+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ёмғир

Ҳикоя

Чорак соатча йўл бўйида туриб қолган жувон ёнига "Нексия" келиб тўхтади.

- Тавба, дуо кетганми, Қирчага бирорта машина унамаса-я? - жувон орқа тарафдаги бўм-бўш ўриндиққа ўрнашиб олгач, норози оҳангда тўнғиллади.

- Йўли у томонларга тушмагандир-да, мана биз ўша ёққа боряпмиз, - шодон кайфиятда сўз қотди кўринишидан чаққон, қотмадан келган, кўзлари зийрак ҳайдовчи йигит, сўнг қўшиб қўйди, - мана бу акамиз ҳам Қирчага кетяпти.

Машина ўрнидан енгил қўзғалди.

Жувон боядан бери хаёли ўзида бўлмагани учунми ё зеҳн бермаган эканми, ҳайдовчининг қабатида ўриндиқни тўлдириб ўтирган келишган йигитга беихтиёр қарадию, юраги "шув" этиб кетди. Йигит ҳам машина кўзгуси оша ранги ўчинқираган жувонга назар солиб, кўнгли алланечук бўлди. Кўнгил амрига қарши боролмай, чап елкаси оша орқа ўриндиққа ўгирилди:

- Дилноза!

- Ассалому алайкум! - мулзам тортди жувон.

- Яхши юрибсанми, уйдагилар яхшими?

- Раҳмат, яхши.

- Уйларингга боряпсанми?

- Ҳмм.

Бўлди. Йигит бошқа савол бермади. Бояқишгина питирлаб қолган чумчуқ кўйига тушганидан кейин нима қилади азоб бериб. Шусиз ҳам машинага ўтирганидан пушаймон бўлаётгандир қизгина. Орадаги ноўнғай жимликни ҳайдовчининг хуш овози тўзғитиб юборди.

- Ана, ёмғир ҳам ёғди. Кулманглару, мен ёмғирни яхши кўраман.

Йигит юзларида табассум уйғонди. Хомуш кулимсиради. Жувон нигоҳини ойнага қадади. Томчилар. Машина ойнасига урилиб, сирғалиб тушяпти. Йиғи манзараси гўё.

Дилноза бўшашиб кетди. Гурунг ипини очиб юборган ҳайдовчининг самимий сўзларини ҳам, унга жавобан "ҳа" ёки "йўқ" билан кифояланаётган таниш йигитнинг овозини ҳам эшитмади.

Жувон келинчак ёрлиғини олмасидан сал бурун, бўй қизлигида мана шу йигит билан бир маҳаллада яшар эди. Уйлари орасидаги масофа тахминан ярим чақиримча келса ҳам, азбаройи соғинганидан ошиқ йигит Дилнозанинг эшиклари олдидан ҳар куни ўтар, унинг дийдорини кўришга муваффақ бўлмай қайтмас эди. Йигитнинг эътиборини, эҳтимол, кўнгил оромини ўғирлаганини сеза бошлаган қиз ҳам негадир ошиқ келаверган сайин кўчани, дарвозадан нарёқни хоҳлаб қолар эди. Шу кўй бир-бирларига ўрганган қиз-йигит қалбида муҳаббат ғунча очди. Бу ҳол давом этаверса, маҳалла-кўй орасида гап-сўз болалашидан хавфсираган қиз ошиғига ортиқ келмаслигини, аммо ўзи вақти-вақти билан учрашувга чиқиши мумкинлигини айтди. Йигит маҳбубасини тушунди, бир куни уни учрашувга таклиф қилди. Ўшанда ёмғир ҳавоси уфураётган эди. Қиз соябон қўлтиқлаб чиқди. Йигит эса ҳар галгидек яккаш. Қиз хавотирланиб сўради:

- Нега зонтиксиз чиқдингиз, ҳозир ёмғир қуйворса борми?..

- Мен ёмғирни яхши кўраман. Унинг паноҳ бўлгулик қуввати бор. Нимага паноҳ бўлади деб сўрамайсанми?

- Нимага?

- Агар йиғлагудек бўлсанг, кўз ёшларингга қўшилиб, бирга оқиб тушади. Буни ҳеч ким пайқамайди.

- Мен... йиғламайман, - севгилисининг гапларини тўла англамай шошилди қиз. Ҳеч қачон!

