+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

31 Окт 2019

Қурувчи аёл эканлигимдан фахрланаман

Ибратли  аёлларимиз

 

Ушбу саҳифада вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишларида намуна кўрсатаётган  Андижон туманидаги  "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти ҳамда жамият раҳбари Давлатхон Қодирова  фаолияти ҳақида сўз юритилади.

Андижон туманидаги "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти 2006 йилда ташкил этилган. Жамият қурилиш соҳасига ихтисослашган вилоятдаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида жамият қурувчилари томонидан умумтаълим, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосида уйлар ҳамда бошқа кўплаб объектлар барпо этилди.

Энг асосийси, ана шу   объектлар ўзига хос қиёфаси, сифати, пишиқ-пухта барпо этилганлиги билан барчага бирдек манзур бўлмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу корхонада кўп йиллардан буён ўз ишининг малакали мутахассислари, соҳанинг фидойилари аҳиллик билан меҳнат қилиб келмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида жамият қурувчилари томонида учта объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, жуда қисқа муддат ичида Хўжаобод тумани Хидирша массивида янги ташкил этилган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласида 160 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди. Андижон давлат тиббиёт институтининг ўқув корпуси капитал таъмирланиб, қўшимча бино қурилмоқда. Бундан ташқари, Олтинкўл тумани марказидаги 4 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Андижон шаҳри, Абдурауф Фитрат кўчасида Андижон давлат тиббиёт институтининг лаборатория машғулотлари олиб бориладиган, узоқ йиллар таъмирланмаганлиги учун анча хароб аҳволга тушиб қолган ўқув биноси жойлашган. Инвестиция дастури доирасида мазкур бинони капитал таъмирлаш, унинг ёнида тўрт қаватли янги ўқув корпуси биносини қуриш айнан "Азимут строй" МЧЖ қурувчилари зиммасига тушган эди.

Қурилиш майдонида бўлганимизда қурувчилар азму шижоат билан меҳнат қилаётганларига гувоҳ бўлдик.  Иш қизғин. Бир гуруҳ қурувчилар бино томини ёпиш ҳаракатида, яна бир гуруҳи    ташқи фасадга ишлов бермоқда, ичкари хоналарда эса пардозлаш ишлари авжида.

- Умумий лойиҳа қиймати 16,6 миллиард сўм бўлган мазкур объектда ишлар ўз муддатида, сифатли якунига етказилади, - дейди "Азимут строй" МЧЖ ижрочи директори Давлатхон Қодирова. - Катта масъулият билан сидқидилдан меҳнат қилган ишчи-хизматчиларимиз белгиланган ишларни бекаму кўст адо этди. Шу кунларда  ўқув корпуси фойдаланишга топширилди.

Дарҳақиқат, 50 нафар доимий ишловчи ишчи-хизматчи, 250 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жамият раҳбари эса аёл киши бўлишига қарамасдан ҳамиша ишчилар орасида. Иш жараёнида ишчилар билан гаплашади, уларнинг кўнглини кўтаради. Раҳбарнинг ана шу эътибори, самимияти барчани бирдек самарали ишлашга ундайди.

Муҳандис Ойбек Аҳмедов, иш юритувчи Иброҳим Жўрабоев, бригада бошлиғи Абдураҳим Ураимов ишларни сифатли бажарилишини, барча жараёнлар белгиланган стандарт ва талаблар асосида амалга оширилишини назорат қилиб борди. 

Кран ҳайдовчиси Акрамжон Сиддиқов, ишчилардан Шерзод Хошимов, Маҳмуджон Ботиров, Зоҳиджон Шербоевлар бошқаларга намуна бўлмоқда. 

Ишнинг кўзини биладиган, ўз касбининг фидойиси бўлган Давлатхон Қодирова раҳбарлигидаги жамият қурувчилари жорий йилнинг бошида Хўжаобод тумани Хидирша массивида 160 ўринли мактабгача таълим муассасасини атиги 50 кун ичида нолдан барпо этганликлари алоҳида эътирофга сазовор. Икки қаватли, замонавий кўринишга эга мазкур боғча янги ташкил этилган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласи кўркига кўрк қўшди. Қолаверса, жамият қурувчилари томонидан Асака, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Пахтаобод туманларида қад ростлаган намунали лойиҳалар асосидаги уйлар қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада юксалишига замин бўлди.

Жамиятда ишларни самарали ташкил этиш, ишчиларга қулай шароитлар яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жамиятда бир нечта кран, юк машиналари, экскаватор, бетон қорийдиган, умуман, қурилишда ишлатиладиган турли механизм ва техникалар мавжуд бўлиб ишларни сифатли ва қисқа муддатларда бажарилиши таъминланмоқда. Бундан ташқари, ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, иш жараёнида техника, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинади. Иссиқ овқат, дам олиш хоналарининг ташкил этилганлиги, энг асосийси, ишчи-хизматчиларга ўз вақтида иш ҳақлари бериб борилиши, турли байрамлардаги рағбат эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.

Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, жамият раҳбарининг ташаббускорлиги, саъй- ҳаракати билан корхонанинг ўзида шлакоблок, брусчатка, акфа эшик-ромлар тайёрланаётганлиги барпо этилаётган янги иншоотлар таннархини арзонлаштиришга хизмат қилмоқда.

Халқимизда "Қаловини топса, қор ҳам ёнади" деган гап бор. Аёл бўлса-да айнан унинг саъй-ҳаракати, ташаббуси билан ўтган йили жамият қошида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилди, хорижда ишлаб чиқарилган, замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилиб, ишга туширилди, 65 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган сифатли, бежирим маҳсулотлар қисқа вақт ичида нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топди. Ҳозирда маҳсулотлар Қозоғистон Республикасига экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, қолипли нон, мебель ишлаб чиқарувчи цехларнинг ташкил этилганлиги ҳам   юртимизда ишбилармонларга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг самарасидир.

Айни пайтда жамиятда тайёрланаётган қолипли нон, стол, стул, шкаф, китоб жавони сингари мебеллар мактабгача ва умумтаълим муассасаларига, савдо шохобчаларига етказиб берилмоқда.

 - Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш имконини бермоқда, - дейди жамият раҳбари Д. Қодирова. - Бунинг учун муҳтарам Президентимиздан, у кишининг олиб бораётган сиёсатидан беҳад мамнунмиз. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ қурилиш, ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли иш олиб боряпмиз. Бу билан юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишига муносиб ҳисса қўшяпмиз, қолаверса, тадбиркорлик ортидан ўзимиз, яқинларимиз, ишчи-хизматчиларимиз моддий манфаат кўрмоқда.

Аёл киши бўла туриб, қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Чунки болалигимдан уйлар қуришга, турли кўринишдаги биноларни эскизларини чизишга қизиқардим. Ота-онам мени шифокор бўлишимни исташган, лекин қизиқишим устун чиқиб, қурувчи бўлдим. Қарийб 25 йилдан буён мана шу соҳада фаолият юритаман.  Раҳматли дадам Эргашбой Жумабоев "Қилган ишингдан ўзинг ҳам наф кўр, одамларга ҳам фойдаси тегсин, яқинларинг, маҳалла, юртингга муҳаббатли бўл!" дер эдилар. Дадамнинг ана шу ўгитини ҳаётда ўзимга шиор қилиб олганман. Қилаётган ҳар бир ишда ана шу шиорга амал қиламан.

Курувчилик касбини танлаб асло кам бўлмадим. Касбимдан ҳамиша фахрланаман. Турмуш ўртоғим Рамур ака Иноқов ҳам қурувчи эдилар. Улардан жуда кўп нарсаларни ўрганганман, ҳаётимнинг энг гўзал дамларини у инсон билан ўтказганман. Афсус, умрлари қисқа экан бир неча йил аввал қазо қилганлар. Улар билан бирга олти нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик, эл қаторига қўшдик. Ўғилларим Сардорбек, Мақсудбек, Мансурбеклар ҳаётда ўз йўлини топишган, қизларим  Мухлиса - фармацевт, Дилафрўз Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабаси,  Тахмина хали мактаб ўқувчиси.

Саксон беш ёшли дуогўй онам Санобархон ая ёнимда, оилам тинч. Менимча, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Ҳа, ҳаётидан бахт топган, ўз ишининг фидойиси бўлган аёл раҳбарлик қилаётгани учун ҳам "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти ана шундай юқори натижаларга эришаётган бўлса ажаб эмас.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