+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚОШ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

(43-сон) Билиб қўйган яхши

Қошлар инсон, айниқса, аёллар юз кўринишида муҳим аҳамият касб этади. Халқимизда "Қиз боланинг қоши ўсмадан сув ичади" деган ибора бежиз айтилмаган. Қош ранги, шакли ва қуюқлиги инсон юз кўринишининг муҳим белгиларидан бирдир. Шу боис ҳам опа-сингилларимиз қошга, унинг парваришига алоҳида эътибор қаратадилар.

 Қош ўзи қандай вазифани бажаради? У гўзаллигимиз учун нечоғлик муҳим? Келинг яхшиси, қуйида қош билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Кўзларимиз устидаги амалий ва физиологик вазифани бажарадиган туклар қош саналишини барчамиз яхши биламиз. Бир қошдаги туклар сони ўртача 200-250 тани ташкил этади, қоши қалин инсонларда бу кўрсаткич ҳатто 1000 тагача етиши ҳам мумкин.

 Қошларнинг ҳақиқий физиологик вазифаси кўзларни манг-лайдан, юздан тушадиган терлардан ва ёмғирдан ҳимоя қилишдир. Эстетик жиҳатдан эса қошлар юзга жозиба бахш этади, юз ва кўзларни кўркам қилади. Шунинг учун бўлса керак, қошларнинг кўриниши мода билан ёнма-ён юриб, ўзгариб боради.

Турли даврларда ва мамлакатларда қошга нисбатан турлича муносабатда бўлинган. Уйғониш даврида юзда қошларнинг бўлиши хунуклик белгиси сифатида баҳоланган. Шу сабаб уни олдириб юришган.

Қадимги Мисрда табиий қошлар ўрнига сунъий қошлар чизиш урфда бўлган. Табиий қош қириб тишланиб, уларнинг ўрнига чаккагача етадиган қошлар чизилган.

Қадимги Осиё халқларида қалин қошлар қадрланган. Уларда мавжуд бўлган таомилга кўра, кимнинг қоши қалин бўлиб, унга ип боғлаб юрса энг бахтли саналган.

Ўрта асрда хитойлик қизлар қошларини жуда узун бўлишини исташган ва имкон қадар ўстириб юришга ҳаракат қилишган.  Сабаби ўша даврда бундай қошга эга бўлган қизлар илоҳий гўзалликка бурканган, дея талқин этилган.

Европанинг қатор давлатларида 18-аср зодагон хонимларининг омма олдида ясама қошсиз кўриниши одобсизлик белгиси бўлган. Ясама қошларни, одатда, сичқон юнгларидан тайёрлашган.

Қош ўлчами ва кўриниши инсонни танишнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Қошга қараб биз одамларни тез ва осон таниб олишимиз мумкин бўлади. Бу омил европалик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳам ўз аксини топган. Яъни портретда акс этган шахснинг қошлари ўзгартирилганда уларни таниб олиш қийинлашиб бораверган.

Қош сочга нисбатан анча секин ўсади. Қош юлиб олинганда, янгиси ўсиб чиқиши учун камида тўрт ой муддат керак бўлади.

 

Физиономия соҳаси вакиллари томонидан кўз билан бирга, қош шакли таҳлили, унинг инсон табиати билан боғлиқлиги масалалари ҳам йиллар давомида ўрганилган. Қош шаклига қараб инсонларнинг мойиллиги, қизиқиш ва характери ҳақида ҳам фикр юритиш мумкин. Бу борада ҳам мутахассислар томонидан кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Ана шу тадқиқотлар натижаларига кўра, техник ақлий салоҳиятга эга одамларнинг қошлари тўғри чизиқда жойлашган, ижодкорликка мойил, ҳиссиёти кучли шахсларнинг қоши эса ёйсимон шаклда бўлиши аниқланган.

Моҳигул НўМОНЖОНОВА тайёрлади.

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ !

(43-сон) Ҳуқуқий маслаҳатхона

"Ёшим 22 да. Хусусий корхонада ишлайман. Яқинда она бўламан. Биринчи фарзандимга ҳомиладорлигим туфайли ҳали декрет таътили ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмасман.

 Эшитишимча, хусусий корхона ходимига декрет пули давлат корхонаси ходимига нисбатан оз тўланар экан. Умуман, декрет таътили ва декретдаги оналарга қонунчилигимизда қандай имтиёзлар борлиги тўғрисида тушунча берилишини илтимос қилардим".

С. Олимова, Шаҳрихон тумани.

Таҳририятимизга келган ушбу мактуб, умуман, қонунчилигимизда  ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ масалалар хусусида ҳуқуқшунос, Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими бошлиғи ҳабибилло Усмонов бизга қуйидагиларни гапириб берди.

Декрет, аниқроғи ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш тартиби, муддати ва шартлари қандай?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун (10 ҳафта) ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (8 ҳафта) (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.

ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагандан сўнг аёлнинг аризасига кўра боласини икки ёшгача парвариш қилиш учун таътил берилади ва нафақа тайинланади.

Аёлга унинг хоҳишига кўра боласи уч ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилиши мумкин.

 Давлат корхонаси билан хусусий корхонада тўланадиган нафақалар миқдори бир-биридан фарқ қиладими?

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори давлат ва хусусий корхоналарда қисман фарқ қилиши мумкин. Давлат корхоналарида бу нафақа миқдори ходимнинг иш ҳақи миқдорида тўланиши белгиланган. Хусусий корхоналарда эса корхона раҳбари буйруғи билан корхонанинг иқтисодий ҳолатига қараб, ходимнинг иш ҳақи миқдоридан оширилган миқдорда ҳам тўланиши мумкин. Лекин бу миқдор ходимнинг иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Бола парвариши учун нафақа давлат тузилмасига кирувчи ташкилот ходими учун яшаш жойидаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) орқали оиланинг иқтисодий ҳолатини ўрганган ҳолда тайинланиши мумкин. Хусусий корхоналар эса бола парвариши учун нафақа тўлашни ўз иқтисодий аҳволидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади.

  ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугамаган аёл ишга чиқишга ҳақлими?

Амалдаги қонунчиликда бола туғилишига қадар ва туғилганидан кейин та-йинланадиган декрет таътили муддати тугамасдан ходимни ишга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Бола парваришлаш учун бериладиган икки (уч) йиллик таътил давомида ходим ўз хоҳишига кўра ариза билан ишга чиқса, бола учун нафақа тўлаш тўхтатилади.

 Таътил пули тўлашда қонун бўйича фоизлар белгиланганми ва қанча муддатга аёл ушбу маблағни олиши мумкин?

Меҳнат Кодексининг 286-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.

Мазкур Кодекснинг бола туғилганда бериладиган нафақа тўғрисидаги 287-моддасида бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақа миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилиши белгиланган.

Аёл туғруққача декрет таътилига кетишидан аввал унга туғруққача ва туғруқдан кейинги давр учун бериладиган нафақа бир йўла берилиши керак. Мабодо, ҳомила нобуд бўлса ҳам декрет таътили учун аёлга тўланган маблағ қайтариб олинмайди.

 Таътилдан қайтмай туриб яна таътилга чиқиш мумкинми?

Қонунда белгиланган муддат тугаганидан кейин ходим ишга чиқмасдан бола парвариши билан шуғулланса (яъни 2 ёки 3 йил) ва бу муддат давомида яна ҳомиладор бўлса, унга қонунда белгиланган тартибда иккинчи бола туғилгунга қадар ва бола туғилганидан кейин белгиланган муддатда таътил берилади ва шу муддатга ойлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.

Суюнчи пулини отанинг ишхонасидан олса бўладими?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сонли қарорига асосан, бола туғилиши муносабати билан 2 оклад иш ҳақи миқдорида суюнчи пули тўланиши белгиланган. Шу суюнчи пули ота ёки онанинг иш жойидан берилади.

 ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан аёлнинг иш ўрни сақланадими?

ҳомиладорлик ва бола парвариши учун таътилга кетган аёлнинг иш ўрнига олинаётган ходим унинг қайтиш санасигача вақтинча қабул қилинади. Аёлнинг иш жойи сақланади.

  Меҳнат қонунчилигида ёш болали оналарга қандай имтиёзлар белгиланган?

Меҳнат қонунчилигида ёш болали оналарга ўз хизмат вазифасини ўташда бир қанча имтиёзлар белгиланган. Меҳнат Кодексининг 116- ва 228-1-моддаларига кўра уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий  таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар меҳнатига жадвал асосида тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган муддати (ҳафтасига 35 соатдан ошмаслиги керак) белгиланган. Ушбу шарт хусусий корхоналарда ишловчи ёш болали аёллар учун ҳам тегишли.

Ушбу Кодекснинг 224-моддасига кўра ҳомиладор ва ёш боласи бор аёллар бўш ўринларга навбатсиз ишга қабул қилинади.

228-модда талабига асосан, аёллар ва ёш болали аёллар тунги ишларда ишлаши, иш вақтидан ташқари ишларда, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилиниши ва уларни хизмат сафарига юбориш чекланади.

Барно ҲАЙДАРОВА ёзиб олди.

ИСРОФГАРЧИЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙИШ ГУНОҲДИР

(43-сон)

Муқаддас Ислом дини таълимотида мол-дунё инсонларга Парвардигор томонидан берилган неъматлардан бири сифатида қаралади ва ҳаёт зийнатларидан ҳисобланади.

Аввало, Яратган зот бандаларга ихтиёридаги мол-дунёларини ҳалол меҳнат ва касблар орқали топишга амр қилган, қолаверса, ҳалол йўл билан топилган   мол-мулкни беҳудага сарфламаслик, фойдали ишларга йўналтириш  лозимлигини айтади.

Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.а.) шундай нақл қилдилар: Одамлар тўрт тоифадур: саҳий, бахил, исрофгар, тежамкор.

Саҳий одам - дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши; бахил кимса - дунёда ҳам, охиратда ҳам насибасини қолдирмаган; исрофгар - охират насибасини дунёда ишлатган киши; тежамкор инсон эса дунё ва охиратдаги насибасини олган кишидур.

Исроф деганда фақат маблағ ёки бойлик ва мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди, балки қимматли умри ва бебаҳо вақтини фойдасиз нарсаларга   сарфлаш ҳам исрофдир. Исрофга йўл қўйиш Ислом динида гуноҳ саналади. Шу боис, ҳар бир ишда тежамкор ва тадбирли бўлишга, исрофга йўл қўймасликка интилишимиз лозим. Машаққатли меҳнатларимиз эвазига топилган мол-мулкни беҳуда сарфлаш ва исроф қилиш масаласи бугун жамиятимизда ҳам долзарб бўлиб турибди. Айниқса, баъзи тўйларда, хайру эҳсонларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди. Орамиздаги айрим кишилар исрофгарчиликка йўл қўйиб, ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда ғам-ташвишга гирифтор бўлмоқда, ўзларини гуноҳга ботириб, дунё ва охиратларини бой бераётганликлари ачинарлидир.

Ҳадиси муборакда: "Қарздорликдан сақланинглар, чунки у кечаси сизларга ғам-ғусса, кундузи эса хорлик бўлади", дейилган. Одамлар кўзига яхши кўриниш, сохта ҳурмат топиш мақсадида, ҳатто қарз олиб, тўкин тўй ва маросимларни ўтказаётган кимсалар ҳам минг афсуски, орамизда йўқ эмас.  Тўй ва аза маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан меъёрида ўтказиш матлубдир. Агар ортиқча мол-дунёмиз бўлса, маҳалламиздаги муҳтож инсонларга, қабристонлар ободончилиги, йўл ва кўприкларни таъмирлашга, талабаларга ёрдам тариқасида берилса, шубҳасиз, улкан савобга эришамиз.

Ривоятларга кўра, қадимда бир одам донишманддан: "Бошим етишмовчиликдан чиқмай қолди. Маслаҳат беринг, кимдан қарз олай?" - деб сўрабди. Шунда донишманд: "Ўзингдан қарз ол", деб жавоб берибди. Ҳалиги одам ҳайрон бўлибди: "Ўзимдан қандай қарз оламан", деб сўраса, "Исрофгарчиликка чек қўй, пулингни тежаб ишлат, шунда аҳволинг ўнгланади", мазмунидаги жавобни олган экан.

Келтирилган ривоятдан юртдошларимиз ибрат олсалар, нур устига нур бўларди.

Аллоҳ таоло барчамизни исрофдан сақланадиган, ўзининг ажру савобларига сазовор бўладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳридаги "Абу ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.

ТОМОРҚА - ДАРОМАД МАНБАИ

(43-сон) Ибратли оилалар

Бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, томорқадан унумли фойдаланиб оиласи бюджетига катта даромад келтираётган оилалар жуда кўп. Ана шундай оилалардан бири Жалақудуқ тумани Ойим шаҳарчаси, Тошлоқ маҳалласида яшовчи Матлубахон ая ва Fуломжон ака Сотволдиевлар оиласидир.

Бу оилани кўпчилик боғбон сифатида яхши билади. Улар фарзанд ва келинлари билан биргаликда парвариш қилаётган 5 гектар майдондаги боғни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Бу йил боғдаги олма, олхўридан мўл ҳосил олинди. Бундан ташқари, ушбу оилада         томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам каттагина тажриба шаклланган. Томорқадан олинаётган даромад турмушларини янада чиройли бўлишини таъминламоқда. Бу ишлар албатта ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг ортида изланиш, тинимсиз меҳнат ётади.

Оила соҳибаси Матлубахон ая умр йўлдоши Fуломжон ака Сотволдиев билан қарийб ярим асрдан буён бирга, ҳамжиҳатликда яшаб келадилар. Қизлари, ўғиллари, набиралари билан биргаликда етиштирилаётган турли мева ва бошқа неъматлар билан элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. 

- Меҳнаткаш одамнинг ҳар бир ҳаракати, ҳалол ва самарали меҳнати келгусида албатта, ўзини оқлайди, ҳатто, мукофоти бўлиб қайтади, - дейди Матлубахон ая Сотводиева. - Деҳқончилик ортидан кам бўлмадик. Ерга меҳр бердик, меҳнатдан қочмадик. Мана бугун меҳнатларимиз роҳатини кўряпмиз, ер бизни боқмоқда, ризқимизни улуғ қилмоқда.

 Хонадон иссиқхонасидаги лимон ҳосили кўзни қувнатади. Гулхоналарида етиштирилган гул кўчатлари эса тумандаги кўплаб маҳалла ва кўчаларга чирой бахш этиб турибди.  Томорқанинг биринчи ҳосилдан бўшаган қисмига аллақачон саримсоқпиёз экиб қўйилган. Умуман, бир йилда томорқадан икки, уч марта ҳосил олиш ҳадисини олган бундай миришкорлар меҳнатига ҳар қанча тасанно айтиш ўринли. 

- Ҳамжиҳатлик, аҳилликда гап кўп, - дейди Fуломжон ака.- Бир ишни бошлашдан олдин кенгашиб, маслаҳатлашиб, кейин ёппасига уринамиз. Яратганга шукрки, турмуш ўртоғим меҳнаткаш, қаноатли аёл. Шу боис бугун топганларимиз, деҳқончилигимиз баракали бўлмоқда.

Қарийб 50 йил биргаликда ҳамфикр, маслакдош, елкадош бўлиб яшаб келаётган бу инсонлар маҳалладошларига турмуш, деҳқончилик борасида доимо ўз маслаҳатларини бериб келади. Айниқса, ёшларга ўзларининг ҳаётий тажрибаларини, оила муқаддас эканлиги, тинч-осуда ҳаётимиз учун шукрона келтириб яшашимиз кераклигини кўп таъкидлайдилар.

Ушбу оиланинг яна бир ўзига хос жиҳати шуки, оиланинг аксарият аъзолари кўп китоб ўқийди. Оила  катталари: яхши яшаш, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топиш учун кўп ўқиш, илмли бўлиш шарт, илм кишини ҳамиша эзгуликка, ютуқларга етказади,  деб биладилар.

Бу каби оилалар ҳамиша жамиятимизга кўрк ва ибратдир.

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

БЕЛБОҒЛИ КУРАШ МАЛИКАСИ

(43-сон) Спортимиз юлдузлари

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16-28 сентябрь кунлари Туркманистон  пойтахти Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Осиё спорт ўйинлари бўлиб ўтди.  Унда дунёнинг 63 давлатидан келган спортчилар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

 

Мазкур мусобақаларда спортнинг белбоғли кураш тури бўйича мамлакатимиз терма жамоаси таркибида иштирок этган вилоятимиз вакиласи    халқаро тоифадаги спорт усталигига номзод Шаҳзода Эргашева ўз вазн тоифасида иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль соҳибасига айланди.

Балиқчи туманининг Ўрмонбек қишлоғида туғилиб ўсган Шаҳзода спортнинг нафис турларини эмас, белбоғли курашни танлади. Қишлоқда "Отаси тракторчи, онаси уй бекаси. Бу қиз қанақасига курашчи бўлсин, тавба-а-а!" деб ёқа ушлаганлар ҳам бўлди. Бироқ Шаҳзода аҳдидан қайтмади, кичиккина бўлса-да, нималарга қодир эканини исботлаш учун спортнинг ушбу тури билан астойдил шуғулланди, Андижон Олимпия захиралари коллежига ўқишга кирди. Машғулотлар мураккаб, вазифа эса улкан. У мусобақаларда  "Нима бўлсаям барибир, ҳаракат қиламан. Бизнинг қишлоқдан ҳам албатта, чемпионлар чиқади!" дея, ғалабага бўлган қатъий ишонч билан иштирок этди. Унинг ишонч билан олға интилиши ўз натижасини кўрсатди. Шаҳзода 2014 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Шаҳзоданинг ғалабали одимлари шундан сўнг бошланди. 2015 йилда "Спорт маликалари" республика мусобақасида ғолибликни қўлга киритиб, "Кураш маликаси" деган шарафли номга сазовор бўлди. 2016 йилда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳибаси бўлди. Яқинда якунланган ёпиқ иншоотлардаги Осиё спорт ўйинларида эса Қирғизистон, Филиппин, Индонезия, Покистон, Монголия ва Қозоғистон вакилалари устидан ғалабага эришди. Фақат финалда туркманистонлик  рақибасига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни қўлга киритди.

- Спортнинг белбоғли кураш тури билан олти йилдан бери шуғулланаман, - дейди Шаҳзода Эргашева. - Эришган муваффақиятларимда аввало мураббийларим, хусусан, устозим Жамолиддин Бозоровнинг хизмати ниҳоятда катта. Қолаверса, оила аъзоларим, яқинларим, юртдошларимнинг қўллаб-қувватлашлари мега куч берди. 

Мусобақага тушишдан аввал она Ватаним, миллионлаб юртдошларимнинг менга бўлган ишончи, ота-онам, тренерларимиз, ҳамма-ҳаммасини бирма-бир кўз олдимга келтираман. Уларнинг ишончи, умидвор чеҳраси кучимга куч қўшади, қалбимда ғалаба бўлган қатъий ишонч туғилади. Fолиб бўлиб, шоҳсупага кўтарилганингда эса беихтиёр кўзингга ёш келади.

- Айни кунда Андижон Олимпия заҳиралари коллежида белбоғли кураш бўйича 20 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлса, улардан 3 нафари қизлардир, - дейди мураббий Жамолиддин Бозоров. - Қизларимиз Шаҳзода Эргашева, Камола ҳабибуллаева, Мафтуна Маҳмудова уччаласи ҳам белбоғли кураш бўйича  Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Ўқувчиларимизнинг 14 нафари эса турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидир. 

Белбоғли кураш мураккаб спорт турларидан саналади. Унинг ўзига хос шартларидан бири - рақибнинг белидан ушлаб, даст кўтариб йиқитиш. Бунда қўлни белбоғдан узмаслик талаб қилинади. Кейинги йилларда ушбу кураш тури тобора оммалашиб бормоқда. Шу боис ҳам  белбоғли кураш 2018 йилда Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари тақвимидан жой олди.

- Мақсадим, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтариш, Ватанимиз шуҳратини ошириш, - дейди Ш. Эргашева. Қолаверса, келажакда ўз соҳамнинг етук мутахассиси сифатида юртим тараққиётига муносиб ҳисса қўшсам дейман.

Мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам белбоғли кураш маликаси орзу-ниятларига албатта, эришади.

 Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

 

ЮРТГА МУНОСИБ ФАРЗАНД БЎЛАМИЗ

(43-сон) Ифтихор

Бугун озод ва обод юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Илм-фан, санъат, спорт, адабиёт, қўйингки, қайси соҳани олиб қарамайлик, бизнинг ўз иқтидор ва салоҳиятимизни тўлақонли юзага чиқариш учун барча шароитлар яратилган.

Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган минглаб ёшларимиз турли соҳаларда юксак марралар сари дадил интилмоқда, юзлаб ёшларимиз эса улкан ютуқлари билан вилоятимиз, юртимиз шуҳратини юксакларга кўтармоқда.

Мен ҳам ўзим таҳсил олаётган мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, фаол тенгдошларим қатори "Камалак юлдузлари", "Билимлар беллашуви", "Жаҳолатга карши маърифат", "Биз одам савдосига каршимиз", "Зулфияхонимнинг етти маликаси", " Юксак маънавиятли авлод", "Солиқ билимлари - болаларга", "Камолот сардори" сингари фестиваль ва кўрик-танловларнинг туман, вилоят босқичларида фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олдим. Бундан ташқари, туманимиз терма жамоаси таркибида баскетбол бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги вилоят чемпионатида биринчи, вилоят терма жамоаси таркибида эса республика турнирида совринли ўринни қўлга киритдим.

Мен айниқса, адабиётга, шеъриятга жуда қизиқаман, шеърлар ёзишни машқ қиламан. Устозларим кўмагида шеъриятнинг ўзига хос сир-асрорларини пухта ўрганишга астойдил ҳаракат қиляпман. Шеърий машқларим туман, вилоят, республика миқёсидаги матбуот  нашрларида чоп этилган. Ўтган 2016 йилда пойтахтимиздаги "Янги китоб" нашриётида "Вақт қадри" деб номланган илк шеърий китобим чоп этилди. Айни кунда эса "Иқрор" номли иккинчи шеърий китобимни, шунингдек, биринчи синф ўқувчилари учун Алифбо байрамларида фойдаланишга мўлжалланган "Саводхонлик байрамида      ҳарфлар айтишуви" деб номланган  китобчани нашрга тайёрладим.

Бугун тинч, улкан ва кенг имкониятлар даврида яшаяпмизки, кимки интилса, изланса, албатта, ўзи истаган мақсадларга эришади. Ўқиб, ўрганган сари қизиқишларим тобора ортиб бормоқда. Дадам "Аsaka oil plant seeds" илмий йўналишдаги уруғчилик фермер хужалиги раҳбари бўлиб ишлайди. 2015 йилдан бошлаб кунгабоқар,  соянинг янги навларини яратиш бўйича дадам олиб бораётган ишларда бевосита иштирок этяпман. Соҳага оид адабиётларни кўп ўқиб, ўрганяпман. Бу борада олиб борилган самарали ишлар натижасида соянинг "Мадина", "Радуга" номли янги навлари яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссиясига давлат реестрига киритиш учун тақдим этилди.

Мухтасар айтганда, нафақат мен, балки Ўзбекистон ёшлари эришаётган ютуқлар замирида муҳтарам юртбошимизнинг бизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги, истиқлол берган кенг имкониятлар ётади.   Демак, биз мана шундай ўз фарзандларини эъзозлаётган юртда яшаётганлигимиздан фахрланишимиз ва муқаддас она юртимизга муносиб фарзанд бўлишга интилишимиз лозим.

 

Замона тинч, осуда ҳаёт,

Ҳар томонда қўшиқ, тарона.

Ўзбегимга битайин баёт,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Ҳар тарафда шодлигу байрам,

Дунё боқар бизга хайрона.

Яшанг озод Ватан бағрида,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Эл-юрт учун олайлик билим,

Қадам ташлаш шахдам, мардона.

Шу Ватанга қилайлик хизмат,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,

 

Избоскан туманидаги 34- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ТИЛИМИЗ СОФЛИГИНИ САҚЛАЙЛИК!

(43-сон) Муносабат

Она тилимиз нақадар бой ва гўзал. Уни таърифига сўз айтиш ҳам осон эмас. Лекин қадрдон она тилимизни асраб-авайлаш, ҳурмат ва эътибор кўрсатиш ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тил байрами арафасида менга она тилимни янада севишга, ҳамиша соф ўзбек тилида сўзлашишга катта туртки берган бир инсон ҳақида ёзишни лозим топдим. Менимча, ўша инсон ҳақиқатдан ҳам тилимизни ардоқлаш баробарида кўплар учун ибрат бўла олади.

Зиёли оилада туғилиб ўсганман, дадам ҳуқуқшунос. У кишининг яқин дўсти бўлиб, биз у кишини Камолиддин амаки деб чақирардик.

Камолиддин амаки геология соҳаси бўйича етук мутахассис эди. У Россия пойтахти Москвада ўқиб, ўша ерда илмий тадқиқотлар олиб борган. Марказий Осиё ва дунёдаги кўплаб давлатларда экспедицияларда бўлган. У киши умрининг охиригача Москвада яшаган. Ҳозирда у инсон вафот этган бўлса-да, унинг ўз миллати, она тилига бўлган эътибори, ҳурмати ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Бизникига бир йил, икки йилда бир келиб, бир неча кун меҳмон бўлиб кетарди. Дадам "мен Ўзбекистонда яшасам-да, ўзбек тилини Камолиддинчалик яхши билмайман" деб кўп гапирардилар. Амаким бир сафар бизникига келганларида менга мева шарбати тайёрлаш учун каттароқ идиш олиб келишимни буюрди. Мен ундан "кастрюлка бўладими?", дея сўрадим. У эса менга қараб,  "кастрюлка"эмас, "сатил" деб гапиргин, дедилар. Умуман, амаким мулоқот ва суҳбатларида бирорта русча гап ишлатмасди, она тилимизда шу қадар соф ва тиниқ гапирардики, у киши билан суҳбатимиз тугамаса, дер эдим. 

Дадам ёки бошқа бирор киши "вообще", "может", "конечно", "так что" деган русча сўзларни ишлатганида албатта танбеҳ берарди. "Сизлар ўз она юртимизда бўла туриб, тилимизнинг софлигига эътибор бермайсизлар, бу тилга, миллатга нисбатан ҳурматсизлик" дер эдилар.

У инсоннинг ана шу сабоқлари менинг ёдимда бир умрга сақланиб қолади. Баъзан машинада кетаётиб FМ радиоларида берилаётган эшиттиришларни тинглаб қоламан. Аксарият бошловчиларнинг гапирилаётган гапнинг мазмуни, жумлаларнинг ўз ўрнида ишлатилиши, адабий тил меъёрларига риоя қилмасликлари ёки хорижий сўзларни ишлатишларидан жаҳлим чиқади. Нима учун улар эшиттиришни бутун миллатимиз тинглаётганини ўйламайдилар, тилимиз софлигини сақлашга, адабий тил меъёрларига амал қилмаётганликларидан таажжубга тушаман. Бундай йўл тутиш тўғри эмас-ку?!

Айтмоқчи бўлганим, ким бўлишидан қатъи назар она тилимизни ҳурмат қилиши, унинг софлигини сақлашга масъул эканлигини унутмаслиги лозим. Зеро, тилимизнинг софлиги  маданиятимизни, ўзлигимизни қай даражада англашимизни кўрсатади.

Дурдона САДИРДИНОВА,   

 

Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси.      

ИНСОНДА АЛБАТТА, СЎЗ ЗЕБОЛИГИ БЎЛИШИ КЕРАК,

 (43-сон) Бизнинг суҳбат

- дейди филология фанлари номзоди, доцент  Назокат ЖАЛОЛОВА.

1989 йилда мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу воқеа ўша пайтда ҳали мустақилликка эришмаган Ўзбекистон тараққиётида,  халқимизнинг ўзлигини англаш, бирлигини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлари умрбоқийлигини таъминлашда жуда муҳим роль ўйнади.

Тил - миллатнинг кўзгуси, борлиги ва бирлигини таъминловчи муҳим мезон ҳисобланади. Тил, унинг софлиги, она тилимизга берилаётган эътибор, бу соҳадаги ютуқ ва муаммолар, адабий тил меъёрлари хусусида Андижон давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, доцент Назокат Жалолова билан суҳбатда бўлдик.

 

- Тил ҳар бир инсон учун муқаддас тушунча. Аммо тилни, она тилимизни ҳар қанча тавсифласак кам. Сиз тилни  қандай таърифлаган бўлардингиз?

- Тил бетакрор жозибага эга бўлган, ҳеч қачон хира тортмайдиган жавоҳирдир. Ҳадиси шарифларда кишининг гўзаллиги унинг кўринишида эмас, тилидадир, дейилади. Биз ҳам таш-қи жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан гўзаллигимизни асосан тил билан боғлаймиз. Инсоннинг тили гўзал бўлса  бошқаларга ёқимли кўринади. Тил энг аввало, инсоннинг ички дунёси, оламни идрок қилиши, тафаккур тарзи ва камолотини белгилайдиган восита. Тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуи ифодасидир. Биринчи президентимиз Ислом Каримов "Ҳар бир миллат вакилининг ўз тилини билиши ва уни чуқур ўрганиши Она ватани ва халқига бўлган садоқати белгисидир", деган эди. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро ўз она тилини яхши ўрганиши ва ундан ҳаётда, нутқий амалиётда унумли фойдалана олиши керак.

- Истиқлол йилларида тилга бўлган эътибор, уни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталсангиз.

- Истиқлолга юз тутгач, барча соҳаларда бўлгани каби она тилимизга эътибор кучайди.  Мустақилликка эришиш остонасида, яъни 1989 йил 21 октябрда "Ўзбек тили тўғрисида"ги қонун қабул қилиниб, она тилимизга давлат тили мақоми берилганлиги тилимиз ривожини янги босқичга кўтарди. Миллий тилимизга эътибор, уни ўқитиш, ўрганиш, дарсликлар тайёрлаш, мутахассисларга қўйилган талаблар масалалари тубдан ўзгарди. Бу амалда ўз самараларини бермоқда. Тилимиз йилдан йилга бойиб, янада   мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили Президентимиз фармони билан Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса она тилимизнинг кейинги тараққиёти учун муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Бугун тилимизни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш  борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали тилимизнинг софлиги, бойлиги, унга  бўлган эътибор имкониятларидан     нутқда, амалиётда самарали ва ўринли фойдаланиш масалаларида катта ҳажмдаги тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

- Бугун юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг она тилимиз софлигини сақлаш, тилга бўлган ҳурмат ва эътиборини қандай баҳолайсиз?

- Бугун тилимиз чин маънода ҳурмат, эътибор топган. Она тилимиз шубҳасиз, ҳар бир  юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди. Бироқ "шоли курмаксиз бўлмаганидай" айрим кишилар, баъзи бир ёшларимиз томонидан унинг софлигини сақлаш, ўринли ва тўғри фойдаланишда салбий ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, нутқнинг софлигини бузувчи алоҳида ҳолатлар бор. Бу илмий тилда "диалектизмлар" дейилади. Шевага хос сўзлар, чет тилдаги сўзларни ноўрин қўллаш - "варваризм", қўпол, дағал, ҳақорат сўз иборалари ишлатиш ҳолатлари эса "вулгаризмлар" дейилади. Ёки бир хил сўзларнинг такрори, кўп такрорланиши "паразит сўзлар" ифодаси билан ном олган. Ёхуд оддий сўзлашувда бир хил қолипдаги идоравий сўзлардан фойдаланиш "канцеляризмлар" дейилади. Буларнинг барчаси нутқнинг софлигини бузувчи кўринишлар ҳисобланади. Айни кунда улар орасида энг кўп учраётгани "варваризмлар",  яъни ноўрин, чет сўзларни ишлатиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Айрим ёшларимиз мулоқот жараёнида "вообше", "так что", "нормальний" сингари сўзлардан фойдаланишлари нафақат ачинарли, балки уларнинг тилимизга бўлган ҳурматсизлиги кўринишидир. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун энг аввало, таълим даргоҳларида мутахассислик фанлари доирасида ёшларимизнинг тилимизга бўлган меҳрини, нутқ маданиятини оширишга, ҳар бир сўздан ўз ўрнида ва ўринли фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимимз зарур.

  - Сўзлашув, нутқимизнинг чиройли бўлиши, она тилимизга бўлган ҳурматнинг шаклланишида оиладаги муҳит ҳам муҳим роль ўйнайдими?

 - Албатта! Она тилимизни софлиги ва гўзаллигини сақлашда оиладаги сўзлашув, тилга муносабат масаласи жуда муҳим роль ўйнайди.  Тилимизнинг бутун сеҳру жозибаси энг аввало, она алласи билан гўдак онгига сингиб боради.    Фарзандларимизга тили чиқиши биланоқ тўғри сўзлашни, нутқида сўзларни ўз ўрнида қўллашни, сўзларни бузмасдан гапиришни ўргатишимиз керак.

Сўзлашув, муомала-муносабатда ота-она ўзи тўғри сўзлаб, фикрини тўғри ифодалаб, гўзал ифода имкониятлардан фойдаланса, уйда чиройли сўз ва иборалар янграб турса, ана шундай муҳитда катта бўлган боланинг сўзлашувида ҳеч қандай салбий ҳолат бўлмайди. Мисол учун, эндигина тили чиқаётган болага нонни "нанна", сувни "умма", ошни "ашша" деб эмас, балки ҳар бир нарсанинг ўз номини тўлиқ айтилишини ўргатишга алоҳида эътибор бериш лозим. Шунда фарзандларимиз тўғри нутқий жараёнга тезроқ мослаша оладилар. Бу болаларнинг нутқий камолотга эришувига яқиндан ёрдам беради.

- Тилнинг софлиги, нутқ-нинг равонлигида адабий тил меъёрлари қандай аҳамиятга эга?

- Адабий тил меъёрлари тўғри сўзлаш қоидаларини ўзида акс эттиради. Бу меъёрларни ўрганмас эканмиз, нутқи-миз тоза ва тўғри бўлмайди. Нутқнинг тўғри, аниқ, барча учун тушунарли ва жозибали бўлишида тил қоидалари, меъёрларига риоя қилиш муҳим роль ўйнайди. Баъзан телекўрсатув, радиоэшиттиришларда айрим сухандонлар, бошловчилар томонидан, айниқса, кейинги йилларда тасвирга олинган кўплаб кинофильмларда шеваларнинг ҳаддан ортиқ кўп қўлланилаётганлиги, реклама баннерларидаги ўзбекона сўзларнинг     нотўғри ёзилиши билан боғлиқ ҳолатлар барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки бу каби ҳолатлар адабий тил меъёрларининг, тилимиз софлигининг бузилишига хизмат қилади. Шунинг учун сўзлаётганда масъулият ҳиссини англаб, айтаётган ҳар бир сўзга эътибор бериш орқали бу борадаги хатоликларнинг олдини олишимиз лозим. Адабий тил меъёрларига амал қилмас эканмиз, нутқда камчилик бўлаверади.

Мухтасар айтганда, ҳар бир инсонда сўз зеболиги бўлсин. Яъни сўзлашувда, фикримизни ифодалашда турли, жозибадор сўзлардан фойдалана олишни билайлик. Рангин либослар кийиб ҳаммага чиройли кўрингимиз келганидек, сўзда ҳам зеболик ишлатиб ҳаммани лол қила олайлик. Бунинг учун ҳар бир сўзнинг қудрати, жозибасини яхши билишимиз, сўз бойлигимиз кўп, тафаккуримиз кенг бўлиши керак.       

 - Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

 суҳбатлашди.

"...ҲАР ШЕВАНГДА МИНГ ЖИЛОЛАР"

(43-сон) Эътироф ва эъзоз

Она Ватан. Она табиат. Она тили... Бу тушунчалар бир-бирини ҳам шаклан, ҳам мазмунан тўлдиради. Бундай тенгсиз қиёслар замирида ҳар бир халқнинг, миллату элатнинг ўтмиши, бугуни, эртанги нурли тақдири мужассам. Бир ҳақиқат аёнки, ер юзида тилсиз, забонсиз миллат ҳам, элат ҳам йўқ.

Маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир" деган эди.

1989 йил 21 октябрь она тилимиз - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарих саҳифасига битилди. Ана шу сана ҳар йили мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг нишонлаб келинади. 

Энг муҳими, истиқлол йилларида  она тилимизга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Ҳар бир оила, боғча, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида она тилимизни қадрлаш, эъзозлаш билан боғлиқ хайрли тадбирлар, бадиий-маърифий кечалар уюштириш анъанага айланди.

Кейинги йилларда қаерга бормайлик, кўчада бўладими, бозор ёки транспортдами одамларнинг муомала-маданиятида, сўзлашувида тилимиз      софлигига интилиш ортиб бораётганлиги эътиборимни тортяпти. Айниқса, тарихий жойлар ўз номи ва соф ўзбек тилида айтилаётганлиги қувонарлидир.

Бундан кўринадики, тилимиз софлиги ва бойлигини сақлаш борасида йиллар давомида қилинаётган сайъ-ҳаракатлар ўз мевасини бермоқда. Тилимизни қанчалик қадрласак, маънавиятимиз ва ғуруримиз шу қадар юксалишини кекса-ю ёш қалбан англамоқда.   

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари ҳар бир юртдошимиз қалбида она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодасининг ёрқин бир намунаси десам асло муболаға бўлмайди:

 

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,

Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Бир қарасам, ҳар шевангда минг жилолар,

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар,

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

Она тилим, эй муқаддас, Она тилим!

 Марғубахон МИРЗАЕВА,

Балиқчи тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси.

 

 

ВИЛОЯТИМИЗДА БИР ГУРУҲ ФУҚАРОЛАРГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАСПОРТИ ТОПШИРИЛДИ

(43-сон) Фармон ва ижро

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ юртдошларимизга фуқаролик паспортларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганлиги таъкидланди.

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари билан фуқаролиги бўлмаган юзлаб ҳамюртларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Бу уларнинг мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган  ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини берди.

- Йил бошидан буён вилоятимизда истиқомат қилаётган 47 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди, - дейди  вилоят ИИБ мигирация ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси  катта инспектори, майор Жаҳонгир Исмоилов. -  Уларнинг барчасига фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. 

- 1993 йилда Қирғизистон Республикасидан келин бўлиб тушганман, - дейди Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Насибахон Матмусаева. - Фарзандларим, оиламдан кўнглим тўқ, мактаб ва коллежларда таълим олмоқда. Ҳозирда Жалақудуқ туманидаги "Бахт" автоуюшмасида ҳамшира бўлиб ишлайман.

Кўп йиллардан буён тинч ва обод юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қиляпман. Лекин қалбимда бир армон бор эди. Шу юртда яшаб туриб, Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун ана шу армоним ушалди. Ўзбекистон фуқароси бўлдим, шу юрт фуқароси сифатида яшаш бахти насиб этганидан беҳад хурсандман. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Энди Ватаним равнақига янада катта ғайрат, шижоат билан ҳисса қўшаман.

Тадбирда вилоят ҳокими  Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди ва фуқаролик паспортларини ўз эгаларига топширди.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА,

 

жамоатчи мухбир.