+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КИТОБЛАР ҲАЁТИМНИНГ МАЗМУНИГА АЙЛАНГАН,

(41-сон)

- дейди Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ахборот библиография бўлими мудираси Замирахон Шаҳобиддинова.

Суҳбатдошимиз ҳақида маълумот: Замира Шаҳобиддинова - 1961 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган, 35 йилдан буён кутубхоначилик соҳасида фаолият кўрсатади. Оилали, 3 нафар фарзанди, 7 нафар набираси бор. Жуда кўп ёшларга касб сирларини ўргатиб келаётган соҳа фидойиларидан бири.

Шиддат билан ўтиб бораётган бугунги кунда ахборот оқими замон ва макон чегараларини писанд этмаяпти. Глобаллашув жараёни жуда кўп халқларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарига қайсидир жиҳатдан таъсир кўрсатаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ана шу жараёнда интернет, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши инсониятнинг китоб ўқишга бўлган эҳтиёжи ва қизиқишини бўғиб қўймоқда.

Таъкидлаш керакки, нима бўлганда ҳам инсоният учун китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб қолаверади, китоб бера оладиган билим, тафаккур ва маънавиятни бошқа ҳеч қандай восита бера олмайди. Шу маънода китоб мутолаасини маънан юксалишдаги энг мақбул йўл дейиш ўринлидир. Унинг халқ маънавий камолоти, миллат равнақи, ёшлар тақдиридаги аҳамияти ва ўрнини ҳеч қандай восита билан тенглаштириб бўлмайди. Улуғ рус ёзувчиси М. Горький "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан бир умр миннатдорман" деб ёзган эди. Дарҳақиқат, китоб йўлларимизни ёритувчи нур, ёлғизликда садоқатли ҳамроҳ, умримиз давомида бизни тўғри йўлга бошловчи беминнат устоздир.

Ўқувчилик йилларим эди. Бир куни ўқитувчимиз дафтарларимизни текшириш учун уйи-га олиб кетаётганини кўриб кўтаришиб, унинг уйигача кузатиб қўйдим. Шунда у мени қўярда қўймай ичкарига бошлади. Киргач, ҳайратдан қотиб қолдим. Катта хонанинг бир томонини тўлиқ эгаллаган махсус жавон китоблар билан тўла эди. Жавоннинг баландлиги шифтгача етарди. Ҳатто, мактабимиз кутубхонасида ҳам бунча кўп китоблар йўқ эди. Кўзларимда акс этган севинчни кўрган муаллима "Китобни яхши кўраркансан-а, қизим, бу жуда яхши фазилат..." дея  қўлимга беш-олтита китобни тутқазди. Ўқиб бўлганимдан сўнг уларни алмаштириб кетишим мумкинлигини  айтди. Шу куни севинчим ичимга сиғмай, то уйимизгача югуриб кетибман... Мен айнан шу китоб-лар, бебаҳо асарлар, дунёни ҳайратга солган, қалбларни ёритиб тургувчи машъала, бебаҳо хазина эканига ишонч ҳосил қилганман. Нодир асарларни ўқир эканман, киши улардаги чуқур маънодан руҳий қувват олишини, китоб инсон билими, тафаккури, дунёқараши, бадиий диди ва эстетикасини бойитишига яна бир бор амин бўлганман. 

Кечагидек ёдимда, синфдош дугоналарим билан биргаликда китобларни ўқиб чиққанларимиз, улар устида баҳслашганларимиз, қаҳрамонлар тутган йўлни гоҳ қоралаб, гоҳ оқлаганларимиз бизга олам-олам завқ берарди... Йиллар ўтгани сайин китобга бўлган меҳрим ошаётганини ҳис этардим. Бу ҳис мени бир умр китоблар билан ҳамроҳ бўлишга ундагани рост.

Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик ва библиография факультетида таҳсил олдим. 1982 йилда олий ўқув юртини тамомлаб,  мазкур даргоҳга ишга келганман. Шундан буён инсон руҳиятини нурга, қалбини эзгуликка тўлдирувчи бебаҳо неъматлар маконидаман. Нафақа ёшига етган бўлсам-да, ҳамон кутубхонадаман. Чунки китобларсиз яшаш мен учун қийин, китоблар умрим мазмунига айланган. Уларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам этолмайман. Ўттиз беш йиллик фаолиятим давомида ўнлаб ёшларга касб сирларини ўргатиб келяпман. Насимахон Аснабоева, Нигорахон Йўлдошева, Дилафрўз Каримова каби шогирдларим мен билан ёнма-ён меҳнат қилишмоқда. Қизим Севара ҳам ёшлигидан шу касбга меҳр қўйди. Ҳозир у ҳам мазкур даргоҳда хизмат қилмоқда. 

1907 йилда ташкил топган ахброт-кутубхона марказимизда турли мавзулардаги 670 мингдан зиёд адабиётлар, 530 мингдан ортиқ электрон ресурс-лар мавжуд. 7 та бўлим, 7 та секторда 42 нафар мутахассис  22 мингдан зиёд китобхонларга хизмат кўрсатиб келади. Масканимизда ўсмирлар ва катталар учун алоҳида ўқув зали, компьютер зали мавжуд бўлиб, ҳамиша мижозлар билан гавжум.

