+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ШАРОФ РАШИДОВ ХОТИРАСИГА БАFИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ

(46-сон) тадбир

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф     Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира, адабий, маънавий-маърифий кечалар, тадбирлар  ўтказилмоқда.

"Андижоннома" ва  "Андижанская правда" газеталари таҳририятида атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланиб ўтказилган хотира тадбири ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. 

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчилар, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Н. Саидов ва бошқалар   Шароф Рашидовнинг давлат арбоби, ижодкор сифатидаги кўп қиррали фаолияти хусусида сўз юритдилар. Унинг раҳбарлигида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

 - Шароф Рашидов номи  халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди, - дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева. - Чунки юртимиздаги кўплаб улкан бунёдкорлик ишлари, маънавий, маданий ҳаётимиздаги воқеалар, ўчмас хотиралар ана шу инсон номи билан бевосита боғлиқ.

Тадбирда "Шароф Рашидов - ўзбек халқининг бахт-саодати йўлида фидокорона курашган буюк инсон, атоқли давлат ва жамоат арбоби", "Шароф Рашидов - ўзбек миллий адабиёти ривожига улкан ғисса қўшган ижодкор" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди.

Ўз даврида атоқли давлат арбоби билан бир даврда ишлаган, у инсон билан учрашиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлган меҳнат фахрийлари ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар. Ёш ижодкорлар томонидан улуғ адиб қаламига мансуб шеърлар ўқилди, унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир доирасида Шароф Рашидов асарлари, унинг бевосита Андижон ва андижонликлар билан боғлиқ фаолияти акс этган фотосуратлар кўргазмалари ташкил этилди.

 - Ушбу кўргазма орқали атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдик, - дейди Андижон давлат университети талабаси Гулчеҳра Зоҳидова. - Ана шундай улуғвор ишларни амалга оширган халқимизнинг буюк вакиллари борлигидан қалбимиз фахрга тўлди.

Якунда меҳмонларга ош тортилиб, улуғ инсон ҳақига қуръон тиловат қилинди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

МУҲАББАТ ҲАМИША ҒОЛИБ

(45-сон) ҳикоя

Жасур кўчанинг бошида таксидан тушди. Каттагина сумкасини олиб, ҳайдовчига раҳмат айтди-да, уйлари томонга юрди. Юраги гуп-гуп урар, қадамларини катта-катта ташлаб, тез-тез юриб борарди. Уйлари кўчанинг адоғида. "Кутиб ўтиргандир, - мийи-ғида кулимсираб ўйлади у, - кеча келмаганимга ҳали аразласаям керак. Начора, жон чекмасанг...". Йигит бир ҳафталик сменасидан аслида кеча қайтиши керак эди, аммо ҳамкасбларидан бирининг туғилган куни экан, шаҳардаги ресторанда кечгача байрам қилишди, охири Жасур холасиникида тунаб қолишга мажбур бўлди.

Ҳовлига яқинлашар экан, у доимгидай дарвоза очиқлигини кўрди. Одатда, Рухсора уни дарвоза олдига чиқиб кутиб ўтирган бўларди. Бугун эса кўринмади. "Тамом!  Аразлаган, бу аниқ..." хаёлидан ўтказди Жасур ва ичкарига кирди. Ҳовлида куймаланиб юрган онаси уни кўриб, ишини ташлади-да, истиқболига юрди:

-      Вой, келдингми, болам? Келин шўрлик кутавериб, сил бўлди-я! Ҳозир уйга кирувди. - Ойдин хола ўғли билан кўришиб, уйга қараб овоз берди. - Рухсорахон, чиқақолинг, келиной,  келди кутганингиз...

Жасур нега кечикканини изоҳлар экан, келинчак ичкаридан чиқиб келди. Эрининг рўпарасига келиб, тўхтади-да, паст овозда салом бериб, қўлидан сумкасини олди. Жасур бирпас унга термулиб қолди. Рухсора ярашиб тушган қизил гулли халатида, қайрилма қошларида ўсма, доимгидай ўзига оро берган. Кечадан бери кутгани учунми, маъюс кўринади. Жасур унинг болаларча аразлашларига ҳам кўниккан, шунинг учун жилмайиб қўйди-да, онасидан ҳол-аҳвол сўради:

-      Қалайсизлар, ойи, яхши ўтирибсизми? Пучуғингиз айтганингизни қиляптими ўзи?

"Пучуқ" деб у Рухсоранинг жиғига тегаётган эди. Келин буни билди-ю, қайнонасининг кўзини шамғалат қилиб, эрига кичкина муштини дўлайтириб қўйди. Ойдин хола кулибгина ўғлини койиди:

-      Нега энди қилмас экан? Рухсора ўзимнинг болам-ку! Қўй, ҳадеб жиғига тегаверма!

Кечки овқат маҳалида отаси Жасурга деди:

-      Ўғлим, эртага бир буванг-никига ўтиб келсанг. Кўп сўради-да сени шу сафар...

Жасурнинг пешонаси тиришди. Билади, бобоси нима дейишини... У беихтиёр хотинига қаради. Кўзлари жавдираб турган Рухсора лабини қаттиқ тишлади-да, секингина косаларни олиб, ошхонага чиқиб кетди...

 

* * *

 - Хўш, энди нима қиламиз? Чевара кўрмай ўтиб кетарканмиз-да, а?

Кичик гавдали жиккаккина чол рўпарасида бошини эгиб, қовоғини солиб ўтирган неварасига зимдан қараб, гапига жавоб кутди. Аммо Жасур лом-мим демади, хонтахтанинг оёғини чертиб ўтираверди. Шерали бува гапини давом эттирди:

-      Биласан, ўғлим, мен келинга уйланишингга бошидан норози эдим. Эскиларда бир гап бор: "Ота рози - худо рози", деган. Сенам, отангам менга қулоқ солмадинглар, мана, оқибати. Уч йил бўлдими тўйингга?

Жасур чурқ этмай, бош ир-ғади.

-      Туғса, шу пайтгача, туғарди-да, - деди чол, - озми-кўпми, қаратдинг ҳам, нима фойдаси бўлди? Бекорга пул совурганинг қолди.

