+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ - МУҲИМ МАСАЛА!

Жараён

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳамда аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотлардан фойдаланишни маълум даражада чекламокда.

Маълумки, жорий йил 16 мартда Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон  аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги маълумот, узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий - иқтисодий ривожланиш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли   бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланиши қайд этилган.

Қонунда БМТнинг 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюциясига таяниб, Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш ўтказилиши  ҳам белгиланган.

Ана шундан, қолаверса,   халқаро нормаларда белгиланган тартибдан келиб чиқиб, қабул қилинган қонун ҳужжатида мамлакатимиз аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити,   бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш бўйича вазифалар белгиланган.

 

Андижон шаҳар статистика бўлими

ДИЙДОР

қатра

Йўл юриб чарчаган оёқларинг охири мен томонга сени судраб келади. Дарддан тўлиб кетган юрагингни тўкмоқчи бўласан-y, лаб тишлайсан. Толиққан кўзларинг кипригим соясига-да суяниб қолади.

Осмон тинч, замин тинч, аммо юракда вулқонлар отилмоқчидек. Сен ва мен жиммиз, фақат сукунат тили осилгунича гапиради. Бир сўзингга илхақ бўлиб, кўзларингдан меҳр ўтинаман. Сўзламоқчи бўлганимда эса, кўрсаткич  бармоғингни лабларингга тираб "тисс" дейсан.

Бир садо чиқмагач, ортимга қайриламан. Қўлимдаги рўмолчамдан тортиб, қол, дейсан, айбдорларча... Илтижоли боқиб турган кўзларингга қараб, кулиб қўяман.

 

МЕҲРИНИГОР

ИККИ ЙЎЛ

қатра

Инсонлар ҳамиша икки хил тоифага бўлинади: ақлли ва ақлсиз, яхши ва ёмон. Улар турли вазиятларда турли қиёфаларга кира оладилар. Ақлли кишиларнинг шижоати, заковати сабаб, уларга ҳавас қиласан киши. Ақлсизлар эса бунинг акси. Лекин бундан ранжимаслик керак. Ахир улардан ҳам ниманидир ўрганиш мумкин. Масалан, одобсиздан одобни, манмандан камтарликни ўрганиш ёлғондан ҳақиқатни ажрата олишингга ёрдам беради.

Ҳаётда шундай инсонлар ҳам борки, уларнинг қилган эзгу амаллари ила "яхшиям, яхшилар бор дунёда" деб юборасан беихтиёр. Улар қилган яхшиликларини ошкор этишмайди. Мана шу камтарлиги учун улар    бахтга, омадга эришадилар. Ичи қоралар эса бундан мустасно. Афсуски, оқ рангни қора деб атовчилар эса яхшилик, эзгулик тушунчаларидан йироқдирлар. Шунинг учун ҳам турли муаммолар ва тахликалар гирдобида яшайдилар.

Меҳр ва қаҳр, яхшилик ва разолат, адолат ва шафқатсизлик ирода ва сабрсизлик. Булар ҳаётнинг негизларидир, булар икки хил йўллар. Манзили ҳам ўзига яраша. Қайси йўлдан юриш ва қайси қисматни танлаш эса кўп жиҳатдан фақат ўзимизга, ақлу фаросатимизга боғлиқ.

Бу танловда яхшилардан ибрат олсак, албатта, эзгу мақсадларимизга эриша оламиз.

 

Нозима FОФУРЖОНОВА

ҚАЛАМПИРМУНЧОҚ

Ҳикоя

 

- Эна, бу нима?

- Қалампирмунчоқ.

- Уни нимага кўйлагингизга осиб олдингиз? Ахир қалампир аччиқ-ку.

- Номида фақат аччиқ эмас, митти ва нафис нарсанинг ҳам номи бор, болам.

- Уни нимага тақасиз?

- Билмасам...

- Нимага билмайсиз? Ўзингиз айтасиз-ку, эналар ҳамма нарсани билади, ақлли бўлади деб. Ёки сизнинг ҳам эсингиз учиб кетдими?

- Билмасам, болам...

- Бошқа эналар ҳам тақадими?

- Йўқ. Балким тақар...

- Нимага сиз тақасиз унда?

- Унинг ширин иси бор.

 Секин кўйлагингизни ҳидлаб кўраман.

-      Райҳонлар, гулларнинг иси ширинмасми?

Индамайсиз. Кўрпани қавийсиз, катта-катта қавийсиз. Игнани ўтказа олмай, қайта-қайта "уҳ" тортасиз. Қўлингиздан олиб ўзим бу ишни чангдан чиққан қаҳрамонга ўхшаб уддалайман. Қўшиқ айтасиз:

Игнадан ип ўтмаса,

кўз нечун даркор экан,

Маъноси тош тешмаса,

сўз нечун даркор экан...

Эътибор қилмайман. Ёнингизда айланиб юраман. Чарчаб кетасизми, ухламоқчи бўламиз. "Қайтар" дейсиз, қайтараман:

Ётдим тинч,

Ёстиғим кипринч.

Тилаганим иймон,

Ўқиганим Қуръон...

Қачон ухладим, билмайман. Аммо, энтикиб-энтикиб олаётган нафасингизни сезаман.

- Эна, - дейман.

-  Нима дейсан?

- Сизга нима бўлди? Ухламаяпсизми?

- Уйқум қочиб кетди.

- Қаерга?

- Юрагимга...

-Уйқу юракка қочиб кетса, шундай нафас оладими?

- Йўқ.

- Унда нимага?

- Юрагимнинг тешиги бор.

Ўрнимдан сапчиб тураман:

-      Вой, унда  қандай яшайди? Ўзингиз "юраги бутунлар қўрқмас бўлади" дейсиз-ку...

Яна индамайсиз. Энди ухлаб қолди, дейман. Ўзимча ўйлайман: балки, ўша юрагингизни тешигидан ҳаво кирар, шунга уйқуларингиз кетиб қолар...

 Тонгга яқин сизни туртаман:

- Эна, дадамга айтайлик.

- Нимани? - дейсиз сергакланиб.

- Юрагингизни-да. Балки дадам ёпиб қўяр. Ахир у яхши шифокор бўлса...

- Сенга ҳалақит беряпманми? Мен билан ётма унда! - деб аразлаб оласиз.

 

Ўйнанг қизлар, ўйнанг, кўргони келдик,

Сизлар билан даврон сургони келдик...

 

Шифтга узоқ термуламан:      -нақшинкор, кошинли. Аммо, унинг бу кўрки кўнглимни ёшлигимга илинтиради. Авваллари шу шифтдан чакка ўтарди. Сиз югуриб тоғорами, бувингиздан қолган идишми, қўйиб қўярдингиз. Бағрингизга интилиб ўша сув томчилаган оқшомларда қучоғингизда ётардим. Сиз отангиз ҳақидаги ҳикояларни қайта-қайта айтишдан тўхтамасдингиз. Ухлардим: гоҳи тўйиб, гоҳи тўймай. Тушларимга узун тўн кийган ўн-ўн беш ёшли қиз ва унга суяниб турган касалманд ота кирарди. Биламан, у сиз эдингиз. Ер-айлана, кўзлар-айлана...Лекин кўнгилнинг шаклини ҳеч билиб бўлмас экан.

Тўсатдан туш деб ўйлаганларимнинг бирида сизни йўқотиб қўйдим. Бошимни деворга урдим. Онам: "ойнага кўп қарама, бахтингни ўғирлайди" дерди. Балки, ҳаддан ташқари ошириб юборгандирман. Мени кечиринг, Эна. Мени илҳақ бўлиб кутган лаҳзаларингиздек беғубор бўлолмадим. Менга атаб яшириб қўйган, рўмолчага тугилган ширинликларингизга етадиган ширинсўз бўлолмадим. Тақдир чархпалагини узоқ айлантирди. Мени ўзга юртларга отди. Ўша ерларда толе изладим. Аммо, сиз танитган қишлоқни унутолмадим. "Одамлар бунча ёмон бўлмаса" дея, ўзим худбинлашиб боравердим. Ўзимни ҳақ дедим. "Дунёнинг учинчи бурчагида яшайман, мени тилимни қушлар ҳам билмайди" дедим. Адашибман. Сув ёқалаб чопганимда тўхтатиб қолган, қошимни ўсмадан қорайтирган, онам алла айтмаса кечаси билан кўтариб, овутиб чиққан қўллар ҳаққи адашибман...

Айтганингизни қилмаган укамларга "ўлсам, теппалаб-теппалаб мозорга қўйиб келасиз" дердингиз. Рост экан, укам сизни тупроққа қўйди-ю, ўзини йўқотди. На уйдан, на кўчадан, на сиз севган анҳор ёқасидан ўзини топди. Йиғиси қўшиққа айланди. Унинг фарёдини ҳеч ким кўтара олмади. Тоғлар чўккан, қуёш қаергадир беркинган тунда ҳовлимиздан овозингиз келмади.

Дийдорнинг рангини топиш қийин. Балким, суратини чизса бўлар. Қаердадир сизга ўхшаган эналар бордир. Лекин, улардан қалампирмунчоқнинг иси келармикан?..

Ирода БАХТИЁРЖОН қизи

Пойабзални қандай сақлаш керак?

Тавсия

Ёғин-сочинли кунлар бошланиши билан пойабзалнинг "хизмати" икки баробарга ошади. Унинг чидамлилигини ошириш, чиройли кўринишини сақлаш учун эса қуйидаги тавсияларга амал қилинса, фойдадан холи бўлмайди...

 

ЧАРМ ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Пойабзал жудаям ифлос бўлиб кетган ҳолда тозаловчи восита, масалан, идиш ювишда ишлатиладиган воситани сувга аралаштириб, кейин пойабзалингизни тозаланг. Ёғинли кунларда пойабзални яхшилаб кремланг. Кремнинг таркибида мум асосий ўринни эгаллаши лозим. У чармни юмшатади, осон сингийди ва сувни ўтказмайди.

Ҳафтада бир марта пойабзалингизга махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг.

 

ЧАРМ ЎРНИНИ БОСУВЧИ АШЁДАН ТАЙЁРЛАНГАН ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар ёғин-сочинли кун бўлса, кремланг, лекин чарм пойабзаллар учун мўлжалланган кремдан фойдаланманг. Чунки унинг таркибидаги мум пойабзалингизга сингиш ўрнига юпқа қатлам ҳосил қилади ва лойни ўзига тортади. Бундай пойабзаллар махсус крем билан кремланади.

 

ЛОКЛАНГАН ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар лой ёпишган бўлса, уни спирт билан тозаланг: спирт локни емирмайди.

Ҳафтада бир марта таркибида мум бўлмаган крем билан кремланг. Крем таркибида ланолин ёки глицерин бўлиши лозим. Улар локланган юзани ёрилишлардан асровчи юпқа қатлам ҳосил қилишади ва пойабзални ялтиратади.

 

ЗАМШ ПОЙАБЗАЛЛАР

Қора ва жигарранг пойабзалларни нам латта билан артиш, бошқа ранглиларини эса кимёвий тозалашга бериш тавсия этилади. Бундай пойабзалларни махсус чўтка билан тозалаш керак.

Ҳафтада бир махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг. Агар ҳар куни ёмғир ёғадиган бўлса, бу ишни ҳафтада бир неча марта такрорланг.

 

ПОЙАБЗАЛНИНГ УЧ "ДУШМАНИ"

Болалар креми

Кўпчилик болалар креми пойабзал учун энг яхши ҳимоя деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: у пойабзални юпқа мойли қатлам билан қоплаб олади ҳамда чанг ва лойни ўзига тортади. Бундан ташқари, болалар кремидан фойдаланилганда, чарм жудаям ёғлилашиб кетади.

Иситиш батареяси

Пойабзални асло иситиш батареяси устида ёки ёнида қуритиб бўлмайди. Чарм тортилиб, пойабзал кичрайиб қолиши мумкин. Пойабзални қуритиш учун унинг ичига газета тиқинг, сўнгра батареядан 30 сантиметр узоқликка қўйинг.

Махсус чўтка (губка)

Доимий равишда губкадан фойдаланиш мумкин эмас. Унинг таркибидаги силикон пойабзални тез емирилишига олиб келади.

Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилсангиз, пойабзалингиз сизга кўпроқ хизмат қилиши шубҳасиз.

 

 

ДИЛШОДБЕК тайёрлади.

ХАЗОНЛАРНИ ЁҚМАЙЛИК!

долзарб мавзу

Инсон она табиатнинг ажралмас бўлаги саналади. Шу боис ҳам кишилар саломатлигини сақлаш, уларни турли юқумли касалликлардан муҳофаза этиш кўп жиҳатдан табиатни мусаффо сақлаш, теварак-атрофни ифлослантирмасликка боғлиқ.

