+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Кўчма автодўконлар фаолият кўрсатмоқда

Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда жорий этилган карантин туфайли халқимиз синов кунларни бошидан ўтказмоқда. Ушбу синов инфекция балосини енгиб ўтишда барчанинг аҳил ва интизомли бўлиши, белгиланган тартибларга амал қилиш зарурлигини тақазо этмоқда. Жорий йил 3 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантин шароитида аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлари раҳбарлигида Ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни тизимли амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, карантин шароитида аҳолини энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан узликсиз таъминлаш мақсадида кўчма автодўконлар ташкил этилди. Жумладан, Андижон туманида 30 дан ортиқ ана шундай кўчма автодўконлар тумандаги мавжуд 77 маҳаллага бориб хизмат кўрсатмоқда. Кўчма автодўконлар фаолияти карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб-қоидаларга тўла амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Карантинда сақланаётган фуқароларга кўрпа-тўшаклар етказиб берилди

Вилоятимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган ишлар кучайтирилган тартиблар асосида олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда барча давлат ва нодавлат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Андижон вилоят ташкилоти томонидан вилоятдаги қатор карантин масканларида ташкил этилган ётоқхоналарга фавқулотда вазиятлар захирасидаги ётоқ чойшаблари, кўрпа-тўшаклар етказиб берилди.

-  Бутун халқимиз учун оғир синов даври бўлган бугунги кунда ҳамжихат ва уюшқоқлик билан иш олиб боришимиз зарур, - дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Холидахон Мирзараҳимова. - Шундагина биз каронавирус балосини даф эта оламиз. Бу ишда шифокорлар, мутахассислар имкон қадар фаол иштирок этиши, аҳоли эса ўз уйларида қолиб касаллик   тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшиши керак.

  Карантин даврининг дастлабки кунларида Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти қарамоғидаги ёлғиз яшовчи, кекса ва ногирон фуқароларларнинг саломатлиги    меҳр-шафқат ҳамширалари томонидан текширувдан ўтказилиб, уларга ҳимоя ниқоблари, қўлқоп, антисептик геллар, бактерицид совунлар, салфеткалар тарқатилди.

Карантин эълон қилинган дастлабки кунларда ташкилот мутахассислари, меҳр-шафқат ҳамширалари томонидан Андижон шаҳрининг Янги бозор, Эски шаҳар деҳқон бозорлари, аҳоли гавжум масканларда 10 минг донадан ортиқ ҳимоя ниқоблари, қўлқоп, гель ва совунлар, шунингдек, короновирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга оид плакат ва буклетлар тарқатилди.

Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти томонидан бу каби акциялар давом эттирилмоқда.

 

Сожида САИДОВА

"УЙДА ҚОЛИНГ" АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА

ҳам масофадан туриб ишлаяпмиз, ҳам оиламиз  даврасида аёлликнинг барча юмушларига улгуряпмиз.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир вазият ҳукмрон. Айни дамда бутун республика бўйлаб карантин эълон қилинган. Албатта, ҳозирда масофадан туриб фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда оиламиз, фарзандларимиз набираларимиз билан уйдамиз.

Қизим Иродахон, набирам Зилолахонлар мактаб ўқувчилари. Улар телевидение орқали ташкил этилаётган онлайн дарсларда қатнашмоқда, уларни назорат қилиб турибмиз. Бундан ташқари, устозлари, синф раҳбарлари билан телеграмм канали орқали доимий мулоқотдамиз. Муҳтарам Президентимизнинг пандемия оқибатларининг олдини олиш борасида халқимизга қилган мурожаатидаги: "Азиз     фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг" деган гапларини ўзимизга дастуриламал қилиб олганмиз.

Ўзим эса "Ўн йиллар давомида оиласига, фарзандларига етарлича вақт ажратолмаган инсонлар ҳақида эшитяпмиз. Бунда ҳам бир ҳикмат бор. Имкониятдан фойдаланиб, фарзандларингиз тарбияси билан қаттиқроқ шуғулланинг, келажагига кўпроқ қизиқинг...

Бу синовлардан кам талафот билан ўтиб олишимиз учун, аввало, Аллоҳдан мадад сўраймиз. Шунинг баробарида биздан бугун темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилади" деганларида жуда таъсирландим.

Дарҳақиқат, кўп ҳолларда оиламиз учун ажратолмаган вақтимизни бугун улар билан бирга ўтказяпмиз. Қизим ва набирам билан бирга онлайн дарс тайёрлаймиз. Келиним Диёрахонга рўзғор юмушларида ёрдамимни аямайман. Иш фаолиятимни масофадан туриб амалга ошираётган чоғим уйдагилар мен учун шароит яратишади.