Кейинги йилларда юртимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш масаласига жиддий эътибор берилаётганидан қувонаман. Бунинг замирида биз юқорида тилга олган мақсад ётади, яъни инсон камолотида китобнинг ўрни ниҳоятда катта.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 12 январда қабул қилинган "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиш замирида ҳам ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, қалбида тарихимизга чуқур ҳурмат ва муҳаббатни уйғотишдек улуғ ниятлар мужассам. Зеро, ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган, маънавиятини бойитадиган, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмак берадиган китоблар яратиш бугунги куннинг талабидир. Фармойишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб,  муассасамиз раҳбари Гулнорахон Исмоилованинг лойиҳаси ва ташаббуси билан вилоятимиздаги болалар уйлари, оромгоҳлар, ҳарбий қисм-ларда турли кечалар, викториналар, китобхонлик конференциялари ўтказяпмиз. Мулоқотларда иштирокчиларнинг китобга бўлган муҳаббати ортиб бораётганлигини кутубхонамизга аъзо бўлиш учун ташриф буюраётганлар сони ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан бирга ёзувчи ва шоирларнинг юбилейлари, хотира кечаларини ташкил этяпмиз. Уларда эса ёш ижодкорлар, бўлажак шоир ва ёзувчилар кашф этилмоқда.

Китобнинг, сўзнинг қудрати улуғлиги ҳақида маҳаллага бош бўлиб ишлаган дугонам яқинда бир воқеани айтиб берди. Сўздан бино бўладиган мўъжизани тасвирлаш қийин. Воқеа шундай бўлган экан. Бир хонадондаги икки келин ўртасида муроса қочади. Можаро ҳатто, маҳалла идорасигача бориб етади. Раис келинларга шундай дейди:

- Оилада катта келинсизлар, уят эмасми? Сизлар ахир, кичик овсинларга ибрат бўлишингиз керак.

- Э, унинг биз билан иши йўқ, у - китоб жинниси, - раиснинг сўзини чўрт кесади тўнғич келин.

Панд-насиҳатлардан сўнг овсинлар муросага келгандай бўлишади. Аммо раисни кичик келин ҳақидаги гаплар қизиқтириб қўяди. Бир куни ўша хонадонга ташриф буюриб, кичик келин билан суҳбатлашади. Қўлида чеварлик ҳунари бўлган бу келин рўзғорга наф келтираётгани, бўш қолди дегунча китоб ўқишини қайнонаси уни дуо қила-қила гапириб берди. Гап-сўзлари маънили, мулоҳазали, овсин-опаларига ҳам ўйлаб гапиради. Бу китобнинг таъсири экани, шубҳасиз.

- Сизлар ҳам ҳеч китоб ўқиганмисизлар? - сўрайди раис катта келинлардан.

- Э, миямни ғовлатиб нима қиламан? Шундоқ ҳам иш-ташвишларим кўп, - дейди уларнинг бири.

- Ўқиб, олим бўлармидим, - деди иккинчиси.

Аммо англамайдиларки, олдиларида ҳар қандай ташвишдан-да масъулиятлироқ вазифа - фарзанд тарбияси турганини. Китоб ўқиганларидами, гап талашиб маҳалла идорасигача боришмасди. Зеро, китоб инсонни андишали, мулоҳазали бўлишга ўргатади.

Кўп китоб ўқиган ўқувчининг нутқи равон бўлади, дўстлари, ота-онаси, устозлари ва    бошқалар билан муносабатда одоб қоидаларидан четга чиқмайди. Шунинг учун ҳам мен доимо ўқитувчиларга ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб этиш, бирор бир бадиий асар мутолаасидан сўнг мунозара соатларини ташкил этишни маслаҳат бераман. Чунки мутолаа маданияти ва китобхонликни оммалаштириш жараёнида энг катта вазифа биз билан бир қаторда  педагоглар зиммасига тушади.

 Бугун аксарият ота-оналар тирикчилик ва рўзғор ташвишларини биринчи ўринга қўйишади. Фарзандига бирон марта китоб совға қилмаган ота-оналар жуда кўп. Катталар орасида ҳам китоб ўқишни бош оғриғи деб қабул қиладиганлар борлиги ниҳоятда ачинарли. Модомики, ота-онанинг ўзи фарзандига ибрат бўлмас экан, фарзанд қалбида китобга меҳр уйғотиш қийин.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, китоб ўқиш тушкунликни даволашнинг энг самарали воситаси экан. Тушкунликка тушган киши китоб ўқиса, бундай ҳолат жуда камдан-кам бўлиши аниқланган. Демак , инсонлар китобларни  ўз саломатлиги учун ҳам муҳим восита эканлигини унутмасликлари лозим. Инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлай олади. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради.

Барно Шерали қизи ёзиб олди.

ЎЗЛИГИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК!

(41-сон) Муносабат

"Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" мақоласини қиб...

"Иқбол" газетасининг 21 сентябрдаги 39- сонида чоп этилган Х. Маматқулованинг "Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" сарлавҳали мақоласини ўқиб, бу борадаги фикр-мулоҳазаларимни баён этишни лозим топдим.

Мен мақолада келтирилган айрим фикрларга қўшиламан, айримларига эса қўшила олмайман. Умуман олганда, ҳақиқатдан ҳам бугун аёллар томонидан ташкил этилаётган аксарият "гап-гаштаклар" маънисиз, еб-ичишдан иборат бўлиб қолаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бироқ, "гап", ўтириш деганда фақат салбий жиҳатларинигина ўйлаш ноўрин бўларди.

... Мактабни тамомлаганимдан кейин ўн йил шаҳардаги йирик корхоналардан бирида ишлаганман. Ишчиларимизнинг асосий қисми хотин-қизлардан иборат эди. Биз жуда аҳил жамоа эдик. Байрамларда турли тадбирлар ўтказар, таътилларда турли жойларга саёҳатлар уюштирардик. Энг асосийси, ҳамкасблар ўртасидаги борди-келди, самимийлик, меҳр-оқибат ришталари анча мустаҳкам эди. Йиллар ўтди, кимдир нафақага чиқди, кимдир оилавий шароити сабаб ишдан чиқиб кетди. Кейинроқ корхонамизнинг фаолияти ҳам хаминқадар бўлиб қолди.  Хуллас, бир цехда ишлаган аёллар тарқалиб, йиғилишу, ўтиришлар бўлмай  қўйди.

Орадан 20 йил ўтиб, ўша "Гап"нинг шарофати билан ҳамкасблар яна дийдорлашдик. Айримлар оламдан ўтибди, айримлар кела олмади. Лекин ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги йиғилди. Ишлаган пайтларимиз, ходимларни бирма-бир ёдга олдик. Ўтганларнинг руҳига қуръон бағишладик. Шу-шу ҳар ойда бир марта йиғилишиб, дийдорлашиб турадиган бўлдик.

Тўғри, мақолада айтилганидек жуда кўп аёллар кафе-ошхоналарда йиғилишиб, "гап"ейишади. Менимча, аёлларнинг кафеларда ўтиришлари ҳақиқатдан ҳам ўзбекчиликка, миллатимизнинг тарбия мезонларига мос келмайди.

Уларнинг орасида турфа   тоифадаги, ҳар хил табиатли аёллар бор. Қайсидир аёл маданиятли, зиёли, кимлардир эса эътиборсиз, жамоат жойида, кўпчиликнинг орасида ўзини қандай тутишни билмайди. Шу боис, мен бундай ўтиришлар хонадонларда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблайман. Чунки улар бир-бирларининг оиласи, яшаш шароити, фарзандлари, келинларини билади, ўртада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

 Мақолада айтилганидек, "гап" ташкил этишдан мақсад, фақат маишат, еб-ичиш эмас. Бошқаларда қандай билмадиму, ҳар қалай бизнинг "гап"  иштирокчилари қалбини дийдорлашув, кўнгилга яқин кишиларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишдек самимий  туйғулар қамраб олади. Орамизда кимдир тўй қилса, ҳаммамиз бир бўлиб, тўйни чиройли ўтказишга ҳаракат қиламиз. Қўлимиздан келганча моддий ёрдам берамиз. Орамизда ёши ҳаммамиздан улуғ илму маърифатли бир аёл бор. У оиладаги тутумлар, келинларга муносабат, қайси ишда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида жуда ўринли гапларни гапиради, бизга панд-насихатлар беради. Биз ҳам унинг сўзларини қулоққа оламиз, эшитганларимизни ўз оиламизда қўллашга интиламиз. У аёл ҳар сафар йиғинимизда маърифатдан сўз очади, турли ибратли ҳикоят ва ривоятларни айтиб беради, аёлларга ҳаёт илмидан сабоқ беришга интилади.

Бундай йиғинлар шубҳасиз, аёлларнинг маънавиятини оширишга, ораларидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хулоса қилиб айтишим мумкинки, аёлларнинг "гап-гаштак"лари, йиғинлари урфга айланиб улгурди, бу жараённи тўхтатиш анча мушкул. Фақат у йиғинларни аёлларимиз ким ўзарга, ўзини кимлигини кўрсатиб қўйиш, ҳуда-беҳуда ғийбатлар, ўринсиз гап-сўзлар учун эмас, опа-сингилларимизнинг маънавиятини юксалтирадиган, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, ўзбекона қадриятларимизни тарғиб этадиган йиғинга айлантиришимиз лозим. Энг муҳими, бундай йиғинларда бутун элга овоза бўлиб ўйин-кулгу қилиш, ҳатто, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш каби аёл шаънига доғ бўладиган, амолига ўчмас гуноҳлар келтирадиган хатти-ҳаракатлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Зотан, ўзлигимизни, ориятли, ибо-ҳаёда барча ҳавас қиладиган ўзбек аёли, миллат, ака-ука, фарзандларимиз ор-номуси эканлигимизни асло унутмаслигимиз зарур.

 

Муқаддасхон  ХЎЖАҚУЛОВА,

 

Олтинкўл тумани.

ОТИНОЙИЛАР ТЕРИМЧИЛАРГА ЯҚИНДАН ЁРДАМ БЕРМОҚДА

(41-сон) Пахта – 2017

Шу кунларда вилоятимиз далаларида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай териб олишда фермер хўжалиги аъзолари, уюшмаган ёшлар вакиллари ҳамда уй бекалари фаол иштирок этмоқда.

 Шаҳрихон туманидаги Янги Ваҳм массивидаги "Олимжон Бадалов" фермер ҳўжалиги аъзолари ҳамда уюшмаган аҳоли вакилларидан тузилган 84-терим отряди аъзолари ҳам теримда фаол қатнашмоқда. Отряднинг Фотимахон Валиева, Шаҳзодахон Абдуллаева, Зулхумор Мирзаева сингари теримчилари кунига 120-140 кг.дан пахта териб илғорлар сафида бормоқдалар. Уларга терган пахталари учун  пул ўз вақтида бериб борилмоқда, илғорлар эса туман, вилоят ҳокимлигининг совғалари билан ҳам тақдирланмоқда.   

Теримчиларга туман бош отинойиси Муқаддасхон Солиева етакчилигида 76 маҳалла фуқаролар йиғини отинойилари ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Айниқса, Бегбачча, Тараққиёт, Наврўз, Янги ҳаёт, Қумқайроқ, Навбаҳор, Намозгоҳ маҳаллалари отинойилари Одинахон Юнусова, Раъно Аҳмедова, Хадичахон Турсунова, Инобатхон Тожибоева, Мохидил Умарова, Обидахон Раззоқова, Соттихон Саримсоқова сингари отинойилар ҳар куни 80-90 кг.дан пахта териб, кўпчиликка намуна бўлмоқда.

Умуман, Шаҳрихон туманида пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Шижоатли, сўзи қатъий шаҳрихонлик пахтакорлар яқин кунларда давлатга пахта топшириш йиллик режасини бажарадилар.

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

МЕҲНАТДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

(41-сон)

орамиздаги аёллар

Каримахон Деҳқонова асли зуваласи меҳнатда пишган аёллардан. У ёшлигидан онаси ва бувисидан ипак қурти боқишнинг нозик ва ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганган. Улардаги меҳнатсеварлик, тиришқоқлик, омилкорлик каби қатор хислатларни ҳам ўзлаштириб олган.

Ўрта мактабни тамомлаган Каримахон пиллачилик соҳасининг мутахассиси бўлишга астойдил бел боғлади. Тошкент қишлоқ хўжалиги  институтининг пиллачилик факультетида таҳсил олди. Ўқишни тамомлаб, қадрдон қишлоғи     Ўртақўрғонга қайтди. Ёш мутахассис пилла бригадаси бошлиғи бўлиб меҳнат фаолиятини  бошлади. У қаерда, қандай лавозимда ишламасин, ҳалол ва самарали меҳнат қилиш билан бирга, ўз ишига талабчан бўлди, меҳнат қилаётган жамоа аъзоларини ҳам ҳамиша ишга масъулият билан ёндошишга, унумли меҳнат қилишга ундади.

Пиллачилик инсондан катта сабр-бардошни талаб қиладиган соҳа. Мазкур соҳада 32 йилдан буён меҳнат қилиб келаётган Карима опадаги ғайрат-шижоат, омилкорлик, ишни пухта бажариш ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айни кунда "Мирзо Улуғбек" массивида пилла агрономи вазифасида меҳнат қилаётган моҳир пиллакор пиллачиликда илғор тажриба мактабини ярата олди, тумандаги кўплаб пиллакорларга устозлик қилиб, туманда юқори сифатли саноат хом ашёси етиштириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан туманда ипак қурти боқишнинг "яшик усули" жорий этилди. Бу усул юқори самаралар берди. Натижада, ҳар бир дона ипак қурти ҳосилининг ўртача оғирлиги 2,6    граммдан 3-3,5 граммгача ошди. Бу эса ҳар бир қути ҳисобига 58-60 кг.дан ортиқ ҳосил олиш, шу билан бирга, ҳар бир қути ҳисобига 200 кг. озуқани тежаш имконини берди.

Тажрибали мутахассис К. Деҳқонованинг ташаббуси билан тутчилик хўжалигидаги эскирган ва унумсиз тутзорларни янгилаш, бўш ерларда тутзорлар ташкил қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Сўнгги уч йил давомида массивда 2200 туп тут дарахтлари ёшартирилиб, 1500 тупдан ортиқ янги тут кўчатлари экилган.

Каримахон опанинг саъйи-ҳаракати, соҳага илғор иш усулларини жорий этиш ҳисобига хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди.  Яъни у 30 нафардан ортиқ ишсиз, уйда ўтирган аёллар, уй бекаларини пилла етиштиришга жалб этди.

- Бугун юртимизда пиллакорлар меҳнатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Каримахон опа. - Айниқса, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг жорий       йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорида соҳани ривожлантириш, пиллакорлар меҳнатини қадрлаш, етиштирилган пилла учун ҳақ тўлаш  борасида жуда катта имтиёзлар белгиланган. Жумладан, бир ой ипак қурти парваришлаган аёлга бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши мазкур соҳада иш олиб бораётган инсонлар машаққатли меҳнатларининг чин маънодаги эътирофидир. Бу каби ислоҳотлар пиллакорларнинг янада катта марраларни эгаллашларига куч бағишлайди.

Карима опа ўзи истиқомат қилаётган Ўртақўрғон маҳалласида   яшаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, имконияти чекланган кишиларга имкон қадар ёрдам кўрсатади.

Каримахон опани давримизнинг фаол, шижоатли аёлларидан десак, асло муболаға бўлмайди. У маҳалла ишида ҳам ҳамиша жонбозлик кўрсатади. Унинг ташаббуси билан маҳаллада 2000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, 7000 туп гул кўчатлари экилди. Бундан ташқари, у ўзининг томорқасида иссиқхона ташкил этиб, ундан йилига икки маротаба ҳосил олишни йўлга қўйган.

Қаҳрамонимиз нафақат фаол, фидойи аёл, балки ибратли оиланинг     бахтли бекаси ҳамдир, у турмуш ўртоғи билан 4 нафар фарзандини юртга муносиб инсонлар қилиб тарбияламоқда.

Ҳа, "Меҳнат инсонни улуғлайди" деган нақл бежизга айтилмаган. Президентимиз Фармонига кўра, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги  учун тақдирланган кўплаб юртдошларимиз қаторида уста пиллакор ҳам бор. Унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи" унвони берилди.

- Менинг камтарона меҳнатимга берилган юксак эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди К. Деҳқонова. - Бу унвон нафақат менга, балки бутун вилоятимиз пиллакорларининг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Бундай эътиборга муносиб бўлиш, Юртбошимиз ишончини оқлаш, "кумуш тола" етиштиришда янада самарали меҳнат қилишга астойдил ҳаракат қиламан.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

МАРКАЗИМИЗДАН ҲЕЧ БИР АЁЛ НОРИЗО БЎЛИБ КЕТМАЙДИ

(41-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Маълумки, аёллар жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони саналади. Шундай экан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тиббий саводхонлигини юксалтириш,  турли жабҳалардаги фаолиятларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керакки, жорий "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бу борадаги ишлар самарадорлигига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан,  бу борада Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва "Аёллар маслаҳат маркази" томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли.

Андижон шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази" "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали, вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, "Иқтидорли қизлар" клуби ҳамда бошқа қатор давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда опа-сингилларимизга зарур тавсия, маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатмоқда. 

Аёл - нозик ҳилқат. Унинг ҳатто ўз яқинларига айта олмайдиган муаммолари, ўй-фикрлари бўлади. Тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларнинг ҳаётга ишончини ошириш, қатъиятини мустаҳкамлаш мумкин. Марказимиз бу борада аёлларга яқин маслаҳатчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Андижон шаҳридаги ижтимоий-маънавий муҳитни        соғломлаштириш, хотин-қизларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уй бекаларининг турмуш тарзи, дунёқараши ва муносабатларини ўрганиш, оилаларини мустаҳкамлаш, оилавий келишмовчиликларнинг олдини олиш, турли ғоявий хуружлардан сақлаш, қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, одам савдоси, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган ишларимиз ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Фаолиятимиз билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин.  Масалан, оилавий ажримларни олайлик. Асли Андижон шаҳридан бўлган қиз чекка туманга келин бўлиб тушган. Оиласида турли низо ва келишмовчилик юзага келган. Анчадан бери ота уйида яшаяпти. Нима қиламиз? Бу муаммо бизнинг ҳудудда эмас, десак адолатдан бўлмайди. Бу масалани вилоят миқёсидаги жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари билан баҳамжиҳат ҳал этдик. "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали раҳбари Дилдора Самадова, вилоят "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Замира опа Тиллаева билан ҳамкорликда сайъи ҳаракатларимиз натижасида бу муаммони ижобий ечимини топди. Ўша келин оиласига қайтди, ажрашиш ёқасига келиб қолган оила тикланди.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида марказимизга 667 нафар аёл турли масалаларда мурожаат қилди. Уларнинг 293 нафарига ёрдам кўрсатилди, шунингдек,  214 нафар хотин-қизнинг мурожаати бўйича масала ижобий ҳал этилди. Бундан   ташқари, тажрибали отин- ойиларимиз, шаҳар диний идора вакиллари билан бирга турли норасмий диний оқимларга мойиллиги бор  аёллар билан суҳбатлар ўтказилди.

Марказимизда малакали ҳуқуқшунос, психолог ва шифокор фаолият олиб бормоқда. Белгиланган жадвал асосида мурожаат қилувчи опа-сингилларимизга бепул хизмат кўрсатилмоқда, энг муҳими, кўпчиликка ошкор қилинишини истамаган аёлларимизнинг мурожаатлари  сир сақланмоқда. 

Шу ўринда Марказимизга мурожаатлар асосан қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, ишга жойлашиш, шунингдек, бола тарбиясида юзага келаётган муаммолар, хомиладор аёлларга зарур бўлган маслаҳатлар юзасидан бўлмоқда. Шу кунга қадар марказга психологик йўналишда жами 61 нафар хотин-қиз мурожаат қилиб йўл-йўриқ, маслаҳат олган бўлса, тиббиёт йўналишида мурожаат қилган 24 нафар аёл ҳудудий тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўналтирилган. Ҳуқуқий масалада мурожаат қилган 31 нафар хотин-қизлардан 23 нафарига ҳам амалий ёрдам кўрсатилди. Марказга иш сўраб мурожаат қилувчи аёллар ҳам талайгина.Ҳозирча шундай мурожаатлардан 28 нафари қаноатлантирилди, яъни бу аёлларнинг бандлик масаласи ҳал этилди. Оилавий ва фарзандига оид масалаларда 315 нафар хотин-қизлар  мурожаати ўрганиб чиқилган. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилиб, ёрдам кўрсатилди. Уй-жой масаласида мурожаат этган 50 нафар хотин-қизларнинг аризаларини уй сотиб олиш учун навбатга қўйилиши таъминланди.

Марказимизга бўлаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, аёлларимизни қийнаётган кўпчилик масалалар, айниқса, оилавий муаммоларни  жойида ўрганиш ва бартараф этиш учун хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари, маҳалла фаоллари билан биргаликда оила, хонадонларга бориб суҳбатлар ўтказилмоқда. Маънавий муҳит   барқарорлиги бузилган, муаммоли оилалар аниқланиб, уларга вакиллар бириктирилмоқда, ажрашиш арафасида турган оилалар тикланмоқда.

Олиб борилаётган бу каби ишлар марказимизнинг шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва қўмита билан ҳамкорликда иш олиб бораётган қатор ташкилотларнинг биргаликда саъйи ҳаракатлари самарасидир.

Бизнинг асосий мақсадимиз, аёлларимизнинг бахтли ва хотиржам яшашларини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмаклашишдир. Энг муҳими, марказимизга   мурожаат қилган бирор аёл биздан норози бўлиб кетмаслиги керак.  Муҳтарама опа-сингиллар! Агар Сизни бирор бир муаммо қийнаётган бўлса, марказимизга келинг, ўша муаммони биргалашиб ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

 

Насибахон РАҲИМОВА,

Андижон шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази" раҳбари.

МУКОФОТЛАР МУБОРАК, ҚАДРЛИ УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР!

(41-сон)

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, чуқур билим ва замонавий касб-ҳунарга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, мустақил фикрлайдиган, замон билан ҳамнафас, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун Президентимиз фармонига асосан мамлакатимиздаги кўплаб таълим фидойилари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида вилоятимиздан қуйидаги хотин-қизлар вакилалари бор:

 

"Меҳнат шуҳрати"ордени билан

Цой Галина Тимофеевна - Бўз туманидаги 26-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати директори.

II-даражали   "Соғлом авлод учун"ордени билан

Мўминова Наргизахон Абдуназаровна - Қўрғонтепа туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг   бошланғич синф ўқитувчиси.

 

"Дўстлик"ордени билан

Закирова Барчиной Ташпўлатовна - Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчиси.

 

"Шуҳрат"медали билан

Валиева Табассумхон Собировна - Избоскан туманидаги 42-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси.

Муллабоева Тожибар Нурматовна - Шаҳрихон туманидаги 59-умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси.

 

Мукофотлар муборак бўлсин!

АЛЛА АЙТГАН ОНАМСАН, ВАТАН!

Меҳрингдан ҳеч этмай бенасиб,

Юзларимга лабларинг босиб,

Фарзанд бўл деб, элга муносиб,

Алла айтган онамсан, Ватан!

 

Баъзида кенг,баъзида торсан,

Қўллагайсан, чин мададкорсан,

Минг шукрки, бахтимга борсан,

Нурли кулбам-хонамсан, Ватан!

 

Ойу Қуёш, Осмону ер ҳам,

Боқсак бари бирдек бўлар жам.

Гўзаллигинг кўз олар бирам,

Ушбу ёруғ оламсан, Ватан!

 

Қай бир инсон сени суймаган,

Муҳаббатинг билан куймаган.

Кексайганда кўзлар қиймаган,

Кўзмунчоқдек боламсан, Ватан!

 

           Илҳом НАБИ,  Асака тумани.

ТУХУМ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

(40-сон) Шифокор тавсиялари

Тухумнинг истеъмоли хусусида одамлар ўртасида кўп ҳолларда баҳслар бўлади: "Уни қандай ёғда қовурган яхши?", "Ҳафтасига қанча  истеъмол қилиш мумкин? , "Тухумни қайси пайтда, нима билан бирга имтеъмол қилган маъқул?" Ана шу каби қатор саволлар хусусида Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ошқозон-ичак касалликлари бўлими шифокори, доцент Дилмуроджон Солиев фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

 

Тухумни қачон истеъмол қилиш керак?

 

Тухумнинг таркиби ва организмга таъсирини ўрганган,  тадқиқ этган кўплаб шифокорларнинг хулосаларига кўра, уни фақат нонуштада истеъмол қилинадиган маҳсулотлар сирасига киритиш мумкин. Тухумни кечки овқатда, яъни уйқуга ётишдан аввал истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Ҳақиқатан ҳам, тухумни фақат куннинг биринчи ярмида тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Тухум ҳажмига қараб, 60, 80 килокалорияли бўлади. Лекин унинг таркибида рефлексни қўзғатиш хусусиятига эга бўлган моддалар мавжуд. Агар сизнинг ошқозонингизда ҳазм бўлмаган тухум қолдиқлари қизилўнгачга кўтарилса, ана шу моддалар жиғилдон қайнашини ва оғиз бўшлиғида аччиқ таъмни юзага келтириши мумкин.

 

Ҳафтасига қанча тухум ейиш мақсадга муофиқ?

 

Мутахассислар томонидан узоқ вақт мобайнида кўп миқдорда тухум истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқариши таъкидланади. Ҳақиқатан ҳам, бир дона тухум таркибида 150, 200 мг. холестерин бўлиб, бу инсон организми учун суткалик меъёр ҳисобланади. Агар кўпроқ тухум ейилса, организмда холестерин миқдорининг ортиб кетишига олиб келади.

Швециялик олимлар томонидан қарийб 30 минг нафар киши иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, ҳафтасига 6 дона тухум истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Айнан ана шу миқдор организмда юрак қон-томир, қандли диабет касалликларини келтириб чиқармайди, бундан таш-қари, семиришга ҳам имкон бермаслиги аниқланган.

Тухум таркибидаги холестерин, тухум сариғида кўп миқдорда бўлган фойдали липид-лецитин томонидан нейтраллаштирилади. 

 

Тухум зарарини камайтириш учун уни қандай мойда қовурган маъқул?

 

Сариёғ (сливочное масло) мутахассислар томонидан юрак қон-томир касаллигига чалинган беморлар учун таъқиқланган маҳсулотлар рўйхатига киритилганди. Бироқ кейинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар ана шу хулосани инкор этди. 2007 йили бир нечта Европа мамлакатларида ўтказилган тадқиқотларда сариёғ ва ўсимлик ёғини истеъмол қилувчилар қонидаги холестерин миқдорида деярли фарқ аниқланмади. Баъзи бир жиҳатлари бўйича фойдалироқ бўлган ўсимлик ёғи қовуриш вақтида оксидлангани сабабли сариёғ билан деярли бир хил натижани беради. Бундан кўринадики, саломатликка таъсири нуқтаи назаридан тухумни қовуришда қандай ёғдан фойдаланиш у қадар аҳамиятли эмас.

 

Тухум семиртирадими?

 

Кўп миқдорда юқори калорияли овқатлар истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик оқибатида семириш юзага келади. Бунда, ёғ қатламларига айланадиган энг хавфли калориялар, кўп истеъмол қилинадиган углеводлар - ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, картошка ва бошқалардан келиб чиқади. Тухум оқсил даражаси юқори бўлган, калорияси анча паст, тўйимли маҳсулотдир. Шунинг учун тухум вазнни камайтириш учун мўлжалланган кўпгина замонавий парҳезлар таркибига киради.

 

Тухумнинг фойдалилиги унинг рангига боғлиқми?

 

Йўқ, ундай эмас. Тухумнинг ранги товуқнинг зоти ва тусига боғлиқ бўлади. Кўп ҳолларда олачипор товуқлар жигарранг, оқ рангдаги товуқлар эса оқ тухум қўйишади. Рангидан қатъи назар уларнинг озуқавий ва фойдали жиҳатлари бир хил.  Таъкидлаш керакки, тухум сариғининг ранги товуқ истеъмол қилаётган озуқа таркибига боғлиқ. Тухум сариғининг ёрқин рангда бўлиши товуқлар озуқасида кўп миқдорда пигмент-каротиноидлар мавжудлигидандир. Каротиноидлар инсон организмида А витаминига айланади.

 

Хом тухум қайнатилган тухумдан фойдалироқми?

 

Хом тухум хавфли ичак инфекцияси-сальмонеллёзни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Америка Қўшма Штатларида хом тухум истеъмол қилиш оқибатида йилига 80 минг нафар киши ана шу касалликка чалинади. Улардан 25-30 нафари вафот этади. Айни пайтда кўплаб давлатларда товуқлар озуқаси махсус ишлов берилган моддалар билан бойитилмоқда. Шу орқали тухумлар стеризацияланмоқда, бу тухумда сальмонеллёз вируси сақланиб қолиш эҳтимолини камайтиради.  Бу муаммони фақат бир йўл билан ечиш мумкин. Яъни, яхшилаб қайнатиб ёки қовуриб пишириш орқали.

Қайнатилганда ёки қовурилганда тухумнинг фойдали хусусиятлари камаяди, деб ҳисоблаш нотўғри.

Тухумни пиширишдан аввал ювиш билан сальмонеллёз хавфидан буткул ҳимоялана олмаймиз. Ҳаттоки, умуман шикастланмаган пўчоқ ичида ҳам сальмонеллёз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бирдан бир чора - бу, юқорида таъкидланганидек, қандай  усулда бўлишидан қатъи назар тухумни яхшилаб пишириш лозим, уни ювиш, ювмаслик у қадар муҳим аҳамият касб этмайди.

 

Минурахон БОЗОРОВА ёзиб олди.

УСТОЗЛАР

(40-сон) Қатра

Устозлар ҳақида ёзиш, сўз айтиш  жуда ҳам қийин. Боиси, улар энг мўътабар, энг табаррук инсонлар. Уларнинг меҳнатлари шу қадар бебаҳоки, тарозида тортиш, бирор бир мезон билан ўлчаш мумкин эмас, бирор бир ҳакам уларнинг хизматини баҳолай олмайди.

Шу сабаб ҳам халқимиз  "Устоз отадек улуғ" дея устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Бу нақлнинг маъноси шуки,  ҳаётдаги энг улуғ инсонлардан бири устозлардир. ўйлаб кўринг, устозсиз инсоннинг ўзи йўқ, бўлмаган бу ҳаётда.

Сиз ҳам болалигингизни, ўқувчилик йилларингизни ҳаяжон, ўзгача туйғулар билан ёдга оласиз. Ўша даврлар ҳақида завқланиб гапирасиз. Қўлингиздан тутиб илк бора ёзишни, ҳарф танитиб, ўқишни ўргатган устозингиз ҳамиша қалбингиз тўрисида туради.

- Тўғри юр, тўғри тур, одобли бўл, - деган ўгитларини асло унутмайсиз, ҳеч унута олмайсиз. Болаларча шўхликларингиз учун берган танбеҳлари-чи? Ҳамма сўзлари фақат яхшиликка, тўғриликка етакларди. Ниятлари эса сизни ҳалол-пок, билимли инсон килиб тарбиялаш эди, холос.

Кунлар эса жуда тез ўтиб кетди. Худди кино тасмасидек. Беғубор болалик, қадрдон мактаб, синфдошлар ҳаёти ҳаммаси  ортда колди. Бугун ҳам улар сизни кўп эслашади, кўп гапиришади. Ютуқларингизни эшитиб бошлари осмонга етади. Сиз билан доимо фахрланишади: "Менинг ўқувчим, мен ўқитганман, қобилиятли бола эди" дея ғурур билан гапиришади сиз ҳақингизда. Аслида, улар жуда ҳам содда, оддий одамлар. Қалбларида ғубори йўқ. Уларда кеккайиш, манмансираш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Улар сизга таълим-тарбия, яхшилик, эзгулик улашган, меҳр берган. Лекин… ўрни келса ўзлари бир чимдим меҳрга, бир оғиз ширин сўзга интизор бўлади. Буни билганлар бор, билмаётганлар бор.

 Сиз бугун яхши бир касб эгаси, машҳур инсонсиз, Балки олим, амалдорсиз. Сиздан биргина ўтинчим - устозларингизни эсланг, улардан хабар олинг. Улардан саломингизни, бир оғиз ширин сўзингизни аяманг. Ахир улар ҳамиша қалбингизда яшайди, яшайверади…

Жонимизнинг қариндошлари - устозлар.

 

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

ЎҚИТУВЧИЛАР СУЛОЛАСИ

(40-сон)

Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг хизмати  беқиёс.  

Андижон туманидаги Оқёр қишлоғида ўқитувчилик касбини ардоқлаб, сулола мақомига эришган бир оила бор. Содда ва меҳнаткаш инсонлар - Комилахон ая ва Мухторжон ака Мирзаевлар хонадонида 7 фарзанд улғайиб, камол топди. Хонадон соҳиблари ўзларининг ушалмаган орзуларини фарзандлари камолида кўрдилар. Болаларнинг барчаси ўқиди, олий маълумотли бўлди. Етти нафар фарзанднинг бештаси ўқитувчилик касбини танлади. Муҳаббатхон бошланғич таълим, Муҳиддин       география, Машрабжон математика, Манзурахон биология, Одилжон рус тили фанлари бўйича мутахассисликни эгаллади. Шунингдек, оиланинг келинлари ҳам ўқитувчилардир.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимда ҳали билим юрти талабаси эдим, - дейди кенжа ўғил Одилжоннинг турмуш ўртоғи Барчиной Мирзаева. - Раҳматли қайнона-қайнотам жуда орзу-ҳавасли эди. "Болам, биз кўрмаганларни сизлар кўринглар, ўқисангиз яхши-да, нонингиз бутун бўлади!" дея ўғилларига қўшиб мени ҳам институтда ўқитишди.  Институтни тамомлаб, Андижон туманидаги 36-ўрта мактабга ишга кирдим. Мана 26 йилдан буён мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ота-онамиз ўшанда "нонингиз бутун бўлади!" деб нимани назарда тутганини ҳаётим давомида тушуниб етдим. Улар биз-эр-хотин бир соҳада бир-биримизни тушуниб, елкадош бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирадиган оила бўлиб яшашимизни истаган эканлар.

Мирзаевлар оиласида энг узоқ ишлаган ўқитувчи - оиланинг тўнғич фарзанди Муҳаббатхон опадир. У 35 йил давомида бошланғич синф ўқувчиларига муаллимлик қилган. Муҳаббат опа ҳозирда нафақада бўлса ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган қизи Малоҳатга болалар билан ишлашда ёрдам беради, ҳали ёш мутахассис келини Зул-ҳуморга дарс самарадорлигини ошириш бўйича маслаҳатлар беради.

- Институтни янги тамомлаган ёш мутахассиснинг болалар билан ишлаши барибир қийин кечади, - дейди Муҳаббат Мирзаева. - Чунки унда тажриба, амалий кўникма хали шаклланмаган бўлади. Шу маънода ёш мутахассис нечоғлик билимли бўлмасин, тажрибали педагог маслаҳатига муҳтожлик сезади. Мамлакатимиз таълим тизимида йиллар давомида шаклланган "Устоз-шогирд" анъанасининг афзаллиги шу ўринда бўй кўрсатади.

Машрабжон Мирзаев узоқ йиллар Андижон туманидаги 36-ўрта мактабда ёшларга  математика фанидан сабоқ бериб келди. Ўз фанининг малакали мутахассиси, талабчан ва изланувчан педагог бўлгани боис, у мактаб директори ўринбосари, директор? туман халқ таълими бўлими мудири вазифаларида фаолият олиб борди. Самарали меҳнатлари учун Машрабжон Мирзаев "Халқ таълими аълочиси" унвони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг   25 йиллиги" нишони билан тақдирланган.

- Ўқитувчилик касбини эгаллаб, асло кам бўлмадим, - дейди М. Мирзаев. - Айниқса, истиқлол биз - таълим тизими ходимларига  кенг имкониятлар  эшигини очиб берди, меҳнатимиз қадр топди. Мус-тақил давлатимиз равнақи, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшадиган авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этаётганимиздан бахтиёрмиз. Турмуш ўртоғим Шуҳратой менга ҳамиша кўмакдош, маслаҳатчи. У ҳам ўқитувчи, биология фанидан дарс беради. Бу йил соғ-лигимдаги муаммолар сабаб нафақага чиқдим. Аммо юзим ёруғ, кўнглим тўқ. Сабаби, ортимда издошларим - фарзанд ва шогирдларим бор.

Мирзаевлар оиласини билганлар бу оилани ўқитувчилар сулоласи дея эътироф этишади. Чунки  бугун сулоланинг 16 нафар вакили турли фанлар бўйича ўқувчи ёшларга сабоқ бериб, муаллимлик касбини улуғлаб келмоқда. Оилада муаллима қизларни келин қилиш анъанаси бор. Тўнғич ўғил Муҳиддин Мирзаев яқинда келин туширмоқчи, насиб қилса, бўлажак келин, албатта ўқитувчи бўлади. Демак, сулоладаги ўқитувчилар сони яна биттага кўпаяди. 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Суратда: Ўқитувчилар сулоласи - Мирзаевлар оиласи вакиллари.