+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БАҲОДИР АНДИЖОНИЙ 70 ЁШДА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Андижоний ўзининг қутлуғ 70 ёшини нишонлади. Ана шу сана муносабати билан жойларда ижодкор билан учрашувлар, адабий кечалар бўлиб ўтмоқда.

   Таъкидлаш керакки, Баҳодир Андижоний самарали фаолият юритаётган вилоятимизнинг илғор ва фаол ижодкорларидан биридир. Турли йилларда унинг «Ишқ гулшани» (2014), «Умр зарварақлари» (2014), "»Табассум кошонаси» (2018), «Саодат давони» (2018), «Туйғулар чашмаси» (2018), «Заршода» (2019), «Аллома» (2020) номли китоблари чоп этилган.

«Иқбол» газетаси таҳририяти жамоаси устоз ижодкорни қутлуғ сана муносабати билан муборакбод этади, унга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар тилаб, ижодидан қуйидаги намуналарни эътиборингизга тақдим этади. 

 

ЖОН АНДИЖОНГА

Кўрмоқчи бўлсангиз жаннат висолин,

Ёки истасангиз кўкнинг хилолин,

Мурод айласангиз сувнинг зилолин,

Ташриф этиб бизнинг қутлуғ маконга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Барқ уриб яшнаган гулистонлари,

Самимий, тоза дил қадрдонлари,

Ер тилин тушунган қаҳрамонлари,

Узукдек ярашган янги замонга,

 Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Тотмоқчи бўлсангиз тотли мевасин,

Эшитмоқ бўлсангиз ўтли шевасин,

Сайр этинг Хонобод Қўрғонтепасин,

Довруғи таралган еру осмонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Хуснига ярашган кўркам уйлари,

Йўлларнинг лабидан ўпар гуллари,

Дилингиз яйратар шўх-шўх куйлари,

Таърифи сиғмайди минг бир достонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Бойчибордек чопар автоларимиз,

Товланар хон атлас матоларимиз,

Дуода анолар атоларимиз,

Қолмайин десангиз андух-армонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Сўзим тасдиғини кўрмоқ бўлсангиз,

Шох Бобур изидан юрмоқ бўлсангиз,

Андижонийга дўст бўлмоқ бўлсангиз,

Тезроқ келиб чиқинг бизнинг карвонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

ЎЗИНГ ОР-НОМУСИМ...

Ҳур ўлкам, диёрим, кўркам барносан,

Ўзинг ор-номусим, ўктам Хумосан,

Файзиёб туморим, тенгсиз аълосан,

Бағрингда қолайин токи ўлгунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

                          

Ҳатто Боғи Эрам сендан андоза,

Булоғинг сувлари замзамдек тоза,

Тароватинг еру кўкда овоза,

Олам гулдастадир, сен сўлмас ғунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Боболарнинг боқий изи ўзингда,

Янграр Соҳибқирон панди сўзингда,

Улуғбек нигоҳи ҳар юлдузингда,

Ҳатто гўдакларинг юзлари кунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Боғларинг қошида бош эгар боғлар,

Тоғларинг қошида тиз букар тоғлар,

Бахт шуъласин сочиб, яшнар қароғлар,

Ўзингни суймишдир Яратган бунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Не-не оғир кунлар, йиллар кўрмадинг,

Заҳардан занглаган тиллар кўрмадинг,

Озмунча оғули диллар кўрмадинг,

Заҳмат чекдинг йўлни бахтга бургунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Хайрият, қучоғинг гулларга тўлди,

Юқори марралар сеники бўлди,

Армон тиканлари абадий сўлди,

Орзу рўёбин кўр дунё тургунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Олға бормоқдасан, нурафшон йўлинг,

Узатсанг, қуёшга тегади қўлинг,

Бўстонга айланар тоғ-у тош, чўлинг,

Кўп синовдан ўтдинг, эркка етгунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Андижоний суйган мавзу ўзингсан,

Тонгдек тароватли туйғу ўзингсан,

Шараф чўққисида оҳу ўзингсан,

Онгимда мунаввар, эзгу тушунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!