+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОНАННИНГ КЎНГЛИ

(46-сон) Ҳикоя

Эрталаб ишга шошиб тургандим. Эндигина остона хатлаб, ташқарига чиқсам, ичкаридан онамнинг овози эшитилди.

- Козимжон, кетяпсанми?

- Ҳа, ая, нима гап?

- Анави телевизорни бир кўриб бергин. Ўзим тўғрилай олмаяпман.

- Ая, ҳозир ишга кеч қоляпман. Ҳали келсам, кўриб бераман, - дедим баланд овозда.

- Болам, атиги беш дақиқа вақтинг кетади. Антеннасига бир нима бўлган шекилли, ғалати кўрсатяпти. Шуни тузатиб берсанг, зерикмай ўтирардим-да, - деди онам деразадан бошини чиқариб.

- Илтимос, мени ишдан қолдирманг. Ишдан қайтгач, кўриб бераман дедим-ку. Шуни ҳам тушунмайсизми? - дея шошиб машинага ўтирдим.

- Ҳой, бола, бугун телевизорда бир дугонамни кўрсатишар экан. Ҳалиги Рисолат фермер бор-ку, ўшани.

- Кўрсатса, сизга нима? - дедим машинадан тушиб.

- Ахир у яқин дугонам. Телевизорда биринчи марта чиқиши. Кўрмасам, бўлмайди-да!

- Кўрганингиз билан нима ўзгаради? - дея уйга кириб, қўлимга пультни олдим. У қилдим, бу қилдим, телевизордаги хира тасвир сира ўзгармади. Бундан жиғибийроним чиқиб, пультни отиб юбордим.

- Кўрдингизми, бу тезда тузалмайди. Ҳали келиб, ҳамма ёғини кўриб чиқаман. Бекордан-бекорга вақтимни олганингиз қоляпти.

Шундай деб апил-тапил туфлимни кийдим-да, йиғламсираб турган онамга "хайр" ҳам демасдан машинани ўт олдирдим.

Кўчага чиққач, тезликни ошириб боравердим. Бир пайт машина ўз-ўзидан секинлай бошлади. Қарасам, гази тугаяпти. Ёқилғи қуйиш шохобчасигача ҳали анча масофа бор. Шу боис йўловчи машиналардан бирини тўхтатиб, "Спарк"имни шатакка олдирдим. Афсуски, мен кўзлаган шохобча ишламаётган экан. Хунобим ошиб, машинани қулфладим-да, такси тўхтатишга уриндим. Бўш такси келгунигача яна ўн беш дақиқача вақтни йўқотдим. Шуни ҳисобга олган ҳолда таксичидан иложи борича тезроқ юришни илтимос қилдим. Қўшимча пул беришимни эшитган ҳайдовчи тезликни чунонам оширдики, нав-батдаги бурилишда машинани эплай олмай қолди. Кўчанинг бизга яқин томонидан шошиб келаётган йўловчи йўлимизга чиқиб қолгани боис ҳайдовчи кескин тормоз босди. Шу заҳоти бошим ойнага текканини ҳис қилдим-у, кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бир пайт кўзимни очсам, атрофимда тумонат одам, биттаси мени елпиш билан банд, яна бири билагимни ушлаб, ўзича томир уришимни текширяпти. Яхшиямки, йўловчига ҳам, ҳайдовчига ҳам жиддий шикаст етмабди.

Сал ўзимга келгач, ўрнимдан туриб, ҳаммага раҳмат айт-дим-да, йўл четига ўтдим. Шу онда онамнинг маъюс қиёфаси кўз олдимга келди. Ишхонамга қўнғироқ қилиб, йўлда ушланиб қолганимни айтдим ва бошқа таксига ўтириб, уйга қайтдим.

Етиб бориб қарасам, онам бечора остонада хомуш ўтирибди. Мени кўрди-ю, дарров енглари билан ёшга тўлган кўзларини артди. Бунчалик тез қайтишимни кутмагани учун "Тинчликми, болам, нима бўлди, машинанг қани?" дея ўрнидан турди.

- Ҳеч гап йўқ, шунчаки телевизорни тузатиб берай, деб ортимга қайтдим. Машинамнинг гази тугаган экан, учта кўча нарида турибди. Ҳалироқ олиб келаман.

- Вой, болам, бошинг ғурра бўлибди-ку, йиқилиб тушдингми? - онам ёнимга келиб, иссиқ қўлини пешонамга босди.

Қўл тафти юрагимни ҳам иситиб юборгандек туюлди. Онамнинг кўксига бош қўйиб, томдаги антеннага ишора қилдим:

- Ойижон, эрталаб қарамаган эканмиз. Ахир антенна қийшайиб қолибди-ку. Ҳозир томга чиқаман-да, тезда тўғрилаб тушаман.

- Майли, ҳожати йўқ. Телевизор кўрмасам ҳеч нима қилмайди. Сен ишингга кетавер.

- Қизиқмисиз, ойи, ишга барибир кеч қолдим, - дея нарвонни томга яқин олиб бордим.

- Фақат ўзингга эҳтиёт бўл. Эрталаб хўп деганингда, ҳозир ишхонангда хотиржам ўтирган бўлардинг! - деди онам кўзлари порлаб.

"Гапингиз тўғри" дейишга тилим ожизлик қилди.

 

Дилноза МУХТОРЖОНОВА

Шеърият гулшани

(46-сон)

Балиқчи туманида адабиётга, шеъриятга кўнгил қўйган ёшлар жуда кўп. Уларнинг аксарияти қўлига қалам олиб, бугунги гўзал ва фаровон ҳаётимиз, истиқлол ҳадя этган буюк бахтни куйлашга ҳаракат қилмоқдалар. Айни кунда туманнинг ҳаваскор истеъдодли ёшлари ижодкор Барно Ҳайдарова раҳбарлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Ёш қаламкаш" адабий тўгарагида ўзларининг билим ва маҳоратларини ошириб боришмоқда. Қуйида уларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўласиз.

Ислом бобо

Ҳар бир ўгитингиз дилга жо айлаб,

Боряпмиз Сиз юрган ёруғ йўллардан.

