+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МЕНИ ЎГАЙ ДЕМАНГ...

(52- сон, 2016 й.) ҚАЙТАР ДУНЁ

Баъзан одамлардан "ўгай она ундай, ўгай она бундай" деган гапларни эшитганимда, юрак-бағрим тилкаланиб кетади. Чунки ўгай она деган, эшитган қулоққа наштардай ботадиган сўз менга ҳам тегишли. Қисматимда бировнинг фарзандларига оналик қилиш битилган экан. Аммо улар мен учун биров, бегона эмас...

Ота-онам танлаган йигитга турмушга чиқдим. Эл қатори яшай бошладик. Тўйимиздан уч ой ўтиб, менда ҳомиладорлик аломатлари сезила бошлади. Бироқ кўп ўтмай шодлигимиз ярмида узилиб қолди. Ҳомила ичимда нобуд бўлган экан. Шифокорлар жарроҳлик йўли билан уни олиб ташлашди. Кўп қийналдим. Уйга қайтганимда менга нисбатан муносабат ўзгаргандай эди. Қайнонам, қайинэгачиларимнинг хатти-ҳаракатидан оғриниб, "Битта боласи тушган мен эмас-ку! Худо хоҳласа, ҳали этак-этак фарзандлар кўраман. Ҳомилам нобуд бўлиб, шунча азоб чекишни ўзим хоҳлаганим йўқ-ку!" деб ўйлардим.

Орадан бироз фурсат ўтиб, турмуш ўртоғим айтган аччиқ ҳақиқат мени тамоман гангитиб қўйди:

Зиёда, сен кучли аёлсан. Ўзингни қўлга ол. Энди... биз... бошқа... фарзанд кўролмас эканмиз. Шунинг учун ҳомиланг нобуд бўлган экан. Нима бўлганда ҳам мен сендан ўзгасини демайман. Сен кўз очиб кўрганимсан. Ҳамиша менга суянишингни, мен учун қадрли эканингни ҳис этиб яшашингни истайман.

У қанчалик меҳр-муҳаббат ва самимият билан сўзламасин, менга маломатдай туюларди. Гўё юрагим уришдан тўхтаб қолгандай, дунё зимистонга айланганди. Кун-у тун туз тотмай йиғлардим. Қўлим ишга бормас, кўзларимга уйқу инмасди.

Дардим борасида кўринмаган шифокору табиблар қолмади. Натижа йўқ эди. Қайнонам иккимизни ажратиб юборишга уринарди. Аммо Ҳамид акам ҳеч унамади. Укасининг қатъий туриб олганини кўрган қайноғам эрта-индин кўзи ёрийдиган овсинимнинг боласини бизга бермоқчи бўлди. Овсиним билан қайнонам кўп қаршиликлар қилишди, лекин қайноғам айтганида туриб олди.

Чақалоқни туғруқхонадан тўғри уйимизга олиб келдик. Ўшандаги хурсандчилигимиз, севинчимизни тасвирлашга тил ожиз. Фарзандимни бор меҳрим, муҳаббатим билан парвариш қила бошладим. Уйимизга хушнудлик, чароғонлик олиб келгани учун унга Хушнуджон деб исм қўйдик. Дўмбоққина бўлиб бораётган Хушнуджонимга қараб, бахт таъмини туярдим. Ўзимни энг саодатли аёл деб ҳисоблардим.

Аммо ҳануз қайнонамнинг менга муносабати яхши эмасди. Овсинимни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим: "Уларга парво қилма. Лекин ҳар доим ҳурмат-иззатини жойига қўй. Айниқса, акамнинг кўнглини оғритма. Унинг шарофати, меҳрибончилиги билан фарзандли бўлдик, бағримиз тўлди", деб тез-тез таъкидлаб турарди. Аслида мен эримнинг барча қавму қариндошларини, айниқса, ота-онаси ва акасини қаттиқ ҳурмат қилардим. Йиллар елдек елиб, Хушнуджонимиз мактаб ёшига етди. Уни 1- синфга олиб борган куним ҳеч эсимдан чиқмайди. Жажжи қўлчалари билан портфелчасини маҳакам ушлаб, атрофга ҳайрат билан қийқириб қарарди. Лекни бахтни Худойим менга омонат берган экан... Овсиним арзимаган баҳона билан жанжал кўтарди-ю, Хушнуджонни... мендан қайтариб олди.

