+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ: "АЁЛЛАР ДАФТАРИ"ГА КИРИТИЛГАН БИРОРТА АЁЛ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйи олдидан вилоятимизда август - "Хотин-қизлар билан ишлаш ойлиги" деб эълон қилинди.

"Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!" шиори остида ўтказилаётган ойлик доирасида ҳудудларда қийин ва оғир шароитларда яшаётган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш, уларни ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишларига кўмаклашишга қаратилган қатор ишларнинг амалга оширилиши кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар билан мулоқоти ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Мулоқотда вилоят ҳокими кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш, умуман, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, опа-сингилларимизнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирди.

- "Аёллар дафтари"га киритилган бирорта аёл эътибордан четда қолмайди, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. - Энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад топишлари учун имконият даражасида зарур ёрдам кўрсатилади.

 Вилоят ҳокими "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган бир гуруҳ хотин-қизларнинг мурожаат ва муаммоларини эшитди. Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 

Жараёнда вилоят ҳокими 100 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун тикув дастгоҳлари топширди.

Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан топширилган тикув дастгоҳлари  хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, шу орқали даромад топиш имконини беради.

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Гулнорахон Андижоннинг энг ишбилармон аёли

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!" шиори остида  "Ишбилармон аёл - 2022" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйи арафасида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган танлов очилишига бағишланган тадбирда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий кенгаши раиси Актам Хайитов сўз олиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади, танлов қатнашчиларига омад тилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, шунингдек, улар томонидан ташкил этилган кўргазмалар кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Асака туманидаги "Farangizoy" масъулияти чекланган жамият раҳбари Гулнорахон Тўйчиева танлов ғолиби деб топилди.

- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси Г. Тўйчиева. - 2017 йилда тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман. Асосий фаолиятимиз трикотаж-тикувчилик йўналиши ҳисобланади. Буюртма бўйича кўрпа-тўшак, болалар ва катталар учун ётоқхона чойшаблари тикамиз. Маҳсулотларимиз нафақат Фарғона водийси, балки республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳам етказиб берилади.  Бундан ташқари, тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берамиз. Ҳозирда жамиятимизда 150 нафардан ортиқ асосан, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган хотин-қизлар меҳнат қилади.

Танловда иккинчи ўрин Марҳамат туманидаги "Shahnoza tekstil" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шахноза Сайфутдиновага, учинчи ўрин эса Пахтаобод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Софияхон Холмирзаевага насиб этди.

Ғолиблар, шунингдек, қатор номинациялар бўйича совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИНСОН ҚАДРИ

Тирикликнинг ифоридай гуллар атри,

Булбул учун муқаддасдир бўстон қадри.

Булбул асло яшолмас ўз чаманисиз,

Инсон яшолмагай ҳаргиз Ватанисиз.

Яшнар экан токи давру замон қасри -

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

 

Сен эгилиб чигит экдинг, пахта тердинг,

Шунча молу дунёйингни кимга бердинг?

Юз йил меҳнат қилдинг, косанг оқармади,

Халқим, толе сенга ҳам бир боқармиди?

Келди энди чин деҳқону, боғбон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

 

Миллатларни бирлаштирган ташкилотда

Сен ўзбекча сўйлар эдинг, Ўзбек ота.

Сен ўзбекча сўйлардинг - мен йиғлар эдим,

Уч юз етмиш томирим-ла тинглар эдим.

Баланд бўлди элда илму ирфон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

 

Келажакнинг кўркам қасру уйларида,

Тўйларида, маҳалла ҳам кўйларида -

Эллар, халқлар бирлашиб байрам бўлади,

Бу давронлар ҳали дув-дув гап бўлади.

Ўзбек учун муқаддасдир меҳмон қадри -

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

 

Ўзинг қурдинг уч минг йиллик давлатингни,

қадрига ет оринг, шаъну шавкатингни.

Бугун имон келтирди-ку рўйи жаҳон,

Ўзбекистон, ота макон, она макон.

Чин сарбонга қутлуғ бўлсин карвон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри,

Инсон қадри муқаддасдир, инсон қадри.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

«НАФОСАТ» ИЖОДКОРЛАР КЛУБИ

Таниқли ижодкор Ғани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" ижодкорлар клуби Андижон вилоятида яшаб, ижод қилиб келаётган кўплаб ижодкорлар бирлашган. Улар орасида энди ижодга кириб келаётган ёшлардан тортиб, бир неча китоблари чоп этилган ижодкорларгача бор. Турли ёш, турли тоифадаги ижод вакилларидан иборат клуб аъзолари бир ойда икки марта вилоят болалар кутабхонасида жамланиб, ижодий мулоқот ўтказадилар. Улар иштирокида жойларда турли тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказиб келинади.

Машғулотлар, мушоиралар ва муҳокамаларда сайқалланган, сараланган ижод намуналари тўпланиб, ҳар чоракда «Бир шингил ижод» деб номланган альманах тўплам тайёрланиб, адабиёт мухлисларига тақдим этиб бориш анъанаси шаклланган. Ҳозирга қадар ўнлаб ана шундай тўпламлар тайёрлаб, чоп этилган. Клубда ёши улуғ ижодкорлар ёшларга устозлик қилса, ёшлар катталар ижодидан намуна олиб, ўз билим ва маҳоратларини ошириб келмоқда.

Қуйида"Нафосат" ижодкорлар кулуби бир гуруҳ аъзоларининг ижодидан намуналар тақдим этилади.

 

Жонажон Ватан

Улуғлардан улуғимсан, жонажон Ватан,

Сени таърифлашга ожиздир қалам.

Лекин сени мақтамай бўлурми?

Буюклардан буюгим, жонажон Ватан.

 

Довруғинг кетгандир бутун оламга,

Ҳеч қачон кўз тегмасин чиройингга.

Порласин қуёшинг, мудом сўнмасин.

Ҳамиша боболар руҳи қўлласин.

 

Гўзал водийларинг гулга бурканган,

Хатто, чўлларингда чечаклар унган.

Воҳаларинг ғурурла кенг қулоч ёйган,

Гўзаллардан гўзалсан, онажон Ватан.

 

Бир чимдим тупроғинг кўзга суртаман,

Номингни улуғлаб байтлар битаман!

Қалбимнинг қўрида ёнасан, Ватан,

Юрагимсан, қонимсан, онамсан, Ватан.

 

Осмонларни ўпган биноларинг бор,

Кўзлар қамаштирар чиройларинг бор,

Номлари ўчмас аждодларинг бор,

Фарзандлар тилида достонсан, Ватан.

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

Андижон шаҳри.

 

ШАРШАРА

Тоғ бағридан сизиб чиқасан,

Билмам тоғнинг кўз ёшимисан.

Гупурасан шўх ёш боладек,

Ё шеъримнинг сўз бошимисан?

 

Қирғоғингда тизилиб қизлар,

Сенга айтар сиру тушларин.

Йигитлар ҳам узоқ термулиб,

Ўнглаб олар эсу-хушларин.

 

Бир қўшиқки сенинг шовқининг,

Тинглаб уни сира тўймаймиз.

Ташна юракларни қондириб,

Бир умрга ёддан қўймаймиз.

 

Шаршаражон, эй шўх шаршара!

Тошлар бағринг этса ҳам пора.

Қанча хаста диллар дардига,

Даво бўлиб топасан чора.

Комил МАШРАБ,

 Андижон тумани.

 

МУҲАММАД ЮСУФ

Сиз суйган ўлкамда баҳор ифори,

Лолақизғалдоқлар очилди бори,

Халқимнинг ардоғи, дилдаги тори,

Ватаним ўғлони Муҳаммад Юсуф.

 

Қарангиз биз томон, бу қаро кўзлар,

Таваллуд кунингиз нишонлаб сўзлар,

Мушоира авжида йигиту қизлар,

Ватаним ўғлони Муҳаммад Юсуф.

 

Сиз гўё нур сўнмас, ёнимиздасиз,

Доимо барҳаёт, қалбимиздасиз,

Қалблаврдан ўчмагай шеърларингиз,

Ватаним ўғлони Муҳаммад Юсуф.

 

Сизни биз кўрамиз юртнинг боғида,

Сизни биз кўрамиз гул яноғида,

Доимо элимнинг кўз қароғида,

Ватаним ўғлони Муҳаммад Юсуф.

Абдусалом НАЗИРОВ,

 Марҳамат тумани.

 

БУГУН  СИЗ ТУFИЛГАН КУН

Бугун сиз туғилган кундир онажон,

Қабрингиз ёнида турибман мана.

Ҳар йили гул олиб келардим шу он,

Сиз суйган гулларни келтирдим яна.

 

Аччиқ кўз ёш таъми лабларимдадир,

Қабртошни силар титраб қўлларим.

Шу кунлар мен бахтдан бўлсамда масрур,

Лек сизсиз бу кўнглим ҳамиша ярим.

 

Қанийди ёнимда бўлсангиз эди,

Китоблар чиқарди сизнинг қизингиз.

Уларни сиз ҳам бир кўрсангиз эди,

Ҳаммадан ҳам кўпроқ севинардингиз.

 

Сиз берган меҳрдан тобланиб қалбим,

Ҳар ёзган шеърларим келди дунёга.

Бугун сиз туфайли эришдим, халқим,

Қўл очиб мен учун қилган дуога.

 

Насиб этса ёзиб яна кўп шеърлар,

Орзу ниятимдир битказмоқ девон.

Ва бир кун девонни битказсам агар,

Мен уни атайман сизга онажон.

Арофатхон МЎЙДИНЖОН қизи,

Андижон шаҳри.

 

ЙИГИТЛАРГА

Ҳар кимсада бордир юрак, сиз ўйлаган япроқ эмас,

Мисли гулдай узиб бўлмас, сизга доим муштоқ эмас.

 

Одоб, аҳлоқ бу бошда тож, ҳар суҳбатда ўзни тутинг,

Қиз латофат бирла боқса ўйламанг сиз сўроқ эмас.

 

Эй йигитлар сақланг ёдда, осон йўл йўқ муҳаббатда,

Бахт калити қўлингизда бу бахт асло йироқ эмас.

 

Орзу, ҳаёт шу экан деб, ҳавас йўлига ўтмангиз,

Бордир унда висол йўли, лек барчаси фироқ эмас.

 

Сиз аҳлоқу одоб ила, ширин сўзлаб айлангиз ром,

Фазилатлар шайдо қилур, сиз билгандай чатоқ эмас.

 

Нигоҳлар гар тўқнашсалар, албатта, дил ўртанадур,

Сўз топилмас ҳаяжондан, аммо билинг қўрқоқ эмас.

 

Қиз қалбидан жой олсангиз алангаси тез ўчмагай,

Беқарорлик йўқдир Аваз, ўчиб ёнар чироқ эмас.

 

Авазбек АҲМАДЖОНОВ,

Андижон шаҳри.

 

ОДОБИ - ГЎЗАЛЛИГИ

Кўчаларни тўлдириб

Ўтар гўзал, ёш қизлар.

Кимлар кўзин куйдириб,

Севинар, кўриб кўзлар.

 

Бири чевар, пазанда,

Қўлидан келар ҳар иш.

Бири эса арзанда,

Қўлидан келмас юмуш.

 

Келажакда одоби,

Бахтли қилса ажабмас.

Ҳаттоки моҳитоби,

Одобсиз бахт томолмас.

 

Одоби-гўзаллиги,

Инсонни бахтли этар.

Инсоннинг камтарлиги,

Муродига етказар.

Мавлудахон ТИЛЛАБОЕВА,

 Андижон шаҳри.

БОТУЛИЗМДАН САҚЛАНИНГ

Мутахассис минбари

Ботулизм овқатдан заҳарланишлар ичида энг оғир кечадиган касаллик бўлиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Уй шароитида маҳсулотларни консервалашда санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмаслиги натижасида ҳам касаллик жадал ривожланади.

Ботулизм билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмига тушиб, тўқималар ва асаб системаси фаолиятини бузади. Касалликнинг яширин даври 6-24 соатдан 6-10 кунгача узайиши мумкин. Касалликнинг бошланиши ўткир кечади. Кўнгил айниши, қайд қилиш, дармонсизлик безовта қилади. Нафас олиш ва талаффуз қилиш бузилиб, қовоқ осила бошлайди.

Давлат санитария-эпидемиология осойишталик марказлари мутахассислари томонидан тегишли давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорлар, савдо мажмуаларида уй шароитида таёрланган консерва маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таминлаш мақсадида доимий равишда назорат текширувлари ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари,  талим-тарбия муассасаларида ҳамда жамоат жойларида фаолият юритаётган умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таминлаш ҳам доимий этиборда.

Озиқ-овқат, айниқса, консерва маҳсулотларини сотиб олишда уларнинг сақланиш шароитига ва муддатига алоҳида эътибор қаратинг. Истеъмол учун яроқлилик муддати ўтиб кетган  маҳсулотларни сотиб олманг. Бу нафақат ўзингизнинг, балки бутун оила аъзоларингизнинг саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин.

 Консерва маҳсулотларини дўконлардан харид қилаётганингизда маҳсулот ёрлиғига, яроқлилик муддатига эътибор қаратинг. Ҳар қандай консерва маҳсулотининг қопқоғи кўтарилмаганига, суюқлигининг тиниқлигига чайқатмай туриб ишонч ҳосил қилинг.

Ана шундай ҳолатларнинг бирортаси кузатилса, маҳсулот истеъмолга яроқсиз бўлиб, уни ҳатто таътиб кўриш ҳам хавфли саналади. Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки оила аъзоларингизни ҳам ботулизм касаллигидан муҳофаза қилган бўласиз.

Яхёбек ҲАСАНОВ,

«Қабуллар уйи» ЁХТТЕБ инспектори, катта сержант. 

Фидойи муаллим

Қутлов

Узоқ йиллар ёш авлод таълим-тарбияси йўлида сидқидилдан меҳнат қилган, устозимиз, фахрий ўқитувчи Зоҳиджон Нурматов ўзининг қутлуғ 70  ёшини нишонлади. Асака тумани халқ таълими бўлими, халқ таълими ходимлари Касаба уюшма Асака тумани кенгаши, қолаверса, барча шогирдлари  устозни ана шу шодиёна муносабати билан қизғин муборакбод этади.

Устоз  Зоҳиджон Нурматов 1952 йилда Асака туманидаги Товоқчи қишлоғида таваллуд топган. У 1966 йилда тумандаги 7-умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаб, Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг физика факультетига ўқишга кирган. 

Домла институтни битиргач, 1973-1983 йиллар давомида Асака туманидаги 6-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилди. 1983-1985 йиллар тумандаги 7-мактабда, 1993-1997йиллари 8-мактабда, 1997-2010 йилларда эса 10-мактабда директор бЎлиб ишлади.

Устоз Зоҳиджон Нурматовга узоқ йиллик самарали меҳнатлари учун 2004 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» унвони билан тақдирланган.

Домла қаерда, қайси вазифада ишламасин, сидқидилдан меҳнат қилди, етук педагог, ташкилотчи, фидойи муаллим,  қолаверса,  кўплаб  юксак инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида катта ҳурмат-эътибор қозонди.

Тажрибали устознинг самарали меҳнат фаолияти, мазмунли ҳаёт йўли биз шогирдлар, қолаверса, ўзи таълим берган минглаб ёшлар учун ибрат мактабидир. У кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг бошлиғи сифатида турмуш ўртоғи билан қатор фарзандларни эл-юрт корига ярайдиган комил инсонлар қилиб камолга етказди.

Тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб, фарзандлари, шогирдларига дуолар қилиб умргузаронлик қилаётган устозимизни Асака тумани маорифчилари номидан шукрона куни билан яна бир бор муборакбод этамиз, унга тани сиҳатлик, узоқ умр тилаймиз. Узтозимиз сингари дуогўй кексаларимиз ҳамиша омон бўлсин.

Маҳмуджон ҲАЙДАРОВ,

 Абдурашид ЭРГАШЕВ,

Саминжон АБДУРАҲМОНОВ.

 

Шукроналик

Дил туҒёни

 

(Ўқитувчи суратига чизгилар)

- Болаларни ўқитиб кам бўлмаяпман, шукр,  фарзандларим эсликкина бўлишди, куёвим, келиним ҳам маъниликкина, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси  Муқаддас опа Ҳамроқулова.

Баъзида  ўзимнинг болаларимга, уларнинг тарбиясига вақт ажратолмай, ишга  эрта бориб, уйга кеч келардим. Шундай бўлсада, бугун фарзандларим камолини кўриб, меҳнатларим зоя кетмабди, дейман.

Умида Яқубованинг ютуқлари жамоадошларимизни илғорликка бошлайди, кўп қатори ўзининг ютуқлари ҳам бисёр. Умуман, мактабимиз ўқитувчию ўқувчиларининг аксарияти фаол. Ўқувчиларнинг бири спортда, бири расмлар танловида, яна бири тиллар йўналишидаги танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Юртимизда таълим-тарбия соҳасига, ўқувчиларнинг пухта билим олишига, ўқитувчи нуфузининг  кўтаришга қаратилган эътибор бизнинг янада руҳлантирмоқда, юксак марраларни забт этишга ундайди.

Ҳар йили янги ўқув йили олдидан ота-оналар фарзандларини тажрибали, моҳир, фидойи бошланғич синф муаллималари Шоира Тоштемирова, Саида Усмонова, Мукаррам Мирзажонова, Меҳринса Қосимова олдига етаклаб келади. Уларнинг намунали фаолиятига барча ҳавас қилади.

Олий маълумотли бўлиш, кўпга хизмат қилиш яхшида, болажонларга билим беришнинг роҳати ўзгача. Айни пайтда ёзги таътил бўлса-да, педагоглар кўришиб,  иш, ўқитишнинг ўзига хос технологиялари, илғор тажрибалар ҳақида суҳбатлашиб турадилар.

Бугун ҳар бир ўқитувчи касбидан фахрланади, шукроналик туйғусини баралла айтади.

- Таътилда касаба уюшмаси томонидан берилган йўлланма билан санаторийга бориб дам олиб келдим, - дейди Маликахон Толипова. - Саломатлигим анча яхшиланди, янги ўқув йилига янги куч тўпладим.

Очиғи, жамоамиздаги аҳиллик кўп жиҳатдан раҳбариятга боғлиқ. Директоримиз Дилшодбек Ҳамрақуловнинг иш услуби бошқа мактаблар учун доим намуна бўлади.

Дарҳақиқат, бугун устознинг меҳнати қадр топмоқда, у маҳаллада, юртда ардоқда.

Таом қилса, қўшнисига илинган аёлнинг бахти кулсин,  у ҳам муаллима, илмли-да, катталарни қадрлагани учун бугун қадр топмоқда.

  Муаллимнинг хонадонига остона ҳатлаб кирсангиз, гулларга мафтун бўласиз, тувакларда, айвон олдидаги ерда қийғос очилган гуллар,  райҳону жамбиллар кайфиятнгизни кўтаради, дилга равшанлик беради.

Ишдаги одамман, демай уй, рўзғор юмушларини ҳам бекаму кўст уддалайди, саранжом-саришта ўтиради, яна мактаб томорқаси учун ҳам гул кўчатлари, хонасига эса тувакда гуллар кўтариб боради. Касбидаю уй ишларида моҳир, устоз Саида Насриддиновага ўхшашни хоҳлайдиган шогирдлар бисёр.

- Математика устозим Наргиза Бурҳоновадан миннатдорман, - дейди Шоятбек Раҳимов. - Бугун ўзим таълим олган мактабда ўқитувчиларим қаторида юрибман, ёзги таътил давомида ҳам тўгараклар ташкил этиб болаларга билим, мотивация беришга ҳаракат қиляпман. Бу ишларни олиб боришда устозимнинг маслаҳатлари менга қўл келади.

Саодатли масканда ёш авлодга илм беришга чоғланган, ўзи ҳам илм олишдан тўхтамаётган ўқитувчилар омон бўлсин. Янги ўқув йилида барча устозларга омад ёр бўлсин.

 

Хамрохон МАМАТҚУЛОВА,

  Жалақудуқ тумани.

ЧИДОЛМАЙСАН ҚАЙТАР ДУНЁ БАЛОСИГА...

Ҳаёт ҳаҚиҚатлари

Бир куни шаҳардан автобусда қайтаётиб, орқадаги ўриндиқда ўтирган эркаклар ғийбати (ҳа-ҳа, аёллар эмас, айнан эркаклар ғийбати) қулоғимга чалинди:

- Анови қизни қаранг, ёнидагиси йигити бўлса керак, хингиллаб гаплашиб кетаяпти. Телефон баҳона қўлларидан ушлаб тортсаям индамайди-я. Мундоқ атрофдагилардан уялмайдиям. Ота-онаси ишониб, «қизим ўқишга ё ишга кетяпти», деб чиқарганда буни. Вой тавба, ҳозирги қизларга ишонч қолмади, келин танлашга ҳам қўрқиб қолди одам».

Ўша вақт ич-ичимдан бир нарса узилгандек бўлди. Хўп, сен шуни кўрибсан, нима қиласан, эркак бошинг билан ғийбат қилиб? Тўғри, қиз яхши эмасдир, унинг хатти-ҳаракатларини оқламайман, бироқ эркак кишига автобусда ўтирволиб бировнинг қизи ё ўғлини ғийбат қилиш ярашадими?

Қайсидир китобда ўқигандим, бир киши девор тешигидан икки кишининг зино қилаётганини кўриб қолган, «мен кўрдим, бошқалар кўрмасин» дея, девор ёриғини лой билан суваб, беркитиб кетган экан.

Ҳозир-чи?!

Ҳозир одамлар ижтимоий тармоқдаги саҳифасига шов-шувли материал қўйиш учун, керак бўлса пашшадан фил ясашга ҳам тайёр.

Мана, кўчада барчанинг кўз ўнгида тўғрима-тўғри юриб кетаётган қайсидир қиз ва йигит ғийбатчиларнинг нишонига айланиб ўтирибди. Камига - ғийбат қилаётганлар эркак кишилар.

Ахир илгари бундай одамларга қарата «хотин кишига ўхшаб майдагап бўлма» деб танбеҳ беришмасмиди?!

Телефонларини чиқариб тасвирга туширмаганларига ҳам шукр, дедим ичимда. Нима ҳам дейман бошқа. Ахир, ҳозир ҳамма нима кўрса тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан овора-ку.

Бу гапларим кимнидир нафсониятига тегар, аммо ҳақиқат.

Ғийбат, иғво билан, бўлмаган ишни бўрттириб, гап-сўз қилишларидан қўрқиб, кўчада юришга ҳам баъзан хайиқади одам. Ҳайратдан ёқа ушлайман гоҳи. Авваллари маҳалланинг ғийбатчи аёллари бўларди, ҳозир эса улар ўз ўрнини эркакларга бўшатиб берган кўринади. На исбот, на далили бор уларнинг туҳматларига. Шундай инсонлар бўлар-бўлмас гаплар оғзининг бир четидан чиқаётганида, ҳаёлининг бир четига ўзи ҳам қиз ўстираётгани келармикан?

Аёлни дунёнинг саккизинчи мўъжизаси дейишади. Унинг сабри, иффати, латофати, одоби - безак аслида. Шарқ аёллари ўзининг шарм-ҳаёси билан бебаҳо саналади. Фалон пуллик упа-элик уни гўзал қилиши мумкин, бироқ, назокат деб аталмиш парда ортида у янада фусункорроқ кўринади. Таърифи тилларда достон Зуҳролар, Лайли-ю Ширинлар, Зулайҳо-ю, Дилоромларга ҳавас ила қиз фарзанд кўришса шундай номлар қўйишган.

Ҳозир ҳам қалби пок, иймони комил қизларимиз жуда кўп. Аммо, «ўзимга тўғриман-ку», дея эгри йўлдан юрганини  билса ҳам, ўзини алдаб келаётганлар ҳам йўқ эмас.

Қишлоқ қизлари «ўқишни истайман», деса отасидан, акасидан «фалончини эшитдингми?, шаҳарда ўқиб ундай бўлибди-бундай бўлибди, сендан ҳам хавотир оламиз!»- деган гапни эшитишади. Ғурурли акалар сингилларини қўштирноқ ичидаги «Шаҳарлик студентлар» каби бўлиб қолишларидан ҳадикда, рухсат бермайдилар. Тўғрида, айрим қизларнинг рекламага қўйилган сифатсиз маҳсулотдек кўча-кўйда ўзини кўрсатиб юришини кўриб ёқа ушлайсиз.

Аммо, беш қўл баробар эмас.

Илм истагида, ўқишга кираман деб, китоб дўконларию, кутубхоналарни кезадиган, тил ўрганиш учун ўқув марказларида қўшимча машғулотларга қатнаётган, шунингдек, ибодатда қойим, ибо-ҳаёси ўз ўрнида, уй юмушларию пазандаликни қойиллатадиган қизлар ҳам бисёр. Нега улар кўринмайди, эътироф этилмайди-ю, бир йигит билан кулишиб гаплашиб кетаётган қиз кўзга ташланади.

Эркак кишини номус, ғурур деб аталмиш устунлар қаддини тик тутади. Агар уларга шикаст етса, қадди букилса, у - тирик мурдадай гап. Мана шу устунлар эса унинг яқин маҳрамлари - оиласидаги аёллардир.

«Керилмагин бу дунёнинг ғавғосига, чидолмайсан қайтар дунё балосига»,  деганларидек, кимнингдир аёли, онаси, синглисига қандай муносабатда бўлсангиз, қандай кўз билан қарасангиз, сизнинг ҳам ожизаларингизга шундай муносабатда бўлишади. Сиз бировнинг қизини бекордан ёмон-отлиғ қилмангки, бир кун ўзингизга қайтиб қолмасин.

 

Моҳичеҳра Маматураимова,

жамоатчи мухбир.

Супурги ер юзини очади

Ҳунармандлар сулоласи

Ўзбек оилаларида супурги келинларнинг энг асосий «қуроли» ҳисобланиб келинган. Янги келин тушган хонадон остонаси ҳар тонг ёғ тушса ялагудек супуриб-сидирилган, сувлар сепилган бўлади.

-Янги уйда келиннинг энг биринчи дўстларидан бири ҳам супурги ҳисобланади, - дейди ҳунарманд, супурги тайёрловчи уста Бахтиёржон  Хўжақулов. - Супурги ҳақида гап кетганда, мен қизларимга ҳамиша «Ким ернинг юзини очса, Аллоҳ унинг юзини ёруғ қилади. қўлингиздан супурги, тилингиздан бисмиллоҳ тушмасин» дердим. Шу ҳунарнинг орқасидан кам бўлмадим. Мана, худога шукр, рўзғоримиз бут, ҳаётимиз фаровон.

Бахтиёр ака 12 ёшидан бошлаб миллий ҳунармандчилигимиз - супурги тайёрлаш билан шуғулланиб келади. Улар оилада етти фарзанд бўлиб, барчаси ота ҳунарини эгаллаган. Олтинкўл туманидаги Сувюлдуз маҳалласида палак ёзган бу сулола тайёрлаган супургилар нафақат мамлакатимиз ҳатто, қўшни давлатларда ҳам сотилмоқда.

- Қаерда «супурги пул экан» десалар, ўша бозорга кетаверардим. Тошкент, Бухоро, Хоразм, Сурхон, ўҳ-ҳў...Бормаган вилоятим қолмаган. Ҳатто,  Россия томонларга ҳам улгуржи буюртма қилиб обкетишарди.

- Супурги қандай тайёрланади? - сўрайман ҳунарманддан.

- Биз супургини тайёр маҳсулот ҳолига келтиргунча баҳордан то кузгача тер тўкамиз. Уруғни ерга қадаб, вақтида парваришини қилсангиз, 120 кунда супурги пишиб етилади. Сўнг уни ўриб олиб қуритамиз. Кейин эса баргларидан ажратиб оламиз. Бу иш қўлда биттама-битта бажарилади. Сўнгра уруғини сидириб оламиз. Шундан кейингина ярим иш бажарилган ҳисобланади.

Катта-кичик супургилар териб қўйилган ҳовли саҳнида чанага ўхшаш дастгоҳлар ўрнатилган. Бу - супурги боғлайдиган махсус ускуна бўлиб, унинг ёрдамида супурги поялари бир-бирига қўшилади.

- Боғлаш - энг охирги жараён, - дейди Бахтиёр ака. - Супурги поялари аввал 3 қўл ёки 5 қўл қилиб тайёрлаб олинади ва мана шу ускуна орқали бир-бирига қўшиб чиқилади.

- Супурги сотиб олаётганда нималарга эътибор беришимиз керак, сўрайман устадан.

- Супурадиган қисмини букиб кўрасиз, ораларини очиб қарайсиз. Бўялган ёки табиий қизилми, билиш учун қўлингизни хўллаб супургига ишқалаб кўрасиз. Асл супургилар оғир, супурадиган қисми юмшоқ, орасида ўзаги йўқ, тез букилувчан ва бўялмаган бўлади.

Бахтиёр ака ҳалол меҳнат билан ўтаётган умридан асло нолимайди. Чунки, ўзи айтмоқчи, ҳунари орқасидан ҳамиша йўллари очиқ, юзлари ёруғ бўлиб келган. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй супургини фақат ундан сотиб олади. «Мен тайёрлаган супурги одамларга узоқ хизмат қиладиган пишиқ, мустаҳкам бўлиши, сотиб олган одам асло оғринмаслиги керак, шундагина топган-тутганимда барака бўлади» - дейди уста.

Унинг супургилари келинларга, қизларга беминнат дастёр. Энг асосийси, озодаликни таъминловчи энг яхши рўзғор буюми.  Покизалик, саранжом-саришталик бор жойда эса барака бўлади.

 

Рухшона ХАБИБУЛЛАЕВА,

жамоатчи мухбир.

МАТБУОТ ДЎКОНЛАРИДА САРFАЯЁТГАН МАЪНАВИЯТ

Мулоҳаза

ёхуд нега ёшлар газета ўқимай қўйди?

Яқин ўтмишга назар солсак, оддий туман газетасида шеър ёки кичик қатрамиз чоп этилса, еттинчи осмонларда учар эдик. Ўнлаб қўнғироқлар, табрик устига табриклар. «Газетада хабаринг чоп этилибди», дейишса борми, севинчимиз ичимизга сиғмас эди. Ўша пайтда машҳурликнинг чўққиси бўлган газетанинг бугунида нима гаплар?

 

Куни кеча республика газетасида бир эмас, иккита мақолам чоп этилди. Ўзимни еттинчи осмонларда учгандай ҳис қилдим. Аммо, бугуннинг назари билан қарасак, «ҳа, нима бўпти, ҳозир газетани ҳеч ким ўқимайди!» қани табриклар-у, қани «баракалла» деган сўзлар?

Бу - «матбуот ўлди», «мақолангни нима аҳамияти бор?» деганими ёки «бугунги кунда газетани биров ўқимагани учун мақоламни ҳам ҳеч ким кўрмабди-да», деб қўя  қолаймикин? Яна билмадим!? Наҳотки, биз бу ҳолатга кўникиб бўлдик. Нега газетхонлар жим?

Менимча, бизнинг миямиз машҳур «Ы операцияси ёҳуд Шурикнинг янги саргузаштлари» кинофильмида Шурик газетани ўраб у билан пашша қўриган лавҳасидаги тасвирларда қотиб қолган.

Барчамиз гувоҳи бўлганмиз, баъзи жойларда «шанбалик» ўтказилса, газета излаб қолишади. Албатта, ўқиш учун эмас, балки ойнани ялтиратиб артиш учун. Савиямиз ривожига ҳисса қўшувчи газеталар шу каби нобуд бўлаверса, босма оммавий ахборот воситалари йўққа чиқаверса, бизнинг сокинлигимизга «Тасанно!»

Кўплаб соҳаларда бўлганидек, журналистикада ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Матбуотга эркинлик берилди. Ҳозир журналистларга бошқа ҳар қандай даврдагидан кўра осонроқ. Мавзу кўп, биров «нимага бу мавзуни кўтариб чиқдинг, нега бу ҳақда ёзаяпсан?» демайди. Ёш журналистлар тайёрлаш учун ўқув курслари, журналистика мактаблари ташкил этилди. Лекин, минг афсуски, журналистикага қизиққан аксарият ёшлар ҳақиқий журналистикага эмас, шов-шувли, машҳурликка олиб келадиган пиар материаллар тайёрлашга ёки экранда кўриниб, шуҳрат қозонишга интилишаяпти. Машҳур телебошловчи бўлиб, оғизга тушишни исташаяпти. Ижоднинг машаққатларини тотиб кўриш, заҳматли йўлларини босиб ўтиш, таҳририятлар қозонида қайнаш ўрнига дарров ТВ ёки радиога югуришаяпти.

Нега, босма оммавий ахборот воситаларига талаб суст? Ҳеч кимга сир эмас, газетчилик соҳасини ҳозир ҳеч ким танламайди. «Талаб йўқ, газеталар мунтазам чиқмаётган, ривожланиш йўқ соҳада нима бор?» дейишади.

 Менимча, талабни пасайтирган ҳам ўзимиз, муаммога ечим излаётган ҳам. Ривожланган давлатларда газета-журналларга ҳозир ҳам талаб юқори, одамлар газета ўқишади. Биргина яхши мавзу учун катта-катта гонорар (қалам ҳақи) тўланади. Нима учун биз ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш учун ҳаракат қилмаяпмиз? Ёки бизда шундай мақолалар ёза оладиган кучли журналистлар йўқми? Мақола ёза олмаймизми? Яна ўша гап:  "Бизда газетага талаб, унинг ривожига эътибор  йўқ!"

Газета ўқишга аҳолини, айниқса, ёшларни қизиқтириш, газета-журналларга меҳр уйғотиш, ёшларга тарбия бериш кўп жиҳатдан ёши улуғ ёки ўрта авлод вакилларига боғлиқ. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтира олаяпмизми, газета ўқишга ҳам қизиқтира оламиз.

Агар матбуотга жиддий эътибор қаратилса, унинг нуфузини ошириб, мақола муаллифларига яхши қалам ҳақи тўланса, журналистлар ҳам яхши-яхши материалларини албатта, энг аввало газетада чоп этилишини истаб қолади. Ва мақоласи кенг тарқалиши учун ўзлари газетхонларни тарғиб қиладилар.

Газетанинг ўрнини интернет эгаллади, деган фикрларга қаршиман ва қўшилмайман. Газета берган маърифат, газета шуурингизга олиб кирган нурни интернет беролмайди.

Бир томондан телевидение, бир томондан ижтимоий тармоқлар, шунингдек, газеталар ривожлансагина ренессанс ҳақиқий ренессансга айланади. Ана шунда тафаккуримиз ҳам осмонўпар биноларга тенглашса ажаб эмас.

 

Сабрина ИБРАГИМОВА,

жамоатчи мухбир.