Ватан муҳаббатин юракка жойлаб,

Байроғимиз тушмас ҳеч ҳам қўллардан.

 

Сиз қурган боғларда қувнаймиз шодон,

Бахтимиз бекамдир, билмаймиз армон.

Халққа эрк, саодат бахш этган инсон,

Сиз доим яшайсиз қалбларимизда.

 

Аҳли дунё билар жасоратингиз,

Сизга таъзим қилар бутун Осиё.

Қўшиққа айланди матонатингиз,

Сиз мангу яшайсиз, эй Ислом бобо.

        

 Зиёда Ҳошимова

 

Сенинг юзинг кўрмоқ истагим ҳар кун

Кел, ўриб қўяман сочингни қуёш,

Бир мурод олиб кир, умрим боғига.

Қалбимда орзуим ҳали жуда ёш,

Меҳрингни ато эт, мурғак чоғига.

 

Қўлинг бер, сенинг-ла мунаввар олам,

Гўдаклар улғайиб тинч топсин камол.

Урушни кўрмасин ҳеч қачон бола,

Қувончлар  юзида кўрсатсин жамол.

 

Эй қуёш, назар сол шундайин элга,

Қушлари чуғурлаб бахтни куйлаган.

Халқ ҳаёти гўзал, йўғрилган нурга,

Жаннат юртни бериб, Аллоҳ  сийлаган.

 

Менга бир мадад бер, қуёш, тинмайин,

Сенинг юзинг кўрмоқ истагим ҳар кун.

Кел, яшайлик ғаним нима билмайин,

Тезроқ  зиё сочиб, биз томон талпин.

 

Ирода Орифжонова

Она тилим

 

Дунёда бетакрор, нафис, беқиёс,

Сенсиз яшамоқлик мисоли ўлим.

Зулматнинг қаъридан этдинг сен халос,

Сенга жоним фидо эй, она тилим.

 

Навоий бобомнинг ғазалида сен,

Сен туфайли ўсди онгу шуурим.

Сен қўлларда мангу ўчмас маёқсан,

Сенга жоним фидо эй, она тилим.

 

Эркинг кўролмади боболар афсус,

Ўйласам ўртанар, оҳ, бағру дилим.

Улар руҳи ҳаққи айтай битта сўз,

Сенга жоним фидо, эй, она тилим.

 

Бегойим Эгамбердиева

 

Бобо, сизнинг ўрнингиз бошқа

Уйга кирсам ҳувиллар ҳар ён,

Сизни излаб боқай қай томон?

Тўлиб кетар кўзларим ёшга,

Бобо, сизнинг ўрнингиз бошқа.

 

Қалбимдаги сиз берган баҳор,

Қуёшини кутар интизор.

Кирмадингиз тўқсон, юз ёшга,

Бобо, сизнинг ўрнингиз бошқа.

 

Пандларингиз менга бир китоб,

Тўғри юр, деб айлайди хитоб.

Сиз ўхшайсиз порлоқ қуёшга,

Бобо, сизнинг ўрнингиз бошқа.

      

 Мадинабону Аҳмедова

Китобим

Китобим, сен борсан, ҳаёт ҳам кўркам ,

Ўзинг асли бизнинг содиқ дўстимиз.

Сен билан ёруғдир кун-тун йўлимиз,

Сен-ла тўғри бўлар каму кўстимиз.

 

Булутдек тарқалар ғамларим дилдан,

Сени қўлга олсам шодмон юрагим.

Сўзларинг бошлайди бизларни илдам,

Неъматсан биз учун ҳар он керакли.

 

Офтобим, дилингда билимлар қат-қат,

Вақт борида сендан баҳра олайин.

Бойлик йўқ жаҳонда сенингдек қиммат,

Бир умр сен билан бирга қолайин.

 

Жавоҳир Маъмуржонов

 

   Меҳрингдан баХр олар жумлаи жаҳон

Она, нигоҳингда эзгулик яшар,

Андуғинг яшайди қалбингда пинҳон.

Сенга фарзанд эрур аслида башар,

Меҳрингдан баҳр олар жумлаи жаҳон.

 

Таъзим қилсам гарчи умрим борича,

Бир тун бедорлигинг ўрнин босолмас.

Гўзал гулсан сабр чамани ичра,

Тоғлар тенг келолмас матонатингга.

 

Кўрмадим дунёда сендайин инсон,

Пойингда тиз чўкай эй, омонатим.

Сен иймон тимсоли, ўзинг пок виждон,

Оёғим остида ётган жаннатим.

       

Абдуқодир Маъруфжонов

Ўзбек боласи

Бахтдан кулиб турар қора кўзлари,

Меҳрдай ёқимли, ширин сўзлари,

Тўлин ой мисоли гўзал юзлари,

Ватанимнинг очилган гул-лоласи,

Ўзига бек, Ўзбекистон боласи.

 

Дунёларга сиғмас шодликлари бор,

Боболари ҳар бир ишда мададкор,

Ўғлонига Темур бобом руҳи ёр,

Ватанимнинг очилган гул-лоласи,

Ўзига бек, Ўзбекистон боласи.

 

Ҳеч кимдан кам бўлмас, эртаси гўзал,

Имконларин куйласанг-минг бир ғазал,

Манглайига бахт битилгандир азал,

Ватанимнинг очилган гул-лоласи,

Ўзига бек, Ўзбекистон боласи.

               

Нодира Абдуваҳобова

 

ТоF ҳавоси   

Oсмон тиниқ, мусаффо,

Ҳаво дилни яйратар.

Kўкда қушлар чуғури,

Чарчоғингни тарқатар.

 

Булут тўпланиб бирдан,

Ёмғир ҳам қуяр шаррос.

Kaмaлaк бўлар пайдo,

Барчани этиб шайдо.

 

Табиатнинг ишига

Ҳайрон қоламан гоҳо.

Тоғнинг ҳавосидир бу,

Тоғда ўзгача дунё.

 

  Дурдона Зуҳриддинова

Энг буюк бахтим

Юксалади кўнглим, ўсар кундан кун,

Отам борки, доим бағрим бутундир.

Падарим бор экан, қўлларим узун,

Отасизлик гўё зим-зиё тундир.

 

Дунёда жуда кўп меҳрга зорлар,

Кўнгли ярим инсон, кўнгли абгорлар,

Етимга татимас ҳатто баҳорлар,

Саратон ҳам аёз каби ўтади.

 

Шўхлик қилса агар, қилса ҳам безор,

Зурриёдим дея айбини ёпар.

Оталар фарзанд чун суянчиқ, мадор,

Боласи дард чекса давосин топар. 

 

Абдуллоҳ Акбаров

Икки азиз инсон

Ҳар тонг туриб қиламан таъзим,

Икки азиз инсон пойида.

Айтаман бор меҳрли сўзим,

Будир менга олтин қоида.

 

Мени кўрса қувнар кўзлари,

Мени деса берарлар жонин.

Менинг учун қонун сўзлари,

Уларга бахш этарман борим.

 

Бири онам, бири падарим,

Улар борки, бошим ҳам осмон.

Бойликларим, тенгсиз гавҳарим,

Икки дунё бўлишсин омон.

   

  Руҳшона Аҳророва

 

Қалбимизда яшайсиз мангу

Фасллар алмашиб, йиллар ўтяпти,

Сизни соғинмоқда она халқингиз.

Номингиз юракка сингиб кетяпти,

Ахир унутмоққа йўқдир ҳаққимиз.

 

Ёд айлайман руҳингиз шод этиб,

Наҳотки қайтмайсиз Муҳаммад Юсуф?

Энди юртга атаб, ашъорлар битиб,

Қалбни қувнатмайсиз Муҳаммад Юсуф?

 

Дилимизда яшаб қоласиз мангу,

Юракка жо бўлиб ҳар бир шеърингиз.

Баҳор кетса яна қайтиб келар-у,

Аммо қайтмайсиз-да асло энди сиз.

        

 Ҳуснора Умаралиева

 

 

Ҳайвонот боFида

Мана ҳайвонот боғи,

Ҳайвонларнинг ётоғи,

Ҳовузда сузар айиқ,

Гўё каттакон қайиқ.

 

Ўйнар қоплон қафасда,

Овқат излар бир пасда.

Филнинг хартуми узун,

қулоғи қоплар юзин.

 

Анов  бўйдор жонивор,

Жирафа деб аталар.

Ҳайвонларнинг энг зўри,

Дейди ўзини бўри.

 

Ҳар бир ҳайвон бир олам,

Қувонтирар кўзларни.

Меҳрим жўшиб лиммо-лим,

Ёздим ушбу сўзларни.

   

Муҳаммадали Соҳибов

 

Онажоним-Ватаним

Менинг она Ватаним,

Мустақил Ўзбекистон.

Чўлу саҳролари ҳам

Мен учун боғу бўстон.

 

Халқи яшар бахтиёр,

Юртбошимнинг бағри кенг.

Боғлари жаннат мисол,

Тупроғи олтинга тенг.

 

Серқуёш юртим менинг,

Беқиёс юртим менинг,

Юртлар ичра дурдона,

Fурурим, фахрим менинг.

 

Ўғлонлари барваста,

Қизлари-чи ораста.

Элнинг корига улар,

Доимо камарбаста.

 

Ватанин буюк билган,

Содиқ бир қиз бўламан.

Юртимнинг осмонида

Порлоқ юлдуз бўламан.

   

Мухлиса Сойибжонова.

 

Нола

Менга тиллоларни қилмангиз тортиқ,

Учмайман бойликка, зарнинг қадри йўқ.

Дунёда неъмат йўқ Ватандан ортиқ,

Ундан воз кеч, дея урмангиз сиз дўқ.

 

Узоқдаги сийму жавоҳирлардан,

Бир ҳовуч тупроғим азиз биламан.

То тирик эканман Ҳаққа ёлвориб,

Юртдан айирма, деб нола қиламан.

  

Турсуной Раҳимова

 

Жасурликка чорлайди

Бувим сўзлаб берарди достон,

Хаёлимдан кетмайди сира.

Улар билан кўнгиллар осмон,

Саодатга элтар хотира.

 

Кўз ўнгимда Алпомиш, Рустам,

Жасурликка чорлайди аста.

Ватан чорлар, шай турай мен ҳам,

Достонлар орзумга пайваста.

   

Муҳаммадали Жўраев

 

Юзларидан ёFар нур

Қалби қуёш устозлар,

Энг улуғ зот дунёда.

Улар бизга меҳрибон,

Муҳаббати зиёда.

 

Нигоҳлари самимий,

Юзларидан ёғар нур.

Гап-сўзлари ёқимли,

Тинглаб қиламан ҳузур.

 

Таърифига йўқдир сўз,

Улар мисли фаришта.

Улар бизга ёруғ юз,

Бизга ўрнак ҳар ишда.

  

 Камола Сотволдиева

 

Муқаддас диёрим

Туғилдим шундай гул ватанда,

Армон не билмайин яшайман.

Куч-қувват бор экан бу танда,

Доим олға қадам ташлайман.

 

Асрайман бир умр қароғларимда,

Юрагим тўридан жой олган макон.

Сен тушда ҳам сўроқларимда,

Муқаддас диёрим, азиз онажон!

        

 

 Мадина Эшонова

Япроқлар

(46-сон) Дил туFёни

Баҳор қуёшининг илк нурлари улкан дарахт новдаларига ўз тафтини берди. Бундан роҳатланган новдалар эриниб бўлса-да, кўзларини очди, атрофга боқишди. Табиат ниҳоятда гўзал, мафтункор эди. Қушлар овози борлиқни тутган...

Дарахт новдалари бу гўзалликдан қувнаб аста бош кўтара бошлашди. Куртаклар нозик эди, чиройли эди. Улар қуёшга интилишди, ҳаётга интилишди. Бора-бора япроқларга айланишди.