Аммо айрим кишиларнинг куз фаслида тўпланган хазонларни ёқиб юбораётганликлари она табиатимиз мусаффолигига жиддий зарар етказади. Бу ҳолат атмосфера ҳавосининг турли зарарли моддалар билан ифлосланишига сабаб бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, бир тонна хазон барги ёқилганида атмосферага 30 кг. углерод оксиди тарқалар, бу эса инсонларнинг сил ва саратон касалликларига чалинишларига асосий омил бўлар экан. Хазонларни ёқаётган инсонлар қилаётган ишлари нотўғри эканлигини англаб, аввало, ўзларини, қолаверса, ён-атрофдагиларни касалланишига сабаб бўладиган бундай ҳолатга йўл қўймасликлари лозим.

Ота-боболаримизнинг айтишларича, ўзбек халқи ҳеч қачон хазонларни ёқиб юбормаган. Авваллари ҳар бир ўзбек хонадони ҳовлисида хандақлар бўлган. Дарахтларнинг тўкилган барглари ва бошқа чиқиндилар шу ерда чиритилиб, кейинги йили томорқаларга минерал ўғит сифатида солиб фойдаланилган. Минг афсуски, ҳозир хонадонларимизда ана шундай хандақлар йўқ. Айрим одамлар хазон ва чиқиндиларини ёқиб юборишни маъқул кўришмоқда.

Хазонларни ёқиб юборилишига айниқса, биз ёшлар бефарқ қарамаслигимиз лозим. Азиз тенгдошлар, мусаффо ҳаётимиз гарови бўлган тоза ҳаво булғанишининг олдини олишга ҳаракат қилайлик.

 

Мафтунахон ИБАЙДУЛЛАЕВА,

 

Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Шоирлик қисматдир...

Бизнинг суҳбат

Мунаввара Усмонова - қалби ёруғ шоира. У борлиққа тийрак нигоҳ билан боқади. Воқеликдан шеърий фалсафа ахтаради. Ватан ва халқнинг бунёдкорлик қудратини, нурафшон келажагини ғурур-ифтихорга тўлиб куйлайди. Муҳаббатнинг хушнуд дамлари-ю ҳижрон аламларини юрак-юракдан тараннум этади. Ўз бахтини фарзандлар бахти билан пайваста кўради. Ота-онага юксак эҳтиром, уларнинг айрилиғидан интиҳосиз андуҳ оҳангларида ҳам такдир зарбаларига тоқат, азалий қонунларга итоат, ҳаётга бўлган оташин муҳаббат барқ уриб туради. Шоиранинг сермазмун тўртликларида ҳам фикр ва эҳтирос уйғунлашиб кетган. Хуллас, шоира адабиётда ўз овози, ўз оҳангига эга ижодкордир.

Шеър, шеърият, она тилимиз ҳамда шоиранинг орзу ва армонлари хусусидаги ушбу суҳбат орқали Мунаввара опанинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишишга ҳаракат қилдик.

- Мунаввара опа, Сизнингча ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?

- Ижодкор жамиятда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиши керак. Инсон ўзи қандай шаклланса, жамиятда, жамоатчилик ўртасида ҳам шунга яраша ўрин тутади. У ўзини ким деб ўйласа, қандай қадам ташласа ва қандай хислатга эга бўлса, ана шу жиҳатларга мос ўрин топади. 

Умуман, ижодкор жамиятда алоҳида ўрин тутиши керак. Нафақат, ижодда, балки фаолияти, атрофдагилар билан муомала-муносабатида ҳам самимий ва яхшиликларга ёр бўлиши лозим. Ижодкор кўпчилик пайқамаган жиҳатларни, жараёнларни кўра олиши, энг муҳими ҳар бир масала юзасидан ўзининг фикри, қараши бўлгани яхши. Шундагина у ижодкор, жамиятнинг илғор вакили сифатида ўз ўрнига эга бўлади.

 

- Илк шеърингизни неча ёшда ва нима ҳақда ёзгансиз? 

- Менинг илк шеърим "Ўрик гули" деб номланган. Адашмасам, 5-синфда ўқиётганимда ёзганман. Албатта, ўша шеърни камчиликларсиз, зўр шеър деб бўлмайди. Лекин, ижодимнинг илк намунаси сифатида ўша шеър мен учун жуда қадрли. Шеър Марҳамат тумани "Оқ олтин" газетасида эълон қилинган. Шеърим чиққан газета то турмушга чиққунимга қадар ёстиғим тагида турган.

 Марҳамат туманидаги 10-умумтаълим мактабида ўқиганман. Ўшанда қайси ўқувчининг шеъри ёки мақоласи газетада чиқса, кутубхона ойнасига ёпиштириб қўйиларди.

