+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

Кунига ўн минг қадам юрсангсиз, хасталик сиздан шунча қадам ортда қолади

Шифокор мулоҳазаси

     Сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда асосий эътибор касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага қаратилмоқда.        Бунда жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатларни тарк этиш муҳим ўрин тутади.

      Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирларлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

  Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида оммавий саломатлик тадбирларининг "Спорт - соғлом ҳаёт кечиришнинг асоси" шиори остида ҳар бир тиббиёт муассасаси ҳудуди ва ҳиёбонларда аҳоли иштирокида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Жумладан, Андижон вилоят ОИТСга қарши кураш марказида иш куни эрталабки бадантарбия ва гимнастика машғулотларини бажаришдан  бошланмоқда.

Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш инсон саломатлигига ижобий таъсир қилиши ҳаммамизга кундек равшан. Кам ҳаракат турмуш тарзи кўплаб ўткир ва сурункали касалликларнинг манбаига айланмоқда. Оддий семиришдан тортиб то қандли диабет, юрак ва қон томир, бўғимлар, астма каби хасталиклар ҳаракатсизлигимиз оқибатида ривожланиш эҳтимоли катта.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан кам ҳаракатлилик оқибатида келиб чиқаётган кўплаб касалликларнинг олдини олишда жисмоний фаоллик, жумладан, кунига 10 000 қадам юриш тавсия этилмоқда.

Буни амалга оширишда замонавий технологиялардан унумли фойдаланишингиз мумкин. Мобил телефонидаги илова ёки фитнес соати қадамингизни беминнат ҳисоблаб беради. Бу эса бизнинг юришга, фаолликка бўлган қизиқишимизни янада оширишга хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликлари эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан.

Унутмайлик, соғлом турмуш тарзи, жумладан, юриш ва гимканистка каби енгил жисмоний машқлар ҳолсизлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлай олмаслик, хотиранингпасайиши, сабабсиз чарчаш, семизлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олади, саломатликни мустаҳкамлайди, касалликлардан муҳофаза қилади ҳамда умрни узайтиради. Бунинг учун кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки, жисмоний фаолликни кундалик одатга айлантирсангиз кифоя.

Баҳодир FАНИЕВ,

Андижон вилоят ОИТСга қарши кураш маркази

бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари.

МУСТАҚИЛЛИК НЕЪМАТИ

    Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг барча қишлоқ ва шаҳарлари қиёфаси кундан кунга гўзаллашиб бормоқда. Бунёд этилаётган янги-янги бинолар, обод бўлаётган кўчалар озод ва обод юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда.

Юртдошларимиз эса бугунги тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб, Ватан равнақи, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: "Роббингиз томонидан берилган неъматларга шукр келтирсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Яна бир ояти каримада эса "Имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар эса, билиб қўйсинларки, албатта, Биз яхши амал қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз" ("Қахф"сураси) деб бандаларни имонга ва солиҳ амаллапрни бажаришга чақиради.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон икки дунё саодатига эришиш йўлида Аллоҳ таоло буюрган ва У рози бўладиган амалларни бажаришга ҳаракат қилиб яшамоғи, жамият равнақи, умуминсоният манфаати йўлида холис ва сидқидилдан хизмат қилмоғи, ўз зиммасидаги вазифаларни бекаму кўст адо этмоғи лозимдир. Шукрки, бугунги кунда юртимизда тинчлик-осойишталик, фаровонлик ҳукм сурмоқда. Фуқароларимиз эса ана шу неъматларга шукроналик билан умр кечирмоқдалар. Айниқса, халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами Истиқлолни, яъни мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ ўттиз йиллик тўйини кўтаринки кайфият, тинчлик-хотиржамликда нишонлаётганлигимиз учун Яратганга беҳад шукроналар айтамиз.

Бугун намоз ўқиш учун барча шарт-шароитларга эга масжидларимиз ишлаб турибди, ибодат қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ, тайзиқ йўқ. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз улуғ ҳаж ва умра зиёратларини адо этмоқда. Бундай эркинликка шукрлар қилишимиз керак.