Табиатга сахий ёз келди. Қуёш борлиқни иситгандан иситди, нурларини сочгандан-сочди. Япроқлар ўзларича ғарқ уриб пишаётган меваларни ундан тўсмоқчи бўлишди. Лекин қуёш нурлари гоҳ ўнгдан, гоҳ сўлдан келиб меваларни ўз нури билан ялаб ўтди, аллалаб ўтди. Меваларга бу хушёқар эди...

Она дарахтнинг мевалари кундан-кун тўлишар, чиройига чирой қўшиларди. Уларга паноҳ бўлаётган япроқлар ҳам чегарада тургандек ҳамиша сергак эдилар. Лекин кунлар келиб шохдаги тўлишган мевалар  бандидан узилиб, бирин-кетин ерга қулай бошлади. Ҳа, табиатга олтин куз келган эди.

Ўша кундан япроқлар ўзгара бошлади. Она дарахтдаги катта-кичик япроқлар ранги сариқ, қизил тусга кирди. Буни ҳатто ўзлари ҳам сезишмай қолди. Буни фақат табиат ойнасигина  кўриб турарди...

Одамзот эса кўп нарсага қодир. Улар узундан-узун, каттадан-катта нарвонларни олиб келишди, дарахт шохларига қўйишди. Хил-ҳил меваларни ҳеч қолдирмай сават-сават қилиб теришди. Уйларига олиб кетишди.Она дарахт енгил тортди. У хафа эмас, шод эди...

Эҳ, табиатнинг гўзаллиги. Нега мангу, нега абадий эмас?.. Шу дам қаердандир келган дайди шамолдан она дарахтнинг япроқлари бирин -кетин бандларидан узилиб ҳавода чархпалак бўлиб учишди. Қайси бири дарахт остидан,  яна қайсилари эса узоқроқдан қўним топишди.Она дарахт титраб қолди...

Япроқлар - яқинларимиз. Улар бизга умр ўткинчилигини эслатиб туради.

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

 

Марҳамат тумани. 

Чанг созининг жарангдор овози

(46-сон) миллий чолFулар тарихини биламизми?

Миллатимиз бой тарих ҳамда беқиёс маданиятга эга. Буни амалий ва бадиий санъат турлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Айниқса, миллий чолғуларимизнинг ўзига хослиги, жозибасига ҳар қандай кишининг ҳаваси келиши аниқ.  Мен ана шундай миллий чолғу асбобларимиздан бири - чанг созини чаламан. Ҳозирда Андижон санъат коллежида чанг мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқдаман.

Болалик чоғларим телевидение ва радио каналларда  янграган мусиқалардаги чангнинг овозидан ҳайратга тушардим. Бу сеҳрли овоз мени      оҳанграбодай ўзига тортарди. Чангда янграган мусиқа шу қадар жарангдор ва ёқимли эдики, мен шу чолғу асбобини бир кўриш, уни чалишни ўрганиш иштиёқида ёна бошладим. Менинг иштиёқим орзуга, ҳаёт йўлимдаги ягона мақсадга айланди. Шу сабабли мусиқа мактабига ушбу чолғу йўналиши бўйича таҳсил олиш учун ўқишга кирдим.

Чанг - менинг назаримда барча чолғуларнинг маликаси. У жарангдорлиги, торларининг кўплиги билан ҳаммада қизиқиш уйғотади. Мусиқа мактабида бу созни чалиш учун ўқувчилар алоҳида синовдан ўтадилар. Энг сабрли, ақлли ва зийрак ўқувчиларгина ушбу чолғу йўналиши бўйича ўқишга кирадилар. Чунки чанг сози 75 тордан иборат, уни ҳар бирини билиб чалиш, қайси тор қандай овоз чиқаришини ёдда сақлаб қолиш осон эмас.                                                                                                                                                                                   

Чанг сози жуда қадимий ва мураккаб чолғудир. Тарихий ва қадимий манбалардан маълум бўладики, чанг сози бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбалар, хусусан, Алишер Навоийнинг буюк "Хамса"асари таркибига кирган "Саббаи Сайёр" достонида чанг чет эл   чолғуси арфа тусида эканлиги, ўша даврда кўпроқ аёллар чалганлиги ҳақида айтиб ўтилади. Дастлабки чанглар ипак торли бўлиб, қўл билан тирнаб чалинган. ХVII асрдан      кейин торларни уриб чалиш учун махсус таёқчалар ўйлаб топилган ҳамда шакли трапеция шаклида ясала бошлаган. Ўша даврда Дарвеш Али Чангий  исмли мусиқашунос олим ҳамда моҳир чангчи яшаб ўтган.

Дарвеш Али Чангий мусиқага оид рисолаларида чанг сози тарихига оид кўплаб маълумотларни келтирган. Жумладан: Чанг қадимий чолғу бўлиб, Месопатамиядан то Хитойгача ишлатилган. Бухорода (ХVII аср) Шайбонийхонлардан бўлган Хўжаи Калон (Буюк Хўжа, Шайх Хўжа Саад) оғир дардга чалинади. Табиби уни даволай олмай, касалликни енгиш учун чанг созида куй тинглашни тавсия этади. Дарвеш Али Чангий уч ой давомида Хўжа Саад қошида чанг чалади ва у тузалиб кетади.

ХХ аср бошларида А. Петросян ўзбек халқ чолғуларини такомиллаштириш жараёнида чанг созини ноталаштиради ва оилаларини яратади. Чанг оиласи 5 турдан иборат.Улар "чанг писсоло", "чанг прима", "чанг тенор"нинг икки хил тури ва "чанг бас" турларидир.

Ўтган давр мобайнида кўплаб чанг сози усталари етишиб чиқди. Фозилжон Харратов, Рустам Неъматов, Фахриддин Содиқов, Фазилат Шукурова, Аҳмад Одилов, Анвар Лутфуллаев шулар жумласидандир. Мен эса уларнинг изидан бориб, улардек етук санъаткор бўлмоқчиман ва созимнинг овозини бутун дунёга танитишни истайман.

 

Моҳичеҳра АШУРОВА,

 

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

Орзулари осмон қизалоқ

(46-сон) Иқтидорли ёшларимиз

Бугун мустақил юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижодий фаолиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти иқтидорли қизларимизга кенг қанот бермоқда.

