+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЁЛ - ҲАЁТИМИЗ ҚУЁШИ

(38-сон) Эҳтиром

Аёл… у шундайин буюк    хилқат-ки, уни тасвирлашга тил ожиз, таърифига бисотимиздаги сўзлар камлик қилади, шаънига қанчалар таҳсин айтиб, ашъорлар битсак-да оз. 

Ҳа, чиндан ҳам аёл буюк ҳилқат, мўъжиза. Аёл ҳақида гап кетганда барчамизнинг кўз ўнгимизда энг аввало, муштипар онажонларимиз гавдаланади. Қароғимизда уларнинг нурли чеҳралари, майин табассуми, меҳру-муҳаббати бўй кўрсатади, вужудимизда эса ширин туйғулар, англаб бўлмас ҳаяжон пайдо бўлади. Балки бу оналар буюклигининг бир рамзидир. Шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам "Жаннат оналар оёғи остидадур"  деб бежиз ёзмаган.

Ҳа, бу ёруғ дунёда онадан, аёлдан буюк, ундан-да мўътабар зот йўқ. Аёл қуёшдек ҳар бир кунимизни ёритиб, унга файз киритиб тургувчи нурдир. Шу ўринда маънавият тарғиботчиси, мархума шоира Турсуной Содиқованинг "Ризолик излаб" номли китобидаги қуйидаги мулоҳазаларни келтириш ўринлидир: "Аёл сизга ёқмаган алфозда ҳам қозонингизни қайнатиб, чироғингизни ёқиб юраверади, ўтингиздан кириб, кулингиздан чиқаверади. Юклик холатида ҳам ўшандай - тиними йўқ. Ичидаги боласи унинг ўпка жигарига чирмовуқдай ёпишиб, бағридаги бор мағзини шимиб турса ҳам, оёқлари шишиб, бели узилай деса ҳам, ётиб олмайди, рўзғорнинг, сизнинг хизматингизни қилаверади! Сизнингча, ҳурмат унга бўлмай,  кимга бўлсин?!

... Ушбу битикларни бежиз келтирмадим. Бизни дунёга келтирган, оқ- ювиб, оқ тараган, эрта-ю кеч тиним билмай, камолимиз учун елиб-югуриб, не-не заҳмату машаққатларни чеккан табаррук оналаримизни бошимизга кўтарайлик. Аслида оналаримиз бир бурда нонга қорни тўйса-да, фарзандларим яхши есин, яхши кийсин, бировдан кам бўлмасин, деб интилади, жонини жабборга беради. Шундай экан, азиз тенгдош, азиз юртдош кўзларимиз нури, қалбимиз дури, ҳаётимиз мазмуни, умримиз қуёши бўлган оналаримизни, мўътабар аёлларимизни асрайлик, ҳурматини ҳамиша баланд тутайлик. Зеро,   Тангри таоло ҳам аёлни авлодлар давомчиси, муқаддас зот қилиб яратган.

Дилноза МУХТОРЖОНОВА,

 

Олтинкўл тумани.

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҲАРБИЙЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

(38-сон) тадбир

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда ҳарбий хизматчилар билан мулоқот ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижросига бағишланган сайёр видеоселектор  йиғилишда берилган топшириққа асосан ўтказилган мазкур учрашувда мамлакатимиз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-аслаҳа билан қуролланган, бугунги кун талабига тўла жавоб бера оладиган, тезкор миллий армиямизни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Бевосита мулоқотда вилоят ҳокими ҳарбийларнинг фаолияти, хизмат жараёнлари билан танишди,  уларнинг яшаш ва оилавий шароитларини янада яхшилаш, ҳарбий касб нуфузини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, айниқса, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.

Ҳарбий хизматчилар яшаётган кўп қаватли уйнинг ташқи фасадини, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг оилавий ётоқхонасини таъмирлаш, улар учун хизмат уйлари барпо этиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

-  Мулоқотда вилоят ҳокими ҳарбий қисмда махсус компьютер хонасини ташкил этиш, шунингдек, кутубхонамизга компьютерлар ажратилиши учун топшириқлар берганлиги айни муддао бўлди, - дейди Андижон гарнизонининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Йўлдошбой Холиқов. - Бу ҳарбий хизматчиларнинг жанговор салоҳиятини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари борасидаги билим ва малакаларини юксатиришда муҳим аҳамият касб этади.

Вилоятдаги қатор ҳарбий қисмларда бўлиб ўтаётган бу каби мулоқотлар мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этишга, харбийларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилашга яқиндан ёрдам бермоқда.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА.

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги

(38-сон)

Неча йиллар кутилган орзу,

Ўзбек-қирғиз бугун бирлашди.

Икки халқнинг дўстлиги мангу,

Яна кўкда қуёш нур сочди.

 

Азал ери бирдир, суви бир,

Мозори бир, аза, тўйи бир.

Тили, дини, ўйи, дили бир,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Улуғ Манас руҳин этиб ёд,

Мирзо Бобур руҳи бўлди шод.

Юртларимиз озод ва обод,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Тарихимиз ўхшашдир азал,

Халқларимиз башари аввал.

Дўстлик учун қўйилди тамал,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Тўлқинжон АБАНОВ, Хўжаобод тумани.

ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ

(38-сон)

Хўжаобод туманидаги "Дўстлик" чегара мажмуасида  Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти аҳолиси вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоланди.

Чегара мажмуасида Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллати ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари, ҳукумат делегациялари учрашувидан кейиноқ ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Андижон виилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Талаайбек Сарибашев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбаев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, давлатларимиз раҳбарлари учарашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганлигини таъкидладилар.

Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларнинг олиб ташланиши, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. - Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, - дейди Хўжаобод туманидаги 10- умумтаълим мактабининг қирғиз тили фани ўқитувчиси Хонойим Арзиева. - Шукрки, олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат     кейинги йилларда халқларимиз ўртасида юзага келган турли тўсиқлар сабаб улар билан алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилишидан бошимиз кўкка етди.

- Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар туфайли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, - дейди   Хўжаобод туманидаги Солпи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая Fоппорова. - Фақат тўй, яқинларимиз вафот этгандагина телеграмма орқали борди-келди қилинаётганлигидан жуда кўп фуқаролар қийналаётган эди. Ахир биз  асрлар давомида  қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни яна яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдормиз.

 - Бугунги учрашув икки қўшни халқ ўртасидаги ҳақиқий дўстлик байрамига айланди, - дейди тадбир иштирокчиси, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, "Ўш" халқаро альманахи бош муҳаррири Салима Шарипова. -  Мана шу кунни халқларимиз қатор йиллар кутиб яшади. Ишонаманки, энди қўшничилик муносабатларимиз, ҳамкорлигимиз янада юқори    босқичга кўтарилади. Бундан икки халқ вакиллари фақат фойда кўради.

- Мен уч маротаба    Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати бўлганман, - дейди тадбир иштирокчиси, ўшлик меҳнат фахрийси Муқамбек Алиқулов. - Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталари яна тикланаётганлигидан беҳад мамнунман. Бу давлатларимиз иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

- Вилоятимизда жуда кўп қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. - Миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатлари қайта тикланганлигидан, айниқса, биз жуда ҳам хурсандмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар томонидан   намойиш этилган "Дўстлигимиз абадий бўлсин" деб номланган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

КИТОБХОНЛИК КЕНГ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(38-сон)

Избоскан туманидаги 28- умумтаълим мактабида "Абадият гулшани" деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда тумандаги мактабларининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари,  кутубхоначилари, ўқувчилар иштирок этди.

Вилоятимиз таълим муассасаларида ўқувчи ёшларни китобхонликка жалб этиш, кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишида белгиланган ишлар ижроси доирасида ўтказилган тадбир иштирокчилари мактаб кутубхонаси фаолияти, кутубхоначи Ҳидоятхон Мирзаеванинг илғор иш услублари билан танишдилар, ўзаро тажриба алмашдилар. Тадбирда мактаб кутубхонасида ташкил этилаётган учрашув, адабий-бадиий кеча ва мушоиралар китобхонлар сафини кенгайтиришга хизмат қилаётганлиги эътироф этилди.

  Кечада ўқувчилар томонидан шеър-қўшиқлар айтилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Якунда фаол иштирок этган иқтидорли ўқувчилар ҳамда бир гуруҳ фаол китобхонларга эсдалик совғалар топширилди.

  Гулнора МАҲКАМОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.

ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

 (38-сон)

Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоятдаги босма оммавий ахборот воситалари раҳбарлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда вилоят, туман, шаҳар ва тармоқ газеталари фаолияти самарадорлигини ошириш, қонунлар, давлат дастурлари, Президент ва ҳукумат фармон ҳамда қарорлари ижроси доирасида чоп этилаётган материаллар кўламини кенгайтириш, босма нашрларнинг сифати ва савиясини ошириш сингари масалалар хусусида сўз юритилди.

"Улуғнор" газетаси мунтазам нашр этилмаётганлиги атрофлича таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, газетани бир меъёрда чиқиб туришини таъминлаш юзасидан вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А. Султонов, туман ҳокими А. Юсупов, Ўзбекистон    Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда кўрилган масалалар бўйича амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.

 

Мукаррам ҚОДИРОВА,

 

"Улуғнор" газетаси муҳаррири.

ОЛТИНКЎЛДА АДАБИЙ КЕЧА

(38-сон) тадбирлар

Олтинкўл тумани маданият саройида "Олтин қалам" Халқаро миллий мукофоти совриндори, "Шуҳрат" медали соҳибаси, кўп йиллардан буён Олтинкўл иқтисодиёт коллежида фаолият юритиб келаётган таниқли ижодкор, публицист Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Замира Рўзиеванинг ижодий кечаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, туман ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда республикамиз пойтахтидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда вилоятимизнинг шоир ва ёзувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва ижодкорнинг мухлислари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, шоира Мунаввара Усмонова, уюшма вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону, Ўзбекистон Халқ шоири Тўлан Низом ва бошқалар Замира Рўзиеванинг ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида атрофлича тўхталдилар. Шоира шеърияти, публицистикасининг ўзига хос жиҳатлари, ютуқлари эътироф этилди. Айниқса, унинг она Ватан, истиқлол мавзусидаги асарлари ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. 

Шоира меҳнат қилаётган коллеж ижодкор ўқувчилари томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқилган шеър ва ғазаллар, шунингдек, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.

 

Зулхумор АКБАРОВА.

САБЗАВОТЛИ ГЎШТ

Керакли масаллиқлар: 100 гр. мол гўшти, 1 дона бодринг, 1 дона нок, 20 гр. кўк пиёз, 1 дона саримсоқпиёз, 1 чой қошиқ хантал, 1 чой қошиқ кунжут ёғи, 1 чой қошиқ соя соуси, 1 дона булғор қалампири, 1 чой қошиқ кедр ёнғоғи, 1 дона қайнатилган тухум, таъбга кўра туз, петрушка.

Тайёрланиши: гўшт қайнатиб пиширилади, совутилиб, бўлакларга бўлинади. Майдаланган саримсоқпиёз ва кунжут ёғи соя соуси билан аралаштирилади. Бодринг бўлакларга бўлинади, нок пўсти ва уруғларидан тозаланади, майда тўғралиб, қайноқ сувга бўктириб олинади ва совутилади. Гўшт бодринг, нок, майда тўғралган булғор қалампири билан аралаштирилади. Устидан хантал, сояли соус қуйилиб, туз қўшилади. Аралаштирилиб, 30 дақиқага совуқроқ жойга қўйилади.

Салатни дастурхонга тортишдан аввал тухум бўлаклари, кўкатлар ва ёнғоқ билан безак берилади.

 

НИГОРа тайёрлади.

МЕВАЛИ ҚУЙМОҚ

Керакли масаллиқлар: 4 дона тухум, 160 гр. резавор мевалар консерваси, 2 ст. шакар, туз, 1 чой қошиқ лимон шарбати, 1 ош қошиқ сариёғ.

Тайёрланиши: тухум оқи яхшилаб кўпиртирилади. Унга бир қисм шакар ва лимон шарбати қўшилади. Сўнгра биттадан тухум сариғи ва озгина туз қўшилиб, масаллиқлар аралаштирилади. Бир қисм сариёғ билан қизиб турган товага солинади. Қуймоқлар тованинг қопқоғини ёпган ҳолда 10 дақиқа давомида пишириб олинади ва ликопчаларга жойланади.

 

Меваларнинг суви сирқитилади. Товада қолган ёғни қиздириб, шакар солинади. Қайнар даражага етгач, меваларни солиб иситилади ва дарҳол қуймоқ ичига  қўйиб, букланган ҳолда дастурхонга тортилади.

ПИСТА СОFЛИК УЧУН ФОЙДАЛИ

(37-сон) Билиб қўйган яхши

Писта эрамиздан олдинги асрларда ҳам истеъмол қилинган. Писта   дунёдаги қатор халқлар учун бойлик ва фаровонлик рамзи ҳисобланган. Ушбу неъмат инсон саломатлиги  ва гўзаллиги учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Шу боис ундан халқ табобати ҳамда тиббиётда кенг фойдаланиб келинади.

Писта антиоксидантлар, фойдали ёғлар манбъасидир. Шунингдек, унинг таркибида озуқавий толалар, оқсил, калций ва фосфор, асабларни тинчлантирувчи Б витаминлар гуруҳи ҳамда Е витамини мавжуд.

Юрак соFломлигини таъминлайди

Писта зарарли холестерин миқдорини камайтиради. Шунинг-дек, унинг антиоксидантларга бойлиги, таркибида А ва Е витаминларга эга эканлиги яллиғланишнинг олдини олиб, қон томирларини ҳимоя қилади, шу тариқа юрак-қон томирлари хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради.

Асабларни тинчлантиради

Писта таркибидаги Б6 витамини асаб тизимининг тўғри ишлашида муҳим роль ўйнайди. Б6 витамини асаб толалари ўртасидаги импульсларнинг тўғри етказилишини таъминловчи миелиннинг шаклланишида муҳим вазифани бажаради. Агар инсонда Б6 витамини етишмовчилиги юзага келса, турли асаб бузилишлари, уйқусизлик, хотира билан боғлиқ муаммолар, ҳаттоки, руҳий хасталикларга ҳам олиб келиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кишиларнинг вақти-вақти билан писта истеъмол қилиб туришлари фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.