+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚАЛАМПИРМУНЧОҚ

Ҳикоя

 

- Эна, бу нима?

- Қалампирмунчоқ.

- Уни нимага кўйлагингизга осиб олдингиз? Ахир қалампир аччиқ-ку.

- Номида фақат аччиқ эмас, митти ва нафис нарсанинг ҳам номи бор, болам.

- Уни нимага тақасиз?

- Билмасам...

- Нимага билмайсиз? Ўзингиз айтасиз-ку, эналар ҳамма нарсани билади, ақлли бўлади деб. Ёки сизнинг ҳам эсингиз учиб кетдими?

- Билмасам, болам...

- Бошқа эналар ҳам тақадими?

- Йўқ. Балким тақар...

- Нимага сиз тақасиз унда?

- Унинг ширин иси бор.

 Секин кўйлагингизни ҳидлаб кўраман.

-      Райҳонлар, гулларнинг иси ширинмасми?

Индамайсиз. Кўрпани қавийсиз, катта-катта қавийсиз. Игнани ўтказа олмай, қайта-қайта "уҳ" тортасиз. Қўлингиздан олиб ўзим бу ишни чангдан чиққан қаҳрамонга ўхшаб уддалайман. Қўшиқ айтасиз:

Игнадан ип ўтмаса,

кўз нечун даркор экан,

Маъноси тош тешмаса,

сўз нечун даркор экан...

Эътибор қилмайман. Ёнингизда айланиб юраман. Чарчаб кетасизми, ухламоқчи бўламиз. "Қайтар" дейсиз, қайтараман:

Ётдим тинч,

Ёстиғим кипринч.

Тилаганим иймон,

Ўқиганим Қуръон...

Қачон ухладим, билмайман. Аммо, энтикиб-энтикиб олаётган нафасингизни сезаман.

- Эна, - дейман.

-  Нима дейсан?

- Сизга нима бўлди? Ухламаяпсизми?

- Уйқум қочиб кетди.

- Қаерга?

- Юрагимга...

-Уйқу юракка қочиб кетса, шундай нафас оладими?

- Йўқ.

- Унда нимага?

- Юрагимнинг тешиги бор.

Ўрнимдан сапчиб тураман:

-      Вой, унда  қандай яшайди? Ўзингиз "юраги бутунлар қўрқмас бўлади" дейсиз-ку...

Яна индамайсиз. Энди ухлаб қолди, дейман. Ўзимча ўйлайман: балки, ўша юрагингизни тешигидан ҳаво кирар, шунга уйқуларингиз кетиб қолар...

 Тонгга яқин сизни туртаман:

- Эна, дадамга айтайлик.

- Нимани? - дейсиз сергакланиб.

- Юрагингизни-да. Балки дадам ёпиб қўяр. Ахир у яхши шифокор бўлса...

- Сенга ҳалақит беряпманми? Мен билан ётма унда! - деб аразлаб оласиз.

 

Ўйнанг қизлар, ўйнанг, кўргони келдик,

Сизлар билан даврон сургони келдик...

 

Шифтга узоқ термуламан:      -нақшинкор, кошинли. Аммо, унинг бу кўрки кўнглимни ёшлигимга илинтиради. Авваллари шу шифтдан чакка ўтарди. Сиз югуриб тоғорами, бувингиздан қолган идишми, қўйиб қўярдингиз. Бағрингизга интилиб ўша сув томчилаган оқшомларда қучоғингизда ётардим. Сиз отангиз ҳақидаги ҳикояларни қайта-қайта айтишдан тўхтамасдингиз. Ухлардим: гоҳи тўйиб, гоҳи тўймай. Тушларимга узун тўн кийган ўн-ўн беш ёшли қиз ва унга суяниб турган касалманд ота кирарди. Биламан, у сиз эдингиз. Ер-айлана, кўзлар-айлана...Лекин кўнгилнинг шаклини ҳеч билиб бўлмас экан.

Тўсатдан туш деб ўйлаганларимнинг бирида сизни йўқотиб қўйдим. Бошимни деворга урдим. Онам: "ойнага кўп қарама, бахтингни ўғирлайди" дерди. Балки, ҳаддан ташқари ошириб юборгандирман. Мени кечиринг, Эна. Мени илҳақ бўлиб кутган лаҳзаларингиздек беғубор бўлолмадим. Менга атаб яшириб қўйган, рўмолчага тугилган ширинликларингизга етадиган ширинсўз бўлолмадим. Тақдир чархпалагини узоқ айлантирди. Мени ўзга юртларга отди. Ўша ерларда толе изладим. Аммо, сиз танитган қишлоқни унутолмадим. "Одамлар бунча ёмон бўлмаса" дея, ўзим худбинлашиб боравердим. Ўзимни ҳақ дедим. "Дунёнинг учинчи бурчагида яшайман, мени тилимни қушлар ҳам билмайди" дедим. Адашибман. Сув ёқалаб чопганимда тўхтатиб қолган, қошимни ўсмадан қорайтирган, онам алла айтмаса кечаси билан кўтариб, овутиб чиққан қўллар ҳаққи адашибман...

Айтганингизни қилмаган укамларга "ўлсам, теппалаб-теппалаб мозорга қўйиб келасиз" дердингиз. Рост экан, укам сизни тупроққа қўйди-ю, ўзини йўқотди. На уйдан, на кўчадан, на сиз севган анҳор ёқасидан ўзини топди. Йиғиси қўшиққа айланди. Унинг фарёдини ҳеч ким кўтара олмади. Тоғлар чўккан, қуёш қаергадир беркинган тунда ҳовлимиздан овозингиз келмади.

Дийдорнинг рангини топиш қийин. Балким, суратини чизса бўлар. Қаердадир сизга ўхшаган эналар бордир. Лекин, улардан қалампирмунчоқнинг иси келармикан?..

Ирода БАХТИЁРЖОН қизи