Болалигидан тасвирий санъатга меҳр қўйиб, бўш вақтларида турли расмлар чизишни ёқтирадиган Малика Содиқова ҳам ана шундай иқтидорли ёшлардан бири. У Асака туманидаги 6- умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади. Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг "Ёш ижодкорлар" йўналиши бўйича мактаб сардори. У бўш вақтларида  бадиий китоблар ўқиб, тасаввурида жонланган асар қаҳрамонларини қоғозга туширишни, табиат манзараларини тасвирлашни ёқтиради.

Малика кўпроқ рангтасвир ва қаламтасвир (графика)да ижод қилади. Тасвирий санъат йўналиши бўйича туман ва вилоят миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, шу йили тумандаги ёзги оромгоҳларда дам олаётган ўқувчилар ўртасида ўтказилган асфалтьга расм чизиш танловида 1-ўринни олди. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида юртимизда ташкил этилган Корея маданияти кунлари фестивали доирасидаги       расмлар танловида қатнашиб, совриндор сазовор бўлди. Қолаверса, Билимлар беллашувининг туман босқичида математика ва информатика фанлари бўйича юқори ўринлардан бирини қўлга киритди.

- Қизим беш-олти ёшлигидаёқ турли гуллар ва нақшларни чизиб менга кўрсатарди, - дейди ёш рассомнинг онаси Маъмурахон Эргашева. - Чизганларини мақтаб уни рағбатлантирсам, эртаси куни ундан-да яхшироқ суратларни чизарди. Улғайсанг ким бўласан?- деб савол берсам, "Мен улғайсам, зўр рассом бўламан. Ҳамма мени расмларимни кўргани келади..." - дерди қизалоғим. Фарзандимдаги бу қобилиятни англаб, уни ривожлантириш мақсадида туманимиздаги 11- сон  болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб бордик. У ерда Шокиржон Ҳакимов раҳбарлигида рассомчилик сирларини эгаллаб келмоқда. Устозлари бераётган сабоқлари қизимни келажак сари дадил қадам ташлашга ундади. У кун сайин бу соҳага қизиқиб, дилдан меҳр қўйиб бормоқда. Яқинда тикувчига шогирдликка бергандим, ижодкорлиги сабаб тез фурсатларда ўзига либослар тикишни ўрганди. Бўш вақтларида инглиз ва рус тили тўгаракларига бориб бу тилларни мукаммал ўрганишга аҳд қилди.

Орзулари осмон қадар баланд иқтидорли қизга ижодий баркамоллик тилаймиз.

 

 

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

КАСБИНИ АРДОҚЛАБ, БАХТ ТОПГАН АЁЛ

(46-сон)

Ҳар бир касб ўзига яраша масъулият талаб этади. Шифокорлик эса алоҳида масъулият талаб этадиган касбдир. Сабаби, улар инсонларнинг саломатлиги, керак бўлса ҳаёти учун жавобгар ҳисобланадилар. Бугун ана шу соҳада самарали фаолият юритаётган шифокорлар жуда кўп. Улардан бири вилоят ички ишлар поликлиникаси шифокори Раъно Зариповадир.

Раъно Зарипова 1963 йилда Андижон шаҳрида, шифокорлар оиласида туғилган. У ёшлигиданоқ ота-онаси каби шифокор бўлишни орзу қилган.

Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаб, 1981 йилда Андижон давлат тиббиёт институтнинг факультетига бўлимига ўқишга кирди. Ўқиш давомида устозларидан касб сирларини пухта ўрганишга астойдил ҳаракат қилди. 1987 йил ўқишни тамомлаб,  вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Ўз билим ва малакасини, амалий тажрибасини янада бойитди. Соҳанинг етук билимдони сифатида шаклланди, ҳамкасблари, эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топди.

Тажрибали болалар шифокорини 1996 йилда вилоят ички ишлар поликлиникасига ишга таклиф этишди. Мана 22 йилдирки, ушбу муассасанинг педиатрия бўлимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

- Шифокор бўлиб етишишимда отам, таниқли шифокор, профессор Масъуд Атабоевнинг хизматлари ниҳоятда катта бўлган, - дейди Раъно Зарипова. - Қолаверса, онам ҳам врач бўлганлар. Отамдаги ғайрат-шижоат, касбига бўлган меҳр-муҳаббат мени шифокорликка бўлган меҳримни оширарди. Ҳамиша у кишидай етук шифокор бўлишни орзу қилганман. Шукрки, бугун орзу ва ниятларим ижобат бўлди.

Ишда, ҳаётимда ҳамиша оила аъзоларимга, айниқса, турмуш ўртоғим Зафаржон Зарипов, ўғлим Ашрафжон, қизим Гўзалой ҳамда набираларимга суянаман. Улар менинг чинакам қалқонларим. Набираларимдан бирортаси касбимни давом эттиришларини жуда истар эдим. 

Фарзандларимиз бизнинг келажагимиз. Уларни қандай парваришласак, шундай камол топади. Шу боис ҳам, энг аввало, ота-оналар болалари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Болаларимизнинг касал бўлмаслигини истасак, эътиборли бўлишимиз, соғлом турмуш тарзи тамойилларига, оддий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим.

Раъно опа ҳузурига фарзандларини олиб келган ота-оналарга ана шу гапларни айтишдан асло чарчамайди. Турли касалликларнинг олдини олиш, аҳолини тиббий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам олиб боради.

Соҳа ходимларининг касб байрамлари олдидан шифокорлик касбини ардоқлаб, бахт топган Раъно опа сингари тиббиёт тизимининг барча фидойи ва жонкуяр ходимларини муборакбод этамиз, Уларнинг шарафли, хайрли ва масъулиятли ишларида омадлар тилаб қоламиз.

 

 

Зулхумор АКБАРОВА 

"ШИФОКОРДА ҚАЛБ ҚЎРИ БЎЛИШИ КЕРАК!"

(46-сон)

- дейди қорасувлик шифокор Гулчеҳра Солиева.

Шифокорлик касбига бўлган меҳр Гулчеҳрада ҳали ўқиш-ёзишни билмайдиган, тили чучук қизалоқлигидаёқ уйғонганди. Ўшанда у отаси совға қилган тиббий асбоб-ускуналари бўлган «шифокор» қўғирчоқлар билан "духтир-духтир" ўйнар, "касал" ўйинчоқларни ўзича даволатгани ўйинчоқ "касалхона"сига олиб келарди.

Гулчеҳра болалигиданоқ  шифокор бўлишга аҳд қилган. Ота-онаси эса қизларининг ўзлари каби ўқитувчи бўлишларини исташди. Аммо у аҳдида қатъий турди. Мактабни тамомлагач, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди...

Гулчеҳра Солиева асли Шаҳрихон туманининг Дўрмон қишлоғидан.     Институтни тамомлаб, Асака шаҳар болалар поликлиникасига ишга кирган кезлари тақдир чархпалаги уни бўлажак қайнонасига рўбарў қилди. Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори Мунисхон Жўрабоева бу самимий, меҳнатсевар шифокор қизни кўриб, ёқтириб қолди. Гулчеҳра тушган жойида тош бўлиб қотди, палак отди. Уч нафар фарзанднинг онаси бўлди. Энг муҳими, болаликдаги орзуси ушалди. Ҳозир у кўп тармоқли марказий поликлиникада болалар шифокори бўлиб ишлаяпти.

- Беморларнинг дардига малҳам бўлиш осон эмас. Бунинг учун метиндек ирода ва мустаҳкам асаб керак, - дейди Гулчеҳра Солиева. - Мурғак гўдакларнинг жони оғриб турса-да, сизга дардини айтолмайди. Болалар шифокорида эса ана шуни англаб оладиган  алоҳида салоҳият бўлиши керак. Сиз ички сезгиларингиз, қалб туйғуларингиз орқали уларга малҳам бўласиз. Албатта, ташҳис қўйиб даволашда тиббий лаборатор текширувлари муҳим роль ўйнайди. Лекин таҳлилий текширувлар орқали касалликни аниқлаш мумкин, даволаш учун эса шифокорда касбига, беморга ўзгача меҳр, қалб қўри,  ишонч бўлиши керак.

Гулчеҳра турмуш ўртоғи Азизбек билан тинч-фаровон ҳаёт кечириб келмоқда. Уларнинг хонадони деярли кичик поликлиника. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар яхши билишади, кимнинг хонадонида саломатлик билан боғлиқ муаммо чиқса, шифокор аёлнинг эшиги доимо очиқ. Гулчеҳра ишдан чарчаб келган дамларда ҳам турмуш ўртоғи уни қўллаб-қувватлайди, ҳар қандай вазиятда ҳам шифокор қасамёдини унутмаслиги, ҳеч кимни ноумид қайтармаслиги кераклигини уқтиради.

- Шифокорлик менга кўп нарса берди, - дейди Г.Солиева. - Бахт, омад, тотув оила, эл орасида обрў-эътибор! Бунинг учун касбимни ҳар қанча улуғласам арзийди! Шундай тинч-фаровон замонда, меҳнат қилган одам қадр топадиган юртда яшаётганимдан  хурсандман. Болалари соғлом бўлган оилагина бахтли бўлади. Шундай экан, гўдакларимиз ҳамиша соғлом,  оилаларимиз бахтиёр бўлсин! 

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА

ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНИШ БАРЧА ШИФОКОРЛАРГА НАСИБ ЭТСИН!

(46-сон) 12 ноябрь - тиббиёт ходимлари куни

Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза этишни янада юқори даражага кўтаришда бу муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят   соғлиқни сақлаш бошқармасининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Гулнаҳор Абдуллаева билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.

- Кейинги йилларда вилоятимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қи-лиш борасидаги ишларни яхшилашга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

- Мустақил тараққиёт йилларида юртимизда бу борада белгиланаётган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.  Халқимиз соғлиги, шу жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий 2017 йилда Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига тааллуқли 30 ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси янада яхшиланди.

Вилоятимизда қишлоқ врачлик пунктлари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Айни кунда 67 оилавий поликлиника, 85 қишлоқ врачлик пунктлари самарали фаолият олиб бормоқда. Уларнинг замонавий асбоб-ускуналар, зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги, лаборатория хоналари ташкил этилганлиги аҳолига янада кенг қулайликлар яратди.

 "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги тиббий муассасалар, шу жумладан болалар касалхоналари, туғруқ мажмуалари ўндан ортиқ турдаги замонавий, илғор асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди. Айни кунда вилоятимизда 22 та туғруқ уйи фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасида ҳомиладор аёлларга малакали хизмат кўрсатиш, бехатар оналикни таъминлаш, чақалоқ ва она саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича зарур ишлар йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги ўсмир қизлар, фертиль ёшидаги аёллар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилди. Айниқса, "Соғлом авлод" халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тиббий кўриклар яхши самаралар берди.

Жанубий Корея давлатидан келган малакали мутахассислар вилоятимиздаги 600 яқин болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди. 100 яқин бола хорижлик шифокорлар томонидан мураккаб пластик жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Бу чет давлатларга бориб соғлигини тиклашга эҳтиёжи бор, аммо имконияти етарли бўлмаган фуқароларимиз учун катта ёрдам бўлди. Бундан ташқари, Германия давлатидан ташриф буюрган шифокорлар иштирокида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ўтказилган хайрия тадбирларида нафақат болалар, балки катталар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди.

Вилоятда ногирон болалар туғилишининг, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда жойларда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз ижобий натижалар бермоқда. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, вилоятимизда ўтган йилга нисбатан гўдаклар ўлими камайган.

- Маълумки, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда патронаж тизими яхши самаралар бермоқда. Айнан мазкур тизимни ривожлантириш борасида вилоятимизда қандай ишлар олиб борилмоқда?

 -  Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳисобланади. Мазкур тизим аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Биз  аҳолини тўққизта қатламга ажратиб олганмиз. Булар - якка-ёлғизлар, ногиронлар, болаликдан ногиронлар, ҳомиладорлар, 1 ёшгача бўлган болалар, эмланиши керак бўлган болалар ҳамда сурункали касалликлар билан ҳисобда турувчи фуқаролардир. Уларнинг алоҳида рўйхатлари шакллантирилган бўлиб, нафақат патронаж ҳамшираси, балки умумий амалиёт шифокори ҳам улар билан белгиланган кунларда тизимли ва мақсадли иш олиб боради. Масалан, сешанба ҳомиладор аёллар билан ишлаш куни, деб белгиланган. Шу куни патронаж ҳамширалар хонадонларга бориб, ҳомиладор ва чақалоғи бор оналар саломатлигини чуқур ўрганади. Бу борадаги ишларнинг тизимли йўлга қўйилгани она ва бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларни бартараф этиш имконини бермоқда.

Аҳолини патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олсак, кундузги чақирувлар сони кескин камаяди, маълум маблағни тежаш имконини беради.

- Шифокорларнинг касб байрами арафасида ҳамкасбларингиз, умуман, вилоятимиз тиббиёт ходимларига тилакларингиз?!

- Шифокорлик - шарафли, шу билан бирга, мураккаб ва масъулиятли касб.  Ушбу касб эгалари қатъиятли, фидойи, виждонли бўлишлари шарт. Шифокор - меҳрибон қалб эгаси бўлиши керак. Шундагина ҳар бир беморни тушунади, унинг дардига даво топа олади. Мен фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этаман. Уларнинг ўзлари доимо соғ-саломат, оилалари тинч бўлсин. Одамлар дардига шифо топиб, халқ меҳрини қозонишларини, юртда ардоқли инсонлар бўлишларини тилаб қоламан. 

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

БУЮКЛИКНИНГ ҚИРРАЛАРИ

(46-сон) Хотира уйFонганда

Жилғалар, ирмоқлар йиғилиб дарёга айланганидек, мен ҳам  олтмиш уч йиллик умрим давомида мисқоллаб ўрганган билимларим, тўплаган ҳаётий тажрибаларимни дарё мисол эл-юрт равнақи, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишдек хайрли ишларга сарфлаётганимдан, қолаверса, жаннатмо-нанд, инсон қадри улуғланадиган, одамийлик, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам Ўзбекистондай гўзал юртда яшаётганимдан ҳамиша қалбим фахрга тўлади.

Ушбу фикрларни бежиз айтмаяпман. Чунки мен ҳаётимда одамларнинг дуоси ҳар қадамда мени қўллаб-қувватлашини ҳис этдим, юрт катталарининг эътибори туфайли униб-ўсдим. Айниқса, ўз даврида Шароф Рашидовдай камтар, олижаноб давлат раҳбарининг оталарча меҳрибончилиги  ҳаётимда туб бурилиш ясади.

...Шижоатга тўлган, навқирон ёшлик пайтларим эди. Кўплаб тенгдошларим қатори ўқиб, билим олиш иштиёқи билан ёнардим.  1971 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент юридика институтига ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонлардан ўтдиму, лекин керакли балл тўплай олмай, "мандат"да талабалар сафига қўшилиш менга насиб этмади. Бундан тушкунликка тушмай, кейинги йили албатта ўқишга кираман, деб келаси йилгача яна жиддий тайёргарлик кўрдим. Минг афсуски, иккинчи, учинчи йили ҳам шундай дилхиралик такрорланаверди. Аммо, мен барибир талаба бўламан, ўқийман, деган аҳддан қайтмадим. Андижондан Тошкентга қатнашни қўймадим. Ният хайрли бўлса, унинг оқибати ҳам хайрли бўлишига қаттиқ ишонардим. Шу боис дилимни доғламай, бардош билан олтинчи марта имтиҳонга кирдим. Аммо бу гал ҳам яна балим етмади.

Кириш имтиҳонидаги баъзи бир ноҳақликлар, таниш-билишчиликларни кўриб чидаб туролмадим. Наҳотки, ҳақиқат йўқ бўлса, энди қайси юз билан ота-онамнинг олдига бораман, дугоналарим юзига қандай қарайман, деган ўй-хаёллар бутун вужудимни қамраб олган эди. Ўша кезлари мен ҳаёт дегани абадий имтиҳондан иборат эканлигини англаб етмаган бўлсам-да, бироқ бир нарсани тушуниб етдим: ортга қайтиш йўқ, қандай қилиб бўлмасин, орзумни албатта амалга ошираман, пойтахтдан кетмайман, дея ўзимга ўзим сўз бердим.

Тошкентда қариндошим ёки бирор яқин танишим йўқ. Кўчаларни узоқ айланиб юрдим. Ўшанда билмадим, бу хаёл қаердан келди, Яратган дилимга Марказқўмнинг биринчи котиби Шароф Рашидов ҳузурига боришни, у инсон билан учрашиб, менга ёрдам беришини сўрашни солди. Эртасига эрталаб давлат раҳбари ишлайдиган идора эшиги яқинига бориб турдим. Атрофда қўриқчилар турар, агар ниятимни уларга айтсам, аниқ мени у инсон билан учраштирмас эдилар.

Кўп кутмадим. Республика раҳбари хизмат машинасидан тушиши билан узоқдан бор овозим билан салом бердим, жуда муҳим гапим борлигини айтдим. Милиционерлардан бири йўлимни тўсиб, у кишига қандай мурожаат этиш мумкинлиги тартибини тушунтира бошлаганди. Шароф ака тўхтаб менга қаради, мен томонга юрди. Менинг йўлимни тўсиб турган милиционерга ўтказиб юборинг, деган ишорани қилди. Ёнига яқин келиб, яна салом бердим.

- Юринг қизим, ичкарида гаплашамиз, - деди у киши оҳистагина.

Қабулхонага етгунча титроқ босган вужудимни сал жиловлаб олдим, у кишининг хонасига кирибоқ, илтимосимни тезроқ айтиб олай, деб мақсадга кўчдим. Шароф ака мени тўхтатиб, ўтиришга таклиф қилди. Сўнг гапиринг, деб сўзимни бўлмай, охиригача тинглагач, деди:

- Ҳаётда шунақаси ҳам бўлиб туради, фақат тушкунликка тушманг, қизим. Лекин шунча йил мақсад сари қатъий интилган иродангизга, қатъиятингизга раҳмат, деди.

У кишининг сўзларидан оталарча меҳрибончилигидан ўзимни йўқота бошлаган эдим.  Сўнгра у мен ҳали пайқаб улгурмаган тугмачани босган ҳам эдики, ёрдамчиси кириб келди.

- Мени олий таълим вазири билан уласангиз.

Бир неча сония ўтгач, телефон жиринглади. Ёрдамчи Шароф акани олий таълим вазири билан улади. Давлат раҳбари у киши билан саломлашди, унга мен ҳақимда айтиб, вазиятни тушунтиргач, қўшиб қўйди:

- Имкони борича ёрдам беринг, қизнинг орзулари армонга айланмасин!

Мен Шароф акага миннатдорчилик билдириб, қабулхонадан чиқар эканман, ўзимни гўё осмонда учиб юргандек ҳис қилардим. Мендай оддий қизга бўлган бундай эътибор кўрсатишини умуман, хаёлимга келтирмаган эдим. Шу дамда дунёда мендан-да бахтиёр одам йўқ эди.

Шу тариқа менинг ҳам олтин ёшлигим - талабалик даврим бошланди. Энди менинг бахт чироғим ўчмайдиган бўлиб ёнгандек эди. Шу тариқа йиллар йилларни қувиб ўтаверди. Лекин мени ҳаётдаги нотекис  сўқмоқларидан текис йўлга солиб қўйган, ўқиш шарафига муяссар қилган олижаноб - Шароф ака Рашидовдек инсоннинг ишончини оқлаш учун бор имкониятимни ишга солдим. Натижа ҳам шунга яраша бўлди, олий ўқув юртини "қизил диплом" билан битирдим.

Меҳнат фаолиятимни адвокатлик касбига бағишладим. Фаолиятим давомида суд ҳокимияти ва адвокатуранинг обрўсини ошириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга астойдил ҳаракат қилдим, шу йўлда    сидқидилдан меҳнат қилдим.

Бугун юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли халқимизнинг чин маънодаги ҳурмат ва эътиборига сазовор Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг номи тикланди. Муҳтарам     Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарор бутун халқимизнинг дилидаги иш бўлди. Мен бу қарорни эшитганимда кўзларимдан беихтиёр ёш чиқиб кетди. Қалбимда бахтиёрлик, ғурур ва ифтихор туйғуси жўш урди.

Яхши инсон номи ўчмаслигига, эзгу амаллари унут бўлмаслигига яна бир бор иқрор бўлдим. Кўз олдимда ёшлигим, ўқишга киришим саҳифалари қайта жонланди. Бутун умрим давомида ҳаётда эришган ютуқларимнинг бош сабабчиси сифатида Шароф акани, унинг мендек оддий бир қизга кўрсатган ёрдамини ардоқлаб, ҳамиша миннатдор бўлиб яшадим. Юрагимда доимо Шароф ака билан яна бир бор учрашиб, ҳаётимни изга тушиши, орзуларимнинг ушалишида кўрсатган оталарча ёрдами учун миннатдорчилик билдирсам, деган ўй билан яшардим. Афсус, ундай имконият бўлмаган. Мана шу "қарздорлик" ҳисси қалбимни бир четини тилиб турарди гўё. У инсон оламдан ўтгандан кейин фарзандларим билан у инсоннинг қабрини тез-тез зиёрат қилиб, бундан руҳий қувват олардим. 

Мақола баҳона дилимдаги Шароф Рашидов билан боғлик унутилмас ва гўзал хотираларни қоралаб, қалбим бироз таскин топгандек бўлди. Юрагимдан ана шундай буюк инсоннинг минглаб оддий кишиларга қилган яхшилигидан мен ҳам баҳраманд бўлганман, деган ширин туйғу  асло ўчмайди. Юртимиз раҳбарлари ҳамиша, ҳамма даврларда ҳам адолатли, халқи бахт-саодати, фуқаролари тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб яшашларини биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва у киши бошлаган улуғвор ишлар давомчиси юртбошимиз Шавкат Мирзиёев фаолияти мисолида яна бир бор кўриб турибмиз. Халқпарвар, юртпарвар мана шундай юртимиз улуғлари билан ҳамиша фахрланамиз. Шароф Рашидовдай улуғ инсонга бошим ерга теккунча таъзим қиламан, у кишининг ёрқин хотирасини асло унутмайман. Яратган у зотнинг охиратини обод қилган бўлсин.

Гулнорахон ИНОМОВА,

 

"Андижон" адвокатлар ҳайъати адвокати.

Ўқувчи қизларнинг кийиниш маданияти янада юксалади

(46-сон) давра суҳбати

Қўрғонтепа тиббиёт коллежида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизларининг кийиниш, муомала, одоб-аҳлоқ ва нутқ маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда тумандаги коллежлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда сўз олган Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Абдуллаева, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари А. Исроилов, тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Аҳмедова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Б. Абдураҳмонова ва  бошқалар олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.

Тадбирда "Ахлоқ ва мукаммаллик", "Кийиниш маданиятининг нозик жиҳатлари", "Қизларга хос ибо ва ҳаёни шакллантириш", "Ўқувчи қизларда муомала ва кийиниш маданиятини юксалтиришнинг муҳим омиллари", "Қизлар қалбига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, уларнинг оилада, жамиятда ўз ўрнини топишларида психологик кўникма ва маънавий етукликни шакллантириш" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Туманда ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, тарғибот ва тушунтириш ишларини, ўқувчиларнинг газета, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида иқтидорли, ижодкор ва ҳунарманд қизларнинг ижод намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тиббиёт коллежи ўқувчилари томонидан тадбир мавзуига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди, рақс, куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Мазкур тадбир мутахассислар, ўқувчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини оширишга, ўзаро тажриба алмашишларига, илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилди.

 

Наргиза ХУШВАҚОВА,

вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси етакчи мутахассиси.