+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

СОЧИЛГАН РИЗҚ

ибратли Ҳикоялар

 - Ризқим бу ерларда эмас экан, она! Йигит боши омон бўлса, дўппи топилади. Насибам қаерларда сочилган бўлса, ўша ерда қўним топаман-да. Фотиҳа беринг, чет элга кетай.

- Бу нима деганинг, болагинам. Яратган барчанинг ризқини ўз элида сочиб қўйибди. Ўзга юртларда эмас, насибанг. Фақат бир оз сабр қил, ҳаракатингни қўйма...

- Э, қачонгача? Кетаман! Бу ерда топган бир сўмимни у ерларда ўн сўм қилиб топаман. Дуо қилинг энди, ризқимни топай!

Она ноилож қўлини дуога очди.

- Қайда бўлсанг ҳам бошинг тошдан бўлсин, ўғлим. Ризқинг бутун бўлсин.

Ўғил кетди. Излаган ризқини ўзга элларда топди. Жуфтини ҳам, турмушини ҳам ўша ерлардан қилди. Фарзандлари чет элда туғилди. Насибаси бутун бўлиб, давлатга эришди.

Аммо... ҳаловат топа олмади. Ўшанда онасидан бир оғиз хотиржамлик, саодат тиламаган экан. Пул топдию, бахт топмади. Ҳамон изидан кўзлари жавдираб қолган онаси хаёлидан кетмайди. Беҳаловат тунлар эса унга азоб бергани берган. Эрта тонгда эса у аҳд қилди:

- Онамнинг олдига кетаман! Ватанимни соғиндим...

"Ризқини излаётган боламнинг кўнгли бузилмасин, унга ўлимимни билдирманг", деб у дунёга рихлат қилган онанинг руҳи эса уни кузатиб турарди.

 

Ибратли дунё

Абдураҳмон ота пул тўлаш учун киссасини қарай туриб, ҳужжатлари солинган сумкаси тушиб қолганини пайқаб қолди. Саросимада келган йўлига боқиб, сумкасини қидиришга тушди.

 Орадан чамаси ярим соат ўтса ҳамки, ҳеч қаердан буюмларини топа олмади. Бу ҳақида энди бозор нозирларга айтиш учун йўналган ҳам эдики, радиоузел орқали ҳужжатлари топилгани тўғрисидаги эълон янгради-ю, хурсандлигидан қандай ўша томон юрганини билмай қолди.

Абдураҳмон ота "Радиоузел" ёнида турган иккита ёш йигитни кўриб, топиб олганлар шулар эканини англади.

 "Тавба, топибсан, бериб кетавермайсанми? Суюнчисини олмасанг нимайди, шуни?"

Ота ичида шундай ўйласа-да, буни сиртига чиқармади. Аста улар олдига бориб, саломлашди.

- Отахон, сумкангизни дўконда тушириб қолдирибсиз.

- Ҳа, қарилик қурсин. Яхшиям сизлар бор экансизлар, катта рахмат. Хўш, суюнчиси қанча бўлади?

Йигитлардан бири ийманибгина жавоб берди:

- Ота, ёшингиз улуғ экан, бу йил дўстим билан ўқишга кирмоқчи эдик. Шунга, бизни дуо қилинг.

Абдураҳмон ота уларни дуо қилди, йигитлар мамнун бўлиб хайрлашишди.

Ота бояги ўйлари учун ўзини-ўзи койиганча, уларнинг ортидан маҳзун кузатиб қолди.

 

Нилуфар тайёрлади.

Бувимнинг "Кал пиёва"си

Ҳикоя

Ота-онам куни билан давлат юмушида бўлганликлари туфайли уйда кўпинча бувим билан қолардим. Ҳовлининг кўзга ташланмайдиган бир четида оддий лойсувоқли қора ўчоққа эрталабдан қозон осилиб,    овқат қайнаб турарди. Бир чимдим гўшт, бир қошиқ сариёғ ва бир неча бош полиз маҳсулотларини узоқ қайнатиб пиширилган шўрва. Бувим уни "кал пиёва" деб атарди.

Бувимни йўқлаб келувчи амма, амакиларим ярим косадан ичиб кетадиган ана шу қайнатма кечмаҳалда ойим ишдан қайтиб тайёрлайдиган таомга қадар асосий овқатимиз эди.

Эрталабдан то тушгача милдираб қайнаб пишадиган "кал пиёва"нинг мазаси ҳали ҳамон оғзимда қолган.

Улғайиб, мактабга бордим. Мактаб сабоқлари йиллар ўтиб олийгоҳ таълими билан боғланди. Талабалик даврларида ҳам ҳар гал  уйга қайтганимда, бувим ҳамон "кал пиёва" билан сийларди. Тўғри, ўртоқларим билан туғилган кунлар, тўй-ҳашамлар, гап-гаштакларда турли лаззатли таомлардан баҳраманд бўлардим, бироқ, барибир бувим пиширган шўрванинг таъмини ҳеч қайси таом босолмасди.

- Буви, шўрвангизни мазали бўлишининг сабаби нимада? - деб сўрадим бир куни овқат ичиб ўтирганда бувимдан.

- Бу - жуда оддий. Икки бош пиёз, бармоқдеккина гўшт, иккитагина картошка, номигагина ёғ...Узоқ қайнаганда масаллиқларнинг таъми сувга ўтиб, шўрвани янада тотли қилади, овқат дармондорига айланади. "Кал пиёва" дейилишига сабаб эса масаллиқларнинг оз солинишидир. Бу овқатни тайёрлаш менга ота-бобомиздан мерос. "Кал пиёва" менга қаҳатчилик, уруш йилларини эслатади. Болалик даврларимни, ота-онамни қўмсайман. Шу боис, ҳар куни пишираман. Энг асосийси, меҳр билан тайёрлайман. Шунда бу овқат ичган одамни бақувват қилади, илигини тўқлайди. Кўриб турибсан, ёшим саксондан ошса ҳам бардам-бақувватман. Ҳалигача ўз овқатимни ўзим пишираман.

Бувимдан ҳол-аҳвол сўрашга келган қариндошлар, қўни-қўшниларнинг ҳаммаси ҳам бувимнинг "кал пиёва"сидан тотинардилар, мақтаб-мақтаб қўярдилар.

Эсимда, бир гал қўшнимиз, бувим билан тенгқур Жаннат бувининг мазаси қочиб, туз тотмай ётганини эшитган бувим шўрвадан бир коса олиб чиқиб, унга ичиргани, шундан сўнг бувининг иштаҳаси очилиб, оёққа турганини эшитгандим. Ўшанда бувим шўрвани дугонасига ичираётиб далдалар берган, ўтган-кетгандан гапириб, ҳазиллашиб, кулгули воқеаларни эслатган, Жаннат буви дардини батамом унутганини келинлари ҳамон эслаб юришади.

Болалик, ёшлик ортда қолди. Ҳаёт ташвишларига берилдик. Бувим тўқсондан ошиб  оламдан ўтди.

Ота эшигига ҳар гал борганимда, ҳовли бурчагида сақланаётган бувимнинг ўчоғига кўзим тушади. Кексайиб қолган ота-онам билан чорпояда суҳбатлашиб ўтириб, ўчоққа тез-тез назар ташлаб қўяётганимни уйдагилар дарров сезишади.

- Биздан кейин нима бўлади, билмадим, аммо то кўзимиз тирик экан, бу ўчоқ бузилмайди. Бувингдан қолган ўчоқ худди рўзғоримизнинг баракасига ўхшайди, қизим! -  деб қўяди онам.

Ҳар келганимда, албатта ўчоқ ёнига бораман, уни сийпалайман. Бувимнинг "кал пиёва"си таъмини туйгандек бўламан.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА  

Устоз ҳурмати

Авжи саратон. Қуёш ниҳоятда қиздирган. Биз пешин намозидан чиқиб келаётган эдик. Қабристон рўпарасига келганда, унинг ўртасидан янтоқ ва қамишларни иккига ёриб, терга ботган ҳолда, қўшни қишлоқнинг сартароши Шаҳобиддин чиқиб келяпти. Биз ҳайрон бўлдик: "бу устанинг боболари, аждодлари бу ерда бўлмаса, нима қилиб юрибди иссиқда? Ё бирор нарса излаб юрибдими?"

Ундан сўрадик:

-Келинг,уста! Тинчликми-а? Астойдилсиз?

-Устамнинг қабрини топиб, унинг ҳаққига Қуръон тиловат қилдим, - деди юзидаги терларни оқ дурра билан артаркан.

Шерикларимдан бири:

-Ким эди устангиз? - деб сўради.

-Уста Ҳакимжон ака эди. Шаҳарда ишлаганда шогирд бўлиб, 4 йил юрганман. Тез-тез уйига - болаларининг олдига, қабрининг устига келиб тураман. Раҳматлик яхши одам эди, жойи жаннатда бўлсин!

Биз уста Шаҳобиддинга раҳмат айтдик. Қиблага қараб унинг ҳаққига, касбига, устози - уста Ҳакимжоннинг руҳи покига дуо қилдик ва қуйидаги байтни келтирдик.

Кимки сенга бўлди устоз, таъзим айла бир умр,

Этмасанг ҳурмат бажо, тор бўларканмиш қабр.

 

Яхши бўлсанг, яхши ном оласан

Отам раҳматлик этикдўз уста эди. Каттагина дўконидан одам узилмас, иш билан келганлар ҳар-хил гапларни гаплашиб, кулишиб ўтирар эдилар. Бир куни дўконда суҳбатлашиб ўтирган кексалардан иккитаси гап талашиб, айтишиб қолди. Бири ножўя гап гапириб юборди шекилли, иккинчиси:

-Сенга одамлар бекорга "сассиқ" деб лақаб қўймаган экан, оғзингдан чиққан гапни қара! - деб юборди.

Шунда биринчиси:

-Менинг "сассиқ"лигимниям ҳамма билади, сенинг "бўзак"лигингниям ҳамма билади. Бу лақабларни одамлар икковимизгаям билиб қўйган.Ўзингга ҳам озгина олиб қолиб гапир! - деди.

Отам раҳматлик тикаётган чокини қўйиб, - "қизишманглар! Бир ердаги одамсизлар, ёшларинг бир ерга бориб қолган!", - деб иккаласини яраштириш учун қизиқ бир воқеани айтиб бериб, ўртадаги совуқ муносабатни эритгандай бўлди.

Улар кетганидан кейин:

-Ота, нимага бу чолларнинг лақаби "сассиқ", "бўзак" бўлиб қолган? - дедим қизиқиб.

-Э, ўғлим, халқ ниҳоятда донишманд. Яхши бўлсанг, яхши лақаб қўяди, ёмон бўлсанг, ёмонроқ. Менам билмайман буларни нега шунақа лақаб олганини, - деди отам қўлидаги бигизнинг учи билан бошини қашларкан. Анча жимликдан кейин:

-Сен яхши бўлгин. Мана, қара, лаби очиқ пистани - ҳандон писта, ниҳоятда ширин қовунни - оби новвот, шакарпалак, чиройли, тўғри ўсган теракни - мирза терак, чақилиши қийин ёнғоқни - тош ёнғоқ, дейди халқ. Шунга ўхшаб одамларнинг ҳам феъл-атвори, муомаласига қараб ҳар-хил сифатлар билан таърифлашади. Мана бу қўшнимизни мулла Тошпўлат, нариги қўшнимизни Сиддиқ қори, бу қўшнимизни Фаёз махсум, мени эса уста бува, дейди одамлар. Шунинг учун халқ орасида яхши деган ном олгин. Ҳалиги тоғаларинг ҳам яхши одамлар. Чунки, одамнинг мутлақ ёмони бўлмайди. Лекин, қара, арзимаган нарсага бир-бирининг дилини оғритди. Бу - яхшимас! - деди.

Тўртлик:

Кулиб турса писталар, "ҳандон писта" дедилар,

Ўсса терак хушбичим, "мирза терак" дедилар.

Жарангласа пиёла, "жонон пиёла" эмиш -

Шу хислатлар инсонга, албат, керак дедилар.

 

Олимжон РАҲИМОВ

Меҳнат ва ҳалоллик инсонни улуғлайди, - дейди асакалик меҳнат фахрийси Олимжон ота Раҳимов

Ибратли умр соҳиблари

Кексалик ҳам келди менга

яхши роҳатлар билан,

Тинчлигу орасталик,

бахту саодатлар билан...

Ҳам ширин онлар билан,

ҳам яхши ҳамдамлар билан,

Ҳам тўкин дастурхону

файзу барокатлар билан...

Ҳа, Олимжон ота Раҳимов ўз ғазалларининг бирида ёзганидай, бугун бахту фароғатда тинчлик-хотиржамликда, эъзозу-эҳтиромда кексалик гаштини сураётган табаррук нуронийлардан бири, десам асло муболаға бўлмайди. Бугунги фаровон кунларга етишнинг ўзи бир бахт эканлигини бошқалардан кўра, домланинг ўзи чуқурроқ ҳис этади. Чунки, шу кунларга етиб келгунича, не-не чиғириқлардан, ҳаётнинг қанча баланд-пастларидан ўтмади, дейсиз!.. Болалик давридаги азоб-уқубатларни, ҳаётнинг машаққатли  синовларини енгиб ўтиш албатта, осон кечмаган.

Табиатан камтар, каттаю кичикка бирдек ҳурмат билан гапирадиган Олимжон ота билан 2001 йилда танишгандим. У ўшанда нашриётга ўзи туғилиб ўсган Қайрағочариқ қишлоғи тарихи ҳақидаги китоб кўлёзмасини олиб келган эди. Биринчи суҳбатданоқ, у инсоннинг камтар, ўта маданиятли, билимдон, айниқса, адабиётга, ижодга ихлоси баланд, шеърият шайдоси эканлиги яққол намоён бўлган эди. 

