+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Апр 2020

ОНЛАЙН ТАЪЛИМ: ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИНГ СОҒЛИГИ, ТАРБИЯСИ ВА РУҲИЯТИ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР

Мулоҳаза

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида коллеж, умумтаълим мактаблари ўқувчилари масофавий таълим тизимида сабоқ олмоқда. Ўқувчи ва педагоглар ушбу мажбурий чорага кўникиб ҳам қолди. Аслида ўқувчилар билан бевосита ишлаш, бевосита дарс ўтиш уларнинг билим ва тарбиясини мустаҳкамлашда энг самарали йўл ҳисобланади. Бироқ, вазият тақозоси билан мазкур жараён мобил телефон, компьютер ва интернет орқали олиб борилмоқда.

Шу ўринда ота-оналар фарзандларининг компьютер билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига амал қилиши, ундан тўғри ва оқилона фойдаланишини мунтазам назорат қилиб боряптими, деган савол туғилади. Бу энг аввало, фарзандларимизнинг соғлиги, тарбияси ва руҳияти билан боғлиқ жиддий масалалардир. Айниқса, вояга етмаган болаларининг қоидаларга риоя қилишларини ота-оналар кузатиб бориши керак. Ўқувчи дарс қиляпман, деб турли компьютер ўйинлари билан банд бўлмаслигига, интернетдан фойдаланишда тарбияга зид, бола онги ва тафаккурини бузадиган маълумотлар билан танишмаслиги, интернет маълумотларидан тўғри ва ўринли фойдаланишига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир. 

 Карантин туфайли  фарзандларимиз таълим олишдан узилиб қолмаслиги лозим. Шу боис, улар билан биргаликда телевизион дарсларни кузатиб боришимиз, боланинг эътибори дарсда бўлишини таъминлашимиз керак. Фарзандимиз "Дарс машғулотларини кузатмасам ҳам бўлаверади", "мени ҳеч ким назорат килмайди" деган тушунчага бориб қолмаслиги зарур.

Онлайн машғулотлар жараёнида болалар соғлиги билан боғлиқ муҳим жиҳатлар бор. Энг муҳим қоида бола компьютер экранидан 50-60 см. узоқда, телеэкрандан эса 2-3 метр узоқликда ишлаши керак. Компьютер ва телеэкран олдида кўп ишлаш, кўп ўтириш инсоннинг кўзи, қон айланиш тизими, бош мия фаолиятига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам теледарслар 15 минутдан 4 фан кетма-кетлигида маълум танаффус билан жами 60 минут бўлаётганлиги ниҳоятда тўғри. Дарсларни қолган қисмини ўқувчи ота-оналар ёрдами ва кузатувида мустаҳкамлаб олади.

Фарзандимиз компьютерда ишлаганда унинг тўғри ўтиришига ҳам аҳамият каратайлик. Шунда боланинг қадди-қоматига шикаст етмайди. Телевизор қандай ўрнатилган? Болаларга қулайми? Хона зах бўлмаслиги, ҳарорати 20-25 градус илиқ, ўқувчининг дарс жойига тушаётган ёруғлик тепадан    пастга ва чапдан тушиши, монитор экрани кўзни қамаштирмайдиган бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Санитар меъёр ва қоидаларга кўра, 1-4 синф ўқувчилари 20 минут, 5-9 синф ўқувчилари 25-30, юқори синфлар 30-40 минут бир ўтиришда, бир кун давомида жами 180 минутдан ортиқ компьютер қаршисида ўтирмаслиги керак. Болалар компьютерда ишлаш жараёнларида кўзларида зўриқиш ҳосил қилмасликлари учун вақти-вақти билан 2-3 минут дам бериш лозим. Шу лаҳзаларда ўқувчиларга куй эшитиш, қўл ва бўйин мускулларини толиқмаслиги учун енгил жисмоний машқлар бажариш фойдали. Уй деразаси ёки балкондан узоқларга, айниқса, яшил манзара ва дарахтларга тикилиш кўз чарчоқларини олиб, машғулотларни тетик давом эттиришга ёрдам беради.

Бизга арзимас, оддий бўлиб кўринадиган юқоридаги жиҳатларга асло эътиборсиз қарамаслигимиз лозим. Педагоглар масофадан таълим бериш давомида имкон қадар ҳар бир ўқувчи, унинг ота-онаси билан мулоқотни йўлга қўйса, ўқувчининг мустақил тайёрланишига йўналтириб турса, бу борада ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлиги йўлга қўйилса, шубҳасиз, фарзандларимиз масъулиятни ҳис этиб, янада кўпроқ билим олишга интилади.

Тарбиянинг муҳим учта қоидаси бор. Психологларнинг фикрига кўра, болалар ўз-ўзини юқори даражада намоён этишларида ота-оналар одоб-тарбиянинг ана шу уч тамойилига риоя этишлари муҳимдир. Яъни:

-      болаларга меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиш;

-      тартибли, талабчан ва журъатли бўлиш;

-      болани мустақилликка ўргатиш, ишонч ҳосил қилгачгина назоратни аста-секин ўзига қўйиб бериш.

Демак, юқоридаги тавсияларимизга амал қилинса, масофавий таълим жараёнида фарзандларимизнинг билим олиши, тарбияси борасида муаммолар юзага келмайди. Ишонч билан айта оламанки, педагоглар, ота-оналар биргаликда мазкур йўналишдаги ишларни тўғри ташкил этиб, бугунги синовли кунларни албатта, енгиб ўтади.

Дилрабо ЎРАЗАЛИЕВА,

 

Қўрғонтепа қурилиш коллежи психологи.