Ислом дини қадриятларга бой ва халқимиз ўлмас маънавиятининг асоси эканини эътироф этиб, Юртбошимизнинг: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз, диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз", деган гаплар ҳеч шубҳасиз, жуда ўринлидир. Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки,    тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда кечмоқда.

Юртимизда ана шу улуғ неъматнинг бардавом бўлиши бежиз эмас, албатта. Чунки меҳнаткаш халқимиз томонидан ўлкамизнинг ҳар бир гўшасида хайрли ва савобли ишлар олиб борилмоқда, одамларимизнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Инсонларнинг яхшиси - инсонларга манфаати кўпроқ етадиганларидир" деб марҳамат қилганлар. Демак, одамларга, жамиятимизга, юртимизга имкон қадар манфаат етказайлик, зотан, шу орқали Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўлайлик. Халқимиз учун улуғ ва бебаҳо неъмат - Истиқлолимиз абадий бўлсин.

Зуҳриддин МУСАЖОНОВ,

Андижон шаҳридаги "Қорақўрғон" жомеъ

масжиди имоми.

ҚАЙНОТА, ҚАЙНОНАСИ ДУОСИ БИЛАН ОБРЎ ОРТТИРГАН КЕЛИН

Орамиздаги аёллар

     Гулу райҳонларнинг анвойи ҳидлари атрофни тутган ҳовлининг орасталиги,  озодалиги шу хонадонда келин борлигидан далолат. Дарвоқе, келин бор уйнинг файзи  бўлакча. Катта оналаримиз келин олишга шошилмаган, бўлажак келиннинг авлодини  обдан, узоқ суриштириб, аниқлаб, сўнг келин қилиб туширишга ҳаракат қилганлар.  Кимдир бой, ўзига тўқ хонадондан, кимдир юзи чиройли, чирой-чиммати жойида, яна  кимдир қалби покиза келин қидиради.

Яхши хонадоннинг қизи уйингизни жаннатга айлантиради. Тарбияли оила қизи  ўғлингизнинг мартабасини кўтаради. Нодон келин эса турмуш ўртоғини хор-зор қилади.  Яхши келин уйингизни файзу баракага тўлдиради, ғамингизга ғамдош бўлади, сизни азиз қилади.

Ўрта мактабда узоқ йиллар бошланғич синфларга дарс бериб, ҳозирда нафақа  ёшидаман. Маҳалла фаоли сифатида кўп келинларни кузатаман. Намунали келинларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатгим келади. Уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-онасига  раҳматлар айтгинг келади. Мавлудахон Тоҳирова маҳалламиздаги ана шундай келинлардан биридир.

Меҳрибон, меҳнатсевар,   сабрли, қайнона, қайнотасининг ҳурматини жойига қўядиган Мавлудахоннинг асли касби ўқитувчи бўлса-да, у тадбиркор, ишбилармон сифатида ҳам  кўпларнинг хожатини чиқарадиган аёл. Оила аъзолари, ака-укалар, опа-сингилларни бир-бирига меҳрини оширишга, оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, ҳурматини жойига қўйишга эътибор берадиган келин бўлди. Мавлудахон қайнонасини онасидан кам кўрмади. 

- Қизим йўқлигига ўкиниб юрардим, Оллоҳимга шукр, Мавлудахон менга келин  эмас, қиз бўлиб келди, - дейди қайнонаси Раънохон опа келини ҳақида ғурурланиб.  Мавлудахон дастлаб, 43-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бошланғич  синфларда тарбиячи, кейинчалик Булоқбоши педагогика, ижтимоий иқтисодиёт  коллежида ўқитувчи бўлиб ишлади. Айни дамда коллежда фаолиятини давом эттирмоқда.  Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириб, туман марказида "Шодимулкбегим" ўқув марказини ташкил этган. Марказда ёшлар чеварлик, ҳамширалик, пазандалик, рус, инглиз, араб тилларини ўрганиш бўйича ўқув курслари, шунингдек, ёш  оналар мактаби, элита пардалар тикиш, қизларни оилага тайёрлаш курсларида таҳсил олмоқда. Кўплаб ёшларни иш билан таъминлади. Пандемия даврида кам таъминланган  кўплаб оилаларга моддий кўмак берди.

 Мавлудахон Тоҳирова меҳрибон устоз, оилада жонкуяр она, катталарнинг доим дуосини олган меҳнаткаш аёл  сифатида оғизга тушди. Оила барқарорлиги аёл билан. Ҳар томонлама эъзоз топаётган   Мавлудахондек келинлар тарбиялаган фарзандлар ҳам оқил, билимли, маънавиятли,  вақтнинг ҳар лаҳзасини қадрлайдиган, элга нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишига шак-шубҳа йўқ.

Мен Мавлудахондек келинларнинг сафи янада кўпайишини тилаб қоламан.

 

 Лолахон  МАТҚОСИМОВА,

Булоқбоши туманидаги Буюк Турон маҳалласи  фаоли, фахрий ўқитувчи.

"Тадбиркор аёл": хотин-қизлар муаммоларини бартараф этишга кўмаклашмоқда

Хотин-қизлар тадбиркорлиги

     "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлими томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда ассоциация вилоят ҳудудий бўлими сафига 2 минг нафарга яқин фаол ва илғор тадбиркор аёллар бирлашган.

- Аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тадбирлар режаси асосида иш олиб боряпмиз, - дейди "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлими раиси Наргиза Мирзалиева. - Айниқса, опа-сингилларимизни молиявий, ахборот ресурслари билан таъминлаш, бозор муносабатларида муваффақиятли иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратиш, уларда тадбиркорлик билим ва кўникмаларини шакллантириш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш ва касбга ўргатиш борасида ўтказилаётган ўқув семинарларимиз ижобий натижалар бермоқда.

Умуман, кейинги уч йил давмида қатор лойиҳалар доирасида вилоятдаги 3 минг нафарга яқин хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ўқитилди.

Ассоциация вилоят ҳудудий бўлими қошида Дизайнерлар маркази, Андижон шаҳри,  Бўстон, Избоскан туманларида Маҳаллий ривожланиш марказлари ташкил этилди. 

Мазкур мрказларда 724 нафар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган хотин-қизлар турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитилди.

Умуман, 2019-2021 йиллард давомида амалга оширилган қатор лойиҳалар, жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмасига асосан   "Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Жиззах, Навоий,      Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг қишлоқ ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари" ижтимоий лойиҳаси,     шунингдек, "Ўзбекистонда  мева-сабзавотчилик соҳасида бизнес ташкил қилиш ва юритиш бўйича малака ва тажриба орттириш", "Ўзбекистонда қизлар учун бизнес таълими тизимини такомиллаштириш ва ёш аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш", "Андижон вилояти хотин-қизларининг демократик ва фуқаролик жамияти ривожланишида уларнинг ўрни, мақоми, роли ва парламент етакчилик лавозимларига кўтарилишидаги иштироки", "Коррупцияга карши курашиш механизмлари ва профилактика чоралари", "Ҳар бир оила тадбиркор - биз ҳам унга мададкор"  лойиҳалари доирасида ўтказилган семинар ҳамда ўқув курсларида 1 минг нафардан зиёд хотин-қиз мавзу ва йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини бойитган бўлса, 311 нафар хотин-қиз имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлади.

Жорий йилда Республика "Тадбиркор аёл" ассоциацияси, Халқ банки ва     Бандлик вазирлиги ҳамкорлигидаги меморандумга асосан, "Фаровонлик сари" лойиҳаси доирасида  5 кунлик тренинглар ўтказилди.  2021 йилнинг биринчи яримида ушбу лойиҳа доирасида Андижон, Избоскан, Бўстон, Пахтаобод,   Марҳамат, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманларида яшовчи 4 минг 39 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга "Тадбиркорлик асослари" йўналиши курсида ўқитилди. Тадбиркорлик бўйича муайян билимларга эга бўлган ана шу опа-сингилларимиз имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди.

