+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Номинг куйга солгим келади, Ватан!

Бугун қаламимни тебратиб аста,

Сен ҳақингда ёзгим келади, Ватан.

Сенга айтилажак сўзларим даста,

Номинг куйга солгим келади, Ватан.

 

Бағрингда унади ёш ўғил-қизлар,

Бир-биридан доно ул ширин сўзлар.

Ўқиб, изланар, олий мақсадни кўзлар,

Улар халқ ишончин оқлагай Ватан.

 

Ҳар бир қарич еринг азиз, мўътабар,

Бўлса ҳамки чиққан тиконлар агар.

Бу олтин заминда улар ҳам гуллар,

Шу гуллар очилган чаманим, Ватан.

 

Осмон ҳам мусаффо, тинчлик ҳукмрон,

Бағрикенг қалблар тинч, хотиржам ҳар он.

Ёвнинг ҳужумига жон қилгай қалқон,

Минглаб Алпомишлар қўрғони, Ватан.

 

Ҳилола МАМАЖОНОВА, Қўрғонтепа тумани.

ЁШЛАР САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ҚАТНАШАДИ

Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида "Ёш сайловчи - 2019" ёшлар форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан сайловларда илк бор қатнашаётган ёшларнинг сайловлар жараёнидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда сайлов қонунчилиги борасидаги билим ва тушунчаларини    бойитиш мақсадида ташкил этилган мазкур Форумда Ўзбекистон Республикаси марказий ва вилоят сайлов комиссиялари аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, вилоят адлия бошқармаси, сиёсий партиялар вакиллари, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Форумда мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси, фуқароларнинг сайловлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мавзуларидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

- Партиямиз бўлажак сайловларда ҳам маҳаллий, ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларни олишга ҳаракат қилмоқда, - дейди Ўзбекистон Экологик Партияси вилоят кенгаши раиси Наврўзбек Юсупов. - Форумда ёшларимиз партиямизнинг сайловолди  дастури, партиянинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан қабул қилишди. Ишонаманки, кўплаб ёшлар бўлажак сайловларда партиямиз томонидан қўйилган номзодлар учун овоз беради.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган форум давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

-      Мен сайловларда илк бор иштирок этаман, - дейди Андижон давлат университети талабаси Дилҳавас Қодирова. - Сайлов ҳуқуқидан фойдаланиш имконига эга бўлаётганимдан қувонаман. Бугунги форумда қатнашиб, нафақат мен, балки мен каби кўплаб ёшлар сайлов, сиёсий партиялар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида кенг маълумотлар олдик. Бўлажак сайловларда ўзимиз лозим, деб топган энг муносиб номзодларга овоз берамиз.

 

 

Сожида САИДОВА

КЕЙИНГИ ПУШАЙМОН - ЎЗИНГГА ДУШМАН

"101" огоҳлантиради

Вилоят Фавқулодда вазиятлар   бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан вилоят ҳудудидаги корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли яшаш уйларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, кенг қамровли профилактик тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, айрим масъулиятсиз ҳамюртларимизнинг лоқайдликка йўл қўйиб келаётганлари сабабли ёнғин ва турли кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши, фуқароларимизнинг мол-мулклари, аксар ҳолларда эса соғликларига, бундан ташқари, давлат бюджетига катта зарар етаётганлиги кузатилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоят ҳудудида жорий йил 10 ойи мобайнида жами 586 та ёнғин ҳодисаси содир бўлган, натижада 313 миллион 241 минг сўм миқдорида моддий зарар кўрилган.

Азиз ҳамюртлар! Ёнғиндан зарар кўрмаслик учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Шуни доимо ёдда тутингки, "кейинги пушаймон - ўзингга душман". Шундай экан, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, уйимиз ва иш жойимизда доимо ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилайлик.

Эргашали АҲМЕДОВ,

Вилоят ФВБ ЁХБ

"Андижон Биокимё заводи" АЖ

 

ЁМҚ ЁХБ инспектори, сержант.

Янги поликлиника аҳолига катта қулайлик яратади

Қўрғонтепа туманидаги "Тадбиркор" маҳалласи ҳудудида 59-оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.

Тиббиёт ходимларининг касб байрами оилавий поликлиника жамоаси ҳамда маҳалла аҳли учун унутилмас воқеа бўлди. Оилавий поликлиника очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида тиббий хизмат сифати ва савияси юксалганлиги таъкидланди.

Кунига 150 қатновга мўлжалланган поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 1 миллиард 760 миллион сўм маблағ сарфланди. Эндиликда вилоятнинг чекка ҳудудларидан ҳисобланган туманимиздаги Тадбиркор, Бирлашган, Нафосат, Чорвадор, Обод, Янги Бўстон, Навбаҳор маҳаллаларининг 21 минг нафардан ортиқ аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Турли хасталикларини эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида аҳолига катта қулайлик яратилди.

Замонавий қиёфага эга, дид билан жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналари мавжуд, кунига 150 қатновга мўлжалланган мазкур поликлиникада шифокорлар ва ташриф буюрувчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

 

  Дилшодахон ЯНГИБОЕВА,

Кўрғонтепа туманидаги

 

«Тадбиркор» МФЙ мутахассиси.

Избоскан туманида иккита янги боғча фойдаланишга топширилди

Янги иншоотлар

 

Избоскан туманининг Наврўзобод ҳамда Мирзо Улуғбек маҳаллаларидаги мактабгача таълим ташкилотлари капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Айни кунда Избоскан туманида фаолият кўрсатаётган 47 та давлат, 7 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 18 та уй-боғчада 10 минг нафардан зиёд болажонлар тарбияланмоқда. Умуман, туманда боғча ёшидаги 50 фоиз бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.

 Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017 - 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги-янги муассасаларни ташкил этиш ва болалар қамровини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим    дастуриламал бўлмоқда.

 Мазкур қарор ижроси доирасида Наврўзобод маҳалласидаги 125 ўринли 50- ҳамда Мирзо Улуғбек маҳалласидаги 125 ўринли 5-мактабгача таълим ташкилотлари инвестиция дастури асосида капитал таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди.

Ҳар икки боғчанинг қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишларига қарийб 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ  сарфланди. Натижада ўзига хос кўринишга эга боғчаларда таълим-тарбия жараёнига илғор дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан билимдон ва баркамол этиб тарбиялаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.

 

Раънохон ҚАМБАРОВА,

 

Избоскан тумани мактабгача таълим бўлими мудир ўринбосари.

САЙЛОВ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Участка сайлов комиссиясини тузиш

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида участка сайлов комиссияси раисининг вазифаларини ушбу ваколатхоналарнинг раҳбари амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси

Сайлов Кодексининг 23-моддаси.

 

Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари

Участка сайлов комиссияси:

участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади;

аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади;

бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари ва сайлов қутилари,  шунингдек, бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади;

овозларни санаб чиқади;

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни  бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси

 

Сайлов Кодексининг 24-моддаси.

 

Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар

Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас.

Комиссия аъзоси шахсий аризасига кўра, шунингдек, ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда, ўз вазифаларини бажаришдан озод этилиши мумкин.

Комиссия аъзоси ушбу Кодекс талабларини бузган ёки зиммасидаги мажбуриятларига мунтазам равишда эътиборсизлик қилган тақдирда, уни ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлади.

Зарур бўлган тақдирда, ушбу Кодексда белгиланган тартибда сайлов комиссиясининг янги аъзоси сайланади.

Ўзбекистон Республикаси

 

Сайлов Кодексининг 25-моддаси.

БЕВАНИНГ ҚАРFИШИ

Турмуш чорраҳаларида

Нодиранинг турмуш ўртоғи  оғир хасталикдан вафот этди. Турмуш ўртоғининг  вафотидан сўнг, жувон  икки нафар фарзанди билан  тўрт сотихлик ҳовлида ёлғиз, ҳувиллаб қолди. Рўзғор ташвишлари унинг зиммасига тушганди.

Рўзғор ўз оти билан "ғор", ғорни эса тўлдириб бўлмайди.

"Бирон жойга кириб, ишлашим керак", - ўйлади Нодира. 

Кўнгилдагидек иш тополмагач, ўзларига яқин жойдаги бозорчага чиқиб, савдо қилмоқчи бўлди. Акаси қаршилик билдириб, "бизникига юр, сени ўзим боқаман", деганди, Нодира рози бўлмади.

Хуллас, жувон бозорчада ул-бул сота бошлади. Мева-чева, сабзавотлар кунда кетадиган харидоргир маҳсулот, шу сабаб Нодиранинг қўли анча-мунча пул кўра бошлади. Фарзандлари ҳам бозорча яқин бўлганлиги учун онасининг ёнига келиб-кетиб туришарди.

Баъзан, бу ерда тўс-тўполон бўлиб кетарди. Уришқоқ, бозорда кўзи пишган, тирикчилик ташвиши, рўзғорнинг ғамида эркакшодага айланиб бўлган аёллар гоҳ жой, гоҳ харидор талашиб, сал нарсага шанғиллаб кетардилар. Ҳақиқий ҳаётни энди кўраётганди Нодира. Эркакларнинг ҳам яхши-ёмонлари бор эди. Айниқса, ёши олтмишлардан ўтган, ўлгудай майдагап, инжиқ Холдорбойни кўпчилик хуш кўрмасди. У Нодиранинг ёнидаги растада савдо қилар эди.

Холдорбой тоға жуда зиқна, уришқоқ, бунинг устига судхўр одам эди. Одамларга фоизга пул бериб, даромад қиларди, бозорга мева-чева олиб келиб, тарозидан уриб сотар эди. Бунинг устига кунда "ичиб олиб" атрофдаги шерикларига кун бермасди.

Бир куни эрта тонгдан маст аҳволда бозорга келган Холдорбой тоға кечга қадар    мижғовланиб, у ёқдан-бу ёққа юрди, эзмаланиб, барчанинг энсасини қотирди. У ҳеч ким эътибор бермаётганидан жаҳлланиб, "ҳунар" чиқара бошлади:

- Ҳой одамлар, пул йўқолди, пул!

Атрофдагилар бирин-кетин йиғила бошлади. Қанақа пул?, кимники?, Қанча эди?, дея савол бера бошлашди.

Холдорвой тоға қизариб кетган афтини буриштириб, деди:

-  Мен мана бу томонга, стол устига юз минг сўм пул қўйгандим,  деб, Нодира томонга ишора қилди.

Нодира қўрқиб кетди. У кўкатфурушлардан Холдорбой тоғанинг шунақа одати ҳам борлиги ҳақида эшитганди.

Сотувчилар Холдорбой тоғани феълини билсалар-да кўнгил учун суриштира бошладилар. У эса безрайиб:

- Мен биламан ким олганини, - деди Нодирага ишора қилиб, - сиз олгансиз, тўғрими, ҳар куни рўзғорга қийналаяпман деб, нолиганингиз-нолиган, кеча ҳам ўғлимнинг оёғига туфли олишим керак, деб юргандингиз. Яхшиликча қайтариб беринг, бўлмаса шармандангизни чиқараман! - деб қолди.  

Нодира титраган қўллари билан уч ёшли ўғли Умиджоннинг бошини силаркан, кўзларида ёш билан деди:

- Тўғри, пулга муҳтожман, топган пулларимни рўзғорга аранг етказаяпман, лекин пулингизни мен олганим йўқ, худо ҳаққи, қорним оч қолган тақдирда ҳам, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман, намоз ўқийман мен, Аллоҳдан қўрқаман, туҳмат қилманг, ака!

Одамлар ҳам Нодиранинг гапини маъқуллаб, унинг бундай аёл эмаслиги, болаларини бир ўзи  тарбия қилса-да, ҳалоллик, тўғрилик билан боқаётгани, ожиза аёлга туҳмат қилиш гуноҳлигини айтсаларда, Холдорвой гапида маҳкам туриб олди.

"Сен одамларнинг кўзига бечора бўлиб кўриниб, уларни ҳам алдаяпсан, барибир пулларимни сен олгансан, ҳа, эркакларга кўз сузсам, ёнимни оладида, дегансан", дея бақириб, Нодиранинг дилини оғритди.

Бева аёл йиғлаганча боласининг қўлидан тутиб, бозорчадан чиқиб кетди. Унинг орқасидан кимдир ачиниш билан, кимдир нафрат билан қарар экан, Холдорбой ғолиб жангчидай илжаяр, "ўғри, шаллақи" деб ғудранарди.

Ёмон гап қанотли бўлади, дейдилар. Арзимаган гап-сўз бир зумда бозордаги расталар аро тарқалди. Нодира бир пасда ўғрига чиқди.

Аслида Холдорбойнинг ҳеч қандай пули йўқолмаган, Нодиранинг бозори чаққон бўлиб бораётгани унга ёқмаган эди.

Шу-шу Нодира бозорчада бошқа кўринмади. Поликлиникада ишлайдиган тоғаси уни ўз соҳаси бўйича, шошилинч ёрдам касалхонасига ишга жойлаб қўйган эмиш.

Кунларнинг бирида,  касалхонага оғир беморни олиб келишди, унинг боши ёрилган, бир қўли ҳам синган эди. Суриштирув ишларини олиб борган терговчининг гапларига қараганда, беморни бир тўда безорилар дўппослаган ва пулларини олиб жуфтакни ростлаган.  Бу иш тунда, бозорда содир бўлган, шунинг учун безориларнинг на юзини, на изини ҳеч ким кўрмаган, одамлардан сўрашганда эса: "зўр иш бўлибди, насибасига ярашасини олибди бу судхўр, яхшироқ дўппослаш керак эди", дейишибди. Ўша куни бемор маст аҳволда бўлган экан.

Нодиранинг бу гаплардан хабари йўқ, беморга ёрдам кўрсатиш учун палатага кирди. Каравотда эса кўзлари кўкарган, бир қўли синган, бутун афти қонга беланган Холдорвой тоға ётарди.

 Оқибатхон

МАДАМИНЖОН қизи,

 

Булоқбоши тумани.

АЁЛ - САДОҚАТ ТИМСОЛИ

Ҳаёт - ибрат мактаби

Аёллар азал-азалдан меҳр ва муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли сифатида ардоқланиб келинган. Улар ҳар қадамда оиласига, турмуш ўртоғига, фарзандларига чуқур меҳрибонлик намуналарини кўрсатиб келганлар. Ўз навбатида бу борада қизларига ҳам ибрат бўла олганлар.

Комилжон хизмат тақозоси билан узоқ сафарга кетди. Аёли Гулҳаё қайнонаси билан бирга қолишни, уларни парваришлашни истади. Ахир қайнонаси ёлғиз бўлса, уларни кимга ташлаб кетади? Комилжон хотинининг бу фикридан жуда қувонди. Онасига умр йўлдоши шерик бўлса, унинг ҳам кўнгли хотиржам бўлади-да.

Комилжон кетганидан сўнг анча вақт ўтгач, Гулҳаё эрининг истаги билан уйларни таъмирлатишни бошлади. Усталар ишни бошлади. Бу орада Гулҳаё бетобланиб қолди. Аммо шунга қарамай, уй ва рўзғор юмушларини уддалашга ҳаракат қилаётган онасини кўрган қизи Нигора бари ишни ўзи қилишга, онасига ёрдамлашишга уринарди. "Бунча ўзингизни қийнамасангиз, ойижон?" деган сўроқларига онасидан "Даданг келиб хурсанд бўлсин, дейман-да, қизим", деган жавобни оларди ҳар сафар.

Усталар ишни якунлаб кетишганларидан кейин ҳовлида роса юмуш кўпайди. Онасининг ҳовлидаги эски бир каравотни ҳам уйга олиб кириб қўйганини кўрган Нигора бунинг сабабини тушунмади. "Ахир янги таъмирланган уйнинг чиройини бу эски бую бузиши мумкин. Нега ойим бу ҳақда ўйламадилар?" хаёлидан ўтказди Нигора. Онасига бу иддаосини айтганди, Гулҳаё ўйланганча жавоб берди:

- Қизим, бу дадангнинг ёшлигидаги каравоти. Уни жуда эҳтиётларди. Меҳри тушиб қолганми, ҳартугул, бу буюмни сира уйдан чиқариб ташламаган. Шунинг учун ҳам биз улар авайлаган буюмни уйдан чиқариб ташлолмаймиз.

Нигора онасидаги дадасига бўлган юксак ҳурматни, ўзи олисда бўлса-да, доимо ёнидагидек эъзозда бўлишини яна бир бор ҳис қилди. У онасидан умр йўлдошга бўлган эътибор, эҳтиром ҳар дақиқада юксак бўлишини ўрганди. У ҳам вақтлар келиб, оилали бўлганда, онаси каби оқила, садоқатли рафиқа бўлишни дилига тугиб қўйди.

 Наргиза

МУҲАММАДСОДИҚОВА,

 

Марҳамат тумани.  

МЕҲРИМНИ БЕРАЙ, ОНАЖОН

ТАЗАРРУ

Зулмат қоплаган хувиллаган аллақандай жойда йигирмадан ортиқ эшик бор эди. Бундай қоронғи жойларда ёлғиз юргани Икромнинг юраги дош бермади. У жон-жаҳди билан йиғлаганича дадасини чақирарди. Шу вақт эшикларнинг ичкари томонидан нур тарала бошлади. Унинг қўрқуви босилиб, қалб чироғи ёна бошлагач, охиста биринчи эшикни очди:

Бир аёл бешикдаги боласига термулганича алла айтарди. Йўқ! Бу оддий алла эмас, балки онанинг қалбидан отилиб чиқаётган, оналик муҳаббати эди.

Икром иккинчисини очди:

Яна ўша аёл... тандирдан иссиқ нонларини узди-да улғайган, билим дагоҳига шошилаётган ўғлининг сумкасига кичик кулча солди ва пешонасидан ўпиб қўйди.

Ҳаёллар оламига сайр қилаётган Икром ўзини қўлга олди ва учинчи эшикни очди:

Ҳуши ўзида йўқ бир киши камари билан ўн бир - ўн икки ёшли болани калтаклаётганида яна ўша муштипар аёл бола устига ўзини отди. Оқибатда калтаклар зарби унга ўтди. Икромнинг кўзларида ёш қалқди. Кўз ёшлари аранг тўхтаб, кейинги эшикни охиста очди:

Икром ғазаб билан бир нималар дер, бечора аёл эса тинмай йиғларди. У ортига қарамай қайгадир кетди. Мунис онанинг илтижолари ҳам уни қайтаролмади. Эшикни ёпган Икром фарёд урди:

- Онажон! Онажоним, меҳрибоним! Мени кечиринг ундай бўлишини хоҳламагандим. Мен учун жонингизни жабборга бериб ишладингиз, кеча-ю кундуз тиним билмадингиз. Мен сиз учун нима қилдим? Ахир, сизга лойиқ фарзанд бўлолмадимку! Наҳотки шунчалар нодон бўлган бўлсам? Онажон, кечиринг, илтимос!

Шу вақт қоронғулик орасидан у томон оппоқ кийимда бир киши кела бошлади. "Отажон, отажон", деб талпинди Икром. У киши эса Икромнинг бошини меҳр билан силаганча деди:

- Хафа бўлма, ўғлим. Ортинга қайт. Онангни ёнида бўл, у сени кутмоқда. Асло ранжитма фариштангни, ўғлим. Мен беролмаган    бахтни сен бер, ҳаётини шодликка тўлдир...

У киши ғойиб бўлганида ҳаддан ташқари кўп ароқ ичган Икром хаёлини жамлади, отаси вафот этганлигини ўйлади...

Ётган жойи қоронғу, ён атрофида ўт-ўланлар, уст-боши лой, ҳўл. Бошини чангаллаган Икром кўзларини чирт юмди "Бу туш экан", деди-ю ўрнидан турди. Ҳаёлидан, ўтган воқеалар унга қаттиқ таъсир қилганди, беихтиёр пичирлади: "Онажон, энди сизни ранжитмайман, ўйлаганингиздек фарзанд бўламан, фақат менга яна бир имкон берсангиз бўлди. Энди сиз учун бор меҳримни бераман, онажон", дея кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

 

Сабоҳат МАХСУДОВА,

 

Олтинкўл тумани.

Гельминтлардан сақланайлик

Шифокор минбари

Акс ҳолда у жуда кўп касалликлар келиб чиқишига йўл очиб беради

Гельминтларнинг 200 дан ортиқ турлари бўлиб,  инсоннинг энг ашаддий душмани ҳисобланади.

Гельминтларнинг аксарият турлари одамнинг ошқозон-ичак йўлида бўлади.   Паразитлик қилувчи гельминтларнинг узунлиги турига қараб 6 мм.дан 4-6 метр, ҳатто ундан ҳам узун бўлиши мумкин.  Гельминтларнинг баъзи  турлари эса,  одамнинг  жигари, ўт қопи, ўпка, мия ёки мушак тўқималарида яшайди, улар йиллар давомида катталашиб, аъзо ва тўқималарнинг фаолиятини бузилишига олиб келади.

Гельминтлар организм учун зарур бўлган витамин, оқсил, кальций, углевод ҳамда йод каби бошқа керакли элементларни ўзлаштиради. Шунинг учун гельминтоз касалликларига чалинган одам қувватсиз, рангсиз бўлиб қолади.   Организмни ўсиши ва ривожланиши учун зарур озиқ моддалар, элементларнинг етишмаслиги оқибатида, айниқса, болалар жисмоний ўсишдан орқада қоладилар. Ақлий ривожланиши сусаяди. Интеллектуал ўзлаштириш, эслаб қолиши қийинлашади. Организмнинг касалликларга қарши курашувчанлиги (иммунитети) пасайиб, турли юқумли касалликларга чалиниш мойиллиги ортади. Суяклар мўртлашиб, умуртқа поғонаси қийшайиши, шунингдек, терида оқ доғлар пайдо бўлиши каби ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Гельминтлар турига қараб инсон организмида бир неча ҳафтадан 40 йилгача, баъзида эса ундан ҳам узоқ яшаши мумкин. Агар бола;

- овқатланишидан қатъий назар, озиб кетса;

- ранглари оқариб, нимжон бўлиб қолса;

- асабийлашадиган бўлиб қолса, инжиқланса;

- ухлаганда  тишларини ғижирлатса ва оғзидан кўп сўлак оқса;

- қорни оғриса, кўнгли айниса, зудлик билан  врачга мурожаат этиш зарур.

Касалликдан соғайиш учун, албатта кайси гельминтоз касаллигини юқтирганлигини аниқлаш ҳамда даволанишни тўғри ташкил этиш жуда муҳимдир.

Гельминтоз касаллиги      соғлом одамга гельминтоз касаллигига чалинган беморлардан хам юқиши мумкин.  Гельминтларнинг аксарият қисми ошқозон-ичак йўли орқали, "ифлос қўл" билан овқатланганда, қайнатилмаган сувни ичганда, мева ва сабзавотларни ювмай истеъмол қилиш оқибатида юқади. Касалликни юқтиришда пашшалар ҳам катта роль ўйнайди. Баъзи гельминтоз касалликлари эса, касалликка чалинган чорва молларининг гўшт ёки  жигарини истеъмол қилиш оқибатида  ўтиши мумкин. Ит ёки мушук каби уй ҳайвонлар касалликни тарқатувчи манба бўлиб ҳисобланади.

 Одамларда, айниқса мактаб ёшигача бўлган болалар ўртасида энг кўп учрайдиган  гельминтоз хасталикларидан  бири - энтеробиоз  касаллигидир. Касалликни узунлиги 1 см. бўлган майда оқ гельминтлар - острицалар қўзғатади. Бу гельминтлар ингичка ичакнинг йўғон ичак билан бириккан жойида яшайди. Ҳар бир урғочи острица 12000 дан -17000 донагача тухум қўйиши мумкин. Тухум қўйилган соҳалар қаттиқ қичишиб, болани безовта қилади. Бола орқа пешоб ва унинг атрофини қўллари билан қашиши натижасида  тирноқлари тагига кўп миқдорда острица тухумлари йиғилади. Бола қўлини оғзига солганда, бармоқларини сўрганда, тирноқларини тишлаганда касалликни ўзларига такрорий юқтирадилар.

Кўпчилик ҳолларда юқиш жараёни узлуксиз бўлгани учун касаллик сурункали кечади. Шу билан бирга бола касалликни ўз оила аъзоларига, ўртоқларига юқтиради. Тухумлардан 4-6 соатдан кейин личинкалар чиқади. Личинкалар ичакда етук острицаларга айланади. Агар бола энтеробиоз касалига чалинган бўлса, уларни ички кийимлари, чойшабларини қайнатинг, сўнгра ювиб, дазмолланг. Эрталаб ва ётишдан олдин орқа пешоб соҳасини  илиқ сувда совунлаб ювинг, шундан кейин ички кийим ва чойшабларни алмаштиринг.    

   Гельминтоз касалликларига чалинмаслик учун:

* Мева ва сабзавотларни яхшилаб ювиб истеъмол қилинг.

* Фақат қайнатилган сувни истеъмол қилишга одатланинг.

* Болаларни бир-бириларнинг ички кийимларидан фойдаланмасликка ўргатинг. Уларда қўлни, ўйинчоқларни ва бошқа буюмларни оғизга солиш, тирноқларни тишлаш каби  одатларни шаклланишига йўл қўйманг.

* Тирноқларни доимо олиб юринг.

* Гўшт, жигар ва бошқа ички аъзоларни  харид қилаётганингизда уларнинг сифатига аҳамият беринг.

* Хом қиймани ва бошқа гўштли маҳсулотларни хомлигида татиб кўрманг.

* Истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини устини очиқ қолдирманг. Пашшаларни қўнишини олдини олиш учун, устини дока билан ёпиб қўйинг. Биргина пашша танаси ва қанотида минглаб гельминт ва унинг тухумлари ҳамда бошқа касаллик қўзғатувчи микробларни ташийди.

Гулноза ҚУРБОНОВА,

вилоят давлат санитария эпидемология осойишталиги агентлиги мутахассиси.