- Илоҳим, шундай бўлсин, - қатъий оҳангда деди йигит.

Аммо маҳбуба йиғламасликнинг эпини қилолмади. Барибир аёллигига борди. Йиғлади. Йиғлатишди. Кўзларидан оққан ёшнинг адади ҳам, охири ҳам кўринмади. Аввалига ошиғи юборган совчиларга отаси рад жавобини бергач, аламдан, бахти кемтик эканлигидан йиғлади. Ундан кейин ўзгага боши "боғлангач", кўнглининг эгаси билан ортиқ кўриша олмаганини дилдан сезиб, ожиз қолганидан йиғлади. Тўйи куни оппоқ келинчак либосида суюклисидан тоабад узоқлашаётганини фаҳмлаб, бефаҳм ўтирган турмуш ўртоғи олдида йиғлади. Мана, у ҳозир ҳам йиғлаяпти. Севгидан маст бўлиб, ошиғи билан бирга кезган дамларини эслаб кўз ёш тўкяпти. Муҳаббат таъмини тотган бўлса-да, бу бақадр неъмат узоққа чўзилмаганидан, бир фурсатлик эканидан аламланиб ёш тўкяпти. Ҳозир эса қўл чўзса етгулик жойда собиқ ёри ўтирибдию, аммо унга   бошқа эгалик қила олмаслиги, у фақат юрагининг туб-тубида, хотирасининг энг чуқур жойида қолиб кетганини англаб йиғлаяпти.

"Нексия" бир уй ёнида тўхтагач, йигит машинадан тушди. У Дилнозага сўнгги бор нигоҳ ташлаб, машина эшигини ёпди:

- Хайр!

Жувон собиқ ёрининг ҳамон соябонсиз эканини билди. Яна бир одатий ҳақиқатни ҳам англади: у ёмғирни яхши кўради.

Ҳаял ўтмай, жувон ҳам манзилига етиб келди. Кира ҳаққи учун тараддудланаётган эди, ҳайдовчи унамади.

- Сизга тўлашди. Тушаверинг.

Жувоннинг кўзларига яна ёш келди. Машинадан тушиб соябонини ёзишга ҳам ҳоли келмай, ота-онаси уйи томон оҳиста қадам ташлади. Боши, юз-кўзлари узра томчилаётган ёмғир унинг кўз ёшларига қўшилиб кетди.

 

Умид АЛИ

Ўтган вақтни ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмайди

қалб туFёни

Мактаб даври барибир ўзгача-да... Негаки, озгина шамол шикаст етказгудек нозик болалигимиз-у, гап уқмас ўсмирлигимиз ҳам мана шу мактаб қучоғида ўтади. Устозлар - ўз жигаримиздек куйинчак. "Яхши бўлсин, деб уришаман сизларни", деган гапларига парво қилмаймиз. Қайтанга, "уларнинг иши нима экан?", деб ёмон кўрамиз.

"Мен катта бўлсам, доктор бўламан", деб керилиб юрардим. Ўзимга ишонардим. "Мен зўр ўқийман, институтга албатта кираман!", деб вақтимни бесамар ўтказдим. Устозлар уй вазифаларини сўраса, китоб-дан қараб-қараб сўзлаб берардим, "тушунганларингни конспект қилинглар" деса, матннинг бош ва охирини дафтар саҳифасини тўлдириб ёзиб қўярдим. Кундаликдаги "5" баҳоларимга ишонардим. Вақт эса ўтарди. Кириш имтиҳонларига ҳам оз қолган, лекин мен тайёр эмасдим.

Икки йиллик умримни тайёрлов курсларида сарфладим. Имтиҳон ҳам бўлиб ўтди. Афсуски, имтиҳонлардан ўта олмадим.

Мана, талабалар ўқишларни ҳам бошлаб олишди.

Яна ўша мактаб даврларим ўтган кўчалардан ўтиб кетаяпман... Ўша устозлар, талашиб-тортишиб мактабни бирга тамомлаган синфдошларим кўз ўнгимдан ўтаяпти. Афсусдаман, ўзимни кечиролмайман, чунки, ота-онам берган эркинлик, устозлар ишончини суиистеъмол қилиб, ўз алдовларим қурбонига айландим.

"Қиз болани жойи чиқса, бериб юбориш керак", деб қишлоғимиздаги бир йигитга узатиш-япти. Мендан ҳатто розилик ҳам сўрашмади. Худди қасрдаги асирадекман.

