+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Май 2020

"Бармоқларим пиллага текканида унинг нафислигини ҳис этаман!"

Ибрат соҳибалари

 

 

- дейди тажрибали пиллакор Халимахон ая Комилова.

Шаҳрихон туманидаги Дориломон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Халимахон  ая Комилова 36 йилдан буён ипак қурти боқади. Қишлоқ шароитида ўсиб, болалигидан меҳнатда суяги қотган Онахон етти мўъжизадан бири ҳисобланган пиллачиликнинг ҳадисини олди. Ипак қуртини парваришлаш, пилладан юқори ҳосил олиш сир-асрорларини обдон ўрганган.

Болалик пайтларидан бошлаб, хонадонида, қўни-қўшнилари ипак қурти боқарди. Шу сабаб, у бу ишларни  осон ўзлаштирган. Бугун ҳатто, кўзининг ожизлиги ҳам Халимахон аяга пилла етиштиришда халал беролмайди. 

- Бу жонивор меҳрни, эътиборни ёқтиради, - дейди Халимахон ая. - Вақтида баргини солиб, вақтида тагини тозалаб, хонани тез-тез шамоллатиб, ҳароратини бир хилда ушлаб турсанг, кечаси уйқунгни қизғонмасанг, кўзлаган ҳосилингни албатта, оласан. Муҳими, парваришда эътиборсизликка йўл қўймаслик керак.

Ипак қурти парваришининг гашти ўзгача. Шу сабаб, қурт боқувчилар бир ойлик машаққатли меҳнатга кўз юмиб, ипак қурти парваришлайдилар.

- "Бўлди, бу йил қурт тутмайман", дейману, мавсум яқинлашганда юрагим гупиллай бошлайди, - дейди Халимахон ая. - Фарзандларимни олдимга чақириб, қурт боқсак яхши бўлади, ҳам меҳнат, ҳам даромад бўлади, дейман. Шундай қилиб, ҳар йили қурт боқишни канда қилмаймиз. Бармоқларим пиллага текканида унинг нафислигини, мўъжизавий хусусиятларини ҳис этаман. Шунда, барча машаққатларим унут бўлиб кетади.

Дориломон маҳалласида ипак қурти парваришлайдиган онахонлар кўп. Улар ҳар йили  мавсум олдидан Халимахон аянинг уйида йиғилишиб, ўзаро маслаҳатлашадилар, ипак қурти боқиш учун алоҳида тайёргарлик кўрадилар. Мутасаддилар уларга етарлича шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилади. Бу йил мавсум олдидан қурт боқувчиларга ёғ, ун, картошка, макарон маҳсулотлари, шунингдек, бўнак пули тарқатилди.

- Оила аъзоларим - фарзанд ва келинларим кўмаги, пилла бригадиримизнинг маслаҳатлари билан ҳар йили пилладан юқори ҳосил олиб келаман, - дейди ғурур билан Халимахон ая Комилова. - Муҳими, шу меҳнатимиз билан хонадонимизга даромад, қут-барака киради, қолаверса, оз бўлса-да юртимга фойдам тегади. Бундан хурсанд бўламан, қалбим ғурурга тўлади.

Ҳалимахон аядаги ғайрат, ҳаётга, меҳнатга бўлган иштиёқни кўриб ҳавас қиласан. Меҳнат инсонни улуғлаши, камол топтиришига яна бир бор амин бўласан.

Бу йилги ҳосил ҳам жуда мўл бўлибди. Онахонни йўқлаб борганимизда, у пилласини териб топшириб ҳам бўлган, елкасидан тоғ ағдарилгандек хушнуд ўтирган экан. Халимахон ая хонадонида 2 қути ипак қурти уруғидан 150 кило пилла териб, топширганини хурсанд бўлиб гапирди.

Айни кунларда вилоятимизда пилла йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Пилла хирмонининг юксалишида эса Халимахон ая каби фидойи, меҳнаткаш онахонларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

 

Озодбек

ШАРОБИДДИНОВ,

 

жамоатчи мухбир.