+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Апр 2017

ФИРИБГАРЛАР ТУЗОFИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ

(15 – сон)Одам савдоси

- Опажон, сингилжон, сохта ваъдаларга ишониб, осонгина 

мўмай пул топиш илинжида мен каби одам савдоси қурбонига

айланиб қолманг, - дейди Гўзал исмли юртдошимиз.

Кўпни кўрган кексалар "Ҳаёт - ибратдир", деб бежиз айтишмас экан. Қийин йўллари, синовли сўқмоқлари билан ҳаёт инсонга ибрат бўлишига, кишини ўзи босиб ўтган йўллар ҳақида холис мулоҳаза юритишга мажбур этишига ҳаётим, бошимдан ўтказган воқеалар туфайли  амин бўлдим.

Билиб-билмасдан қилинган хатолар инсонни шундай оғир аҳволга солиб қўяр эканки, буни фақат бошидан ўтказган кишигина ҳис этиши мумкин. Ана шундай қийинчиликлар, мусибатлар одамлар томонидан атайин, амалга оширилса, инсон ўзини дунёдаги энг бахтсиз, ночор ҳис этишини,  унинг учун ҳаётнинг  мазмуни қолмаслигини англадим. 

Менинг ана шундай оғир аҳволга тушишимга орамизда яшаб юрган, ўзларини беозор кўрсатиб, аслида жирканч ишлари билан ҳатто, шайтонга дарс берадиган, пул топиш учун бегона тугул ўз яқинларини ҳам сотиб юборишдан қайтмайдиган разил, фириб ботқоғига ботган кимсалар сабаб бўлди.

Келинг, яхшиси ҳаётим, бошимдан ўтган воқеаларни Сизга бир бошдан айтиб берай. Мен, 2010 йилда турмушга чиққанман, шу йили бахтсиз тасодиф туфайли турмуш ўртоғим вафот этиб, ота уйимга қайтиб келдим. Мактабни тамомлагандан сўнг ўқимаганлигим, бирор мутахассислигим бўлмаганлиги боис ишга жойлаша олмадим. Опаларим кўмаги билан Россия давлатига ишлагани кетдим. Уч йил ишлаб, дадамга пул юбориб турдим.

2015 йилда уйга қайтдим, жамғарган пулим уй сотиб олиш учун етмади. Опаларимдан, қариндошларимдан қарз олиб, Андижон шаҳридан уй сотиб олдим. Лекин ҳамманинг ўз тирикчилиги бор, олган қарзларимни қайтаришим, яна янги уйни жиҳозлаш учун ишлашим керак эди. Шу сабаб, яна Россияга бориб, ишлаб келмоқчи бўлдим. 

Самолётга билет олиш мақсадида аэропортга бордим. Паспортимни текшириб,  "Сизга "таъқиқ" бор экан, Россияга бора олмайсиз", деб билет сотишмади. Тирикчилик ўтказиш учун савдо-сотиқ ишлари билан шуғулландим, лекин ишларим юришмади. Сиқилиб, қийналиб юрган пайтимда бир танишим Андижон шаҳрида яшовчи дами ўткир дуохон табиб домлага боришни маслаҳат берди.

Шундай қилиб, танишим билан дуохон домланинг ҳузурига бордим. Домла "ўқиди", ўзаро суҳбат орасида тушкунлигим сабабини сўради. Россияга ишлашга бора олмаётганлигим, "қора рўйхат"га тушиб қолганлигимни айтдим. У хоҳласам ёрдам беришини, шаҳарлик Халимахон (исми ўзгартирилди) исмли аёл ҳам шундай ҳолатга тушиб қолганида унга Россияга кетишга ёрдам берганлигини, ҳозир ўша ерда ишлаётганлигини айтди. Истасангиз у билан гаплашиб кўринг, деб ўша аёлнинг телефон рақамини берди.

Халима билан телефонлашдим. Суҳбатимизда Тошкент шаҳрида яшовчи Қудрат исмли таниши борлигини, у Россияда "қора рўйхат"га тушиб қолган кўп кишиларга ёрдам берганлигини айтди. "Ишончли, ишини пухта бажаради, менга ҳам ёрдам берган. Гаплашиб кўринг, Сизга ҳам балки ёрдам бериши мумкин" деб, унинг телефон рақамини берди.

Кўп ўтмай мен аёл берган рақамга телефон қилдим. Ўзини Қудрат деб таништирган киши мақсадимни билгач, электрон почтасини бериб, "Паспортингиз нусхасини интернет орқали жўнатинг, уни текширтириб, агар қора рўйхатда бўлса, бир ҳафтада чиқартириб, Россияга боришга ёрдам қиламан", деб ваъда берди. Сўнг паспортим нусхасини юбордим.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Қудрат менга телефон қилиб, масалани ҳал қилганлигини, зудлик билан йўлга чиқишим зарурлигини айтди. Бу ишни ҳал этиш учун бир минг АҚШ доллари сарфланганлиги, лекин менга ёрдам тариқасида ўша пулни берсам етарли бўлишлигини айтди. 

Ўзимнинг пулим йўқлиги боис танишларим, қариндошларимдан яна қарз олиб,   Тошкентга жўнадим. Телефон    орқали Қудрат айтган манзилга бориб, у билан учрашдим. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги уйда мендан ташқари наманганлик Ботир исмли киши ҳам бор эди. У ҳам мен каби "қора рўйхат"да экан.

Қудрат бизни Россияга Қозоғистон орқали ўтказиб қўйишлигини, чегара постларидаги барча масалаларни ўзи ҳал этишлигини ва Москвага ташлаб қайтишлигини айтди. Мен ҳам, Ботир ҳам Қудратга 1000 доллардан пул бердик.

Қудратнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларидан шубҳага туша бошладим. Қанчалик аламли ва аянчли бўлса-да, мен нодон барибир, у менинг муаммоларимни ҳал этиб беришига, Россияга юборишига ишондим. 

Қудрат эрталаб менинг олдимда таниши, Россияда ишлаётган - менга Қудратнинг телефонини берган Халимага телефон қилди. У телефонда      Москва шаҳрида мен ва Ботирга иш топиб қўйганлигини, мен бир рус кампирга "оқсоч"лик қилишимни, ётоқ, емоқ-ичмоқдан  ташқари ойига 400 доллар миқдорида иш ҳақи олишимни айтди. Қударт гаплашиб бўлганидан сўнг "кечроқ бирга йўлга чиқиб кетамиз, мен тайёргарлик кўраман", деб уйдан чиқиб кетди.

Айтилган вақт келгач, Қудрат бизни Қозоғистонга ўтиладиган "Чернявка" чегара постига олиб борди, чегарачилар сўраса, меҳмонга кетяпмиз дейишимизни тайинлади. Чегарадан ўтиш жойида турганимизда: "Зарур ишларим чиқиб қолди, чегарадан ўтиб, Чимкентга борасизлар, темирйўл вокзалида Сизларни Москва йўналиши бўйича қатновчи поезд провадниги Шерзод исмли йигит кутиб олади" деб, унинг телефон рақамини берди. У Москвага олиб боришини, у ерда эса бизни Халима кутиб олишлигини айтди.

 Чегарадан ўтиб, Чимкентга бордик. Шерзодга қўнғироқ қилиб, у билан кўришдик. У бизга ҳатто, билет ҳам олмасдан бир поездга чиқарди. "Бу    поездда Актюбинск шаҳригача борасизлар, у ердан бошқа, Москвага кетадиган поездга алмашасизлар, сизларни Манноб исмли киши  кутиб олади", дея бизни  кузатиб қўйди.

Актюбинск шаҳрида бизни Баҳодир исмли йигит кутиб олди ва уйига олиб кетди. Унинг хотини қозоқ аёл экан. Уйининг ертўласида бир нечта кичик-кичик хоналар бўлиб, хоналарда 10 нафардан ортиқроқ эркаклар яшар экан. Мен у ерда самарқандлик Мукаррам (исми ўзгартирилди) исмли аёл билан бир хонада турдим.

Эрталаб Қудрат эртага чиқиб кетасизлар, деб телефон қилди. Эртага, эртага деган телефонлар билан йигирма кундан кўпроқ вақт ертўлада яшадик. Уй эгалари турган ҳар бир кунимиз учун полон тангадан ижара ҳаққи тўлашимизни айтди. Бу орада мен хонанинг захлиги, очлик, ночорликдан, юрагим санчиб, ошқозоним оғриб, касал бўлиб қолдим. Пулим ҳам тугаб борарди.

Билдимки, ертўлада ётган барчамиз тутқинликка тушган, телевизорда кўрганим одам савдоси билан шуғулланадиган кишиларнинг тутқунига айланган эдик.

Дастлаб, паспортимизни, кейинроқ эса телефонларимизни олиб қўйишди. Қўриқчилар бизни асло ташқарига чиқармас, ҳеч ким билан гаплаштирмас эди. Бу ернинг хўжайинлари  тутқундагиларни олиб боришиб, турли жойларда ҳар куни 16-18 саотлаб ишлатишарди. Қайтганларида эса маст бўлиб олиб, уларни вахшийларча урарди. Бизни шунчалик хор қилаётганликларидан ўзимга кела олмас эдим. Мени, ҳатто ёши катта Мукаррам опани уриб, зўрлашди. Бунга қаршилик қилганимда мени уриб, дўппослаб ташлашди. Атрофдагилар эса бунга томошабин бўлиб турганлигини кўриб, инсонларнинг шу қадар муте, виждонсиз бўлишларидан, алданиб, шу жойларга келиб, хўрланганлигимда дод, деб, фарёд чекдим..

Шундан сўнг телефонлар солиб қўйилган шкафдан бир иложини қилиб телефонимни олиб, Тошкентга Қудратга телефон қилдим, лекин телефонга жавоб бермади. Сўнг Андижонга мени Халима ва Қудрат билан таништирган табиб домлага телефон қилдим. Биз Қозоғистонда тутқунликда эканлигимизни, менга ёрдам кераклигини, мен ҳақимда ички ишлар идораларига хабар беришлигини ўтиниб сўрадим. Бир оз ўтказиб, яна телефон қилдим, лекин у телефонимга жавоб бермади. Бўлган воқеаларни ёзиб, унга СМС юбордим. Лекин яна жавоб бўлмади.

Шу тариқа бир неча ой ишлаб юрдик. Бир куни бизни Россияга жўнатиб юборишларини айтишди. Икки кун ўтгач, Умид исмли йигит кечки пайт мен, Ботир ака ва Мукаррам опани олиб, машинада чакалакзорлар билан қопланган бир жойга олиб борди. Атроф қумлик, узоқроқда эса чиябўриларнинг увиллаши эштиларди. Умид шу ердан тўғри юрсаларинг 8 км.дан кейин Россия бошланади, деб бизга йўл кўрсатди. Чегарадан ўтиб олиб, Москвага етиб оласизлар, деди. 

Қудрат бизни чегарадан ўтказиб қўйишга ваъда берган, дея юришга қаршилик қилдик. Умид бизни куракда турмайдиган сўзлар билан сўкар, хоҳласанг шу, хоҳламасанг ҳам сенларни шу ерга ташлаб кетаман, деб бақирарди. Бақир-чақир бўлаётган пайтда мен кучимни борича югуриб, қочиб кетдим. Қоронғу тушиб бораётган эди, 2 км.ча юрганимдан кейин олдимда пастак-пастак уйлар чиқди. Уйларнинг бирига кириб яшириндим. Уй эгалари қозоқлар экан. Мен улардан милицияга хабар беришларини илтимос қилдим. Бир қозоқ аёл милицияга қўнғироқ қилди. Кўп ўтмай милиция машинаси келди. Уларга воқеани айтиб, Умид бизни олиб борган жойга бордик. У ерда Ботир ака билан Мукаррам опа турар эди. Умид уларни ўша жойга ташлаб кетиб бўлган экан. Бизни милицияхонага олиб кетишди.

Милицияга тутқунликдаги ҳаётимиз ҳақида барини айтиб бердик. Улар бизни ушлаб турган одамлар кимлар, қаерда яшашлари ҳақида сўрашди, суриштирув ишлари олиб боришларини айтишди. Бироқ  Қозоғистон Республикасида ноқонуний юрганлигимиз учун милиция бизни ишимизни судга оширди.

Қозоғистон Республикасида ҳужжатларимизни расмийлаштирмасдан юрганлигимиз учун суд бизга 200 АҚШ долларидан жарима тўлашимиз ва белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикасига ўтиб кетишимиз ҳақида қарор чиқарди. Яна опаларимга телефон қилиб, пул юборишларини сўрадим. Икки кун ўтгач, жаримани тўладик. Сўнг қўлимизга суд қарорини бериб, қўйиб юборишди.

Минг азоблар билан Тошкентга қайтдим. Келибоқ Қудратнинг уйига бордим. Уйи қулф эди. Тунга қадар кутдим, келмади. Қўшнисиникида 4 нафар қиз ижарада яшар экан. Мен ҳам шу ерга ижарага жойлашдим. Шу жойда яшаб, Қудратни бир ҳафта пойладим, лекин у келмади. Ундан-бундан суриштирдим, изладим, тополмадим. Сўнг Андижонга қайтим. Тўғри дуохон табиб домланинг уйига бордим. Ҳузурида анчагина одам бор экан. Ҳаммани олдида: "Бу одам дуохон табиб домла эмас, одамфуруш, иймонсиз, ёлғончи одам" деб бақирдим.

Қозоғистонда хўрликда, тутқинликда эканлигимда телефон қилиб, "Мен ҳақимда милицияга хабар беринг, деб ўтиниб сўраганимда, "хўп-хўп" деган эдингиз. Нима учун хабар бермадингиз", деб сўрасам, "сизни яқинларингиз, одамлар олдида шарманда бўлмасин дедим" дея юзсизларча жавоб берди.

Ўша пайтларда мендан телефон бўлавермагач, тинчимни билиш мақсадида опам домланинг уйига келиб, сўраганида: "синглингиз тинч, худо хоҳласа, эрта индин Россияга кириб олади" деган, ёлғон гаплар билан уни тинчлантирган экан. 

 Дуохон домла худони номини айтиб, ёлғон гапириб юргани, жирканч йўллар билан пул топиб, тирикчилик қилаётган, пул топиш йўлида миллатдошларини сотаётган манфур  одамлар борлигидан нафратландим. Ахир мен ўша жойларда ўлиб кетишим мумкин эдику?

...Сўнг бўлиб ўтган барча ишлар ҳақидаги ариза билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдим. Айбдорларнинг кўпи жазога тортилди. 

...Дуохон табиб домла, Қудрат, Халима, Шерзод, Манноб, Баҳодир, Қозоғистонда бизни тутқунликда ушлаб турганлар - буларнинг бари бир халқага уюшган тўда эканлигига кеч бўлса-да, тушуниб етдим. Уларнинг фириби оқибатида қанча-қанча мен каби юртдошларимиз не-не азоб-уқибатларни бошидан ўтказмади экан. Бу кимсалар инсонийликдан йироқ вахшийлар, ҳар қандай жирканч, ифлос ишларга қодир эканлигига ўзим гувоҳ бўлдим.

Тўғри, мен адашдим, алдандим. Соддалигим, ишонувчанлигим туфайли қаллоб ва фирибгарларнинг сўзига ишониб, пулимдан, соғлигимдан айрилдим, аёл номига доғ туширдим, хор-зор бўлдим.

Саробга ишониб, осон пул топаман деб, бошимдан бундай уқибатларни ўтказганим учун ўзимни кечира олмай, виждон азобида яшаяпман. Қолмишига кучли руҳий зўриқишлар, азоб-уқубатлар туфайли турли хасталикларни ошириб олдим.

Мен аёлман. Менинг аҳволимга ҳеч ким, айниқса, аёл киши асло тушмасин. Мен йўл қўйган ҳато қиз-аёлларимизга ибрат бўлсин. Азиз сингилжонлар, опажонлар билиб-билмасдан ўзга юртларга боришни орзу қилманг. Осонлик билан мўмай даромад топиш - хом хаёл. Фақат аёллик шаънингиз, қадр-қимматингиз топталиши, хўрлик, азоб-уқубатлар ҳисобигагина пул топишингиз мумкинлигини унутманг.

 

Аёлнинг сўзларини Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ ёзиб олди.