+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

31 Окт 2019

"БУВИЖОНИМ КИЙГАН ЛИБОСЛАР"

Қизлар фестивали

Олтинкўл туманида "Бувижоним кийган либослар" шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

"Жуда ҳам очилиб кетибсан, кўз тегмасин, болагинам" деди олтинкўллик меҳнат фахрийси Атирахон Маҳкамова эгнига атлас кўйлак, бошига оқпар дўппи кийган набирасига қараб.

Набирасининг эгнидаги ўзбекона либосларга ҳавас билан боқиб, беихтиёр ёшлигини эслади. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари, ўшанда тўққизинчи синфда ўқир эди. Хайит байрами куни раҳматли бувиси сандиқдан оқпар дўппи олиб, бошига кийдириб қўйди. Мунчоқлар қадалган дўппи унга жуда ёққан, ярашган эди. Шу куни дўпписини кийиб мактабга борганида рус тили ўқитувчиси "дўппи кийиш қолоқлик", дея уни     койиб берганди. Яхшики, бундай кунлар ортда қолди, бугун дўппию миллий либосларимиз қадр топмоқда.

Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан халқ таълими бўлими, "Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлинмаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчи қизлари, уюшмаган ёшлар вакиллари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари иштирокидаги "Бувижоним кийган либослар" фестивали миллий либосларимиз умрбоқий эканлигини яна бир бор амалда кўрсатди.  

- Қизлар ўртасида миллий либосларни кенг тарғиб этиш, ёшларимизнинг миллий либосларга ҳурматини ошириш, қолаверса, кийиниш маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зилола Тоштемирова. - Нафақат кенг жамоатчилик, балки ёшларимизнинг ўзларига маъқул ва манзур бўлган фестиваль    шубҳасиз, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида умумтаълим мактаблари, коллежларнинг "Қизларжон" клублари аъзолари томонидан ўз ғоялари ва қарашлари асосида тайёрланган миллий ва замонавий либослар намойиш этилди, модалар тақдимотлари ўтказилди. Буви ва момоларимиз кийган либослар, ўзбек аёлларининг кийиниш борасидаги урф-одат ва ўзига хос анъаналари кенг тарғиб этилди.

Либосларда замонавийлик ва миллийликнинг, либосларга қадалган тақинчоқ ва аксессуарларнинг матолар рангига уйғунлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги, гўзал қизларимизга янада кўрк бағишлаганлиги иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Тақдимотларда тумандаги 1-умумтаълим мактабининг "Қизларжон" клуби аъзолари намойиш этган коллекция энг яхши деб топилди.

Туман "Баркамол авлод" маркази, шунингдек, таълим муассасаларида ташкил этилган каштачилик, дизайнерлик, чеварлик, дўппидўзлик, тўқувчилик тўгараклари аъзоларининг либослари, қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмалари ўқувчи қизларнинг нақадар иқтидорли эканликларини кўрсатди.

Маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларидан тузилган "Жалабек гулойимлари", "Кўмакай ойимлари", "Сувюлдуз санамлари", "Маслаҳат гулшани", "Оқтепалик ойимлар", "Қўштепалик санамлар", "Оразий бегойимлари" каби жамоалар қизлари ижро этган  ёр-ёр, лапар ва қўшиқлар ёшлар ўртасида миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Шунингдек, фестиваль доирасида ўқувчи ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида фаол ва иқтидорли қизлардан тузилган жамоалар ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви ўтказилди.

Беллашувда барча саволларга тўла жавоб бериб, энг юқори балл жамғарган 1- ва 22-умумтаълим мактаблари ўқувчи қизларининг "Зебо санамлар" жамоаси ғолиб бўлди.

- Ушбу фестивалда иштирок этиб, момо ва бувиларимиз кийган миллий либослар нақадар жозибали ва гўзал эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик, - дейди тумандаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси Иродахон Комилова. - Қолаверса, мана шундай миллий либосларимиз борлигидан қалбимиз фахрга тўлади.  Миллий либосларимизни қадрлашга, уларни кийиб умрбоқийлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Якунда февтиваль доирасидаги танловлар ғолиб ва совриндорлари, фаол иштирокчилар диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Машҳурахон КАРИМОВА,

 

Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси.