Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Халқимизда "Ҳунарли киши хор бўлмас", деган нақл бежиз айтилмаган. Қўлида ҳунари бўлган одамнинг рўзғори бут, кўнгли тўқ, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади. Ҳунарли инсон ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам наф келтиради.
Шу боис ҳам мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, бугунги кунда халқимизнинг қадим ҳунармандчилик анъаналари бутун жаҳонда эътироф этилмоқда. Ўтган йили Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган бутунжаҳон ҳунармандчилик фестивали фикримизга ёрқин мисол бўла олади.
Айни кунда ёшларимизни илмли қилиш билан бир қаторда уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида ҳам ёшларимизни маданият, спорт, ахборот технологиялари, китоб мутолаасига қизиқишларини ошириш билан бирга, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ушбу ташаббус ижросини кўплаб амалий ишлар мисолида яққол кўриш мумкин. Жумладан, вилоят ҳокими ташаббуси билан мактаб битирувчиларини ўзлари эгаллаган касблари, ҳунари йўналишида мустақил иш бошлашлари ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун молиявий кўмак берилмоқда. Олиб борилаётган ана шундай ибратли ишлар самараси ўлароқ, ўқувчи-ёшлар мактабдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ҳаётда асқотадиган касб-ҳунар ўрганиш, ҳунармандчилигимизнинг ўлмас анъаналарини давом эттириш, бу орқали доимий даромад топиш имконига эга бўлмоқда. Яратилган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар юртимиз ёшлари келажагига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Юқори синф ўқувчилари, айниқса, қизларимиз касб-ҳунар ўрганиш асносида оилавий ҳаётга ҳам пухта тайёрланмоқда, шу билан бирга, уларда мустақил иш юритиш, даромад топиш кўникмаси ҳам шаклланиб бораётир. Тикувчилик ҳунарини ўрганиб, оиласига ва жамиятга наф келтиришга астойдил бел боғлаган ўқувчиларимиз талайгина. Масалан, мактабимизнинг 11-синфида таҳсил олаётган Умидахон Комилова ҳамда Замира Абдуманноповалар аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, дарслардан бўш вақтларда тикувчилик ҳунари билан шуғулланадилар. Келажакда бу ҳунарини кенгайтириб, тадбиркор бўлиш орзуси билан яшамоқда.
"Ақл кўпга етказар, ҳунар эса кўкка", деганларидек ҳунар ўрганаётган қизларимизни барча қўллаб-қувватламоқда. Яқинда туманимиз ҳокими Иномжон Мамадалиев томонидан ана шу қизларимизга тикув машиналари берилди. Ушбу эътибор ва кўмак нафақат қизларимизни, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам беҳад қувонтирди. Ёшларимиз кўрсатилаётган бу каби эътибор ва яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, албатта, ўз орзуларига етишадилар, устозлар, юртбошимиз ишончини оқлайдилар.
Вилоятимизда ҳунармандчилик йўналишида 2 минг 928 та лойиҳа амалга оширилади
юксалиш одимлари
Жорий йилда Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига асосан, вилоятимизда 1 минг 17 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 4 минг 100 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Бироқ, ҳунармандчилик йўналишидаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, қолаверса, вилоят ҳокимининг ташаббуси, ҳунармандларнинг таклиф ва ташаббусларидан келиб чиқиб, йиллик дастурга қўшимча равишда умумий қиймати 64 миллиард 380 миллион сўм бўлган 1 минг 911та лойиҳани амалга ошириш, бунинг ҳисобига яна 4 минг 600 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Натижада йил якунига қадар 96 миллиард сўм банк кредитлари ўзлаштирилиб, 2 минг 928 та лойиҳа амалга оширилади ва 8 минг 700 та янги иш ўрни яратилади.
Айни кунда уюшмамизга 5 минг 458 нафар ҳунарманд ва уларнинг 4 минг 950 нафар шогирди бирлашган. Уюшмамиз ташаббуси билан вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, банклар, умуман, барча мутасадди ташкилотлар томонидан ҳунармандларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада, вилоятда ҳунармандчилик соҳаси жадал ривожланмоқда, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Бундан ташқари, янги иш бошлаган 4 минг 245 нафар ҳунарманднинг рўйхатдан ўтказилиши ҳамда 3 минг 108 нафар кишининг мазкур йўналишда устоз-шогирд анъанаси асосида иш бошлаши ҳисобига 7 минг 353 та янги иш ўрни яратилиб, бу борада белгиланган режа 179,3 фоизга бажарилди.
Ҳунармандчилик йўналишида доимий иш ўрнига эга бўлганларнинг 2 минг 765 нафари уюшмаган ёшлар, 2 минг 752 нафари хотин-қизлардир.
Ҳозирга қадар кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки ҳунармандчиликни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳунармандларга ўз фаолиятларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун зарур молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида 2 минг 574 нафар ҳунармандга 69,5 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Вилоятда туризмни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини сайёҳлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ҳунармандларнинг "Туризм реестри" ташкил этилди. Ҳозирда ушбу реестрга вилоятдаги 70 нафар ҳунарманд киритилди.
Хорижликлар миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизга катта қизиқиш билан қарайди. Шу боис, вилоятимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун доимий фаолият юритувчи кўргазма ташкил этилди. Бу билан уларга ранг-баранг миллий маҳсулотларимизни таклиф этиш имконига эга бўлдик. Бундан ташқари, миллий анъана ва қадриятларимизни меҳмонларга намойиш қилиш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш мақсадида темир йўл вокзали, шунингдек, қатор меҳмонхоналарда "Ҳунармандлар бурчаги" ташкил этилди.
Умуман, вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш, шу ҳисобига янги иш ўринлари яратишга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилади.
Россиялик келин Собировлар оиласи уни яхши қабул қилмаслигидан хавотирда эди. Чунки, минг қилса ҳам қишлоқчилик, бунинг устига Люба ўзга миллат вакиласи. Аммо, Собировлар оиласи сочлари олтиндек товланган, самимий бу рус қизини илиқ кутиб олишди. "Бу ерларда мусофир" деб авайлаб, меҳр кўрсатишди. Шундай қилиб, Любовь Свиридова Собировлар хонадонининг еттинчи келинига айланди.
У овсинларидан аста-секин ўзбекона урф-одатларни ўргана бошлади. Эгнига атлас кўйлак-лозим кийиб, бошига рўмол ўради.
Любахон овсинларига рус миллий таомларидан, овсинлари эса унга ўзбек пазандачилигидан ўргатдилар. Рус келин ҳатто тандирда нон ёпиб, ўчоқда ош дамлашнинг ҳам аста-секин ҳадисини олди.
- Мен бу аёлдан муомала, кийиниш маданияти, дастурхон тузаш, меҳмон кутиш ва кузатиш сингари, аслида арзимасдек туюлган, аммо ҳаётда айни зарур бўлган юмушларни ўргандим, - дейди овсини Роҳатой Собирова. - Йиллар давомида бирон марта сен-менга бормадик. Шу сабаб туғишган опа-сингиллардек бўлиб кетганмиз.
Табиатан серғайрат, меҳнаткаш Любахон келинлик юмушларидан ортиниб, давлат ишида ишлашни, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришда турмуш ўртоғига ёрдам беришни истади. 1964 йилда Балиқчи туман алоқа бўлимига ишга кирди. Узоқ йиллар телефон-телеграф соҳасида сидқидилдан, ҳалол меҳнат қилди, жамоада ҳурмат қозонди. Унинг меҳнатлари эътироф этилиб, ҳукуматимиз томонидан "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони, "Фидокорона меҳнатлари учун", "Меҳнат шуҳрати" ҳамда "Халқлар дўстлиги" орденлари билан тақдирланди. Бир неча бор туман кенгашига депутат бўлди.
Мингбой ака ва Люба опа икки фарзандни тарбиялаб элга қўшдилар. Бугун улар 4 невара, 5 чеваранинг бобою бувисидир. Уларнинг тинч, аҳил оиласини балиқчиликлар ҳурмат билан тилга олишади.
Люба опа йиллар давомида ўзгача муҳит - тили, дини, урф-одатлари, маданияти бошқа одамлар орасида яшади. Шу муҳитга кўникди, шу ҳаёт тарзига меҳр қўйди. Ислом динини қабул қилди. Эрининг ризосига эришди. Шундан буён муқаддас динимиз фарзларини сидқидилдан адо этиб келади. 2008 йилда Маккаи Мукаррамада бўлиб, муқаддас ҳаж зиёратини адо этиб қайтди.
- Ўтган ҳаётимдан мингдан-минг розиман, - дейди Люба опа. - Чунки, турмуш ўртоғим билан жуда бахтли ҳаёт кечирдик. Тўғри, озмунча қийинчиликларни бошдан ўтказмадик. Бироқ, бахтли оила гашти бу қийинчиликларнинг барчасидан устун келди.
Баъзан, рўзғорида барча шарт-шароитлар етарли бўла туриб, ноз-фироқ қиладиган келинлар, қиз томоннинг бойлигига учадиган куёвлар, тирноқ остидан кир қидирадиган қайноналар, умуман, сийқа муносабатларни кўрганимда беихтиёр Люба опа ва Мингбой аканинг оиласи кўз олдимга келади. Мустаҳкам, бахтли ушбу оила ҳаёти ана шундайларга, айниқса, ёш оилаларга ибрат мактабидир.
15 нафар аёлга ҳомийлик асосида янги уй қуриб берилди
Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами олдидан Хўжаобод туманида яшаётган 15 нафар фуқаро янги уй соҳибига айланди.
Туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Кўприкбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган уйлар жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож хотин-қизларга тантанали равишда топширилди.
Уйларни топширишга бағишланган тадбирда мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир шароитларда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда мазкур тоифадаги аёлларнинг 36 нафарига Андижон, Хонобод шаҳарлари, Балиқчи, Булоқбоши, Марҳамат ва Қўрғонтепа тумани ҳокимликлари томонидан янги уй-жойлар қуриб берилди. Бунинг учун 2 миллиард 485 миллион 400 минг сўм маблағ сарфланди. Умуман, йил охирига қадар жами 427 нафар хотин-қиз, шундан 130 нафари маҳаллий, 297 нафари республика ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янги уй-жой билан таъминланиши кўзда тутилган.
Хўжаобод туманидаги Кўприкбоши маҳалласида 2 сотихли 2 хонали уйлар қурилиши йил бошида бошланган эди. Мустақиллик байрами арафасида барча қулайликларга эга, чиройли ва кўркам уйлар қурилиши якунланиб, ўз эгаларига топширилди.
- Ўзим 2-гуруҳ ногирониман, - дейди янги уй соҳибаларидан бири Муборакхон Мирзаева. - Ўз уйимиз бўлмаганлиги учун икки нафар вояга етмаган фарзандим билан Бешкарам маҳалласида бировнинг уйида вақтинча яшаб келаётган эдик. Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Уй-жой масаласида менга ёрдам беришларини сўраб, юқори идораларга кўп мурожаат қилганман. Очиғи, уй-жой олишимга ишонмаган эдим. Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга 2 сотих, 2 хона олди айвонли янги уй берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг карра ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан минг раҳмат.
Янги уй-жойлар калитини эгаларига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов топшириб, уларни янги уй ҳамда мустақиллик байрами билан табриклади.
Маҳалла идораси учун янги бинолар
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида Нишоббўйи ҳамда Карнайчи маҳалла фуқаролар йиғинлари учун хизмат бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Эндиликда мазкур маҳаллалар фаоллари кўркам, кенг ва чиройли хизмат хоналарида иш юритиш имконига эга бўлдилар.
- Жамият ҳаётида маҳалланинг ўрни ва роли ниҳоятда катта, - дейди Карнайчи МФЙ раиси Салойиддин Миркомилов. - Давлатимиз, Президентимизнинг маҳалла тизимига кўрсатаётган эътибори билан идорамиз учун янги бино барпо этилди. Бу бизга қулай иш шароити яратиш билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди. Эл-юрт иши учун янада фидойи бўлишга, сидқидилдан, астойдил меҳнат қилишга ундайди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова янги бинолар очилишига бағишланган тадбирларда иштирок этиб, маҳалла аҳлини янги бино очилиши ҳамда яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этди.
50 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди
-Тумандаги ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, - дейди туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Моҳидилхон Нишонова. - Хусусан, янги корхоналар ташкил этиш орқали кўплаб аҳолининг бандлиги таъминланмоқда.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам туманда мазкур йўналишда ибратли ишлар олиб борилмоқда. Деярли барча маҳаллаларда трикотаж ва бошқа ишлаб чиқарпиш цехлари ташкил этилган бўлиб, шу орқали аҳоли иш билан таъминланмоқда. Карнайчи маҳалласида иш бошлаган "Asl faxr group" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳам мазкур маҳаллада яшовчи 50 нафардан зиёд ишсиз хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Саховатли инсонлар дунё тургунча турсин
Президентимиз Андижон вилоятига қилган ташрифи чоғида вилоятда қийин шароитда яшаётган 40 мингдан зиёд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини, яъни доимий даромад манбаи билан таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш орқали камбағалликдан чиқариш бўйича топшириқлар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи бўйича Хўжаободда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда туманда 77 оила "темир дафтар"га киритилган.
Тумандаги Карнайчи маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шахноза Нишонбоеванинг оиласи ҳам "Темир дафтар"да туради. Оила боқувчисини йўқотган, вояга етмаган уч нафар фарзандни аёлнинг ўзи тарбиялаб, вояга етказмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги ташаббуси билан "Қишлоққурилишбанк" Хўжаобод тумани филиали ҳомийлигида ушбу оилага янги уй қуриб берилди ҳамда уч нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилди.
- Кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди, - дейди Шахноза Нишонбоева. - Турмуш ўртоғим вафот этган, уй-жой қилишни хаёлимга ҳам келтира олмас эдим. Президентимизга, ҳокимларимизга, саховатли инсонларга раҳмат. Уларнинг эътибор ва кўмаги билан янги уйли бўлдим. Қолаверса, фарзандларимнинг суннат тўйи ўтказиб берилди. Дунёнинг бирор бир давлатида чекка бир қишлоқда яшовчи, мендай оддий бир аёлга шунчалар мурувват кўрсатилмаса керак. Мен эҳтиёжманд инсонларга меҳр кўрсатадиган юртда туғилганимдан, шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.
Янги уй топшириш ҳамда суннат тўйида иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари янги уй соҳибасини муборакбод этиб, тўйболаларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширдилар.
Маҳалламиз туман марказидан 30 км олисда, чегара ҳудудида жойлашган. Бизда ишлаб чиқариш корхоналари умуман йўқ. Шу боис, қишлоғимиз аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Кўп ерларимиз адирликда жойлашган, бироқ ғайрат ва шижоатли одамларимиз жуда меҳнаткаш-ки, пешона тери билан ноқулай шароит, қийинчиликларда ҳам адирликларни бўстонга айлантирганлар.
Жорий 2020 йил бутун дунё аҳли учун жуда синовли, қийин келди. Узоқ давом этган карантин тартиби айрим хонадонларни иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди. Усиз ҳам кам таъминланган, даромади юқори бўлмаган аҳоли қатлами қийин вазиятда қолди.
Президентимиз фармонига асосан, туманимизда ҳам ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида ёрдам кўрсатилмоқда, "темир дафтар"га киритилган оилаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари берилмоқда.
Маҳалламиздан 22 оила кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар рўйҳатида туради. Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, "темир дафтар"га киритилган қатор оилаларнинг ҳар бир аъзосига республика бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобидан 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилди.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар тизимли олиб борилмоқда. Баҳорги карантин даврида кам таъминланган оилаларимизни помидор, бодринг, булғор қалампири, шунингдек, мевали дарахт кўчатлари билан таъминладик. Адирликка 1,5 - 2 минг тупга яқин бодом кўчатлари экилди.
Маҳалламиздаги 2 та хонадонга 10 тадан қўй, "Ёшлар келажагимиз" дастури бўйича 2 та оилага 3 тадан қорамол, ота-онасидан эрта айрилган оила фарзандларига сигир, чеварлик билан шуғулланадиган қиз-жувонларимизга тикув машиналари олиб бердик. Пишириқ цехи очган қизларимизга истеъмол кредити олишларида кўмаклашдик. 10 та хонадонга фермерларнинг ҳомийлиги асосида 50 тадан бройлер жўжа тарқатилди. Битта кам таъминланган оиламизга 100 та бройлер товуқ, яна бир хонадонга эса 5 та қуён олиб бердик. Айни кунларда иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган кам таъминланган маҳалладошимиз "Агробанк" туман бўлимининг молиявий кўмагида иссиқхона барпо этмоқда.
Маҳалла раиси сифатида ишлаётганимга 4 йил бўлган бўлса, шу вақт орасида фикри-зикрим маҳалламизнинг бош муаммоси - аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш эди. Ҳар қандай қийинчиликларга, карантин режимларига қарамасдан жорий йил маҳалла аҳли учун эсда қоларли йил бўлди. Неча йиллик орзуларимиз ушалиб, сув муаммоимиз ижобий ечимини топди. Айни кунларда водопровод қувурлари тортилиб, 5 км. масофадан қишлоғимизга ичимлик суви келтирилмоқда. Насиб этса, Мустақиллик байрамига қадар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган шукуҳли айём - Истиқлол байрами билан барча юртдошларимизни табриклайман. Синовли ва машаққатли дамлар ортда қолиб, юртимизда байрамлар бардавом бўлсин.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиш эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ҳамда жамоат саломатлигини таъминлашнинг аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари қўшма қарори қабул қилиниб, бу борада юртимиздаги ҳар бир маҳаллада амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур қўшма қарорда белгиланган вазифалар, қолаверса, маҳалла фаолиятининг турли йўналишларидаги ишларни самарали ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш механизмини шакллантириш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан услубий қўлланма, тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ишларни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича вазирлик мутахассислари жойларда маҳалла тизими вакиллари билан учрашув ва семинарлар ўтказиб услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатмоқда. Ана шундай тадбирлар Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Олтинкўл, Хўжаобод, Марҳамат, Жалақудуқ ва бошқа қатор туманларида ўтказилди.
Вазирлигимиз мутахассислари томонидан коронавирус инфекциясига чалинган ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича махсус жадвал - инфографика ишлаб чиқилган. Содда, барча учун тушунарли бўлган ушбу жадвалда жараёнда иштирок этадиган ҳар бир масъул, мутасадди шахснинг бажарадиган ишлари аниқ-равшан белгилаб қўйилган.
Маҳалла раиси, унинг турли йўналишлар бўйича ўринбосар ва ёрдамчиларининг сектор раҳбарлари, тиббиёт тизими ходимлари, профилактика инспекторлари, аҳоли, касалликка чалинган беморлар, уларнинг оилалари билан ишларни тизимли олиб бориши, ҳар куни онлайн мулоқотда бўлиши, ҳамкор ташкилотлар ўртасида доимий ахборот алмашуви йўлга қўйилиши, албатта бу борадаги ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини янада оширади.
Вилоятдаги аксарият туман ва шаҳарларда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг ўринбосарлари, шифокорлар, профилактика инспекторлари иштирокида ўтказилган семинарларда мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан бевосита ва тизимли ишлаш масалалари юзасидан иштирокчиларга кенг тушунча ва тавсиялар берилди.
Касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишлар маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, профилактика инспектори билан бевосита ҳамкорликда олиб борилиши лозим. Шифокор ва патронаж ҳамширалари ҳар куни энг аввало, касалликка гумон қилинган, ўз хонадонида изоляцияга олинган, тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланган, сурункали касалликлари бор фуқаролар ҳолидан хабар олади, аҳволини суриштиради. Зарур бўлса, тиббий ёрдам кўрсатади, тавсия ва маслаҳатлар беради.
Шунингдек, ҳар бир тизим томонидан хасталик билан боғлиқ ҳолатлар, хориждан ёки карантиндан қайтган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар зудлик билан маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этилиб, ҳамкор ташкилотлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиб борилади. Бу борадаги умумий маълумотлар маҳаллада шакллантирилади.
Туман ва шаҳарларда ўтказилган мулоқот ва учрашувлар доирасида турли масалалар юзасидан мурожаат қилган аёллар билан суҳбатлар ўтказилди. Уларни қийнаётган муаммоларни қонуний ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, жойлардаги оғир ҳаётий вазиятга, руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича реабилитация марказлари фаолиятини жонлантириш орқали ана шу тоифадаги опа-сингилларимиз ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳар)ларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиши белгиланган.
Кенгашлар ўз фаолиятида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ўз вақтида ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш юзасидан мутасадди давлат идораларига таклифлар киритиш сингари кўплаб вазифаларни олиб боради.
Жамоатчилик кенгашларининг ташкил этилиши шубҳасиз, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш ва фаоллигини оширишга, қолаверса, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Дилшода МИРЗАЖОНОВА,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш
Раҳмат МАМАТОВ: МАҲАЛЛА ФАОЛЛАРИ ИШИНИ ЯНАДА ЖОНЛАНТИРИШ КЕРАК
Ташриф
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов вилоятимизда бўлиб, маҳалла тизимида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Вазир Хўжаобод туманидаги маҳаллаларда бўлиб, эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг яшаш шароитлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари ҳолати, амалга оширилаётган ишлар билан танишди, маҳалла раислари, уларнинг ўринбосарлари, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Тизимда эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ташриф давомида тумандаги Кўприкбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кам таъминланган ва ногиронлар учун қурилган янги уйлар, маҳалла идораси биноси ҳолати, идорада фаолият юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Маҳалла раиси ва ўринбосарлари билан суҳбат асносида уларнинг фаолияти таҳлил қилинди. Иш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, қилиниши лозим бўлган муҳим ишлар юзасидан топшириқ, таклиф ва тавсиялар берди.
Учтепа маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар рўйхатида турувчи Арофатхон Солиева хонадонига ташриф буюрган вазир ушбу оила аъзолари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида турли йўналишларда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Маҳалла мутасаддилари фаолиятига ижобий баҳо берилди. Вазир маҳалла фаоллари ишини янада жонлантириш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Раҳмат Маматов бошчилигида маҳалла тизимида фаолият олиб бораётган мутасадди раҳбарлар, МФЙ раис ва ўринбосарлари иштирокида вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда хорижга ишлаш учун кетган юртдошларимиз масаласи, уларнинг оилалари билан манзилли ва тизимли иш олиб бориш, ана шу оилаларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, хориждан қайтганларни иш билан таъминлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда вилоятдаги маҳаллаларда барча йўналишларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЯРМАРКАЛАРИ ОЧИЛДИ
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма тўққиз йиллик байрами арафасида вилоят ҳокими ташаббуси билан Андижон шаҳри марказида, шунингдек, 12 та маҳалла гузарида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.
Савдо ярмаркалари расталаридан вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.
Халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қиладиган бу каби савдо ярмаркалари вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида ҳам ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, мамлакатимизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.
Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли сони тўғрисидаги ишончли ахборот манбаини шакллантиради.
Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси – тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади.
Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала - аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчи, яъни асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.
Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш имконияти ҳам яратилади, яъни ҳохловчилар ўзлари уйларидан ёки масофадан туриб, махсус дастур орқали саволнома варақаларини тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.
Қарийб уч йил давом этадиган жараённинг сўнгги босқичда олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, фуқаролар ўзларининг келажаги учун аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол равишда иштирок этишлари лозим бўлади.
Аҳмадулло ИСОМИДДИНОВ,
Андижон вилояти статистика бошқармаси Нарх статистикаси бўлими бошлиғи.