+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Март 2021

РАЪНО ЯРАШЕВА: «КИНОАКТРИСА БЎЛИШНИ ОРЗУ ҚИЛМАГАНМАН!»

Бизнинг суҳбат

Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театри ижодий жамоасининг вилоятимизда ижодий сафари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Теша Мўминов, Ёқуб Аҳмедов, таниқли театр ва кино ижодкорлари Муқаддас Холиқова, Гулчеҳра Иброҳимова, Меҳриддин Раҳматов сингари саъаткорлар сафида эл суйган санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ҳам Андижонда бўлди.

Мухбиримиз актриса билан учрашиб, унинг фаолияти, ҳаёти ва қизиқишлари хусусида суҳбатлашди. Қуйида ана шу суҳбатни Сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Раъно Ярашева 1961 йили Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида таваллуд топган. Актриса 1991 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Тошкент театр ва рассомчилик олийгоҳини тамомлаган суҳбатдошимиз театр масканида пардозчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.

 

Театрда саҳналаштирилган спектакллар, хусусан, "Ҳаёт эшик ортида"да Табассум, "Жиноят устида ушлансин"да Манзура, "Кулойим"да Анна, "Жодугар канизак"да канизак, "Энага"да аёл "Қаллиқ ўйин"да Хамрогул "Чимилдиқ"да янга, "Шайтон ва фаришта"да Ўғилой,    шунингдек, "Соҳибқирон"да вазирнинг қизи, "Меҳробдан чаён"да Нозик, "Ўтган кунлар"да Офтобойим каби ролларни маҳорат билан ижро этган. Бундан ташқари, қатор кинофильмларда ижро этган роллари орқали   халққа танилган.

 -     Театр ва киноларда оғир-вазмин, мулоҳазали аёл қиёфасида гавдаланасиз. Бироқ комик роллар ҳам сизга ярашади. Раъно Ярашева ҳаётда аслида қандай қиёфада гавдаланади?

-      Ҳаёт бу роль ижро этиш эмас. Турмуш, инсонлар билан муносабат, зиммамиздаги бурч ва вазифалар, буларнинг бари ўта мураккаб жараёнлар. Ҳаётда мен самимий, тўғрисўз, ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, касбини, оиласини яхши кўрадиган инсонман. Кези келса қаттиққўлман, баъзан ҳазилкаш ҳам бўлиб тураман, энг муҳими, тартиб-қоидани яхши кўраман. Ўзимнинг оиламда меҳрибон она ва буви, дўстларимга садоқатлиман, очиқкўнгил инсонман, деб ҳисоблайман.

-      Бирор спектакль ёки сериалда роль ижро этябсиз. Ишнинг ўртасига келганда режиссёр томонидан сизга эътирозлар билдириляпти. Режиссёрнинг инжиқликлари ортиб бормоқда. Шунда ўйнаган ролингиздан воз кечиб, бошлаган ишни якунламай кетасизми ёки аксинча?

-      Ҳаётимда бундай ҳолатга дуч келмаганман. Аммо ҳар қандай қийинчиликка бардош бериб, ишимни охирига етказаман. Режиссёр талаб қилган нарсани, характерни ўхшата олмасам ёки бошқа камчилиги бўлса, ўрганаман, изланаман, одамларни кузатаман, ҳамкасбларимдан маслаҳат сўраб, керакли талабга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам ишимни охирига етказаман.

-      Ҳаётда кўпроқ юракка бўйсунасизми ёки ақлга?

Ижодкор бўлганим билан мен кўпроқ ҳаётда ақл билан иш юритаман. Шундай инсонлар борки, жаҳли чиққан пайти ўзини йўқотиб қўяди ва вазиятни кескинлаштириб бораверади. Мен эса ҳар қандай вазиятда мулоҳаза билан иш юритаман, етти ўлчаб бир кесаман.

-      Шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

-      Актриса Мукаррам Бекмуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мияссар Бердиқулова,  Лола Элтоева, ёшлардан Дилноза Кубаевалар мени ўзларига устоз деб биладилар.

-      Шогирдларингиз кўнглингизни оғритган пайтлари бўлганми?

-      Албатта, шундай вазиятлар ҳам бўлган. Ўшанда гастроль сафарида эдик, шогирдларимдан бири арзимаган гапим учун менга юзини ўгириб қўполлик қилганди. Бу кўнглимга оғир ботган ва унга бу ҳақида бир оғиз ҳам сўз очмадим. Аммо орадан анча вақт ўтиб, ўзини айбини тан олиб, мендан кечирим сўраган.

- Сир бўлмаса бу қайси шогирдингиз?

- Дилноза Кубаева.

-      Дилингизни оғритган инсонлардан ўч оласизми?

Мени бувам катта қилган, унинг тарбиясини олганман. Улар ҳеч қачон бировнинг эшигини қаттиқ ёпма. Чунки кун келиб, ўша эшикни қайта очишингга тўғри келиши мумкин, деб тарбия берганлар. Кимдир дилимни оғритса, қанчадир муддат хафа бўлиб юраман, кейин умуман эсимдан чиқараман.

-      Фарзандингиз билан чиқиша олмаган пайтларингиз бўлганми?

- Бу каби ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Қизим Мадина Мумтоз айниқса, турмушга чиқишидан олдин эркатой бўлган ва унга кўп танбеҳ берардим. Аммо ҳечам аразлашиб юрмаганмиз. Келишмовчиликдан сўнг бироз вақт ўтиб, яна одатдагидек гаплашиб кетамиз.

- Тушкунликка тушиб қолган пайтларингизда, бу ҳолатдан қандай чиқиб кетасиз?

- Гоҳида ишонган одамларингиз сизга панд бериши мумкин ёки бошқа кимдир атайлаб сизга чоҳ қазийди, ёхуд биронта муаммога дуч келиб қоласиз. Ҳаёт фақат чиройли кунлардан иборат эмас, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Тушкунликка тушиб қолган пайтларимда ижодкорлигим қўл келиб, йиғлаб-йиғлаб, дилимдаги борини қоғозга тўкаман.  Шеърни ёзиб бўлганимдан кейин анча енгил тортаман, хафагарчилик, дилхиралик либосини ечиб, қатъиятлилик ва сабрлилик либосини кийиб, яшашда давом этаман.

-      Ижро этган ролларингиз ичида қай бири кўнглингизга энг яқини?

- Миллий театрда саҳналаштирилган  "Увайсий"да Нодирабегим ролини мароқ билан, шунақанги берилиб ижро этганман. Шунингдек, режиссёр Мунаввара Абдуллаева томонидан саҳналаштирилган "Бевалар" номли комедик спектакль  мен учун ёзилган. Унда турмушнинг турли қийинчиликларини кўрган, бефарзанд, бева аёл ҳаёти  намойиш этилади. Ушбу роль орқали қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари таъсирига тушиб қолганман.

- Театр ёки кино танлашга тўғри келиб қолса қай бирини танлайсиз?

- Албатта, театрни танлайман. Театр даргоҳи мен учун жудаям қадрлидир. Ҳаётимни театрсиз тасаввур қила олмайман. Мен ҳеч қачон кино актрисаси бўламан, деб орзу ҳам қилмаганман. Лекин бу кино менга ёқмайди, дегани эмас албатта. Кинофильмларда роль ўйнагани таклиф қилишса, жон деб рози бўламан.

-      Юртдошларимизга,  газетамиз муштарийларига тилакларингиз.

- Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Ҳаётимиздаги турли муаммолар, қийинчиликлар бари ўткинчи. Инсон ҳамиша улардан устун туришга интилмоғи зарур. Бунинг учун киши ёши улуғлар, билимли, маданиятли, маънавиятли инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилиб туриши, янада муҳими, имкон қадар китоб, газета ўқиши керак.

Китоб, газета бизга билим беради, мулоҳазали бўлишга ўргатади, қалбимизга эзгу фазилатларни муҳрлайди. Шундай экан, барча юртдошларимни, газета муштарийларини китобга дўст тутинишини истар эдим. Қолаверса, уларнинг барчаларига тани сиҳатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман.

-      Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Хосият АБДУРАҲМОНОВА

 

суҳбатлашди.