+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

Қувончдан кўзимга ёш келди

Дил туFёни

   Халқимизда "Сабр қилсанг, ғўрадан халво битар" деган нақл бор. Бу фикр бежиз айтилмаганлигига ўз ҳаётим мисолида яна бир бор амин бўлдим.

Тожикистондан оиламиз билан она-ота юртимиз Ўзбекистонга кўчиб келганимизга роппа-роса 24 йил бўлди. Шу йиллар мобайнида фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси билан яшаб келдик. Наилож, бошга тушганни кўз кўради дейишади. Лекин ана шу йиллар давомида Ўзбекистонимизнинг тинч, фаровон осмони остида шоду-хуррам яшаб келмоқдамиз.

Асли қўрғонтепалик бўлган дадамиз собиқ иттифоқ даврида Тошкентда олийгоҳни тугатганидан кейин уни йўлланма билан Тожикистонга ишга юборишган, шу боис ота-онам Хўжанд вилоятида узоқ яшаб қолишган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мингдан-минг раҳмат. Юртбошимизнинг ташаббуси билан узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда яшаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган биз каби минглаб инсонларнинг муаммоси ечилди. Биз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндик,  паспорт олдик. Бундан бошимиз кўкка етди, қувончдан беихтиёр кўзларимга ёш келди.

Ахир шу юртда яшаб, ишлаб, шу юрт ҳавосидан нафас олиб, шу юртнинг фуқароси бўлмаслик инсонга қанчалар руҳий азоб беришини, қанчалар муаммоларга дуч келишини ўша одамларнинг ўзларигина ҳис эта олади.

Ўзбекистон фуқароси деган паспорт олдик, кўп ўтмай Президент сайловида иштирок этдик. Бу қалбимизга қанчалар ғурур ва фахр ҳис этдирганини сўз билан таърифлаб беролмайман. Сайловда ҳеч иккиланмай одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун қайғураётган, халқимизнинг муаммоларини ечаётган Шавкат Мирзиёевга овоз бердим.

Юрт равнақи, эл дарди билан яшаётган, халқимизнинг тинч, фаровон ҳаёти учун бутун борлиғи билан меҳнат қилаётган Президентимиз бор экан, шубҳасиз, юртимиз янада тараққий этиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалади.

 

Нигорахон САИДОВА,

Андижон шаҳри.

НИМА УЧУН ОНА ТИЛИМИЗНИ БУЗИБ ГАПИРГАНЛАРГА ЧОРА КЎРИЛМАЙДИ?

ёшлар Фикри

     Жамиятимизда шундай инсонлар борки, гапираётганларида она тилимизга бошқа миллат сўзларини қўшиб гапиришни одат қилиб олишган. Масалан, ойнаи жаҳон орқали бир инсоннинг икки дақиқалик маърузасида ўнлаб рус тилидаги сўзларни ишлатганлигини кузатиб, беихтиёр мушоҳадага бордим.

Нафақат мен, балки кўплаб юртдошларимиз ҳам бошқа миллат вакилларининг ўз она тилига ўзбекча сўзлар қўшиб гапирганини эшитмаган бўлса керак?!

Телевидениедаги бу каби ҳолатлар айниқса, ўзбек ёшларида "она тилимизга рус ёки бошқа хорижий сўзларни қўшиб гапириш маданият белгиси экан", деган янглиш фикрни уйғонишига олиб келмоқда. Ўзини, тилини ҳурмат қилмаган айрим тенгдошларимиз ўшаларга тақлид қилаётгани ҳам бор гап.

Ўзбек адабиётининг забардаст вакили Абдулла Қаҳҳор айтганидек, "Нима учун йўл қоидасини бузган инсонга милиция ҳуштак чалиб, керак бўлса жазолайдию, лекин ўз она тилини бузган инсонга ҳеч қандай чора кўрилмайди?!".

Дарҳақиқат, йўл қоидасини бузган инсонга жарима солинади, лекин миллат тили - она тилимизни бузган инсонга ҳеч ким ҳуштак чалмайди, жаримага ҳам тортмайди. Агар тилимизнинг софлигига путур етказган кишилар жаримага тортилганида эди, балки ҳеч ким она тилимиз қоидаларини бузмасмиди.