Авваллари бахтни ўзгача тасаввур қилар эдим. Бахт ҳам, мен ният қилган орзулар ҳам  ўзимнинг масъулиятсизлигим сабаб барбод бўлди.

Бу йил олий ўқув юртларига кирмоқчи бўлганлар учун барча шароитлар яратиб берилди. Ҳатто, мутахассисликка кирмайдиган фанлар қисқартирилди. Атиги иккита фандан синовдан ўтиш талаб этилди.  Нега карантин пайтлари етарлича вақтим бўлгани ҳолда бунчалик эътиборсиз бўлдим? Энди ўйлаб қарасам, барчасига ўзим сабабчи бўлибман. Келажагимни ўз қўлим билан яратишим, орзуларим сари олға интилишим учун мендан озгина ғайрат ва ҳаракат керак эди. Энди, афсус қилганим билан фойдаси йўқ.

Бахтли оила бекаси бўлиб, бир оилани гуллатарман, балки. Яхши келин, севикли ёр ва меҳрибон она бўларман. Бироқ, орзуларим бир умрлик армон бўлиб юрагимни кемиради.

Мактабда ўқиётган, орзулар уммонига ғарқ бўлаётган ўқувчи ёшларга айтар гапим: ўтган   вақтни ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмайди. Қўлдан кетган имконни ҳам. Ўқишга кира олмасангиз, бунга фақат ўзингиз  айбдорсиз. Шароитлардан фойдалана билиш ва вақтни беҳуда ўтказмаслик ўзингизга боғлиқ.

 

МОҲИЧЕҲРА,

Марҳамат тумани.

Гўзалнинг аянчли қисмати

Турмуш чорраҳаларида

- Сут, қатиқ,  қаймоқлар  келди...

Уч-турт сўм топиш мақсадида овозини баралла қўйиб бақираётган аёлнинг овозидан  Гўзал чўчиб уйғониб кетди.  Уйғонди-ю, шишиб кетган кўзларини очолмай, бир зум тек ётди. Ўрнидан тургач, хонани шамоллатиш мақсадида деразаларни очди. Ойнадан майин куз шаббодаси кирди. Гўзал ойна ёнида деворга ёпиштириб қўйилган, шаҳло кўзли  чақалоқнинг расми билан безатилган тақвимга қаради. Биринчи октябрь. Бу санани  кўрди-ю, бўғзига бир нима тиқилгандек бўлди. Етти йил аввал айнан шу санада у севган йигити Муслимга турмушга чиққан эди.

Онасининг "У бола бизнинг оиламизга тўғри келмайди, қўй, қизим!" деган сўзларига  парво қилмай, Муслимнинг ваъдаларига ишониб, оёқ тираб туриб олди. Аввалига жуда яхши яшашди. Биринчи қизи туғилганда, Муслим унча билинтирмади. "Майли-да, кейингиси албатта, ўғил бўлади" деб қўйди. Иккинчи қизи туғилганда, бир ҳафта қовоғини очмай юрди. Гўзал чақалоқни қўлига берса, кўтаргиси келмасди. Учинчи қизида эса ҳатто туғруқхонага ҳам бормади. Ичиб келиб ҳаммаёқни синдириб хуморидан чиқди. "Нима бало, ичингга қиз тўлиб қолганми, нуқул қиз туғасан, сичқондай бўлса ҳам битта ўғил туғсанг эди", деявериб Гўзални эзиб юборди. Бундай руҳиятга салбий таъсир  кўрсатиш билан аёлини руҳан яримжон қилиб қўйган эр тез-тез ичиб келиб, Гўзални  бўлар-бўлмасга дўппослашни бошлади...

Тақвимга қараганича ўтмишини эслаётган Гўзални Муслимнинг йўтали чўчитиб юборди.

- Ассалому алайкум! - деди шоша-пиша.

- Чой-пой қўймадингми, ҳалиям? - саломга аликнинг жавоби шу бўлди.

Гўзал нонуштани тайёрлаб, қизларини уйғотгунча Муслим ишга кетиб бўлибди.

- Ишқилиб, бугун яна ичиб келмасин-да?! - деди жувон безиллаб.

