+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Пахтаободда янги трикотаж фабрикаси

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами нишонланаётган шу кунларда Пахтаобод туманининг "Бўстонобод" маҳалласида "Бўстон келажаги" деб номланган тикувчилик фабрикаси иш бошлади.

 Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш,  барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги боис, ана шундай корхоналар сони, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 Умумий лойиҳа қиймати қарийб 4,5 миллиард сўм бўлган мазкур корхонага Хитой, Туркия сингари қатор хорижий давлатлардан замонавий дастгоҳлар, тикув машиналари келтирилиб, ишга туширилди. Асосан аёллар ва болалар либосларини тикишга ихтисослашган ушбу корхона қишлоқ аёллари учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Чунки, фабриканинг ишга тушиши билан 100 нафардан зиёд бўстонободлик хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхона маҳсулотлари юз фоиз экспорт қилиниши белгиланган.

Фабрикада ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Инсон меҳнатлари қадрланган юрт

Ифтихор

Мен узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим. Ўз даврида оддий ишчи бўлиб, турли раҳбарлик лавозимларида ишладим. Қаерда, қандай вазифада ишламай ҳамиша фаол бўлишга, одамларга наф келтиришга, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилдим.

Кекса авлод вакиллари яхши билади. Собиқ иттифоқ даврида инсон меҳнати, қадри қандай эдию, юртимиз мустақилликка эришганидан кейин бунга қай даражада эътибор қаратилди?  Ҳаётим, фаолиятим давомида турли қийинчиликларни бошимдан ўтказдим, қанча-қанча ишларнинг гувоҳи бўлдим. Лекин тан олиб айтишим керакки, истиқлол шарофати билан  юртимизда инсон меҳнатига эътибор тубдан ўзгарди, инсон меҳнати қадр топди.

Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган ишлар ёшу қарини бирдек қувонтирмоқда. Одамларнинг муаммолари ўрганиляпти, уларни бартараф этиш, ижобий ҳал этиш, халқимиз ҳаётини, турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Янада аниқроқ айтсам, ана шундай хайрли ишларнинг бошида Президентимизнинг ўзи турибди. Бугун кексалар, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар, ногиронлар, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор қачон, қайси даврда, қайси давлатда бўлган? Гапим қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол айтиб ўтаман. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами нишонланаётган шу кунларда Андижон вилоятида яшаётган ногирон, уй-жойга муҳтож 293 нафар аёлга янги уй-жой берилди.  Бундан қувонмай бўладими?

 Шу ўринда кўп йиллик меҳнатларим эътиборга олиниб, Президентимиз фармонига кўра, менга "Фидокорона хизматлари учун" ордени берилганлигидан бошим кўкка етди. Ҳаётимнинг ўтган йилларида чеккан заҳматларим, эрта тонгдан тун қоронғусига қадар тинмай ишлаган пайтларимни эслаб, беихтиёр кўзимга ёш олдим. Инсон меҳнати қадрланадиган, улуғланадиган мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан қалбим чексиз фахрга тўлди.

Илоҳим кундан-кунга юксалиб бораётган юртимизга,     тинчлигимизга асло кўз тегмасин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

 

Манзурахон ЭГАМОВА,

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими,  "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳибаси.

Қанотингда учай, Ватан - онажон!

Нафис майсаларинг ифорин туйиб,

Салқин саҳарларинг жонимдай суйиб.

Илиқ тупроғингга бошимни қўйиб,

Сенга таъзим этай, Ватан - онажон!

 

Боғларинг меваси шарбат тилимга,

Тоғларинг ҳавоси шифо дилимга.

Ҳеч боқиб тўймайман ўнгу сўлимга,

Жаннатим, деб қучай, Ватан - онажон!

 

Қадрингни улуғлаб, жойлаб юракка,

Меҳрингдан куч олиб нозик билакка.

Меҳнат-ла эришиб орзу, тилакка,

Муродимга етай, Ватан - онажон!

 

Бахтлидир, кимнингки гул Ватани бор,

Шукроналар айтиб, яшар бахтиёр.

Ватангадоларга бутун дунё тор,

Қанотингда учай, Ватан - онажон!

Фаридахон ҲОШИМОВА,

 

 фахрий мураббий, Жалақудуқ тумани.

САЛОМ, МАКТАБ!

Кеча вилоятимиздаги барча билим даргоҳларида янги ўқув йили машFулотлари бошланди

Кеча вилоятимиздаги 741 та умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда янги ўқув йили машғулотлари бошланди. Бу йил 54 352 нафар  жажжи ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинди. Умуман, жорий ўқув йилида мактабларда 533 976 нафар ўқувчи таҳсил олади, уларга 38 минг нафардан зиёд педагог ва мураббийлар сабоқ берадилар.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Андижон вилоятида 5 та янги умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди, 4 та мактаб реконструкция қилинди, 11 мактаб капитал таъмирланди ҳамда 3 та мактабда спорт зали барпо этилди. Бунинг учун 57 миллиард 700 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида вилоятдаги қатор таълим масканларида 44,4 миллиард сўмлик мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Умуман, вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилди.

Избоскан туманидаги Чўртанлиқ маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам 216 ўринли янги мактаб қад ростлади.

- Замонавий кўринишга, барча қулайликларга эга ушбу таълим маскани қишлоқ ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлади, - дейди мактаб директори Азаматжон Ҳасанов. - Мактабда 14 ўқув, шунингдек, физика, химия ўқув-лаборатория, компьтер хоналари, ахборот-ресурс маркази янги ўқув йилига тахт ҳолга келтирилди.

Таълим муассасасида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароитлар яратилган. Лаборатория ва фан хоналари тегишли кўргазмали воситалар, зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Маҳалла ёшлари янги ўқув йилини кенг ва ёруғ, барча қулайликларга эга янги мактабда бошлади.

* * *

"Обод маҳалла"дастури доирасида мукаммал таъмирланган Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ҳам 2018-2019 янги ўқув йили биринчи қўнғироқ тантаналари билан бошланди.

Билим даргоҳида 3 мингдан зиёд ўқувчилар таълим-тарбия оладилар. Жорий ўқув йилида 400 нафар жажжи болажонлар 1-синф-га қадам қўйдилар.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан мактаб директори Саидахон Ходжаева фарзандларимизнинг пухта билим олиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилаётгани, бу ғамхўрликларга жавобан ўқувчилар аъло ўқишлари ва муносиб фарзандлар бўлиб камол топишлари лозимлигини таъкидлади. Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи, полковник Саидкарим Нишонбоев барча ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклаб, умумтаълим мактабининг бир гуруҳ устоз ва мураббийларига китоблар совға қилди.

Мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган болажонлар томонидан Ватан, истиқлол, жонажон мактаб мавзусидаги шеър, қўшиқлар ижро этилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Ҳар соҳада етакчисан, жон Андижоним!

Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами катта тантана билан нишонланди.

"Ҳар соҳада етакчисан, жон Андижоним!" деб номланган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбири Ўзбекистон Республикасининг Давлат    мадҳияси садолари билан бошланди.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида истиқлол йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, жамият ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида,  халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, вилоятда истиқлол байрами арафасида 161 та янги барпо этилган иншоотлар фойдаланишга топширилди. Уларнинг аксариятини ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этди.

Тантанада вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов  сўз олиб, барчани истиқлол байрами билан муборакбод этди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига асосан турли давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизга орден ва медалларни топширди.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш борасидаги қарорига асосан вилоятда ўтказилган китобхонлик акцияси доирасида ташкил этилган китоб жавонларига 3 минг донадан зиёд бадиий китоблар қўйиб, акцияда фаол иштирок этганлиги учун "Ўзавтотранс" Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машраповга вилоят ҳокимининг совғаси - "Spark" автомашинаси топширилди. Акцияда фаол қатнашган Андижон давлат тиббиёт институти, Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими жамоалари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида бадиий жамоалар, ҳарбийлар, ўқувчиларнинг чиқишлари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Юртдошларимизга аъло кайфият ва байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида бўлиб ўтди.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Шеърият гулшани

ВАТАНИМ - БАХТИМ

Кенг осмонни бағримга босиб,

Қуёшжонни тутсайдим кафтда.

Коинотга борай деб шошиб,

Қатъий туриб буюк бир аҳдда.

 

Гар ўлсам ҳам демасман хайр,

Юрагимнинг бир парчаси сен.

Бахтни туйиб қиламан сайр,

Ватан, сен-ла бағримдир бутун.

 

Кафтгинамда тутмоқчи бўлган,

Қуёш кунда эркалаб тўймас.

Қалбга улуғ муҳаббат берган,

Ўзбекистон бағридан қўймас.

Ҳуснидабону АБДУҚОСИМОВА,

Андижон туманидаги

34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Ташаккур

Бугун чор атрофда турфа гул иси,

Нигоҳлар севинчдан порлаб турибди.

Ёрқин келажакка масъуллик ҳисси,

Бизни камолотга чорлаб турибди.

Дилларга жо этган илму маърифат,

Азиз устозлар, сизга минг раҳмат!

