Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Гиламлар тарихидан, гилам сотиб олганда нималарга эътибор бериш керак ва уларни қандай тозалаган маъқул?
Сир эмаски, гиламлар хонадонимизга кўрк бағишлайди.Шу боис, ҳар қандай киши хонадони учун мос, сифатли, пишиқ, чиройли ва албатта, хамёнбоп гиламлар сотиб олиш илинжида бўлади.
Умуман, гилам танлаш, сотиб олиш ва ундан фойдаланишда нималарга эътибор бериш керак? Қуйида ана шулар хусусида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз, бусизга асқотади, деб умид қиламиз.
Археологик тадқиқотларга кўра, Эроннинг Байнаннаҳрайн ҳудуди атрофидан топилган қамишдан тўқилган бўйралар гиламларнинг энг биринчи авлоди бўлиб, милоддан аввал тўрт минг йил олдин тўқилганлиги маълум бўлади. Кейинчалик бу каби бўйралар Ўрта Шарқ минтақаларида ҳам тўқилганлиги, одамлар улардан кенг фойдаланганлиги ҳақида қатор тарихий манбааларда келтирилган.
Ҳозирги кунга келиб, гиламларнинг тури ва хили жуда кўп. Эрон, афғон, турк гиламлари, Хива ва Бухоро гиламлари дунё бозорига чиқиб, ўзининг гўзал жилоси билан барчани лол қолдирмоқда.
Қадимдан шарқ гиламлари орасида асосан табиий ипдан тўқилган гиламлар машҳур бўлган. Бироқ бугунга келиб, дунё бозорида 80-90 фоиз гиламлар сунъий толадан тўқилади. Сунъий гиламларнинг афзаллиги шундаки, у хонадон эгалари учун узоқ вақт хизмат қилади. Бундан ташқари, у чидамли ва ҳамёнбопдир.
Қўлда тўқилган гиламлар эса асосан эчки, қўй, туя жунларидан олинган табиий ипдан тўқилади. Уларнинг инсон саломатлиги учун фойдали томонлари бисёр. Шунинг учун ушбу гиламлар ҳамма даврларда ҳам ноёб ва қимматли буюм сифатида қадрланган.
Эрон гиламларининг қийматини аниқлаш учун уни тўқишда табиий ранглардан фойдаланилганига, кўринишига, тўқилган ипига ҳамда технологиясига эътибор бериш лозим. Нақшлар жиҳатидан Эрон гиламларининг бир неча турлари мавжуд.
Нархлар
Нархлар ҳам гиламнинг сифатига қараб белгиланади. Хозирда бозорларимизда гиламларнинг ўртача нархи 1кв. метири 22000 сўмдан 65000 минг сўмгагача бўлган баҳода сотилмоқда.
Харид қилганда қайси жиҳатларига аҳамият бериш керак?
Гилам харид қилганда энг биринчи навбатда, албатта, сифатига эътибор бериш лозим. Гиламни уй учун харид қилсангиз, уйингизнинг ёруғлиги, тамири ва қайси хонага солинишига қараб танланади. Масалан, уй йўлагига қалин, майда гулли, оғир гилам харид қилганмаъқул. Сиз ўзингизга ёққан гиламни буюртма асосида уйингиз ёки офисингизнинг катталигига қараб харид қилишингиз мумкин. Ҳозирда асосан корхоналарда тўқилган сунъий гиламларга талаб юқори. Сабаби қўлда тўқилган гиламлардан корхоналарда тўқилган гиламлар анчагина арзон.
Фойдали маслаҳат
ва тавсиялар
Гиламларни уй шароитида тозалаш учун уни ички томонидан қоқиб, юза қисмига туз сепилади. Сўнгра супургини хўллаб, супуриб ташланса, туз қолган чангларни шимиб олиб, гилам янада очилади.
Гиламдаги қаҳва, чой доғларини глицерин ва сув аралашмаси ёрдамида кетказиш мумкин. Бунинг учун 1 литр совуқ сувга 1 ош қошиқ глицерин солинади.
Шарбат ва шу каби суюқликлардан пайдо бўлган доғларни кир ювиш кукуни солинган илиқ сувда тозалаш мумкин. Сўнг ярим литр сувга 1 чой қошиқ сирка солиб, ушбу аралашма ёрдамида ўша жой тозалаб ташланади.
Шу билан бирга, гиламларни тозалашда махсус воситалардан фойдаланиш ҳам мумкин. Бунинг учун тозаловчи воситани кўпиртириб гиламга суртиш керак. 5 дақиқадан кейин эса дока билан артиш лозим.
Гилам ҳеч қачон тозалагич (щётка) билан тозаланмаслиги керак. Акс ҳолда унинг чанги ичига сингиб кетади.
Гиламлар чангютгич билан тозаланганда, уларни устки томони эмас, балки тескари томонидан тозалаш тавсия этилади.
Қишда кўпчиликка маълум бўлган усул - қор устига ёйиб қўйилиб, супуриб ташланса, ғуборлар кўтарилади.
Қўлда тўқилган гиламларни уй шароитида ювиш таъқиқланади. Акс ҳолда унинг ранги бир-бирига чапланиб кетади. Табиий ипли гиламлар махсус кимёвий гилам тозалаш жойларига берган маъқул.
У ўзида йўқ хурсанд. Кўнгли масрурлик шавқини тотаётган эди. Хаёлида ўша гўзал кулибгина турибди. Соатига қаради. Яна бир соатча бор экан. Ана шу бир соат ҳам ўтса бас, у билан учрашади. Кайфияти баландлигини хотинидан яширишга уринди. Бугун шанба, дам олиш куни. Дам олиш куни, ҳатто кўчага ҳам чиқмас, телевизор тагида ёнбошлаб ётаверар эди. Бугун кўчага чиқади. Хотинига: "Зарур бир ишим бор, кечроқ келишим мумкин", деди, холос. Соддагина, ҳеч нарсадан бехабар хотинига кўйлак ва шимини қиличдек қилиб дазмоллатди. Соқолини обдон қиртишлади. Машинага ўтириб, калитни бураса, бас етади...
Уларнинг иш жойлари ёнма-ён эди. Бу икки жамоа ходимларини асосанташқаридаги доимо шилдирабгина оқиб турадиган жўмрак учраштириб туради. Кимдир сув ичгани, кимдир челак кўтариб, кимдир қўл ювгани тушади. Шундай пайтларда қўшничилик одатига кўра, у ёқ бу ёқдан гап-сўзлар бўлади. Улар ҳам дастлаб шу ерда учрашиб қолишди. Юзи тип-тиниқ, қундуз қош, чап кулгучи ёнида миттигина холи бўлган бу жувон гултувакдаги гулга сув қуяётган экан.
- Ҳорманг, - деди у беихтиёр гўзалгина жувон билан бир лаҳза бўлса-да, гаплашгиси келиб.
- Келинг, яхшимисиз? - деди жувон ҳам майинлик билан қараб. Шунда у нари борса йигирма беш ёшлар атрофидаги бу жувоннинг кўзлари ҳамфавқулодда чиройлилигини кўриб, ҳайрати ошди ва гапиролмай қолди. Жувон гултувакни кўтариб жойидан жилди. У эса каловланиб, ортидан кўзини узолмай қолди. Шу-шу бўлди-ю, у ўша жувон ҳақида ўйлайдиган, кўриб туришга орзуманд бўлиб қолди. У ҳақида суриштирди ҳам. Бир қизчаси билан ота-онасиникида яшар экан. Эри уни рашк қилавериб, қизғанавериб руҳий хасталикка чалинганмиш. Бу гапга унчалик ишонмади. Чунки эри ҳозир бошқа турмуш қурибди...
У деразадан ташқарига қараб турадиган бўлиб қолди. Гўзал жувонга бўлган илинж кучайиб борар эди. Унинг сув томонга ўтганини кўриши биланоқ, чойнакчасини олиб югургиларди. Бир-икки оғиз гаплашишарди. Жамолини кўриш, чўлпон кўзларидан ҳайратланишлар, икки оғиз cўзини эшитиш унга фароғат бағишлар эди. Кўнглидагини айтгиси келарди, лекин ботинолмасди. Гўзал эса бепарводек туйиларди... Лекин бир сафар юрагидаги ўтни ютиб унга: "Шу ерга сизни кўриш, гаплашиш учун тушаман, холос", деди. Бошқа ҳеч нарса демади, тош қотиб қараб тураверди. Гўзал эса индамади, қарамади ҳам, ишхонасига кириб кетаверди... кейин нимадир бўлди. Сув олдида, кўчада учрашганларида қандайдир яқинлик уйғонгандек туйилаверди. Бир сафар гўзал унинг ҳузурига елим сўраб чиқди. Баъзида телефонлашиб ҳам туришди. Бир байрамда, йўлини қилиб табрикнома билан совға берди. Ўзига ҳам ватан ҳимоячилари кунида совға қайтди. Ҳовли икки ишхона учун битта эди. Нима сабабдандир бир сафар шу ҳовлида икки идора ҳодимлари Наврўз байрамини бирга нишонлашди. Бундан жуда хурсанд бўлди. Гўзал елиб-югуриб, хизмат қилди. Кўпчиликнинг кўзи унда эди. Унинг ҳам. Кўз билангина эмас, қалби билан боқарди унга. Ўйин-кулги бошланганда бирга рақс ҳам тушишди... Байрамдан сўнг уни ташқарида кутиб турди. Ширакайф эди. У ҳам чиқди, лекин бепарвогина, ҳатто хуркибгина. Икки ҳамкасб дугонаси билан ўтиб кетди. Орқаларидан эргашди, нимадир демоқчи эди, деёлмади. Гўзалнинг дугоналари ҳам нимадир дегандек бўлишди, англолмади...
Эртаси куни ўзини роса койиди. Ундан кечирим ҳам сўраб қўймоқчи бўлди. Шунда хаёлига бир фикр келди. Хонасини ичидан қулфлаб, бир варақ қоғозга кўнглидаги бор гапни ёзди. Охирига: "кўриб турсам бас", деб қўшиб қўйди. Бу мактубни ҳам йўлини қилиб уч кундан сўнг етказди. "Нима деркан", деб ўйлаб, эзилиб, тўлиб юрди...
Унинг сабри чидамади. Бир куни таваккал қилиб гўзалнинг иш хонасига кирди. Бахтига хонасида ёлғиз ўтирган экан. Сеҳрли кўзлар мулойимлик билан кутиб олди. Назокат билан бир пиёла чой узатди. Бу унга меҳр-муҳаббат ифодасидек бўлиб туйилди. У яна ўзини йўқотиб қўйди. Охири:
-Сизни бу ердан опқочиб кетаман,- деди.
-Қаёққа? - сўради гўзал.
-Ўзим биламан!- деди у.
-Мен ҳам билишим керак, - деди гўзал эрка оҳангда.
-Ҳаммасини ўша ерга борганимизда айтаман, - деди у.
Гўзал бир фурсат жим қолди. Сўнг:
- Майли қачон...қачон? - деди кўзларини опқочиб.
- Эртагаёқ. Эртага дам олиш куни шанба, соат ўнда Фарғонага бурилиш йўлида туринг!
Кечаги ваъда бўйича бугун учрашишади. Бу ерлардан, ташвишлардан узилиб чиқиб кетишади. У висол олдидан ҳовлиққанича машинаси томон юрди, шунда беихтиёр чўнтагига қўлини солди. Ё дастрўмол ё пулини билиб қўйиш мақсадида. Иккови ҳам жойида экан. Қўли чўнтаги ичидаги кичик бир нарсага ё урилди ё тегиб кетди. Олдин чўнтагида бундай ортиқча нарса бўлмас эди. Нимайкин? У қизиқсиниб, гумонсираш билан чўнтаги ичидаги ўша кичик нарсани яна пайпаслаб кўрди, қаттиқроқ экан. Кейин шартта олди. Кўзмунчоқ экан!..
Таниқли адиб, бобуршунос ҳамюртимиз Қамчибек Кенжа бу йил ўзининг қутлуғ етмиш ёшини нишонлади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида устоз адибнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланганлиги нафақат ёзувчимиз, балки унинг мухлислари учун ҳам қўшалоқ байрам бўлди.
Қутлуғ етмиш ёши ҳамда давлатимиз мукофоти билан устоз адибни муборакбод этиб, унга тани сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик ва янада улкан ижодий парвозлар тилаб қоламиз.
Болалигимдан яхши таниган, асарларини севиб ўқиган устоз адиб Қамчибек Кенжа бугун етмиш ёшни қоралабди. Мен устоз, унинг сермаҳсул ижоди хақида анчайин ёруғ хотираларимни, фикрларимни баён этмоқни ният қилган эдим. Лекин ёзувчи Абдунаби Бойқўзиевнинг адиб ҳақидаги "Ай -акам, дарё экан" деб номланган китобини ўқиб, ниятимдан қайтдим. Негаки, мазкур китобда мен айтмоқчи бўлган гапларнинг кўпи гапирилган эди.
Шу ўринда мен адибнинг ўзи билмаган ҳолда кашф қилган ва ўзининг кейинги китобларидан бирига берган ном ҳақида сўз юритиб, бу хусусда тасаввуримда туғилган фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчиман.
"Ҳинд сориға" китоби китобсеварларга манзур бўлганлигига асло шубҳа йўқ. Айрим ижодкорлар ўзлари билмаган ҳолда ноёб кашфиётни, қандайдир бир янгиликни юзага чиқариб қўяди. Назаримда, устоз Қамчибек Кенжа ҳам ушбу китобга ном беришда ўзига хос бир янгилик яратгандай. Кўпчилигимиз яхши биламизки, ўзбек тилидайиртқич бир қушга - сор деб ном берилган. Ўзи миттигина, аммо ота-боболаримизнинг айтишича, осмону фалакдан замин узра шитоб билан шўнғиганида тўғри келиб қолган ҳар қандай ҳайвоннинг қоқ белидан бўлиб юборар экан. Болалигимда кексаларнинг бу каби воқеаларни кўрганликлари ҳақидаги ҳикояларини эшитганман. Демак, сор кези келганда бургутдан ҳам кучли бўлгани боис, унинг донғи оламга кетган. Адиб китобига номни қайси мақсадда қўйган, деган саволга албатта, улуғ мутафаккир, моҳир саркарда, олим, шоир ва шох ҳамюртимиз З. М. Бобур ва бобурийларнинг ҳаёти ҳақидаги муҳим чизгилар асосида саёҳатнома китобини яратар экан, ҳинд сари, Ҳиндистон томон кетяпмиз, маъносида қўйганлигини тушуниш мумкин. Ҳа, адиб ҳам дили вайрон, ҳам кўнгли шодон ҳолда улуғ бобомиз қўним топган ўлка ва у ерда муқим яшаб қолгани, бобоси Амир Темурнинг салтанатни қайта тиклаб, ҳинд диёрида уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи ҳақида янги маълумотларни топиш ва фахр билан қаламга олмоқ ниятида ҳинд юрти сари ошиққани содда ва самимий баёнлар, туйғулар изҳоридаўз ифодасини топганини кўрамиз.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров Қамчибек Кенжанинг ушбу асари Бобур Мирзога бағишланган китоблар орасидан ўзига хос ўринга эга деб таъкидлайди ва қуйидаги фикрларни келтиради: "Муаллиф қайси мамлакат халқи ва табиат манзараларини қаламга олмасин, уларни "Бобурнома" даги мумтоз тасвирлар билан қиёслайди. Шу орқали биз тарихнинг беш аср давомидаги ҳаракати ва ўзгаришлари ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Айни вақтда, Бобур Мирзо асарлари бугунги кун учун ҳам олий бир ҳақиқат мезони бўлиб хизмат қилишига ишонамиз".
Менинг асар ҳақидаги тасаввурим улуғ адибнинг юқоридагификрлари билан ҳамоҳангдир. Лекин мен асарни ўқиб, айниқса, асарнинг номи хусусида, ўзига хос бир маънони, рамзий ўхшатишни англагандай бўлдим.Яъни, асарни қўлга олган ўқувчи "АдибҲиндистон томон борибди ва бу йўлда нималарни қоралади экан" дея мулоҳаза қилиши аниқ. Лекин менинг фикрлашимча, ном муаммо шаклида берилган, яни ҳарфлар ичига беркитилган "Сор" сўзи бордир. Кўз ўнгимда, ўз юртида орзу ниятларини амалга оширолмаган шох Бобурнинг ҳам ички, ҳам ташқи душманларининг тазйиқлари остида ўз Ватанидан айро тушгани, ўзгаюртда қўним топгани ва у ерни гуллаб-яшнаётгани ҳақида, алал-оқибат ўзбек ўғлони меҳр қўйган иккинчи Ватани - Ҳиндистоннинг Сорига айлангани жонланади. Кучли, шитоб билан ўта тез учадиган бу қуш ўз ҳудудини кўз қорачиғидек асрагани каби тасаввуримда Бобур ва унинг авлодлари ҳам гўзал васеҳрли бу диёрни кўз қорачиғидек асраганлари шаклланади. Қолаверса, кўплаб тарихий асарларда келтирилган маълумотларга кўра, Бобур Мирзо Сор каби миқтидан келган, чайир мускули ва кўзлари узоқни кўра оладиган қобилиятга эга бўлган. Паҳлавонларга хос кучлилигидан икки қўлида икки йигитни бемалол кўтариб, Пахса қўрғон девори устида тик қомат ва дадил қадамлар ила юра олган... Қолаверса, ҳаётининг учдан икки қисми от устида жангу жадаллар ичра ўтган.
Бобур ҳақидаги шеърларнинг бирида ёзилишича, "Иним Бобуржон шунча кучни қаердан олган экан-а" дея ҳайратланади опаси Хонзода бегим ҳам. Демак, муаммо шаклида берилган номдан кўриниб турибдики, адиб Ҳиндистон томон бораркан, у ерда яшаган юртдошимиз изларини топмоқни, изларига тўкилган хотиралар асосида асар битганки, бу улуғ Бобур шахсининг яна бир қиррасини очиб беради. Шу жиҳатдан китобга қўйилган "Ҳинд сориға" номи ҳам гўзал ўхшатишнинг бир намунасидир.
Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг барча қишлоқ ва шаҳарлари қиёфаси кундан кунга гўзаллашиб бормоқда. Бунёд этилаётган янги-янги бинолар, обод бўлаётган кўчалар озод ва обод юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда.
Юртдошларимиз эса бугунги тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб, Ватан равнақи, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: "Роббингиз томонидан берилган неъматларга шукр келтирсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Яна бир ояти каримада эса "Имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар эса, билиб қўйсинларки, албатта, Биз яхши амал қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз" ("Қахф"сураси) деб бандаларни имонга ва солиҳ амаллапрни бажаришга чақиради.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон икки дунё саодатига эришиш йўлида Аллоҳ таоло буюрган ва У рози бўладиган амалларни бажаришга ҳаракат қилиб яшамоғи, жамият равнақи, умуминсоният манфаати йўлида холис ва сидқидилдан хизмат қилмоғи, ўз зиммасидаги вазифаларни бекаму кўст адо этмоғи лозимдир. Шукрки, бугунги кунда юртимизда тинчлик-осойишталик, фаровонлик ҳукм сурмоқда. Фуқароларимиз эса ана шу неъматларга шукроналик билан умр кечирмоқдалар. Айниқса, халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами Истиқлолни, яъни мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик тўйини кўтаринки кайфият, тинчлик-хотиржамликда нишонлаётганлигимиз учун Яратганга беҳад шукроналар айтамиз.
Ушбу муборак байрам арафасида "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган саволни ўзимизга берсак, ана шу шукроналик неъматини янада теранроқ англаймиз. Сир эмас, бундан 30 йиллар аввал, эмин-эркин намоз ўқиш, ибодат қилиш учун жуда катта тўсиқлар бўлган, ҳаж зиёрати ҳақида эса, очиғи, фақат орзулар қилар эдик. Бундай мартабага бутун мамлакатимиздан фақат саноқли кишиларгина мушарраф бўлар эдилар. Бугун-чи? Бугун намоз ўқиш учун барча шарт-шароитларга эга масжидларимиз ишлаб турибди, ибодат қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ, тазийқ йўқ. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз улуғ ҳаж зиёратини адо этмоқдалар. Бундай эркинликка беадад шукрлар қилишимиз керак.
Ислом дини қадриятларга бой ва халқимиз ўлмас маънавятининг асоси эканини эътироф этиб, Юртбошимизнинг: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз, диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз", деган гаплар ҳеч шубҳасиз, жуда ўринлидир.Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда кечмоқда.
Юртимизда ана шу улуғ неъматнинг бардавом бўлиши бежиз эмас, албатта, Чункимеҳнаткаш халқимиз томонидан ўлкамизнинг ҳар бир гўшасида хайрли ва савобли ишлар олиб борилмоқда, одамларимизнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Инсонларнинг яхшиси - инсонларга манфаати кўпроқ етадиганларидир" деб марҳамат қилганлар. Демак, одамларга, жамиятимизга, юртимизга имкон қадар манфаат етказайлик, зотан, шу орқали Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўлайлик. Халқимиз учун улуғ ва бебаҳо неъмат - Истиқлолимиз абадий бўлсин. Юртимиз Мустақиллигининг 25 йиллик байрами барчаларимизга муборак бўлсин.
Жўшиб оқаётган дарё бўлолмасанг ҳам ҳовуз бўл, ақалли. Оқаётган ҳовуз бўл, кўлмак бўлмагин, асло. Кўлмакда бир жойда туриб қолиш, эскириш, ўз жойида буғланиш ва сингиш орқали тугаб, изсиз йўқолиш бор.
Сув оқиб кираётган ҳовузда янгиланиш бор, ўзгариш, қайта тирилиш бор. Пок сувдан, тиниқ сувдан умид бор. Чунки унда ҳаракат, яъни ҳаёт бор. Ҳовузнинг атрофидаги дарахтлар унинг тубида илдиз отган-у, ёнида соябонлар каби тизилгандек, гўё. Ҳовуз ўз "косасидаги" сувни тиндиради, лекин ўзи ташна, ҳовуз бўйидаги дарахтлар унинг сувидан илдизиорқали симиришига ташна, одамлар челакларини бағрига ботирган ҳолда, тўлдириб сув олишларига интиқ. Ҳатто, ундаги сув томчилари буғланиб, гўё ҳаво билан ўзича мулоқотда бўлади.
Сен ҳам ўзингга яхши дўст, ҳамфикр топа ол, худди ҳовуз ва атрофидаги дарахтлар мисол, ҳовуздаги сув дарахт танаси орқали юқорига кўтарилгай, барглар эса шукроналик тимсолида ям-яшил тусга киришади. Энг муҳими, ўз онгинг ва қалбинг ҳовузини тозалаб турки, яхши фикр ва нур билан янгиланиб борсин.
Жалолиддин Румийнинг "Тан яхшиликка, оқар сувгамойил, чунки асли шулардан қалб ҳикматга, илмга майл қилади", деган ҳикмати мана неча асрки ўз қадрини йўқотгани йўқ. Демак, ҳаётингда ўзингни тергаб, янгилик оқимини ўз ботинингдан ўтказиш қийноғини ҳис эт. Донишмандларнинг панд-насиҳатлари, ўгитларидан узоқлашма, уларни такрор ва такрор идрок этишга урин, уларга амал қилишни ўзингга одат қил.
Туб маънодаги руҳий янгиланишга фақат тафаккурни ўстириш ва кенгайтириш ҳамда эзгуликка эргашиш орқали эришилади, шунчаки, машаққатсиз эришиб бўлмайди. Яшамоқ дегани бу- руҳни узликсиз тарбияламоқ, ўсмоқ дегани эмасми?!
Бу ҳаётдаги энг гўзал, энг кўркам ва энг кўнгилга яқинжой бу - мактаб. Бир қарашда шунчаки бир маскан. Тўрт томони девор. Лекин бағри тўла гулзор, мевазор, дарахтзор.Соя-салқин жойлари остидаги ўтиргичлар эса ҳамиша биз учун қадрдон. Беихтиёр ўтираман...
Атроф тўла ўқувчилар, ўғил-қизлар. Кимдир қаёқадир чопади, яна кимдир кимнидирчақиради. Мактаб формасидаги бир тўп қизлар қўлларида китоб кўтариб олишган. Кичкинтой болалар бир-бирларини қувалаб ўйнашади. Мактаб ховлиси узра ҳаёт қайнайди...
Мактабдаги футбол майдони эса болаларнинг қий-чувига тўлиб кетган. Кимдир футболкада, яна кимдир майкада терлаб-пишиб тўп тепади. Атрофдагиларнинг кўзлари майдонда. Ўйинчиларни қўллаб бақиришади. Волейбол майдони ва бошқа ўйин жойлариҳам болаларга тўла.
Тадбирлар ўтказиладиган кенг майдон ўртасига ўрнатилган темир устун чўққисида она юрт байроғи мағрур ҳилпирайди. Майдон текис, тоза қилиб супирилган. Атрофида эса қишин-ёзин кўк либос кийганарчалар бир-бирлари билан ҳусн талашгандек мағрур туради. Улар анча бўй чўзиб қолишган...
Дунёда яхшилик бор экан, диёнат, инсоф яшайверади. Инсон умри давомида кимгадир эзгулик соғинса, унинг қийин кунларида ёрдам қўлини узатса, дардига малҳам, ташвишига шерик бўла олса, демак, у бекор яшамабди. Қилган яхши амаллари билан одамзод атрофдагилар дилида абадий қолади, ўзидан яхши ном қолдира олади.
Имонли инсон қўлидан келганча одамларга яхшилик қилади. Тили ва иши билан бировга зиён етказмайди. Билмайин бирор хатога йўл қўйса, унидарҳол тўғрилашга интилади.
Яқин бир танишим бор. Унинг юзидаги нур, кўзидаги меҳр яхши ишлари билан яна-да зиё сочади. Дилоромхонни таниганлар унинг сахийлигига, оқибатлилигига, инсоний фазилатларига ҳавас билан қарайдилар. Дўсту яқинларига, ҳатто бегоналардан ҳам энг оғир вазиятларда ёрдамини аямайди.
Камхаржроқ дугонамиз тўй қилди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ота-она ҳам эл қилганини қилгиси келади. Фарзандининг ўксинишини истамайди. Дугонам ҳам етиниб-етинмай сарполарни қилишга уринарди. Бироқ қизнинг бир камини тўлдиргунча, яна бир кам-кўсти кўринарди. Мебелгаку хали ортинганича йўқ. Дугонам қизига уларни тўйданкейин олиб беришларини, ҳозирча имкониятлари етарли эмаслигини тушунтиришга уринар, бўлажак келинчак эса тушунишни истамасди. Бу кўнгилхираликка олиб келарди.
Шундай қийин бир даврда Дилоромхон билан суҳбатлашиб қолдим. У дугонамизнинг қандай камлари борлиги ҳақида билишни истади. Тўй харажатлари аста-секинлик билан бўлаётгани, бироқ мебел тўғрисида муаммо чиқаётганини айтдим. Дилоромхон ўйланиб турди-да, ўша ётоқхона мебелларини тўёна қилишини айтди. Бироқ буни у қилганини ҳеч ким билмаслигини истади. Сабабини сўрадим.
- Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейилади ҳадисларда ҳам. Мен буни одамлар билиши учун қилмоқчи эмасман. Фақатгина ёрдамга муҳтож бўлган одамга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчиман. Эртага уларнинг манзилини бериб, тўёна дея икки энлик хат ёзиб, бозордан тўғри уйларига жўнатаман. Сиздан илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Эҳсон айтиб қилинса, ўз қадрини йўқотади, - деди Дилоромхон. Мен рози бўлдим.
Дугонамиз тўйдан кейин ҳам анча вақтгача яхши бир одамнинг жуда оғир вазиятда ёрдам бергани, фақат ўзини таништирмагани, ундан бир умр миннатдор экани хусусида гапириб юрди, уни дуо қилишдан чарчамади.
Дарҳақиқат, орамизда мана шундай олиҳиммат инсонларнинг борлиги ҳаёт синовларини енгишимизга кўмак бериб келади. Яхшилик барибир яхши эканини ёдда тутишимизга ундайди.
Пул ҳар бир одамга куч ва эртанги кун учун ўзига бўлган ишончни оширади. Бироқ у ҳеч қачон ўз-ўзидан қўлимизда пайдо бўлиб қолмайди. Астрологларнинг таъкидлашича, кишининг қай даражада пул топиши, бой ёки камбағал бўлиши кўп жиҳатдан буржга боғлиқ бўлиб, айрим буржлар ўз соҳибларига янада кўпроқ пул келтириши мумкин экан.
Қуйида мунажжимларнинг турли бурж вакилларини пул топиш, унга муносабат борасидаги имкониятлари ва қарашлари ҳақидаги фикрлар билан танишасиз.
Қўй
Ушу бурж вакиллари тинимсиз меҳнат қилиш орқали пул топишади. Ҳатто, баъзилари нафақага чиққанларида ҳам ишлашади. Аслида улар пул борасида "пулим йўқ" дейишни билишмайди. Доим қариндош-уруғ ва яқинларига пул беради, тартиб билан ҳаражат қилишга эътибор қаратмайдилар. Шу сабаб улар ҳеч қачон ортиқча маблағ жамғара олишмайди.
Бузоқ
Ушбу бурждагилар ўз қадрини яхши билишади. Ҳеч қачон текинга ишлашмайди. Улар пулни топиш билан бирга, ақл билан ишлатишни ҳам билишади. Бу уларнинг энг катта ютуғи. Шу боис, уларнинг пулсиз қолишлари унчалик кўпга чўзилмайди.
Эгизаклар
Улар ҳамиша ўз ақлига таянган ҳолда пул топишга ҳаракат қилишади. Битта ўқ билан иккита қуённи урмоқчи бўлишади. Лекин кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқишмайди. Пулни ўйламасдан сарф қилишгани учун доимо пулга муҳтожлик сезиб яшашади.
Қисқичбақа
Ушбу бурж вакиллари ҳеч қачон пулсиз қолмайди. Ҳар доим қора кунга атаганлари бўлади. Улар кўп пул топишга ва яхши яшашга уринишади. Оиласини ҳам доимо яхши таъминлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишади. Фақат тинимсиз ҳаракат билангина пул топишлари мумкин.
Арслон
Ушбу бурждагилар ҳаммадан яхши яшашни, яъни шохона ҳаёт кечиришни хоҳлашади. Бироқ камдан-кам ҳоллардагина ўз ниятларига етишадилар. Улар ҳамиша юқори маош тўланадиган жойда ишлашга интилишади. Бунинг учун кечаю кундуз ишлашга ҳам рози бўладилар.
Паризод
Ушбу бурж вакиллари бир умр тинимсиз меҳнат қилишади. Лекин уларнинг меҳнати ҳар доим ҳам қадрланмайди. Бундан улар руҳан азобланади. Лекин керакли жойларга (билим олиш, соғлигини тиклаш, оиласи учун зарур жиҳозлар олиш каби) пулларини аямасдан сарф қилишни ҳам билишади.
Тарози
Ҳамиша ҳам жон куйдириб меҳнат қилмаса-да, пул топишнинг уддасидан чиқишади. Улар ўзига ҳомий топишга устаси фаранг. Пулни сарфлашда эса бир тийин устида ҳам бош қотиришади.
Чаён
Улар табиатан туғма молиячи ва бошқарувчи бўлишади. Аъло даражадаги ташкилотчи бўлишгани учун кўпроқ бозорда фаолият юритишади. Уларнинг ҳамиша қўшимча даромад (масалан, уйни ижарага, тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар бериш каби) оладиган манбаи бўлади. Умуман олганда, улар пулдан пул қилишни яхши билишади. Қарилик гаштини ҳам бемалол суриши мумкин.
Ўқотар
Бу одамларнинг қўлида ҳеч қачон пул турмаслиги аниқ. Улар ҳамиша чўнтагида охирги пули қолгунча ишлатишади. Кўпинча улар ўзларини худди пули кўп бой одамдай тутишади. Бироқ айрим ҳолларда ўз алдовларининг "қурбони"га айланишади.
Тоғ эчкиси
Қайсар, бир умр фақат ўз мақсадлари йўлида ишлайди. Лекин улар бир умр тарки дунё қилиб яшашлари ҳам мумкин. Доим атрофидаги одамларни ҳам қашшоқ деб ўйлашади. Аммо эътиборли томони шуки, бор пулини бекорга совуришмайди. Уларнинг ёнида доим маълум миқдорда пул бўлади.
Қовға
Бу бурждагилар яхши пул ишлаб топишади. Лекин пул уларнинг ҳаётида биринчи ўринда эмас. Улар дўстларига қарз бериб туришлари ва ҳатто, қарз бергани ёдидан ҳам кўтарилиши мумкин.
Балиқ
Балиқ буржидагиларнинг ҳаётида пул иккинчи даражали. Улар одатда камтарона ҳаёт кечиришади. Ҳеч қачон пулнинг ортидан қувишмайди. Ҳар қандай нарса тақдир билан боғлиқ, деган тушунча уларнинг онгига сингиб кетган.
Аксарият болалар шўх бўлади. Уларнинг шўх бўлишлари айрим вақтларда ўзига зарар, катталарга ташвиш келтириши мумкин. Табиийки, кичкинтойлар атрофидаги нарсаларга қизиқиш билан қарайди, кўп ҳолларда оғзига солиб кўришга, унинг таъмини билишга интилишади. Баъзан айнан шу нарса кўнгилсизликларга сабаб бўлади.
Қуйида бола тиқилиб қолганида қай тарзда биринчи ёрдам кўрсатиш зарурлиги хусусидаги тавсиялар билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб яхшилаб эътибор беринг: бола йиғласа, йўталса, гапирса, демак, унинг нафас йўллари беркилиб қолмаган. Бундай вазиятда бола нафас йўлига тиқилган нарсани йўталиш ёки бир-икки томоғини қоқиш орқали чиқариб юбориши мумкин. Бу ҳолатда ваҳимага тушиш ярамайди, агар сиз ҳаяжонлана бошласангиз, бола ҳам ваҳимага тушиб, зарур усулни бажаришга қийналади. Болада қуйидаги аломатларни сездингизми, унга биринчи ёрдам кўрсатишга шошилинг:
- бўғилаётган бўлса ёки бадани кўкара бошласа;
- бола ҳушини йўқотса (бўғилганига гумонсирасангиз);
- ниманидир ютиб юборганига ишончингиз комил бўлса, у ҳолда дарҳол илк ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилинг.
БИРИНЧИ ЁРДАМ:
1. Бир қўл билан болани ўгириб, кураклари ўртасига 4 марта тез ва қаттиқроқ шапатиланг. Иккинчи қўл кафти билан эса боланинг иягини ушлаб туринг.
2. Юқоридаги усулдан кейин ҳам бола нафас олмаса, йўталмаса, уни сонингизга ётқизиб, кўкрак қафасининг ўртасини тез ва қаттиқ-қаттиқ 4 марта босинг.
3. Агар бу усуллар ҳам ёрдам бермаса, у ҳолда боланинг тилига бош бармоғингизни босиб, иягини очиб турган ҳолда томоқ деворларини синчиклаб кўришга ҳаракат қилинг. Агар оғиз ичида бўғилишга сабаб бўлган нарсани кўрсангиз, уни дарҳол олиб ташланг. Бироқ ҳеч нима яққол кўринмаса, таваккал қилманг! Акс ҳолда ёт жисмни янада орқароққа силжитиб юборишингиз мумкин.
4.бола нафас олмаётган бўлса, оғиздан-оғизга, оғиздан-бурунга сунъий нафас юборинг.
Юқоридаги усулларни вазият яхши томонга ўзгармагунча такрорланг.
Дилафруз АБДУЛЛАЕВА,
Олтинкўл туманидаги "Сарой-1" қишлоқ врачлик пункти шифокори.
"Ёшим 22 да. Уч ойлик фарзандим бор. Туғруқданкейин менга гинеколог ҳар йили 2 марта тиббий кўрикдан ўтиб туришим зарурлигини айтди. Агар ҳеч қандай безовталик сезмасам ҳам гинеколог текширувидан ўтишим барибир шартми?
Нодира Салоҳиддинова, Пахтаобод тумани".
Ушбу саволга Андижон шаҳридаги 2- туғруқ комплекси шифокори, гинеколог Дилобар Ёқубова жавоб беради:
- Ҳозирда сизнинг ёшингиз туғиш ёши даврига тўғри келади. Бу пайтда аёлда гормонал бузилишлар, тухумдонлардакиста, бачадонда ўсимталар, кўкрак ва қалқонсимон безларда ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Чунки аёлларнинг репродуктив тизими тинимсиз ишлайди. Аслида ҳайз бошланишидан тугагунича бўлган вақт икки даврдан иборат. Яъни уруғ етилиб, 10-20 кун ичида овуляция содир бўлади, аниқроғи, уруғ ёрилади.
Айнан шу даврларда ташқи муҳит, асаб тизими билан боғлиқ ўзгаришлар, зарарли одатлар ёки бошқа аъзолар учун мунтазам ичилаётган дори препаратлари репродуктив тизимни зарарлаши мумкин. Шу билан бирга, миома, киста, ўсимталар ёки бирор ўзгаришлар ҳайзнинг бузилишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис безовталик сезмасангиз, текширувга бориш шарт эмас. Аммо ўз саломатлигингиз ҳақида қайғурсангиз фойдадан холи бўлмайди. Ҳеч қандай безовталик сезилмаса-да, йилда икки марта гинеколог кўригида бўлиб, керакли текширувлардан ўтиб туринг. Шунда узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришингиз мумкин.
Агар ўзингизда юқорида санаб ўтилган муаммолардан бирини сезсангиз, шифокор айтган вақтда текширувга боришингиз шарт. Чунки мунтазам кузатувлар орқали муаммонинг кучайиб кетмаслиги назорат қилинади.