Кечки пайт Гўзал бор маҳоратини ишга солиб, ош дамлади. Устига саримсоқ, "дадаси яхши кўради" деб, беҳи босди. Аммо, Муслим келмади. Гўзал қизларини ювинтириб, ўринларига ётқизди. Соат ўн бирларда Муслим яна маст аҳволда кириб келиб, дийдиёсини бошлади. Унинг шовқинидан уйғониб кетган қизлари "дадамнинг ичига бир махлуқ  кириб олган" дея қўрқишарди.

Афсус, шу тун Гўзал учун сўнгги тун бўлди. Fазабидан ўзини босолмаган Муслим хотинини бор кучи билан тепиб юборди. Яна ҳомиладор бўлган Гўзал эса қорни билан столнинг қиррасига урилиб, ҳушини йўқотди.

Аёлнинг уч ойлик ҳомиласи ўзи билан бирга бу дунёни тарк этди. Агар Муслим озгина сабр қилиб, Оллоҳ берган неъматларга шукр келтирганида, аёлини уриб дўппослашнинг ўрнига асраб-авайлаганида вақт келиб балки, бир ширин ўғилчанинг отаси  бўлармиди... 

Муслимни қамоққа олмоқчи бўлиб келган милиция ходимлари ёш жони жабр кетган Гўзалдан ҳам кўра, унинг уч  қизига ачиндилар.

Ҳеч нарсадан бехабар норасидалар уларни обкетиш учун келган болалар уйи ходимаси берган жевачкани талашардилар.

Мубина АБДУҚАҲҲОРОВА,  

Пахтаобод тумани.                       

Кўз ёшлар

кечинма

У ёмғирларни ёқтирмасди… Ёмғирлар унга кўз ёшларни эслатарди. Ёмғир тингач, осмонни, табиатни мусаффолик эгаллайди. Гўё йиғидан сўнг инсон қалби енгил тортгандай. Лекин, барибир кўнгилнинг аллақайси бир ерида оз бўлса-да, кемтиклик қолади. Гўё, ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган кўлмаклардай…

У болалигида онасидан "Ёмғир нега ёғади?" деб сўраганида, онаси "заминда бирон кимсанинг дили оғриса", деб жавоб берганди.

У эса... инсонларнинг йиғлаганини ёқтирмасди. Балки, шунинг учун ёмғирларни хушламас эди.

Қарангки, ҳар гал кимнидир кўзида ёш кўрса ёки ўзининг ҳам дили қоронғулаша бошласа, табиат ҳам унинг қайғусига шерик бўлгандек ер юзига оби-ҳаётни ҳадя қиларди.

Бугун ҳам у ўзининг кичкинагина хонасида қалбини йиғлатиб ўтирибди. Қалб осмонидаги қора булутларни кўз дарёсининг тўғонларини ёриб ўтишга кучи етмасди. Чунки, қалб ҳам сезарди… Ахир у ёмғирларни ёқтирмайди-ку.

Қалбнинг ҳадди сиғмади, қора булутлардаги оппоқ томчиларни ўз кўлмакларига тўлдирди… Лекин… Лекин ташқарида шитир-шитир овозлар эшитила бошлади. Унинг онаси эккан райҳонлар бўйи эшик тирқишидан кириб, хонани тутди. Демак, ёмғир яна ўз ашуласини бошлаган. У эса қалбидаги эндигина ҳайдаб юборган ўша қора булутларни яна бошлаб келди. Сабаб, ернинг қайсидир жойида кимдир йиғлаяпти.

У чидаб туролмади. Кўз   дарёсининг тўғонларини бузиб юборди. Яноқлар намланди… қуриди…

Она алласидек маъюслик унинг юзига ва кўзига кўчди.  Ташқарида ёмғир секинлашди. Онаси ёшлигида тебратган беланчакнинг шамоли булутларни кўк бағридан ҳайдаб солди.

Осмон тиниқлашди. Ҳаво сокин тортди. Унинг кўнглига ҳам равшанлик ифорлари таралди.

Ундан бир куни сўрадилар: "Нега ёмғирни ёқтирмайсиз?"

У жавоб берди: "Онам болалигимда: заминнинг қайсидир ерида кимнингдир кўнглига озор етган бўлса, демак осмон йиғлайди, дегандилар. Гоҳо онам тунлари йиғлаб чиқардилар. Ажаб, ўшанда булутлар ҳам уларга қўшилиб йиғлардилар...

Мен ёмғирларни ёқтирмайман… Чунки, уларни онамнинг кўз ёшларига ўхшатаман. Онамнинг кўзлари ёшланишини эса сира хоҳламайман.

"Она" деган буюк зот йиғласин, қачонки, кўз ёш қилиб дунёга келтирган фарзандининг камолини кўриб, севинганидан йиғласин. Мен бу йиғига бутун дунёимни алишган бўлардим!

 

Навбаҳор ЙЎЛЧИЕВА

Уч асосий душман

Инсоннинг учта асосий душмани бор: мол-дунё, шайтон ва нафс.

Агар ана шу учала ғанимингиздан эҳтиёт бўлмасангиз, уларнинг фитналарига сергак  турмасангиз, уларга қарши кураш очмасангиз, улар ҳаётингизни хароб, руҳингизни бетоб қилади. Ҳою-ҳавасларни, нафс истакларини тарк этиш орқалигина улардан  ҳимояланиш мумкин. Айниқса, инсоннинг нафси уни ҳар кўйга солади.

Нафснинг истагига кириб, хону-монидан ажрайди, ёвузлик ва жиноятларга қўл уради, ўзгаларга зулм қилади.

Нафснинг орзу - истаклари чексиздир. Нафс фақат ўзини ўйлайди. Ваҳоланки, нафс  учун фойдали туюлган нарса инсон ва жамият учун зарар келтириши мумкин. Еб-ичишга етарли мол-у давлатга эга бўлган киши бундан ортиғини талаб қилмасин. Чунки, унинг  поёни йўқдир. Ортиқча мол-у давлат талаб қилган киши жуда кўп фалокатларга дучор  бўлади. Ким нафсга ўзини топширса, дунё  меҳр-муҳаббатига асир бўлиб қолади, кибр-у ҳаво тузоғига  илинади.

Ҳаётнинг барчаси луқма, таом ва сувдир, қолгани ортиқча нарсадир. Таомни  меъёридан ортиқча истеъмол қилиш ҳеч қандай фойда келтирмайди. Нафсингизга  бўйсуниб,  кўп  ухлайдиган  бўлсангиз, бунинг  ҳам  беҳисоб  зарар  ва  офатларини  санаб ўтиш мумкин. Булардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, таомни кўп ейиш дунё  муҳаббатини сўндиради. Кам уйқу ирода, истакларни тиниқлаштиради. Нафснинг  васвасалари инсонни ҳар мақомга солади. Унинг сўзига кириб, у гуноҳлар кўчасига  кириб  кетади, мақсадига эриша олмайди, кейинроқ азобларга учрайди. Бошқаларнинг ютуғини, бахт-омадини кўра олмайди, қалбини ҳасад чирмайди. Одамларга ҳасад асосан ўзи эриша  олмаган нарсага бошқалар муваффақ бўлишини "ҳазм қилолмаслик"дан, кўра олмасликдан пайдо булади. Ўт-олов ўтинни егани каби нафрат ва ҳасад яхшиликдан  бўлган савобни ейди. Инсон  учун ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ.

Дунёда ҳасад ва гинадан оғирроқ ранж йўқ. Чунки, ҳасадчи кимса одамларнинг  шодлигидан ҳамиша ғам остида юради. Ўзгалар роҳатидан доим заҳмат тортади. Ҳасад  балоси улкан фасодлар  пайдо килади. Сабаби, ҳасад бағоятда жирканч иллатдир. Ҳасад  билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса тоза ва чиройли ҳаётни хиралаштириб юборади. Кимда-ким ғаразгўйлик билан бир нарсага эришишга интилар  экан, у бу истагига эриша олмайди, ҳатто ажали етмай олиб кетади. Агар азоб чекишни  истамасанг, ҳасадгуй бўлма.

Агар сиз чинакам ором, осойишни истасангиз, нафсингиз туфайли келадиган  хатарлардан огоҳ  бўлинг. Шунда нафс ва шайтон биргалашиб сизни йўлдан оздиришга  уринганда ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди.

Мушарраф ИБРОҲИМОВА

 тайёрлади.

 

 

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Сен менинг чароFон, буюк йўлимсан

Онам алла айтган юракдан жўшиб,

Мовий кенгликларда кулган гулимсан.

Қўшиқлар куйлаган дардларин қўшиб,

Мени бийрон қилган она тилимсан.

 

Эрксевар халқимнинг дилидек жўшқин,

Баҳордек илҳомбахш она тилимсан.

Шеър ёзсам қалбимда дарёдек тошқин,

Туганмас хазинам, кони илмсан.

 

Навоий ғазали ҳар бир сатрида,

Барқ урган гўзаллик шу тилга хосдир.

Шунчалар қудрат бор, сўзнинг мағзида,

Ҳар бир сўз дурдона ёки олмосдир.

 

Мадҳиям жарангги, най навосида,

Мудом янграгувчи кўнгил гулимсан.

Орзулар чашмаси, дил садосида,

Сен менинг чароғон, буюк йўлимсан.

Машҳура БОТИРОВА,

Муҳаммад ЮСУФ ижод мактаби ўқувчиси.

 

Энг буюк тоFимсиз, отам

Ҳаёт ташвишлари оғир бўлса ҳам,

Синовлар алами тахир бўлса ҳам.

Юзларида қайғу зоҳир бўлса ҳам,

Табассум ортига беркинган отам.

 

Эгнига оқ халат кийса ярашган,

Беморлар дардига шифо улашган.

Ҳар инсон ҳаёти учун курашган,

Fамлар ҳам олдида чекинган, отам.

 

Ҳаётда энг буюк тоғимсиз, менинг,

Энг беғубор оним, чоғимсиз менинг,

Фахру ифтихорим, ардоғимсиз менинг,

Биз учун ҳар нега кўнганим, отам.

 

Билим ва тарбия олдим мен сиздан,

Чексиз куч-қудратни кўрдим мен сизда.

Ўргатинг ҳаётий тажрибангиздан,

Сизга ўхшашликка интилдим, ота.

 Асадбек ҲУСАНОВ,

Асака тумани. 

 

Она тилим - Fурурим!

 

Она тилим - ғурурим,

Қалбимнинг энг пок нури.

Мақтовларга ярайсан,

Булбул каби сайрайсан.

 

Сен нурланган кўзимсан,

Сеҳрланган сўзимсан.

Илмли устозимсан,

Жарангдор овозимсан.

 

Қўлда тинмас торимсан,

Менинг йўғу боримсан.

Ҳамиша равшан дилим,

Фахримдир она тилим.

Умида ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактаби  ўқувчиси.

 

Онамнинг қалбига озор берманг

             (Яқинларимга)

Билмайин ноўрин гапириб қўйса,

Гоҳо гаплашганда қовоғин уйса.

Майлида кимлардир суйса, суймаса,

Онамнинг қалбига озор берманг.

 

Дуосида сизни эсламай ўтмас,

Бир жойга борса гар айтмасдан кетмас.

Оллоҳ учун, ўзи учунмас,

Онамнинг қалбига озор берманг.

 

Тўғри, баъзан шошқалоқлиги бор,

Лек чумолига ҳам бермайди озор.

У - чин меҳрибоним, мушфиқ, беозор,

Онамнинг қалбига озор берманг.

 

Онам - суянчиғим, сизлар-чи - фахрим,

Онам - каъбам менинг, муқаддас шаҳрим.

Токи инсонларга бўлмасин қаҳрим,

Онамнинг қалбига озор берманг.

 

Юракда қолмасин армон, ўкинчим,

Қаерда бўлсамда йўқотмай тинчим,

Барчангиздан шудир ёлғиз ўтинчим,

Онамнинг қалбига озор берманг!

Оқибатхон ФОЗИЛЖОНОВА,

талаба.

 

Қадринг баланд бўлсин, илоҳим!

 

Oна тилим - сержило тилим,

Мўътабарсан мен учун доим.

Сени десам шод бўлар кўнглим,

Қадринг баланд бўлсин илоҳим.

 

Ор-номусим, лафзим, иймоним,

Бугун сенда мужассам эрур.

Дунё кезиб юрган ҳар оним,

"Мен ўзбекман", дегум мағрур.

 

Бобур бобом соғинчлар ила,

Ҳатто Ҳиндда ёзган бетиним.

Аждодларим мерос қолдирган

Бойлигимсан бебаҳо, тилим.

 

Тасаввурга сиғмас сенсиз ҳаётим,

Сен ила мустаҳкам сабр-у саботим.

Юрагим тўрида асрайман мудом,

Қадри баланд, бетимсол тилим.

Инобатхон МАМАДХОЖИЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

3-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ВАЪДА

 

Кунлар ўтмоқдадир,  умр ўтмоқда,

Юксалиб боряпмиз ҳар бир жабҳадан.

Жаҳон минбарлари бизни кутмоқда,

Яна бир ёшингни қарши ол, Ватан.

 

Яна бир ёшга сен улғайдинг бу кун,

Табриклайман сени, эй она тупроқ.

Оташин меҳринг-ла улғайдим бу кун,

Ҳар ҳовуч тупроғинг жондан азизроқ.

 

Осмонимиз мусаффо, юртимиз обод,

Янги режалар-ла боряпмиз  илдам.

Хумо қуш бошингда порлагай абад,

Шодлигу қувончга тўлдинг сен бу дам.

 

Озодсан, эркинсан, эй, она диёр,

Эй, ота маконим, эй, она тупроқ.

Сенга аждодларим руҳи мададкор,

Яшолмасман сендан бир зум ҳам йироқ.

 

Мустақил юртим, деб айтсам баралла,

Қалбларда ҳисларим уради туғён.

Ўсиб-улғаяркан биз бахтли авлод,

Ардоқлаймиз сени, эй, Ўзбекистон!

                   Моҳинур АБДУВОҲИДОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси.

 

Дўстимсан - Ўзбекистон

Кўзим очиб кўрганим,

Ҳар қадамда туйганим.

Жондан азиз суйганим,

Юртимсан - Ўзбекистон!

 

Юрагимга қадалган,

Жаннат юрт деб аталган.

Кўксин қалқон этолган,

Дўстимсан - Ўзбекистон!

 

Боғинг жаннатга ўхшар,

Инсонлар бахтли яшар.

Номинг замонлар ошар,

Жонимсан - Ўзбекистон!

 

Ватан сўзин айтсам тилимда,

Оловланар бир чўғ дилимда.

Соғинаман, яшаб бағрида,

Онажонимсан - Ўзбекистон!

Гулжаҳон УСМОНОВА,

Пахтаобод тумани,

Маданият қишлоғи.

 

 

 ҚЎНFИРОҚ

(ҳазил шеър)

Неча кунки, йўқдир оромим,

Кутажакман қўнғироғингни.

Ишқингда кўп қийналди жоним,

Бас қилсангчи, ёр, қийноғингни.

Доим сенда эрур хаёлим,

Ҳузуримга бир бор келмайсан.

Агар сенга қилсам қўнғироқ,

Не учундир жавоб бермайсан.

Юрагимга битилган исминг,

Уни эзма мисоли анор.

Телефонингга солдим ўн беш минг,

Ҳеч бўлмаса СМС юбор.

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ,

 

Шаҳрихон тумани, Найнаво қишлоғи.

ТИЛИМИЗ ВА ДИЛИМИЗ ГЎЗАЛ БЎЛСИН

Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни ҳадя қилди. Инсон танаси, жисмидаги маълум вазифани бажарадиган аъзоларининг ҳар бири соғлом бўлмоғи муҳимдир.

Умр ва ҳаёт инсонларга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини  хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" (Балад сураси, 8-9-оятлар) дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.

Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан бошқа аъзоларни дўзах оташига дучор қилади. Айнан тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айириши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилини ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англаши керак.

Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизни ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Ана шу ривоятдан келиб чиқиб, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.

Муоз ибн Жабал (р.а) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида Пайғамбаримиздан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан" деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, худди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).

Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган нарса тилдур" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар.

Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ Таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин", дея марҳамат қилганлар.

Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришининг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон иродали, соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан ҳам фақат ширин сўзлар чиқади. Тил ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда    Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради" деганлар. Мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний эса: "Агар журму гуноҳ бўлсин десанг, оз. Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз" деб ёзган эди.

Аллоҳ Таоло барчамизга тили, дили бир ва гўзал бўлган бандалар қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Шарофиддин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жоме  масжиди имоми.

Бебаҳо бойлик

Албатта, ҳар бир миллат ўз она тилига эга. Улкан бойлик, бебаҳо қадрият сифатида эъзозланадиган тилда аждодларнинг мероси, тарихи, ўтмиши ва бугуни яшайди. Ўзлигини англаган ҳар бир миллат ва элат учун тил тенгсиз бойлик саналади. Она тилига бўлган эътибор юксак қадрланади.

Дарҳақиқат, она тилини севган, ардоқлаган инсон қалбида ўтмиши, анъана ва қадриятларига, буюк аждодларига бўлган чексиз эҳтироми мужассам бўлади. Истиқлолдан илгари қўлга киритилган бебаҳо бойлигимиз, қадриятимиз - ўз она тилимизни ҳар томонлама ривожлантиришни таъминлаш фаолиятимиз мезони сифатида долзарб мавзу саналади ва албатта, ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида ушбу муҳим омилларга алоҳида аҳамият қаратилади.  Она тилимизни қадрлашимиз, мукаммал билишимиз лозим. Бундан буён ҳеч бир тил она тилимиз устидан ҳукмрон бўла олмайди. Атоқли шоиримиз   Абдулла Орипов ёзганидек:

Она тилим, сен борсан шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинганлигининг 31 йиллигини кенг  нишонлаш  тўғрисида қарор қабул қилинганлиги, ушбу санани юксак даражада нишонлаш бўйича берган кўрсатма ва вазифалари ўзбек тилининг нуфузини, унинг  аҳамиятини янада оширади. Шу билан бирга, биз мутахассислар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Барчамизга миллатимизнинг ушбу айёми  -  ўзбек тили  байрами муборак бўлсин! 

 

 Зарнигор ҚЎШБОЕВА,

 

Олтинкўл  туманидаги  2- умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Она тилимизнинг софлиги ҳақида ғурбат чекмоғимиз даркор

Она тилимиз миллатимиз руҳини англатувчи бебаҳо неъматдир. Инсон онгу-тафаккурини тил орқали баён этади. Қувончу-ташвишини ҳам она тили орқали ифода этади.

Боболаримиз сўз мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий, Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфийлар ҳам она тилимиз орқали гўзал ашъорлар, шеъру, ғазаллар, достону рубоийлар битганлар ва туркий халқларнинг она тилларини бадиий жиҳатдан янада бойитганлар.

Мамлакатимизда 21 октябрь санаси муҳим байрам сифатида нишонланади. Ҳа, бу кун миллат байрамидир. Миллатимиз рамзи бўлган она тилимизга Давлат тили мақоми берилган кундир. Ўттиз йилдан ортиқ вақт бўлдики, халқимиз бу кунни алоҳида эътибор билан нишонлаб келади, она тилимиз улуғланаётганидан фахрланиб яшайди.

Яқинда Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу халқаро миқёсда тилимиз нуфузини янада оширди. Демак, ўзбек тили халқаро майдонда ҳам  ўз нуфузи ва мавқеига эга бўлган тил сифатида эътироф этилаётгани барча юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган  давлат рамзига айланди.

Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Дунёдаги барча халқлар ўз миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки, бу  халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари - ўқитувчилар, тилшунослар, умуман, ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллат ғурури эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таьсирига тушмайдиган бўлиб етишадилар.

Она тилига меҳримиз Она Ватанга бўлган ватанпарварлик ҳисси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек: "Биз Ватан ҳақида, она тилимизнинг софлиги ҳақида ғурбат чекмоғимиз даркор". Шундагина Ватанимиз  тараққиёт сари юксалаверади, Она тилимизнинг қадри янада баланд бўлади.

 

Нодирахон МАТҲОЛИҚОВА,

Бўстон туманидаги

10-умумтаълим мактаби

 

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

ТИЛ БОР ЭКАН - МИЛЛАТ БАРҲАЁТ

21 октябрь - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Дунё олимларининг эътирофига кўра, ер юзи аҳолиси қарийб 3 мингга яқин тилда гаплашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусиятлари жиҳатидан тил оилалари ва гуруҳларига бўлинади. Жонажон ўзбек тили хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз.

Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил - давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли, ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбур. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили миллатнинг руҳидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг  халқаро миқёсда обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, "Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди.

Ўзбек тилининг бой имкониятлари бугунги кунда тилшуносларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда. Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ибрат мактабидир. Шу маьнода, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан унга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади.

Тил - миллатимиз фахри, ғуруридир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эьтиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз керак.

Муҳаррамхон АЗИЗОВА,

Андижон машинасозлик институти катта ўқитувчиси.

Моҳларой ЯҚУБОВА,

 

Андижон машинасозлик институти талабаси.