Йиллар давомида Олимжон ота билан қадрдон бўлиб кетдик. У кишининг қатор китобларига муҳаррирлик қилдим, суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлдим,  бой ҳаёт тажрибаларидан сабоқ олиб, камтарликни, меҳнатсеварликни, одамларга ўзига хос муомала-муносабатни ўргандим. Ким билан суҳбатлашмай у киши ҳақида фақат илиқ ва яхши гаплар эшитдим.

 

Ўттиз етти йил бир мактабда ишлаган муаллим

...Олимжон Раҳимов 1934 йил 20 августда Асака тумани Қайрағочариқ қишлоғида таваллуд топган. Болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Кўп қийинчилик, машаққатларни кўрди. Қандай қийинчилик бўлмасин, ҳалолликни, меҳнат қилиб, ҳалол нон топишни ўзига шиор қилиб олди. Ўрта мактабни тугатгач, Фарғона педагогика институтида таҳсил олди. Олийгоҳни тамомлагандан сўнг, маълум вақт     Олтинкўлнинг Миробод қишлоғидаги ўрта мактабда ёшларга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

Кейин эса, аниқроғи 1957 йилдан 1994 йилгача, яъни, 37 йил меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Асака туманидаги 36-ўрта мактабда давом эттирди. Домла ўз касбининг    фидойиси, етук мутахассиси сифатида жуда кўп фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар олган. Малакали мутахассис кўп йиллар она тили ва адабиёти фанидан вилоят фан олимпиадасини ўтказишда фаол иштирок этди. Самарали фаолияти, меҳнатсевар, камтар ва фидойилиги, тўғрисўз ва ҳалоллиги билан Олимжон Раҳимов нафақат ҳамкасблари, маҳалладошлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топди. 

 

Сермаҳсул ижодкор

Домла талабалик йилларидан бошлаб, шеър ва ғазаллар ёзишни машқ қилиб юрди. Лекин  тирикчилик, оила ташвишлари, фарзандлар тарбияси билан бўлиб бадиий ижод билан жиддий шуғуллана олмади. Нафақага чиққандан сўнг эса бадиий ижод унинг энг асосий машғулотларидан бирига айланди.

Кейинги йилларда Олимжон ота самарали ва баракали ижод қилиб келмоқда. Унинг "Умр қўшиқлари" (1999), "Қайрағочариқ қишлоғи" (2001), "Кўнгил дафтари" (2001), ""Қайроғочариқ қишлоғи" (тўлдирилган қайта нашри, 2001), "Пок туйғулар" (2002), "Дилимдаги мисралар" (2004), "Инсондаги энг олий хислатлар" (2008), "Ҳаёт - ибрат мактаби" (2010), "Кўнгил мулки" (Сайланма, 2011), "Ибратли воқеалар" (2013), "Ҳаётимдан хотиралар" (2015), "Қутайба ибн Муслим", "Сафар таассуротлари", "Fазал ишқида", "Сирли ҳарфлар",  "Холис фикрлар" (2018), "Икки томчи ёш" (2020) номли 20 га яқин китоблари чоп этилиб, ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.

 

Қардон дўст

Олимжон ота қишлоқдошлари, муаллимлар, курсдошлар, ижодкорлар, хожилар ўртасидаги жуда кўп давраларда бўлади. Шу боис, уларнинг орасида қадрдон дўстлари, биродарлари жуда кўп. Ҳамма билан борди-келди қилишга вақт топишига жуда ҳавас қиламан. Ҳеч қачон бирор тадбирни ишим бор эди, деб қолдирганини эслай олмайман. Ҳатто, бироз бетоб бўлса-да, қадрдонлари олдига боришга ҳаракат қилади. Очиғи, мен у кишидаги дўстларга меҳрибон, садоқатли, яхши-ёмон кунларда қувончу ташвишига шерик бўлишдек юксак инсоний фазилатларни қадрлайман, инсонлар билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда у кишидан ибрат олишга интиламан.

Домланинг Жамолиддин хожи Исмоилов, Мирзаабдулла хожи Абдураҳмоновдай юзлаб қадрдон дўстлари, юзлаб садоқатли шогирдлари борлигидан қувонаман.

 

Меҳнат инсонни улуғлайди

Олимжон отанинг хонадонида каттагина узумбоғ бор. Ёши тўқсонга яқинлашган бўлишига қарамай, ҳозир ҳам у киши турли тадбирлар, тўю маракалардан ортиниб, боғ парвариши билан шуғулланади.

Боғдорчиликнинг ҳадисини олган бу инсон етиштираётган ранг-баранг, қўзни қамаштирадиган узумларни қўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.

- Меҳнат инсонни улуғлайди, дейди Олимжон ота. - Жуда кўп йиллардан буён деҳқончилик қиламан, узум етиштираман. Чин дилдан, ҳалол меҳнат қилганнинг ишига  Аллоҳ барака бераверар экан. Ўқитувчиликдан бўш вақтларимда узум етиштириш орқали хонадонимга қўшимча даромад киритдим. Узум етиштиришнинг баракаси ортидан уйлар қурдим, тўйлар қилдим, хонадонимга қут-барака ёғилди. Бунинг учун яратганга ҳамиша ҳамду санолар айтаман.

 

Ибратли оила соҳиби

Олимжон ота нафақат Қайрағочариқ қишлоғидаги, балки Асакадаги пиру бадавлат оилалардан бирининг соҳибидир. Раҳматли турмуш ўртоғи билан 10 нафар фарзандни - 5 ўғил, 5 қизни тарбиялаб вояга етказди, ўқитди, уйлаб-жойлади. Бугун отанинг фарзандлари турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилаётган, эл-юрт ишига камарбаста инсонлардир. Ота эса 34 невара, 24 чеваранинг суюкли бобоси бўлиб кексалик гаштини сурмоқда.   

 

Шукроналик

- Мана шундай тинч, дориломон кунларга етказганига шукр, - дейди Олимжон ота. - Бу кунларга кимлар етди, кимлар етмади. Қанча сувлар оқиб ўтди, қанча-қанча инсонлар бугунгидай озод кунларга етишни, эмин-эркин ибодат қилишни, масжидларга бориб намоз ўқишни орзу қилиб, армон билан ўтди. 

Бу кунлар осонликча, ўз-ўзидан бўлиб қолмади. Шу боис, бугунги авлод, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч, тўкин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етсин, асраб-авайласин.

Мустақиллик байрами арафасида Олимжон отанинг "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг кўп йиллик меҳнатлари, эл-юрт ишига, ёшлар тарбиясига  қўшаётганган муносиб ҳиссаси эътирофидир.

Бир сўз билан айтганда, Олимжон отанинг ҳаёт йўли ёш авлод, умуман кўплаб инсонлар учун ибрат мактабидир.

Мен ҳам Олимжон отага яна кўп йиллар соғ-саломат юриб, ўз мухлисларига қатор китоблар тортиқ этишини тилаб қоламан.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Отинойи ўқишдан, изланишдан тўхтаб қолмаслиги керак

фикр

Бугун жамиятдги жараёнларда, аниқроғи, оилаларни мустаҳкамлаш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзандлар тарбияси, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлашда диний-маърифий соҳа вакиллари, хусусан, имом-хатиблар ва отинойиларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони уларнинг фаолиятини  янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.   

Фармонда дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишнинг ва малакали      кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этиши таъкидланган.

Жумладан, маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш юзасидан қатор устувор вазифалар белгиланган.

"Жаҳолатга қарши маърифат" деган улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг тарғиб этишга, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат,  тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада кучайтириш ҳамда уларнинг билим ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг фармони ижроси доирасида туманимизда ҳам отинойилар билим ва малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оила бўлими ҳамкорлигида туман маҳаллаларида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ва отинойилар учун бир неча марта бепул ўқув курслари ўтказилди.  Ўтган йилнинг январь ва сентябрь ойларида ташкил этилган ҳафталик ва ўн беш кунлик ўқув курсларида мамлакатимизнинг турли диний таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан қизиқарли ва мазмунли дарслар ўтказилди.

Ўқув курслари машғулотларида биз отинойилар ўз билим ва малакамизни янада бойитдик. Фаолиятимизни янада самарали ташкил этиш бўйича малака ва тажрибамиз ортди.

Биз отинойилар ўқув курсларида таҳсил олиш билан чекланиб қолаётганимиз йўқ. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ташаббуси билан тез-тез турли семинар ва тадбирлар ўтказиб туриш анъанага айланган. Ана шу  тадбирларда бир-биримиздан иш ўрганамиз, ўзаро тажриба алмашамиз. Бу аҳоли, айниқса, ёшлар билан иш олиб боришимизда жуда қўл келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда отинойи  катта ҳаётий тажрибага, диний ва дунёвий билимларга эга, халқ орасида обрў-эътиборли, динимиз моҳиятини тўлиқ тушуна оладиган, жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор, миллий-диний қадриятларимизни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган даражада билимга эга бўлиши керак. У маҳаллада, одамлар, айниқса, ёшлар орасида тинчликнинг қадрига етиш, дунёда бўлаётган ўзгаришлар, нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушунтириб бера олиши зарур. Бундан ташқари, оила мустаҳкамлигини таъминлаш,    шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунча бериши, маҳалла, оиладаги муҳитнинг барқарор бўлиши учун астойдил меҳнат қилиши керак.