"Пул совурдинг, эмиш, - ўйлади Жасур, - яхшиям, ўзим топаман, агар сиздан бир сўм сўрасам борми..." У бувасининг қурумсоқлигини, пулни яхши кўришини билади. Шунинг учун яна индамади. Гапнинг қайси нишабга бурилиши маълум. Энди нима деб қутулсин? Ўтган сафар шу мавзуда гаплашганларида, бир амаллаб қутулган эди. Бобоси, барибир, отасига ўзининг айтганини қилдириши турган гап. Тўйларигаям ялина-ялина зўрға кўндиришган. Бувисининг айтишига қараганда, ёшликларида Рухсоранинг бобоси  - Абдулла бобо билан ўрталарида жиддий келишмовчилик бўлган экан. Буёқда бобоси, уёқда Рухсоранинг бувиси Меҳри ая роса оёқ тирашганди. Абдулла бобо Шерали бобога нима қилган - буни иккала ёш билишмасди. Ўтган ўтди-ку, нега уларнинг душманлиги деб Рухсора билан у азобланиши керак? Жасур сира тушунолмайди. Шу билан бирга, бобосидан ҳайиқади ҳам. Бобоси унинг сукутига узоқ тоқат қила олмади:

-      Гап бундай! - деди у қатъий. - Иккала қулоғинг биланам эшитиб ол. Агар мени десанг, хотинингнинг жавобини берасан, бўлмаса, дуойибад қиламан, уқдингми?

Жасур ялт этиб, бувасига қаради.

-      Бува, нималар деяпсиз? Менга ундан бошқаси керак эмас, биласиз-ку... Сабр қилайлик, бўлиб қолар, ахир, ноумид шайтон...

Шерали буванинг баттар жаҳли чиқди:

-      Ўв, менга қара! Сен менинг биринчи неварамсан, чевара кўрмай ўтиб кетиш ниятим йўқ, беш кунлигим қолдими-йўқми... - у бироз тин олди-да, гапга нуқта қўйди, -  гап тамом, мени десанг, жавобини берасан, бўлмаса, ўзингдан кўр, бола, бир умр унмайсан кейин...

 

* * *

Узоқ жимликдан сўнг, ниҳоят, отаси деди:

-      Ўзинг ҳал қил, ўғлим! Мен бир нарса дея олмайман. Буванг шунчалик қистаётган бўлса, ноиложман, унга қарши боролмаймиз...

-      Отаси, - Ойдин хола эрига таъна аралаш қаради, - нима деяпсиз? Ажратамизми энди, шу ният билан келин олганмидик?

-      Нима қил, дейсан? - Ҳамдам ака оғир уҳ тортди, - менга қолса, шундай дермидим?

-      Бўлди, ойи, дада! - Жасур илкис бошини кўтарди. - Ажрашмайман, тамом-вассалом! Бувам нима қилса-қилаверсин! Ойи, илтимос, бу гапларни келинингиз эшитмасин...

Ойдин хола ўрнидан қўзғалар экан, жимгина бош ирғади. Ташқарига чиқаётиб, келинининг ўз уйига кириб кетаётганини кўрди. "Эшитиб қолмадимикин? Йўғе..." - хаёлидан ўтди унинг...

* * *

Ярим кеча. Жасур анчагача ухлолмай ётиб, энди кўзи илинганди. Енгил шарпадан уйғониб кетди. Рухсора ёнида йўқ эди. Бироз кутди-да, аста ўрнидан туриб, нариги хонага чиқди. Келинчак тунги кўйлакда хона тўридаги сандиқ ёнида ўтирарди. Қўлида альбом - Жасур дарров таниди - тўйда тушган суратлари бор унда. Чуқур хаёлга ботган Рухсора эрининг келиб турганини анчагача сезмади. Суратларга бир-бир қараб, альбомни жойига қўяётганидагина бошини кўтариб, Жасурни кўрди.

-      Нега ухламаяпсиз?                  - койиди у. - Вақт алламаҳал бўлди-ку!

-      Ўзинг-чи, - деди Жасур жавобан, - сен нега ухламаяпсан?

Рухсора кўзларини олиб қочди.

-      Ҳалиги, ойим иккимиз боя кундузи бироз мизғиб олгандик, шунгами, уйқум қочди...

Жасур унинг баҳонасини сезиб, хўрсинди. Билади, Рухсора бобосининг нима деганини сўрай олмаяпти. Сўраганидаям, нима дея олади? Жасур хотинининг кўнглини қандай кўтаришни билмай, бир зум туриб қолди.

-      Кириб ётақолинг, келиной, - деди кейин сохтароқ шўхчанлик билан, - яна эрталаб тура олмай, уялиб қолманг. Ё эсингиздан чиқдими?

Рухсора ҳазин жилмайиб қўйди. Келинликнинг илк кунларини унутиб бўлармиди? Бошида сира эрталаб вақтли уйғона олмасди, ёшлигидан шунақа - бегона жойда ухлолмас, тонгга яқин кўзи илинар, кейин кеч турарди. Шундай пайтларда уялганидан қайнотасининг кўзига кўрина олмас, Ҳамдам ака ишга кетгачгина, ошхонадан чиқарди. Жасур унинг устидан кулгани-кулган, қайнонаси бўлса, барака топсин, доим унинг ёнини олиб, ўғлини койиб берарди...

Рухсора шуларни эслади-да, бироз кўнгли ёришди, ўзидан зўр бериб яширилаётган гапни аллақачон эшитганини айтмоқчи эди, аммо индамай қўяқолди. Жасур ҳам ўжарликда, бир сўзлиликда бувасидан сира қолишмайди. Демак, энди Рухсоранинг ўзи бир қарорга келиши керак...

 

* * *

Тонг энди ғира-шира ёришиб келяпти. Уйдан астагина чиққан келинчак қадрдон бўлиб қолган ҳовлига бир кўз югуртириб чиқди-да, қўлидаги тугунни бағрига босиб, дарвозадан шарпасизгина чиқди...

 

* * *

Эрталаб, онасининг "сигнали" - деразани оҳиста тиқиллатишидан уйғониб кетган Жасур дарров ёнига ўгирилди: хотини йўқ. "Уйқучи хоним уйғонибдилар-да", - ўйлади у кулимсираб, кейин ташқарига чиқди. Оғилхонадан чиқиб келган онаси унга бир қараб қўйди-да, ошхонага кириб кетди. Жасур ювиниб, яна уйларига кирди. Одатдагидай, хотинининг чойга чақиришини кутиб, диванга ёнбошлади. Орадан ярим соатча вақт ўтиб, эшик очилганини эшитди. "Ана, келдилар маликаи олия!" Жасур ҳазиллашишга чоғланди.

-      Жасур! - онасининг овози эшитилди. - Нимага чиқмаяпсизлар чойга? Келин қани?

Жасур ҳайрон бўлди.

-      Келинингиз ошхонада эмасми? - У онасининг ёнига- даҳлизга чиқди. - Уйда йўқ-ку!

-      Қарай-чи, балки боғ тарафга ўтгандир, - Ойдин хола каловланган кўйи ташқарига йўналди. Жасур яна уйга кириб, энди телевизорни ёқмоқчи эди, шундоққина унинг устига қўйилган қоғозни кўриб қолди.

"Жасур ака, мени кечиринг, бизнинг бошқа йўлимиз йўқ. Бувангизнинг айтганини қилинг. Мен розиман..." Жасур кўз олди қоронғулашиб, қичқириб юборди:

- Рухсор!!!

 

* * *

Рухсора қишлоқ бошидаги уйларига зўрға етиб келди. Дарвозани очган онаси қизининг аҳволини кўриб, ҳаммасини тушунди.

-      Ойи, мен келдим, - Рухсоранинг ранги оқариб кетган, юраги гурс-гурс урарди, - бутунлай келдим, ойижон, бувимга айтинг, мана, ниятларига етдилар...

У шундай деди-ю, кўнгли озиб, боши айланиб кетаётганини сезди. Кўз олди қоп-қорон-ғу бўлиб қолди. "Сиқиляпман, шунинг учун, - ўйлади у онасининг ҳол сўраётганини эшитиб-эшитмай, - ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади..." Йўқ, бош айланиши ўтиб кетмади. Уйга киргач, баттар кўнгли айниди, ташқарига чиқаман, деб ўрнидан турди-ю, ҳушини йўқотди...

 

* * *

- Почча, тез касалхонага бораркансиз, опамнинг мазаси қочиб қолди!

Қайнукаси ҳаллослаб келганида Жасур бошини чангаллаб ўтирганди. Бу хабарни эшитиб, кўчага отилиб чиқди. Туман марказидаги касалхонага қандай, қачон етиб келди, билмайди. Билгани фақат шу: унинг Рухсораси касал! Йўлакда ўтирган қайнонаси кўз ёши аралаш кулиб қаршилади уни. Рихси хола куёвига хонани кўрсатиб:

-      Киринг, болам, кираверинг, - деди. Жасур энди кирмоқчи бўлганида, ичкаридан шифокор чиқиб келди.

-      Шу кишими куёвингиз? - оқ халати ярашган басавлат аёл ҳам кулаётганди, - уч йил бўлди тўйларига, дедингизми? Вақти энди экан-да, муборак бўлсин!

Бу тушунарсиз гаплардан йигит баттар гангиди. Нима деяпти булар?

- Яхшими ўзи? Нега ҳушидан кетади бўлмаса?

-      Иммунитети пасайиб кетган, шунинг учун токсикози ҳам эрта, ҳам бироз оғир бошланган. Хавотирланманг, ҳомиласи энди ўн тўрт кунлик бўлибди. Даволаймиз, худо хоҳласа, қўчқордек ўғил кўради қизингиз...

Жасурнинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетгандай бўлди. Мадорсизланиб, деворга суянди. Кейин бир-бир босиб, хонага кирди. Дераза тагидаги каравотда севинчидан йиғлаб ётган Рухсорага қараб қолди...

 

* * *

- Жасур ака, бувангиз эшитдиларми?

- Ҳа, - деди йигит жилмайиб, - кеча айтишибди.

- Нима дебдилар?

- Ҳеч нима! Фақат шу...

- Нима? - Рухсоранинг кўзлари катта-катта очилди, - айтақолинг, ичимни қиздирмай!

- Нима бўларди? - бепарво кўрсатди ўзини Жасур, - аламларидан соқолларини юлаётган эмишлар...

Рухсора кулиб юборди,     кейин деди:

- Менинг бувим бўлса, соч-ларини...

Жасур ҳам унинг кулгисига қўшилди...                       

                                                   

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

СУРАТЛАРДА АКС ЭТГАН ЖОЗИБА

(45-сон) ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРИМИЗ

Гулнигор чизган суратларга боқиб, болаликнинг беғубор тасаввурини, ёшликнинг бетакрор нафосати-ю, юртимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳис этасиз. Санъатнинг нафис, шу билан бирга, инсон руҳиятига ошуфта оламига ташриф буюрасиз.У ҳали ёш бўлишига қарамасдан, ўз иқтидорини суратларга муҳрлай олди.

Гулнигор Тоҳирова болалигиданоқ тасвирий санъатга меҳр қўйди. Фарзандининг истеъдодини пайқаган ота-онаси уни вилоят тасвирий санъатга ихтисослашган мактаб-интернатга олиб келдилар. Гулнигор санъат даргоҳининг остонасига илк қадам қўйган дамларини ҳаяжон билан эслайди. Мактабда ўқиш давомида у ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиш учун тинимсиз ҳаракат қилди, мўйқаламни қўлдан қўймади, тинимсиз изланди.

Аввалига мактаб-интернатда оғизга тушди, сўнг туман, вилоят, республика танловларида муваффақиятларга сазовор бўлди. 2012 йили "Баркамол авлод" болалар ижодиёти фестивали республика босқичида унинг "Буюк ва  муқаддассан, мустақил Ватан"  мавзусидаги кўргазмаси юқори баҳоланиб, фахрий ёрлиқ билан  такдирланди. Бу унинг муваффақиятлари дебочаси эди. Шундан сўнг у вилоят, республика миқёсидаги кўрик-танлов, кўргазмаларда мунтазам иштирок эта бошлади. 2015 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг мақтов ёрлиғи, "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги"га бағишланган кўрик-танловда махсус сертификат, 2016 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш вилоят  босқичи ғолиби, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан уюштирилган "Энг яхши плакат" танловининг ғолиби бўлди. Гулнигор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари  координатори   Джон  Мак   Грегор  томонидан  махсус  диплом  ва  компьютер   совғаси   билан   тақдирланган.

Яқинда Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининиг 25 йиллиги, шу миллат вакиллари мамлакатимизда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишланган ўзбек ва корейс маданияти кунлари доирасида "Ўзбекистон ва Корея дўстлиги" мавзусидаги расмлар танловида ҳам иштирок этди. Гулнигор чизган сурат кореялик меҳмонлар эътирофига сазовор бўлди. Корея  Республикасининг  Ўзбекистондаги  фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ёш истеъдод соҳибасига махсус  диплом ва  смартфон      совға қилар экан, суратни ўзи билан олиб кетишини, у икки давлатнинг азалий дўстлиги рамзларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

- Санъат шундай жозибага эгаки, инсонни ўзига мафтун этмай қўймайди. Бундай ижодий қудратни тангри қалбимизга жойлади. Шунинг учун ҳар бир асар бизнинг  қалбимиздан яралади. Балки шундан ижодкор кишининг табиати гўзал бўлади. Мен ҳамиша ана шу гўзалликка интиламан, - дейди Гулнигор.

Гулнигор Тоҳирова ҳозирда Андижон санъат коллежи "Амалий графика рассоми" йўналишининг 3-босқичида таҳсил олмоқда. У келгусида билим олишни Камолиддин Беҳзод номидаги республика миллий рассомчилик ва дизайн институтида давом эттирмоқчи. Санъат йўлида орзулари бир олам бу иқтидор соҳибасига улкан парвозлар тилаб қоламиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Жажжи раққосанинг улкан орзулари

(45-сон)

Халқимизнинг мумтоз наволари, куй сеҳри неча йиллардан буён қалбларимизни ҳаяжонга солиб келади. Ана шу сеҳр булоқбошилик ҳуснидабону Толипованинг қалбини тўрт ёшдалигидаёқ асир этган.

Оиладаги санъатга бўлган меҳр ва муҳаббат ҳуснидабонуни раққоса сифатида шакллантирмоқда. Унинг ана шу иқтидори йил сайин ўсиб бормоқда.

Жажжи иқтидор соҳибаси рақс борасида илк сабоқни боғчада тарбиячисидан олди. Қизидаги истеъдод, қизиқиш ва интилишини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган ота-онаси уни туман маданият бўлими қошидаги рақс тўгарагига олиб борди. Мана бир неча йилдирки, у Муаззамхон Мадраҳимова раҳбарлигидаги "Гулсанам" гуруҳида ўзбек миллий рақс сирларини ўрганиб келмоқда.

Истеъдодли ҳуснидабону 6 ёшида "Янги авлод" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида ғолиблар қоторидан жой олди. 2014 йил эса "Истиқлол ғунчалари" кўрик-танловининг республика босқичида "Дилхирож" рақсини маҳорат билан ижро этиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. "Санъат ғунчалари" танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этди. 2015 йил 9 ёшида эса "Камалак юлдузлари" кўрик-танловининг республика босқичида "Шўх қиз" доира рақси билан барчанинг эътиборини қозониб,  совриндор бўлди.

Хуснидабону Толипова туман, вилоят миқёсида ўтказилаётган кўплаб тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Нафақат санъат, балки ўқишда ҳам аълочи бўлган бу қиз бўш вақтларида бадиий китоблар ўқийди, айниқса, инглиз тилини ўрганишга алоҳида меҳр қўйган. Мактабдаги она тили ва адабиёти фани ўқитувчисидан шеър ёзиш қонун-қоидаларини ўрганмоқда.

Жажжи раққосанинг миттигина юрагида улкан орзулари бор. У келажакда таржимон бўлишни ният қилган. Қолаверса, ҳар бир ўзбек қизининг орзуси бўлган Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш, халқимизга нафи тегадиган, ўз касбининг устаси бўлиб етишиш учун ҳаракат қилмоқда.

У хиром этган гўзал рақслар жозибаси кўнгилларга сурур бахш этаверади. 

 

 

Сарвиноз СУЛТОНОВА

Хавфсиз идишлар

(45-сон) Тавсия ва маслаҳатлар

Ҳозирда рўзғорда ишлатаётган идишларимизнинг қандай материалдан эканлиги, ундан нима тайёрлашда фойдаланишимиз мумкину қандай жараёнларда ишлатиб бўлмаслиги масаласига кўп аёлларимиз у қадар эътибор қаратмайди. Лекин бу масала нафақат ўзимиз, балки бутун оиламиз саломатлиги учун ўта муҳим ҳисобланади. Қуйида қандай идишни қай тарзда, қай ҳолатда ишлатиш мақсадга мувофиқлиги хусусида сўз юритамиз, опа-сингилларимизнинг хавфсиз идишни танлаб олишларига ёрдам берамиз.

Шиша идиш

Иссиқликни узоқ сақлайди, ҳеч қандай бегона таъм ва ҳидларни бермайди.Таомни тайёрлашда ҳам, сақлашда ҳам ундан бемалол фойдаланиш мумкин. 

Титан ва зангламайдиган пўлатдан тайёрланган идишлар

Бундай идишлар ўта чидамлидир. Зангламайдиган пўлатдан тайёрланган идиш оксидланмайди, яъни ўз ҳолатини йўқотмайди. Унда қайнатилган ва сақланган маҳсулотлар ўз хоссалари, таъми, ҳатто витаминларининг таркиби ҳам бузилмайди. Лекин бундай идишлар таркибидаги никель аллерген ҳисобланади ва тери касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Уларда кўпроқ аччиқ овқатларни тайёрлаган маъқул.

Эмалланган идиш

Бундай идишларда овқат пишириш, хоҳлаган маҳсулотларни сақлаш, чўчимай тузлама, маринадлар тайёрлаш мумкин, лекин бундай идишлар кўп ҳолларда мўрт бўлади. Эҳтиётсизлик туфайли эмалланган қатлами озгина кўчиб кетиши билан идишда коррозия бошланади, синиши ва дарз кетиши осонлашади. 

Сопол идишлар

Бундай идишларда қадимдан овқат пиширилган, одамлар томонидан рўзғорда кенг фойдаланиб келинган. Унда тез айнийдиган таомларни сақлаш мақсадга мувофиқ.  Лекин ҳозирда уларнинг ички юзаси силлиқ бўлиши учун соғлиғимизга хавф солувчи - қўрғошин тутиши мумкин бўлган эмаль билан қопланмоқда. Унинг зарарли таъсиридан халос бўлиш учун ишлатишдан олдин идишни сув билан аралаштирилган уксус эритмасида чайиб юбориш мақсадга мувофиқ.

Алюминий идишлар

Аччиқ ва нордон овқатлар пишириш, сабзавотларни қовуриш ва димлаш, сут қайнатиш, тузлама ва маринадларни сақлаш тавсия қилинмайди. Озгина иситганда ҳам кучсиз кислоталар ва ишқорлар темирнинг ҳимоя пардасини емиради ва алюминий бизнинг овқатимизга тушади. Лекин унинг яхши томони, бўтқалар пишириш учун эмалланган идишга қараганда қулайлигидир. Алюмин идишларда пишириш мумкин, лекин пишган овқатни унда сақламаслик керак.

Чўян идиш

Уни ҳисобдан чиқармаслик керак. Чўян идиш оғир бўлса ҳам унда овқат деярли куймайди, секин исийди (шунинг учун ҳам унда димланадиган таомларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ), қолаверса, чўян идишдаги таом асл ҳолати ва иссиқлигини узоқроқ сақлайди.

Пластмасса идишлар

Ҳозирги кунда пластик идиш, айниқса бир марта ишлатиладигани кенг тарқалган. У ҳақиқатдан ҳам жуда қулай. Унда бўтқа пишириб бўлмайди - эриб кетади. Аммо, бундай идишлар маҳсулотларни ташиш учун жуда қулай. Шу билан бирга, у синмайди ҳам. Лекин меламиндан тайёрланган пластик идишлардан эҳтиёт бўлиш керак. Агар сиз идишнинг орқа тарафида меламин деган ёзувни кўрсангиз, бу идишни умуман, сотиб олманг, ишлатманг ҳам. Меламин таркибидаги формальдегид иссиқ сув билан реакцияга киришади. Айниқса, идиш салгина қирилган бўлса, ўша модда овқатга ажралиб чиқади.

Бир марталик пластик идишлар кўпроқ атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун уни иккиламчи қайта ишлашга топшириш тизимини йўлга қўйиш зарур.

Пластмасса идишни ишлатиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар:

- пластикдан тайёрланган идишларни ишлата туриб, уларда хавфсизлиги ҳақида маълумот берувчи тамға борлигига эътибор беринг.

- Идишларни фақат у заҳарли эмаслиги кўрсатилган сифат сертификати борларини сотиб олинг;

- ўткир ҳиди бор пластмасса идишларни сотиб олманг;

- уларни иссиқ ичимликлар, овқат ташиш ҳамда сақлаш учун ишлатманг, чунки исиқ таъсирида заҳарли моддалар ажралиб чиқиши ортиб кетади.

Зилола ИБРАГИМОВА,

 

Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни  муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси.

"ЯХШИ МУОМАЛА - ЯРИМ ИБОДАТ"

(45-сон)

Қадим замонда бадфеъллиги билан донг таратган бир одам оппоқ либосларга бурканиб, бир донишманднинг олдига борибди: "Мен шу ўтиришимда кимга ўхшайман?" "Авлиёларга ўхшайсиз" дебди донишманд, унинг жавобидан мамнун бўлган одам эски одатини қилиб: "Сен эса гўнг тўлдирилган қопга ўхшайсан",- дебди.

Унинг бу гапини эшитган донишманд кулиб қўйибди. Донишманднинг ғазабланишини кутган одам ҳайрон бўлиб: "Нега куласан?" - деб сўрабди. Донишманд унга жавобан дебди: "Ичи яхшилик хислатига тўлган одам бошқаларни авлиё деб билади, ичи мўри каби қурумга тўла одамга бошқалар гўнг тўлдирилган қопга ўхшаб кўринади".

Ҳар бир яхшилик, керакли фойдали сўзни айтиш ҳам садақа ҳисобланади.

Бу ҳақда пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) дебдурлар: "Ҳар-бир маъруф садақадур". Аллоҳ Таолонинг бандаларига буюрган энг яхши амалларидан бири ўзгаларга озор берувчи сўзлардан қочмоқ ва яхши муомаладир. Муомала одобини билмаслик қанчадан-қанча одамларнинг дили оғришига сабаб бўлиши мумкин. Бу энг ёмон одатдир. Яхши муомала ҳам ярим ибодат саналади.

Донолар дебдурлар: "Бировга озор етказиш уруғини сепган киши зарардан ўзга ҳосил олмайди.  Бошқаларга манфаат етказган, ниҳолини кўкартирган киши тинчлик, шодлик мевасини ейди. Тоғ ёнида қичқириб нимани айтсангиз, акс-садо билан ўша айтганингизни эшитасиз. "Нимани эксанг, - шуни ўрасан", деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган".

Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қилиб дедилар: "Ўғлим, нодон ва жоҳил бир киши сен билан бирор масала устида баҳслашиб қолса, сен унга мулойимлик билан жавоб бер. Агар у сенинг жавобингдан қаноатланмай жаҳли чиқа бошласа, сўзингни яна қайтариб айтма, у билан олишиб ўтирмай, сукут қилки, аҳмоққа сукут жавобдир".

Ривоят борки, бир киши донишманднинг олдига келиб арз қилди: "Фалончи кўпчилик ўртасида менинг камчилигимни айтиб, изза қилди. Энди ўша аблаҳдан қандай қилиб қасдимни олсам бўлади?"

Донишманд унга деди: "Агар у кўпчилик ўртасида сенинг айбингни айтган бўлса, демак, ўзининг ҳам айбини очибди. Энди сен ўша одамлар ичида, унинг яхши сифатларини айтиб мақтагин".

- Нима учун, ахир у мени ёмонлаган бўлса, мен уни мақтайманми?

"Агар сен ҳам уни ёмонласанг, унда ўша аблаҳдан нима фарқинг қолади? Агар мақтасанг, балки қилган ишларидан уялиб, пушаймон бўлар", дебди донишманд.

Нақлдурки, бозорда икки сотувчи ўтириб, савдо қилишар эди. Уларни бири жиззаки бўлиб, бўлар-бўлмасга қўшнисини ҳақорат қилиб, унга озор берарди. Қўшниси эса уни фақат дуо қилар эди. Атрофдагилар бир куни ундан сўрашди: "Шеригинг сени ҳақорат қилса, сен уни дуо қиласан, бунинг сабаби нимада? Мен ҳамёнимда бор нарсаларнигина ишлата оламан", - деб жавоб берди у.

Мулойим, хушмуомала, ширин сўзли бўлиш энг яхши хислат, лекин ҳулқ-атвор ҳам гўзал бўлмоғи зарур. Улуғлик - ўзига оро бериб бежирим кийинишдангина иборат эмас, ақл, одоб, тарбиядандир.

Донолар дебдурлар: Тўрт нарса, тўрт нарсани келтиради. Сукут сақлаш - тинч яшашни, яхшилик қилиш-саодатни, саховат - улуғликни, ҳушмуомалалик - одамлар муҳаббатини.

Тўрт нарса тўрт нарса билан тугайди. Аблаҳлик - расволик билан, ғазаб-пушаймонлик билан, ялқовлик - хору зорлик билан, қўпол муомала - кўнгил қолиш билан.

Исломнинг ҳақиқий мезони ва ўлчови шуки, ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқага ҳам шуни раво кўр. Ўзинг учун ҳоҳламаган нарсани, бошқага ҳам илинма. Инсонни ҳурмат қилган динини ҳам севади. Дини-диёнати бор одам ўзгаларга ёмон муомала қилмайди.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.  

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЭЪТИБОРЛИ БУЛИНГ!

(45-сон) Мулоҳаза

Эрталаб ота-она болаларини йўл-йўлакай боғча опасининг қўлига топшириб, ишга жўнайди. Болакай тезроқ куннинг кеч бўлишини, онаси эртароқ келиб уни боғчадан олишини интизор бўлиб кутади. Куни бўйи ишхонадаги юмушлардан толиққан она эса фарзандининг биттагина табассумини кўриши билан барча чарчоқларини унутади. Она-бола ўртасидаги меҳр риштаси йилдан йилга мустаҳкамланиб бораверади.

Бола мактаб ёшига етганидан кейин эса ота-онанинг ташвишлари ортади. Уларнинг олдида "Боламни кимга қолдирсам экан?", деган савол юзага чиқади. Аслида болажон халқмиз. Уларни қаровсиз қолдиришнинг оқибати хайрли бўлмаслигини яхши биламиз.  Бундан бир неча йиллар аввал ўқитувчи танишларимдан бири фарзандларини уйда олиб ўтиришнинг жуда яхши усулини топганини айтган эди:

­ Ҳар куни янги мультфильм дискларини олиб келаман. Болалар бирор шўхликни ўйлаб топишмадимикан, деган  хавотирдан ҳолиман. Ишларимни бемалол битириб келгунимча болаларим телевизор олдидан кетишмайди, ­ деганди у.

Кейинчалик ўша аёлнинг ўғилларидан бирида юрак хасталиги, бирида эса кўриш билан боғлиқ нуқсонлар юзага келганлиги маълум бўлди. Шифокорлар, ушбу  хасталикларни эртадан кечгача телевизор олдида ўтирадиган  болаларда тез-тез учрашини    айтишган.

Бугунги кунда эса ҳар бир болакайнинг қўлида телефони, уйида компьютери ва телевизори бор. У истаган кино ёки мультифильмини кўриши мумкин. Болам уйдан чиқмай ўтирибди, у шўх болаларга қўшилмаяпти, деб хотиржам бўлишга ота-онанинг асоси етарлими? Афсуски йўқ. Чунки, бугун компьютерларни қамраб олган виртуал ўйинлар, мультфильмларда тарғиб этилаётган ғояларнинг ҳаммаси ҳам эзгуликка хизмат қиляпти, деб айта олмаймиз. Шундай экан болаларни компьютер, телевизорлар ихтиёрига топшириб қўйишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Бу ҳақда асли касби ўқитувчи бўлган танишларимдан бири қуйидаги мулоҳазаларини билдирди:

­ Болаларнинг қизиқишлари, орзу-истакларини қўллаб-қувватлаш керак. Бугунги куннинг боласи билан ҳамқадам бўлиш ҳаммамизнинг ҳам қўлимиздан келавермайди. Айниқса, давлат ишида ишловчи ота-оналар учун бу жуда қийин масала. Шахсан менда ҳам  фарзандларимни дарсдан кейин қўшимча машғулотларга олиб бориш учун кўпинча вақтим етмай қоларди.

Ана шу муаммони ҳал этиш учун турмуш ўртоғим билан келишиб бир муддат ишламай уйда, болаларнинг ёнида бўлишга қарор қилдим. Ҳар бирини қизиқишига қараб турли соҳаларга йўналтирдик. Кечгача шу уч боланинг ортидан юрардим. Дадаси ишидан орт-майди. Болаларни вақтида маш-ғулотларга олиб боришга қийналган пайтларим бўлди.  Доимо болаларга энг яхши натижаларингиз, дадангиз учун кутилмаган совға бўлсин, деб уқтирардим. Шу боис фарзандларим ҳамиша юқори натижаларга эришиш учун интилишган. ўтган йили катта фарзандим институтга кирди.  Қизим Шоҳида эса география фани бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб бизни беҳад қувонтирди.  Болаларнинг бугунги ютуқларини кўриб, уларни энг қимматли вақтлари ­ болалигида ёлғиз қолдирмай, тўғри йўналиш бера олганимиздан, деб биламан.

Марҳамат туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ҳамидахон Аҳмадалиеванинг таъкидлашича, ота-оналари, бувилари назоратида бўлган болалар бошқаларга нисбатан масъулиятли, интизомли ва интилувчан бўлар экан. 

­ Бола табиатан бўш қолишни, бекор юришни хуш кўрмайди. Агар унга ота-онаси эътиборли бўлиб, керакли ва фойдали ишларга, китоб ўқишга, аниқ мақсад сари интилишга ўргатмаса, бола ўзига, албатта бошқа бир юмуш топиб олади. Унинг учун айни пайтда   машғул бўлаётган ишининг оқибати унчалик муҳим эмас, у вақти ўтаётганидан мамнун бўлиб ўсаверади.

Аниқ мақсадга интилган болалар кейинчалик фаол ва мазмунли ҳаёт кечирсалар, ёшлигида қаровсиз қолиб, компьютер ва телефонлардаги турли  ўйинларга овуниб ўсган болалар шунчаки кун ўтказишга мойил кишилар бўлиб вояга етади. Ўқувчиларим орасида жангари феълли, зардали болалар ҳам учраб туради. Бир қарашда уларнинг уйида ҳамма нарса етарли. Ота-онаси ишлайди. Аммо бола баъзан отаси ёки онаси билан ҳафталаб кўришмайди, суҳбатлашмайди. Улар билан дилдан гаплашганимда отаси ёки онасининг эътиборсизлигидан хафа эканини, шу араз гинага айланиб қалбини дағаллаштираётганини сезиб қоламан. Ота-онасидан эъзоз ва эътибор кўрган ўқувчиларимнинг эса кўзлари чақнаб туради.

Демак, фарзандларимизга болалигидан меҳр ва эътибор муҳим экан. Азиз дилбандларимиз камолотида муҳим бўлган ана шу жиҳатга асло эътиборсиз бўлмайлик.

 

 

Ҳамрохон МУСУЛМОНОВА

ҚАРҒИШ

(45-сон) Ҳаёт - ибрат мактаби

Ўз вақтида хатога йўл қўйиб, келиннинг қарғишига қолган бир аёлнинг тақдири мени ўйлантириб келади.

- Катта келинимга жуда кўп ноҳақлик қилганман, уни асло кўз очирмасдим, уришганим-уришган эди. Охирги  жанжалда:

- Илоҳим менга қилганларингизни, кейинги келинингиздан тортинг, яхши бўлишга интилиб, сизнинг айтганларингизни қилиб ёмон  бўлсам, оладиган кейинги келинингиз мени тескарим бўлсин, сизга ойна тутсин, - дея йиғлаб уйимдан чиқиб кетганди.

Бугун иккинчи ўғлимга келин олганман, дард десам, бало дейди. Ҳеч гапимга кирмайди. Дардим ичимда бировга оғиз очиб ёрилай десам, ҳаммага биринчи келиним билан жанжалимиз ошкора бўлган.

"Қилиғингга яраша келин бўпти-да" - деб ўзим ёмонотлиқ бўлишдан қўрқаман. 

"Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади" деганларидек, жанжалдан, касалдан бошим чиқмай қолди. 

- Нега тинмай оғриб қолаяпсиз, дейишса, "қарилик" деб баҳона қиламан. Аслида уйдаги жанжаллардан зада бўлганман, Мен уйда қайнона бўлиб эмас, келин бўлиб  яшаяпман.

Тақдир, ҳаёт ҳукмини қаранг...

Феруза ҳОЖИМАТОВА

ЭРИНИ ЁМОНЛАГАН ХОТИНДАН ҚЎРҚИНГ!

(45-сон) Мулоҳаза

Донишмандлардан бири шундай ҳикоя қилади: "Уч дўст бозор айланиб юриб атторлик растасида жуда нафис ишланган ёғоч тароққа кўзлари тушади. Бири уни қўлига олиб, устани жуда маҳоратли эканлигини айтибди. Иккинчиси қўлига олиб, "йўқ, бу устанинг маҳорати эмас, у ишлатган асбоб зўр" дебди. Учинчиси, "бу устанинг маҳорати ҳам, ишлатган асбобининг зўрлиги ҳам эмас, унинг уйида тинчлик, осойишталик ҳукмрон, уста эса бамайлихотир ўтириб, меҳр билан тароққа ишлов берган", дея изоҳлабди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг тинч-осойишта яшаши, оиласининг мустаҳкам, фаровон бўлишида аёлнинг ўрни беқиёс.

Ҳозирги кунда ўзини эридан устун қўйиб, "оилада мени айтганим бўлади", дея "оила бошлиғи" бўлишга даъвогарлик қилаётган аёлларимизнинг борлиги ачинарлидир. Фарзандлар олдида эрни менсимаслик, бақириб, қўпол муомалада бўлишлик ўзбекона тарбия мезонларига, шарқ аёллари маданиятига зид бўлса-да, бундай кўринишлар минг афсуски, учраб турибди.

Баъзан шундай бўладики, ўзаро жанжал бошланса, эркак оғир бўлиб, жанжалга чек қўйишга ҳаракат қилади. Аёл эса "мендан қўрқяпти", дея баттар авжига чиқади. Ўртада меҳр пардаси кўтарилади. Меҳр, оқибат бўлмаган оила эса, охир-оқибат парокандаликка юз тутади. Энг ёмони эса бу ҳол ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Бундай воқеага гувоҳ бўлган пайтларимда, мактабда ўқиб юрган чоғларим устозимнинг "эркак киши бутун бир иморатни қуриб битказса-ю, аёл киши ўша иморатга бир дона мих қоқиб қўйса, "уйни мен қурганман", деб даъвогарлик қилади" деган гаплари қулоғим остида жаранглайди. Ҳа, ўзини савдогарликка уриб, уч-тўрт сўм пул топиб, эрни менсимасдан, эрни ер, ўзини осмон билган аёлларимиз эркак ким бўлишидан қатъи назар, эр оиланинг устуни эканлигини унутмасликлари лозим.

Ҳаётдаги баъзи бир ҳолатларни кузатиб, "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин" деган нақлнинг нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз. Эркак кишини уйидан бездирадиган ҳам, кўча хандони, уй зиндони бўлишига ҳам албатта, ўзимиз сабабчимиз. Чунки ўз уйидан қадр топмаган, хотиржам яшай олмайдиган эркак бошқа бир аёлнинг ширин сўзини излаб, ўз оиласини ташлаб чиқиб кетиши табиий ҳол.

Баъзида ўзимизнинг айбдор эканлигимизни тан олгимиз келмайди-да, "эрим ундоқ, эрим бундоқ" дея, арзи-ҳол қиламиз. "Эрим нима учун ароққа ружу қўйди, нима учун уйга кеч келаяпти, нима учун ўзга аёл олдига йўрғалади", деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, балки жавобини ўзимиздан топармиз.

Баъзи аёллар эса эрларини чет давлатларга бориб ишлашга мажбур қиладилар, яхши ишлаб даромад орттириб келса-ю бир нави, акси бўлса-чи, бир сўм пул топмасдан, соғлигини йўқотиб, одамфурушлар қўлида хор бўлиб бор бисотидан айрилиб қайтиш эркак киши учун нақадар оғир.

Эркакларнинг ана шундай ҳолга тушиб қолишига сабабчи бўлиб қолмайлик, "Эр-хотин қўш хўкиз", дейди доно халқимиз. Ҳалол меҳнат орқасидан кун кўриб, эрга мададкор бўлсак, турмушимиз янада чиройли бўлишига асло шубҳа йўқ. 

Шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек, "эрини ёмонлаган хотиндан қўрқинг" деган ибора ҳеч қачон ўзбек аёлларига нисбатан айтилмасин.

Турмуш ўртоғимизни ҳурматини жойига қўйиб, фарзандлар ва оила олдидаги муқаддас бурчимизни ҳеч қачон унутмайлик ҳамда шарқ аёлларига хос миллий маданиятимизга путур етказмайлик.

Зеро, бизлар давлатни бошқарган, ўзининг оқилона фикрлари, донолиги ва уддабуронлиги билан халқ орасида эъзоз топган оқила, улуғ момоларимизнинг авлоди эканимизни унутмаслигимиз, аёл деган муқаддас номга доғ туширмаслигимиз керак. Қуйидаги дил сўзларимни опа-сингилларимизга илиниб қоламан:

 

Сен аёлсан, аёл бўлиб қол,

Ўзлигингни унутма зинҳор.

Муқаддассан, эъзозда бўлгин,

Эр кишини айламагин хор.

 

Дерлар,  эркак уйнинг устуни,

Усиз сен ҳам қулашинг мумкин.

Бўҳтон тошин отарлар сенга,

Тунлар унсиз йиғлашинг мумкин.

 

Ҳурмат қилсак, пайғамбарим деб,

Бошга қўйсак, пиримсиз, дея.

Биздан нима кетади айтинг,

Улар учун  битсак, бадия.

 

Қовоғимиз очиб, жилмайиб,

Гулгун яшнаб, юрсак бўлгани.

Дунёларга сиғмай кетарлар,

Шудир биздан кўнгли тўлгани.

 

Майли, бизни алқамасин кўп,

Майли, гуллар совға қилмасин.

Эр кишида, турсин сирида,

Аммо биздан кўнгли қолмасин.

 

Назирахон ДАДАБАЕВА,

вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимаси.

Изланувчан фидойи устоз

(45-сон) Орамиздаги аёллар

Бугун жамиятимизнинг бирор жабҳасини аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Опа-сингилларимиз Ватанимиз равнақи, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Ана шундай фидойи опа-сингилларимиздан бири Андижон машинасозлик институтининг ижтимоий фанлар кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Зулфияхон Ариповадир.

Зулфия опа ёшлигидан тиришқоқ, меҳнатсевар бўлиб камолга етди. Андижон туманидаги 43- ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагандан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг фалсафа-иқтисодиёт факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш учун пухта билим олди. 1980 йилда университетни муваффаққиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Андижон машинасозлик институтида фалсафа фани ўқитувчиси вазифасида бошлади.

Орадан 45 йил ўтган бўлса-да, опа ушбу таълим даргоҳида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Ҳамиша изланиб ишлади, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага катта масъулият билан ёндошди. Ўзининг ҳалол ва самарали меҳнатлари билан нафақат жамоадошлари, балки кенг жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозона олди.

Олий таълим жонкуяри, фидойи устоз ўтган салкам ярим асрлик фаолияти давомида ёшлар таълим-тарбияси, илм-фан ривожи йўлида эътиборга молик ишларни олиб борди. Хусусан, ижтимоий фалсафанинг назарий масалаларидан бири бўлган миллий маънавият ривожи, миллий маънавият тушунчасига мустақиллик шароитида янгича талқин бериш, истиқлол ғояларини кенг тарғиб этиш борасидаги изланишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Юртдошларимиз тафаккурида миллий маънавиятга доир ўзгаришлар, уларнинг моҳияти, хусусиятига янгича ёндошган олима 2012 йилда "Шахс ахлоқий фазилатлари такомилида миллий маънавият ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро алоқадорлиги" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди. Умуман, Зулфия опа фаолияти давомида 50 ортиқ илмий мақола, 2 рисола, 1 монография, 20 ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. 

Устоз Зулфияхон Арипова характерида меҳнатсеварлик, изланувчан, янгиликка интилувчанлик, камтарлик, ташкилотчи ва ташаббускорлик фазилатлари бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Шу боис ҳам у ўзига топширилган вазифасини ҳамиша пухта бажаради. Фаолияти давомида у институт "Ёш олимлар ва мутахассислар кенгаши" раиси, "Машинасозлик технологияси" факультети Сифат комиссияси раиси, шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ёшларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилишдек вазифаларни сидқидилдан адо этиб, ўзининг юксак салоҳиятини намоён этиб келмоқда.

2016 йил Зулфия Арипова учун муваффақиятли йиллардан бири бўлди. Тошкент давлат университетида ўтказилган "Инновация-2016" номли XXI халқаро илмий-амалий конференцияда унинг илмий маърузаси мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, махсус сертификат, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" танловининг республика босқичида "Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог" номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг дипломи билан тақдирланди. 

Қаҳрамонимиз узоқ йиллар хотин-қизлар қўмитасининг  институтдаги бошланғич ташкилоти раиси вазифасида ҳам самарали меҳнат қилди. Жамоада меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли олима ҳамда талаба қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ибратли ишларниолиб бормоқда.

Зулфияхон Арипова шаҳар, вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаолларидан бири сифатида тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Хусусан, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилалар, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, қиз-аёллар ўртасидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш,  турли маросим, тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим ўтказиш, айниқса, аҳоли, ёшлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида олиб борган ишларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринлидир.  Мазкур йўналишдаги фаоллиги учун у бир неча бор вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

- Бугунги ўта шиддат билан ривожланаётган давр биз педагоглар олдига ғоят улкан вазифаларни қўймоқда, - дейди Зулфия Арипова. - Айниқса, ёшлар онги ва қалбини эгаллашга бўлган турли ҳаракатлар бизни ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ишимизга янада масъулият билан ёндошишга ундайди. Зеро, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан кучли, улар чегара билмайди, кўзимизга кўринмайди.

Интернет тармоғи, телерадиоканаллар, китоблар, кинофильмлар, телесериаллар шаклида, миллати, тили, дини, қайси давлатда яшашидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб бориб, маънавий дунёсини хароб қилади. Уни юртига, ота-онаси, яқинларига қарши қилиб қўяди. Шунинг учун ёшлар тарбияда бирорта бўш халқа бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.  

Кейинги йилларда юртимизда устоз ва мураббийлар меҳнати ҳар қачонгидан ҳам эъзоз топмоқда. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори натижасида таълим муассасалари моддий - техник базаси  мустаҳкамланиб, биз - педагогларнинг меҳнат шароитлари яхшиланмоқда. Кўрсатилаётган рағбат ва ғамхўрлик бизни янада катта масъулият билан меҳнат қилишга ундайди. Бундай эъзоз ва қадр  Юртбошимизнинг ишончини сидқидилдан оқлашга, мамлакатимизда ёшларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда янада самаралироқ меҳнат қилишга чорлайди.

Дарҳақиқат, Зулфия Ариповадек, сўзи, иши қатъий, фидойи устозларимиз бор экан, жамиятимиз равнақи янада юксакларга кўтарилишига асло шубҳа йўқ.  

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА