+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚИЗЛАР ФЕСТИ ВИЛОЯТИМИЗ ЁШЛАРИНИ ЯНАДА ЖИПСЛАШТИРДИ

(42-сон) 11 октябрь - Халқаро қизлар куни

Кеча Андижон давлат университетида Халқаро қизлар куни муносабати билан "Қиз бола - бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир" шиори остида қизлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур   фестивалда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

- Муҳтарам Президентимизнинг юқоридаги фармони, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, қизларга бўлган эътиборни янада юқори поғонага кўтариш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, билим олишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур фестивалда қизларимиз фаол иштирок этди, - дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Мавлудахон Низомова. -  Қолаверса, фестиваль тадбирлари турли тоифадаги қизларимиз ўртасидаги жипслик, ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Дарҳақиқат, ушбу  фестиваль қизларимизнинг билим олишга бўлган қизиқишини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, иқтидорли қизлар сафини кенгайтиришга, шунингдек, уюшмаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш, муомала маданиятини юксалтиришга, онг-тафаккурини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик муносабатларини шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Фестиваль доирасида ижодкор қизларнинг назм, наср, амалий санъат, ҳунармандлик ва мусаввирлик йўналишларидаги ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Юрт ободлиги, тинчлик, бахтли болалик, Ватаннинг гўзал манзаралари акс этган ана шу асарлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

- Андижонимизда иқтидорли қизлар жуда кўп, - дейди Зулфия  номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Севара Фозилжонова. - Қизларимиз томонидан намойиш этилган жозибадор либосларда миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлиги, дизайннинг ўзига хос услубларидан кенг фойдаланилишини яққол кўриш мумкин. Очиғини айтганда, ана шу ёш иқтидор соҳибалари келгусида бундан-да гўзал либослар яратиб, Андижонимиз шуҳратини янада оширадилар.

Вилоятимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари иштирокидаги "Ўзбек аёлларининг тарихий сиймоларига муносиб издош бўлайлик" мавзусида ўтказилган ижодий учрашув, вилоят соғлиқни сақлаш   бошқармаси, репродуктив саломатлик, Маънавият ва маърифат марказлари вилоят бўлимлари мутахассислари томонидан "Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари", "Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва репродуктив саломатлик", "Ёшларни турли ғоявий таҳдидлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш - муҳим масала" сингари   мавзулардаги маъруза-тақдимотлар қизларимизнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитди.

- Тенгдошларимиз, айниқса, уюшмаган ёшлар вакилларининг турли ғоявий таҳдидлар ва "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишда биз етакчилар  фаол бўлишимиз керак, - дейди Андижон давлат университети талабаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли  Хуршида Аъзамжонова. -  Бу борада ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишларини янада кучайтириш яхши самаралар беради.

Иқтидорли ижодкор қизлар мушоираси ҳақиқий шеърият байрамига айланди. Ижодкор қизлар томонидан ўқилган шеър ва ғазаллар, адабиёт, ижод хусусида мунозаралар уларнинг ижодга бўлган қизиқишларини янада оширди.

 Ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқиши, уларнинг мутолаа маданиятини ошириш мақсадида ўтказилган  "Қизлар кўпроқ китоб ўқисин" мавзусидаги тадбир иштирокчилари китобнинг инсон ҳаётидаги, маънавий дунёсини бойитишдаги беқиёс ўрни, ёшлар ўртасида китоб ўқишни кенг тарғиб этиш хусусида ўзаро фикр алмашдилар.  

- Мазкур тадбир ёшларимизнинг адабиётга бўлган эътиборини, маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа маданиятини оширишга хизмат қилди, - дейди    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова. - Шу билан бирга, уларнинг дунёқараши, маънавиятини, китобхонлик даражасини янада юксалтирди.

Қизиқарли ва байрамона руҳда ўтган фестиваль тадбирлари қизларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, тенгдошлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга кўмаклашди, уларни миллий урф-одат, қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ КЕНГ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(42-сон)

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устиворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида   муҳим вазифалар белгиланган.

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Ҳаракатлар Стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Андижон шаҳридаги 40- мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчиларга "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.

-  Фуқароларимиз истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билишлари керак, - дейди жамият раиси М. Қодиров. - Савдо-сотиқ жараёни, айниқса, коммунал идоралар билан муносабатларда бу нарса муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ҳуқуқларимизни қанчалик пухта билсак, мажбуриятларимизни тўла-тўкс адо этсак, ортиқча муаммоларга тўқнаш келмаймиз.  

Тадбирда савдо маданиятини юксалтириш, истемолчиларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини, маданиятини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Бу каби тадбирлар шаҳримиздаги умумтаълим мактаблари,  мактабгача таълим муассасалари,  корхона ва ташкилотларда мунтазам ўтказилмоқда ва фуқароларнинг истеъмол маданиятини юксалишига ёрдам бермоқда.

 

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

 

Андижон шаҳар Истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси.

ОҚИЛА, МАЪНАВИЯТЛИ АЁЛНИНГ ОИЛАСИ ТИНЧ БЎЛАДИ

(42-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Моҳидилхон НИШОНОВА: Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг қадрдоним

Кўп йиллар туман хотин-қизларининг етакчиси сифатида иш юритганман. Маълум муддат маҳалла ишида фаолият олиб бордим. Мана бир неча ойдирки, яна туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида  ишлаяпман.

Фаолиятим давомида турфа тақдирлар, турфа муаммодаги аёлларга дуч келганман. Аёлларнинг табиати, тушунчаси турлича бўлса-да, лекин уларни она, рафиқа, севимли ёр, опа-сингил сифатида умумий жиҳатлар бирлаштириб туради. Мунис, муҳтарама аёллар миллат давомчиларини дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказадиган, оилаларнинг кўрки, жамиятимиз гултожидир. Шу боис ҳар бир аёлга ўзгача ҳурмат билан қарайман, ҳузуримга келган ҳар бир аёл билан дилдан суҳбатлашаман, Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг  қадрдоним, десам асло муболаға бўлмайди.

Туманимизда яшаётган 107 минг нафардан ортиқ аҳолининг 60 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини асраш, бандлигини таъминлаш каби қатор йўналишларда туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги глобаллашув даври ҳар бир аёлнинг жамиятдаги жараёнларда фаол бўлишини талаб этмоқда. Чунки у фаол, оқила, уддабурон, юксак маънавиятли бўлмас экан, маҳаллада, оилада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси борасида муаммолар юзага келаверади. Ана шундан келиб чиқиб, қўмитамиз, қўмита қошида иш олиб бораётган "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ва  бошқа қатор ҳамкорликда иш олиб борувчи ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш,  уларнинг фаолияти билан боғлиқ барча йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Маълумки, Хўжаобод саноатлашган туман ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ишсизлар, айниқса, ишсиз ёшлар жуда кам. Ёшларимиз касб-ҳунар коллежларини тамомлашлари билан аввало, мутахассисликлари ёки қизиқиши, эгаллаган ҳунаридан келиб чиқиб, бандлиги таъминланмоқда. Бундан ташқари, тумандаги ишга эҳтиёжманд ёшлар, хотин-қизлар рўйхати тузилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази кўмагида уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлаб чиқариш корхоналарига таклифлар юборилмоқда. Яқин кунларда хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича "Бўш иш ўринлари" ярмаркаси ўтказишни режалаштирганмиз. 

Фаолларимиз,  бошланғич ташкилотларимиз етакчилари туманда ташкил этилган секторлар аъзолари, оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган гуруҳлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида барча оилага кириб суҳбатлар ўтказдилар, оилаларнинг яшаш шароитлари, муаммолари аниқланиб, уларга имкон қадар ёрдам кўрсатиляпти. Туманимиздан 30 ёшгача бўлган 52 нафар имконияти чекланган фуқаролар аниқланиб, уларга ҳомийлар бириктирилди.  Ногирон болаларга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса имконияти чекланган инсонларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётга бўлган умид ва қизиқишларини оширишдир.

Томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Кўплаб оилаларга, хусусан, хотин-қизларга ўз хонадонида иссиқхона барпо этиш, чорвачилик, паррандачилик ёки ҳунар-  мандлик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни маиший техника воситалари - холодильник, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, телевизор билан таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Туманимиздаги мавжуд 37 маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, қўмитамизнинг бошланғич ташкилотлари раислари фаоллигини, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида дастур тузилган. Ана шу асосда турли соҳалар мутахассислари томонидан  уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар борасидаги билим ва тушунчалари юксалтирилмоқда. Таъкидлаш керакки, уларнинг ана шу йўналишларда юқори салоҳиятга эга бўлишлари энг аввало, оилалар мустаҳкамлигини, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар билан иш олиб боришда муҳим аҳамият касб этади. Ўтказилаётган семинар, учрашув ва давра суҳбатларида айнан ана масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

... тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Айниқса, аёлларнинг маънавиятини юксалтиришга, китоб, газета ўқишга  бўлган қизиқишини оширишимиз зарур. Чунки газета, китоб ўқиган оқила, маънавиятли, илмли аёлнинг оиласи албатта, тинч бўлади, у тарбиялаган    фарзандлар эса комил инсонлар бўлиб вояга етади.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, айниқса, ажримларга йўл қўймаслик ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Ажримларнинг энг  аянчли оқибати бу - бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, отаси ёки онаси меҳридан бебаҳра  қолишидир. Айрим ажрашаётган ота-оналар фарзандлари қалбига нечоғлик жароҳат етказаётганликларини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари орқали тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Ана шу оилалар билан ишлаш, ўрганиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, биз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим экан. Чунки ёш оила вакилларида оиланинг нақадар муқаддас эканлиги, оталик, оналик масъулиятини тўлақонли англаб етмаётганликлари кўринди. Айрим ёшлар ўта эркин, қизиққон, сабрсиз, алоҳида яшашни хоҳлашади. Афсуски, бу ҳаёт. Ҳамма вақт ҳам кўнгил майлига қулоқ тутиб яшаб бўлмайди. Биз шуларни ёшларга тушунтиришга, ўзлари ҳам бир кун келиб қайнона-қайнота бўлиши, ота-она дуосини олиб яшашнинг саодати тўғрисида "Қайноналар кенгаши" аъзолари, маҳалладаги тажрибали, кўпни кўрган онахонлар кўмагида тушунчалар беряпмиз.

Шу ўринда қизларимизни ҳаётга тайёрлашда ана шу онахонларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

 Аёллар жиноятчилиги масаласида ҳам "Аёл нима учун жиноят қилди?" "Унга нима етмаяпти, сабаби нимада?" эканлиги чуқур ўрганиб чиқилиб, салбий ҳолатларга имкон яратаётган омилларнинг илдизи кесилмоқда. 

Туманимизда туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, айниқса, хомиладор аёллар саломатлигини назорат қилиш  бўйича туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Улар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилиб, текширув натижаларига кўра, турли касаллиги аниқланган аёллар даволанишга жалб этилмоқда. 

Аёл - нафосат, назокат тимсоли. Аёл фақат севиш ва севилиш учун яратилган. Баъзан аёлларнинг рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, ўзининг аёллигини унутиб қўяётганликларига гувоҳ бўляпмиз. Тўғри, уларнинг ҳаёт шунга мажбур қилмоқда. Шундай пайтлар уларнинг турмуш ўртоқларига, фарзандларига қарата: "Аёлни бўйнидан рўзғор юкини соқит қилинг, бироз тин олсин, ахир унинг жони қирқта эмас!" дегим келади. Опа-сингилларимизнинг ҳар ишни эплаб кетадиган, иссиқ-совуққа кўнадиган мулоҳазали эканликлари бор гап. Чунки улар сабр-бардошли, ориятни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Мана шундай аёллар ҳар қанча эҳтиромга, эъзозга муносиб.

Бизнинг асосий мақсадимиз, ана шу улуғ зотнинг ҳаётини янада яхшилашга, бахтидан, турмушидан масрур бўлиб яшашига кўмаклашишдир. 

 

Моҳидилхон НИШОНОВА,

 

 Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Жаннатим, иймоним - боримсан, Ватан!

(42-сон)

МУНАВВАРА

Бирида  болангман, бирда боламсан,

Гоҳида алла-ю гоҳи аламсан.

Отамдай соғиниб, боламдай суйиб,

Кунимга куйганим, мунис онамсан,

Ҳар лаҳза  керагим - коримсан, Ватан!

 

Қуламас деворсан - отам тиклаган,

Тугамас дуосан- онам тилаган.

Тебратган бешигим, ётган бешигим,

Сен нурсан, жонимни ўтга ўраган.

Соғинган меҳробим - тўримсан, Ватан!

 

Аждодлардан  мерос мукаррам тупроқ,

Яхшилар йўлида сўнмаган чироқ,

Кўркли, кўкингдаги лочин болангман,

Йўлаган қузғунга соламан титроқ,

Юксак чўққидаги қоримсан, Ватан!

           

Сени бешик дедим, мен бедор дедим,

Суяган тоғ дедим, мардга ор дедим.

Кафтимда чўғ тутиб ҳайқиргум бугун,

Бўлса сендай макон битта бор дедим.

 

Жаннатим, иймоним - боримсан, Ватан!

ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ТАШАББУСИ

(42-сон)

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси ташаббуси билан бир гуруҳ тадбиркор аёллар Бўз тумани далаларида бўлишиб, пахта ҳосилини териб олишга ўз ҳиссаларини қўшди.

Шу кунларда вилоятимизда пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Қуёшли кунлардан унумли фойдаланиш, етиштирилган оқ олтинни нест-нобуд қилмай териб олиш мақсадида вилоят ҳокими томонидан эълон қилинган зарбдор ўн кунликка жавобан вилоятимиздаги турли корхона, муассаса ва жамоат ташкилотлари вакиллари теримда фаол иштирок этмоқда.

- Бўлинмамиз ходимлари, тадбиркор аёлларимиз вилоят ҳокими даъватига лаббай деб жавоб берди, - дейди "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси раҳбари Саида Муҳитдинова. - Тадбиркор аёллар ташаббуси билан ташкил этилган гуруҳимиз пахта териш билан бирга, ҳашарчи опа-сингилларимизга ўзлари ишлаб чиқараётган турли маҳсулотларни совға қилиб, уларнинг руҳияти ва шижоатини янада оширмоқда. Бу эса терим суръатини ўсишига ёрдам бермоқда.

Дарҳақиқат, Шоирахон Исроилова, Наргизахон Мирзаалимова, Озодахон Йўлдошева, Одинахон Отахонова, Раънохон Аҳмедова, Мавжудахон Қурбонова, Муҳаббатхон Азизова, Одинахон Саидова, Санобархон Раҳимова сингари тадбиркор аёлларимиз Бўз тумани М. Жалолов массивидаги "Сариқжўга толаси" фермер хўжалиги далаларида пахта тераётган 291- отряд аъзолари билан ёнма-ён туриб теримда иштирок этдилар.

Тушлик пайтида эса тадбиркор аёллар отряднинг 150 нафарга яқин аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларга ўзлари ишлаб чиқарган турли маҳсулотларни улашдилар.

- Кўрсатилган эътибор ва ҳимматдан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, - дейди теримда иштирок этаётган Мақсудахон Қундузалиева. - Бундан кайфиятимиз кўтарилди, шижоатимиз янада   ортди.

Тадбиркор опа-сингилларимизнинг ҳиммати хашарчиларнинг кайфиятини, иш унумдорлигини янада кўтарди. Натижада терим салмоғи ортиб, шу куни терилган "оқ олтин" ҳирмони 11 тоннадан ошиб кетди.

Тадбиркор аёлларнинг бундай ташрифлари вилоятимизнинг бошқа туманларига ҳам уюштирилмоқда.

 

 

Бибиҳадича НЕЪМАТОВА,

 

Бўз тумани. 

МАЙИЗ, ЁНFОҚ ВА НЎХАТ - КАЛИЙГА БОЙ МАҲСУЛОТ

(41-сон)

Инсон организми учун калий (К) қанчалик зарур эканлигини биласизми?

Агар организмимизда ана шу кимёвий элемент етишмаса турли хил касалликлар келиб чиқади.Бу касалликларни енгиш учун тўғри овқатланишга эътибор қаратиш лозим. Калий бирикмалари юрак мушаклари ишини яхшилайди, организмда мушак тўқималарининг ишини бошқаради. Калий алмашинувининг бузилиши биринчи навбатда юрак тўқимаси ишининг бузилишига сабаб бўлади. Бу эса юрак санчиши, чарчаш, бош айланиши, юрак ритмининг бузилиши, турли шишларга олиб келади. Калий моддасига бир суткада 2 грамм эҳтиёж бўлади. Шунинг учун калийга бой маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиб туришимиз керак.

 

Ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотларимизда калийнинг миқдори:

 

Товуқ тухуми - 140,00 мг

Қатиқ - 144,00 мг

Ёнғоқ - 664,00 мг

Нўхат - 731,00 мг

Майиз - 860,00 мг

 

Меваларда калийнинг миқдори:

Тарвуз - 64,00 мг

Қовун - 118,00 мг

Узум - 255,00 мг

Олма - 238,00 мг

Нок - 155,00 мг

Шафтоли - 305,00 мг

 

Агар организмингизда етарли миқдорда калий бўлишини, соғлом ва муаммосиз турмуш тарзини  истасангиз, таомномангизни  витамин ва оқсилларга бой маҳсулотлар билан     бойитинг.  Майиз, ёнғоқ ва нўхат - калийга бой маҳсулот. Бу маҳсулотлар, айниқса, ўсаётган организм, яъни ёш болалар учун ғоятда фойдалидир.

 

Дурдона САДИРДИНОВА,

 

Андижон тиббиёт коллежи 2-босқич ўқувчиси.

"ТЎНFИЗ ҚАВМИДА КЕТГАНЛАР"

(41-сон)

ёҳуд ўз жонига қасд қилишнинг ёмон оқибатлари

Кейинги пайтларда "фалончи ўзини осиб қўйибди, фалон жойда бир аёл ўзига ўт қўйибди" қабилидаги гаплар қулоғимизга чалинмоқда. Тавба, дейман ўзимга-ўзим. Яратган инъом этган бебаҳо неъматга шукр келтирмасдан, вақт-соатини кутмасдан, ўз ажалини чақиришга шошилган кишиларни қандай тушуниш мумкин? Ахир бу дунёга келмоқ ҳам, бу дунёдан кетмоқ ҳам бизнинг қўлимизда эмас-ку.

Чинакам мўмин банда ўзига етадиган бало ва мушкулотларга сабр қилади. Аллоҳнинг берганига қаноат қилади. Унинг учун бахтли кунлар билан бирга мусибатли, қайғули кунлар бўлиши ҳам табиий. Яхши кунларида ҳам Аллоҳга шукр айтиб, унинг амрларига содиқ қолади. Лекин бир кам дунё деганларидек, бу ҳаётда яхшилар билан бир қаторда ёмонлар ҳам бор. Ёмон одам сидқидилдан қилинган яхшилик учун   тенгсиз мукофот - жаннат борлигини билмайди. Шу боис, кимнидир дилини вайрон қилади, кимгадир зулм кўрсатади, кимнингдир бошига турли кўргуликларни солади, кимнингдир ҳақига хиёнат қилади, кимнидир боши берк кўчага киритиб қўяди. Натижада инсонлар ўзларига берилган энг улуғ неъмат - ҳаёт эканлигини унутиб, жонларига қасд қиладилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг "Шоядки тақводор бўлсак" номли китобида шундай ёзилган: "Ҳозир инсоният орасидаги кулфатларнинг энг оғири бу - ўз жонига қасд қилиш бўлиб қолди. ... айрим аёллар ўзига ўт қўйиб нобуд бўлмоқда. Бу эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак. Баъзилар буни миллий қашшоқлик деб атасалар, баъзилар диний эътиқодга боғламоқдалар. Лекин биз шуни қатъиян таъкидламоқчимизки, ўзини ёқиб юбораётган аёллар мустаҳкам диний эътиқодга эга эмаслар. Дунёдаги ҳеч бир дин инсонларни Аллоҳ тарафидан берилган ўз омонатига ноҳақ зулм қилишга буюрмайди. Балки, барча динлар қатори Исломда ҳам ўз жонига қасд қилиш бу энг оғир гуноҳдир".

Ўз жонига қасд қилиш нафақат аёллар, балки эркаклар орасида ҳам учраётгани ачинарли ҳолдир. Суиқасднинг турли усуллари кўплаб миқдорда    кимёвий дориларни ичиб олиш, ўт қўйиш, сувга ташлаш ва яна бир қанча кўринишда бўлаётганлиги айтиб ўтилмоқда.

Ўз жонига қасд қилиш қайси усулда бўлишидан қатъи назар, катта, кечирилмас  гуноҳдир! Қуръони Каримда ёзилишича, ҳар кишики ўзини-ўзи ўлдирса, то қиёматгача ҳар куни ўлиб-тирилади. Агар ўзини осиб ўлдирган бўлса, тирилиб, яна осади. Бу ҳол қиёматгача давом этади. "Ўлиб кетсам қутуламан"  деган фикр мутлақо нотўғри. Диний китобларда "Ундайлар "тўнғиз қавмида"кетурлар. Ўз жонига қасд қилганларга жаноза буюрилмайди" дейилади. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) марҳамат қилиб дебдурлар: "Ҳеч бирингиз ўлимни истамангиз... Агар яхши бўлсангиз (яшаб) балки яхшилигингиз ортур, ёмон эсангиз, балки тавба қилиб қолурсиз".

Мўминнинг зиммасида яқинлари, атрофдагиларга нисбатан жавобгарлиги, мажбуриятлари бор. Бу - қўни-қўшни, қариндош-уруғ, дўст-биродарларга нисбатан меҳр-муҳаббат, ҳамдардлик, муҳтожларга кўмак беришлик, айниқса, тушкун кайфиятдаги инсонларга ёрдам қўлини чўзишликдир. Бу вазифани сидқидилдан адо этиш, яъни тушкун ҳолатга тушиб қолган инсонларга кўмак бериш кишини икки дунё саодатига эриштиради!

Яратган барчаларимизга инсоф ато этсин, ҳеч бир банда ўз жонига қасд қилишдек гуноҳга қўл урмасин.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҲОЖИ қизи

ОИЛАЛАРГА КИТОБЛАР УЛАШИЛМОҚДА

(41-сон) Жараён

Вилоятимизда "Оилага маърифат улашамиз" шиори остида тарғибот лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиё-евнинг жорий йил 20 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилмоқда, кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандларига турли мавзулардаги китоблар - бадиий адабиётлар тарқатилмоқда.

- Муҳтарам юртбошимиз ўз нутқида "Одамлар, биринчи навбатда ёшларнинг онгу-тафаккурини маърифат асосида тарбиялаш энг муҳим вазифа" эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Аббосбек Исроилов. -   Президентимизнинг ана шу фикрларидан келиб чиқиб, китоб сотиб олишда имконияти чекланган оилалар фарзандларига китоблар тарқатиш орқали уларнинг китобга бўлган қизиқишини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини  янада ошириш кўзда тутилган.

Избоскан туманининг Гузар, Амир Темур маҳаллаларида ўтказилган тадбирларда аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар катта қизиқиш ҳамда фаоллик билан иштирок этди. Президентимизнинг маърузаси одамлар ўртасида маърифатни кенг    тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши, у киши томонидан илгари сурилган фикрлар жаҳон жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланаётганлиги, умуман, кейинги йилларда мамлакатимизда китоблар нашр этиш, ҳар бир оилада китобга ва китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, инсон камолоти ва маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли, китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларимизда ёт ғоялар, турли иллатларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирлар доирасида ўндан ортиқ оила фарзандларига 10 турдаги   китоблар совға қилинганлиги ёшларга чексиз қувонч бағишлади.

 - Бадиий китоб ўқишга жуда қизиқаман, - дейди Гузар маҳалласида яшовчи Дониёрбек Илҳомов. - Маънавият маркази мутахассислари, бир гуруҳ зиёлилар томонидан оиламизга қизиқарли китоблар совға қилинганлигидан бехад хурсандман. Ушбу китобларни албатта ўқиб чиқаман, ишонаманки, улар тафаккур ва маънавиятимни янада оширишга ёрдам беради.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

 

Алимардон АСҚАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси.

БЕЗОВТА РУҲЛАР

(41-сон) Сир-синоатли дунё

Бу оламда инсон ақл-заковати англашга ожизлик қиладиган жумбоқли ва сирли воқеа-ҳодисалар борки, уларни эшитиб, ишониш-ишонмасликни билмай қоласан, киши. Айниқса, руҳлар билан боғлиқ ҳодисалар ҳар қандай кишини хайратга солади. Ҳақиқатни юзага чиқариш учун арвоҳлар баъзида инсонларга таъсир кўрсатиши, турли жиноятларнинг фош этилишига ёрдам бериш билан боғлиқ воқеалар инсоният тарихида кўп бор такрорланган. Келинг, яхшиси қуйида ана шундай ҳодисалар билан боғлиқ турли манбаларда ёзиб қолдирилган айрим воқеалар билан танишиб ўтамиз. Ўз даврида инкор этиб бўлмас факт ва далилларга асосланган, кенг жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлган ана шу ҳодисаларга ишониш, ишонмаслик эса ўзингизга ҳавола.

 Нима бўлганда ҳам ҳаёт жумбоқ, мўъжиза. Унинг сир-синоатларини тушунишга инсон ожизлик қилади.

Ижара уйдаги арвоҳ

1991 йили Нью-Йорк штати олий суди даъвогар яшаган уйда руҳлар келиб туришини ҳақиқат деб топди. Шу муносабат билан жавобгарга шартномани бекор қилиш ва тўланган пулни қайтариш мажбуриятини қўйди. Бу нафақат АҚШ суд тизимида, балки дунё амалиётида оламшумул даъво иши эди. Арвоҳларнинг мавжудлиги    бошқа расмий идорада эмас, балки айнан суд мажлисида ўз исботини топди. Гап шундаки, эр-хотин Стамбовскилар Элен Экли сотган уйда арвоҳлар борлигини айтмагани учун даъво билан чиқишган эди.

* * *

Нью-Жерси штати олий судида ҳам шунга ўхшаш иш кўриб чиқилди. Эр-хотин Хосе Чинчилла ва Мишель Чинчилла арвоҳлар бўлган бир хонали уйини топширгани учун ижарага берувчидан шикоят қилишганди. Ўша кундан буён ҳаловат йўқ, руҳлар тинчлик бермасди.

- Уйдаги арвоҳ шовқин солади, ҳар хил овозлар чиқаради, ухлашга қўймайди, эшикларни уради, - деди Хосе Чинчилла судда. - Зўрға уйқуга кетганимизда чойшабларни тортқилайди.

Улар ижарага уй берувчидан 2250 доллар товон пули тўлаш ҳамда ижара учун олган пулларни қайтаришни талаб қилишди. Эр-хотин ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш мақсадида АҚШ паранормал илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилишди. Ҳатто, арвоҳ акс этган видеолавҳани ҳавола этдилар. Бир неча ой ўтгач, мутахассислар видеолавҳа қалбаки эмаслиги, унда акс этган лавҳалар далил бўла олишини тасдиқладилар. Дарғазаб бўлган ижара берувчи Хосе Чинчиллалар устидан қарши даъво аризаси берди.

Ўрта асрларда бундай суд жараёнлари ўлим ҳукми билан якун топган. Жумладан, 1631 йили Англиядаги Дарем графлигида кўриб чиқилган иш эътиборга молик. Тегирмончи Жеймс Грэмнинг айтишича, қонга беланган аёлнинг арвоҳи тегирмонга келиб, уни Шарп ва Уокерлар ўлдирганини баён қилган. Жасадни кўмир шахтасига улоқтиришган, қотиллик аслаҳасини эса Шарпнинг уйида яширишган. Марҳума Жеймс Грэмдан қотиллик ҳақида маҳаллий магистратга хабар қилишни илтимос қилган. У ердагилар бу гапга жиддий ёндашишди, шу сабабли ўлдирилган аёлнинг мурдаси ва қотиллик аслаҳасини топиш унчалик машаққат туғдирмади. Иш судга оширилди. Кейин эса барча далиллар ўз исботини топиб, ёвуз қотиллар ўлим жазосига ҳукм этилди.

* * *

XIX аср охирида Россияда ҳам шундай воқеа рўй берган. Княгиня Александра Каховская нимадир бўлиб истеъфодаги прапоршчик Есиповнинг қўрғонига келди. Есипов саҳна санъатининг ошуфтаси бўлиб, ўз театрига эга эди. У актриса Грушенька-Мешковани жон-дилидан яхши кўрарди. Александра Фёдоровнани кутиб олган бош хизматкор унинг қочиб кетгани, хўжайин эса ғам-ғуссага ботган ҳолда қўрғонни тарк этганини хабар қилди. Ўшандан буён бу масканда қандайдир арвоҳ пайдо бўлган эмиш.

Fаройиб хабар хаёлини банд этган Каховская кечани қўрғонда ўтказишга аҳд қилди. Кейин эса, ярим тунда эшик   тирқишидан қараб, аёл кишининг оппоқ шаклдаги шаффоф шарпасини кўрди. У Каховскаяни ўзига имлаб чақирарди. Шаффоф шарпа ҳовлига чиққач, дарахт ёнида жимгина турди ва лаҳза ўтмай ҳавога сингиб кетди. Эртаси куни Каховская бу жойда кавлаш ишларини олиб борди ва аёл мурдасига дуч келди. Хизматкор Грушенькани таниди. Судда графиня шу қадар далилларни қалаштириб ташладики, оқибатда Есипов рашк туфайли қотилликка қўл урганини тан олишга мажбур бўлди.

 

Онанинг марҳум ўFли билан суҳбати

1907 йилнинг октябрида Американинг Аннаполис шаҳрида ҳарбий хизматчи Жеймс Саттоннинг ўлгани ҳақида хабар келди. Гувоҳларнинг айтишича, зиёфатда ҳаддан зиёд ичиб маст бўлган лейтенант ўзининг чаккасига тўппонча тираб, ўқ узган. Жеймснинг онаси бу ҳақда эшитиб, ишонгиси келмади. Орадан бир неча кун ўтгач, арвоҳ кўринишида кўзига кўринган ўғли бу шубҳаларни тасдиқлади. "Онажон, мен ўзимни ўлдирмадим! Бу ишни менга нисбатан ёлғон кўрсатма берганлар амалга оширишди", - деди у. Шундан сўнг Жеймс фожиа билан боғлиқ муҳим тафсилотларни айтиб берди. Онаизор ўша пайтда фаолият юритган психик тадқиқотлар жамиятига мурожаат қилди. Уни жамият президентининг шахсан ўзи, Колумбия университети профессори Жеймс Хислоп қабул қилди. Профессор мурдани суд-тиббий экспертиза қилиш учун очиш кераклигини айтиб туриб олди.

Экспертиза ўлдирилган лейтенантнинг кўплаб жароҳатлари борлигини кўрсатди - бу ҳақда арвоҳ баён қилган, унинг ҳаётига нуқта қўйган ўқ эса бош-қа қўл билан амалга оширилган эди. Онанинг марҳум ўғли билан суҳбати жиноятчиларни фош этиш ва уларни суд курсисига ўтқазишга олиб келди.

* * *

1977 йили Чикагода камдан-кам учрайдиган ғаройиб ҳодиса юз берди. Шаҳар шифохоналаридан бирида ишловчи врач - Терезита Басанинг уйида ёнғин чиқди. Тезкор хизмат ходимлари етиб келгач, уй эгасининг ўлдирилганига гувоҳ бўлдилар. Кўксига пичоқ қадалган шифокор яланғоч ҳолда ётар, унинг бўйнида бўғиб ўлдирилганлик излари бор эди.

Уйдан қимматбаҳо буюмлар ва жамғармалар ўғирлиб кетилганди. Бунга арвоҳнинг нима алоқаси бор деяпсизми?.. Гап шундаки, орадан икки йил ўтгач, судда... ўлдирилган аёлнинг ўзи кўрсатма берди!

Воқеа шундай бўлган. Худди шу шаҳарда Хосе Чуа хотини Реми билан истиқомат қиларди. Улар ҳам врач бўлиб, марҳума Терезита Баса ишлаган тиббиёт муассасасида фаолият кўрсатишарди. Қотилликни очишда шу омил муҳим аҳамият касб этди.

Агар Реми уйқусида бақира бошламаганида бу шифокор эр-хотиннинг ҳаёти аввалгидек бир маромда ўтаётган бўларди. Қизиғи шундаки, аёл уйқусираб испан тилида қичқирарди. У ўзини Терезита Баса ҳисоблар, Алан томонидан ўлдирилганини такрорларди. Дарвоқе, Алан Шоуэри улар билан бирга ишлар, аммо тушунарсиз сабабга кўра, эр-хотин қўрқинчли туш ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар қилишмади.

Алоқ-чалоқ туш кўриш,  босинқираш тўхтамади, қотиллик воқеасига янги тафсилотлар,  баёнлар қўшилаверди. Ниҳоят, улар полицияга боришга қарор қилишди. У ерда эса Алан Терезитанинг уйига телевизор тузатиш учун келгани, ўғирлаган буюмларни ўзининг яқин танишиникига яширганини айтиб беришди.

Полиция кўрсатмаларни текширишга киришди ва Аланнинг таниши Янкининг уйидан Терезита ўлдирилган куни ўғирланган буюмлар топилди.

Қотил Алан далиллар олдида довдираб қолди. Унинг қилган жиноятига иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмаган эди.

 

ЎFлини оқлашни сўраб келган марҳума аёл

ХХ асрнинг 60-йилларида Сан-Францискодаги клиникалардан бирида профессор Жон Браун ишларди. У паталогоанатом бўлиб, аммо клиникадаги ўликхонада ўтиришдан кўра, кўпроқ илмий изланишлари билан банд эди.

Бир куни ўликхонага ўз уйида бўғиб ўлдирилган аёл жасадини олиб келишди. Полиция икки эркак - марҳуманинг эри ва жазманидан қай бири қотилликка қўл урганини аниқлай олмаётганди. Жон ФҚБ агенти бўлиб ишлайдиган дўстига қўнғироқ қилиб, тажриба жараёнида иштирок этишини сўради. 15 дақиқадан сўнг у Брауннинг хонасига кириб келди. Кўп ўтмай, сирли, айтиш мумкинки, ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди. Паталогоанатом марҳуманинг бошига датчик ўрнатди ва яна нимадир кийдирди. Уларнинг ҳаммасини осциллографга улади. Қурилма чироқлари ёнгач, Браун "сеҳр"ни бошлади. У қотилликда гумон қилинган эркакларнинг исм-фамилияларини баланд ва аниқ овозда айта бошлади. Жазманнинг номи тилга олинганида осциллограф "қилт" этмади, бироқ марҳуманинг эрига навбат келганида дарҳол белги берди. Шу тариқа жиноятчи фош этилди. Жон Браун буни ўлдирилган аёлнинг ботиний онгида сақланаётган кўплаб сирлар билан изоҳлади.

* * *

Навбатдаги воқеа ҳам қизиқарли. Адвокат Николай Редькин навбатдаги мижозини ҳимоя қилиши керак эди. Судга бир неча кун қолгач, ярим тунда телефон жиринглади. Аввалига гўшакдан қарсиллаган товуш эшитилди, кейин эса аёл кишининг нотабиий овози янграб, адвокатга мижози айбсиз эканлигини етказди. Мазкур сирли овоз ҳақиқий қотилнинг номини тилга олди, у - шаҳардаги йирик ва таниқли амалдорнинг ўғли эди.

- Сиз судда гувоҳ сифатида қатнашасизми? - деб сўради Редькин.

- Йўқ, гувоҳ сиз бўласиз, - жавоб берди абонент ва гўшакни қўйди.

Эртаси куни адвокат тунги телефон қўнғироғи ҳақида терговчига айтиб берди. "Тергов аллақачон тугаган, - деди терговчи. - Барча далиллар айбланувчига қарши ва иш судга оширишга тайёр турибди".

Уйга қайтиб эшикни очган Редькин игнабарг, куядори ва ваҳима уйғотувчи қандайдир нотаниш ҳидни туйди. Хонага кирди ва диванда ўтирган бегона аёлга кўзи тушди. Адвокатлик фаолияти мобайнида бундай воқеалар бўлиб турар, шу боис Редькин унчалик ажабланмади.

- Сиз кимсиз? Менда ишингиз борми? - деб сўради у.

- Сиз Павелни халос этишингиз керак, - жавоб берди аёл. - Унинг айби йўқ.

- Павелнинг айби йўқлиги ҳақида қўлимда далиллар йўқ.

Аёл видеокассета олиб, столнинг чеккасига қўйди ва оҳиста чайқалганча эшик томонга юрди. Адвокат уни кузатишга ошиқди, бироқ аёл бир зумда ғойиб бўлган эди. Эртаси куни Редькин яна терговчининг ҳузурига йўл олди. У ота-онасининг вафотидан сўнг Павел вояга етган болалар уйидан олинган ҳужжатларни варақлай бошлади. Улар орасида Павелнинг ота-онаси тушган фотосурат ҳам бор эди. Адвокат сал бўлмаса курсидан йиқилиб тушаёзди - расмда кечагина унинг уйига ташриф буюрган аёл акс этган эди.

Суд ҳайъатига Редькин ишга видеокассета ҳам тиркалди. Ҳақиқатан тасмада қотил Павел эмас, балки амалдорнинг ўғли бўлиб, қотиллик жараёни муҳрланган эди. Суд жараёни бошлангач, видеоёзув иштирокчилар ҳамда янги айбланувчига намойиш этилди. Фақат бир саволга жавоб топилмай қолди: видеотасма қандай қилиб арвоҳнинг қўлига тушиб қолган?

Онанинг марҳум ўFли билан суҳбати жиноятчизининг уйида ўлган ҳолда топилди. Шифокор ва полиция келгунча, марҳуманинг эри Эдвард Шу Элвага чиройли дафн кўйлагини кийдирган ва жасадни хобгоҳга ўтказган эди. Бу либос тик ёқали бўлиб, марҳуманинг юзини шарф билан ўраб қўйганди. Эдвард шунчалик айюҳаннос солиб йиғлардики, шифокор унинг кучли ҳаяжон ва талвасага тушмаслиги учун жасадни енгил кўздан кечириш билан кифояланди.

ларни фош этиш ва уларни суд курсисига ўтқазишга олиб келди.

XIX асрда АҚШда бўлиб ўтган ушбу ғаройиб воқеа кўпчиликни хайратга солган. 1897 йилнинг 23 январида Элва   Хистер ў

Дафн маросимидан бир неча ой ўтгач, Элвининг онаси ғалати туш кўрди. Тушида қизи эри Эдвард шафқатсиз одам эканини, уни тинимсиз калтаклаганини гапириб берди. Ўлими ҳам шу билан боғлиқ. Элвининг айтишича, кечки     овқатга гўштни яхши пиширмагани учун эри бўғиб ўлдирган!..

Марҳуманинг ота-онаси жасадни қабрдан кавлаб олиб, суд-тиббий текширувидан ўтказишни талаб қилишди. Экспертиза бўғиб ўлдириш фактини тасдиқлади. Шу Эдвард қотилликда айбланиб, жазога тортилди.

1897 йилнинг 22 июнида марҳуманинг онаси гувоҳ сифатида иштирок этган суд жараёни бўлиб ўтди. Эдвард Шунинг адвокати судда арвоҳнинг кўрсатмаларига таяниш мумкин эмаслигини айтиб туриб олди, бироқ Элванинг онаси жиноят билан боғлиқ тафсилотларни шу қадар мантиқий ва ишонч билан баён қилиб бердики,   судья унинг сўзларини инкор этишга ожизлик қилди. Эдвард Шу қасддан қилган жинояти учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

 

Хорижий матбуот материаллари асосида

 

А. Намозов тайёрлади.

Шеърият гулшани

(41-сон)

Дулдур қишлоFим

Гул термоққа тонгда шайланиб,

Яёв кездим "Дулдур" боғини.

Қишлоғимга келинг, айланиб,

Унутмайсиз ҳар бир чоғини.

 

Боғларида турли хил мева,

Шифо топур еган инсонлар.

Табассумдан ёғилса жилва,

Барҳам топар дарду-нуқсонлар.

 

Зилол суви қайнар булоқда,

Қишлоғимнинг тарихи узун.

Хаёл суриб туриб қирғокда,

Ошиқ бўлдим "Дулдур"га ўзим.

 

Тарихи бор асрларга тенг,

Унда бордир асл деҳқони.

Мўъжазгина, аммо бағри кенг,

Қабул бўлгай барча эҳсони.

 

Нозик дидли гўзал қизининг,

Атласдандир кийган либоси.

Гапирганда ҳар бир сўзининг,

Таралади нурли жилоси.

Гулшаной АБДУМАЛИКОВА,

"Орзу" адабий тўгараги аъзоси.

СИРДОШ

 

Хумор кўзларингда ҳеч кўрмайин ёш,

Кўнглингни оғритди қай бир бағритош?

Қоронғу оламда ягона дилдош,

Дугонам, йиғлама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.

 

Алам қийнайверар, азоблайверар,

Чексиз ғам-андуҳлар унут ҳам бўлар,

Умринг гулшанида очилар гуллар,

Қалбингни тирнама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.

 

Шодликнинг бағрида боладай бўлиб,

Нурли келажакка орзулар қилиб,

Дугонам, яшагин, бахтларга тўлиб,

Соғинчдан сўзлама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш!

Машҳура РАҲМОНОВА

 

Она юртим

Ниҳол экдим шу тупроққа сўздан,

Босган изларимдан чечаклар унди.

Сўнг ўзни яратдим қайтадан ўздан,

Боғларга айланар боғчалар энди!

 

Ҳали новдаларим куртак очажак,

Fунчалар баҳордек қийғос гуллайди...

Қалбан Ҳақ деганни, халқни деганни,

Кўриб худойимнинг ўзи қўллайди!

 

Ўзбекистон қўшайин шавкатингга шон,

Кўксингни гуллатсин кўксимда юрак.

Менинг ўз бахтимдан сармаст бўлганим -

Келажак корингга бўлганим керак!

 

Шохсанам ЭРГАШЕВА,

 Асака тумани.

ЁШЛИК

Зилол сув мисоли жўшқин беғубор,

Бунчалар гўзалсан, бунча бетакрор.

Юракда орзулар ғунчалар такрор,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.

 

Гул умрини хазон этганлар бордур,

Бахтни туймасдан, ўтганлар бисёр.

Ватан, юртим бор - бахт менга ёрдур,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.

 

Қушдай парвоз этсам, йўлларим равон,

Бетакрор ёшликни куйлайман ҳар он.

Сен-ла ўтган онларни эслайман шодон,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик!

Дилдора  ХУШБАҚОВА

 

Жаҳолатдан асранг дунёни

Умрида юрт қадрин билмаган,

Билмаган тинчликнинг қадрини.

Оналар алласин туймаган,

Эшитмас отанинг пандини.

 

Мол-дунё кўзини бойлаган,

Сотмоққа тайёрдир юртини.

Тилида Оллоҳ дер, дил бошқа,

Бузарлар миллатлар тинчини.

 

Бор бўлса дилида иймони,

Ёд билса муқаддас Қуръонни,

Нега ниқоб қилиб исломни,

Ноҳақ ўлдирарлар инсонни.

 

Кўтариб илм-фан машъалин,

Ярайлик Ватаннинг корига.

Дунёга хушёрроқ боқайлик,

Учмайин нокаслар макрига. 

     Мадина ҲАБИБУЛЛАЕВА,

 Избоскан туманидаги

34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Куз

Ҳазонларга бурканди замин,

Товланади дарахтлар барги.

Ишваланар сафсар, олтин куз,

Лол этади, гўзалдир ранги.

 

Гиламдайин тўшалди япроқ,

Кўчалару боғлар бағрига.

Сен ҳам зимдан тингла, бўлгин жўр,

Кузнинг ажабтовур куйига.

Муслима ҚУРБОНАЛИЕВА,

Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ДУНЁ

Эй дунё, кўрсатгил менга илтифот,

Келажак толеим нурларга тўлсин.

Кўкдан нурлар ёғдир кутай бетоқат,

Бу ажиб сирингга кўнглим қониқсин.

 

Қалбим ичра яна бир дунё,

Менга хабар бергин сир-асроридан.

Дилим орзуларин сезиб бу ҳаёт,

Менга кўмаклашар тутиб қўлимдан.

 

Дунё, орзуларга бефарқ бўлмагин,

Инсонлар ахтарар сендан бахт-иқбол.

Сенинг илтифотинг суртиб кўзимга,

Сенга таъзим қилиб топаман камол.

 

Дурдона АБДУМЎМИНОВА,

 Андижон шаҳридаги

28-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Дунё гўзал

Қувонч билан қўшнидир қайғу,

Кўнгилга таскин беради чолғу,

Кўкда ойнинг бўлса ҳам доғи,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Гоҳо шодлик, гоҳ ғам бўлса-да,

Оташ бўлиб қалбим ёнса-да,

Алам ичра ёлғиз қолсам-да,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Армонларим тўлиб тошса ҳам,

Орзуларим кўз ёш тўкса ҳам,

Шодлик мендан йироқ кетса ҳам,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Умрим қанча, билмадим асло,

Қараб сира тўймайман аммо,

Ҳаёт тугар деб келса-да нидо,

Дунё гўзал кўринур менга.

ОЙГУЛ

 

 

Табассум қилинг

Нега доим йиғлаймиз, нечун,

Иродани кўрсатинг кучин,

Керак эмас, олмасдан ўчин,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Синовга берилар аслида бу ғам,

Сизга аччиқ сўзласалар ҳам,

Фақат эзгуликни тиланг, эй одам,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Дўст дегани сохта бўлса-да,

Аламдан дил дардга тўлса-да,

Умид синиб охир сўлса-да,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Ёлғон асли келтирар хатар,

Ширин ёлғон оғудан баттар,

Ўлим кутиб турса ҳам агар,

Табассум қилинг сиз, табассум.

Бибихоним

 "Орзу"адабий тўгараги аъзоси.

 Ҳаёт сўзи

Заррин япроқ тўкилиб,

Кириб келди маҳзун куз.

Сўзлар маржон тизилиб,

Уфқ томонга бурди юз.

 

Қалб сокинлик истади,

Буни изҳор этмасман.

Жуда олисда қуёш,

Истасам  ҳам етмасман.

 

Йўллар худди эртакдек,

Мафтун қилар ўзига.

Дарахтларнинг шивири

Ўхшар  ҳаёт сўзига.

 

Алвон осмон остида,

Юрсам олтин йўллардан.

Барча дард-у нолалар,

Кўтарилар диллардан.

 

Қуёш ботмоқда яна,

Ҳудди мўъжиза мисол.

Гўзаллигин таърифи,

Чексиз ҳаётга тимсол.

     Ҳуршида БУРҲОНОВА

 

САРОБ

Алдагин бир бора сеникиман, деб,

Юракларим орзудан толсин.

Азизим, сен учун аталган сўзлар,

Фақат сени дея, сен учун қолсин.

 

Ёлғон деб ҳайқирсин тонгларим сенсиз,

Юлдузлар биз учун бахтдан порласин.

Fурурдан дунёлар қилган нигоҳлар,

Ягонам ушбу кун мени чорласин.

 

Fамларинг тарк этсин, кетсин нарироқ,

Армонлар бағрингдан топмасин қўним.

Яшайин сен учун танҳойинг бўлиб,

Токи ажратмаса бизларни ўлим.

 

Умримнинг баҳори сенга баҳшида,

Ундан гулдасталар яса мен учун.

Шамолга айланиб, бағрингга учсам,

Бахтлиман демайсан, дил ёриб нечун?

 

Майли ёлғонларга кўнди юрагим,

Менингдек севмасанг, севма майлига.

Лек бир бор соғинчни қондириб бугун,

Кела оласанми висол сайлига?

Муҳайё ИСМОИЛОВА.

 

Куз

Куз фаслини мақтаган эдим,

Меваларинг жуда сархил деб.

сариқ пишган анжир шохидан,

Дона анжир узиб кўриб еб,

Ёнидаги узум дарахти,

Баргларини менга қаратди.

Мени ҳам е, дегандек менга,

Шохларини эгиб турибди.

Буни кўрган анор дарахти,

Секин аста сўзин бошлади.

Яна бироз кутгин деб мени,

Орамизга сукут ташлади.

Мақтовлардан барглар сарғайди,

Барчасини едим мен мақтаб.

 

Моҳигул НЎЪМОНЖОНОВА,

Олтинкўл тумани.

 

Юрагимга ёF, ёмFир!

Осмон йиғлаб тўхтамас,

Томчилаб ёғар ёмғир.

Фалакдан ерга эмас,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Юрагим жим дард чекар,

Соғинч қалбимни чертар.

Айт-чи, унутсам нетар,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Юрагим бўлди мозор,

Муҳаббат бунча озор.

Севгидан бўлдим безор,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Ёр бўлди менга армон,

Дардимга борми дармон.

Ёр томон йўлим ҳижрон,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Гоҳ тунлари чексам оҳ,

Йиғлаган осмон гувоҳ.

Соғиниб қилмай гуноҳ,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Мафтуна ТЎЛАНБОЕВА,

Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

 

 

ЎFлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси...

Ўғлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси,

Тилинмасин қалбингизнинг яраси.

Не қиламиз бу ҳам тақдир савдоси,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Ҳайриятки, тирноққа зор эмасмиз,

Ҳижолатдан ич-этимиз емасмиз,

Боласиз уй мозор экан демасмиз,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Ҳали шундай инсон бўлар қизларимиз,

Эл олдида ёруғ бўлар юзларимиз,

Совчиларга тўлиб кетар уйларимиз,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Қизни берган Оллоҳ берар ўғилларни,

Умид узмай тўқ қилайлик кўнгилларни,

Дуоларга очиб юрайлик қўлларни,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Марҳамат тумани.

 Икки қўшни

Икки қўшни ўзаро,

Келишолмай қолишди.

Сўнгра жанжал бошлашиб,

Роса қий-чув солишди.

Бири дейди: - Айбдор,

Аввал ўзи бошлади.

Дарвозамнинг олдига,

Писта пўчоқ ташлади.

Униси дер: - Жўжаси,

Гулларимни чўқибди.

Тағин ўғли қизимнинг

Шеър дафтарин ўқибди.

Пашшадан фил ясайвериб,

Толиқишди, тошишди.

Тайинли гап топилгунча,

Ярашиб ҳам олишди.

 Ойшахон УБАЙДУЛЛАЕВА,

 Андижон туманидаги

10-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси.

 

ВАҚТ

Оқар сувдай оқиб кетасан,

Ортга боқмай қочиб кетасан.

Ёшлигимни олиб кетасан,

Бунча шошиб ўтасан, эй вақт!

 

Умримиз ҳар онисан ўзинг,

Ҳаёт қонунидир ҳар сўзинг.

Қўрққан нарсанг бормиди сенинг,

Қайга қочиб кетасан, эй вақт!

 

Шошмай тургин сендан илтимос,

Ишларимдан бўлайин халос.

Эзгу ишга улгурай бир оз,

Нега шошиб кетасан, эй вақт!

 

Шаҳноза ИНОМЖОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг

 

Андижон академик лицейи ўқувчиси.