Ҳар бир отинойи ўқишдан, изланишдан тўхтамаслиги, одамлар, айниқса, ёшлар орасига кириб бориши, мамлакатимиз, халқимиз тинчлигини сақлаш, ёш авлод тарбияси борасидаги ишларда ҳамиша фаол бўлиши керак.

Ибодатхон ТИЛАВОЛДИЕВА,

Марҳамат туманидаги

"Ўқчи" МФЙ отинойиси.

 

 

БИБИСОРА ШОИРА БЎЛМОҚЧИ

Бугуннинг ёшлари

Бибисора Рустамова Андижон туманидаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси. У бошланғич синфда ўқиётган пайтидаёқ шеърлар ёза бошлаган. Ўқиш китобини тугатиб, равон ўқишни ўргангач, турли эртак китоблар билан бирга, шеърий тўпламларни қизиқиб ўқиди, шеърларни ёд олди.

Кейинроқ ёш Бибисора адабиётга, ижодга бўлган қизиқиши сабаб, мактабда ташкил этилган "Ёш ижодкорлар" тўгарагига аъзо бўлди. Тўгарак раҳбари Ойдиной Азимова Бибисорадаги иқтидор ва интилишни кўриб, қўллаб-қувватлади, унга устозлик қилди. Шеър ёзишнинг қонун- қоидалари, мезонларини ўргата бошлади.

Айни пайтда ёш ижодкор қиз кичик-кичик шеърлар ёзади. Ҳали ғўр, тажрибасиз бўлса-да, унинг шеърларида болаларча самимият, соддалик билан бирга, ўзига яраша маъно, ширин мағиз бор. Шеърларида Ватанга муҳаббат, ёшлик жўшқинлиги, болалик фаслига хос беғуборлик уфуриб туради.

Унинг Ватан, мустақиллик, шеърият, табиат, она ҳақидаги шеърлари бунга мисол бўла олади.

 

Ватан дея урмоқда юрак,

Шу заминнинг гул ғунчасиман.

Озод Ватан меҳридан қониб,

Мен бахтлиман, бахтли қизчаман.

деб ёзади Бибисора Ватан ҳақидаги шеърларининг бирида.

Ҳозир Бибисора 5-синфда ўқимоқда. Мактабнинг энг фаол, жамоатчи ва аълочи ўқувчиларидан. Ижод намуналари билан турли кўрик-танловларда иштирок этиб, доимо совриндорлар сафидан ўрин олади.

Ёш ҳаваскор ижодкор қизнинг шеърлари "Иқбол", "Келажак" газеталарида,  "Fунча", "Гулхан", "VUNDERKIND" болалар журналларида чоп этилган.

Бибисора келажакда буюк ўзбек шоираси Зулфияхонимдек халқ суйган, эли ва юрти учун ёниб яшайдиган шоира бўлмоқчи.

Ҳа, қизалоқнинг беғубор ниятлари ўзига ҳамроҳ бўлсин.

Йўлларинг очиқ ва равон, қаламинг ўткир бўлсин, Бибисора. Омад ва бахт асло тарк этмасин.

 

Аббосбек ҲАБИБУЛЛАЕВ

Мусиқа инсон қалбини чақмоқ каби ёритмоғи лозим

Машҳур композитор Людвиг Ван Бетховен "Мусиқа инсон қалбини чақмоқ каби ёритмоғи лозим", деган эди. Дарҳақиқат, мусиқа шундай бир кучга эгаки, инсон қалбини тинчлантиради, руҳига ором бағишлайди. Мусиқа орқали инсон дам олади, илҳомланади, куч тўплайди.

Халқимизда "бола тарбиясини она қорнидалигидаёқ бошлаш керак", деган гап ҳам юради. Бу бежизга айтилмаган. Аёллар ҳомиладорлик вақтидаёқ, вужудидаги фарзанди яшаётганлигини ҳис қилишлари ва унга эътиборлироқ бўлишлари керак. Сокин ҳаёт тарзини юритиши, эр-хотин фарзандлари олдида жанжаллашмасдан, ўзаро тинчлик, аҳилликда ҳаёт кечириши зарур. Онанинг туғилажак фарзанди учун мусиқа қўйиб эшитиши ҳам катта аҳамиятга эга. Фарзанд она қорнидаёқ сокин ва шўх мусиқани ажрата олади. Она жўшқин мусиқа тинглаганида, бола ҳам она қорнида тез ҳаракатлана бошлайди, аксинча, сокин мусиқада тинчланади.

Янги туғилган чақалоқ онаси айтган алла оҳанггига қулоқ тутади, тинчланади. Рақсбоп шўх қўшиқ ёки мусиқа эшитса, қўл-оёқ ҳаракатланади, завқланади. Демак, бола мусиқий    ритмларни она қорнидаёқ ўзлаштирган.

Мактабгача таълим муассасаларида болалардаги мусиқий билим кўникмаларини ривожлантириш учун ёш хусусиятлари эътиборга олинади. Мусиқа машғулотлари режа асосида гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилади. Бунга ритмик ҳаракатлар, мусиқа тинглаш, куйлаш жараёнлари киради. Болаларнинг мусиқага бўлган қизиқишларини ошириш учун, уларга урма мусиқа асбобларида пианино жўрлигида кичик куйлар чалиб ўргатилади.

Умумтаълим мактабларида мусиқа дарсларини ўқитиш, сифат ва самарадорлигини ошириш Давлат таълим стандарти асосида олиб борилади. Ўқувчиларни ёш хусусиятлари инобатга олиниб,  синфларга ажратилади. Жамоа бўлиб куйлаш учун қўшиқлар, тинглаш учун куйлар берилади. Мусиқий саводхонлигини ошириш учун ноталар, уларнинг жойлашуви, товушларни паст-баландлиги, бастакор-композиторлар ижодлари ўргатилади. 

Ҳар бир синфда мусиқий саводхонлик йўлга қўйилиб, ўқувчилар етти йиллик мусиқий билимларга эга бўлиб, ноталарни бемалол куйлаб бериш даражасига етадилар.

Ўқитувчилар мусиқа маданияти дарсида илғор педагогик технология ва усуллардан кенг фойдаланишлари муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчиларни қобилиятига қараб мусиқа тўгаракларига жалб қилиш, улар билан мунтазам шуғулланиб бориш лозим. Ўқувчиларда мусиқага бўлган ҳис-туйғуни шакллантириш орқали уларнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббат туйғулари янада мустаҳкамланади. 

Гулираъно МАМАЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги

 

3-мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.

Рус тилини ўқитишда инновацион технологияларнинг аҳамияти

Мутахассис минбари

Таълимда қўлланиб келинаётган барча инновацион педагогик технологиялар ўқув жараёни самарадорлигини оширишга ёрдам бериши тажрибалардан маълум. Ўқувчиларга рус тили ўргатишда ижодкорлик, маҳорат, янги ғояларни қўллаш муҳим аҳамият касб этади.

Дарс жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланиш ўқувчилар ижодий фаоллигини ривожлантиришга, ўз устида ишлашига, мустақил тил ўрганишларига ёрдам бериш билан бирга, рус тилини амалиётда тўлақонли ўзлаштириш имконини беради. Ўқувчига рус тили фанини ўқитиш ва ўргатишда аналитик, репродуктив ва продуктив характердаги машқларни ўз ичига олувчи услубларданг кенг фойдаланиш ҳам яхши самара беради.

 Машқларни шундай танлаш керакки, улар ўқувчининг билим, тафаккур ва дунёқарашини оширишга, шунингдек, тарбиясига ижобий таъсир қилиши керак. Тил ўрганишда  матнлардан ташқари қўшимча топшириқлар билан ишлаш  ўқувчиларнинг ҳам маънавий, ҳам тарбиявий салоҳиятини юксалтириш, ўз фикрларини қийналмасдан етказиш ва гап тузиш кўникмаларини оширади. Тўғри танланган машқлар ўқувчиларга мавзуни тўлиқ ўзлаштиришига, матнларни грамматик хатоларсиз ёзишига ёрдам беради.

Мавзуга оид машқлар ва топшириқларни бажаришда орфографик ва изоҳли луғатлар билан ишлаш жараёни ҳам қамраб олинади. Бу жараён  ўқувчиларда назарий билимлар олиш билан бирга, оғзаки нутқни шакллантириш ва ривожлантириш, рус тилида эркин сўзлашишни ўрганишга катта ёрдам беради.

 

МахсумаТАДЖИМАТОВА,

 Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактаби рус тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.    

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЁШЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА

Шаҳрихон туманида вилоят прокуратураси вакиллари, туман ҳокими, секторлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида хотин-қизлар ва ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан тумандаги 1-сон касб-ҳунар коллежида ташкил этилган учрашувда турли маҳаллаларда яшовчи хотин-қизлар, ёшлар иштирок этиб, ўзларини қийнаётган турли муаммолар бўйича мутасаддиларга мурожаат қилди.

Бевосита мулоқот давомида 33 нафар аёл турли муаммо ва масалаларни ижобий ҳал этилиши бўйича ёрдам сўради. Бир гуруҳ аёлларнинг муаммолари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Яъни, кам таъминланган 6 нафар уй бекасига хонадонида парваришлаш учун, қўй, қуён ва парранда берилди, 2 нафар аёл иш билан таъминланди, 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди.

- Турмуш ўртоғим мавсумий ишлар билан шуғулланади, ўзим фарзандлар тарбияси билан бандман, - дейди Чўжа маҳалласида яшовчи Гулсанам Қаҳҳорова. - Доимий даромадимиз йўқлиги учун, айниқса, пандемия даврида анча қийналдик. Учрашувдан фойдаланиб, хонадонимизда даромад келтирадиган бирор иш билан шуғулланишим учун ёрдам беришларини сўрадим. Шукрки, мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ҳал бўлди. Оиламизга боқиш учун 5 дона наслли қуён озуқаси билан берилди. Энди қуён боқиб, уни кўпайтириб, сотиб, даромад олиш имконига эга бўлдим.

Учрашувда умумтаълим мактаблари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасидаги муоммолар ҳам ўрганилди. Битирувчи ёшлар билан суҳбатда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ёшларга кредит ва тикув машиналари олиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ўз хонадонида тикувчилик билан шуғулланиш истагидаги 8 нафар қизга кредит асосида тикув машинаси берилди.

- Учрашувда тикув дастгоҳи сотиб олиш учун имтиёзли кредит олишимга ёрдам беришларини сўраган эдим, - дейди Назармаҳрам маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Холитова. - Истагим шу ернинг ўзида ҳал бўлди. Менга кредит асосида замонавий тикув машинаси берилди. Энди тикувчилик билан шуғулланиб, оиламизга қўшимча даромад киритаман.

Учрашув давомида бир қатор ёшлар иш билан таъминланди.

Шунингдек, тадбирда бир гуруҳ эҳтиёжманд фуқароларга совға-саломлар, фарзандлари учун ўқув қуроллари берилди, фуқаролик паспортини олишга амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредитлар олиш, ишга жойлашиш бўйича иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

"SABO KLASTER" пахта йиғим-терим мавсумига шай

Пахта - 2020

Бугунги кунда пахта хомашёсини етиштиришда илғор, замонавий технологияларни қўллаб, ҳосилдорликни бир неча баробарга ошираётган пахтачилик кластерлари фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Бўстон туманида фаолият юритаётган "Sabo klaster" пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерида ҳам пахта  етиштиришда замонавий инновацион технологиялардан кенг қўлланилмоқда. Натижада пахтадан юқори ҳосил олиниб, "оқ олтин" хирмонининг салмоқли бўлишига эришилмоқда.

Айни кунларда деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари бошланмоқда. Пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери пахтакорлари ҳам йиғим-терим мавсумига пухта тараддуд кўрдилар. Йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш учун "Sabo klaster" томонидан жами 15 та терим отряди ташкил этилди.

Мазкур қишлоқ хўжалиги кластерининг умумий экин майдони 1 минг 786 гектар бўлиб, шундан 1 минг 86 гектарида пахта етиштирилди. Айни кунда     кластер хўжалигида пахта йиғим-теримига пухта ҳозирлик кўрилиб, теримчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

-      Пахтани сифатли етиштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш учун барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилди, - дейди "Sabo klaster" қишлоқ хўжалиги кластери раҳбари Баҳодиржон Қодиров. - Бунинг самараси ўлароқ, кластеримизнинг жонкуяр аъзолари томонидан парваришланган "Андижон-35", "Андижон-37" каби ҳудуд иқлимига мос ғўза навларидан мўл ҳосил етиштиришга эришдик. Эндиликда бошланаётган йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур барча ишлар амалга оширилди.

Агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ҳосил салмоғини ошириш ва самарадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Ана шундан келиб чиқиб, олиб борилган ишлар натижасида мўл ҳосил олиш учун мустаҳкам замин ҳозирланди.

Бундан ташқари, илғор тажриба, инновацион усулларни кенг жорий этиш орқали  "Sabo klaster" қишлоқ хўжалиги кластери фаолияти йилдан-йилга юксалиб, пахта ва ғалла етиштиришда юқори натижаларга эришмоқда. Кластер корхонанинг ғалла топшириш йиллик режасини туманда биринчилардан бўлиб бажаргани фикримизга бир мисолдир. Ишонамизки, кластер корхона давлатга пахта топшириш режасини ҳам илғорлар қаторида бажаради ва мамлакатимиз "оқ олтин" хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшади.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

"SAYYORA FAVVORASI" ХК

 

матбуот хизмати ходими.