 

Кўз очиб кўнгилда илк муҳаббати,

Туйғулар улғайди вужудга сиғмай.

Қалбларин тўлдириб юрт садоқати,

Турибмиз Ватаннинг хизматига шай.

Дилларга жо этган муҳру муҳаббат,

Азиз дўсту ёрлар, сизга минг раҳмат!

 

"Фарзандларим!" дея юртнинг отаси,

Кенг имкон яратди ахир биз учун.

Қалбларда мангу ул зот хотираси,

Муносиб ворисмиз уларга бугун.

Дилларга жо этган фахру ифтихор,

Буюк Ўзбекистон, сенга минг раҳмат!

МОХИДИЛ, Асака тумани.

 

Андижон

Иқболингдан қувонар кекса-ёш,

Тарихингдир туганмас китоб.

Самоларда сайр этса қуёш,

Тунларингда бор тўлин моҳтоб.

 

Далаларда дон, барака иси,

Ёшу қари бирдек хурсанд - шод.

Болаларнинг беғуборлиги,

Кўнгилларни қилади обод.

 

Андижоним юксалгин мангу,

Гўзал бўлгин ҳар дам ва ҳар чоқ.

Чиройингга кўзлар тегмасин,

Ўзим бўлай сенга кўзмунчоқ.

 

Одина ЭГАМБЕРДИЕВА,

Муҳаммад Юсуф номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси.

 

Ўзбегимнинг қизлари

 

Тушмас асло дўппи бошидан,

Ўсмаси аримас сира қошидан,

Уялгай гул унинг ибосидан,

Ўзбегимнинг қизлари гўзал.

 

Иш буюрсанг, доим жавоб: хўп,

Олиб қўяр ерда кўрса чўп,

Сочларидай ошиқлари кўп,

Ўзбегимнинг қизлари гўзал.

 

Озодаликни хуш кўрар жуда,

Сарфламас вақтин беҳуда.

Далда берар қолсанг қайғуда,

Ўзбегимнинг қизлари гўзал.

 

Тонг саҳарда кўча супирар,

Кеч тушгунча далада юрар.

Ҳар бир ишда илғордир улар,

Қишлоғимнинг қизлари гўзал.

Диёрахон АҲМАДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

46-умумтаълим мактаби

8-синф ўқувчиси.

 

Юрак

Етар бас, қаршиман раъйингга,

Йиғладим, йиқилдим пойингга,

Ҳеч раҳминг келмади ҳолимга,

Тегиб кетдинг, юрак, жонимга.

 

Ишқни деб гадолар қилдинг,

Ишқни деб адолар қилдинг,

Бошимга балолар солдинг,

Тегиб кетдинг, юрак, жонимга.

 

Не кўйларга солдинг ёлғиз бошимни?

Яна қанча синар бардошимни?

Куйдирар ишқ ич-у ташимни,

Тегиб кетдинг, юрак, жонимга.

 

Қайсар дилим, қайсар кўнглим,

Бир бор сўзимга киргин.

Мени ўртада ўлдирмагин,

Ё уни дегин, ё мени дегин.

Тегиб кетдинг, юрак, жонимга.

Хуршида АРЗИЕВА,

Булоқбоши тумани.

 

ШИРМОНБУЛОFИМ

Бахтлиман, бағрингда ўсаяпман шод,

Ҳар қарич ерингни қилгум мен обод.

Бағрикенг, хушсурат, Ширмонбулоғим,

Муқаддас, азизсан, она қишлоғим.

 

Бу гўзал бағрингда яйрайди барча,

Сен ўзинг гуёки, кичик шаҳарча.

Очиқфеъл инсонлар жам бўлган ўлкам,

Бунчалар мафтункор, сен бунча кўркам.

 

Шаффоф, зилол сувинг дардларга даво,

Сенсиз ҳаётимда йўқ зарра маъно.

Сен билан мазмунли ҳар ўтган чоғим,

Янада обод бўл, Ширмонбулоғим.

Мумтозбегим САЙФИДДИНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

Онажон

Юракда дардим кўп аммо билмайсиз,

Йиғласам кўзимдан ёшим артмайсиз.

Биламан, барибир ортга қайтмайсиз,

Нетайин соғиндим, сизни онажон!

 

Қанийди мен сизни бир бора кўрсам,

Иссиқ бағрингизга бошимни қўйсам.

Меҳрингиз чашмидан қониб сув ичсам,

Нетайин соғиндим, сизни онажон!

 

Тилагим жойингиз жаннатда бўлсин,

Қабрингиз чароғон нурларга тўлсин.