Энди у уйда мени ушлаб турадиган ҳеч нарса қолмаганди. Ўн йиллик меҳнатим, тортган машаққату азобларимни ўша хонадонга ташлаб, ота уйимга қайтдим.

Иш жойимни ўзгартирдим. Барибир ярим тунда уйқусиз кўзларим дардини болишдан ўзга билмасди. Иложим йўқ, кўнишим керак, тақдиримда шу ёзуқ бор экан. Бувим раҳматли: "Осмондан келганини ер, Аллоҳдан келганини бандаси кўтаради" дегувчи эдилар. Ажрашганимиздан икки йил ўтиб, собиқ эрим уйланди. Бир маҳалладан бўлганимиз сабаб, унинг уйига бегона жувон кириб-чиқишига кўзим тушса, ичимдан зил  кетардим. Совчилар келар, аммо мен бошқа турмуш қуришни истамасдим. Бироқ собиқ эримнинг хотини ҳомиладорлигини эшитдиму, мен ҳам тезроқ турмушга чиқиб, узоқроққа кетишни истадим. Икки-уч қишлоқ нарида яшайдиган, хотини оламдан ўтган, уч боласи билан қолган эркакдан келган совчиларга розилик бердим. Йигит ўқимишли, ўқитувчи эди. Кўришдик. Бир-биримизга маъқул келдик. Никоҳландик. Унинг болалари билан тил топишиш осон кечмади. Шунга қарамай, собиқ турмушимдагиларнинг, айниқса, овсинимнинг олдида юзим ёруғ бўлиши учун барчасига чидадим, сабр билан синовни енгдим.

Аллоҳга беҳисоб шукр, чеккан ранжу машаққатларим эвазига Яратган мени оналик бахти билан сийлади. Ҳозир уч ярим яшар қизалоғим бор. У опа-акаларининг эркатойи. Ёшим қирққа етганда, фарзанд-ли бўлдим. Келганимда, эримнинг тўнғичи 12 ёшда, қизимиз 9 да, кенжа ўғлимиз 6 ёшда эди. Ҳозир ўғил уйлантириб, қиз чиқариш арафасидаман. Мен болаларимнинг ўгай эмас, ўз онасиман. Ахир айтишади-ку, туққан эмас, боққан она деб. Боласини менга бериб, улғайтириб ўстирганимдан кейин қўлимдан юлиб, кўнглимни чил-чил синдирган овсиним уч йил аввал қизини узатган эди. Икки йилдан бери тирноқ пойлаётган қизида тўлғоқ жараёни оғир кечиб, гўдак жарроҳлик йўли билан туғилди. Шунча қийналгани етмагандай, уч кун ўтиб чақалоқ нобуд бўлибди. Энди қайта фарзанд кўролмас экан. Эшитиб рости хафа бўлдим. Очиғи, овсинимни қарғамагандим. Ўшанда боласи-да, тўққиз ой қорнида кўтариб юриб, тўлғоқ азобини тортиб, дунёга келтирган фарзанди-да - ҳаққи бор, дея ўзимга таскин бергандим. Айниқса, онасидан ёш қолган болаларга оналик қилганимда, сабрим мукофоти сифатида қизалоғим туғилганида, ундан чексиз миннатдор бўлгандим. Аммо собиқ овсинимнинг ишлари Худога хуш келмаган кўринади. Нима бўлганда ҳам, Яратган Эгам ҳеч кимни ноумид қилмасин...

Аёлнинг сўзларини БАҲОР оққа кўчирди.