Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Иш самарадорлигини оширишда рақамлаштириш муҳим жараён !
Фаолиятни рақамлаштириш - суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини, Мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этишнинг муҳим омилидир.
Мажбурийижро бюроси ташкил этилган пайтдан бошлаб, энг асосий эътибор соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилди.
Бунинг учун, “Mib Portal” ахборот дастурий таъминоти фаолиятга жорий этилиб, 35 та ташкилотларнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинди.
Дастур орқали ижро ҳужжатларини тўғридан тўғри суд ва боқа органлардан қабул қилиш, мол-мулкини қидириш, тақиқларни қўйиш ва ечиш, томонларга хабарномалар юбориш, пул маблағларини тақсимлаш, инкассо қўйиш, мол-мулкни аукционга чиқариш ва бахолашга юбориш каби ҳаракатлар фақат электрон тарзда амалга оширилмоқда.
Натижада, 2022 йилнинг ўтган даврида Бюро иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатларининг 90 фоиздан ортиғи суд ва бошқа ваколатли органлардан электрон қабул қилинди, тизим орқали сўровлар ва жавоблар онлайн тарзда амалга оширилиб, қоғозбозлик, маблағ ва ортиқча вақт сарфланиши олди олинди.
Ахборот-коммуникация технологиялари кенг тарзда жорий этилиб, Бюро фаолиятига ошкоралик беришга қаратилмоқда, “MIB.UZ” расмий сайти ёки Android мобиль алоқа воситасидаги иловаси орқали:
- ўзларига нисбатан қарздорлик ёки қўйилган чекловлар бор ёки йўқлигини;
- қарздор ва ундирувчиларга Бюро органларига бормасдан, иш юритувдаги ижро ишлари бўйича қандай қарорлар қабул қилиш;
- тўловга қобилиятсиз шахслар ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти яратилган;
- кўплаб эътирозга сабаб бўлаётган алимент ундируви соҳасини ҳам рақамлаштиришга эътибор қаратилди, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона “E-Aliment” электрон ахборот тизими ишга туширилди.
Бундан ташқари, ижро жараёнида коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва инсон аралашувини минималлаштириш мақсадида, жорий этилган “Smart ёрдамчи” электрон платформаси орқали қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш ва уларга тақиқ қўйиш тўлиқ автоматлаштирилган, қарздорлик бартараф этилганидан сўнг, тақиқларни автомат ечиш ва бу ҳақда хабардор қилиш тизими жорий этилди.
ТАЛАБА ҚИЗЛАР МАҲАЛЛАДА ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРМОҚДА
Танлов
Андижон машинасозлик институтида "Қизлар одоби тарғиботчиси" танлови бўлиб ўтди.
Маҳалладаги уюшмаган ёшлар, айниқса, қизлар тарбияси, уларнинг маънавияти, дунёқарашини юксалтириш, фаоллигини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини кўтаришга кўмаклашиш мақсадида Андижон машинасозлик институтида "Қизлар одоби тарғиботчиси" гуруҳи тузилган.Ушбу гуруҳ аъзоси бўлган фаол ва ташаббускор талаба қизлар Андижон шаҳридаги қатор маҳаллаларга "қизлар одоби тарғиботчиси" сифатида бириктирилган бўлиб, маҳалла қизлари билан бевосита иш олиб бормоқда.
Қизлар одоби тарғиботчилари дарслардан бўш вақтларида ўзларига бириктирилган маҳалла қизлари билан одоб-аҳлоқ, кийиниш, мулоқот маданияти, китоб ўқиш, соғлом турмуш тарғиботи, касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб этиш вабошқа қатор йўналишларда турли тадбирлар, суҳбатлар ўтказиб келмоқда.
Институт Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ташаббуси билан маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, тарғиботчи қизларни қўллаб - қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган "Қизлар одобитарғиботчиси" танловида беш нафар энг фаол тарғиботчи, талаба қиз иштирок этди.
Қатнашчилар миллий кадриятларимизни улуғлаш, миллий либосларимизтарғиботига оид саҳна кўринишлари, тарғибот ишларини самарали ташкил этишга оид савол-жавоб ва белгиланган бошқа шартлар асосида билим ва ташкилотчилик маҳоратини намойиш этди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган биотиббиёт муҳандислиги йўналиши талабаси Дурдона Турсунпўлатовағолиб деб топилди.
Ғолиб ва барча иштирокчилар институт ректорати томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Ночоргина яшаймиз, укаларим хали ёш. Ўшанда дадам хаста эди. Ҳар куни мактабдан кейин дугонам Гулнор билан маҳалламиздаги ўн-ўн беш оиланинг қўйларини ҳайдаб, адирга боққани чиқамиз. Бу хизматимизга кимдир озгина пул, яна кимдир бирор егулик берар эди. Онам тирикчиликка ёрдам дерди.
Ўша куни ҳаво айниб турганди. Тушлик қилиб, қўйларни ҳайдаб қирга чиқиб кетдик.
Гулноранинг эна-бола қўйи жуда "ўйноқи" эди, кетиб қолавериб одамни ҳуноб қилиб юборарди. Ҳавонинг ҳам авзойи бузилди, кўп ўтмай ёмғир ёға бошлади. Тезроқ кеч кирсаю қўйларни эга-эгаларига топширсак, деб ўйлардим совуқдан жунжикканча.
Янги қурилишларда ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш - муҳим вазифа
"101" огоҳлантиради!
Янги қурилишларда объектнинг белгиланган лойиҳага асосан барпо этилиши, қурилиш жараёнида меъёрий-техник талабларнинг, шунингдек, техник мустаҳкамлиги, биноларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бажарилиши ҳамда фавқулодда ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир.
Иншоот битганидан сўнг, давлат қабул қилиш комиссиялари томонидан қабул қилиб олинаётганда, ана шу ва бошқа бир қатор талабларнинг бажарилганлигига алоҳида эътибор қаратилиши керак.
Айниқса, ўқув юртлари, инсонлар тунаб қоладиган масканларда электр таъминоти ва газлаштириш билан боғлиқ ишлар белгиланган лойиҳавий талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда бажарилиши, мутасадди ташкилотлар томонидан қабул қилишда меъёрий талабларнинг бузилмаганлиги, ёнғин ўчириш жанговар машиналари учун ҳаракатланиш йўлакларининг мавжудлиги, ички ёнғин ўчириш сув манбаларининг мавжудлиги, сув сиғимларининг кўрсаткичлар билан белгиланганлиги, шунингдек, захира сув билан тўлиқ таъминланганлиги,объектларнинг ёғоч конструкцияларига кимёвий усул билан ишлов берилганлиги эътиборга олинади. Агар, лойиҳада кўрсатилган бўлса, янги иншоотни ёнғиндан хабар берувчи қурилма ва мосламалар билан жиҳозлаш ҳам тавсия этилади.
Юқорида қайд этилган талабларнинг бирортаси бажарилмаса, иншоот ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига мувофиқ шароитлар билантаъминланмаса, топширилган объектларда фавқулоддапортлаш ёки ёнғин ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу каби нохуш ҳолатлар юзага келмаслиги учун лойиҳада кўрсатилган ишлар белгиланган меъёрлар асосида бажарилиши лозим.
Абдусамад РАҲМОНОВ,
Андижон тумани ФВБ норматив-техник бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант.
Хонободда шаҳар ташкил этилганлигининг 50 йиллиги ҳамда улуғ санъаткор, Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган санъат ва маданият фестивали бўлиб ўтди.
қизиқарли ва тадбирларга бой ўтган фестиваль нафақат хонободликлар, балки вилоятнинг барча ҳудудларидан, қўшни вилоятлар ҳамда қирғизистон Республикасидан келган меҳмонларга кўтаринкилик ва ҳушкайфият улашди.
Фестиваль доирасида "Хонобод" сиҳатгоҳида ўқувчилари, маҳалла ёшлари ўртасида мини футбол, "Workout", оғир атлетика, тош кўтариш ва шахмат бўйича мусобақалар ўтказилди.
Бадиий ҳаваскорлик жамоалар томонидан намойиш этилган дастурлар, ҳарбийлар, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари фестивалга янада файз киритди.
Шаҳардаги "Афсона" дам олиш масканида Ўзбекистон Халқ артисти, кулгу дарғаси Сойиб Хўжаев хотирасига бағишлаб аскиячи ва қизиқчилар танлови ўтказилди.
Моҳир пазандалар ўртасида ўтказилган "Ош" кўрик-танлови, миллий ва замонавий либослар тарғиботига бағишланган кўргазмалар халқимизнинг миллий таомлари, либослари, қадрият ва анъаналари умрбоқийлигининг намойиши бўлди.
Фестиваль тадбирлари шаҳар марказидаги Шохсупа майдонида юртимизнинг таниқли эстрада юлдузлари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.
Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат қуръон нозил қилинган ойдир", - деб марҳамат қилган (Бақара сураси).
Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, қадр кечасида Лавхул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.
Демак, муборак қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида қуръон оятлари нозил қилинган кеча - қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган («Қадр» сураси, 1-, 5- оятлар).
Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27- кечаси эканимаълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!"-дедилар".
Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар", - дедилар. Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. "Лайлат-ул қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.
1. Лайлат-ул қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.
2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.
Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, жамики гуноҳлари мағфират қилинур,"-деб баён қилганлар. Демак, барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур.
Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) агар қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин", дедилар.
Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойида ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб - билмасдан қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин.
"Саховат ва кўмак" жамғармаси: 1,5 мингдан ортиқ фуқарога кўмак берилди
Саховат - олий қадрият
"Маҳалла" ҳайрия жамоат фондининг Андижон вилояти бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 513 та эҳтиёжманд, камтаъминланган оила вакилларига 3 миллиард 414 миллион 813 минг сўм миқдоридаги ёрдамлар кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда эҳтиёжманд, камтаъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитларда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда "Саховат ва кўмак" жамғармаси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзгаларга меҳр-саҳоват кўрсатиш, муҳтожларга кўмак бериш халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган ўлмас қадриятларидан биридир. Бугунги кунга келиб, ана шу қадрият юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога ёрдам кўрсатилганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Вилоятимизда жамғарма томонидан эҳтиёжманд ва "Темир дафтарга" киритилган 1 минг 129 та оилага, "Аёллар дафтари"га киритилган 89 нафар хотин-қизга 1 миллиард 749 миллион 322 минг сўм моддий ёрдамлар берилди. Бундан ташқари, 280 та эҳтиёжманд ва 23 нафар "Темир дафтарга"га киритилган оилага, 23 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизга 226 миллион 99 минг сўм миқдордаги кундалик истеъмол товарлари тарқатилди.
Ёнғин туфайли Андижон шаҳри, Мустақиллик маҳалласи, А.Ҳайдаров кўчасидаги 66-уйда яшовчи Владимир Ушаковнинг уйи анча зарар кўрган эди. Қийин шароитга тушиб қолган ана шу юртдошимизга уйини таъмирлаш учун "Саҳоват ва кўмак" жамғармаси орқали 15 миллион сўм моддий ёрдам ажратилди. Аҳолига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Шунингдек, эҳтиёжманд, "Темир дафтар"га киритилган 367 та оила ва "Аёллар дафтари"га киритилган 197 нафар хотин-қизга 1 миллиард 183 милиллион 953 минг сўмлик дори-дармон, тиббий воситалар ҳамда саломатликларини тиклаш учун моддий ёрдамлар кўрсатилди.
"Аёллар дафари"га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 72 миллион 111 минг сўм сарфланган бўлса, "Темир дафтар"га киритилган ҳамда эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш учун 61 миллион сўмлик парранда тарқатилди.
Юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Вилоятимизда "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан юқоридаги каби хайрли ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Баҳтиёржон ТУРСУНОВ,
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими бошқаруви раиси.
Миллий қадриятларни улуғлаган халк асло кам бўлмайди
Андижон шаҳрида "Қадриятларимиз - бебаҳо бойлигимиз" шиори остида "Нафосат ва гўзаллик тимсоли ўзингсан, аёл!" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан оилани, миллий қадрият ва анъаналаримизни улуғлаш, кекса авлод вакилларининг оила, оилавий ҳаёт билан боғлиқ бой ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, опа-сингилларимиз, айниқса, қизларимизнинг кийиниш маданияти, маънавиятини, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини янада юксалтириш, уларни ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, фаол аёллар, кекса онахонлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан тасдиқланган Миллий дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Андижон шаҳрида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Улуғжонова. - Шаҳримиздаги Ғайрат маҳалласида ташкил этилган тадбирда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиш, оилани мустаҳкамлаш, аёлни, онани улуғлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳунар ўрганиш, бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилди. Мулоқотлар жараёнида нуроний онахонлар оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясида миллий қадрият ваанъаналаримизнинг ўрни, роли ва аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар, насиҳатлар асосида кенг тушунчалар беришди. Миллий қадриятларини улуғлаган, асраб-авайлаган халқ, юрт асло кам бўлмаслигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқорибосқичга кўтариш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида ҳунарманд опа-сингилларимиз томонидан тайёрланган ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий ва замонавий либослар кўргазмалари намойиш этилди.
АЁЛНИНГ ҚАДРИ БАЛАНД БЎЛГАН ЖАМИЯТНИНГ КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚДИР
Мутахассис мулоҳазаси
Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенглиги, яъни хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, опа-сингилларимизнинг, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада президентимиз, ҳукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланмоқда.
Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун гендер тенглиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, кейинги бир неча йил ичида соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ҳўш, гендер тенглиги ўзи нима, бу тушунча нимани англатади? У қиз-аёлларга нима беради?
"Гендер" тушунчасининг луғавий маъноси лотинча "genus", яъни "жинс" маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер - бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини белгилашга қаратилган. Бу - аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқий мақоми ва уни амалга ошириш учун тенг имкониятлардан, жинсидан қатъи назар, шахсларга жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларида ўз қобилиятларидан эркин фойдаланиш имконини беради.
Гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади. Демак, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради.
Кишилик жамияти тарихида эркак ва аёллар тенглиги ғоясини Юнон олимиАнтифонт ўз асарларида илгари сурган: "Табиат барчани: аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тенг қилиб яратади, лекин одамлар инсонларни тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ишлаб чиқишади", деб таъкидлаган. Шарқ қомусий олимлардан Абу Наср Фаробий "Фозил одамлар шаҳри" асарида тенглик ҳукм сурган давлатни фозилликка интилган давлат сифатида қайд этган бўлса, 1791 йилда Олимпия Де Гуж томонидан тайёрланган фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларациясида илк бор аёлларнинг эркин фикрлаш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга эканлигиэътироф этилган.
Гендер тенглигининг ҳуқуқий ривожига эътибор берадиган бўлсак, энг аввало, гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари халқаро ва миллий қонунчиликнитарихий-назарий ва ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил этиш жоиз. Албатта, 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган бўлиб, Декларациянинг 1-моддасида "Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак", дея таъриф берилган.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5- мақсад - "Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш"дир. Бу ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, жамоат ташкилотлари масъуллиги қайд этилган.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева кўплаб йиғилишларда, айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ масаласига тўхталиб, сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлиги, реабилитация марказлари, ишонч телефонлари ташкил этилиб, зўравонлик қурбонларига ҳимоя ордерлари бериш йўлга қўйилганлиги ва бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджига ҳам ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Ўзбекистонда 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган. 2021 йилда эса 39 мингга яқин хотин-қизларга оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик бўлаётгани ҳақида профилактика инспекторларига мурожаатлар келиб тушган. Бундай ноҳуш ҳолатлар шубҳасиз, барчани жиддий ташвишга солади. Қолаверса, зўравонлик ватазйиқ билан боғлиқ бундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, зиёлилар, мутасаддилар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Гендер тенглиги масаласи оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, жамиятдамаънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳам таъсир кўрсатувчи омиллардан бири саналади.Муҳтарама аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни, роли ва мавқеини кўтариш шубҳасиз, ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини янада оширади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат "Оқила аёллар" ҳаракатини ташкил этиш таклифини илгари суриб, ушбу ҳаракат "маҳалланинг виждони"га айланиши кераклигини,маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз, опа-сингилларимизсиз қуриб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Миллий метрология институти давлат муассасаси Андижон филиали томонидан ҳам соҳада фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамоадаги аёлларнинг меҳнатлари юксак қадрланмоқда. Айниқса, меҳнат фаолияти билан бирга, илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган ҳамкасб опа-сингилларимизга муассасамиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Меҳнатлари, илмий ишлари муносиб қадрланиб, улар раҳбарият тиомонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Ана шу эътибор, опа-сингилларимизни янада фаол бўлишга, сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда.
Мухтасар айтганда, аёл - оиланинг, жамиятнинг ишончи, таянчидир. Маърифатли аёллар, оналар қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, энг аввало,ўз оиласини мустаҳкамлашга, фарзандларини эл-юрт ишига камарбаста бўладиган, комил инсон қилиб, қолаверса, Ватанимизга, миллий анъана ва қадриятларимизга, истиқлол ғояларига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга интилади. Ана шу жараёнда аёлнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси қанчалик мустаҳкам, жамиятдаги ўрни, роли ва қадри нечоғлик юксак бўлса, у бажарадиган ишлар янада залворли бўлади.
Гавҳарой ШЕРТОЙЛОҚОВА,
Ўзбекистон Миллий метрология институти давлат муассасаси