2021 йилнинг февраль ойидан "Сабр" Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Андижон вилояти "Тадбиркор аёл" уюшмаси, Избоскан, Бўстон тумани ҳокимликлари билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида "COVID-19 нинг "Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги ҳимояга муҳтож аёллар ва ёшларга таъсирини юмшатиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун  ННТларнинг институционал ва ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш" лойиҳасини амалга ошира бошлади. Мазкур    лойиҳанинг мақсади хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъмилашга қаратилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қатор маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар "Fоядан бизнес режагача" деб номланган қисқа муддатли тадбиркорлик ўқув курсларида ўқитилди. Уларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, бизнес-режа тайёрлаш, иқтисодий самарадорликка эришиш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари бўйича зарур тушунча, тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Умуман, "Тадбиркор аёл" ассоциацияси вилоят бўлинмаси томонидан амалга оширилаётган юқоридаги каби ишлар  хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлликка жалб этишга яқиндан ёрдам бермоқда.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ

 

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ КОНСТИТУТЦИЯВИЙ СУД

Ҳуқуқшунос минбари

     Ҳаммамизга маълумки, барча давлатлар каби бизни мамлакатимизда ҳам Конституция бу асосий Қонундир. Барча қонунлар Конституциянинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади ва унга зид бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатимиздаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди, десак асло муболаға бўлмайди.

Чунки, айнан шу Фармон билан жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш белгиланиб, ислоҳотларнинг  асосий мақсади инсон ва унинг манфаатларини улуғлашга қаратилди.

Шиддат билан ривожланиб бораётган жамият ҳаёти Ўзбекистон Республикасида Конституциявий нормаларни янада такомиллаштириш заруратини тақозо этди.

Давлатимиз раҳбари  Ш.Мирзиёев 2021 йил 27 апрель куни "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Янги имзоланган қонун 13 та боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, аввалги қонунга нисбатан такомиллашган. Бундан  ташқари, янги Қонунда  Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари ва уларнинг мазмуни, Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, ишни кўриш учун қабул қилиш, Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, Конституциявий суднинг қарорлари, суд мажлисининг баённомаси, процессуал муддатлар ва айрим тоифадаги ишлар бўйича иш юритишнинг ўзига хос хусусиятларига ҳам тўхталиб, Конституциявий суд томонидан иш кўрилишининг процессуал жиҳатлари батафсил ёритилган.

Ушбу Қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Эндиликда, янги Қонунга кўра Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда 9 нафар судьядан иборат таркибда фаолият кўрсатадиган бўлди, илгари ушбу суд таркиби 7 нафарни ташкил қилар эди.

Янги таҳрирга кўра, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати кенгайтирилди.

Яъни, энди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг Миллий маркази ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин.

Қонундаги янгиликлардан энг асосийси, бу фуқаролар ва юридик шахслар қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласа ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, эндиликда Конституциявий суд Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқини Конституция қабул қилинганининг 28 йиллиги билан йўллаган табригида ҳам "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир" деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда."-деб айтган сўзлари жамият ҳаётининг муҳим қоидасига айланди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунга кўра, эндиликда Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва   Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиб боради. Бу эса Конституциявий суднинг ҳам халқ ва давлат олдидаги ҳисобдорлигини белгилаб, бу ўзгартиш мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларга тўлиқ мос келади.

Бу ўзгаришлардан кўринадики, Конституциявий суд янги Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чин маънодаги ҳимоячисига айланди.

Эркинжон САБИРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси,

юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd).

Шаҳрихонда ипак матолар тўқиш корхонаси иш бошлади

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик тантанаси арафасида Шаҳрихон туманида атлас, адрас матолар, бахмал ва ипак гилам тўқишга ихтисослашган корхона иш бошлади.

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, туман сектор раҳбарлари, ҳунарманд аёллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида корхона очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ечиш, айниқса, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ишсиз, лекин ишлаш истаги бўлган опа-сингилларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўргатиш, шу орқали уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича қатор топриқлар берган эди.

Ана шу топшириқ, қолаверса, Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида туманида "Sapfir sanoat" МЧЖ пилла    кластери томонидан ташкил этилган мазкур корхона кўплаб хотин-қизларни ўз бағрига олди.

Мазкур корхонага Марғилон шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да бир ой давомида ҳунар ўрганиб қайтган 17 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган ишсиз хотин-қизлар ишга қабул қилинди.

-      Марғилондаги "Ҳунармандлар маркази"да бир ой ўқиб, миллий матоларни тўқиш сирларини пухта ўрганиб қайтик, - дейди тумандаги Тумор маҳалласида яшовчи Фотимахон Қорабоева. - Туманимизда ипакдан миллий матолар тўқиш корхонасининг ишга тушиши, айниқса, биз учун айни муддао бўлди. Энди шу ерда ишлаб, шаҳрихонлик ҳунар ўрганмоқчи бўлган опа-сингилларимизга ушбу ҳунарни ўргатамиз.

 Тадбир доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи Марғилонда атлас, адрас, шойи сингари миллий матолар ҳамда гилам тўқиш ҳунарини ўрганиб қайтган 100 нафар  хотин-қизга махсус сертификатлар топширилди.

Сертификатларни ўз эгаларига вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Низомова топшириб, вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар режа асосида изчил давом эттирилишини айтиб ўтди.

Ферузабону МАТКАРИМОВА,

жамоатчи мухбир.

Қорасувлик аёлларга кредит олиш учун сертификатлар топширилди

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов  Қорасув шаҳрида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар билан учрашиб, улар билан мулоқот ўтказди.

     Мулоқотда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, айниқса, хотин-қизлар, "Аёллар дафтари"га киритилган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқли даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Айни кунда Қорасув шаҳридаги 10 та маҳаллада 37 минг нафардан зиёд  аҳоли истиқмат қилади. Улардан 17 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Мулоқотда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, лекин бу борада хали қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилди.

Учрашувда хотин-қизларнинг 100 дан  ортиқ мурожаати эшитилди. Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Жорий йилда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижасида шаҳардаги 3 минг 142 нафар хотин-қиз "Аёллар дафтари"га киритилди. Улардан кўпчилиги ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш истагини билдирган.

Мулоқотда АТ "Агробанк" ва АТ "Халқ банки" туман бўлимлари томонидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун кредит олиш истагидаги 82 нафар хотин-қизга 5 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача миқдорда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

- Мен ўз хонадонимда кўпа-тўшак тайёрлаш учун 5 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, - дейди Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи   Мастонхон Шаробиддинова. - Ана шу фаолият орқали даромад топиш, оиламиз бюджетини кўтариш имконига эга бўлдим.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари қатнашчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди, Қорасув шаҳрида аҳолининг, хусусан, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

 

Сирожиддин ҲАСАНОВ,

"Қорасув тонги" газетаси муҳаррири.

"Энг улуғ, энг азиз" танлови ижод аҳлига қанот бермоқда

Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига бағишланиб, "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Танловда 19 нафар шоир ва ёзувчининг 25 та китоби ва бошқа ижодий ишлари, 24 та босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг 250 га яқин мақола, кўрсатув ва бошқа ижодий материаллари, интернет-журналистикаси вакилларининг 50 дан ортиқ, шунингдек, 20 га яқин мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерларнинг 80 дан ортиқ ижодий ишлари кўриб чиқилди.

- Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги,  мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Холмурод Салимов. - Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги янада аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчилари истиқлол   халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дурбек Қўлдошев, телерадио йўналиши  бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси ходими  Бобур Ҳакимжонов, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, журналистларнинг ижодий ишлари йўналиши бўйича Жалақудуқ тумани "Жалақудуқ ҳаёти" газетаси таҳририяти, интернет журналистикаси бўйича Ishonch.uz сайти мухбири Нурилло Нўъмонов, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Муроджон Жумашев тақдим этган асар ва ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди.

- Танловда мамлакатимиз мустақиллигини, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, миллатлараро дўстлик мавзуси кенг ёритилган, шунингдек, қирғиз тилида чоп этилган ижодий ишларимиз билан  қатнашдик, - дейди танлов ғолибларидан бири "Жалақудуқ ҳаёти" газетаси муҳаррири Шукирулло Хайитохунов. - Ижодий ишларимиз эътироф этилиб, таҳририятимиз ғолиб бўлганлигидан беҳад хурсанд бўлдик. Бу жамоамизга куч ва   илҳом бағишлайди, келгусида мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари кўламини  кенгайтиришга астойдил ҳаракат қиламиз.

Якунда барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

 

 Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ

ЭЗГУЛИК ВА ҲАҚИҚАТ КУЙЧИСИ ФАРИД УСМОН - 75 ЁШДА!

Тўйхат ўрнида

     Истеъдодли шоир ва адиб, ажойиб инсон Фарид (Шаробиддин) Усмонов 1946 йилнинг 31 июлида Андижон шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг, Андижон давлат педагогика институти - ҳозирда университетнинг филология факультетини тамомлади.

Асли касби педагог бўлган Фарид Усмон болалигидан бадиий ижодга қизиқарди, ижод қиларди. Шунинг учун ҳам у тез орада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига ишга ўтиб, устоз ижодкорлардан сабоқ олди, тажрибасини бойитди, ўша даврдаги илғор адиблар билан мустаҳкам ижодий алоқа ўрнатди. Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг "Оқ йўл"ини олди. Fазаллари "Ёшлик баёзи"да эълон қилинди.

Фарид Усмон дастлабки - "Водий ғазаллари", "Ёшлик ғазаллари" китоблари биланоқ, китобхонлар назарига тушди. Москвадаги Олий адабиёт курсида таҳсил олди. Жаҳон халқлари адабиёти билан танишди. Адиб Москвадан қайтгач, "Саодат" журнали таҳририятида ишлади, пойтахтадаги адабий муҳитда тобланди.

Маълум вақтдан сўнг у Андижонга қайтди. Узоқ йиллар ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси муассислигидаги "Келажак" газетасига муҳаррирлик қилди. Йиллар давомида унинг "Навосиз наво", "Қадр кечаси", "Ҳусн девони" (1,2 китоблар), "Шаклар қўшиғи", "Мени сев", "Қайларга қочай, Лайло" каби ўнлаб шеърий ва насрий китоблари нашр қилинди. У, болалар учун ҳам қатор шеърий ва эртак китоблари ёзди. Сўнгги йилларда Фарид Усмоннинг "Ҳаёт ва хаёл", "Янги ой", "Вақтичоғлик гуллари" (2 жилдлик сайланма), "Достонлар", "Янгибой", "Ҳар кимнинг ўз хотираси бўлур" китоблари чоп этилди. Тарихий мавзудаги "Бобур подшоҳ" ва "Бобур салтанати" эсселарини яратди. Фарид Усмоннинг элликка яқин шеъру ғазаллари куйга солиниб, Замира Суюнова, Қаюмжон Усмонов, Нуриддин Ҳамроқулов, Яҳё Мўминов каби санъаткорлар томонидан куйланган.

"Дўстлик" ордени нишондори, устоз Фарид Усмон бугун ҳам қайноқ ижод билан банд. Ишонамизки, у яна кўплаб гўзал асарлар яратиб, халқимизни ўз ижоди билан баҳраманд этади. 

Устоз Фарид Усмонни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга тани сиҳатлик, ижодий зафарлар тилаб қоламиз.

 

"Иқбол" газетаси таҳририяти.

 

 Ичилган умид

Чеҳраси мунаввар, чеҳраси ёруғ,

Нурли кун мўралар қаро кечадан.

Ўзини билмаган ғофил бандалар,

Бу ҳолни фарқ этмас оддий эртакдан.

 

Сен эй, қизиқ-қизиқ чўпчакчи олам,

Кундузинг ҳам чўпчак, кечанг ҳам чўпчак.

Ярмингни шодлик, ярмингни ғам

Балки...

...балки шундан англасак керак.

Қаро тун қўйнида турганлар, билинг,

Нурли кун мўралар қаро кечадан.

Толеъ бахш этгандай чироқ ботирга,

Кўнгил ёруғликдан умид ичади.

 

Ўтинчим шуки...

Руҳият бандаси мен ҳам бир ғариб,

Нафс бандалари орасида лол.

Ўтказиб бораман умр мунғайиб,

Номаълум тарафга учар қуш мисол.

Олчоқлар йўлимда учрайди баъзан,

Гоҳида юқори - курсида олчоқ.

Виждонли биродар, изла ҳамият

Тўхта, атрофингга бир гал хушёр боқ.

Нафс кўчасида ўзин сотарлар,

Нафс кўчасида сўзин сотарлар...

Кўриб турган ўз кўзини ўйиб

- Мана олинг, дея кўзин сотарлар.

Руҳият бандаси мен ҳам бир ғариб,

Виждонли биродар, кел, қайғудош бўл.

Оғир шу кунларда йўлимиз оғир,

Ўтинчим шуки, сен доим йўлдош бўл.

Коррупция - жамият кушандаси

Ҳуқуқшунос минбари

     Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланган. Жамиятни издан чиқарувчи ушбу иллатни бартараф этиш борасида юртимизда кейинги йилларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашувчи махсус тузилма-платформа яратилди. Қабул қилинган қатор қонун, фармон ва қарорлар натижасида жамиятимизда шаффофлик таъминланмоқда.

     Коррупция катта иллат бўлиб, у миллат ва юрт тараққиётига тўсиқ бўлишини бугун кўплаб юртдошларимиз англаб етмоқда. Жамият ҳаётида ошкоралик, шаффофлик яққол сезилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш борасидаги жаҳон тажрибасига асосланган қадамларимизни нуфузли халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Албатта, ҳалолликка асосланган жамият халқимизнинг орзу-ниятидирки, ота-боболаримиз ҳалоллик, адолат каби тушунча ва тамойилларни ҳамиша нондек табаррук санаб келганлар. Фақат, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим мансабдорлар коррупция иллатига йўл қўяётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Лекин ана шундай кимсаларга нисбатан кескин ва зарур чоралар қўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлдаги "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Фармонда таъкидланганидек, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашнинг илғор жаҳон стандартларига асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилади. Давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик, шаффофлик, холислик, қўйингки, адолатни таъминлаш ҳамда мансабдорларнинг у катта ё кичиклигидан қатъи назар, аҳоли олдида ҳисобдорлигини, жавобгарлигини йўлга қўйиш орқали, давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бобида зарур шарт-шароитлар яратилади.

Умуман, фармон    коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш билан боғлиқ жуда кўп долзарб масалаларни ўз ичига қамраб олгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Фармонга кўра, 2022 йилнинг бошидан бир қатор янгиликлар, чунончи, давлат хизматчиларининг мажбурий даромад декларациялари шакллантирилади. Уларнинг хорижда нақд пул ва бошқа моддий бойликларга эга бўлиши тақиқланади.

Фармоннинг биринчи иловасига мувофиқ, 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланади. Давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодексини қабул қилишдек долзарб масалани ҳам ўз ичига олади.

Кодекс ишлаб чиқилиши билан турли даражадаги раҳбарларнинг нафақат коррупция, балки, бошқа қонунбузилиш ҳолатларга йўл қўйишларига чек қўйилади. Юқорида айтилганидек, жамоатчилик олдида фалончи одобсиз раҳбар, деган тамғани олишдан албатта, ҳар бир ақли бутун инсон тортинади, истиҳола қилади.    

Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон айни вақтида қабул қилинган концептуал аҳамиятдаги ҳужжат бўлиб, у юртимизда коррупция иллатини таг-томири билан қуритиб, халқимизнинг осойишталигини таъминлаш, раҳбарларнинг ҳалол ва сидқидилдан ишлаши, давлатимизнинг халқаро ҳамжамият орасидаги нуфузи янада юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода юқорида қайд этилган фармонни юртимиз тараққиётини юксалтиришга қаратилган муҳим ҳужжат дейиш мумкин. Ушбу фармон шубҳасиз, халқимизнинг эзгу мақсадларига дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

 

Нодирбек ШАРИПОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси бошқарма прокурори,

Бахтиёр НАЖИМОВ,

Андижон вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи.