+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Июнь 2017

ФАРЗАНД, ЁШЛАР ТАРБИЯСИНИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН ҚЎЙИШИМИЗ КЕРАК

(23-сон) Хотин-қизлар қўмиталари фаолиятидан

Инсон боласи оила аталмиш мўъжаз масканда кўз очиб, тарбия топади. Бу қадрдон гўшанинг инсон камолотидаги ўрни беқиёс ва бебаҳо. Шунданми, халқимиз пойдевори мустаҳкам оила қуриш, уни асрашга ниҳоятда масъулиятли вазифа сифатида қарайди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб ном олган жорий йилда оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ундаги муаммоларга ечим топишдек эзгу жараён кенг қулоч ёзди. Ушбу жараён хотин-қизлар қўмиталари олдига ҳам муҳим вазифалар қўймоқда. қўмита ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда ўрганишлар олиб борилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Бугун туманимизда истиқомат қилаётган 193 мингга яқин аҳолининг 87 минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир. 205 та корхона, ташкилот ва  муассасада хотин-қизлар бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда. Бундан  ташқари, 64 та таълим масканида      "Ораста қизлар", 65 та маҳаллада "Ораста қизлар давраси", 28 та мактабгача таълим муассасасида "Зумрадойлар давраси" тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга 32 мингдан зиёд қизлар жалб этилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган комиссия ва секторларда белгиланган йўналишлардаги ишлар изчил олиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида минглаб оилаларнинг яшаш шарт-шароитлари билан бевосита танишилди, оилалардаги мавжуд муаммолар имкон қадар ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, бу келгусида оилалар билан ишлашда ўзига хос тизим ва тартибни шакллантириб олиш имконини берди.

Тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳар бир кўчада низоли оилаларни яраштириш бўйича ишчи гуруҳлар, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда. Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар ташаббуси билан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда М. Абдураҳмонова, Ш. Каримова, Г. Ҳамидова, Н. Болтабоева, Г. Қодирова, С. Бобоматова каби фаолларимиз, шунингдек,   Ф. Турғунова, З. Зуҳриддинова, Г. Раззақова,       Л. Абдураҳмонова, Л. Қорабоева, Н. Имомова сингари фахрий онахонларимиз бизга яқиндан ёрдам бермоқда. Қўмитамиз қошида фаолият кўрсатаётган "Аёллар маслаҳат маркази"да "Қайноналар мактаби" мунтазам фаолият юритиши натижасида оилавий муносабатлардаги муаммоларга барҳам берилмоқда. 

Ҳар бир оиланинг турмуш тарзи, одатлари, муносабат шакллари турлича. Аммо оилани оила қиладиган бир ўзак борки, бу ўзаро ҳурмат, ишонч ва меҳрдир. Бу туйғулар барқарор бўлса, оила соғлом, мустаҳкам, ҳар жиҳатдан ибратли бўлади. Акс ҳолда унда турли муаммолар юзага келиб, бундай оила жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланади.

Ҳар бир маҳаллада намунали хонадонлар жуда кўп, аммо биз юқорида тилга олган нохуш ҳолат юзага келган, оила аъзолари муносабатларига дарз етган оилалар ҳам йўқ эмас. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар давомида йил бошидан шу кунга қадар туманимизда 121 оила яраштирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, эр-хотин, қайнона-келин, келин-қайинсингил ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги муросасизликлар ўзаро келишмовчилик, моддий етишмовчилик, мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиш, оила бошлиғининг ўзга юртга иш излаб кетиб қолиши каби сабаблар натижасида пайдо бўлмоқда. Кўлбўйи, Ифтихор, Аълам, Адолат, Фаровон, Дарёбўйи маҳаллаларида ана шундай носоғлом вазиятга тушиб қолган оилаларда ажрим кўпроқ учраётгани бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этди.

Шунингдек, кўп оилалардаги муаммоларнинг туб илдизи унда фарзандларга берилаётган таълим-тарбияга бориб тақалмоқда. Фарзанд тарбиясидек мажбурият ва масъулиятга жиддий қаралган оилаларда соғлом муҳит барқарор бўлишини афсуски, айрим ота-оналар англаб етмаяпти. Профилактика кунлари давомида мутасаддилар томонидан 218 нафар назоратсиз вояга етмаганлар борлиги аниқланди. Давомат тадбирлари, сайёр суд мажлислари, муҳокамалар натижада фарзандининг таълим-тарбия олишида бепарволикка йўл қўйган ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг фарзанд тарбияси, назорат қилиш борасидаги бурчига масъулиятсизлиги масъул идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги сайёр йиғилишларда муҳокама этилмоқда.

Бизнинг мақсадимиз ҳар бир оилани муқаддас ва қутлуғ остонага айлантиришдир. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.

Кўп ҳолларда тўлиқ бўлмаган, яъни, ота ёки она ишлаш учун четга чиққан  оилаларда низолар келиб чиқмоқда, бунинг устига болалар қаровсиз қолмоқда. Мўмай пул топган аёл оиласини,  аёллигини унутиб қўйиб, эридан устун бўлишга интилади.  Эркак бундай муносабатни ҳазм қилолмайди. Натижада ўртадаги муроса йўқолади, меҳр қочади. Баъзан ажримларга қайнона ва келин муносабатларининг издан чиқиши ҳам сабаб бўлмоқда. Янги келин мисоли бир ниҳол. Уни парваришлаб, соя ва мева берувчи дарахтга айлантириш ҳам, кўкартирмаслик ҳам қайнонанинг қўлида. Ўзининг  мустақил фикри йўқ, тирноқ остидан кир қидириб уйининг чироғини ёқиб қолувчи, авлодларининг давомчиси бўлган келинга зуғум ўтказадиган қайноналарга қарата оналик меҳрингиз қаерда қолди, ахир келин ҳам фарзанд-ку, бир оғиз ширин сўзингизни, меҳрингизни ундан дариғ тутманг, дегим келади. Қарс икки қўлдан чиқади. Келинлар ҳам  қайнонасини ўз онасидай кўриши, ардоқлаши зарур. Улар  ҳар бир нарсага яхши кўз билан қараб, яхшиликка йўйса олам гулистон. Бу аввало, унинг ўз оиласида олган тарбиясига боғлиқ. Ҳар бир она қизини мулойим, сабрли, ширинсўз қилиб тарбияласа,  фарзанди албатта, борган жойида мустаҳкам ўрин топа олади.

Хотин-қизлар ва ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича  ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Жойларда турли тадбирлар ўтказиб,  кенг кўламли  тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Юртимизда ўқийман, ишлайман деган инсон учун барча имкониятлар  бор. Бироқ уларнинг қадрига етмай, четга ишлаш учун кетаётган аксарият фуқароларимиз одам савдосининг қурбонига айланиб қолаётганлигидан ҳам тўғри хулоса чиқариб олишимиз керак. Ёшлар, ўсмирлар учун билимдан ортиқ бойлик йўқ. Афсуски, буни вақтида англаб етмаган, онгида маънавий бўшлиқ ҳосил бўлган айрим ёш йигит-қизлар қимматли вақтларини беҳуда ўтказаётганлиги эса ачинарлидир.  Улар "Оммавий маданият" ортидан кўр-кўрона эргашиб, компьютер, қўл телефони орқали ўз онгини ўзлари заҳарламоқда.

Яратган аёлга оналик бахтини ато этган. Шундай экан, бу тенги йўқ бахтнинг қадрига етмоқ керак. Оилада аёл қадрланса, унда камол топаётган фарзандлар оқил, аҳли солиҳ бўлиб етишади. Давлатимизнинг ёшлар тарбияси тўғрисидаги сиёсатини изчил амалга ошириш ёрқин келажагимиз учун муҳим пойдевор яратади. Бу ишда аёлларимиз фаол бўлиши, фарзанд, ёшлар тарбиясини ҳар нарсадан устун қўйиши зарурлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим.

Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

 Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.