+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Мингтепа - водий гавҳари

Дунёда буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар бармоқ билан санарли. Қувонарлиси, Ўзбекистон ана шундай қутлуғ ва табаррук юрт сифатида доим эътироф этилади. Андижон вилоятида жойлашган Мингтепа археология ёдгорлиги эса она Ватанимиз тарихидан сўзловчи қадим маскан ва дунё тамаддуни бешикларидан биридир.

 

Довоннинг "самовий" отлари

Манбаларда ёзилишича, Мингтепа қадимий милоддан аввалги V-IV, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида зич яшовчи аҳолига эга бўлган Довон (Даван) давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Ушбу юрт тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. "Буюк ипак йўли"да жойлашган бу маҳобатли шаҳар   ҳунармандчилик, деҳқончилик ва "Самовий тулпорлари" билан дунёга машҳур бўлган.

Довон давлатига ташриф буюрган Хитой элчиси Чжан Цяннинг ўз императори  У-Дига ёзган ҳисоботларида Довоннинг қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ва ҳунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланганлиги, кучли қўшинга эга мамлакат эканлигини таърифлайди. Аҳолиси хушмуомала, меҳмондўст, кўнгли очиқ эканлиги, халқи қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда, момиқ (пахта) экиб, улардан юқори ҳосил олишини ёзади. Қолаверса, элчи Довоннинг тинч ва осойишта мамлакат экани, аҳолиси бой, турмуши фаровон, табиати гўзаллигига қойил қолади. Айниқса, у бақувват, баланд бўйли ва кучли Довон дулдул отларини кўриб, ҳайратга тушади.

 

Бундай иншоот водийнинг бирор антик давр ёдгорлигида учрамайди

Ўтган йиллар давомида Мингтепа шаҳар харобалари ўрнида кўплаб маҳаллий ва чет эллик археолог-олимлар қазишма ишларини олиб борган. Айниқса, 2012 йилдан буён тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти олимлари ҳамкорликда олиб борилаётган илмий изланишлар натижалар берди.

Топилмалар, уларни ўрганиш орқали Мингтепа тарихига оид янги-янги маълумотлар аниқланди. 2017 йилнинг 11 январида Хитойнинг "Синхуа" ахборот агентлиги томонидан хабар тарқатилди. Унда топилган манбаларга кўра, Мингтепа 2000 йилдан зиёд вақт аввал Фарғона водийсидаги энг йирик қаср-шаҳар бўлганлиги, ўз навбатида Мингтепа археология ёдгорлиги жаҳоннинг аксарият манбаларида таъкидланганидек, Довон давлати пойтахти эканлиги, унинг жойлашган ўрни ҳақида аниқ маълумотлар келтирилди. Бу билан Мингтепа ёдгорлиги халқаро миқёсда эътироф этилди, жаҳон тарихчи олимлари ва кенг жамоатчилик эътиборига тушди.

Қолаверса, топилган осори-атиқалар, қурилиш иншоотлари қолдиқлари, кулолчилик идишлари, ҳайвон суяклари ва тошдан ясалган ёрғучоқ, палахмонлар Мингтепанинг ҳақиқатан ҳам ўз вақтида ривожланган шаҳар бўлганини тасдиқлайди.

Биламизки, сопол идишларга тирнаб безак бериш водийда эрамиз бошларида юксак даражада ривожланган. Мингтепада ана шундай тасвирлар туширилган сопол парчалари топилган. Бирида жангчи ва қуш, иккинчисида эса от тасвири акс этган. Мазкур нафис тасвирлар аждодларимизнинг юксак дид ва маҳоратидан дарак беради. Энг муҳими, шаҳарнинг ички ва ташқи деворлари жуда мураккаб ва ҳар қандай ҳужумга дош берадиган даражада мустаҳкам қилиб қурилган. Аммо ташқи шаҳар ва унинг деворлари бугунгача сақланмаган. Ички шаҳар майдони ҳам деярли тўла бузилиб, экин экиш учун ўзлаштирилиб юборилган. Фақат ички мудофаа девори миноралари ва буржлари билан сақланиб қолган. Мудофаа деворининг шимол ва жануб томонларида 12 тадан 24 та, шарқ ва ғарб томонларида 20 тадан 40 та жами 64 та кузатув ва қўриқлов миноралари бўлган. Ҳозиргача 52 та мудофаа деворларидаги миноралар қолдиқлари етиб келган. 12 та минора уй-жойлар қурилиши ва хўжалик ишларини амалга ошириш натижасида бузиб юборилган. Мудофаа деворининг умумий узунлиги 2600 метр, ташқи девор бундан-да узун бўлган. Демак, Мингтепа икки қатор мудофаа иншооти билан ўраб олинган қалъа-шаҳар бўлган.

 

Хитой императори саройига олиб келинган узум кўчатлари

Ҳудудда олиб борилган қазишма ишларида узунлиги 30 метрча, эни 140-170 см. тошйўлак аниқланди. Худди шундай майда тош тўшалган йўл Мингтепа жанубида ҳам топилди. Шунингдек, қазишмаларда йирик ҳажмдаги кўплаб идиш парчалари, хумлар топилди. Археологларнинг фикрларига кўра, булар тери ишлаш (кўнчилик) ёки тўқимачилик каби ишлаб чиқариш соҳалари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки мутахассислар текширганларида хумлар остки қисми ер остига ковлаб бир тизимда ўрнатилган ва атрофи махсус лой - қир (турпоқ, кул ва оҳак аралашмаси) билан ўралган (гидроизоляция қилинган). Мазкур топилмалар эҳтимол Хитой манбалари тилга олган узум шарбати ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, Хитой манбаларида таъкидланишича,  Фарғона водийсида узум етиштириш ривожланган ва бадавлат оилалар бир неча минг дань (литр) узум шарбатини юқоридаги каби катта хумларда сақлаганлар. Ҳатто, манбаларда тилга олинишича, Хитой императорининг "Путаогун" (узум саройи) деган машҳур саройида юқори мартабали меҳмонларни қабул қилган. Айнан мазкур саройда Фарғона водийсидан келтирилган узум кўчатлари парвариш этилганлиги айтилади.

 

Мингтепа - туризмни ривожлантириш учун қулай маскан

Ҳозирги кунда мамлакатимизда жадал ривожланаётган туризм соҳаси учун тарихий масканлар муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ўзининг қадимийлиги, бетакрорлиги, тарихий аҳамияти билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб, жаҳон туризмининг қайноқ нуқтасига айланди. Шунингдек, Марҳамат туманининг бетакрор табиати, табиий ландшафти, шифобахш ҳаво оқими, айниқса, бой тарихий меросидан фойдаланиб, ҳудудда туризмнинг агро, эко, зиёрат йўналишларини ташкил этиш мумкин.

Андижонда туризм соҳасини ривожлантириш учун, аввало, Мингтепадаги тарихий масканлар, зиёратгоҳлар ва ёдгорликларни сақлаш, ободонлаштириш,  бой маданий меросини тиклаш ва бу эзгу ишларда кенг жамоатчилик, фуқароларнинг фаоллигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан   Мингтепа ёдгорлиги ва тумандаги мавжуд тарихий зиёратгоҳларнинг ўрни, роли ва тарихий аҳамиятини кенг оммага тушунтириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  Бу саъй-ҳаракатлар ёш авлодни юртга садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказишга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ортиқали ҲУСАНОВ,

"Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди раҳбари.