Муҳими, карантин давридаги машаққатли кунларни тўғри баҳолаяпмиз. Ва шу ўринда барчага айтмоқчи бўлганим: сиз ҳам уйда қолинг. Айни вазиятда энг оқилона йўл шу!

Умидахон Исаева,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши "Аёллар қаноти" раиси.

Халқимиз тарихда кўп синовлардан эсон-омон ўтган

Мулоҳаза

Бугун коронавирус пандемияси бутун дунёни ташвишга солмоқда. Дунё ҳамжамияти томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, минг афсуски, ушбу офат турли мамлакатларда минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда.

Кўринмас вирус балоси хавфидан, унинг юқмаслигидан ҳеч бир киши, ҳеч бир миллат ёки давлат кафолатланмаган. Шу боис мамлактимизда ҳам коронавирус тарқалишиннинг олдини олиш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида қатъий чоралар кўрилмоқда.

Тарихдан биламизки, халқимиз жуда кўп офату балоларни, қийинчиликларни сабр-бардош, матонат билан енгиб ўтган. Узоққа бормайлик, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги қатағон даврини эслайлик. Очлик, қаҳатчилик ҳукм сурган бир даврда хукмрон мустабид тузим сиёсати туфайли халқимизнинг минглаб вакиллари бой, диндор дея ўз уйларидан ҳайдалиб, узоқ ўлкаларга сургун қилинди, халқ душмани тамғаси билан судсиз, сўроқсиз отиб ташланди. Ана шундай оғир даврларда ҳам халқимиз меҳр-оқибатни, одамийликни, динини, ўзлигини унутмаган.

Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрган азоб-уқубатларини сўз билан таърифлаш осон эмас. Фронт ва фронт ортидаги мислсиз жасорати, матонати, меҳнатлари тарихнинг алоҳида саҳифаси бўла олади.  Отаси, ёри, фарзанди, ака-укасини урушга кузатиб, улардан қора хат олган қанча-қанча ўзбек оиласи  қайғу, айрилик азобларига сабр билан дош берган, ёруғ кунлар келишига ишонган.

Қалбида сабр-бардош, ишончи мустаҳкам халқимиз бугунги синовли кунлардан ҳам сабот билан ўтади. Бунинг учун энг аввало, барчамиз ҳамжихат ва тартибли бўлишимиз лозим. Ваҳимага берилмасдан, карантин, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тартиб-қоидаларга, шифокорларнинг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилишимиз зарур.

Бугун бизга уйда қолиш тавсия этиляптими, уйда қолайлик. Зарурат бўлмаса кўчага чиқмайлик. Бу энг аввало, ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз соғлиги учун муҳимдир. Мен кекса инсон сифатида коронавирус    тарқалишининг олдини олиш бўйича республика комиссиясининг қарори билан ёши 65 дан юқори кишиларнинг кўчага чиқиши таъқиқланганлигини эшитиб, очиғи хурсанд бўлдим. Чунки ушбу тадбир биз - кекса инсонларнинг соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида эътибордир.

Ишонаманки, халқимиз сабр-бардош, ҳамжихатлик, тартиб-интизомга қатъий амал қилиш  билан бугунги синовли кунлардан эсон-омон ўтади. Бунинг учун фақат талаб этилаётганидай, уйда қолайлик. Агар зарурат бўлмаса, кўча-кўйга чиқмайлик. 

 

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,

 

Андижон давлат университети профессори.

ХОНАДОНЛАРГА КЎЧАТЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА

Вилоятимизнинг барча туманларида бўлгани каби Андижон туманида ҳам томорқаларга экиш учун аҳоли хонадонларига кўчатлар етказиб берилмоқда.

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида тумандаги аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Андижон тумани ҳокимлигининг ташаббуси билан аҳоли хонадонлари томорқасига кўчат экиш ишларини кечиктирмаслик, бу борада фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида махсус  автотранспортлар ёрдамида  хонадонларга помидор, болғар қалампири, қалампир, бақлажон, карам кўчатлари етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Куни кеча Гулобод шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолисига 16 минг донадан ортиқ помидор кўчати тарқатилди.

Тумандаги Полосон маҳалласида яшовчи Сотиқиной ва Иброҳимжон Раҳматов, Қорияхон ва Маъмиржон Зулфиқоров, Кимёхон Зулфиқорова, шунингдек, Гумбаз маҳалласида яшовчи Ҳалимахон Ҳайитова ўз хонадонларидаги иссиқхоналарда  етиштирилган помидор, қалампир, болғар қалампири, бақлажон ва карам кўчатларини  маҳалладошларига етказиб бермоқда.

- Томорқамиздаги иссиқхонада помидор ва болгар қалапири кўчатларини етиштирганмиз, - дейди Ҳалимахон Ҳайитова. - Бугунги карантин шароитида кўчатларни маҳалладошларимизга, ортганини  махсус автомашиналар билан қўшни маҳаллалар аҳолисига ҳам етказиб беряпмиз. Бу албатта, одамларга қулайлик яратмоқда.

Бу борадаги ишлар карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда.

 

 

Махпурахон ОРТИҚОВА

БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБЛАРГА АМАЛ ҚИЛАЙЛИК!

Мулоҳаза

Бугун бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус инфекцияси туфайли юзага келган вазият барча халқлар қатори халқимизни ҳам синовдан ўтказмоқда. Бу офат одамларни бир-бирига янада жипслаштирмоқда, меҳр-оқибатли бўлишга ундамоқда.

Барча жойларда бўлгани каби маҳалламизда ҳам карантин тартиб-қоидаларига амал қилиш, вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.

Маҳалладамиздаги 1662 хонадонда истиқомат қилаётган 2550 оила вакиллари имкон қадар ўз уйларидан чиқмаяпти. Зарурурат юзасидан дўкон ёки касалхонага чиққанлар ҳам ҳимоя ниқобларини таққан, белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда чиқмоқда.

Фаолларимиз томонидан маҳалламиздаги ногирон, ёлғиз яшовчи фуқаролар, шунингдек,  кам таъминланган,  кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига тақдим этиб борилмоқда.

Вирус балоси биз учун бир синов. Уни енгиб ўтиш, саломатлигимизни муҳофаза қилиш энг аввало, ўзимизга боғлиқ. Мана шундай бир даврда қийинчиликларга сабрли, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик. Янада муҳими, вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга, шифокорларнинг тавсияларига, шахсий гигена қоидаларига қатъий амал қилайлик. Шундагина биз ушбу офатни талофатларсиз енгиб ўтамиз.

Раънохон Ҳакимова,

 

Андижон шаҳридаги "Гумбаз" МФЙ мутахассиси.

Эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда

Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш бошқармаси Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги хайрия акцияларини ўтказиш жорий йил 1 апрелдан  вақтинча тўхтатилди.

Белгиланган тартибга кўра, бундан буён ногирон, ночор, эҳтиёжманд кишиларга кўрсатиладиган хайрия ёрдамлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг Ҳомийлик   хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан марказлашган тартибда амалга оширилади.

- Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Андижон шаҳрининг Навоий шоҳкўчасида жойлашган вилоят Нуронийлар маскани биносида ташкил этилиб, белгиланган тартиблар доирасида иш олиб бормоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова. - Бу каби марказлар бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимларида ҳам иш бошлайди. Жорий этилган ушбу тартиб албатта, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.

Марказнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиб берилган.  Шунингдек, мавжуд маҳсулотларни сақлаш учун музлатгичлар, жиҳозлар ҳамда маҳсулотларни тарқатиш учун автотранспорт воситалари ажратилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами вакиллари рўйхати шакллантирилиб, Марказига мунтазам тақдим этиб борилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг Марказга тақдим этган беғараз ёрдамлари санитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган кишилар орқали эҳтиёжмандларга етказиб берилади.

Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгиллилар ушбу хайрия тадбирларида қатнашишлари мумкин. Эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.

Тадбиркорлар, кўнгиллилар,     шунингдек, ёши улуғ, ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг мурожаатлари қисқа рақамли телефон тармоғи (call-center) орқали қабул қилиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, нодавлат ижтимоий тармоқларни жалб этган ҳолда "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзини кенг   тарғиб этиш, фуқароларнинг белгиланган тартибларга қатъий амал қилишлари зарурлиги, талабларни бажармаган      шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Пул кўринишидаги маблағларни "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади. Барча мансабдор шахслар ва фуқаролардан ушбу тартибга қатъий амал қилиниши талаб этилади.

Фаолият бошлаган дастлабки бир неча кун давомида Марказга н вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган 400 нафарга яқин фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаат қилган оилаларга ун, ўсимлик ёғи, картошка, пиёз, сабзи ҳамда совундан иборат маҳсулотлар  тарқатилди.

