+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИСРОФ ҚИЛИШЛИК ГУНОҲДИР

Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок, фаҳм-фаросат ато этиб, уни барча маҳлуқотлардан устун қилиб қўйди. Шу билан бирга, берган неъматларига шукур қилишни, ҳаётимиз давомида улардан ўз ўрнида, исроф қилмай фойдаланишни буюрди.

Ҳадисларнинг бирида: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди", дейилади. Яна бир ҳадисда эса "Ишларнинг яхшироғи - ўртачасидир", деб айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг юқоридаги сўзларидан шундай хулоса қилинадики, инсон ҳаётида исрофга йўл қўймасдан тежамкор бўлиши ўша киши олий фазилатлардан бирининг соҳиби эканлигини кўрсатади.

Минг афсуски, кейинги пайтларда юртдошларимиз орасида исрофга йўл қўяётган кишилар ҳам тез-тез учраб турибди. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ берган фарзандни уйлаш ёки қизни турмушга узатиш каби тантаналар борки, бундай қадриятлар билан ҳамоҳанг яшаш қон-қонимизга сингиб кетган. Лекин ана шу маросимларни ихчамлаштириш, камчиқим қилиб ўтказиш ўрнига уларни дабдаба,  ортиқча исрофгарчилик билан ўтказишдек иллатлар ҳаётимизда одатга айланиб қолаётганли барчамизни ташвишга солиши керак. 

Тўй, бошқа маросимларни ўтказишда манманлик ва риёкорликка берилиш шунингдек, одамлар мен тўй қилганимни, қўша-қўша қозонларда ош дамлаганимни гапирсинлар, деган мақсадда қилаётганлар ортиқча сарф-харажат қилиш гуноҳ эканлигини билиб қўйсин.

Тўйни дабдаба билан ўтказишлик динимизда қораланади, қолаверса, ҳаётий мезонларимизга ҳам зиддир. Мисол учун, расмий никоҳдан ўтиш маросимидан аввал  кафеларда ўтириб базм уюштириш, фотосессиялар қилиш, тўйдан кейин куёвнинг уйига ҳафталаб бир неча маҳал маъзар ташиш - булар риёдан ўзга нарса эмас. Ана шу каби салбий одатларни урфга айлантираётганлар билсинки, бундай ўзини кўз-кўз қилишлик инсонийликка ҳам хос эмас.

Айниқса, бугунги кунда қиз чиқарган томонга машаққат ва жабр бўлмоқда. кўп ҳолларда келин олаётган томон бизга сизларнинг ортиқча нарсаларингиз керак эмас, деб айтиш ўрнига фалон-фалон нарсангиз кам экан, дейишлик билан овора. Кейинги пайтларда келиннинг сепига қўшилиб келадиган буюмлар сони ҳам кўпайиб кетди. Ахир бу қудаларнинг бир-бирларини қийнашдан ўзга нарса эмас. Ана шу буюмларни келин-куёв ҳаётлари давомида меҳнат қилиб, ўзлари олса, мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Шаръий нуқтаи назардан йигит киши бир қизни никоҳига олса, уни емоқ-ичмоқ, кийим-бош билан таъминлаш унинг вазифаси ҳисобланади. Аммо айрим йигитлар борки, келиннинг ортидан бир кунда уч маҳалдан келадиган маъзарга, ҳатто, тансиқ овқатларни буюриб, ўша таомларга кўз тикиб ўтиришни ўзларига эп кўраётганлиги дилимизга оғриқ солади. Наҳотки, улар уят, орият деган туйғулардан узоқ бўлса?

Ахир бизнинг ота-боболаримиз ақл-заковатли, ғурурли, орияти баланд ҳамда таъмадан йироқ инсонлар бўлган. Наҳотки, бугун айрим ёшларимиз авлодларимизнинг муқаддас удумларини унутган бўлса? Айрим опа-сингилларимиз келиннинг одоб-аҳлоқи, тарбияси, уқувидан кўра, унга берилган матолар, кийим-кечаклар, қайнонасига қилинаётган сарполарни баланд қўйса? Ўғли, қизининг бахтини мато ва буюмларга тенглаштираётган ота-оналар калтабин кишилардир.

Тўйдан олдин қудалар ўзаро маслаҳатлашиб, ортиқча олди-бердиларни йўқотишни, маҳалла фаоллари, ёши улуғ инсонларни чақириб, тўйни исрофгарчиликсиз, тежамкорлик билан ўтказишни келишиб олишлари оқилона йўлдир.

Демак, исроф, "фалончидан мен камми", деб манманлик ва риёкорлик билан тўйларга, маросимларга керагидан ортиқча сарф-харажат қилиш ҳам ақлан, ҳам шаъриат нуқтаи назаридан тўғри эмас, яъни гуноҳ иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонли, инсофли, гуноҳдан қўрқадиган бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.

Марҳабо БОЗОРОВА,

 

Андижон тумани бош отинойиси.

Қошга қараб инсон феъл-атворини билиш мумкин

Қадимги Хитой ва Грецияда табиблар одамнинг феъл-атворини кўзнинг кўриниши, холи, ҳаракатлари сингари қатор жиҳатлар орқали билиб олишган. Хусусан, қошларнинг кўриниши билан ҳам киши феъл-атвори ҳақида кўп нарсаларни билишган. Европалик бир гуруҳ олим-руҳшунослар ўрганишлари, олиб борган тадқиқотлардан келиб чиқиб, куйидагича хулосага келдилар. Демак:

* Кенг ва узун қошлар ҳаракатларнинг мукаммаллигидан дарак бераркан. Уларнинг шакли, ранги ва қалинлиги, эҳтирос, ақл ҳамда характернинг мутоносиблигини, қаттиқ ва дағал қошлар эса бунинг аксини билдиради.

 

* Агар қалин қошларнинг учи юқорига кўтарилган бўлса, бундай кишилар очиқкўнгил ва жасоратли бўлади. Улар ҳаётда қийналмайдилар ва катта ютуқларга эришадилар.

Қошларининг учи пастга қараган кишилар эса жуда уятчан бўлишади. Улар кўпчилик билан муносабатга киришишга қийналадилар.

 

*  Катта, қалин қошлар жаҳлдорлик белгиси экан. Шунингдек, дағал қошлар кишининг "қайсар" характер эгаси эканлигини билдиради.

 

* Эркакларнинг қоши қалин ва туташ бўлса, бировдан устун келиш учун курашувчанлигини англатади. Бундай қош соҳибаси бўлган аёллар эса уй ишларига киришиб кетолмайдилар. Инжиқ ва қайсар бўладилар.

 

* Қошларнинг юқорида жойлашиши собитқадамликни билдирса, кўзга яқин жойлашгани эса кишининг суст, мужмал характерга эга эканлигини билдиради.

 

Ҳозирги кунга келиб, одамларнинг характерини қошига қараб ўрганиш айниқса, аёллар борасида анча мушкул масалага айланган. Негаки, улар косметика ёрдамида қошларини ўзлари хоҳлаган шаклга солиб, ўзгартириб олишмоқда.

 

 

Озода ОЛИМОВА тайёрлади.

Хайрли ишлар кўлами кенгаймоқда

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан бир гуруҳ касаба уюшма аъзолари учун дам олиш саёҳатлари ташкил этилди.

Кенгаш тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган 22 нафар педагог ва ишчи ходимлар  икки кун давомида Фарғона вилояти Арсив қишлоғидаги  "Аҳмад ал-Фарғоний" дам олиш уйида хордиқ чиқарган бўлса, 7 нафар уюшма аъзолари "Андижон-Тошкент-Самарқанд-Бухоро" йўналиши бўйича саёҳатда бўлди. Улар пойтахтимиз ҳамда тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, кўнгилли хордиқ чиқардилар.

* * *

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан халқимизнинг ўзига хос қадриятлари, саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу амалларни янада кучайтириш мақсадида қатор    хайрли тадбирлар ўтказилди.

-  Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежларида меҳнат қилаётган 140 нафар кишига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, - дейди  Кенгаш раиси Насибахон Тўрақулова. - Бундан ташқари, кўплаб меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

Бу каби хайрли ва эзгу ишлар касаба уюшма аъзоларининг кўнглини тоғдек кўтарди.

 

Маҳфузахон ПИРМАТОВА

Озод ва обод юртимизга кўз тегмасин

Ифтихор

Бугун озод ва обод мамлакатимиз ўз мустақиллигининг 27 йиллик тўйини нишонламоқда. Мустақиллик шарофати билан миллий, диний қадриятларимиз тикланди, тарихимиз, буюк давлатчилигимизни борича ўрганишга имкон яралди, халқимиз ҳаёти, турмуш-тарзи тубдан ўзгарди. Дунё ҳамжамияти ўртасида ўзбек, Ўзбекистон деган юрт бўй-бастини, ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатди. Бу ўзгаришлар шубҳасиз, ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлади.

  Шаҳар ва қишлоқларимиз обод, ҳаётимиз тўкин ва  фаровон. Инсонларнинг кўзида қувонч, эртанги кунга ишончи баланд, ҳар бир киши шукроналик туйғуси билан яшамоқда.

Ҳа, бугун осмони мусаффо, тупроғи серунум, сувлари зилол, инсонлари меҳмондўст, кечалари тинч, кўчалари нурафшон она Ватанимиз байрам оғушида. Ўзбекистоннинг Шундай гўзал, тинч ва обод заминда яшашнинг ўзи бахт. Айниқса, биз ўқитувчи ва мураббийлар кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан бошимиз кўкка етмоқда.

 Давлатимиз раҳбарининг яқиндагина, аниқроғи жорий йил 14 августида қабул қилинган "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бизни янада қувонтирди.

Қарорда педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган  жуда кўп вазифалар белгиланган. Юртимиз ўқитувчиларининг дилидаги орзулари, ўй-фикр-ларини акс эттирган ушбу қарор бизни руҳлантириб юборди. Мазкур ҳужжат бизни янада фаол ишлашга, фидойи бўлишга, қолаверса, зиммамиздаги бурч ва масъулиятни сидқидилдан адо этишга ундайди. 

Мустақиллик байрамидан сўнг "Билимлар куни"ни нишонлаймиз. Ўқувчиларимиз янги ўқув йилини таъмирланган, чиройли биноларда, кенг ва ёруғ хоналарда бошлайди. Яратилган ана шу шароитлар ҳар бир ўғил-қизнинг билим олишга бўлган иштиёқини оширади.

Қўрғонтепа тумани Дардоқ қишлоғида жойлашган 46-умумтаълим мактаби ҳам янги ўқув йилига тахт ҳолга келтирилган. Мактабимизнинг аҳил жамоаси бир тан, бир жон бўлиб янги ўқув йилини бошлашга шай бўлиб турибди. Синф хоналаримиз дарс ва машғулотлар ўтишга тўла ҳозирланди, барча фанлар бўйича дарсликлар олиб келинди.

  Биз янги ўқув йилидан  бир ёқадан бош чиқариб, ёш авлодга пухта билиб бериш, уларни етук, юксак маънавиятли, одоб-алоқли, Ватаннинг муносиб фарзандлари қилиб тарбиялаш учун бор билим ва салоҳиятимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин, юртимизга асло кўз тегмасин. Келажаги буюк Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнасин.

Дилором МУРОТОВА,

 Қўрғонтепа туманидаги

46-умумтаълим мактабининг

 

она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

ЯНГИ УЙЛАР МУБОРАК!

Истиқлол байрами арафасида вилоятимизда 293 нафар уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган хотин-қизга янги уйлар топширилди.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида Андижон вилоятида яшаётган 293 нафар фуқаро янги уй соҳибига айланди.

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида бўлиб ўтган тадбирда жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож фуқароларга Андижон шаҳрининг Саноат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги касб-ҳунар коллежининг собиқ ётоқхонасини қайта қуриш ҳисобига барпо этилган уйларнинг калити тантанали равишда топширилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

Президентимиз жорий йилнинг 19-20 май кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож аёлларни уй-жой билан таъминлаш борасида вазифалар белгилаб берган эди. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда вилоятда рўйхатда турган ҳамда давлатимиз раҳбарининг виртуал ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган 368 нафар ногиронлиги бор, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган, якка-ёлғиз яшаётган аёлни уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, Андижон вилоятида ана шу тоифадаги 320 нафар аёлни таълим муассасаларининг фойдаланилмай турган ётоқхоналарини мослаштириб, қайта таъмирлаш ҳисобига уй-жой билан таъминлаш, 26 нафар аёлга туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан бошланғич тўловни тўлаб бериш, 30 нафар қийин шароитда яшаётган аёлга эса туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан беминнат уйлар қуриб берилиши ва уларнинг барчаси жорий йил охирига қадар эгаларига топширилиши белгиланган. Бугунги кунда бу борадаги ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Айни кунда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 26 та уй-жой қуриш учун бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилди, 30 та уй-жой қурилиши олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида касб-ҳунар коллежлари ётоқхоналарини мослаштириб, қайта қуриш ҳисобига Бўз туманида 8 нафар, Марҳамат туманида 19 нафар фуқаро уйли бўлди.

 - Уйимиз бўлмаганлиги учун бир неча йил қизим билан бировларнинг хонадонларида яшаб юрдик, - дейди  Марҳамат тумани Эрши маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногириони Зиёда Мирзақулова. - Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Бир ярим йил аввал Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхонасига уй-жой сўраб мурожаат қилгандим. Очиғи, ўшанда уй-жой олишимга ишонмаган эдим. Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга бир хонали уй берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан минг раҳмат.

 "Обод маҳалла" дастури доирасида эса Андижон шаҳридаги уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хўжаобод тумани "Қозоқ" массиви Хидирша маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 81 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу мавзеда намунавий лойиҳа асосида яна 40 та уй қурилмоқда. Бундан ташқари, Андижон шаҳрида яшовчи 3 нафар кекса аёлга кўп қаватли уйлардан бепул квартиралар олиб берилди.

Уй-жойларга айлантирилаётган собиқ ётоқхона биноларини реконструкция қилиш, мослаштириш жараёнида у ерда яшовчиларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Хонобод шаҳри, Асака, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл, Шаҳрихон, Марҳамат туманларидаги ана шундай биноларнинг биринчи қаватларида 230 иш ўрнига эга тикув-трикотаж ва бошқа йўналишлардаги цехлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунга келиб, Андижон шаҳридаги Саноат, шунингдек, Олтинкўл туманидаги Иттифоқ, Асака туманидаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги  собиқ ётоқхона бинолари реконструкция қилиниб, уй-жойга айлантирилди. Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги ана шу маҳаллаларда ўтказилган тадбирларда уй-жойга муҳтож, кам таъминланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда  ногиронлиги бўлган 293 нафар фуқарога уйлар тантанали равишда топширилди.

- Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, - дейди янги уй соҳибаси Андижон тумани "Отчопар" маҳалла фуқаролар йиғини , Узункўча кўчасида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Баракатхон Оқбўтаева. -  Ўғлим Сардорбек билан нафақа ҳисобига яшаймиз. Ўз уйимиз йўқлигидан анча қийналдик. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бизга Андижон шаҳри, Улуғбек кўчасидаги уйдан бир хонали квартира берилди. Бундан айниқса, фарзандимнинг қувонганини кўрсангиз эди. Мен каби кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат.  Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланаётган юрт фуқароси эканлигимдан бахтиёрман.

Шунингдек, янги уй соҳибига айланган Андижон тумани Чем маҳалласида яшовчи Муҳайё Ортиқова, Шаҳрихон тумани Қашқар маҳалласида яшовчи Донохон Каримова, Асака тумани Учтош маҳалласида яшовчи Олмахон Юсупова, Олтинкўл тумани Сафаробод маҳалласида яшовчи Мухлиса Раҳимова сингари жисмоний имконияти чекланган, оғир шароитда яшаётган  фуқаролар ҳам кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган Президентимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчилик ва дил изҳорларини билдирдилар.

Умуман, вилоятда 2018 йилнинг охирига қадар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож 500 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланади.

Янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Т. Худойберганов, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

 

Суратда: уй-жой берилишига бағишланган тадбирлардан лавҳалар.

"СОFЛОМ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛА - ЖАМИЯТ БОЙЛИГИ ВА КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ"

Андижон тумани Гузар маҳалла фуқаролар йиFинида ана шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши, партиянинг "Аёллар қаноти" томонидан "2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, партия дастури ва Сайловолди платформасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар доирасида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари туман, вилоят кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, партия бошланғич ташкилотлари етакчилари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари,  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари томонидан  қайд этилган йўналишларда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди.

Давра суҳбатида хотин-қизларниннг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, айниқса,    бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 - Партиямиз кўмаги билан жуда кўп аёллар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, - дейди ЎзЛиДеП вилоят кегаши "Аёллар қаноти" раҳбари Умидахон Исаева. - Уларга бизнес-режалар тузиш, имтиёзли кредитлар олишларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, тадбирда мутахассислар томонидан хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш, аёлларнинг белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари, улар ўртасида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, оилаларда     соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш бўйича ҳам зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

 Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Тадбир унда иштирок этган опа-сингилларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топиш, оилани мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ва соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.

 

Наргиза ТОЛИПОВА,

 

O'zLiDeP Андижон туман Кенгаши ижрочи котиби.

Сен ўша дунёни маҳв этган аёл

Баҳорга қадалган нафис бойчечак,

Босган изларингга этади таъзим.

Сен - ширин қизалоқ, гўзал келинчак,

Сен она, сен момо, бувим - азизим!

 

Кунда кипригингда тонглар отади,

Сочингни силамай ўтолмас шамол.

Тунда этагинда ойлар ётади,

Сен ўша дунёни маҳв этган аёл.

 

Сайроқи қушчалар рақс тушади,

Сенинг ширин кулишларингга.

Не метин юраклар эриб кетади,

Шул сарвқоматинг, юришларингга.

 

Мажнун ҳам, Тоҳир ҳам бўлмасди асло,

Сен Лайло бўлмасанг, Зуҳро бўлмасанг.

Мардлар, Алпомишлар улғаярмиди?

Агар бешигини сен тебратмасанг.

 

Рўзғору турмушнинг зарбли муштлари,

Қирчиллатиб қўяр қирқта жонингни.

ҳалолинг қучиб, бирга қўшлашиб,

Болангга берасан хону монингни.

 

ҳаё либосини кийган, иффатсан,

Не дардлар чанг солди бардошларингга.

Фақат сен йиғлама, агар йиғласанг,

Дунё ғарқ бўлади  кўз ёшларингга.                                                                                                                                                                                             

 

Муштарий АКБАРОВА, Хонобод шаҳри.

МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ - АҲОЛИГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТМОҚДА

Мамлакатимизда янги ўқув йилининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган "Мактаб ярмарка"лари қизғин фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятдаги туман ва шаҳарлар марказий бозорлари, 20 дан зиёд савдо мажмуалари, бир қатор маҳаллалар гузарлари ҳамда 67 та умумтаълим мактабида "Мактаб ярмаркаси" ташкил этилиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Жумладан, Андижон шаҳридаги бозорларда, Истиқлол, Ўзбекистон кўчалари, ўн иккита маҳалла гузари, шунингдек, бешта умумтаълим мактабида ташкил этилган "Мактаб ярмарка"лари аҳоли билан гавжум. Ярмаркаларда йигирмадан зиёд савдо ташкилотлари томонидан сифатли ўқув ва канцелария маҳсулотлари, ўқувчилар либослари, сумкалари сотуви йўлга қўйилган.

- Икки юзга яқин турдаги маҳсулотлар, ўқув қуролларини савдога чиқарганмиз, - дейди "Шарқ зиёкори" МЧЖ Андижон филиали раҳбари Улуғбек Исоқов. - Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида пластик карта орқали ҳам савдо қилинмоқда. Нархлар бозордагига нисбатан арзон, энг асосийси, маҳсулотларимиз сифатлидир.

Жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этадиган мазкур ярмаркалар ота-оналарга катта қулайлик яратмоқда. Шу боис ҳам мактаб ярмаркалари харидорлар билан гавжум.

- Фарзандларимга ўқув қуроллари, сумкалар сотиб олдик, - дейди Андижон шаҳридаги 7- умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳарой Fуломжонова. - Уларни ўзимиз истиқомат қилаётган Бўстон маҳалласи гузарида ташкил этилган "Мактаб ярмаркаси"дан харид қилиш мен учун анча қулай бўлди, ортиқча оворагарчилик бўлмади. Энг асосийси, маҳсулотларни пластик картага сотиб олдик, уларнинг бозордагидан нисбатан арзонлиги, ҳам сифатли эканлиги менга манзур бўлди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 27 йиллик байрами арафасида яратилган бу каби қулайликдан андижонликлар беҳад мамнун бўлмоқда.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Фуқароларнинг сиёсий-Ҳуқуқий билимлари юксалмоқда

Бўз туманидаги Пиллакор маҳалла фуқаролар йиғинида "Адолат" социал-демократик партиясининг   "Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш - демократик жараён пойдевори"   лойиҳаси доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз истиқлолининг 27 йиллик байрами арафасида ташкил этилган мазкур тадбирда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, партия ва маҳалла фаоллари, ёшлар вакиллари иштирок этиб, юртимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Йиғилишда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борадаги ишлар натижадорлигини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида маҳалла ёшлари ўртасида "Истиқлолим - истиқболим" мавзусида иншолар танлови ўтказилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.

 

Малоҳатхон МУСАЕВА,

 

"Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

Байрамолди «савдо ярмарка»лари

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма етти йиллик байрами арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон шаҳри ҳамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Андижон шаҳар марказида, шунингдек, 12 та маҳалла гузарида иш бошлаган ана шундай савдо ярмаркалари расталаридан "Андижон вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари" уюшмаси, "Андижонгўштсутсавдо", "Андижонбалиқ" масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.

- Андижон шаҳрининг "Ёйилма" маҳалла фуқаролар йиғини гузарида ташкил этилган ярмаркада фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган 50 яқин турдаги қишлоқ хўжалиги, полиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавотлар сотилмоқда, - дейди Олтинкўл туманидаги "Олтинкўл-лаззат" агрофирмаси раҳбари Акмалжон Мамажонов. - Бундан ташқари, фермерларимиз томонидан гўшт, парранда гўшти, балиқ ҳамда тухум бозорга нисбатан арзон нархларда  аҳолига тақдим этилмоқда.

Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдонинг йўлга қўйилганлиги   юртдошларимизга манзур бўлмоқда. 

- Савдо ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотлар сифатли, шу билан бирга, бозордагидан нисбатан арзон нархда эканлиги бизга жуда маъқул, - дейди Андижон шаҳридаги "Соғлом авлод" маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Муқаддасхон ая Қўчқарова. - Яратилган ушбу қулайликдан мамнунмиз.

Халқимизнинг энг азиз,  энг улуғ айёми -  Истиқлол байрами олдидан ташкил этилган савдо ярмаркалари аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Она ер саховати бир сўз билан айтганда, барча андижонликларни қувонтирмоқда .

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.