Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Гўшт - халқимизнинг севимли маҳсулоти ҳисобланади. Гўштли таомлар ўзбек дастурхонининг кўрки бўлиб келган. Аммо ҳар қандай ноз-неъматдан меъёрида фойдаланган маъқул. Қуйида сизга гўштнинг фойдали ва зарарли хусусиятлари ҳақида баъзи тавсияларни беришга ҳаракат қиламиз.
Мол гўшти
Мол гўшти тановвули юртимизда кенг тарқалган. Лекин уни меъёрида истеъмол қилинмаса, инсон организмига зарар етказиши мумкин.
Мол гўштидан фойдаланиш ва унинг фойдали жиҳатлари. Тўғри овқатланиш тартибига кўра, овқат рацоинида гўшт оз миқдорни ташкил этиши керак. Мутахассисларнинг фикрича, мол гўшти истеъмол қилиш ҳафтасига 2 ёки 3 мартадан ошмаслиги лозим. Шу қоидаларга роия қилинган ҳолатдагина мол гўшти инсон организмига фойда келтириш мумкин. Умуман, мол гўшти қуйидаги хусусиятларга эга:
- оқсилга бой бўлиб, инсон организмини нормал ишлаши учун зарур бўлган аминокислоталар билан таъминлайди;
- мол гўштини ўртача миқдорда истеъмол қилиш холестерин миқдори камайишига, ошқозон ичак тракти фаолияти нормаллаштиришга ёрдам беради ва кислотани нормал даражасини сақлаб туради.
- спортчилар ва оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи одамларга фойдалидир.
- суяк ва мускулларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, хотирани яхшилайди, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади.
Мол гўштининг зарари. Мол гўштининг зарари сифатсиз гўштдан фойдаланилганда, белгиланган миқдордан ортиқроқ истеъмол қилинганда ёки нотўғри пишириш орқали келиб чиқиши мумкин:
- ортиқча истеъмоли иммунитетни пасайтиради, холестеринни оширади, юрак қон томир касалликлари, шунингдек, жигар ва буйрак хасталиклари хавфини оширади.
- бозор ва дўкон расталаридаги мол гўшти баъзи ҳолатларда антибиотиклар, пестидсидлар ёки гармонлар билан тўлдирилган бўлади. Бундай гўшт нафақат зарарли, балки инсон учун хавфли бўлиши мумкин. Шу сабабли, гўшт танлаш борасида жуда эҳтиёткор бўлган маъқул.
- нотўғри пиширилган мол гўшти танага зарар етказиши мумкин. Гўштни қайнатишда сувни бир неча марта алмаштирган маъқул. Қовурилган гўштни ейиш тавсия қилинмайди, чунки қовуриш жараёнида кансерогенлар ҳосил бўлиб, онкологик касалликлар келиб чиқиш эҳтимолини оширади.
Қўй гўшти
Қўй гўшти - мазали, юмшоқ ва паст калорияли гўшт ҳисобланади. Қўй гўшти ўзининг таркиби ва кам калориялилиги билан бошқа гўшт турларига қараганда фойдали ҳисобланади. Масалан, қўй гўшти таркибида ёғ кам миқдорда бўлади. Темирга бойлиги билан эса у бошқа гўштлардан устун туради.
Фойдали жиҳатлари. Қўй гўштининг фойдали хусусиятлари унинг таркибига кирувчи витаминлар ва микроэлементларга қараб белгиланади. В витамини, кальций, темир, магний, калий, йод, фтор, фосфор ва бошқа барча фойдали моддалар мавжуд қўй гўштининг таркибида. Жуда кўп миқдорда осон ҳазм бўлувчи оқсилларга бой бўлиб, бу гўштни жуда тўйимли қилади.
- қўй гўшти таркибида ёғ миқдори оқсил миқдоридан камлиги туфайли инсон организмига холестерин хавфи йўқ. Калорияси кам. Шу сабабли бу маҳсулотни парҳез маҳсулот сирасига киритиш мумкин.
- темирга бой қўй гўшти гемо-глобин даражаси кам бўлган ва анемияга чалинган инснлар учун фойдалидир. Бу қон таркиби ва тишларнинг ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, ҳатто кариеснинг олдини олади.
- қўй гўшти шўрваси гастритда, шунингдек, қон томирлари ва атеросклероз билан оғриган беморлар учун фойдалидир. Чунки унда холестерин кам миқдорда бўлади.
- қўй гўшти таркибидаги калий, натрий ва магнезиум юрак қон томир тизимига ижобий таъсир кўрсатади, юрак касаллиги билан оғриган беморлар учун фойдалидир
- оқсил ва В гуруҳи витаминларига бой бўлганлиги сабабли, қўй гўшти мунтазам, лекин мўътадил фойдаланиш билан тери, соч ва тирноқларнинг ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.
Зарари. Қўй гўшти, меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, бошқа гўшт турлари каби инсон организмига зарар етказади. Ҳазм қилиш етарли даражада қийинлиги сабабли, бу гўшт семизлик ва склероз ривожланишига хисса қўшади. Ва суяклар зарарли бактерияларни чиқаради, бунинг натижасида баъзи сурункали касалликлар ривожланиши мумкин. Қўй гўштида углеводлар умуман йўқ.
Юқори кислотали гастрит, ошқозон яраси, ўн икки бармоқли ичак яраси, жигар, буйрак, ўт пуфагининг турли касалликлари, артрит, подагра, юқори қон босими каби касалликлар аломатлари бор одамларга қўй гўштини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш тавсия этилади. Агар гўшт ейишдан воз кеча олмасангиз, у ҳолда ёғсиз гўштини олишга ҳаракат қилинг.
Ҳомиладор аёлларга қўй гўшти ейиш тақиқланмаган. Ўртача миқдорда ва юқоридаги касалликлар билан оғримаган ҳолатларда қўй гўшти фақат фойда келтиради.
Товуқ гўшти
Ҳар бир шифокор ёки диетолог айтадики, инсоннинг овқатланиш рационида гўшт маҳсулотлари албатта бўлиши керак. Ҳар қандай гўшт организм учун фойдалидир. Хусусан, товуқ гўштини бошқа гўшт турларига нисбатан кўп миқдорда истеъмол қилиш мумкин. Келинг, товуқ гўштининг фойдаси ва зарарлари ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратайлик.
Товуқ гўштининг афзаллиги бу унда мавжуд ва соғлигимиз учун муҳим бўлган оқсил миқдоридир. Бундан ташқари, товуқ гўштида фосфор ва калий миқдори кўп. Товуқ грудинкаси ҳамиша парҳез маҳсулот ҳисобланиб келинган. У кўп миқдорда оқсил ва бошқа озиқ моддаларга бой.
Товуқ гўштининг асосий камчилиги унинг кўп ёғли тўқималарни ўз ичига олган териси ҳисобланади. Шунинг учун, товуқ гўштининг зарарини камайтириш мақсадида, фойдаланишдан олдин унинг терисини олиб ташлаш тавсия этилади.
Товуқ гўшти оқсил, магний ва темирга бой. Бундан ташқари В гуруҳи витаминларга бой. Углевод йўқлиги ва ёғ тўқималари (одатда терисида бўлади ёғ) йўқлиги сабабли товуқ гўшти парҳезга киритилади. Кам миқдордаги калория билан инсон организмини энергия билан таъминлайди.
Ёш товуқ гўшти жуда ҳам фойдали. Чунки у юмшоқ, витамин ва минералларга бой бўлади. Шунингдек, товуқ гўшти таркибидаги оқсил ва глютамин асаб тизими фаолиятини яхшилайди.
Таъкидлаш керакки, фақат уй шароитида боқилган товуқ гўшти фойдалидир. Агар дўкондан харид қилинадиган маҳсулот ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда товуқ гўштининг зарари кўпроқ бўлади. Бу гўштлар болалар ва қарияларга тавсия қилинмайди. Дўкондан харид қилинадиган товуқ гўштида юқори даражада антибиотиклар мавжуд бўлади. Асосан оёқларида тўпланади.
Дўкондан харид қилинган товуқ гўшти қайнатилганда ва қовурилганда фойдали бўлмайди. Бройлер товуқлар гўштида кўплаб антибиотиклар ва анаболик гармонлар мавжуд. Улар оғирликни ошириш ва турли хил касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида товуқ овқатига қўшиб берилади. Натижада, товуқнинг гўштига зарар етади. Агар товуқ гўштининг фойдасини сезмоқчи бўлсангиз, унда уй шароитида боқилган товуқ сотиб олинг. Бунинг имкони бўлмаса, унда пишириш вақтида гўштни жуда эҳтиёткорлик билан қайта ишлаш керак.
Ҳар қандай маҳсулотда бўлгани каби товуқ гўштининг ҳам фойдали ва зарарли томонлари мавжуд. Энг муҳими меъёрни ва сифатли маҳсулотни танлай олишни билиш керак.
Балиқчи туманидаги "Авесто" маҳалласида бир хонадон бор. Унга қадам қўйишингиз билан ўзгача файзу тароватни кўриб дилингиз яйрайди. У қадар ҳашаматли ҳам эмас, бироқ тартибли, саранжому саришта ҳовлидан каттаю кичикнинг, айниқса, болажонларнинг қадами узилмайди.
Ушбу хонадонда 78 ёшли Ҳакимахон ҳожи она Парпиева умргузаронлик қилади. Онахон умрининг салкам қирқ йилини эл саломатлигини сақлашдек савобли ишга бағишлади. Бу йиллар давомида минглаб одамларнинг дардига шифо топди. Оилаларга саломатликдек бебаҳо неъматни улашди. Раҳматли турмуш ўртоғи Умаржон ота эса вилоят матбуот тарқатувчи уюшмаси раҳбари, Алоқа вазири ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатди. Умрининг салмоқли қисмини одамларга зиё тарқатишга сарфлади.
"Қанот жуфт бўлади" деганларидек, Умаржон ота ва Ҳакимахон аяларни Худо юқтирган самимият, камтаринлик, дилкашлик, одамохунлик хислатлари бирлаштирган. Асли фарғоналик бўлган Ҳакимахон тиббиёт институтини тугатгач, тақдир тақозоси билан Балиқчига келин бўлиб тушди. Ўтган асрнинг оғир олтмишинчи йиллари эди ўшанда. Балиқчига шифокорлар сув ва ҳаводек зарур эди. Куннинг биринчи ярмида поликлиникада беморларни қабул қилса, тушдан кейин шифохонада ишлар эди. Боз устига одамлар уни излаб, уйига ҳам келишарди. Меҳрибон шифокор эса дарҳол уларга ёрдам берарди. Ҳакимахон Парпиева Андижон шаҳридаги 2-поликлиникада, Тошкентдаги қатор тиббиёт муассасаларида ишлаган кезларида ҳам доимо одамларга қўлидан келганча яхшилик қилишга, умид билан келган беморларга ёрдам беришга интилди.
Ўзгаларга ҳамиша яхшилик соғиниб яшайдиган Умаржон ота ва Ҳакимахон аялар тарбиялаган 2 ўғил, бир қиз ҳам эл-юрт корига ярайдиган аҳли солиҳ фарзандлар бўлиб етишишган. Бугун онахон 9 набира, 5 чеваранинг севимли бувижониси.
Умаржон ота қаерда, қандай лавозимда ишламасин, эзгулик бешиги бўлган китоб билан ошно бўлди. Ҳатто, хизмат сафарларидан ҳам бир дунё китоблар билан қайтарди. Ҳакимахон ая ҳам қаерда тиббиётга оид адабиётларни кўрса, дарров сотиб олар, касбий билими ва салоҳиятини оширишга интиларди. Бугун эзгулик шайдолари тўплаган минглаб китоблардан нафақат маҳалладошлари, балки бутун туман аҳолиси баҳраманд бўлмоқда.
Гап шундаки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан китоб ўқишга, юртдошларимиз ўртасида китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини оширишга катта эътибор қаратилаётгани кўплар қатори онахонни ҳам қувонтирди. Бундан бир неча кун аввал Андижон шаҳрига келган чоғида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ташаббуси билан кўчаларда ташкил этилган "Китоб жавонлари"ни кўриб кўнгли тоғдек кўтарилди. Бир олам завқ билан уйига қайтаркан, эзгу бир ниятни дилига тугиб қўйди. Шу куниёқ шахсий кутубхонасидаги китобларнинг бир қисмини туман марказий кутубхонасига, бир қисмини эса "Авесто" маҳалласи кутубхонасига топширди. Шундай қилиб, маҳаллада ҳам кутубхона ташкил этилди.
Тиниб-тинчимас онахоннинг кўнгли бу билан ҳам тўлмади. Ўз хонадонида, қўни-қўшнилари учун ҳам кутубхона очди. Бугунги кунда ҳожи аянинг хонадони чинакам зиё маскани, нурхонага айланди. Эрта тонгдан то кечгача хонадондан маҳалладошларининг қадами узилмайди. Бу ерда ҳатто манаман деган китоб дўконларида топилмайдиган дуру жавоҳирларни топиш мумкин. Жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари бўлган Гёте, Бальзак, Пушкин, Лермонтов, Александр Дюма, Стендаль, Рашод Нури Гунтекин,Чингиз Айтматов каби кўплаб адиблар танланган асарларининг бир неча томлари, Абу Али ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарининг 7 томи, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби ўзбек адабиёти номоёндаларининг асарлари ушбу хонадонга келган кексаю ёшга улкан маънавий бойлик улашмоқда.
Бу йилги таътил маҳаллада яшовчи болажонлар учун ғоят мароқли ўтди. Чунки улар аянинг шахсий кутубхонасига кириб, кўплаб болаларбоп китобларни ўқиб чиқишди. Ая кутубхонасига ташриф буюраётган ўғил-қизлар билан ўқиган китоблари ҳақида суҳбатлашиб чарчамайди. Яна қандай китобларни ўқишни истаётганлари билан қизиқади. Бу эса болажонларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Ҳакимахон ҳожи аянинг яна бир ажойиб хислати, саховатпешалиги бор. У ҳар йили ўзи яшаётган кўча аҳолиси учун Наврўз байрами уюштиради, дастурхон ёзиб, баҳорий таомлар улашади. Ҳайит айёмларида қўшниларини, ёши улуғларни йўқлаб байрам совғалари тарқатади. Умар ота билан биргаликда парвариш қилган боғидан сархил мевалар пишган пайтлар эса уларни қўни-қўшнилар билан баҳам кўради. Бирор қўшниси бетоб ётганини эшитса, дарҳол унинг ҳолидан хабар олишга ошиқади. Қўлидан келганча ёрдам беради. Маҳалла аҳли ҳам аяни ўз оналаридай ҳурмат қилишади. Бирор иш бошлашдан олдин унинг қимматли маслаҳатларини, сафарга чиқиш олдидан дуоларини олишади.
-Инсондан яхшилик қолади,-дейди Ҳакимахон ҳожи ая. - Буни раҳматлим турмуш ўртоғим кўп такрорлардилар. Турмушимиз жуда сермазмун кечди. Ҳар ойда иккита янги китоб сотиб оларди. Уларни ўқиб чиққач, менга сўзлаб берарди. "Булар менинг устозим" дерди китоб-ларга ишора қилиб. Ҳаётда шу китоблардан олган билимларига амал қилиб яшади.
"Халқига нафи тегмаган умрни умр санамаслик керак" деган экан улуғ файласуфлардан бири. Ушбу пурмаъно сўзларни ўз ҳаётининг шиорига айлантирган Умаржон отанинг ҳамда Ҳакимахон аянинг умри ҳам ҳикматларга тўла, кўплар учун ибрат мактабидир.
Ҳа, кимки, ўз умрини эзгулик нурлари ила безатса, фақат рўшнолик кўради, эл ардоғида бўлади. Шоирнинг ушбу сатрлари Умаржон ота ва Ҳакимахон аяларга аталгандек, гўё:
Бир ҳовуч бойлик деб яшамайсиз Сиз,
Сизга минг тиллодан бир китоб афзал.
Одамлар қалбида мангу яшайсиз,
Сизга пок дил берган тақдиру азал.
Барно ҲАЙДАРОВА
Суратда: Ҳакимахон ая ёш китобхонлар билан суҳбатда.
Ўқитувчи халқи тежамкор бўлади. Айниқса, аёл киши рўзғорнинг бирор камига ярайди, деб топган пулини тежаб ишлатади, бироз маблағ жамғаради. Бир неча йил аввал мен ҳам ойлигимдан тежаб, жамғарган маблағимни банкка омонат қўймоқчи бўлиб, турмуш ўртоғимга маслаҳат солдим.
- Яхши ўйлабсиз, уйда бекор тургандан кўра, ҳам пулга пул қўшилади, ҳам давлатга фойда, - деди.
Бир йўла пенсия жамғармамга ўтказилган пулларни ҳам дафтарчага қайд эттириб келаман дея ишдан чиқгач, тўғри банкка бордим. Навбат кутиб турсам, мен қатори ёш бир аёл банк ходимлари билан жанжаллашиб кетди.
- Қанақа беадабсиз, яхши гапирсангиз, биз ҳам одаммиз, яхши муомала қиламиз, -деди ходимлардан бири.
- Бир ҳафтадан бери яхши гапириб келяпман, энди яхши гапим тугади. Тўрт ёшли болам касал, дори олишим керак, қўшнига ташлаб келганман. Бир ҳафтадан бери эрта-индинга деган ваъдаларингга ишониб, омонатга қўйган пулимни ололмаяпман. Инсофларинг борми ўзи, уч саотдан бери турибман.
- Мен бир ҳафта ҳар куни келиб, навбатда турибман. Навбатим келганда пул йўқ, эртага келинг, дейишяпти. Хўп, сабр қилиб, кутяпман. Шуми одамга муомала, муносабат?
- Иш вақти тугаб қолди, чиқиб кетинглар, - дея жанжалга нуқта қўймоқчи бўлди ходимлардан яна бири.
- Мен кетмайман, пулларимни олмай ҳеч қаерга кетмайман, - деди жиғибийрон бўлиб аёл. Бу ҳолатни кўриб, навбатда турганлар ҳам воқеани кузатиб, ташқарига чиқишга уринмади.
- Кетмасангиз, мелиция чақираман, - деди ходим.
- Чақир ўша мелицияни, ёш боласига дори олмоқчи бўлиб, омонатга қўйган ўзининг пулини ололмаётган аёлни бир ҳафтадан буён овора қилаётганингни айтиб, ўзингни жавобгарликка торттираман, андишани отини қўрқоқ дема, - дея жаҳл отига минган аёл ходимни сенлашга ўтди. Гапларидан билдимки, у аёл ҳам ўқитувчи экан.
Бир оз ўтиб, аёл банк бошлиғи билан гаплашишни талаб қилди. Шундагина банк ходимларининг попиги бироз пасайиб, бошлиқ йўқ, ҳозир ўринбосари келади, дейишди. Бир неча дақиқа ўтмай ўринбосар келди. Аёлни эшитиб, ходимларга бақирди, сўкди. Аёлнинг иши шу заҳоти ҳал бўлди. Пул бор экан, беришди.
Хориган алфозда омонатга қўйган пулини олган аёл у билан жанжаллашган ходимага нимларнидир шивирлаб айтиб, чиқиб кетди. Ходима ортидан "Ўзи яхшиликни билмас экансан", дея бақириб қолди.
Бу ҳолат менда банк ходимлари худди роль ўйнаётгандай фикр уйғотди. Пулларимни омонатга қўйиш фикридан қайтиб, банкдан чиқиб кетдим.
- Талабага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги "Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, тўлов-контракт пулини тўлаши учун банклар томонидан кредит ажратилиши мумкин, - дейди Марказий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Нуриддин Давронов.
Мазкур таълим кредитлари олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.
Тижорат банклари томонидан ажратиладиган таълим кредити чин етимларга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз, бошқа тоифадаги талабаларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкаси асосида берилади.
Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиши ёхуд банкнинг кафолатини, учинчи шахснинг кафиллигини, суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилингани тўғрисидаги суғурта полисини тақдим этиши лозим.
Чин етимлар ва Меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлар ва кам таъминланган оилалардан бўлганлар учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кафиллиги тақдим этилади.
Талабалар, уларнинг ота-оналари ёки васийларига таълим кредити олишда қулайлик яратиш мақсадида вилоятдаги банкларнинг ҳудудий филиаллари маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилди. Аҳоли бу ҳақда маълумотга эга бўлиши учун ўзи яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини ёки ўқишга қабул қилинган олий таълим муассасасига ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлисида Андижон вилоятида оилавий ажримлар ортиб кетганлиги танқид остига олинди. Бу борада, қолаверса, хотин-қизлар жиноятчилиги бўйича вилоятда ҳолат қандай, аҳволни яхшилаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда? Ана шу саволлар доирасида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова билан суҳбатда бўлдик.
- Манзура Пазлиддиновна, вилоятда хотин-қизлар жиноятчилиги қайси йўналишларда ортган ва бунинг асосий сабаби нимада?
- Вилоятимизда хотин-қизлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари, бунга олиб келаётган омил ва сабабларни ўрганиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида хотин-қизлар жиноятчилиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга камайган бўлса-да, опа-сингилларимиз иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг қайд этилаётганлиги бу борада яна кўп ишлар қилишимиз кераклигини тақазо этади.
Агар рақамларга эътибор қаратсак, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг турлари бўйича ижобий кўрсатгичларга эришилган, фақат эрта туғруқ, оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортган. Ажримларнинг ортишига эса асосан фарзандсизлик, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан эркакнинг бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олиши, оила бошлиғининг ичкиликка берилиш сингари омиллар сабаб бўлган.
Умуман, вилоятда қайд этилган хотин-қизлар жиноятчилигини асосий қисмини фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқишга уриниш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан давлат мулкини талон-тарож қилиш, ўзгалар мулкини ўғирлаш, қасддан тан жароҳати етказиш ташкил этди.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг ортишига кўп ҳолларда ишсизлик, жиноятчилик иштирокчиларининг оиласидаги носоғлом муҳит сингари омиллар сабаб бўлмоқда. Бу бизни ана шу тоифа кишилари билан бевосита иш олиб боришимиз, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришимиз лозимлигини кўрсатади.
- Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни бартараф этиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Жиноятчиликлар худудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қўшма йиғилишида муҳокама қилиниб, тизим ва мутасадди идораларга бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланган.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд ҳолатни яхшилаш, жиноятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар ташкил этилди. Жумладан, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш бўйича Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланиб, қатор йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.
Жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 83 оила, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 102 аёл, жиноят содир этган 315 нафар хотин-қизнинг оиласи, шунингдек, 462 та нотинч оилалар билан якка тартибда иш олиб бориш йўлга қўйилди. Нотинч оилалар ва жиноятчи аёлларнинг ҳар бирига жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаолларидан иборат мураббийлар бириктирилди.
Муқаддам судланиб, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 50 нафар хотин-қизни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар алоҳида назоратга олинди. Жумладан, 11 нафарининг бандлигини таъминлашда, 13 нафарининг саломатлигини тиклашга кўмаклашилди. 15 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 12 нафарига ҳуқуқий, 9 нафарига психологик маслаҳатлар берилди.
Аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида оила-турмуш доирасидаги ҳамда хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган 430 та жиноятнинг олди олинди.
Вилоятдаги секторлар таркибида иш олиб бораётган хотин-қизлар қўмиталари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 120 минг 807 хонадонга кириб, 21 минг 230 та муаммони аниқлади. Уларнинг 13 минг 59 таси ўша жойнинг ўзида, 2 минг 998 таси туман миқёсида, 49 таси вилоят даражасида ҳал этилди.
- Вилоятда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.
- Жорий йилнинг ўтган даврида 1973 та оилавий ажрим қайд этилди. Бу албатта барчамизни жиддий ташвишга солади, ажримларнинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, қайнона-келин, қуда-андалар ва бошқа оила аъзолар ўртасидаги келишмовчиликлар, фарзандсизлик, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан эркакнинг бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олиши, эркак ёки аёлнинг чет элга ишлаш учун чиқиб кетганлиги, оила бошлиғининг ичкиликка берилиш сингари омиллар ажримларга асосий сабаб бўлмоқда.
Вилоятда бу борадаги ишларни яхшилаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимининг фармойиши билан "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" ўтказилди. Ойлик доирасида вилоятдаги нотинч, ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилалар қайта хатловдан ўтказилди, мазкур оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари доимий равишда ўтказиб борилмоқда. Жумладан, туман-шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари томонидан давра суҳбати, мулоқот ва маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, 2298 та турли муаммо ва келишмовчиликлари мавжуд оилалар аниқланиб, 1514 тасидаги муаммолар бартараф этилди. Алимент тўловидан бўйин товлаб юрган 1439 нафар оталардан фарзандларининг моддий таъминоти учун пул ундирилди. Хонадонидаги келишмовчиликлар туфайли ота-онасининг уйига кетиб қолган 818 нафар аёл оиласига қайтарилди. Шаръий никоҳ билан яшаб келаётган 1492 та оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилди, 1550 оила ажралиб кетишининг олди олинди.
Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ҳамда оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича уларнинг ҳар бири билан якка тартабда суҳбатлар ўтказилиб, улар муросага келтирилмоқда. Бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳаж зиёратини адо этган отахон ва онахонлардан иборат мураббийлар бириктирилмоқда.
Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси вилоятда "Оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб белгиланган бўлиб, ўша куни оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
- Нотинч оилалардаги ҳолатни ҳамда қийин шароитда яшаётган аёлларнинг турмушини яхшилаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Айни кунда вилоятимизда нотинч оилалар, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар рўйхатга олинган. Уларга ёрдам бериш борасида ҳам тизимли ишлар ташкил этилган. Жумладан, ҳар бир нотинч оила билан бевосита ишлаш тартиби жорий этилди. Уларнинг муаммолари ўрганиб чиқилмоқда, бу оилаларга маҳалла фаоллари бўлган жамоатчи вакиллар бириктирилган. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида нотинч оилаларнинг 104 тасига моддий ёрдам кўрсатилди, 18 нафарининг коммунал тўловлари тўлаб берилди, 12 нафарининг яшаш жойи, 28 нафарининг бандлигини таъминлаш, 16 нафарига кредит ажратиш билан боғлиқ муаммо ҳал этилди. Олиб борилган ишлар натижасида 214 та оиладаги муаммолар тўла бартараф этилди.
Вилоятда оғир турмуш шароитида яшаётганларнинг аксариятини ногиронлиги бор аёллар, кам таъминланган оилалар вакилалари ташкил этади. Бу аёлларнинг 1282 нафарига саломатлигини тиклаш учун тиббий ёрдам кўрсатилди, 1223 нафарининг бандлиги таъминланди, 2059 нафарига моддий ёрдам берилди.
Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан, қийин шароитларда яшаётган, инқирозли ҳолатларга тушиб қолган, хорижий давлатлардан депортация қилинган опа-сингилларимизга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган "Меҳримиз Сизга" аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш маркази фаолияти янада кенгайтирилди. Айни кунда Андижон шаҳри, Асака, Балиқчи, Избоскан, Олтинкўл, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида ана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, фарзанд тарбияси, ёшларни оилавий хаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туй, маърака ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасидаги ишлар ҳам кучайтирилмоқда.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса вилоятимиздаги ҳар бир оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигини, ҳар бир аёлнинг бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдир.
Ниҳоят, кутилган чора-тадбирлар амалга ошириладиган бўлди.
"Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
Устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди.
Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.
Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида бериш, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш белгиланди.
Қарорда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"ни ташкил этилиши белгиланди.
Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.
Тегишли вазирлик ва идораларга умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, жаҳондаги олий таълим муассасаларининг рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ёки факультетларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, илғор халқаро тажрибалар асосида таклиф киритиш топшириғи берилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда "устоз-шогирд" мактабининг роли ортиб бормоқда
Хўжаобод туманидаги 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида "Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунармандчиликни ривожлантириш" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳамда Хўжаобод тумани хотин-қизлар қўмиталари, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси, "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар, маҳаллалар фаоллари иштирок этиб, ҳунармандчиликни ривожлантириш, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёшларни ҳунарга ўргатиш, эришилаётган ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
- Айни кунда вилоятимизда уюшма таркибида 2 минг 471 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари Шахло Солиева. - Уларнинг 680 нафарини хотин-қизлар, 492 нафарини ёшлар ташкил этади.
Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 756 нафар ҳунарманд фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун банклар томонидан 20 миллиард 751 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Дарҳақиқат, айни кунда "устоз-шогирд" мактабини яратиш, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида Андижон шаҳри, Шаҳрихон, Асака, Андижон, Хўжаобод туманларида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Тадбир доирасида турли йўналишларда ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан жой олган миллий ва замонавий либослар, кўрпа-тўшак жилдлари, попоп ва дўппидўзлик маҳсулотлари, пойабзаллар ҳунарманд опа-сингилларимизнинг қўли гул, юксак дид ва маҳорат соҳибалари эканлигини кўрсатди. Ана шу маҳсулот ва буюмлар, айниқса, ёш дизайнер-модельерлар томонидан яратилган янги либослар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.
- Етти нафар шогирдим билан болалар ва аёллар либосларини тикамиз, - дейди Хўжаобод туманидаги "Саноатчилар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ёш ҳунарманд Муқаддас Абдунабиева. - Ҳунармандларга берилаётган кенг имкониятлар бизни янада фаол ишлашга, фаолиятимизни кенгайтиришга ундамоқда.
Тадбирда мутахассислар томонидан иштирокчиларга "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига бериладиган перференциялар, солиқ имтиёзлари, ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш хусусида кенг маълумотлар берилди. Бир гуруҳ ёш ҳунармандлар меҳнат дафтарчалари олди. Шунингдек, ҳунармандчиликни ривожлантириш, "устоз-шогирд" мактабини яратиш борасида ибратли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ уста ва ёш ҳунармандларга тадбир ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этиб, туманда ҳунармандчиликни ривожлантириш, "устоз-шогирд" мактабини яратиш борасидаги ишларга юқори баҳо берди ва бу борада амалга оширилиши зарур вазифалар хусусида гапирди.
Ёш санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
Андижон шаҳридаги "Ўзбекистон 20 йиллиги" маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Андижон шаҳар прокурори ёрдамчиси Н. Бобомирзаев, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Н. Акрамов, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутахассислари, фаоллари, ёшлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мажлисда содир этилган жиноятлар муҳокама қилиниб, жиноятчилик ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, келгусида маҳаллада бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси Р. Турғунов, Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси У. Жўраев, А. Исаковлар томонидан еттита жиноий иш кўриб чиқилиб, айбланувчиларга нисбатан адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ҳукм чиқарилди.
Йиғилишда шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева иштирок этиб, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш хусусида гапирди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят ва Олтинкўл туман кенгашлари ташаббуси билан "Мароқли саёҳат" шиори остида бир гуруҳ ногирон ва имконияти чекланган ёшлар ота-оналари иштирокида вилоят бўйлаб саёҳатда бўлди.
Саёҳат иштирокчилари вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф мактаби ва хиёбони, З.М.Бобур майдони, Боғи Бобур дам олиш масканларида бўлишиб, бир олам таассуротлар олдилар. Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари тоғдай кўтарилдти.