+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЕҲНАТГА ЁЛЛАШ ВА ХАЛҚАРО МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАР

(45-сон) Тадбир

уларнинг мазмун-моҳияти, унга риоя этиш ва кенг тарғиб

этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат шаклларига йўл қўймаслик, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан ташкил этилган семинарда ҳуқуқшунослар, давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш, муносиб иш шароитлари яратиш, бу борада халқаро меъёрий ҳужжатларга риоя этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётганлиги  таъкидланди.

 Айни пайтда жаҳоннинг 180 дан ортиқ мамлакати Халқаро Меҳнат Ташкилотига аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон 1992 йилнинг март ойида ушбу ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланган. Ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг 14 конвенцияси ратификация қилинган. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда конвенцияларда белгиланган тартибларга риоя этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда 

Семинарда Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари томонидан иштирокчиларга ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчалар юзасидан кенг маълумотлар, бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари фаоллигини ошириш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Семинар доирасида ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қалтисликларини англаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

 

Ҳамидулло  МАТИСАЕВ.

«САФАРОБОД»НИНГ ТАШАББУСКОР РАИСАСИ

(45-сон) фаол аёлларимиз

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ўғилхон Жабборова Олтинкўл туманидаги "Сафаробод" маҳалла фуқаролар йиғинига раис бўлиб сайланганида маҳаллани янада обод этиш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлади.

Бунгача маҳалла котиби сифатида фаолият юритган Ўғилхон опа маҳалланинг пасту баландини, одамларнинг кўнглига йўл топишни ўрганди. Шижоати, элга яқинлиги маҳаллани бошқаришида қўл келди. Одамлар уни қатъийлиги, одамийлиги, ўрни келганда қаттиққўллиги учун яхши кўриб қолдилар. 2014 йилда Ўғилхон опа халқ  депутатлари Олтинкўл туман кенгашига депутат этиб сайланди.

- Маҳалламиздаги мавжуд 814  хонадонда 4527 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди Ў. Жабборова. - Шундан 2325 нафари аёллар. Биз ишсиз аёлларни иш билан таъминлаш бўйича ташаббус билан чиқдик. 10 зиёд хотин-қизларимиз Балиқчи туманидаги "Антекс" қўшма корхонасига, 47 нафар аёл эса туманимиздаги "Крафтекс" корхонасига ишга жойланди. Яна 20 нафар хотин-қизни касаначилик асосида ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудда жойлашган спорт залида ўнлаб ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланадилар. Улар орасида нафақат мамлакатимиз, балки, Осиё ва жаҳон чемпионатларида ютуқларни қўлга киритган ёшлар бор. Яқинда қўл жангги бўйича ўтказилган Европа чемпионатида Сўғдиёна Жалолдинованинг ғолибликни қўлга киритгани ана шундай ютуқлардан биридир.

Жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Бундай оилаларга ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйиш, иссиқхона барпо этишларига ёрдам берилди. Маҳалламиздаги  кам таъминланган оилаларга ҳам ҳомийлар кўмагида зарур моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Тўй, маърака ва маросимларни ихчам ўтказиш борасида ҳам Сафарободда ижобий натижаларга эришилмоқда. Ортиқча сарф-харажатлар, дабдабабозликка чек қўйишда маҳалла фаоллари, маслаҳатчи, отинойи ҳамда кайвони онахонлар ёрдам бераётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. 

- Маҳалланинг тинчлиги, фаровонлиги ҳамжиҳатликка боғлиқ, - дейди Ў. Жабборова. - Ҳамкорликда қилинган иш баракали бўлади. Бугунги кунгача ҳудудимизда жиноятчилик содир этилгани йўқ. Чунки профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигимиз жуда яхши йўлга қўйилган.  Маҳаллада юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Раис ҳамда депутатлик фаолияти давомидаги самарали меҳнатлари учун Ўғилхон Жабборова 2016 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Унинг олдига қўйган мақсадлари  эса улкан, режалари бисёр.

- Аёл киши раҳбар бўлса тўғри гапириши, одамларни алдамаслиги керак. Ваъда бердими устидан чиқиши шарт! Мен депутат, маҳалла раиси сифатида аҳолига тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этаман, электр энергияси таъминотини яхшилайман деб ваъда берганман. Янги трансформатор қўйилди, энди сув масаласи ҳал этилса, маҳалламизда деярли муаммо қолмайди. Мени шу даражага эришишимда куч-ғайрат бағишлаган маҳаллам аҳлидан, камтарона меҳнатларимни юксак қадрлаган ҳукуматимиздан   қарздорман, - дейди Ўғилхон Жабборова.

Юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган ташаббускор раисага келгусидаги ишларида омадлар тилаб қоламиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

БОБУР ВА ЖАҲОН МАДАНИЯТИ

(45-сон) 2017 йил - Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили

Андижон шаҳридаги "Боғи Бобур" дам олиш масканида "Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида вилоятимизга ташрифи чоғида Боғи Бобур дам олиш маскани, Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш, хусусан, Бобур ижодий меросини тарғиб этиш бўйича Халқаро анжуман ўтказиш ҳақида таклифлар билдирган эди. Юртбошимиз таклифлари асосида Бобур номли   халқаро жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда давлат, жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, тарихи, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларни улуғлаш, улар томонидан яратилган бебаҳо тарихий асарларнинг илмий-тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

- Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг ташкил этилганлигига 25 йил тўлди, - дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. - Ўтган ана шу давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда  умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди ва "Бобур ва жаҳон маданияти" музейига олиб келинди. Ҳозирда  музейда 500 зиёд ноёб қўлёзма асарлар ва нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда. Жумладан, "Бобурнома"нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо - "Хатти Бобурий"да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, "Бобур куллиёти"нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда "Бобурнома"нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан зиёд нусхалари жой олган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бобур халқаро жамоат фонди ҳамда Халқаро илмий экспедиция томонидан халқимизнинг бир қатор буюк аждодлари мангу макон топган масканлар излаб топилди. Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, мавлоно Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотларнинг қабрлари зиёрат қилинди.

Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасида турган мавлоно Лутфийнинг, Хирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг, шунингдек, Камолиддин Бекзоднинг қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

Биргина жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан "Бобур энциклопедияси", "Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография" номли йирик китоблар чоп этилганлиги, "Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари" рукнида "Мубайян ва насрий баёни", "Рисолаи Волидиййа" назмий таржимаси ва шарҳи" асарлари яратилганлиги, "Бобур ва дунё" журнали нашр этила бошланганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон,      Туркманистон, Озарбайжон сингари кўплаб давлатлардан келган давлат арбоблари, бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.

 - Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳукумат даражасида олиб борилаётганлигига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди ҳиндистонлик бобуршунис олима Мансура Ҳайдар. - Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.

Анжуманда юртимиз ва хорижлик бобуршунослар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижодининг илмий, бадиий, тарбиявий аҳамиятига бағишланган маърузалар ўқилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган қатор бебаҳо илмий асарлари ҳамда Бобур ва бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дыбо, бобуршунослар Шокирхон Рустамхўжаев, Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди. 

Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши шўъбалар доирасида давом этди.

Мазкур анжуман Бобур шахси, ҳаёти ва ижодини кенг   тарғиб этиш, ижодий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

- Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос, - дейди тадбир иштирокчиси, профессор Дилором Ёрматова. -  Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

(45-сон) Анжуман

Андижон давлат тиббиёт институтида "Аҳолига сифатли онкологик хизмат кўрсатишни такомиллаштириш истиқболлари" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, Андижон давлат тиббиёт институти ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, олимлар, онкологик касалликлар бўйича юртимиздаги ва хорижлик мутахассислар, тиббиёт ходимлари, талабалар иштирок этди.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматни янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида мамлакатимизда хусусан, Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда онкологик касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, хасталикни эрта аниқлаш ва самарали даволашнинг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, хотин-қизларда учрайдиган онкологик касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган  қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

 Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш, онкологик хасталиклар бўйича аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалида аёллар саломатлигини яхшилаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тренинг ҳамда тиббий кўрик ўтказилди.

 

Умидахон ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёллар қаноти бўлими мудири.

Булбулингман - қўноғим чаман

(45-сон)

 

Беҳиштдайин сўлиммисан, сен,

Жовидоннинг ё зуволаси?

Қуёшдайин ёрқинмисан энг,

Мен ким, сен - қуёшнинг боласи.

 

Улғайтирдинг - бўлгансан бешик,

Атиргуллар япроғи - йўргак.

Бетакрорсан, гўзалсан, бешак,

Асли бахтдир чиройинг кўркам.

 

Қай сўз ила таъриф айлайин,

Сўзлар ҳам лол, ожиздир тилим.

Ҳаяжоним сиғдиролмайин,

Кенг бағрингда яйрайди дилим.

 

Тупроғингдан қорилиб ундим,

Булбулингман - қўноғим чаман.

Шуҳратингни оламга ёйгум,

Қанотимни кенг ёзиб, Ватан!

 

Ҳидоят ЗУҲРИДДИНОВА

ВИЖДОН АЗОБИ

(44-сон) Ҳикоя

- Ойи, бугун тонгга яқин касалхонага бир чақалоқни олиб келишди, - қизи Дилноза ювиниш хонасида туриб овоз берди. - Бир одам тонгда молларини далага ҳайдаб кетаётиб, йўл бўйидан топиб олганмиш. Чақалоқ ўғил бола экан. Аҳволи оғир дейишди. Навбатчилигим тугаб, уйга қайтаётганимда ҳамма оёққа турганди. Ишқилиб, сақлаб қолишсин-да.

- Астоғфуруллоҳ, қаердан топибди чақалоқни? - Юлдузнинг оёқ-қўли қалтираб ювиниш хонаси эшиги олдига келди.

- Катта даланинг бир четидан топиб олганмиш. Касалхонани мелиса босиб кетди. Бечора эркакнинг боши балога қолибди. "Ўтиб кетаётсам      мушукнинг миёвлаганига ўхшаган овоз эшитилди..." деяётгани қулоғимга чалинди. Хуллас,  шунақа гаплар, ойижон...

- Юлдузнинг  оёқлари қалтираб, кўз олди қоронғулашди. Қизи хотиржам гапираётган ҳикоя унга таниш. Дилноза турмуш қурмагани, фарзанд дунёга келтирмагани учунми, негадир ташландиқ чақалоқ ҳақида бепарво гапирар, қуюқ қора туман қаъридаги хотиралари уй-ғониб, Юлдузнинг юраги ачиша бошлади. Ташлаб кетилган чақалоқ... Касалхона... Ҳуқуқ-тартибот ходимлари... Чап кўкраги қаттиқ санчиб, боши айланди.

- Ойи, тузукмисиз? Нима бўлди? - Ювиниб бўлиб артинаётган Дилноза онасига қараб капалаги учиб кетди. - Мазангиз бўлмаяптими? Ҳеч ўзингизни эҳтиёт қилмайсиз-да! Бирор ҳафта дам олсангиз бўлади-ку. Ўша ўқувчиларингиз бир ҳафтада билимсиз бўлиб қолмас!.. Қизи жаврай-жаврай Юлдузни ётоққа бошлади. - Ҳозир сизга чой дамлаб бераман, асал билан кўк чой ичсангиз, қувват бўлади, ойижон.

- Қўявер, болам, ўзинг      овқатланиб, дамингни ол, кеча туни билан ухламай тик оёқда юргансан. Юлдуз бўғзи ачишиб, зўрға гапирар, тезроқ қизи хонасига кириб кетишини, ўзи ёлғиз қолишини истарди. Кўзини юмган эди,  ҳамшира, фаррошларнинг "Қотил она!", "Худо жазоингни берсин!", "Бола кўр қилсин сени!" деб маломат қилганлари кўз олдига келди. Ўшандаги аҳволи ҳеч қачон кўз олдидан кетмайди. Сочлари тўзғиган, совуқдан юз-кўзи кўкариб кетган. Аъзойи бадани қалтирайди. Бироқ ҳеч ким унинг аҳволига ачинмай заҳарли сўзлари билан эзилган юрагига наштар санчарди...

Юлдуз кун бўйи олис хотираларнинг аччиқ заҳридан қийналиб, амаллаб кунни кеч қилди. Оқшом эри ишдан қайтиб аёлнинг пажмурда қиёфасига ҳайрон тикилди:

- Тинчликми? Аҳволинг яхшими?

- Шукр... Бироз толиқибман, чоғи...

- Сен толиқадиган нима иш бор экан? Ўзингни кўп уринтирма. Рўзғор ишлари ҳам қизларингдан ортмаса...

- Дадаси...- Юлдузнинг овози шикаста чиқди. - Ўша чақалоқ... Ўлмаганида бу йил йигирма тўртга кирарди... Ўғлимиз иккита бўларди, дадаси...

- Юлдуз ортиқ чидолмади. Ҳўнграб йиғлаганча ўзини диванга ташлаб, юзини ёстиққа яширди.

- Онаси... - Эри диван четига чўкди. - Тақдирда бор экан-да энди, нима қилардик? Биз ожиз бандалармиз. Аллоҳнинг хоҳиш-истагидан ортиғини бажаролмаймиз. Қисматда шундай ёзилган экан, бўлди. Худога шукр, ўғлимиз бор, қизларинг бор. Ўтган воқеаларни унут, шундай бўлиши керак экан, бўлди. Ҳаёт давом этяпти. Ўзинг-ни қийнама. Ўзи яна нимага ўша воқеаларни эслаб қолдинг?..

Юлдуз қизи эрталаб навбатчиликдан олиб келган воқеа тафсилотларини гапириб берди.

- Эҳ...- Эркак чуқур хўрсиниб бошини қуйи солди...

***

Улар талабалик чоғларида бир-бирларига кўнгил қўйдилар. Йигит томон шаҳарлик чиройли қизни бошида хушламади:

- Шаҳарлик экан, бунинг устига чиройли. Шаҳарликдан хотин чиқмайди. Чиройли аёлда вафо бўлмайди. Шу ерларда кўзимиз олдида униб-ўсган бирор қиз топилар!..

Йигит аҳдида собит турди:

- Уйлансам фақат шу қизга уйланаман! Шаҳарлик бўлгани айб эмас. Чиройи - нуқсон эмас. Уни беш йил кузатдим, синадим. Фикру ёди эгалламоқчи бўлган касбида. Одоби, феълини ҳамма яхши кўради. Мен унинг гўзал тарбиясини қадрлайман. Йигит севганига эга чиқиши керак!..

Мард йигитнинг сўзлари кўнгилларни эритди. Қалблар узоқ масофаларни яқинлаштирди. Турмуш қурдилар. Бирин-кетин қизалоқлари туғилди. Бу орада йўлланма билан чекка туманга ишга юборилдилар. Шароитсиз уйларда яшаш, тўкин ҳаётдан узоқлашиш уларга машаққат туюлмади. Аксинча, бир-бирларини янада қадрладилар. Юлдуз қўшни вилоятдан келин бўлгани учун, ота-онасини кўргани йилда бир борганида, барча қариндошу жигарларини ҳам зиёрат қилиб қайтарди. Ўшанда эри қўлида чақалоқ билан ота юртига боришини унча хушламаганди. Юлдуз ота-онасини соғинганини айтиб, маҳзун бўлганда ноилож ўзи олиб бориб, бир кеча қайнотасиникида тунаб қайтди. Ота-онасининг дийдорига тўйган Юлдуз кундузи чақалоғини эмизиб, онасига қўйиб   синглисиникига бормоқчи бўлди.

- Қорни тўйса бўлди, йиғламайди, аяжон. Мен узоқ қолиб кетмайман. Агар уйғониб йиғласа, бир бурда нонни ширин чойга ивитиб берасиз. Мен Дилфузани кўриб қайтаман.

Янги келинчак синглиси Юлдузни кўриб боши осмонга етди. Куёви ишда экан. Опа-сингилнинг суҳбати қизиди. Чақалоғини онасига қўйиб келган Юлдуз, боласидан хавотир олганди, синглиси хотиржам қилди:

- Озиб-ёзиб бир келганингизда наридан-бери жўнатмайман. Ош дамлайман. Болангиздан хавотир олманг, онам сиздан ҳам яхши қарайдилар. Кечки пайт куёвингиз ишдан қайтиб ўзлари олиб бориб қўядилар.

Опа-сингил кулишиб ош дамлади. Куёви ишдан қайтиб, бирга овқатландилар. Юлдуз қайтишга тараддудланганди, куёви олиб бориб қўядиган бўлди. Қишнинг изғирин туни ҳаво қаттиқ совуқ эди. Кўчага чиққач, Юлдуз кўкраги шишганини, ҳатто сути бироз оқиб кетганини сезди.

- Куёв укажон, тезроқ такси тўхтатайлик, чақалоғим ҳам йиғлаб онамни қийнагандир,- деб куёвига эргашди.

Катта йўлга бироз узоқ экан. Тез-тез қадам ташлаб кетаётганларида, ахлат уюмидан мушук боласининг изтиробли ғинг-шигани эшитилди. Табиатан раҳмдил Юлдузнинг мушук боласига раҳми келди:

- Куёв ука, гугуртингиз борми? Гугурт чақинг, шу мушукчани олиб кетайлик. Совуқни қаранг, шўрлик ўлиб қолмасин. Уйга олиб бориб бирор нима едираман. Ташлаб кетгани виждоним чидамаяпти...

Куёвга қайинопанинг илтимоси малол келган бўлса-да, сиртида сездирмади:

- Сиз қоронғуда ахлатхонага борманг, опажон. Ўзим олиб келаман...

Бироздан кейин ахлат уюми томондан куёвнинг "Опа-а-а!" деган ҳайқириғи эшитилганди, Юлдузнинг оёғидан мадор қочиб, қўрққанидан дарахтга суяниб қолди...

*** 

- Бизга шифокор керак, шифокор керак, илтимос!... - Шифохонага ҳаллослаб келган Юлдуз учраган одамга ёлвориб қарарди.

- Мана бу хонага киринглар, тинчликми? - Ҳамшира қиз    навбатчи шифокорнинг хонасини кўрсатиб, сочлари тўзғиган, қўллари қон, совуқдан юзлари кўкариб ётган аёлга хавотир билан қараб қўйди.

- Опажон, мана бунга қаранг, ҳозир... - Юлдуз шундай деб ҳушидан кетди. Қанча ётганини билмайди, уйғонганида бир-икки ҳамшира, фаррошлар унга нафрат билан тикилиб: "Бола кўр қилсин сени, илойим!", "Қотил она!", "Орттирмасдан олдин ўйламабди-да шуни, мегажин!" дея ҳақоратлаётганини эшитиб, тили сўзга келишмади. Хонага шифокор кириб келганди, бояги аёллар эшик олдидан узоқлашди.

- Доктор, чақалоқ яхшими?

- ...Афсус, қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик. Лекин гўдакни асраб қололмадик... Жонлантириш бўлимида вафот этди. Милиция онасини топиб келди. Ўн олти ёшларда, турмушга чиқмаган қиз экан. Боласини туғиб, ахлатхонага ташлаб кетибди. Чала туққан экан, операция қилишди. Бу хатоси бир умрга таъқиб қиладиган бўлди уни. Энди ҳеч қачон фарзанд кўролмайди...

- Доктор, - Юлдуз йиғлаб юборди. Ўзимни кечиролмаяпман...

- Нега? Сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ. Яхшиям, гўдакни касалхонага олиб келганингиз. Онасининг ҳаёти сақлаб қолинди-ку. Сиз чақалоқни олиб келмаганингизда у қиз ётоқхонада ўлиб қолиши мумкин эди. Жуда кўп қон йўқотган экан...

- Менинг ҳам чақалоқ гўдагим бор. Онамга ташлаб синглимникига меҳмонга боргандим...

- Ҳа, куёвингиз милиция ходимларига айтди. Ота-онангизга ҳам хабар бердик. Улар ҳам роса хавотир олишибди.

Ўзимни йўқотиб қўйдим. Даҳшатга тушдим. Чақалоқни эмизсам балки, тирик қолармиди... Худди уни мен ўлдиргандек виждоним қийналаяпти...

- Йўғ-ей, синглим, ундай деманг. Эмизганингизда меҳрингиз тушиб бундан баттар қийналардингиз. Чунки барибир чақалоқни сақлаб қолишнинг имкони йўқ эди. Биринчидан, онаси ҳомиладорликда қорнини қаттиқ боғлаб юрган. Ҳомила ривожланмаган. Юрак пороги, бош мия босими билан туғилган. Бунинг устига киндиги кесилмаган, нотўғри узилган. Чақалоқ кўп қон йўқотган. Сиз инсонийлик юзидан тўғри иш қилдингиз. Энди, уйингизга шошилинг. Чақалоғингиз оч қолиб кетгандир. Совуқда кўп оввора бўлдингиз, ҳеч нарсани ўйламай дам олинг. Эмизикли аёл бўлганингиз учун сизга тинчлантирувчи дори-дармон ҳам қилмадик. Яхши боринг, синглим...

***

Ўша воқеадан сўнг анча вақт ўзига келолмай юрди. Ахлат уюми ичида киндигидан қон оқаётган, совуқ жонидан ўтиб, йиғлашга мадори келмай инграётган яланғоч чақалоқ узоқ вақт-гача тушларини тарк этмади. Орадан йигирма тўрт йил вақт ўтган бўлса-да, Юлдуз бу воқеа-ни унутолгани йўқ. Бир неча дақиқа бағрида бўлган чақалоққа меҳри тушиб қолган эканми, уни қўмсайверади, эслайверади. Эрталаб қизи касалхонадан топиб келган гап ҳам олис хотираларининг жароҳатига туз сепган эди. 

- Қўй, энди, ўтган воқеани. - Эри оҳиста елкасига қўлини қўйди. - Ҳамма нарсани ҳам кўнгилга яқин олавермайди-да, одам. Эрта-индин қизларингни узатамиз, ўғлингга келин оламиз. Этагинг набираларга тўлади, худо хоҳласа...

- Худо хоҳласа - дея Юлдуз маҳзунгина табассум қилди...

 

Умида АДИЗОВА

СОЧ, ЮЗ, ҚЎЛ ПАРВАРИШИ СОЧ ҲАМ ЯРИМ ҲУСН

(44-сон) аёлларга тавсиялар

 

Чиндан ҳам бу нақл жуда ўринли айтилган. Сочларига оро бермаган қиз-жувонлар уйда ҳам, кўчада ҳам, иш жойида ҳам атрофдагиларга чиройли бўлиб кўринмаслиги аниқ. Сочлар парвариши учун эса дўконлардаги қимматбаҳо ашёларни сотиб олиш шарт эмас. Қадим даврлардан аёллар ўзларига ва сочига доимо оро бериб юришган. Энг муҳими, улар арзон, табиий ва самарали воситалардан кенг фойдаланганлар.

Масалан, бир дона картошка қайнатиб пиширилгач, иссиқлигида пўсти арчилади. Сўнг эзиб, битта тухум сариғи билан аралаштирилади.Тайёр бўлган массани сочга суртиб, устидан целлофан халта кийиб олинади. 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланади.Бу муолажадан сўнг сочнинг ранги тиниқлашиб, ўзгача жилоланади.

 

Ажинлардан қутулиш қийин эмас

Юзларингиз ҳамиша тиниқ ва силлиқ бўлиши учун бир оз ҳафсала қилсангиз кифоя. Бир бўлак олмани кўзингиз остига 15 дақиқага қўйиб турсангиз, кўз остидаги майда ажинлардан халос бўласиз. Олма бўтқасидан тайёрланган ниқоб эса терини юмшатиб, озиқлантиради. Олма таркибидаги витаминлар ва минерал моддалар терини таранглаштириб, рангини тиниқлаштиради.

 

Сепкил ва доFлардан қутулишнинг осон йўли 

Кўпгина опа-сингилларимиз юзларидаги сепкил ва доғлардан ҳижолат бўлиб юришади. Сепкил ва доғлар айниқса, баҳор ойларида кўпаяди. Аслида уларни йўқотиш катта муаммо эмас. Бунинг учун ҳар куни юзга камида икки марта сабзи сувини суртиш керак. Сўнг бир стакан сувга бир ош қошиқ сутни аралаштириб, юзингизни ювиб ташланг. Бу муолажа яхши  самара беради.

 

Қўл парваришини ҳам унутманг

Одатда аёллар қўл парваришига у қадар эътибор беришмайди. ҳамма ёшдаги аёллар қўлларининг мулойим ва юмшоқ бўлишини исташади. Бунинг учун жуда оддий ва тажрибада синалган воситалардан фойдаланиш мумкин. Бир ош қошиқ глицеринни бир ош қошиқ асал билан аралаштириб, тозалаб ювилган қўлга нами кетмасдан суртилади. Орадан15-20 дақиқа ўтгач, илиқ сувда ювиб ташланади.

Қўлдаги доғларни эса бир бўлак лимон билан осонгина кетказиш мумкин.

 

Хулкарой РАҲМАТУЛЛАЕВА

 

тайёрлади.

АЁЛЛАРНИНГ ХУНУГИ БЎЛМАЙДИ!

(44-сон) Бизнинг суҳбат

Суҳбатдошимиз - малакали мутахассис, Андижон шаҳридаги "Баҳор" гўзаллик салони раҳбари Гулсарахон Ортиқова. У қарийб 40 йилдан буён косметология соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Қуйида у фаолияти, косметология соҳаси ютуқ ва муаммолари, аёлларимизнинг гўзал бўлиш сирлари хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

- Гулсара опа, косметология соҳасидаги фаолиятингизни қачон бошлагансиз?

- 1965 йили ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган кезларим курсдош қизлар билан Бешёғочдаги гўзаллик салонига бориб турардик. Ўша ердаги сартарош қизлар, косметолог аёлни кўриб, шу соҳага қизиқиб қолганман. Бу соҳа аёл киши учун ҳар қандай ёшда ҳам гўзал ва латофатли бўлиш имконини беради. Ўқишни тамомлагач, Муқимий номли театрга ишга кирдим. Аммо ота-онамнинг хоҳиши билан Андижон театрига ишга келдим. ўша пайтда косметологияга бўлган қизиқишим санъатга бўлган меҳримдан устун келди. Косметология тиббиёт билан эгизак, мазкур соҳада "малакали мутахассис бўламан", деган инсон албатта, тиббиётдан хабардор бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам тиббиёт билим юртига ўқишга кириб, тиббий билимларни эгаллагандан сўнг косметолог бўлиб иш бошлаганман.

- Сизни Андижонда иш бошлаган биринчи косметолог аёл дейишади?..

- Йўқ вилоятимизда косметолог аёллар кўп бўлган. Лекин мен ўзбек аёллари орасида шу соҳанинг бошини тутган биринчи мутахассис бўлганман. Фаолиятим давомида юзлаб аёлларга ҳунарим сирларини ўргатдим. Барча туман ва шаҳарларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам шогирдларим жуда кўп.

- Соҳангиз бўйича малака оширганмисиз?

-Албатта! Россия пойтахти Москвадаги Гўзаллик институтида малака оширганман. Латвия пойтахти Ригада ҳам косметологлар билан ўзаро тажриба алмашганман. Дам олгани бирон бир шаҳарга борсам албатта, гўзаллик салонлари, косметология марказларини айланаман. Уларнинг иш услуби, қайси косметик воситалардан кўпроқ фойдаланиши, табиий маҳсулотларни  қандай ишлатиши билан қизиқаман.

- Бугунги замонавий косметологияга муносабатингиз қандай? Бу соҳадаги ислоҳотлар сизни қониқтирадими?

- Косметология бугун дунё миқёсида ривожланиб бормоқда. Ҳар хил янги косметик воситалар, йўналишлар кўпайди. Пластик операциялар, татуаж, боотекс, соч экишлар, сочни кимёвий куйдириб бўяш, оғритмасдан қулоқ тешиш, депилляциялар амалга оширилмоқда, Айниқса, юртимизда гўзаллик салони очиб, иш ўринлари яратмоқчи бўлган тадбиркор аёлларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Буларнинг барчаси косметология соҳасидаги ислоҳотлар. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, косметологлар орасида етарлича билим ва малакага эга бўлмай туриб, гўзаллик салони очиб, аёлларга ўзи билганича хизмат кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас. Эскилардан қолган гап бор, юзга билиб-билмай дори  қилиб бўлмайди. Чунки ҳар бир инсоннинг юз хусусиятлари турлича. Кимнингдир юзи ёғли, баъзиларники қуруқ, аралаш юзлар бўлади. Масалан, билиб-билмасдан турли косметик воситалардан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Чунки, уларнинг барчаси ҳам бизга тўғри келмайди, негаки бизнинг иқлим қуруқ иссиқ, аксарият косметика билан танилган давлатлар воситалари эса ўзларининг нам ва совуқ иқлимига мўлжалланган.

Ҳаммага бир хил мойупани тавсия этиб ёки ҳамма келинчакларга бир хил макияж қилиб бўлмайди. Кимгадир сунъий киприк умуман, ярашмаслиги мумкин, кимнидир қовоғи билинмайди, унинг қовоғини "очиш" учун қандай ранглар танлашни билиш керак. Қош билан ҳам худди шундай ҳолат. Мен қошлари табиатан чиройли бўлган қиз-жувонларга иложи борича қошига тегмасликларини маслаҳат бераман. Ҳозирда қилинаётган татуажлар, боотексларнинг барибир, инсон организмига зарари бор. Булар кишини вақтинчалик гўзаллаштириб туради, аммо вақт ўтиши билан, қош-кўздаги бўёқ ўчиб хунуклашади, қош ўзи ўсиб туради лекин татуаж қилдиргандан сўнг ўша жойдаги тукларнинг ўсиши қийинлашади, агар бирон томир жойлашган нуқтага нотўғри тегиб кетиладиган бўлса, ўша юз фалаж бўлиб қолиши ҳам мумкин.

- Юзга доғ тушиши, ажинларнинг эрта кўпайишининг сабаби нимада?

- Ҳозир кўпчилик аёлларда қуёшнинг ультрабинафша нурлари ҳисобига доғлар кўпайган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида юз териси қуруқлашади. Қуруқлашганда ажинлар кўпаяди. Кейин...юздаги ҳар хил доғлар ички органлардаги касалликларга ҳам боғлиқ. Мисол учун доғлар ўт пуфаги, жигар хасталиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар ана шу аъзолар      соғлом бўлмаса, бу юзда акс этади. Соғлом одамда юз ранги чиройли бўлади. Шуни ҳисобга олиб камида олти ойда бир марта аёл киши албатта, тиббий кўрикдан ўтиб туриши керак. Ёғли таомларни кўп истеъмол қилиш ҳам юзга ўз таъсирини ўтказади, Аёлларимиз  кўпроқ парҳез таомлар билан озиқланишни одат қилиши лозим.

- Уй шароитида юзларни парваришлаш мумкинми?

 - Бизнинг ўлкамиз неъматлари витаминларга жуда бой, табиий иқлим шароитида ўсган. Бу неъматлардан уй шароитида ҳам юз парвариши учун турли ниқоблар қилиш мумкин. Ёки турли доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб ичиш, компресс қилиш ҳам фойдали.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, Аёлларнинг хунуги бўлмайди, фақат ўзига эътибор беришни билмайдиган аёллар бўлади холос. Аёл киши ўзига озгина вақт ажратиши, гўзал бўлиши учун қунт қилиши керак. Ахир айтишади-ку,   "онангни отангга бепардоз кўрсатма", деб. Аёл киши пардозланиб, ороланиб, бенуқсон, гўзал чеҳрага эга бўлиб юрса, ўзининг ҳам кайфияти яхши бўлади, қолаверса оила аъзоларига, атрофидагиларга ҳам бу ижобий кайфият улашади.

 

-Суҳбатингиз, маслаҳатларингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

ЎҚИТУВЧИНИНГ ОБРЎСИНИ ТЎКИШ ЎРИНЛИМИ?

(44-сон) Муносабат

Инсон камолотида ота-она ҳамда устознинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Уларнинг кўмаги ва тарбиясини олган бола ҳаёт синовларидан қоқилмай ўтади, эзгу мақсадларига қийналмай етишади.

Болаларга ўзининг бор меҳр-муҳаббатини бера олган кишигина ўқитувчи деган шарафли ҳамда масъулиятли   касбни эгаллай олади. Ҳақиқий устозгина ўз меҳнатлари самарасини топади, яъни уни мактабда, кўча-кўйда ўқувчилар қучоқ очиб кутиб оладилар. Уни ўзларига яқин олиб, қалбидаги қувонч, ҳаётида дуч келган ташвишу муаммоларни айтиб, ундан маслаҳат олади. Касбини севган, ардоқлаган устоз ана шундай пайтларда ўз муаммоларини четга суриб, ўқувчи билан дилдан гаплашади, унинг муаммоларига ечим топишга интилади.

Тарбия, ўқувчи қалбига йўл топиш, унинг ишончини қозониш осон иш эмас. Ўқувчилар орасида шундайлари борки, уларга бир танбеҳ, бир қараш етарли бўлади. Аммо яна бошқа бир ўқувчилар ҳам борки, улар билан алоҳида суҳбат ўтказиш, шуғулланишга тўғри келади. Ҳар қандай ўқитувчи ўз ўқувчисини одобли, тарбияли, билимли бўлишини истайди. Ана шунга эришиш учун баъзида талабчан, қаттиққўл бўлишга тўғри келади. Бундай ҳолларда ўқувчи кўпинча ота-онасига шикоят қилиб боради.

Хўп, ўқувчи хали ёш, кўп нарсани англаб етмайди! Аммо ота-оналар-чи, нимага мана шу оддий нарсанинг моҳиятини англаб етмайди? Минг афсуски, бундай пайтларда аксарият ота-оналар дарров мактабга келиб ўқитувчининг ёқасидан олишга, уни тартибга чақириб қўйишга уринади. Бу ҳолатда ўша фарзандимиз бошқа синфдошлари ўртасида ўзини баланд тутар, лекин ўқувчилар орасида "тартибга чақирилган"  ўқитувчининг обрўси йўқолмайдими?  Шундан сўнг ўқувчилар унга қандай муносабатда бўлади, унинг гапига, ўтаётган дарсига қулоқ тутадими?

Минг афсуски, орамизда шундай ота-оналар ҳам борки, улар арзимаган гаплар учун устозларга таҳдид қиладилар, ҳатто уларни ҳақоратлаб обрўларига путур етказишга уринадилар. Бу нафақат ўша ота-онанинг фарзанди, балки     бошқа болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ёки фарзандимизга ўзининг қалб-қўри, меҳр нурини бахшида этаётган муаллимни ҳақоратлаган ўша инсон, бирор обрў топадими? Ундай кишилар бу ишидан эртага уялиб қолмайдими? Ота-она шу жиҳатларни яхшилаб ўйлаб кўриши лозим. Зотан, бизнинг ножўя хатти-ҳаракатларимиз эртага фарзанд тарбиясидаги бошқа нуқсонларга йўл очиб бермасин.

Ўқитувчи ҳеч қачон ўқувчини бекордан бекор уришмайди. Хато қилган ёки дарс тайёрламаган болага "Тўғри бўл, яхши ўқи" деб айтиши мумкин. Тўғри, ўқувчига қаттиққўллик қилиш мумкин эмас. Бироқ бугун айрим фарзандларимизнинг яхши гапга қулоқ тутмаётганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Шу ўринда мен ўрни келганда болага қаттиққўл бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Нима бўлганда ҳам ота-она ва ўқитувчининг мақсади бир, у ҳам бўлса, фарзандларимизга пухта билим, чиройли тарбия бериш. 

Албатта, юқоридаги фикрлар менинг шахсий мулоҳазаларим, лекин бу масала бугунги кунда нафақат ўқитувчиларни, балки кенг жамоатчиликни қийнаётган масалалардан биридир. Шу боис, бу борада ҳар бир ота-она мулоҳаза билан иш юритса, мақсадга мувофиқ бўларди. Балки бу ҳақда ота-оналарнинг айтадиган гаплари бордир.

 

Гулнора МАҲКАМОВА,

ўқитувчи. 

 

СЕРҚИРРА АКТРИСА

(44-сон) Тўйхат ўрнида

Вилоят ёшлар театрининг олий тоифали актрисаси Солияхон Бойхонбоева театр соҳасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган фидойи санъаткорлардан биридир. У фаолияти давомида ижро этган 80 дан ортиқ ранг-баранг роллари билан мутахассис ва мухлислар ҳурмат-эътиборини қозонган.

1979 йилда Андижон санъат билим юртинининг "Халқ рақси" мутахассислигини тамомлаган ёш Солияхон қарийб ўн йил вилоят мусиқали драма ва комедия театрида раққоса бўлиб меҳнат қилди. Шу билан бирга, тажрибали санъаткорлардан саҳна, актёрлик маҳоратини ҳам қунт билан ўрганиб борди.

С. Бойхонбоева 1990 йилдан вилоят ёшлар театрида фаолият юрита бошлади. Мазкур театрда унинг ижоди гуллаб-яшнади, янги-янги ижодий қирралари, актёрлик маҳорати, истеъдоди намоён бўлди.У вилоят ёшлар театри томонидан саҳналаштирилган Қобилжон Юнусовнинг "Қарғиш урган уй" асарида Нафиса, Тоҳир Маликнинг "Алвидо, болалик" асарида Она, Маннон Ҳамидовнинг "Меҳр қолур" асарида Турсунмомо, Олимжон Холдорнинг "Севги афсонаси" асаридаги Хушҳолбиби сингари жуда кўп ролларни маромига етказиб ижро этди.

Айни кунда Солияхон Бойхонбоева ёшлар театрида ижодий гуруҳ раҳбари вазифасида самарали меҳнат қилмоқда. Драматурглар Назиржон Раҳимовнинг "Ниқоб", Жўра Маҳмуднинг "Осмондан танга ёққан кун", Худойберди Тўхтабоевнинг "Сеҳрли қалпоқча", Рихсивой Муҳаммаджоновнинг "Мени кечир, азизам" номли 20 дан зиёд  спектаклларнинг саҳна юзини кўриши, томошабинлар олқишига сазовор бўлишида унинг жонбозлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Солияхон Бойхонбоева чин маънода серқирра ижодкор. У комик актёр сифатида кулгули ролларни ҳам, фожеали асарлардаги жиддий ролларни ҳам маҳорат билан ижро этиб, ҳақиқий истеъдод соҳибаси эканлигини кўрсата оладиган актрисадир. Бундан ташқари, у кўплаб теленовеллаларда ижро этган роллари орқали ҳам мухлислар эътиборига тушган.

Ўзининг муборак ёшини қарши олаётган қаҳрамонимиз айни кунда ҳам ижод билан ҳамнафас. Театр жамоаси томонидан саҳналаштирилаётган Маннон ҳамидовнинг "Замоннонг синган ойнаси" номли асарда София хола ролини яратиш борасида ижодий иш олиб бормоқда. У тажрибали мутахассис сифатида саҳна маҳорати, бой ижодий тажрибаларини ўргатиб, кўплаб ёшларга устозлик қилиб келмоқда.  

С. Бойхонбоева 38 йиллик ижодий фаолияти, меҳнатсеварлиги, театр ишига фидойилиги, қатор инсоний фазилатлари билан нафақат жамоадошлари, балки мутахассислар, мухлислар, бутун андижонликлар ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

- ҳаётимда театр соҳасини, актрисаликни танлаганимдан асло афсусланмайман, -дейди З Бойхонбоева. - Мен ижро этган роллар, қилган хизматларим элимизга манзур бўлган бўлса, бундан беҳад мамнунман.

Бугунги қувончли кунда устоз санъаткорни қутлуғ ёши билан бутун жамоамиз, минглаб мухлислари номидан муборакбод этиб, унга янада улкан ижодий ютуқлар, фарзандлари, набиралари  камолини кўришлик бахти насиб этишини тилаб қоламиз.

Зулхумор АКБАРОВА,

вилоят ёшлар театри адабий эмакдоши.