- Яшаш шароитимиз оғир, - дейди Андижон шаҳри, Пистамазор маҳалласида яшовчи Омадхон Исомиддинова. - Айниқса, карантин шароитида янада қийналиб қолган эдик. Маҳалла мутасаддиларига раҳмат уйимизга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб беришди. Қийин бир шароитда биз каби эҳтиёжманд оилаларга кўмак бераётган ҳукуматимизга, Президентимизга, мана шундай хайрли ишларнинг бошидан турган барча инсонларга каттадан-катта раҳмат.

Вилоятда ҳомийлик хайрияларини қабул қилиш ва тарқатиш ишларини белгиланган тартиблар доирасида тизимли давом эттириш бўйича зарур чоралар кўрилган.

 

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

ВИЛОЯТИМИЗ МАҲАЛЛАЛАРИ АҲЛИ ВА ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА МУРОЖААТ

Қадрли юртдошлар, муҳтарама опа-сингиллар!

Бугун дунёнинг кўп давлатлари қатори мамлакатимиз, шу жумладан вилоятимиз аҳли ҳам оғир синов даврини бошидан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси саломатлигимиз, ҳаётимизга хавф солиб, барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Глобал муаммога айланган хасталикнинг олдини олиш, юртдошларимизни ана шу офатдан асраш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга қилган мурожаатида Яратганнинг бу каби синовлари миллати, тили ва динидан қатъи назар давлатлару халқларнинг бошига тушиши мумкин. Ҳеч ким ва ҳеч бир давлат бундан ҳимояланмаганлигини таъкидлаб, бугунги оғир дамда бутун хақимизни ҳамжихат, якдил бўлишга чақирди.

Юртбошимиз мурожаатидан келиб чиқиб, мен ҳам вилоятимизда яшаётган нуроний отахон-оналарга, маҳалла раислари, оқсоқоллари, фаоллари ҳамда опа-сингилларимизга мурожаат қилмоқчиман!

 

Қадрли юртдошларим!

Андижонликлар азал-азалдан ўзларининг меҳмондўстлиги, қатъияти, бирсўзлиги, фарзанди, оиласи, юрти учун фидойилиги билан кўпларга ибрат бўлган, ҳурмат-эътибор қозонган.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги қатағон даври мусибатларини, Иккинчи жаҳон уриши азоб-уқубатларини, урушдан кейинги қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтган аждодларимизнинг букулмас иродаси, садоқати, саҳовати биз учун ҳамиша ибратдир.

Отаси ёки эри ноҳақ камалганида гўдаги билан оч-юпун қолса-да, ор-номусини, ўзлигини унутмаган, ёри, фарзанди, ака-укасини урушга кузатиб, улардан қора хат олганида ҳам боласини бағрига босиб, қайғу, айрилик азобларига дош берган, ёруғ кунлар келишига умид қилиб яшаган, мушфиқ, мўътабар аёллар бизнинг оналаримиз, момоларимиз эди.

Fалаба учун эрта тонгдан кеч оқшомгача меҳнат қилиб, ўзи оч-наҳор қолса-да, етимлар билан бир-бурда нонини баҳам кўрган, диёнату меҳр-оқибатни унутмаган  инсонлар ҳам сизу бизнинг ота-боболаримиз бўлган.  Биз ҳеч қачон уларнинг юксак инсоний фазилатларини унутмаслигимиз керак.

Ҳар қандай яхши-ёмон ишлар маҳалладан бошланади. Одамларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган, эзгу ишларга сафарбар этадиган гўша - маҳаллаларда яшаётган,   юртдошларимиз, муҳтарама опа-сингилларимиз бугунги оғир синовли кунларда шубҳасиз, қатъият ва жасоат намуналарини кўрсатади.

 Халқимиз бошига тушган офатдан эсон-омон қутилиш, оиламиз, фарзандларимиз саломатлиги, тақдири кўп жиҳатдан сизу бизга боғлиқ эканини унутмайлик. Юртимизда     тарқалган коронавирус пандемияси туфайли карантин деб эълон қилинган кунларда нафақат ўзимиз, балки яқинларимизни имкон қадар уйда қолишига ҳаракат қилайлик. Агар зарурат бўлмаса умуман, кўчага чиқмайлик.

Кўзга кўринмас офат бизни безовта қилиб турган бир пайтда кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон-онахонларимиз, маҳалла фаолллари, уй бекалари масъулиятни ўз қўлига олишлари лозим. Болаларимиз билан уйимизда ҳукуматимиз томонидан белгиланган карантин тартиб-қоидаларга қатъий амал қилайлик.

Аввало, ваҳимага тушмайлик, синовларга сабр қилайлик, ўз саломатлигимизни асраб-авайлашга, шахсий гигена қоидаларига амал қилишга алоҳида эътибор қаратайлик.