Руҳингиз ҳамиша мададкор бўлсин,

Нетайин соғиндим, сизни онажон!

Феруза ҲАМРАЕВА,

Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси.

 

Жаннат маконим

Тенгсиз гўзал юртим жамоли,

Қувонаман боққаним сари.

Унга бахшида борим, борлиғим,

Ўзбекистон - жаннат маконим.

 

Тупроғингни мукаррам билиб,

Майсаларинг суртай юзимга.

Сен ягонам, сен ифтихорим,

Озод юртим - жаннат маконим.

Гуласалой ЖУМАБОЕВА,

Жалақудуқ туманидаги

34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Куз

Бугун она юртимга,

Саховатли куз келди.

Далаларда барака,

Дону мева мўл бўлди.

 

Дарахтлар баргин сочар,

Жилваланар япроқлар.

Ариқларда шилдираб,

Оқади зилол сувлар.

 

Ниятлардай оқ бўлиб,

Очилди оқ олтинимиз.

Катта-кичик бир бўлиб,

Ҳар мисқолин терамиз.

Жасурбек ТОҲИРОВ,

Марҳамат туманидаги 32-умумтаълим мактаби

5-синф ўқувчиси.

 

 

мустақиллик муборак бўлсин

Менинг она юртим Ўзбекистондур,    

Гўзалликда тенгсиз бир гулистондур.

Хил меваси бисёр боғу-бўстондур,

Қадим халқдан қолган ўтли достондур.

 

Ватаним пойини кўзга суртаман,

Покиза, муқаддас саждагоҳим деб.

Мен шу озод ўлканинг фарзандиман,

Тун-кун дуодаман кўз тегмасин деб.

 

Ярашгайдур сенга ҳар кунги байрам,

Аждодлар руҳлари қўллайди ҳар дам.

Юксак истиқболига лол қолар олам,

Барча юртдошларим соғ-омон юрсин.

      

Ватанни севмоқлик чин дилдан бўлсин,          

Юртни обод қилмоқ кўнгилдан бўлсин.

Дўстлар, мустақиллик муборак бўлсин,

Хотиржам чеҳрангиз нурларга тўлсин.

Fофуржон АБУБАКИРОВ,

Андижон тумани.

 

Шукрона

Ўтаётган ҳар куннинг,

         Сабоқлари бир дунё.

Бу шиддаткор дамларнинг,

         Сўроқлари бир дунё.

 

Жаҳон ичра мардона,

        Озод диёр дурдона.

Истиқболнинг мунаввар,

        Чироқлари бир дунё.

 

Жўшқин ҳаёт бизларни,

       Элтар фақат олдинга.

Ҳаёт - дарё, муаззам,

        Ирмоқлари бир дунё.

 

Бекман, дея улғаяр,

       Оташқалбли йигитлар.

Диёримнинг қалби нур,

       Уйғоқлари бир дунё.

 

Юртбошимнинг ёнида,

      Бирдам турсак эрта-кеч.

Бўлур бизга дунёнинг,

      Ардоқлари бир дунё.

 

Аммо, осон етилмас,

        Улуғвор ҳар мақсадга.

Равон йўли кўп, аммо,

        Сўқмоқлари бир дунё.

 

Улуғ элнинг ўғлиман,

       Дер Икромжон қалбида,

Шукронанинг шуъласи -

       Чақмоқлари бир дунё!

 

Икромжон АСЛИЙ

 

Тароқ ва ойна

Тароқвой хўп мақтанди:

- Одамга кўп керакман.

Мен ҳамманинг сочларини,

Эринмасдан тарайман.

 

Ойна деди: мақтанмагин,

Юрибман деб соч тараб.

Одамлар хатоларинг,

Билади менга қараб.

 

Шунинг учин тарагин,

Мақтанмасдан қил ишни.

Бўлмаса синдирарлар,

Ерга отиб тишингни.

Муслима ҲАЛИМОВА,

Андижон шаҳридаги

23-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Яшолмайсиз кўнгилни алдаб

Кетаман бошимни эгганча маъюс,

Сизга бир тасалли, таскин беролмай.

Кўнгил изтиробда, қалбимда афсус,

Яшайман ортимга бир бор боқолмай.

 

Умидлар бергансиз, ишонч қозониб,

Хаёлимда бахтли бўлганларим рост.

Айтинг, бу ишқингиз, ёлғонларингиз,

Шу нозик кўнглимдан олмоқчими қасд?

 

Мендан нелар истаб, излаб келгансиз,

Сиз берган дардларни қийин унутмоқ.

Қийнаманг ўзингиз, қийнаманг мени,

Мумкинми ғамларни яшириб яшамоқ?

 

Ўзингиз алдайсиз, мени қийнайсиз,

Жимсиз, нигоҳингиз кўкларга қадаб.

Қанчалар аччиқдир, қанчалар аянч,

Яшаб бўлмас ахир кўнгилни алдаб!

Нигора САЛОҲИТДИНОВА,

Андижон шаҳри.

 

Зор бўлдим-а…

Зор бўлдим-а етмади-я оҳу - зорим,

Келманг энди зор эмасман дилозорим.

Бир кун сизни тутмасайди ёр, уволим.

Ишқ боғида алвон-алвон гул эдим-а,

Хиёнатнинг шум қўллари кул этди-я.

 

Аё, эй ишқ қайта-қайта бағримга ур,

Сенсизликка чидармикин юрак қурғур.

Кетар бўлдинг из қолдириб чуқур-чуқур,

Гулзорингда алвон-алвон гул эдим-а,

Хиёнатнинг шум қўллари кул этди-я.

 

Тополмайди мендай ёрни излаб-излаб,

Суюбман-а бевафони сизлаб-сизлаб.

Яшаяпман танам қақшаб, бағрим музлаб,

Ишқ боғида алвон-алвон гул эдим-а,

Хиёнатнинг шум қўллари кул этди-я.

 

Муштарий АКБАРОВА,

 

 Хонобод шаҳри.

АЖРАШИШ БЎСАFАСИДАГИ ОИЛАНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ МУМКИНМИ?

руҳшунос тавсиялари

Таҳририятга мактуб: "...Бир пайтлари бахти бекам, кўрганларнинг ҳаваси келадиган саодатли оилалардан бири эдик.     Кейинги пайтларда уруш-жанжалимиз кўпайиб, эрим икковимиз бир-биримизни тушунмаяпмиз. Зиддиятлар тобора авжга чиқиб, бир-биримизни кўришни истамайдиган ҳолатга келиб қолдик. Бу муносабатларимиз болаларга ҳам салбий таъсир қилаётгани, улар тушкун, ғамгин бўлиб қолганидан куйинаман. Оилавий можароларимиздан безиб кетган яқинларимиз ҳам ажрашишни маслаҳат беришяпти. Мен ажрашишдан қўрқмайман, шундоқ ҳам эримдан кўнглим совуган. Лекин болаларимни ўйлайман. Отасизликда уларнинг тарбияси қандай бўлади? Таъминоти-чи? Келажакда "ота-онаси ажрашган" деган тамға болаларимнинг бошини эгиб қўйишидан, уларнинг кўнгли ўксишидан қўрқаман. Тўлақонли оилада ўсмаган боланинг меҳри қаттиқ бўлади, деган гап бор. Вақтлар келиб улар мендан ранжиб, узоқлашиб кетса-чи? Мана шундай чалкаш фикрлар гирдобида қолиб кетганман. Нима қилишга бошим қотган. Наҳотки, оиламизни сақлаб қолишнинг ҳеч имкони бўлмаса?..."

 МУҲАББАТ,

Андижон шаҳри.

Ҳурматли Муҳаббатхон! Таҳририятга йўллаган мактубингизни ўқиб чиқдик ва сизга ишонч билан шуни айта оламизки, оилангизни сақлаб қолишнинг йўли ва чораси, албатта бор! Тушкунликка тушманг ва кексаларнинг "Сув бир лойқаланиб тинади" деган ҳикматомуз иборасини эсланг. Келишмовчилик ва зиддиятлар ҳар қандай оилада ҳам учрайди. Тинимсиз жанжаллар ва ёқимсиз гап-сўзлар баҳона бўлиб оила бузилаверса, дунё остин-устун бўлиб кетади-ку! Жуфтлар аввало, вазиятга вазминлик билан ёндашиб, ҳолатни ақл кўзи билан таҳлил қилсалар оила барбод бўлишига етарли сабаб тополмайдилар. Асаббузарлик ва қаҳр-ғазаб ҳолатида ажрашиш сўнгги чора бўлиб кўринади. Шунинг учун аввало, ғазабингизни енгинг. Руҳшунос, "Дилдан суҳбат" маркази раҳбари Маҳфузахон Алимованинг қуйидаги тавсияларига амал қилишга уриниб кўринг.

 

Оилавий ҳаёт -

машаққатли меҳнат

Хонадонни саодат масканига айлантириш бир инсоннинг иши эмас. Уйингиздаги меҳрли муҳит сиз ва турмуш ўртоғингизнинг муросаи мадора билан, бир-бирингизга чидаб, камчилигингизга кўз юмиб, ютуғингизни ошириб яшаш эвазига келадиган неъматдир. Узоқ йиллар бирга бахтли умргузаронлик қилиш - мўъжиза эмас, аксинча, эр-хотиннинг машаққатли меҳнати сабабли қўлга киритилади. Ҳа, оилавий ҳаёт ҳам меҳнат. Меҳнат бўлгандаям жуда оғир, машаққатли ва инсондан сабр-тоқат, матонат ва тиришқоқлик талаб қиладиган меҳнат. Меҳнатсевар инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, муҳтожлик кўрмайди. Оилавий ҳаёт борасида ҳам шундай. Оиласини қадрлаган инсон албатта, уни барбод бўлишига йўл қўймайди. Оиласининг бахти, хотиржамлиги учун курашади. Бу курашдан толмайди, аксинча, завқланади.

"Қачон қарамай у мендан шикоят қилиб нолигани нолиган", "Эрим мендан совуган, ҳар бир ишимдан айб топади". Бу каби гапларни йиғиштиринг. Бир-бирингизни етти ёт бегоналарга ёмонлашнинг нима кераги бор? Яқинларингизга оилавий ҳаётингизни давойи достон қилиб, уларни хавотирга қўйиб, бунинг устига орага совуқчилик тушириш сизга керакми?! Гапингиз кўчага чиқса, одамлар оғзида нималар бўлиб айланишини тасаввур қиляпсизми? Қолаверса, Аллоҳ ҳар бир инсонни муносибига қовуштиради. Халқимизнинг "Ўхшатмасдан учратмас" деган гапи бежиз эмас. Хуллас, бир-бирингизнинг айб-нуқсонингизни қидиришни бас қилинг ва эсингизда бўлсин, оилангизни сақлаб қолишнинг имкони бор!

* Бир-бирингизга таъна-маломатлар отишни тўхтатинг!

* Қачонлардир бўлиб ўтган майда дилхираликларни кўтариб юрманг!

* Муаммоларни жанжал билан ҳал этолмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан меҳрли бўлишга интилинг.

 

Ҳамиша сабрли бўлинг!

Узоқ давом этаётган низоларни тўхтатишга ҳаракат қилинг. Қоғоз-қалам олинг-да, аввал жуфтингизнинг ижобий хусусиятларини сўнг салбий жиҳатларини ёзинг. Агар сизда жуфтингизга нисбатан озгина меҳр сақланиб қолган бўлса, оилангиз барбод бўлишини истамасангиз, эрингиз бир пайтлари сизни мафтун қилган хусусиятлари хотирангиздан ўчмаган бўлади.

Яна бир қоғозга эр-хотин иккалангизнинг бирга ўтказган хуш дамларингиз, эсда қоларли бахтли кунларингизни қайд қилинг ва албатта, ёқимсиз кунларни ҳам ёзинг. Хўш, қайси бири кўпроқ экан? Шу инсон туфайли озгина бўлса ҳам бахтни ҳис қилганмисиз? Ёнингиздаги инсон туфайли сиз "оила бекаси" бўлдингизми? Жуфтингиз сабабли фарзанд деган неъмат билан тақдирланганмисиз? Агар саволларга тасдиқ жавобини берсангиз, демак оилангизни сақлаб қолишнинг иложи бор. Бунинг учун бир-бирингизга вақт беринг. Бу муддат оралиғида низоларни бартараф қилинг, талашманг, тортишманг. Бироз муддат гаплашмай туриш ҳам наф беради.

 

Ёдингизда бўлсин!

Аёл оиладаги муҳит учун ҳаммадан кўп масъулдир. Доимо қовоғингиздан қор ёғмасин, ўпка-гинани йиғиштиринг! Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун файз-барака кетишини яхши биласиз-ку! Уйингиздан барака аришини истамасангиз, унутинг ҳаммасини. Табассум қилинг, табассум ҳар доим ҳам хурсанд эканингиздан далолат бермаса-да, астойдил жилмайиш албатта, хурсандчиликларни эргаштириб келади.

 Эркак оила бошлиғи бўлса аёл -  хонадоннинг иқбол чироғи. Чироқсиз уй зулматда қолади. Зулматда вазиятни бошқариш ҳар қандай кучли раҳбарга ҳам қийин бўлади. Эрингиз билан муносабатларингизни аввалги ҳолатига қайтариш ўз қўлингизда. У сизга керакли эканини ҳис қилсин. Эрингизга "Уйимда мени севимли аёлим кутяпти" деган фикр ишдан қайтаётганида қанот берсин. Ишдан қайтгач, куни қандай ўтгани, ишида қандай ўзгаришлар борлигини сўранг. Эрингизга маънавий қувват беринг. Унга кучли, билимли эканини, эрингиз билан фахрланишингизни тез-тез таъкидланг. Буларни шунчаки, мажбурият юзасидан эмас, чин дилдан бажаринг. Бу сиз кутган самарани беради.

 

Эркакларга тавсиялар

Эркак - оиланинг устуни, раҳбари. Аёли ва фарзандларини тўғри йўлга бошлагувчи, тарбия берувчи инсон. Эркак сўзи, қаҳр-ғазаби билан эмас, балки, мақоми, ўрни, хатти-ҳаракатлари, амали билан ўрнак бўлиши керак. Оилани сақлаб қолишга сиз кўпроқ ҳаракат қилинг. Чунки аёлингиз сизга кераклигини билса, ҳамма дилхираликларни унутиб, бағрингизга талпинади.

 Рафиқангизнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари, орзусига эътиборли бўлинг. Касбий фаолиятидаги ютуқлари хусусида суҳбатлашинг. Дугоналари кимлиги, уларнинг оилавий аҳволи, феъл-атвори билан қизиқинг. Қисқаси, муносабатингиздан рафиқангиз сизга кераклигини, фикри ёдингиз у билан машғуллигини ва албатта, унга муҳаббатли эканингизни ҳис қилсин. Рафиқангизнинг босган қадамини пойлайдиган "рашкчи" бўлманг. Аксинча, шундай йўл тутингки, хотинингиз кун давомида нималар билан шуғуллангани, ким билан суҳбатлашганини сизга ишониб гапириб берсин.

Рафиқангизни хурсанд қилишга интилинг. Чиройли гуллар, турли совғалар беринг. Бунинг учун қандайдир сабаб бўлиши шарт эмас. Шунчаки, меҳрингиз ифодаси сифатида ҳадя беринг. Ҳадя муҳаббатни оширади.

 

Оилавий ҳаётнинг олтин қоидаси

Унутманг, бўлиб ўтган дилхираликларни тинмай эслаш ва эрингизга маломат қилиш билан муносабатларни баттар чигаллаштирасиз. Эркакни жанжал, мажбурлаш ва босим билан ўзингизда сақлаб қололмайсиз. Эрингизни ром этишнинг йўли - ширин сўз, меҳр-муҳаббат ва кўнгилсизликларни унутиш.

Ҳаммага оилавий бахт ва севиб-севилиб яшаш саодати насиб этсин!

Умида АДИЗОВА

ёзиб олди.

Бинолар қурилишида ёнјин хавфсизлиги талабларига амал қилиш зарур

"101" огоҳлантиради!

Маълумки, қурилишда, бино ва иншоотларни барпо этишда ёнғинларнинг олдини олиш бўйича белгиланган меъёр ва талабларга риоя этиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки қурилаётган бино қанчалик мустаҳкам, ёнғин ва бошқа офатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган эҳтиёт чоралари кўрилган бўлса, бу энг аввало, инсонлар ҳаёти хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Вазифасига мувофиқлиги, яъни иншоот қандай мақсадга мўжалланган бўлса (яшаш, хизмат кўрсатиш, дам олиш ва ҳоказолар), ана шу вазифа талабига тўлиқ жавоб бериши лозим. Хусусан, бино ва иншоотлар конструкцияси оловга бардошлилик критерияси билан ҳам характерланади. Бунда бинонинг олов таъсирида ўз  мустаҳкамлигини, устуворлигини сақлаб тура олиш хусусияти ҳисобга олинади. 

Бино ва иншоотлар конструкцияларининг ёнғинга бардошлилик жиҳати бешта даражага бўлинади: энг кучли ва катта ёнғинга бардошлилик I даражали бинолар; энг кичик оловга бардошлилик эса V даражали бинога тегишли бўлади.

Ёнғинга бардошлилиги I, II ва III даражали бинолар тош материал ёки пишиқ ғиштдан қурилган бўлиши лозим. Барча даражадаги биноларнинг       сиртқи қисми ёнғиндан ҳимояланган бўлиши зарур. 

V даражали бинолар эса сиртқи қисми ёнғиндан ҳимояланган ёғочли бинолар ҳисобланади. Ёнғинга бардошлилиги  I ва II даражали бўлган биноларнинг девори, таянчлари, ора ёпмалари, ички тўсиқ деворлари  бўлиши керак.

Ҳурматли юртдошлар! Бино ва иншоотлар қурилишида ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича белгиланган талабларга амал қилишимиз, қурилиш материалларига махсус ишлов берилишига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шундагина  барпо этилган бино узоқ йиллар хизмат қилади, қолаверса, келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олди олинади.

