди. Ҳар сафар дадам раҳматли  итни  эркалаб, мақтаб, идишига овқат солиб берар эди. Жонивор эса думини ликиллатиб, дадамнинг оёқлари остида у ёқдан-бу ёққа жилпанглар, баъзан ерга думалаб, унга миннатдорчилик билдирган бўларди. Дадам масжидга чиққанида Бўйноқ намоз тугагунча эшик олдида ўтирар эди. Масжиддан чиқиши билан яна дадамга эргашар, у киши бир иш қиладиган бўлса, худди ёрдам берадигандай атрофини айланар, баъзан ирғиб, нимагадир ишора қилгандай бўлар эди.  Дадам раҳматли ҳам бу забонсиз ҳамроҳига суяниб қолган, ортган овқатни албатта итига илинар, бирор жойга меҳмонга борса, Бўйноқ учун суяк кўтариб келарди. Дадам ҳеч қачон Бўйноқни сўкмасди, уриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. "Буям Оллоҳ яратган жонивор, сен билан менга қарам, унинг тили йўқ, аммо юраги бор" дер эди.

Вақти-соати етиб, дадам қазо қилди.

Уни сўнгги манзилга кузатган кунимиздан бошлаб кучук овқат емай қўйди. Таъзияга келган меҳмонларга ҳайрат билан тикилиб, улар орасидан дадамни қидирар эди. Дадамнинг тобути кўтарилганда ит жуда қаттиқ увиллади ва одамларнинг олдига тушиб югуриб кетди. Қабристонга бориб ҳамма одамлар қайтгунича ўтирди.  Кечқурун уйга келгач, антиқа овозда яна увиллади. Уйчасига борди-ю, бағрини ерга бериб ётиб олди. 

Эртасига кўнгил сўраб келувчилар кўп бўлди. Бечора ит таъзия билдирувчилар орасидан дадам раҳматлини қидирар,  ғингшиб, ўз тилида йиғлагандай бўларди.

Кечқурун масжидга чиқиш учун тайёргарлик кўра бошладим. Бўйноқ ҳам худди таҳорат олгандай оёқларини сувда ювган бўлдида, ёнимдан кетмай туриб олди. Ортимдан масжидга эргашиб чиқди. Намозни тугатиб қарасам, у худди аввалгидай остонада ўтирган экан. Чақирдим, келмади. Сўнгги намозхон чиққунича масжид эшигига термулиб ўтираверди. Жониворга ҳамдардлик билдирмоқчи бўлиб ёнига бордим.

"Энди дадам йўқ. Ҳадеб бу жойда ўтираверма" дедим секингина. Лекин... У менга шундай қарадики, бу нигоҳларни ҳеч қачон унутолмасам керак...

Маърака маросимига тайёргарлик кўраётганимизда ит кўринмай қолди. Ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб унга  кўп ҳам эътибор бермадик. Кечқурун овқат бериш учун излаб, тополмадим.

Эртасига тонгда ака-укалар, дадамнинг уч-тўрт қадрдон жўралари зиёрат қилиш учун биргалашиб қабристонга йўл олдик. Қабрлар оралаб кетяпмиз. Узоқдан қабр устида бир нарса қорайиб кўринди. Fира-ширада худди бир парча латтага ўхшарди.Яқинроқ борганимизда не кўз билан кўрайликки, латта деб ўйлаганимиз - Бўйноқ экан. Қабрнинг бош томонига олдинги оёқларини чўзиб, бошини қабрга қўйганча ётган ит жонсиз эди.

Аввалига нима қилишни билмай қолдик. Барчамиз бир-биримизга тикилганча, на тиловат қилишга, на бирор сўз айтишга ожиз эдик. Жимликни биринчи бўлиб дадамнинг қадрдони Рўзимат ака бузди:

- Даданг тўғри айтган экан. Жониворнинг тили бўлмагани билан улкан юраги, садоқати бор экан. Бу воқеа барчамизга сабоқ бўлсин. Емай-едириб, не-не заҳматлар чекиб, фарзанд катта қиласан. Аммо,  қариганингда, вақти келса ўз фарзандларингга малол бўласан киши. Меҳр кўргазиб бир меҳрибон тополмайсан. Қанийди одамларда шу жониворчалик меҳр, садоқат бўлганида...  Энди, болаларим, бу итни бошқа жойга обориб кўмсак ноҳақлик бўлса керак. Раҳматли дўстимнинг қабри олдидан бир қабр ковласакда, итни шу ерга кўмсак. Токи, инсонлар буни кўриб садоқат нима эканлигини англасинлар.

 

Козимжон  СУПУРГИБЕКОВ,    

Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси Саломатлик маркази шифокори.