Тиббиёт ходимлари тавсияларига қулоқ тутайлик! Агар саломатлигимиз ёмонлашса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилайлик! Мураккаб вазиятдан фақат темир интизом, аҳиллик, соғлом турмуш тарзига риоя этиш билангина чиқиб кетишимиз мумкинлигини ҳар биримиз англаб етайлик.

Хушёр ва огоҳ бўлайлик, Эътиборсизлик, бепарволигимиз билан касалликнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолмайлик! Турли миш-мишларга ишониб, одамларни саросимага соладиган гап-сўзларни тарқатмайлик.

Бутун оила уйда эканимизда томорқа ишларини болаларимиз билан бирга бажариш, қизларимизга бичиш-тикиш, мазали таомлар тайёрлаш сабоғини бериб, уларни меҳнатга ўргатайлик. Биргалашиб китоб ўқиб, фарзандларимизни китоб ўқишга бўлган қизиқишини, билим олишга бўлган интилишини мустаҳкамлайлик.

Азиз андижонликлар!

Таҳликага тушиб, меҳр-оқибатни унутиб қўймайлик! Агар ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож инсонлар бўлса, улардан ёрдамимизни аямайлик, Маҳалламизда, кўчамизда ёлғиз яшаётган кексалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар холидан хабар олиб турайлик. Улардан хабар олганда ёки бирор нарса харид қилиш учун дўконга чиққанимизда албатта, ҳимоя ниқобида бўлайлик. Қўлимизни тез-тез совунлаб ювиб туришни, махсус дезинфекция воситаларидан фойдаланишни    унутмайлик!

Ахил, ҳамжиҳат, тартибли бўлиб, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олайлик.       Соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик барчамизга ҳамроҳ бўлсин.  Дуо қилайлик, яратган дуоларимиз ижобатини берсин. Оиламизни, маҳалламизни, юртимизни, бутун инсониятни офату балолардан асрасин.

 Манзурахон ЮНУСОВА,

 

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи.

Уйда қолинг

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан

Бу синовда ҳар одамки ўйда қолар.

Уйингиз бор қоларга лек, дунёдаги

Юз миллионлаб уйи йўқлар қайда қолар.

 

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан

Ахир бунда ҳар ким иззат-сийда қолар.

Бу дунёда қанча қашшоқ, қанча қуллар

Улар эшик ортида не куйда қолар.

 

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан

Сиздаги бу осудалик ойда қолар.

Қанча одам урушларда, қирғинларда

Отилган ўқлардан пана жойда қолар.

 

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан

Майли, бундан еру-осмон ором олар.

Дунёни сиз қутқарасиз балолардан

Англаган ҳар кимса бугун уйда қолар.

 

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан

Синовларда дўсту-душман ўйда қолар.

Шундай бир халқ, бир вирусга бас келмасак,

Уч минг йиллик қудратимиз қайда қолар!

 

Назира МАТЯҚУБОВА

Ҳеч ким кўчада бемақсад юрмаслиги керак

Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов аҳолига қилган навбатдаги мурожаатида касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилишини таъкидлади.

Вилоят ҳокими коронавирус туфайли жорий этилган карантин шароитида одамларни имкон қадар уйида қолишга, "касаллик менга юқмайди" деган фикр билан бепарво ва эътиборсиз бўлаётган кишилар хушёр бўлишлари, хасталик юқишидан ҳеч ким кафолатланмаганлигини, бугун ҳар бир киши энг аввало, ўзининг, қолаверса, оиласи, фарзандларининг саломатлиги, бутун жамиятнинг тинч-осойишталиги учун масъул эканлиги айтилиб, фуқаролар зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслиги, кўчада, жамоат жойларида бемақсад юрмаслиги кераклигини айтиб ўтди.

- Бугунги оғир, синовли кунлардан эсон-омон ўтиш, касаллик тарқалишитнинг олдини олиш энг аввало, ўзимизга боғлиқ, - деди вилоят ҳокими. - Бунинг учун бепарво бўлмаслигимиз, карантин тартибларига, шахсий гигена қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим. Шундагина вирус тарқалишига чек қўямиз, хасталикни жиловлай оламиз.

Мурожаатда аҳоли учун энг зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, томорқаларга экиш учун помидор, болғар қалампири ва бошқа турли кўчатларни маҳаллаларга етказиб бериш йўлга қўйилганлиги, томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали маҳаллалардаги ногиронларга, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ишлари қатъий ва изчил олиб борилиши таъкидланди.

Вилоят ҳокими андижонликларни карантин шароитида ҳамжиҳатликка, белгиланган тартибларга қатъий амал қилишга чақирди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА