+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Март 2019

Ўзбек қизлари ҳеч кимдан кам эмас

Мафтуна Маҳмудова Олтинкўлнинг Айрончи қишлоғида туғилиб ўсган. Эндигина 18 ёшни қаршилаётган бу қиз белбоғли кураш бўйича 16 карра Ўзбекистон, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган оддий қишлоқ қизидир.

 Мафтуна 9 ёшида Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида белбоғли кураш билан шуғуллана бошлаган. Мураббийи, спорт устаси Жамолиддин Бозоров йиллар давомида унга ушбу спортнинг техникаси, сир-асрорларини мукаммал ўргатди. 

- Мафтунадаги қатъийлик, кўзлаган мақсади йўлида ҳеч қачон чекинмаслик фазилати менга жуда ёқади, - дейди Ж.Бозоров. - Халқимизда "йиқилган курашга тўймабди", деган мақол бор. Мафтуна йиқилишлардан қўрқмайдиган, ютқазишларни тан олмайдиган қиз. Айнан шу феъли сабаб олдинга интилаверади ва албатта, орзу-мақсадига эришмай қўймайди.

Тинимсиз машғулотлар, машаққатли меҳнатлар ўз мевасини бера бошлади. Курашчи қиз аввал туман ва шаҳар беллашувларида, кейин вилоят миқёсидаги биринчиликларида иштирок этиб, муваффақиятларга эришди. 

2011 йилда ўтказилган республика чемпионатида ўз вазн тоифасида илк бор ғолибликни қўлга киритгач, Мафтунани тўхтатиб бўлмади. У буёғига ҳар йили мамлакат чемпионатларида ғалабани ўзида сақлаб келди. Турли ёшдаги курашчилар ўртасида 16 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

2018 йилнинг декабрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Мафтуна 63 кг. вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Бу Мафтунанинг, қолаверса, кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилган дадаси Рустамжоннинг орзулари ушалиши эди.

Белбоғли курашнинг мураккаб усулларини зўр иштиёқ билан ўрганишда давом этаётган спортчи қизнинг орзулари бир олам.

- Мен юракка эмас, ақл ва катталарнинг маслаҳату тавсияларига қулоқ тутиб яшашга одатланганман, - дейди Мафтуна Маҳмудова. - Чунки, биз катта ҳаёт олдида ҳали ғўр, тобланмаган, тажрибасиз ўсмирлармиз. Ҳаётий тажрибага эга, кўпни кўрган устоз ва мураббийлар, шунингдек, ота-оналаримиз бизга фақат эзгуликни раво кўришади. Мана, уларнинг йўл-йўриқлари ва ўзимдаги интилиш билан кам бўлмадим.

Мақсадим, олий ўқув юртига кириш ва 2020 йилда Японияда бўлиб ўтадиган олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш. Энг муҳими, ўзбек қизлари спорт соҳасида ҳеч кимдан кам эмасликларини дунёга кўрсатиш.

Мафтуна бўш вақтларини беҳуда ўтказмайди. Китоб ўқийди, шеърлар машқ қилиб туради. Мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам ёш спортчи қизимизга улкан муваффақият ва орзулари рўёбини тилаб қоламиз.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА