+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Окт 2017

ЎЗЛИГИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(41-сон) Муносабат

"Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" мақоласини қиб...

"Иқбол" газетасининг 21 сентябрдаги 39- сонида чоп этилган Х. Маматқулованинг "Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" сарлавҳали мақоласини ўқиб, бу борадаги фикр-мулоҳазаларимни баён этишни лозим топдим.

Мен мақолада келтирилган айрим фикрларга қўшиламан, айримларига эса қўшила олмайман. Умуман олганда, ҳақиқатдан ҳам бугун аёллар томонидан ташкил этилаётган аксарият "гап-гаштаклар" маънисиз, еб-ичишдан иборат бўлиб қолаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бироқ, "гап", ўтириш деганда фақат салбий жиҳатларинигина ўйлаш ноўрин бўларди.

... Мактабни тамомлаганимдан кейин ўн йил шаҳардаги йирик корхоналардан бирида ишлаганман. Ишчиларимизнинг асосий қисми хотин-қизлардан иборат эди. Биз жуда аҳил жамоа эдик. Байрамларда турли тадбирлар ўтказар, таътилларда турли жойларга саёҳатлар уюштирардик. Энг асосийси, ҳамкасблар ўртасидаги борди-келди, самимийлик, меҳр-оқибат ришталари анча мустаҳкам эди. Йиллар ўтди, кимдир нафақага чиқди, кимдир оилавий шароити сабаб ишдан чиқиб кетди. Кейинроқ корхонамизнинг фаолияти ҳам хаминқадар бўлиб қолди.  Хуллас, бир цехда ишлаган аёллар тарқалиб, йиғилишу, ўтиришлар бўлмай  қўйди.

Орадан 20 йил ўтиб, ўша "Гап"нинг шарофати билан ҳамкасблар яна дийдорлашдик. Айримлар оламдан ўтибди, айримлар кела олмади. Лекин ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги йиғилди. Ишлаган пайтларимиз, ходимларни бирма-бир ёдга олдик. Ўтганларнинг руҳига қуръон бағишладик. Шу-шу ҳар ойда бир марта йиғилишиб, дийдорлашиб турадиган бўлдик.

Тўғри, мақолада айтилганидек жуда кўп аёллар кафе-ошхоналарда йиғилишиб, "гап"ейишади. Менимча, аёлларнинг кафеларда ўтиришлари ҳақиқатдан ҳам ўзбекчиликка, миллатимизнинг тарбия мезонларига мос келмайди.

Уларнинг орасида турфа   тоифадаги, ҳар хил табиатли аёллар бор. Қайсидир аёл маданиятли, зиёли, кимлардир эса эътиборсиз, жамоат жойида, кўпчиликнинг орасида ўзини қандай тутишни билмайди. Шу боис, мен бундай ўтиришлар хонадонларда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблайман. Чунки улар бир-бирларининг оиласи, яшаш шароити, фарзандлари, келинларини билади, ўртада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

 Мақолада айтилганидек, "гап" ташкил этишдан мақсад, фақат маишат, еб-ичиш эмас. Бошқаларда қандай билмадиму, ҳар қалай бизнинг "гап"  иштирокчилари қалбини дийдорлашув, кўнгилга яқин кишиларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишдек самимий  туйғулар қамраб олади. Орамизда кимдир тўй қилса, ҳаммамиз бир бўлиб, тўйни чиройли ўтказишга ҳаракат қиламиз. Қўлимиздан келганча моддий ёрдам берамиз. Орамизда ёши ҳаммамиздан улуғ илму маърифатли бир аёл бор. У оиладаги тутумлар, келинларга муносабат, қайси ишда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида жуда ўринли гапларни гапиради, бизга панд-насихатлар беради. Биз ҳам унинг сўзларини қулоққа оламиз, эшитганларимизни ўз оиламизда қўллашга интиламиз. У аёл ҳар сафар йиғинимизда маърифатдан сўз очади, турли ибратли ҳикоят ва ривоятларни айтиб беради, аёлларга ҳаёт илмидан сабоқ беришга интилади.

Бундай йиғинлар шубҳасиз, аёлларнинг маънавиятини оширишга, ораларидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хулоса қилиб айтишим мумкинки, аёлларнинг "гап-гаштак"лари, йиғинлари урфга айланиб улгурди, бу жараённи тўхтатиш анча мушкул. Фақат у йиғинларни аёлларимиз ким ўзарга, ўзини кимлигини кўрсатиб қўйиш, ҳуда-беҳуда ғийбатлар, ўринсиз гап-сўзлар учун эмас, опа-сингилларимизнинг маънавиятини юксалтирадиган, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, ўзбекона қадриятларимизни тарғиб этадиган йиғинга айлантиришимиз лозим. Энг муҳими, бундай йиғинларда бутун элга овоза бўлиб ўйин-кулгу қилиш, ҳатто, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш каби аёл шаънига доғ бўладиган, амолига ўчмас гуноҳлар келтирадиган хатти-ҳаракатлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Зотан, ўзлигимизни, ориятли, ибо-ҳаёда барча ҳавас қиладиган ўзбек аёли, миллат, ака-ука, фарзандларимиз ор-номуси эканлигимизни асло унутмаслигимиз зарур.

 

Муқаддасхон  ХЎЖАҚУЛОВА,

 

Олтинкўл тумани.

Прочитано 2030 раз Последнее изменение 11 Нояб 2017