+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАШАББУСКОР ПЕДАГОГ

(40-сон)

Инсон ҳаётда ўз ўрнини топишида, орзу ва ниятларига етишишида одоб-аҳлоқи, билими муҳим аҳамият касб этади. Кишининг билим савияси нечоғли юқори бўлиши эса кўп жиҳатдан у таълим олган маскандаги муҳит, устоз ва мураббийлар, уларнинг тажриба ва малакасига боғлиқ.

Айни пайтда Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 7 ихтисослик йўналиши бўйича таҳсил олаётган 1 минг нафардан зиёд йигит-қизга 131 нафар педагог ва мураббийлар таълим-тарбия беради. Уларнинг аксарияти ўз касбининг фидойиси бўлган малакали мутахассислардир.

Насибахон Мўминова қарийб 11 йилдан буён ушбу таълим масканида меҳнат қилади. Бир неча йил махсус фан ўқитувчиси бўлиб ишлади, айни кунда эса коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида самарали фаолият юритмоқда.

Коллежда маънавий-маърифий ишлар, шу билан бирга, хотин-қизлар қўмитаси    бошланғич ташкилоти, "Аёллар маслаҳат маркази", "Ораста қизлар" тўгараги фаолияти намунали йўлга қўйилган. Ана шу йўналишлардаги ишларни ташкил этишда Насибахон Мўминованинг хизмати ниҳоятда катта. Унинг ташаббуси билан ўтказилаётган кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол ўсишларига, нафақат ёшлар, балки педагогларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.    

- Айниқса, Матлуба Саидова раҳбарлигидаги "Аёллар маслаҳат маркази"миз томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш керак, - дейди Н. Мўминова. - Ўқувчи қизлар, ходима опа-сингилларимиз ўқиш фаолияти, оиласи билан боғлиқ масала ва муаммолар юзасидан    мурожаат қилиб, зарур маслаҳат, амалий ёрдамлар олмоқда.

Коллежда таълим-тарбия, маънавий ишлар самарадорлигини ошириш борасида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган Насибахон опанинг оиласи ҳам ибратли, оилалардан биридир. Турмуш ўртоғи Толибжон ака Эгамбердиев Қорасувдаги 27- сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида мусиқа назариясидан дарс беради. Уларнинг изидан борган қизлари Зилолахон ҳам коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаб келмоқда. Оилада тарбия, илм олиш, китоб мутолааси масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Шу боис оиланинг ҳар бир аъзоси, айниқса, коллеж ва лицейда таҳсил олаётган  фарзандлари Жавоҳир ва Жавлоннинг китобга бўлган  меҳрлари жуда баланд.

Мухтасар айтганда, тиниб-тинчимас, ўзининг меҳнатсеварлиги, касби, оиласига фидойилиги, ташкилотчи, ташаббускорлиги ва   бошқа қатор инсоний фазилатлари билан Насибахон опа оиласида, меҳнат  жамоасида ҳурмат-эътибор топа олган илғор педагоглардан биридир. Изланиб ишлаш иштиёқи унинг ҳаёти бош шиорига айланган десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки, у ҳамиша юқори марралар сари олға интилади, қолаверса, атрофидагиларни ҳам эзгу мақсадлар сари етаклай олади.

Насибахон Мўминова сингари барча устозларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

 

 

Зулхумор АКБАРОВА

ЭЛ АРДОFИДАГИ АЁЛ

(40-сон)

Устоз ҳамиша, ҳамма даврларда улуғ зот сифатида жамиятда, эл-юрт орасида қадр, ҳурматга сазовор бўлган. Ўзларининг самарали меҳнатлари, юксак инсоний фазилатлари билан қадр ва эъзоз топган устозлар бугун ҳам орамизда жуда кўп.

Ана шундай меҳри уммон устозлардан бири, фахрий педагог Ҳафизахон опа     Жабборовадир. Қарийб 30 йилдан зиёд вақт мобайнида ёш авлодга таълим-тарбия берган устоз бугун фарзандлари, маҳалла-кўй, шогирдлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Ҳафизахон опа асли Асаканинг Сайдобод қишлоғида туғилиб ўсган. Раҳматли онаси уй бекаси бўлса-да, илмли, оқила аёл, отаси эса ўқитувчи сифатида ҳурмат топган инсон эди. Ҳафизахон опа ёшлигиданоқ дадаси каби  муаллим бўлишни дилига туккан. У ўз қишлоғидаги ўрта мактабни тамомлаб, Асака шаҳридаги хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради. Билим юртини муваффақиятли тамомлаб 1969 йилда ўзи таҳсил олган мактабда меҳнат фаолиятини бошлаган.

Орадан бир йил ўтиб,  Мар-ҳамат туманидаги Ўқчи қишлоғига келин бўлиб тушади. Опа 1970 йилдан нафақага чиққунга қадар, яъни 2000 йилгача Ўқчи қишлоғидаги 29- мактабда ёш авлодга таълим-тарбия берди.

Бошланғич синф ўқитувчиси сифатида самарали меҳнат қилди, минглаб ўқувчиларга хат саводни ўргатди. Минглаб ёшларнинг билим олиши ва камол топишида камтар, меҳнатсевар, ишининг етук билимдони ва фидойиси бўлган опанинг  хизматлари ниҳоятда катта бўлди.

Аёл кўксида тоғлардан ҳам залворли юкни кўтариб юрган улуғ зотдир. Яна у муаллима сифатида дунёга меҳр, яхшилик, илм нурларини ҳам сочади. Қалби покиза, кўзларидан меҳр, сўзларидан бол томиб тургувчи Ҳафизахон опа ҳам нафақат ибратли фаолияти, балки қатор инсоний фазилатлари билан эл ардоғига, ҳурматига сазовор бўлган инсонлардан биридир.

- Шогирдларим, ўқувчиларим камолини кўриб қувонаман, - дейди опа биз билан суҳбатда. - Улар эл-юртга наф келтирадиган инсонлар бўлиб вояга етганлигида озми-кўп ҳиссам борлигидан, муаллимлик касбини эгаллаганимдан беҳад хурсандман.

Ҳафизахон опа нафақат фидойи муаллима, балки ибратли оила соҳибаси, комил фарзандларнинг онаси эканлигидан ҳам бахт туйиб яшайди. Турмуш ўртоғи Орифжон ака билан қатор фарзандларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Бугун фарзандлари Талъатбек, Шуҳратбек, Шахноза ва Шоҳистахонлар ҳам оналари изидан бориб педагоглик касбини танлаганлар.

Ёши улуғ Ҳафизахон опа бугун маҳалладаги кўп тадбирларга бош-қош, ёш оилаларнинг маслаҳатгўйидир. Бир этак набиралар қуршовида, кексалик гаштини суриб, тинч, тўкин ҳаётимизга шукроналар келтириб яшаётган Ҳафизахон опа Жабборова ва у сингари минглаб фахрий муаллималаримизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз. Бахтимизга улар ҳамиша омон бўлишсин.  

Дилафрўз

РАҲМАТЖОНОВА,

Марҳамат тумани.

КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ

(40-сон) Орамиздаги аёллар

Фаридахон опа Ҳайдарова мактабимизнинг фидойи ўқитувчиларидан бири. У физика фанининг етук мутахассиси, ўқувчилардан қалб қўрини, меҳрини аямайдиган, ширинсухан, камтар устоздир. 

Опа болалар билан жуда тез ва осон топишади, дарсларни шу қадар қизиқарли ўтадики, ўқувчилар унинг дарсини интиқ бўлиб кутадилар.

Табиатан тиришқоқ ва интилувчан Фариданинг физика фанига қизиқиши ўзгача эди. Мактабда устозлари Х. Холбердиев ва К. Қодировдан фанининг сир-асрорларини сидқидилдан ўрганади. 1980 йилда Чувама қишлоғидаги 26- ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон педагогика институтига (ҳозирги АДУ) ўқишга киради. Олийгоҳда ҳам у ҳамиша илғор талабалар қаторида бўлди.

1985 йилда олийгоҳни муваффақиятли тамомлаб, Избоскан туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабига ишга келади. Ана шундан буён ўзининг қадрдон жамоасида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Дарсларни қизиқарли тарзда,  илғор ўқитиш услублари, янги педагогик технологиялар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратади. Бу эса ўқувчиларнинг фанни  ўзлаштириш даражаси юқори бўлишини таъминламоқда. Шу боис ҳам Фаридахон опанинг ўқувчилари физика фани бўйича туман, вилоят фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритиб келади. Қолаверса, опа ўзининг камтар, меҳнатсевар, тўғрисўз, касбига фидойилиги билан ҳам жамоаси, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топган.

 Фарида опанинг оиласи ҳам қишлоқдаги ибратли оилалардан бири. Турмуш ўртоғи Умрзоқ ака тадбиркор. Улар ҳамиша бир-бирларини қўллаб, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирдилар. Фарзандларига чиройли тарбия бериб, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдилар.

- Мен фаолиятимда доимо янгиликларни жорий этишга, бошлаган ҳар бир ишни албатта, охирига етказишга ҳаракат қиламан, - дейди Фаридахон опа. - Ўқувчиларимга ҳам ана шу принципга амал қилишни кўп уқтираман. Чунки инсонда қатъийлик, интилиш бўлсагина кўзлаган мақсадларига етишади.  

Бугунги ёшларга ҳавасим келади, ўқиши, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ... ёшларимизнинг китоб ўқиш борасида оқсаётганликлари мени ташвишга солади. Ахир инсон қанчалик кўп ўқиса, билими,     дунёқараши шу қадар кенг бўлади, ҳаётни, дунёни англаши осон кечади. Шахсан мен газета, журнал ва китобларни севиб мутолаа қиламан. Адабиётни, шеърларни ёд ўқишни жуда ёқтираман. Бу эса дарсларни жонли ва қизиқарли ўтишимда, одамлар билан  муомала-муносабатда менга жуда асқотади.

Икки нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, уч нафар набиранинг севимли бувижониси, касбининг фидойиси Фарида опанинг меҳнат фаолияти, ҳаёти ёш ўқитувчиларга ибрат мактабидир. Ана шундай ибратли ва мазмунли умр йўлини босиб ўтаётган устозимизга, барча фидойи устозларга соғ-омон бўлишларини, фарзанд ва набиралари камолини кўришлик бахти насиб этишини тилаб қоламиз.  

 

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ЮРТ ИШИГА КАМАРБАСТА АЁЛ

(40-сон) Маслаҳатчилар фаолиятидан

Гулнора Ботирова Асака туманидаги "Шодлик" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида иш бошлаганига 10 йилдан ошди. Ўтган ана шу давр мобайнида у ўзининг меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, ишига бўлган масъулияти билан маҳалла аҳли орасида ҳурмат эътибор топди.

Гулнорахон асли Шаҳрихондан. Ота-оналари содда ва меҳнаткаш кишилар бўлиб, отаси Маҳмудисом ака ҳайдовчилик касбида, онаси Ўлмасхон ая эса туғруқхонада узоқ йиллар меҳнат қилганлар. Бугунга келиб улар нафақада, фарзанд ва  набиралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқдалар. Гулнора Шаҳрихондаги 31-умумтаълим мактабини "олтин медалга" тамомлаб, Фарғона политехника институтининг иқтисод бўлимига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаган йили меҳнат фаолиятини бошлаган.

"Шодлик" маҳалласидаги 414 хонадон, 627 оилада 3775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Гулнорахон фаолиятида маҳаллада миллий анъана ҳамда урф-одатларни сақлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, 1887 нафар аёл, 975 нафар вояга етмаганлар билан тегишли тартибда иш олиб боради. Хотин-қизларнинг ижтимоий   фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-тиббий билимларини юксалтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, вояга етмаганлар билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида маҳалла раиси Ёқутхон Мадраҳимова, котиба Маҳфузахон Жумабоева, профилактика инспектори  Абдулазиз Маражабов ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда мунтазам турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлиги ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.  

Гулнорахон маҳалладаги ҳар бир хонадонга имкон қадар тез-тез киради, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишади, керакли маслаҳатлар беради, зарур бўлганда амалий ёрдам кўрсатади. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатларини, оилавий низоларни бартараф этишда у доимо маҳалла кексалари ҳамда фаоллари кўмагига суянади. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалладаги 10 нафар нотинч оиладаги вазият яхшиланди. Яраштириш комиссияси ва маслаҳатчининг саъйи ҳаракати билан ажрашиш арафасида турган 8 оила яраштирилди.

Маҳаллада кўплаб   ҳунармандлар, косиблар, касаначилар фаолият юритади. Ҳатто имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳунармандлик қилаётган Гулнорахон Юсупова, чевар Анзиратхон Тожибоевалар тиккан миллий либос, дўппи, кўрпа-тўшак жилдлари кўпчиликка манзур бўлмоқда. Уларнинг  кўмаги, яъни "Устоз-шогирд" анъанаси асосида хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда.

Ёшлар ҳам ўз ютуқлари билан маҳалла шуҳратини оширмоқда. Етти ёшли Заҳро Зуҳриддинованинг каратэ бўйича республика чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаганлиги фикримизга бир мисолдир.   

Гулнорахон нафақат ишда, балки оилада ҳам ҳурмат топган аёллардан. Турмуш ўртоғи Рашидбек олий маълумотли мутахассис, ҳозирда "GM Uzbekistan" қўшма корхонасида хизмат қилади. Ахил-иноқ бу оилада икки ўғил, бир қиз вояга етди. Катта ўғиллари Исломбек Тошкент Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтини тамомлаб, автомобиль мактабида ўқитувчилик қилмоқда. Қизлари Камола Андижон давлат университетининг 2-босқич талабаси. Кенжа фарзандлари Шохбоз олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда.

- Маҳалламиздаги хайрли ишларга ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан, меҳнатларим маҳалладошларим томонидан эътироф этилаётганлигидан беҳад хурсандман, - дейди маслаҳатчи Гулнора Ботирова. - Ана шу эътироф ҳамиша менга куч ва шижоат беради, мени янада фаол ишлашга ундайди.

Дарҳақиқат, Гулнорахон фаолияти давомида "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи, республика босқичида иккинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, у "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан ҳам тақдирланган. Бу Гулнорахоннинг меҳнатлари эътирофи, фаолиятига берилган муносиб баҳодир. Маҳалла аҳли бугун ўз маслаҳатчисига ишонади, суянади ва ҳурмат қилади. Гулнорахон каби эл-юрт ишига камарбаста, фидойи опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.

 

Рўзихон ИМИНОВА,

Асака тумани. 

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

(40-сон)

Андижон давлат тиббиёт институтида Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда комиссия аъзолари, депутатлар, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари иштирок этди.

Давра суҳбатида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки сингари қатор масалалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларнинг самаралари, ҳокимият ва давлат бошқаруви органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда 2017 йилда ўтказилган грант танловларида ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларига грант сертификатлари топширилди.

Иштирокчилар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни самарали амалга оширишда давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини, ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  Шунингдек, жамоат фонди томонидан эълон қилинган навбатдаги грант танловида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш, тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан   маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Гулҳадича НЕЪМАТОВА

МУЛККА ЭГАЛИК ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

(40-сон) Ҳуқуқшунос минбари

Демократик тамойиллар асосида ривожланиб бораётган мамлакатимизда инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлари юксак қадрият ҳисобланади. Шахснинг барча турдаги ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши қонун ҳужжатларида қатъий белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош Қомусининг 36- моддасида "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли" деб белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг "Мулк ҳуқуқи тушунчаси" деб номланган 164- моддасида: "Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир" дейишади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон фуқароларининг мулк-ка эгалик қилиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари доирасида кафолатланган.

Фуқаролар ўз мулкларини эркин тасарруф этадилар. Бошқача қилиб айтганда, шахс ўз мулкини ўзи истаган тарзда ишлатади, ундан ўзи хоҳлагандай фойдаланади. Жамият ва фуқаролардан шахснинг мулкка эгалик ҳуқуқини ҳурмат қилиш, уни тасарруф этиш ва эркин фойдаланишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини адо этиш талаб этилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 182- моддасида меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик  фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар асосида мулк ҳуқуқи вужудга келиши белгилаб қўйилган.

Ходимларимиз томонидан фуқаролар билан ўтказилаётган мулоқотлар ҳамда қатор тадбирлар доирасида мулк ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, эгаликнинг ҳуқуқий асослари ҳақида аҳолига тушунчалар берилмоқда. Бу албатта, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини, айниқса, мулк ҳақида билим ва тушунчаларини бойитишга ёрдам бермоқда.

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 12- сон давлат нотариал идораси нотариуси.

Беминнат, мўътабар фидойи устоз

(40-сон)

Илк бор қўлларга тутқазган қалам,

Дунёда биз учун азиз, муҳтарам.

У туфайли сирин очди-ку олам,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

Бизларга беради ҳар ишда сабоқ,

Бир савол туғилар баъзида, бироқ:

"Берган билимларин оқлаймиз қандоқ?"

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

Пайт келар, бўламиз комил бир инсон,

Олинган билимлар асқотар ҳар он,

Ҳар дам кўз олдимизда бўлар намоён,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

У борки, юксалар бизнинг тафаккур,

Берган барча сабоқ учун ташаккур,

Деймиз: Борингизга минг бора шукр,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз,

Ҳамиша ул зотни этайлик эъзоз.

 

Нодирабегим СОБИРОВА, "Уммон" адабий тўгараги аъзоси.

ПАХТА ЙИFИМ-ТЕРИМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!

(40-сон)

Жорий йилда вилоятимизда 89 минг 200 гектар майдонда чигит экилди. Деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли меҳнатлари эвазига мўл пахта ҳосили етиштирилди. Айни кунларда етиштирилган "оқ олтин"ни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирди.

Кузнинг қуёшли кунларидан унумли фойдаланиб, қисқа муддатларда пахта топшириш режасини бажариш,  вилоятимизнинг 254 минг 600 тонналик "Оқ олтин" хирмонини бунёд этиш  жуда муҳим масала ҳисобланади. Ана шуни англаб, дилдан ҳис қилган кўплаб юртдошларимиз йиғим-терим ишларида фаол иштирок этмоқдалар.

Вилоятимизда ташкил этилган  йиғим отрядлари, шунингдек, уюшмаган аҳоли вакиллари - опа-сингилларимиз, уй бекалари, "Фидойи ёшлар отряд"лари сафига уюшган шижоатли ёшларимиз теримда жонбозлик кўрсатаётганлиги ҳар қанча таҳсинга муносибдир. 

Йиғим-теримнинг дастлабки кунлариданоқ вилоятимиздаги хотин-қизлар етакчилик қилаётган қатор фермер хўжаликлари пахта топшириш йиллик режасини  бажаришга эришдилар. 

Барча опа-сингилларимизни, ёшларни илғорлардан намуна олиб, пахта йиғим-теримида фаол иштирок этишга чақирамиз.

Мана шундай долзарб паллада миллий бойлигимиз - пахтани нест-нобуд қилмай, тезроқ йиғиб-териб олишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси

"ОИЛАВИЙ ҲАЁТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ"

 (40-сон)

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида "Оилавий ҳаётнинг ҳуқуқий асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг   бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Ҳуқуқий тарғибот - жамият тараққиётининг муҳим омили" лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда лойиҳа раҳбари, "Қишлоқ оқшоми" газетаси муҳаррири Ҳабиб Сиддиқов сўз олиб, лойиҳанинг асосий мақсади юртимиз фуқаролари, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш, Ватанимиздаги тинчлик, осо-йишталикни асраб-авайлаш, қадрига етиш, қонунларимизга ҳурмат ва соғлом муносабатни шакллантириш борасидаги   тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга қаратилганлигини айтиб ўтди. 

Асака туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Севара Эрматова Ўзбекистон Республикаси "Оила" кодексида белгиланган оила билан боғлиқ муҳим тартиблар ҳақида шунингдек, оилавий муносабатлар, ёшларни оилавий ҳаётига тайёрлаш, турмуш қуришда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги борасидаги,

 "Аҳмадали маҳдум" жомеъ масжиди имоми Сайдулло Исмоиловнинг "Ислом дини: оила ва никоҳ муносабатлари" мавзусидаги маърузаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Коллеж ўқувчиси Кимёхон Фозилова тенгдошларини аъло ўқишга, маънавиятли бўлишга ҳамда ҳуқуқий билимларни янада ошириш учун ҳаракат қилишга чақирди, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди.

Очиқ ошкора, мулоқот тарзида ўтган давра суҳбати ёшларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ФАРМОН ТАРFИБОТИГА БАFИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ

(40-сон)

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида    "Валюта сиёсатини либераллаштириш - эркин иқтисодиётни таъминлашнинг муҳим омили" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши Аёлларнинг  сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони аҳамияти ва мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, банк, солиқ, божхона тизими мутахассислари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда юқоридаги фармоннинг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, иқтисодиёти ривожидаги аҳамияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Ушбу фармон мамлакатимизда валюта муомаласи соҳасини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Хуршида Халилова. - Аҳоли, хўжалик юритувчи субъектларга валютани эркин харид қилиш ва ишлатиш учун имкон яратади. Қолаверса, юртимизга хорижий инвестицияни жалб этиш, маҳсулот ва хизматлар экспорти хажмини ошириш, умуман, иқтисодиётимиз ривожига тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни бартараф этади. 

Давра суҳбатида мутасадди ва мутахассислар томонидан фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда олиб борилаётган ишлар, хусусан, банкларнинг валюта айрибошлаш шохобчалари фаолияти, тадбиркорлар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, яратилган қулайликлар ва имтиёзлар хусусида кенг маълумотлар берилди.

Анжуманда мавзу доирасида қатор маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, фармон тарғиботини кучайтириш, ижросини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

/p>

Нажмиддин Икромий.