+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Вилоятимизда ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди

Байрам туҳфаси

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 90 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тантанали тадбирда сўз олганлар томонидан мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий армиямизнинг жанговор салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳрининг Гумбаз ва Қўшариқ даҳаларида қурилиб, фойдаланишга топширилган 90 квартирадан иборат икки ва уч хонали шинам уйлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард 240 миллион сўм бўлган ушбу замонавий уйлар Андижон шаҳридаги "Радиус-сервис", "Самандар шижоат", "Андижон қишлоқ қурилиш" масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Янги уйларга кўчиб кирган оилалардан бири Улуғнор тумани, Мингбулоқ қишлоғидан бўлган Улуғбек Бобожонов оиласидир. У кўп йиллардан буён ҳарбий хизматда. Турли йилларда Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ҳарбий хизматни ўтади. Ҳозирда эса Қорақалпоғистон Республикасида ўз бурчини ўтаб келмоқда. Янги уй берилганлигидан у ва турмуш ўртоғи Махбубахон Бобожонованинг қувончи чексиз.

- Оиламиз учун 3 хонали янги уй ажратилганлигидан беҳад хурсандмиз, - дейди майор Улуғбек Бобожонов. - Уч нафар фарзандимиз бор. Бу йилги Мустақиллик байрами оиламиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Юртбошимизнинг, ҳукуматимизнинг ҳарбийларга, уларнинг оилаларига кўрсатаётган бу каби  эътиборидан чексиз миннатдормиз.

Энди мени уй-жой қилиш муаммоси ташвишлантирмайди. Қаерда бўлмай Ватанимиз сарҳадлари мудофааси,   халқимиз тинчлиги учун бор куч, ғайратимни бериб хизмат қиламан.

Барпо этилган янги уйларнинг кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уйлар олдида болалар майдончаси, суҳбатгоҳлар барпо этилганлиги ҳам яшовчиларга катта қулайликлар яратади.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари  Ш. Абдураҳмонов, Мудофаа вазири ўринбосари, полковник А. Норбоев, Шарқий ҳарбий округ қўмондони, полковник Л. Бузруков иштирок этди.

 

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Инсон меҳнатлари қадрланадиган юртимиз ҳамиша тинч бўлсин

Эътироф

Вилоятимизнинг бир гуруҳ нуронийлари "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда кексаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, катта ҳаёт тажрибаларини ёш авлодга ўргатиш борасидаги фаолиятларини рағбатлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги фахрийларнинг бир гуруҳи оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётганлиги учун тақдирланди.

Тақдирланган 48 нафар нуронийларнинг 30 нафари турли даражадаги "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони, 18 нафари эса "Нуроний" жамғармасининг фахрий ёрлиғи соҳибига айланди.

- Узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилганман, - дейди Асака тумани Қайрағочариқ маҳалласида яшовчи, халқ таълими фахрийси Олимжон ота Раҳимов. -  Бу йил саксон олти ёшимни нишонлаяпман. Нафақага чиққанман, деб жамиятдан узилиб қолган эмасман. Маҳалла ишида, турли тадбирларда иштирок этаман, бадиий ижод билан шуғулланаман. Умуман, вилоятимизда ёшларимизни ватанпарвар, эл-юрт ишига қайишадиган, миллий қадриятларимизга ҳурмат билан қарайдиган инсонлар этиб тарбиялаш ишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган кексалар жуда кўп.

Менимча, кексаларимиз фарзандлар тарбияси борасида асло четда турмасликлари керак. Мустақиллик байрами арафасида "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланганимдан беҳад хурсандман. Инсон меҳнатлари қадр топадиган обод юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин.

 

 

Моҳичеҳра КАРИМОВА

Спектаклимиз иккита номинация бўйича ғолиб бўлди

ҚўFирчоқ театрлари фестивали

Қўғирчоқ театри ўзига хос санъат тури бўлиб, ҳар қандай ёшдаги инсонга манзур бўлади. Жонсиз қўғирчоқларни жонлантириш, уларнинг тимсолини турли характерларда кўрсатиш ва ҳаракатга келтиришнинг ўзи машаққатли иш.

Умуман, қўғирчоқ театрининг тарбиявий аҳамияти, ёш авлодни миллий анъана ва қадриятлар, Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, болажонларнинг тафаккурини кенгайтириш борасидаги ўрни ва ролини алоҳида эътироф этиш лозим. Қолаверса, ижодкорларнинг саҳна ортидаги машаққатли меҳнатлари ҳам ҳар қанча таҳсинга муносибдир

Мана бир неча йилдирки, республика қўғирчоқ театрлари фестивали анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Мазкур фестиваль қўғирчоқ театрлар ўртасида ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, янги-янги ютуқларга эришиш учун кенг имконият яратиб бермоқда. Жорий йилда пандемия шароитидан келиб чиқиб, ушбу фестиваль масофавий, онлайн тарзда ўтказилди. Яъни, 5-8 сентябрь кунлари Республика қўғирчоқ  театрларининг анъанавий XII  кўрик-фестивали онлайн тарзида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган фестиваль мамлакатимиздаги барча қўғирчоқ театрлари жамоаларини яна бир бор ижодий синовдан ўтказди. Гарчи турли вилоят театрларидаги ҳамкасблар бир-бирлари билан кўриша олмаган бўлса-да, онлайн орқали фикр алмашиб, тажриба орттиришга имкон яратиб берди.

ZOOМ дастури орқали бўлиб ўтган фестивал тадбирларини жуда кўп юртдошларимиз кузатиб маданий ҳордиқ олди.

Мазкур фестивалда вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ҳам муносиб иштирок этди. Ижодий жамоамиз театр репертуаридан ўрин олган менинг сценарийим асосида саҳналаштирилган "Шерюрак ёхуд Бобур ҳақида қисса" номли спектакль билан қатнашиб, иккита номинация бўйича ғолиб деб топилди.

Тарихий жанрдаги қизиқарли воқеалар акс эттирилган ушбу спектакль буюк бобомиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалиги ҳақида ҳикоя қилади. Спектакль жажжи томошабинларимизда ватанпарварлик руҳини уйғотиш билан бирга, одиллик, тўғрисўзлик  каби эзгу туйғуларни қалбига жо этиш, яхшилик доимо ёмонлик устидан ғалаба қозонишини қизиқарли воқеалар,тарихий шахслар, турли характерлар орқали кўрсатиб беради. Режиссёр Дилмурод Шайхов спектаклни болаларга хос, ҳар бир декорацияларини мавзу ва ғояга мос ҳолда саҳнага олиб чиққан.

 Тарихий, ўзига хос сюжетга эга мазкур асар фестивалнинг "Миллий маданиятимизни кенг тарғиб қилишда тутган ўрни" номинацияси ғолиби бўлган бўлса, "Миллий қаҳрамон образи" номинацияси бўйича асарда Бобур образини жонлантирган, олий тоифали актриса Нигора Казакова тақдирланди.

Ўзбекистондаги қўғирчоқ театрлари жамоалари фестивалда фаол иштирок этиб, бир-биридан қизиқ, ажойиб воқеаларга бой ижод намуналари билан бирга, ютуқ ва тажрибаларини  намойиш этди.  Шу билан бирга, ўзларининг фаолиятлари бўйича танқидий, таҳлилий хулосалар чиқариб олишларига ёрдам берди.

Бир сўз билан айтганда, Мустақиллигимизннг 29 йиллик байрами кенг нишонланаётган шу кунларда ўтказилган ушбу фестиваль қўғирчоқ театрлари ижодкорларига унутилмас лаҳзалар, бой таассуротлар ҳадя этди.

 

Мансурбек РЎЗИЕВ,

 

вилоят қўғирчоқ театри адабий бўлим мудири.

Чинободда йилига 10.минг 300.тонна калава-ип ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга тушди

Балиқчи туманида калава-ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Scorton textile" корхонаси иш бошлади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида вилоятимизда кўплаб ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. Балиқчи тумани Чинобод маҳалласида иш бошлаган, йилига 10 минг 300 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ана шундай объектлардан биридир.

Тумандаги "Scorton textile" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган мазкур йирик лойиҳа доирасида 20 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

- Корхонамизга ривожланган хорижий давлатлардан илғор технология, дастгоҳ ва ускуналар олиб келиб ўрнатилди, - дейди жамият раҳбари Зухриддин Абдураҳмонов. - Ҳозирча, маҳсулотларимиз юз фоиз хорижга экспорт қилинади. Келажакда шу ернинг ўзида мато ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Замонавий кўринишга эга мазкур корхонанинг ишга туширилиши билан 450 нафар кишининг бандлиги таъминланди.

Умуман, жорий йилда Балиқчи туманида умумий қиймати 374 миллиард сўмлик 53 та, шундан 20 таси саноат йўналишидаги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1 минг 879 та янги иш ўрни яратилди.

Корхона очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Мен бу муқаддас гўша учун боримни беришга тайёрман, - дейди "Соғлом турмуш" медали соҳибаси Зарифахон Тўраева.

Маҳалла фидойилари

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида кўплаб юртдошларимиз қатори бир гуруҳ вилоятимиз вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Улар орасида Олтинкўл туманидаги "Гулбоғ - Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Зарифахон Тўраева ҳам бор.

Мактаб таълимидан сўнг, Асакадаги савдо техникумини тамомлаган Зарифахон Тўраева аввалига савдо соҳасида, сўнгра Андижон туманидаги ижтимоий таъминот бўлимида ишлади. Турмушга чиққач, ўзини оиласи, фарзандлари тарбиясига бағишлади. Умр йўлдоши Баҳодир ака билан бахтли ҳаёт кечирди. 3   фарзанднинг меҳрибон онаси бўлиб, уларнинг таълим-тарбиясига эътиборини қаратди. Аммо, афсуски, ҳаёт бир текис кетмас экан. Туйқус ўлим Зарифа опанинг турмуш ўртоғини ҳаётдан эрта олиб кетди.

Рўзғор юритиш, уч норасидани ёлғизқўллик билан оёққа қўйиш осон эмас. Шу боис, Зарифа опа Олтинкўлга, онасининг ёнига кўчиб ўтди. "Одамлар билан ишласам, овунаман, уларнинг дардини тинглаб, дардимни унутаман" дея, "Гулбоғ-Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғинига ишга кирди. Дастлаб масъул котиб, сўнг маслаҳатчи, кейинчалик мутахассис лавозимларида ишлади. Айни кунларда "Гулбоғ-Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосаридир.

Маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан деярли ярмини  хотин-қизлар ташкил этади.

Зарифа опа фаолияти давомида бор эътиборини оилаларни мустаҳкамлаш,  хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратади. Ундан ёрдам сўраб келган маҳалладошларга имкон қадар кўмак берди, ҳар бир оила, маҳалланинг тинч, обод бўлиши учун ҳаракат қилди.

  - Оила бу - сарой!, - деб таъриф беради Зарифа опа. - Бу саройнинг номи - бахт, пойдевори - ҳамжиҳатлик, ғиштлари сабр ва шукр, девори иймондир. Буни яхши англаган ва қадрига етган инсонларнинг оиласи бахтли ва мустаҳкам бўлади. Биз маҳалладаги ҳар бир оиланинг мустаҳкам, тинч-тотув бўлишига ҳаракат қиламиз. Маҳалламиз раиси Дилшодбек    Деҳқонов, масъул котиб Намунахон Абдуллаева, отинойиларимиз, тарғибот гуруҳи аъзолари, оқсоқоллар, кўчабошилар билан биргаликда асосий эътиборни нотинч, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қаратамиз. Шукр, маҳалламиз тинч, жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари йўқ. Одамларимиз ҳалол меҳнат қилиб, тирикчилик ўтказиб келмоқда. 

"Меҳнат қилган - элда азиз", деганларидек, Зарифа опанинг фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, истиқлол байрами арафасида "Соғлом турмуш" медали билан тақдирланди.

- Камтарона меҳнатларим эътиборга тушганидан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди Зарифахон Тўраева. - Қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман,  Маҳаллада ундим-ўсдим, маҳалла ишида қадр топдим. Мен мана шу муқаддас гўша учун боримни беришга тайёрман.

Дарҳақиқат, эътироф кишини руҳлантиради, куч-қувват бахш этиб, юксак мақсадлар сари ундайди. Меҳнатлари эътироф этилган Зарифахон Тўраева ҳам ана шу эътирофга муносиб бўлиш учун янада фидоийлик билан меҳнат қилишига асло, шубҳа йўқ.  

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Олтинкўлда 200 нафар хотин-қиз ишли бўлди

Олтинкўл тумани Қашқар маҳалласида янги трикотаж корхонаси иш бошлади.

Мустақиллик байрами арафасида қурилиб, фойдаланишга топширилган "Яхши ният текстиль" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги ушбу корхонада асосан, аёллар ва болалар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 3,5 миллион дона маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Мазкур корхона тадбиркор F. Усмонов томонидан умумий қиймати 3 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида қисқа муддатда барпо этилди, хорижий давлатлардан замонавий тикув машиналари, дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Келгусида бу ерда яна тўқув корхонаси ва тайёр маҳсулотлар омбори ҳам қурилади.

- Ҳудудий инвестиция дастурига кўра, жорий йилда туманимизда 260 миллиард 558 миллион сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган, - дейди Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оила бўлими бошлиғи Зилола Тоштемирова. - Бугунги кунга қадар 94 миллиард 999 миллион сўмлик 13 та лойиҳа ишга туширилиб, 729 та янги иш ўрни яратилди.

Мустақиллик байрами арафасида юқоридаги корхона билан бир қаторда туманимизнинг турли ҳудудларида балиқчилик йўналишида иш олиб борувчи "Балиқчилик саноати" ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Био стандарт" хусусий корхонаси ҳам иш бошлади.

Туманда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

 

Янги корхона очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва сўзга чиқди.

ЎЗБЕК АЁЛИ

Юзларида гулгун табассум,

Қалби ғараз-кибрдан ҳоли.

Суюкли ёр, меҳрибон сингил,

Садоқатли ўзбек аёли.

 

Сўзларида сира йўқ таъна,

Юзларидан нур ёғар файзли.

Фарзанд учун меҳрибон она,

Ҳароратли ўзбек аёли.

 

Қалби-кўклам, чаманни севар,

Юртни севар, Ватанни севар.

Олима ул, моҳир, гул чевар,

Шижоатли ўзбек аёли.

 

Кўкда моҳдек чиройи тўлин,

Фаришталар ёритар йўлин.

Файзли бека, иффатли келин,

Диёнатли ўзбек аёли.

 

Тўлмасин ҳеч дил паймонаси,

Оқмасин ҳеч кўз ёш, жоласи.

У муқаддас ўзбек онаси,

Малоҳатли ўзбек аёли.

Хуршид КАРИМ

"Энг улуғ, энг азиз" танлови вилоят босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди

Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида мамлакатимиз   мустақиллигининг 29 йиллик байрамига бағишланиб, "Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Танловда шоир ва ёзувчиларнинг, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг, шунингдек, мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимиз, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб бердилар.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича ёзувчи Восит Аҳмад (Абдувосит Аҳмадхонов), телерадио йўналиши  бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Эльмира Раҳмонова, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича Избоскан тумани "Пахтакор" газетаси фото мухбири Маҳмуджон Рустамов, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Муроджон Умаров тақдим этган асар ва ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди.

- Танловда мамлакатимиз мустақиллигини, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи ижодий ишларим билан  қатнашдим, - дейди танлов ғолибларидан бири Муроджон Умаров. - Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсанд-ман. Бу менга куч ва илҳом бағишлайди, келгусида ижодимни янада юксалтиришга, юртимиз ҳаётидаги ўзгаришларни ўзига хос, рангин бўёқларда тасвирлашга ҳаракат қиламан.

Якунда барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ПАРТИЯМИЗ ҲАМИША ФАОЛ ВА ЕТАКЧИЛАР ҚАТОРИДА БЎЛАДИ

Сиёсий партиялар фаолиятидан

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтганига ҳам саккиз ой бўлди. Сиёсий партиялар ўзларининг сайловолди дастурларида эълон қилган ишларни қай даражада бажармоқда? Бу борада Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, жумладан унинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. 

 Тарбия бугунги кундаги долзарб масалалардан бири бўлиб, ёш авлодни юксак маънавиятли, баркамол қилиб камолга етказишда энг муҳим омиллардан биридир. Ўзбекис-тон "Миллий тикланиш" демократик партияси ёш авлод тарбияси борасида ўзининг қатъий позициясини эълон қилган.

Партиямиз 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратган. «Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари» умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш ва амалга ошириш йўлида киритилган "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1059-сонли қарори билан тасдиқланди. Бугун ушбу концепция доирасида оила, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим мактабларида маънавий тарбияни ташкил этиш масалалари бўйича янги концепция амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шунингдек, партиямиз Марказий кенгаши ташаббуси билан "Тарбия" фани ўқитилиши юзасидан киритилган таклиф ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди. Яъни, таклифимиз асосида  жорий йил 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Умумий ўрта таълим муассасаларида "Тарбия" фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Шу асосида умумий ўрта таълим муассасаларида "Одобнома", "Ватан туйғуси", "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари" хамда "Дунё динлари тарихи" фанлари умумлаштирилиб, "Тарбия" фанини ўқитиш белгиланди. Мазкур жараён мактабларда босқичма-босқич жорий этилади.

Мухтасар айтганда, йиллар давомида жар ёқасига келиб қолган миллий тарбия, унинг ўзига хос мезонлари яна тикланмоқда. Бу жараёнда "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси" муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, тарбия ва таълимни бир-биридан алоҳида ажратиб бўлмайди. Бу икки жараён ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этилгандагина юксак маънавиятли, билимдон, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, дунёқараши кенг ва бой тафаккурга эга, ватанпарвар ёшларни тарбиялай оламиз. Бу ишда партиямиз ҳамиша фаол ва етакчилар қаторида бўлади.

Раънохон МАМАСОЛИЕВА,

 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Бўстон туман кенгаши ижрочи котиби.

ОРЗУИМ УШАЛГАНИДАН ХУРСАНДМАН

Дил изҳори

Оилавий боғчанинг қулайликлари кўп. Хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олиш мумкин. Фақатгина, бу соҳада етарли билим ва малакага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.

Мен ҳам кўпдан бери тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, уй боғча ташкил этишни кўнгиллаб юргандим. Яқинда вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят телерадиокомпанияси орқали «Ҳоким ва ёшлар» лойиҳаси доирасида онлайн мулоқот ўтказди. Мазкур мулоқотда мен ҳам иштирок этдим ва давлат шерикчилиги асосида уй боғча очмоқчилигимни, шу масалада менга ёрдам кўрсатишини сўрадим.

Вилоят ҳокими менинг мурожаатимни, ижобий ҳал этиш учун мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шу куниёқ вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Муқаддас Абдуллаева мен билан боғланди. Мурожаатим бу даражада тез ҳал этилишини асло кутмагандим. Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб, ҳомийлик асосида иш ташкил этишни бошлаб юбордилар. Бир ой ичида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди, оилавий боғчамиз фаолият кўрсатиши учун зарур барча жиҳозлар билан таъминланди.

Янги фаолият бошлашимда ўз ишининг устаси, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган Шаҳрихон тумани 8-МТТ мудираси Умринисо Бегматова, 15-МТТ мудираси Турсуной Абдуллаева, 11-МТТ мудираси Гулнора Турсунова ҳамда 2-МТТ мудираси Матлуба Сатторовалар катта ёрдам бердилар, маслаҳатларини аямадилар. Неча йиллик орзуим ушалганидан беҳад хурсандман.

Бу йўлда менга беминнат ёрдам берган инсонлардан чексиз миннатдорман. Ўз зиммамга олган жамиятимиз равнақига ҳисса қўшиш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифани сиқидилдан адо этиш учун астойдил меҳнат қиламан.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

 

Шаҳрихон тумани.