Биринчи шеърим эълон қилинганидан руҳланиб, тез-тез мақола ва янги шеърлар ёзиб, таҳририятга тақдим этиб турардим. Менинг ҳам чоп этилган шеърларим, кичик-кичик хабарларим шу ойнадан кўп бор жой олган. Шу боис, устозларимнинг менга нисбатан меҳри, ҳурмати ўзгача эди.

 

- Шеърият, адабиётга бўлган қизиқиш, истеъдод кимдан ўтган? Оилангизда шоирлар бўлганми?

- Уруғ-авлодимизда шоирлар йўқ. Балким, шажарамиз вакиллари-аждодларимда бўлгандир, аммо мен билганларим орасида йўқ. Дадам раҳматли оддий ҳайдовчи бўлса-да, адабиётга ошуфта инсон эди. Уйимиз тўла газета ва журналлар бўларди. Маҳалламизга ҳам кўп газета-журналлар бизникидан тарқаларди. Қайси газета ўқишли бўлса, дадам раҳматли албатта, обуна бўларди. Дадамдаги иштиёқ, маънавиятли бўлишга интилиш, ўқиш, уқишга бўлган чанқоқлик оиламизнинг ҳар бир аъзосида   шаклланган.

Ўша дамларни хотирлаб туриб, баъзан ўйлаб қоламан. У пайтлардаги турмуш даражаси билан ҳозирги инсонларнинг турмуш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Биз оилада 12 фарзанд эдик. Лекин, шундай бўлса-да, дадам рўзғордан ошиниб, газета-журналларга обуна бўлар,            китоблар олиб берарди. Ҳозир-чи? Оилаларда кўпи билан 2 ёки 3 та фарзанд. Ўсмир ёшдаги фарзандига замонавий русумдаги телефонни олиб беришга қурби етган ота-она китоб олиб беролмайдими? Ёки ҳеч бўлмаса, лоақал битта газетага обуна қилиб қўёлмайдими?

"Қуш уясида кўрганини қилади", дейди доно халқимиз. Маданият, маънавият, юксак инсоний фазилатларнинг барчаси болага ота-она тарбиясидан, оиладан синггади. Маслаҳатим - китоб ўқиш керак. Ўқигандаям танлаб, уқиб ўқиш керак. Инсоннинг сотмайдиган дўст, тарк этмайдиган қадрдони бу             китобдир. Умуман, қўлига қалам олиб, адабиёт майдонига қараб одимлаётган ёшларга ҳурматим баланд.

 

- Шоирликка қандай таъриф берасиз?

- Шоирлик - унвон ёки мартаба эмас, шоирлик қисматдир. Шеър эса кўнгил мулкидир. Истеъдод  - Яратган томонидан бериладиган неъмат. Бу истеъдодни юзага чиқариш учун тинимсиз меҳнат, қунт, сабот ва ирода керак. Ҳеч қандай орзу ўз-ўзидан амалга ошмайди. Шундай экан, ҳамиша интилиш ва изланишда бўлиш, меҳнат қилиш, Тангри инъом этган буюк неъматнинг қадрига етиб яшаш лозим.

 

- Тилимизга давлат тили мақоми берилганига ҳам 30 йилдан ошди. Сизнингча, бу давр мобайнида ўзбек тили равнақ топдими? Унга бўлган эътибор ва ғамхўрлик қай даражада?

- Яхши эслайман, 19 ёшимда бир танловда лауреат бўлиб Москвага борганман. Минбарга чиқиб гапириб, охирида   хурсандлигимдан ўзбек тилида миннатдорчилик билдирганман. Уйга қайтганимиздан сўнг, ўзбек тилида гапирганим учун анча сўроқ-саволларга жавоб беришга тўғри келган. Айниқса, ота-онам анча азият чекканди ўшанда. Шукрки, у кунлар ўтиб кетди. Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони бунёд этилди. Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди.

Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун зарур барча шароитлар яратилмоқда.

 

- Орзу ва армонларингиз...

- Ҳаётда нимаики орзу қилсам, Оллоҳ беряпти. Анча йиллар кўп қаватли уйда истиқомат қилдик. Гуллар ўстиришни ҳавас қилардим. Турмуш ўртоғим билан биргаликда йиғиб-териб, ваниҳоят ҳовли сотиб олдик. Хонадонимизда ҳам мўъжаз гулхонам бор, ишхонам токчалари ҳам тўла гул. Ўзим парвариш қилиб ўстираман. Шукр, қилган барча орзу-умидларим рўёбини кўряпман.  

Ҳаёт фақат шодлик, байрамлардан иборат эмас. Яқинда бошимдан бир синов ўтди, аммо, буни ҳам ёмон кун деб айтолмайман. Ҳаққим йўқ. Ерни босиб юрганимга, тунда кўз юмиб, тонгда уйғонганимга шукр қиламан. Ахир, дунёга келиб орзу-ҳавас кўрмай кетганлар қанча. Ўғил-қизларим, қолаверса, озми-кўп ижодим бор. Устозларимиз Зулфияхоним, Ойдин Хожиевалар фаолият юритган онахон журнал "Саодат" журналининг раҳбариман. Шу кунларда Бобурий маликалар ҳақидаги бир достон устида ишлаяпман. Андижон фарзанди сифатида мен ўзимни бунга қарздорман, деб биламан. Насиб қилса, яқин кунлар ичида тугаллаш ниятидаман.

Олам асли ўтгувчи йўлак,

Кимдир келиб, кимдир тарк этар.

Кимда армон, кимдадир тилак,

Шоҳ ҳам ўтар, гадо ҳам ўтар.

 

Қисмат экан, ўйланиб, толдим,

Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Борингизда юрдим ғам емай,

Ўйламасдим яхши ёмонни.

Ўстирдингиз, бизни сен демай,

Ким ўйлайди, мен  бағри қонни.

Донишмандга айланиб қолдим,

Она, сизсиз қийналиб қолдим.

      

Мен суҳбатни шоиранинг мазкур шеъри билан тугалламоқчи эдим. Шунда Мунаввара опа яқинда орамизни тарк этган, шеърнинг мухлислар орасида кенг қулоч ёйишига сабабчи бўлган моҳир сухандон ва хонанда Шуҳрат Қаюмовни хотирлаб ўтишимизни илтимос қилдилар. Мазкур шеър ҳеч қаерда эълон қилинмаган, Шуҳрат Қаюмовнинг илтимосига биноан ёзилиб, чиройли қўшиқ бўлган экан. Концерт дастурида ҳам айнан шу қўшиқ энг кўп олқиш олганди!

- Бу йил жуда кўп йўқотишларни бошдан кечирдик. Ўтган яқинларимиз, биродарларимизни Оллоҳ раҳматига олсин. Ҳеч бир хонадонда бевақт ўлим, бехаловатлик бўлмасин, - дейди шоира.

Шу ўринда ўзбек адабиётида ўз ўрни, ўз овозига эга,  халқимизнинг суюкли ижодкорларидан бири, қолаверса, опа-сингилларимиз ҳаёти, ибратли фаолияти ва ижодини кенг тарғиб этиш, қувонч-ташвишларини ёритиш ҳамда эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган Мунаввара Усмонованинг ишларида, ижодида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

Аббосбек ҲАБИБУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

"Ёзди-ёзди"лар мактабда таълим-тарбия самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда

Мулоҳаза

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда таълим-тарбия ривожига, ёшларни билимли, зукко қилиб тарбиялаш, айниқса, ўқитувчи мақомини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги биз педагогларни беҳад қувонтиради.

Телевидение орқали Президентимиз раҳбарлигида 30 октябрь куни мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши тафсилотлари ҳақидаги кўрсатувни кўриб, очиғи жуда хурсанд бўлдим. Президентимиз йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётганини қайд этиб, мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқлигини алоҳида таъкидлади.

Юртбошимиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, шу билан бирга, ўқитишда илғор, замонавий ва инновацион услублардан кенг фойдаланиш, ўқитувчиларнинг касбий билим ва малакасини ошириш, масъулиятини кучайтириш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берди. Бу вазифаларни адо этиш ҳар бир ўқитувчи, айниқса таълим тизими раҳбарлари зиммасига улкан масъулият юклайди.

Президентимиз бошчилигида тизимда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир     пайтда айрим ўқитувчиларнинг ўз қобиғи атрофидан чиқа олмаётганлиги, масъулиятни ҳис этмасдан эскича услубда ишлаш учун тиш-тирноғи билан уринишлари мени ҳайратга солади. Бу гапни бежизга айтмадим.

Мен фаолият юритаётган мактабга ёш, лекин ташаббускор педагог Зебохон Худойбердиева раҳбар этиб тайинланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. У иш жараёнида талабчан, қаттиққўл ва тартиб-интизомга қатъий риоя қилувчи раҳбар сифатида ўзини кўрсатди. Энг асосийси, раҳбаримиз бугунги кун талабини ҳис этган ҳолда ишламоқда. Ишда янгиликлар яратишдан чарчамайдиган бу аёл нафақат ўзи, балки бутун жамоани фидоий бўлиб ишлашга ундамоқда. Ёш бўлишига қарамасдан, ҳар бир ишни ақл ва мулоҳаза билан бажаришга, бутун жамоа билан келишиб, аҳил бўлиб ишлашга интилмоқда. Қисқа давр ичида ўқувчиларни янада пухта билим олиши учун мактабда кўп ўзгаришлар  қила олди. Бошланғич синфлар учун замонавий ўқув хоналари  ташкил  қилди. Ана шу ишларда ўзини, кучини аямади. Буни бутун жамоа кўриб турибди.

Ўқитувчилардан янгиликлар яратиш, ўз устида ишлаш, самарали натижага эришишни талаб қилиш билан бирга, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, зарур шарт-шароитлар яратиб бериши ҳам унинг раҳбарлик салоҳиятини кўрсатади.

Айтганларим албатта, менинг шахсий фикрларим, менимча мактаб жамоасининг аксарияти мана шу фикрларимга қўшилади. Чунки, раҳбар кучини, ақлини сарфламаса, ташаббускор, интилувчан ва талабчан бўлмаса, ўсишга, ижобий натижага эришиб бўлмаслиги кундай равшан.

Минг афсуски, қаттиққўл, талабчан, ишларни вақтида бажариш, масъулият билан ишлашни ҳаммадан бирдек талаб қилаётган раҳбаримиз табиийки, айрим ҳамкасбларимизга ёқмаяпти. Улар ёш раҳбарга турли иғволар ёғдирмоқда, турли идораларга ёлғонларни ёзиб уни қоралашга уринмоқда. Бу ишлар энг аввало, раҳбарни обрўсизлантирмоқда, қолаверса, жамоадаги маънавий муҳит  барқарорлигига, таълим-тарбия жараёнини самарали йўлга қўйилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

 Бир гуруҳ ҳамкасбларимиз "Озодлик" радиосига, туман халқ таълими бўлимига, вилоят халқ таълими бошқармаси, ҳатто Халқ таълими вазиригача ёзишди. Текширувлар ўтказилди, раҳбар устидан ёзилган  айбловлар ўз исботини топмади. Минг афсуски, шулардан кейин ҳам ёзишлар давом этаётгани, жамоанинг аҳил бўлиб жипслашмаётганлиги мактабимиз ўқитувчиларини ташвишга солмоқда.

Мен ва мен каби оддий ўқитувчилар ким раҳбар бўлишидан қатъи назар, ўз вазифамизни бажараверамиз. Менинг мақсадим кимнингдир тарафини олиш ёки кимнидир қоралаш эмас. Жамоамизнинг аҳил, ҳамжиҳат бўлиши, бир ёқадан бош чиқариб ишлаши мен учун муҳимдир.

Мен ҳеч ким томонида эмасман. Фақат айрим ҳамкасбларимизга бугунги кунда раҳбар бўлиб ишлаш осон эмаслигини таъкидлаб, мактабимиз нуфузи, жамоанинг ҳурматини сақлаган ҳолда турли идораларга "ёзишлар"ни тўхтатиб, ўз вазифаларини чиройли адо этишга интилишларини, ёш раҳбарнинг ишлаши учун имкон беришларини илтимос қилардим. Ёзди-ёздилар, жамоадаги бугунги маънавий муҳит ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим-тарбия самарадорлигини оширишга фақат салбий таъсир кўрсатади, холос.

Зуҳрахон САТИМОВА,

Андижон туманидаги 36-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Йўқотиш

Дил туFёни

 

Яна сен томон кетяпман, қадрдон уй. Бизсиз зерикиб қолишларинг, шов-шувларга сабаб бўлмаса-да, ўзимнинг тентираб қолишларим ҳувиллаб қолган кичкина саройингга таскин беролмаса нима қилай?! Кечагидек бариси хаёлимдан елдек учиб кетяпти.

Қачонлардир уч кун оралаб ёпилган нонлар бугун тандиримнинг хаёлида яшайди. Соғинчнинг иссиқ бағри гўё музга қулаган. Дарахтлар шивири тинчиган оламда, яшай олмай ўзга юртга кетиб қолган каби, тебранмай, гўё мунгли боқмоқда менга. Эҳ, япроқлар рақсига ўйнаётган хаёлларим беланчаги узилиб кетди. Ипини қайтадан боғлаш учун менда мадор йўқ. Кўнгил совиб кетса ҳам, илиқ нур таратиб кўкдан қуёш боқмоқда.

Мана, онам вафот этганига ҳам йил бўлди. Ҳеч нарса абадий эмас. Оғриқ қалбим қуёшга етолмай армонда. Нурлари майин дардлардан эшилган жонсиз иплар каби узилиб кетай - узилиб кетай деяётгандай. Онажон, қуёш қалбимдан кетган бўлса-да, уйимдан кетган эмас. Бугун сен хаёлимнинг  тушига ҳам армон бўлиб кирасан.

Онажон, жоним йўлларингга поёндоз. Сенсиз йўллар, сенсиз уйлар менга бегона. Бечора қалбимга малҳам куйни тополмаяпман. Соғинч сатрлар дилнинг ёзувидан гўё гангиб қолгандай.

Юрак толар, ғам толар, алам толар,

Оғриқларга чидар жисмим, танам.

Ичимда қаро зулмат ичикиб кезар,

Соғинч керак эмас менга, қайда онам?

 

Қайда онам, тол баргига ўхшар қоши,

Ўсмасида яшил бахтнинг ҳамроҳи бор.

Ҳассасининг буюклиги, ер тепинса,

Қуруқ ернинг ташнасига бордир гулзор.

 

  Гулбаҳор  ЙЎЛДАШЕВА,

 

 Андижон тумани.

Бахтимиз, тахтимиз Ватандир

Шукуҳ

Ватан. Ватан туйғуси. Ватан муҳаббати. Булар шундай     сеҳрли қудратки, инсон жисмига, қалбига она сути билан киради.

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда она деган ном.

Ватан бу - туғилиб ўсган масканимиз, хонадонинг остонаси, ҳар биримиз учун азиз бўлган отамиз-онамиз, ака-ука ва яқинларимиздир. Бахтимиз, тахтимиз, тақдиримиз Ватан билан ҳамоҳанг эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ватан туйғуси инсоннинг ўзи билан бирга ўсиб-улғаядиган туйғудир. Тажрибангиз ортгани сари, ҳаёт дошқозонида қайнаб пиша борганингиз сари Ватанни чуқурроқ қадрлайдиган бўлиб қоласиз, Ватан ҳақидаги тасаввурингиз тўлишиб, кенгайиб, бойиб бораверади. Ватан туйғуси бутун вужудингизни қамраб олади, ҳар бир ҳужайрангизга томир ёзади. Инсон ҳам ниҳолдай гап - уни ундириб ўстирадиган она замин бор, қуёш, сув, ҳаво уни ўз неъматларидан баҳраманд қилади. Шунинг учун буларнинг бари инсон учун азиз ва ардоқли.

Одамзод шундай яратилганки, у бошқалардан ажралган ҳолда яшай олмайди. Бир сўз билан айтганда, ён-атрофимиздагилар, жамият кишининг ўсиб-улғайишида, умргузаронлигида истаса-истамаса унга таянч бўлади, унинг парвозига қанот беради. Шу маънода ёшларимиз қалбига она Ватанга муҳаббат, инсонийлик туйғуларини сингдириб боришда зиёлиларларнинг ўрни ва роли ниҳоятда каттадир. 

Фарзандларимизни зукко, юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашимиз лозим. Уларга она Ватанимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кўмаклашишимиз керакки, биз тарбиялаган ана шу ёшлар эртага юртимизга таянч ва суянч бўлсин. 

 Азиз юртдош! Бугунги тинч, фаровон ҳаётимизга, инсон манфаатлари сарбаланд бўлган шу муқаддас Ватанга муносиб бўлайлик. Ҳар дам ўзимизга савол берайлик, Ватаннинг менга кўрсатган беҳисоб иноятларига, элу юрт ардоғига муносиб жавоб бера олаяпманми? Ватан олдидаги фарзандлик бурчимни тўла адо этяпманми, деган саволларни берайлик. Шунда Ватан олдидаги бурчимиз, масъулиятимизни янада теранроқ ҳис этамиз. Ҳар биримиз ўз соҳамизда, яъни ишда, ижодда, ўқишда  фаол ва фидойи бўлиб, юртимиз равнақи учун хизмат қилишга интилайлик.

 

Нигорахон ТЎХТАСИНОВА,

 

Асака туманидаги 26-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.