 

Нуриддин ИКРОМОВ,

Асака тумани ЁХБ

 

инспектори, сержант.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ - МУҲИМ ВАЗИФА

Ҳуқуқшунос минбари

Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда, ҳар қандай жамиятда муҳим масала ҳисобланган. Инсон ҳамиша тинч ва хотиржам яшашни истайди. Тинчлик-хотиржамлик бор жойда шубҳасиз, юксалиш бўлади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги мақсадлари аниқ ва равшан баён этилган.

Кейинги йилларда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги, "Болаларни уларнинг  соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий, ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида 2017 йил 14 мартда Президентимизнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори  қабул қилинди.

Таъкидлаш керакки, ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти       тайинли иш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бундан кўринадики, ушбу иллатнинг олдини олишда аҳоли, айниқса, ёшлар     бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш муҳимдир.

Жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноятни маҳаллада, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, сайёр суд мажлислари ўтказиш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараён фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг эмас, балки кенг жамоатчилик ҳамкорлигида амалга оширилсагина кутилган самаралар беради. 

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда уюшмаган, иш билан банд бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Умуман, бу борадаги ишларни тизимли, изчил олиб бориш халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга яқиндан ёрдам беради.

 

Муқаддас КОМИЛОВА,

 

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

ИНСОН БАХТНИ ВАТАН БАFРИДАН ТОПАДИ

Шукроналик

Ватанда мен бахтиёрман, бахтиёр де, агар кўрсанг,

Юзим гулгун, дилим равшан, зиёкор де, агар кўрсанг,

Давр менга ҳамнафасдир, мададкор де, агар кўрсанг,

Fубор йўқдир бу қалбимда навбаҳор де агар кўрсанг,

Ёруғ кунлар бошимизда     барқарор де, агар кўрсанг!

Ушбу сатрларни муборак умра сафаридан қайтгач, Макка, Мадина шаҳарларида яшаётган ватандошларимизнинг юртга бўлган соғинчи сифатида қоралаган эдим. Улар билан суҳбатлашиш асносида она Ватан тупроғини кўзга тўтиё этишга, ота юртини бир кўришга, бир муддат тоза ҳавосидан нафас олмоққа зор эканликларини ҳис этдим. Хорижда яшаётган миллатдошларимизнинг қалб дардини, соғинчларини шеърий сатрларда баён этганда ҳақиқатдан ҳам киши Ватан қадрини, Ватан соғинчини, меҳрини мусофир бўлгачгина ҳис этишини янада чуқур англадим.

Мустақиллик биз учун буюк иноят.  Неча йиллик қарамлик занжирларини узиб, озодлик байроғини кўкка илган халқимиз бугун бахтиёр. Ана шу бахтиёрлик ва шукроналикни қувонч тўла нигоҳлардан,     завққа тўла диллардан, табассуми гулгун юзлардан англаш мумкин.

Мустақиллик шарофати ила Ўзбекистоннинг ҳар гўшаси обод масканга айланмоқда. Тинчлик-осойишталик ҳаётимизга зеб бермоқда. Фаровонликдан кўнгиллар шод. Бизлар тинч юртда яшаяпмиз, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз мустаҳкам, ҳар бир лаҳза    файзли, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Булардан ғурурланмай, қувонмай яшаш мумкинми?

Истиқлол туфайли чиройли уйлар, муҳташам бинолар қуряпмиз, кўнгилларимиз обод бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз гулларга бурканмоқда. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўзни яшнатади.

Мен оддий бир қишлоқ одами, кекса инсон сифатида юртимизда рўй бераётган ана шу ўзгаришлардан фахрланаман. Қишлоқларимиздаги кенг ва равон йўллар, гўзал иншоотлар, истироҳат боғи, дам олиш масканлари, яратилган қулай шарт-шароитлар шаҳардагидан асло қолишмайди.

Ҳозир саксон ёшдан ошдим, ҳаётда кўп қийинчиликларни кўрдим. Лекин бугунгидай ҳавас қиладиган ҳаётни кўрмадим. Нафақат тўкинлик, балки тинчлик-хотиржамлик, миллий, диний қадриятларимизнинг қадр топаётганлиги қалбимизни тўлқинлантиради. Буларнинг барчаси истиқлол шарофатидир.

Қўлларимизни дуога очиб, истиқлол неъмати учун тилларимизда, дилларимизда шукроналик келтираман ва яна шуни англадимки, инсон Ватан бағридан   бошқа жойда бахт топмас экан.

Олимжон РАҲИМОВ,

 

меҳнат фахрийси.