Тил миллатнинг руҳидир. Биз тарихда тилимиз учун курашган, уни асраб-авайлаш учун керак бўлса, жонини берган маърифатпарварларнинг ҳаёти, фаолиятини биламиз, уларнинг фидойилиги ҳақида ўқиганмиз.

Буюк мутафаккир бобомиз, аллома, ўзбек тилининг асосчиси Мир Алишер Навоий туркий тилнинг ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Энг машҳур асари "Ҳамса"ни ҳам туркий тилда ёзган. Яқин ўтмишда яшаб ўтган Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби мутафаккирларимиз ҳам айнан она тилимизни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш учун курашганлар. Ўзбек тилида бетакрор илмий асарлар, дурдона бадиий асарлар яратганлар. Албатта, ана шу мутафаккир боболаримиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Рус тарихчиси Скобелев ўз асарларидан бирида "Миллатни йўқ қилиш учун у ерга қурол кўтариб бориш шарт эмас, шунчаки унинг адабиёти ва тилини йўқ қилиш кифоя. Шунда миллат ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади", деб ёзган экан.

Марказий Осиёда мустамлакачилик сиёсатини олиб борган Чор Россияси ҳақиқатдан ҳам аждодларимиз яратган жуда кўп илмий, бадиий дурдоналарни йўқ қилиб юборганлигини ҳам тарихдан яхши биламиз. Қолаверса, миллатимиз учун қайғурган, тилимиз, динимиз, миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш учун курашган жуда кўп олиму мутафаккирлар, зиёлилар асоссиз равишда йўқ қилиб юборилган.

Бугун бутунлай бошқа бир даврда яшаяпмиз. Тилимиз, қадриятларимиз эъзозланмоқда, ўқиб, пухта билим олишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган.

Айниқса, она тилимиз - ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, софлигини сақлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбек тилини ўқитишга ихтисослашган олий таълим даргоҳлари очилди, давлат ҳужжатлари айнан ўзбек тилида олиб бориладиган бўлди.

Шу юртни, тинчлик-хотиржамликни қадрига етишимиз, хусусан, ўзлигимизни англаш, билим ва тафаккуримизни юксалишига кенг йўл очиб бераётган она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг софлигини сақлаш муқаддас ва шарафли бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Захро FУЛОМЖОНОВА,

Марҳамат туманидаги 31- ДИМИ ўқувчиси.

ТОЗА ҚЎЛЛАР - ГИГИЕНА АСОСИ

шифокор минбари

     Шахсий гигиенанинг бир тури бўлган оддий қўл ювиш жараёни кўплаб юқумли касалликлардан ҳимояланишга ёрдам беради. Кўчадан уйга киргач, овқат тайёрлаш ва истеъмол қилишдан олдин, ҳожатхонадан чиққандан сўнг, уй ҳайвонлари ёки жониворлар парвариши билан шуғулланиб бўлгач, пул ушлагандан кейин, тирноқлар олганда ва ҳар бир акса урганидан сўнг қўллар ювилиши шарт.

Қўл ювиш  қоидалари қуйидагича:

- Енглар шимарилади;

- агар тақинчоқ бўлса, ечилади;

- қўллар намланиб, кейин совунланади;

- қўлларнинг олди ва орқа томонлари бир-бирига ишқаланади;

- бармоқлар ва тирноқлар оралари ҳам яхшилаб ишқаланади;

- тоза оқар сувда совун кетгунча 20 сония давомида чайилади;

- шахсий тоза сочиққа артилади;

Болаларда тирноқ тишлаш, қўл бармоқларини оғзига солиш, китоб варақлаганда ёки пул санаганда бармоғини хўллаш, шунингдек, бош қашлаб ўтириш ёки бурун кавлаш каби зарарли одатларнинг олдини олиш лозим.

Болаларда энг кўп учрайдиган "кир қўл касалликлари" - бу дизентерия, сальмонеллёз, гепатит А ҳамда гижжа касалликлари, шунингдек, ҳозирги даврнинг долзарб муаммолардан бири бўлган "COVID-19" дир!

Шу боис, фарзандларингизга қўл ювишни ўргатинг, қўлларини яхшилаб юваётганига ишонч ҳосил қилинг. Тирноқларини олиб, озода ва тартибли бўлишига ёрдам беринг. Унутманг, тоза қўллар гигиена асосидир. 

 

Нигорахон САТҚУЛОВА,

Вилоят ОИТСга карши кураш маркази шифокори.

Конституция - бахтимиз қомуси

     Андижон туманидаги 41-умумтаълим мактабида  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланиб, "Конституция - бахтимиз қомуси" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 Ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитувчилари Қундузхон Юлдашева, Гулнозахон Ибрагимова ҳамда Ферузахон Тожибоева ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирни мактаб директори Дилфузахон Fиёсова очиб, байрам билан барчани қутлади. Бош Қомусимизнинг инсон, айниқса, ёшлар ҳаёти ва камолотидаги аҳамияти ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.       Конституциямиз, она юрт ва ёшликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар, рақс ва саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида мактаб маъмурияти ва ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи томонидан тадбирнинг фаол иштирокчиларига китоблар совға қилинди.

Ушбу тадбир ўқувчи ёшларнинг Конституцияга оид билимларини, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, қолаверса, уларнинг қалбида она Ватанимизга, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

БИЗ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ

Жараён

     Зўравонлик  - инсон  ҳуқуқларини  оёқ  ости  қилиш, камситиш, кибрлилик, зулм  ўтказиш  сингари  қатор  иллатлардан  иборат. Зўравонликка  ҳар  қандай  жойда  дуч  келиш  мумкин.  Бизга  маълумки,  оила - фарзандлар  учун  тарбиянинг  асосий  манзили. Бола  ота-онадан  ибрат  олади, ота-онанинг  гўзал  фазилатларини  ўзлаштиришга  ҳаракат  қилади.

      Оила  аъзоларининг  бир-бири билан  аҳиллиги, тотувлиги  фарзандларга  намуна  бўлади.  Бироқ, оилада муҳит носоғлом  бўлса-чи? Жанжал,  келишмовчиликлар,  бир-бирини   камситиш  ҳолатлари  тез - тез  содир  бўлса,  бу  оилада  вояга  етаётган  бола  қандай  қилиб  маънавиятли   инсон  бўлиши  мумкин?  Энг  аввало,  ҳар  бир  инсон  ўз  шахсини  бошқалардан   юқори  қўйиши,  ўзидан  кучсиз,  ҳимояга  муҳтожларга  таъсир  ўтказиши туфайли зўравонлик келиб чиқади.  Адолатсизлик  бор  жойда  шафқатсизлик  илдиз  отади.  Самимийлик,  бир-бирига адолатли муносабатда бўлиш,  яхшиликлар  соғиниб  яшаган  оиланинг  маънавий  муҳити  ҳам  соғлом  бўлади.

25  ноябрдан  бошлаб жойларда  "Биз  зўравонликка  қаршимиз"  шиори  остида  турли тадбирлар  ташкил  қилинишидан мақсад ҳам зўравонликнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш, ёш авлодни меҳру-муҳаббат, адолат ва тенглик тамойиллари асосида тарбиялашдир.

Булоқбоши  туманидаги 2 - умумтаълим  мактабида  ҳам  ана шу  мавзуда  давра  суҳбатлари,  учрашувлар,  викториналар  бўлиб  ўтди. Жумладан, мактабнинг  8 - "Б"  синф  ўқувчилари  томонидан   тайёрланган  адабий  композиция  ва  саҳна  кўринишлари,  видеороликлар  мактаб  жамоаси  эътиборига  ҳавола  этилди.  Моҳларой  Аблазизова, Дилноза  Собирова, Муслима  Одилжонова,  Насиба  Нурмуҳаммедова,  Дилфуза  Маҳмудова,  Арслон  Адаҳамов,  Ойбек  Абдунабиев  каби  ўқувчилар  саҳна  кўринишларида  уйдаги зўравонлик ҳолатларини  акс  эттирдилар. 

Тадбирда   "Шоҳгузар"  маҳалла  фуқаролар  йиғини  фаоллари, ота-оналар  иштирок  этди,  мавзуга  оид  фикр ва  мулоҳазаларини  билдирдилар.

Дарвоқе, баъзан бола ҳуқуқларининг  бузилиши, ёш  болаларга  таҳдид, тазйиқлар  ўтказилиши, айрим  оилаларда  катталарнинг  ўзаро  давомли  жанжаллари  болага  салбий  таъсир  қилиши  ҳолатлари  ҳам  кузатилади.  Серқуёш  юртимиз  одамларининг  қалби  ҳам  қуёш  тафтидек  илиқ, меҳрга  тўла. Биз - болажон  халқмиз.  Тазйиқлар,  камситишлар  миллий урф-одатимизга  ёт  унсурлар.  Зеро,  Ватанимиз  тарихида  Ўзбекистон  бағрикенг  юртлиги  билан     дунёга  танилган,  зўравонликка  асло  йўл  қўйилмайди. 

 Гулбаҳор  АСРОНОВА,

Булоқбоши  туманидаги 2-умумтаълим мактабининг

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

МАЪНАВИЙ БОЙЛИККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Мулоҳаза

      Ҳозирги  вақтда  китобхонлик,  мутолаа, ахборот,  ахборот  истеъмоли  маданиятлари  каби  атамалар  кенг  қўлланилмоқда.  Болаларда   ўқиш  маданияти  ва  мутолаа  кўникмаларини  шакллантириш  умумтаълим  мактабидаги  ўқитиш  жараёни  билан  узвий  боғлиқ  бўлиб,  дарс  ва  дарсдан  ташқари  машғулотлар  уйғунлигида  амалга  оширилади.

      Ҳар  бир  дарснинг  ташкилий  қисмида  бадиий,  маърифий асарларнинг  мавзуга  оид  қисмини ўқувчилар билан бирга муҳокама қилиш ўқувчиларнинг ўқув  мотивини  кучайтиради,  болаларнинг китоб ўқиш   кўникмасини тезлаштиради. Мактабда назорат ишларини ўтказишда  тегишли фанни  ўрганиш жараёнида ўқувчилар томонидан  ўқилган бадиий, маърифий, илмий, оммабоп асар билан боғлиқ  топшириқнинг  берилиши  болаларнинг  китоб  ўқишга  масъулиятини  оширади ва  ижодий    фикрлаш  қобилиятини  мустаҳкамлайди.

Такрорлаш ва умумлаштириш дарсларини бадиий, маърифий, илмий, оммабоп асарларни ўқиш билан  боғлиқ  ҳолда  ўйин  технологиялари  асосида  ўтказиш  ўқувчилар  ўртасида  рақобат  муҳитини  ва  изланишли   фаолиятга  доир  амалиётни  шакллантириш  имконини  беради.

Дарс жараёнида ўқувчиларнинг матн устида ишлашини ташкил этиш, тушунчаларини аниқлашга доир интерфаол методларнинг қўлланилиши мақсадга  мувофиқ.  Болалар  нафақат  илмий  тушунчаларни,  балки  айрим  сўзларнинг  маъносини  тушунишга  қийналади. Шу  сабабли,  янги  мавзуни  ўрганиш  жараёнида  дастлаб  ўқувчиларни  матн  билан  ишлашга  жалб  этиш лозим.    Матндаги  тушунарсиз   сўзларни  дафтарга  ёзиш, изоҳли  луғат  ёрдамида  уларнинг  маъносини  жуфтликларда  ишлаш  ўқувчиларга  материални  тўлиқ  ўзлаштиришга ёрдам беради. Болалар  китоб  ўқиш  давомида  ўзининг  амалий  фаолияти  тажрибасида  тўпланган   таассуротларини  қайта  тиклаш,  янги  белгилар  билан  бойитиш,  уларни  ўзаро  бирлашган  ҳолатга  келтириш  кўникмасини  ўзлаштирадилар. Ўқувчи  шахсий  фаолиятда  эришган  дастлабки  ижобий  натижа  уни бошқа  натижаларни  эгаллашга  ундайди.  Унинг  ўқиш  фаолиятидаги  биринчи  меҳнат  маҳсули   шодлик  ва  қувонч  ҳис-туйғусини   келтириб  чиқаради. Айрим  ўқувчилар  у  ёки  бу  матнни  бир  неча  марта  ўқишга  ҳаракат  қилади. Қайта қайта  ўқиш  билим олишга бўлган   қизиқишни  вужудга келтиради.

Дарсдан  ташқари  жараёнда  болаларда  ўқиш  маданияти  ва  мутолаа  кўникмаларини  шакллантириш  амалий  фаолиятни  ташкил  этишнинг  стандарт  ҳамда  ностандарт  усулларини  уйғунлаштиришни  талаб  этади.  Оғзаки  ва  ёзма  давра  суҳбати, китоб  кўргазмаси,  китобларга  шарҳ  ёзиш,  ифодали  ўқиш,  адабий  ўйин,    эрталиклар,  ижодий  учрашувлар  шулар  жумласидандир.

Бола дастлабки тарбияни оилада  олганлиги  сабабли, оила  болаларни  китобга  қизиқтирувчи  асосий  маскандир. Шундай  оилалар  борки,  ота-  оналар фарзандлари билан   таассуротларини  муҳокама  қиладилар.

Умуман олганда, китоб мутолааси инсонни комиллик сари  етаклайдиган,  унга  маънавий  озуқа  берадиган,  зеҳнни  ўткир,  тафаккурни  кенгайтирадиган  муҳим  воситадир. Ўқувчи  қайси  фанни  ўрганмасин,  у  фикрлайди,  баҳс  юритади, мушоҳада  қилади. Китобхонлик  эса  уни  маънавий  бойлигини  таъминловчи  энг  муҳим  йўлдир.

 

 Ҳилолахон  ҲОЛИҚОВА,

       Андижон  шаҳридаги 48- умумтаълим  мактаби  бошланғич  синф  ўқитувчиси.

ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ЭКСПЕРТИЗА ТИЗИМИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

Қарор ва ижро     

     Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий-ижтимоий экспертиза тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда аҳолига қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

     Президентимизнинг 2021 йил 27 ноябрдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ушбу қарорга асосан, фуқароларни ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларсиз тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт тарзини юритиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятларини кенгайтириш, уларни реабилитация қилишга тўғри йўналтириш, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 декабрдан:

-      шахс соғлигининг ҳолатига кўра, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имкониятига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб, кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанаётган тиббиёт муассасасида ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш ташкил этилади;

-      ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларини олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаро иштирокисиз, у ногиронлиги бўлган шахс деб топилганида ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади;

-      тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йилнинг 1 августидан Тошкент шаҳрида, 2023 йилнинг 1 январидан республиканинг бошқа барча ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт  комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги "тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизими жорий этилади. Бунда:

-      ногиронликни белгилашда  даволаш муассасасининг йўлланмалари, касаллик тарихидан кўчирмалар, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолатдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғликни бошқача тарзда шикастланиши тўғрисидаги ҳужжатлар ахборот тизими орқали олинади;

-      ногиронлиги бўлган   шахсларга тааллуқли, шунингдек, даволовчи ва тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этиб борилади;

-      ногиронлиги бўлган   шахсларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун электрон маълумотлар "Пенсия" ва "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади.

Шу тарзда ногиронликка оид қатор маълумотлар баъзаси, маълумотлар алмашиш тизими жорий этилади.

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилиши муносабати билан  Соғлиқни сақлаш тизими шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юклатилган вазифа бекор қилинади.

Шунингдек, қарорга кўра, 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бор, деб топиш Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, 18 ёшдан юқори шахсларни ногиронлиги бор, деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Қарорга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, доимий фаолият кўрсатувчи тузилма ҳисобланади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг электрон ахборот тизимини яратиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланади.

Мазкур қарор билан республиканинг барча ҳудудий тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари учун барча талабларга жавоб берадиган, фуқаролар ташрифи учун қулай бўлган бинолардан жой ажратилиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори мазмун-моҳиятига кўра, фуқаролар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, соҳа ишини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жамилахон Джурақулова,

Андижон туманлараро

12- сон ТИЭК раиси. 

ПАТРОНАЖ ХИЗМАТИ: СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИК ЯНАДА ОРТДИ

  Ислоҳотлар самараси

     Кейинги йилларда мамлакатимиз жадал ривожланаётган давлатлар сафига қўшилмоқда, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

     Жумладан, бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш орқали шаҳар ва қишлоқларда оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ташкил этилди, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди.

Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ва патронаж хизматининг самарали моделларини жорий этиш, тиббий хизмат қамрови ва самарадорлигини ошириш борасида қабул қилинаётган қатор ҳужжатлар  соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва касалликлар профилактикаси   соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Мазкур йўналишда филиалимизда ҳам қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги йиллардаги қатор фармон ва қарорлари ижроси, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) тавсиялари асосида, Халқаро ЮНИСЕФ болалар жамғармаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастурлар доирасида Тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди, вилоятдаги фаолият юритаётган патронаж ҳамшираларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Жорий йилнинг  биринчи ярмида 4 минг 541 нафар хамширанинг малакаси оширилди.

Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, тиббий хизматни самарали йўлга қўйиш, бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида оналар ва болаларга тўғри овқатланиш, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича патронаж ҳамширалар фаолиятини кучайтириш, хонадонларга ташрифларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташриф чоғида ҳомиладор ҳамда чилла давридаги аёллар, илк ёшдаги чақалоқларнинг уй шароитида парвариши, уларнинг саломатлигига таъсир этувчи хавф ва хатарларни эрта аниқлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб борилиши турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг бугунги кун талабига жавоб бермаётганлиги бирламчи тиббий санитария ёрдами хизматини модернизация қилиш ва патронаж хизматини янги моделга, яъни андозага кўтариш заруратини юзага келтирди. Эндиликда бу борада янги тартиблар жорий этилиб, ишлар сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланди.

Патронаж ҳамшираси хонадонларга ташриф вақтида боланинг саломатлигига хавф солувчи омиллар, юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш, ота-онанинг вазифаси, бола парвариши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда оналарга, оилага яқиндан ёрдам беради.

Ҳомиладор, туққан аёллар ҳамда илк ёшдаги болалар патронажининг универсал-прогрессив модели юқоридаги ва бошқа кўплаб саволларга жавоб беради. Ушбу модель тиббий-ижтимоий йўналишларга қаратилган модел сифатида ЖССТ ва ЮНИСЕФ томонидан тавсия этилган бўлиб, у бирламчи тизим муассасалари хизмати сифати талабларига жавоб беради. Универсал-прогрессив моделга биноан мутахассиснинг уйларга ташрифи бўйича универсал (умумий) хизматлар бутун оила учун хизмат қилса, прогрессив (мақсадли) хизматлар эса хавф ва эҳтиёжларни баҳолаш асосида оиланинг баъзи аъзоларига тақдим этилади.

Патронаж хизмати янги моделининг анъанавийсидан   фарқи, қатновнинг сонига эмас, балки сифатига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу моделга биноан ҳомиладорлар ва илк чилла давридаги аёллар ва чақалоқлардаги хавф омилларини барвақт аниқлаш, ёш болаларнинг оптимал ўсиши ва ривожланишига ёрдам берувчи комплекс ва кенгайтирилган хизматлар кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа ишини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Гулнорахон ТЎРАХЎЖАЕВА,

Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва

уларни ихтисослаштириш  маркази Андижон филиали директори.                                       

Ҳунарманд - элга таянч

ҳунар - санъат

     Умумтаълим мактабларида билим олаётган ёшларни касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишларини орттириш, тўғри касб танлашларига кўмаклашишда технология фани алоҳида аҳамият касб этади. Ёшларни мустақил  меҳнат  фаолиятига  тайёрлаш  ва  улар  томонидан  касб-ҳунарни ўз қобилиятларига яраша  тўғри  танлашларига эришиш  ўқитувчидан педагогик  маҳорат, билим, ташкилотчиликни талаб этади.

     Меҳнат  таълимини  турмуш билан боғлаш, уйғунлаштиришда, ўқувчиларнинг индивидуал психологик, ёш даврлари, хусусиятлари, техник қобилиятлари, интеллектуал даражалари ва  имкониятларини  ҳисобга  олиш  ижобий  самара  беради.

Одатда, технология дарслари асосан амалий машғулотлар асосига  қурилади. Булоқбоши туманидаги  2-умумтаълим  мактабида фаолият олиб бораётган "Моҳир  қўллар", "Ҳунар-санъат" сингари тўгаракларда ўқувчилар ўзлари қизиққан қўл меҳнатлари билан тайёрланадиган буюмлар ясашни ўрганмоқдалар. Мактабимизда ўқувчиларнинг қўл меҳнатлари билан тайёрланган буюмлар кўргазмалари тез-тез ташкил этилади. 

Дарҳақиқат, ҳар бир ҳунарманд ишига ҳаётда эҳтиёж сезамиз.  Томорқаларда  экин  парваришлаш, боғдорчилик  сир-асрорлари,  тикувчилик, ошпазлик...Буларнинг барчаси ҳаётимиз давомида зарур, керакли ҳунарлар ҳисобланади. Ўқувчиларнинг моҳир  ҳунармандлар, тадбиркорлар билан давра суҳбатларини ташкил этиш, тўгарак машғулоти давомида тайёрланган уй-рўзғор буюмларини кўрсатиш ҳам ўқувчиларнинг шу ҳунарларни  эгаллашга  бўлган иштиёқларини  оширади. Яқинда мактабда юқори  синф ўқувчилари ўртасида "Энг яхши ҳунарманд ўқувчи" ва "Энг яхши  технология хонаси" кўрик-танлови ташкил этилди. Танловда  ўқувчилар "Энг  яхши сартарош", "Энг яхши тикувчи", " Энг яхши дурадгор", "Энг яхши ошпаз" йўналишлари бўйича ўзаро беллашдилар. Рустамбек Аҳлидинов, Озодахон Ҳосилжонова, Ашурали Даминов, Одилбек Аҳмедов сингари  ўқувчилар сартарошлик, тикувчилик, ошпазлик, дурадгорлик йўналишлари  бўйича ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолибликни  қўлга  киритдилар.

Улар  томонидан  намойиш этилган  буюмлар,  кичик мебель жиҳозлари замонавийлиги билан, ошпазлик санъатида ўзига хос тарзда тайёрланган таом, салатлар намойиши танлов иштирокчиларининг  эътиборини қозонди. Танловга маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ота-оналар  ҳам таклиф  этилди.

Fолиблар мактаб маъмурияти, ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

 

Энахон  РАҲМАТҚУЛОВА,

Булоқбоши туманидаги  2-умумтаълим мактабининг

технология фани ўқитувчиси.

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ўзимизга боғлиқ

огоҳлик!

     Биз ҳар доим эҳтиёжимизга қараб турли транспорт воситаларидан фойдаланамиз: автомашина, темир йўллари, сув ва ҳаво транспортлари. Булардан кенг фойдаланиладигани албатта, темир йўл транспорти. 

"O'zbekiston temir yo'llari" AJ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган собиқ Ўрта Осиё темир йўллари базасида 1994 йил 7 ноябрда ташкил топган. Бу иқтисодиётимизга яхши фойда келтирган, яъни қўшни давлатлар билан борди-келди, савдо-сотиқ ишлари ҳам ривожланган.

Темир йўллар орқали ҳар куни юзлаб поездлар ҳаракатланади, минглаб кишилар ўз манзилларига етиб олади. Шу боис, темир йўллар ҳудуди атрофида яшовчиларга темир йўл вокзали, бекати, разъездларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка йўл қўймаслик, йўловчи поездларининг ойналарига тош ёки турли хил жисмлар отмаслик, темир йўлларнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмаслик, темир йўл яқинида чорва молларини боқмаслик тўғрисида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, турли ҳуқуқбузарликлар бўлмаяпти, деб айтолмаймиз. Шубҳасиз, уларга қонуний чоралар кўрилмоқда. Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, ўзи ҳамда яқинларининг соғлигини сақлаш ва ўзгаларнинг соғ-саломат  юришлари учун ҳар бир фуқаро темир йўл соҳасида белгиланган тартибларга қатъий амал қилишлари лозим.

Илҳомжон АБРАЛОВ,

Транспортда ХТБ инспектори, катта лейтенант.

Жўрабек ҲАМДАМОВ,

Транспортда ХТБ ТБ суриштирувчиси, майор.