Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ушбу саҳифада андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.
Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.
Истиқлол шарофати билан маҳаллаларимиз кундан кунга обод бўлиб бормоқда. Ушбу муқаддас масканда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини, қалбларида эса она Ватанга хизмат қилиш, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Бугун ўзларининг ибратли ишлари билан нафақат туман, балки вилоят миқиёсида алоҳида эътибор топаётган маҳалла ва қишлоқларимиз жуда кўп. Ана шундай қишлоқлардан бири Андижон туманидаги Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғинидир. Айни кунда қишлоқ ўрамида 139 та фермер хўжалиги, 4 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та коллеж, 3 та қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, шифохона, болалар мусиқа ва санъат мактаби, мурувват уйи,50 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.
Бўтақоранинг табиати ҳам ўзгача, атрофи қир-адирлар билан ўралган, ҳавоси мусаффо, сувлари булоқ сувидек ширин, одамлари меҳнаткаш, танти ва меҳмондўст. Қишлоқда турли жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Давлат дастурлари ижросини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ва маънавиятини юксалтириш, бандлик, тадбиркорлик, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
- Айни кунда қишлоғимиздаги 8 та - Деҳқон, Наврўз, Март, Оқровот, Намуна, Мустақиллик, Беш паҳлавон, Маориф маҳалла фуқаролар йиғинлардаги 5300 дан зиёд оила таркибида 20 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Тўхтаматов. - Ҳудудимиздаги ҳар бир маҳалла ўзининг ободлиги, айниқса, меҳнаткаш ва сахий одамлари билан билан ажралиб туради. Қай бир маҳалланинг қай бир хонадонига кирманг, ободликдан, ҳамқишлоқларимизнинг хуш муомаласи, меҳр-оқибатидан кўнглингиз тоғдай кўтарилади. Улар билан суҳбатлашсангиз, яратувчанлик, бунёдкорлик иштиёқи билан яшаётганликларини, нигоҳларидан эса бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналикни уқиб оласиз.
Истиқлол берган кенг имкониятлар, юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг доимий қўллаб-қувватланаётганлиги туфайли қишлоқда тадбиркор, ҳунармандлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этаётган оилалар сафи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Март маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодиржон Юнусов ҳам қишлоқнинг изланувчан тадбиркорларидан бири, шу билан бирга, намунали оила бошлиғидир.
- Баҳодиржон турмуш ўртоғи Мунаввархон билан тотув ҳаёт кечириб, 4 нафар фарзандларини ўқмишли, ҳунарли, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдилар, учта келин туширишди, - дейди маҳалла маслаҳатчиси Гулнорахон Бозорова. - Оиладаги чиройли муҳит, аҳилликка кўпчилик ҳавас қилади. Чунончи оиланинг учинчи фарзанди Бахтиёржон маҳалламизда "Ботирбек" номли чойхона қурди. Кенг, ёруғ, замонавий кўринишга эга ушбу чойхона маҳалламиз кўркига кўрк қўшди, халқимизга чиройли хизмат қилмоқда, қолаверса, 9 нафар маҳалламиз ёшлари бу ерда доимий иш ўрнига эга бўлди.
Мазкур маҳаллада яшовчи Олимжон Рашидов ҳам савдогарлик ҳунарини эъзозлаб, қишлоқ аҳлига нафи тегаётган инсонлардан. У Наврўз маҳалласида мўъжаз савдо шохобчаси ташкил этиб, аҳолига қулайлик яратмоқда, маҳалладошлари турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшмоқда, ёшларни иш билан таъминламоқда. Меҳнаткаш, изланувчан тадбиркорлардан бири Абдураҳмон ака Сайназаровнинг ташаббуси билан маҳалла ҳудудида болалар футбол майдончасининг барпо этилганлигидан барча мамнун. Умуман, кўча ва гузарларни ободонлаштириш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида Шавкатбек Раҳимов, Қудратбек Fанибоев, Баҳодир Рустамов, Шокиржон Йўлдошев, Биродаржон Юсупов, Хуршидбек Сайназаров сингари тадбиркор ва фермерлардан қишлоқ аҳли чексиз миннатдор.
Қишлоқдаги турли маҳаллаларда чеварлик, дўппидўзлик, ҳунармандлик йўналишларида фаолият юритаётган Шавкатбек Раҳимов, Наргизахон Абдурашидова, Муҳаммадсодиқ Розиқов, Марғуба Солиева, Нилуфар Мамажонова сингариҳунармандлар ўзлари тайёрлаётган турли либослар, кўрпа-тўшаклар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари билан бозорларимизни тўлдираётганлиги, одамларга чиройли хизмат кўрсатаётганлиги, қолаверса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёшларга ҳунар ўргатаётганликлари таҳсинга муносибдир.
Қишлоқдаги маҳаллаларда бунёдкорлик, ободонлаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқда қатор савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишлар айниқса, Март, Оқровот, Беш пахлавон маҳаллаларда намунали ташкил этилди.
Эътироф этиш керакки, қишлоқдаги маҳаллаларда шахсий томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам ҳавас қилса арзийдиган ишлар олиб борилмоқда. Томорқанинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш, йилда икки, ҳатто, уч марта ҳосил олишга эришаётган миришкорлар талайгина.
- Томорқамизда 4 сотих ерга иссиқхона қурганмиз, - дейди "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи уй бекаси Муқаддамхон Каримова. - Бир неча йилдирки, помидор, карам кўчатлари етиштирамиз, оиламиз бундан ҳар йили қарийиб 5-6 миллион сўм атрофидадаромад олади. Иссиқхонанинг бир қисмига редиска, кашнич, укроп сингари зиравор кўкатлар экканмиз. Бундан нафақат оиламиз, балки қўни-қўшнилар ҳам баҳраманд бўлади. Эҳтиёжимиздан ортганини эса бозорда сотамиз.
Маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган "Саломатлик сектори" фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида"Соғлом она ва бола" йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, оналар ва болаларсоғлигини муҳофаза қилиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Тиббий кўриклар, тарғибот тадбирлари орқали аҳолининг тиббий саводхонлиги, соғлом турмуш тарзи борасидаги тушунчалари бойитиб борилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг турли хасталиклар билан касалланиш ҳолатлари кескин қисқармоқда.
Қишлоқ маҳаллаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар тарбияси, айниқса, ёшларнинг турли иллатлар, диний ақидапарастлик ғоялари, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушишнинг олдини олишга қаратилган тадбир ва мулоқотлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда маҳаллаларнинг диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторларининг хизматлари ниҳоятда катта.
Хиромон Сиддиқова, Давлатхон Абдуллаева, Маърифатхон Асқарова сингари маслаҳатчи, отинойи ҳамда фаолларнинг ибратли фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.
- Маҳалламизда ўтказилаётган "Қайнонам онам менинг", "Маҳалламиз маликаси", "Энг намунали оила"сингари тадбир ва танловлар, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуронийларнинг ёшлар билан учрашувлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, - дейди "Деҳқон" маҳалласи маслаҳатчиси Гавҳархон Нуриддинова. - Хусусан, қишлоқ миқёсида ўтказилган "Энг намунали оила"танловида маҳалламиздаги илғор оилалардан бўлган Солижон Абдураҳимов оиласи ғолиб деб топилди. Умуман, бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса,ёшлар қалбида оилани муқаддас билиш, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларнимустаҳкамламоқда.
- Тўгарак маҳалладаги қизларимизни бирлаштириб, уларнинг фаоллигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини бошанғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ҳабибахон опа Бозорбоева. - Машғулотларда қизларимизни турмушга тайёрлаш, айниқса, пазандалик, орасталик борасидаги билим ва кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, "маҳалла - таълим муассасаси - оила" ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу эса таълим муассасаларида давоматни яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидаги ишларни самарали олиб бориш имконини бермоқда.
Мухтасар айтганда, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси - Ад-ҳамжон Тўхтаматов, котиби Собиржон Каримов атрофига уюшганБўтақора қишлоғи фаоллари томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида кўп гапириш мумкин. Маҳалла деб аталувчи қутлуғ масканда яшовчилар бир-бирларининг қувончу ташвишларига шерик. Маҳалла, ундаги ҳар бир оила тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади, жамиятимизда меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади, ҳаётимиз янада фаровон бўлади. Бугун ишонч билан айта оламизки, бўтақораликлар озод ва обод Ватанимизнинг равнақи ва ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, бундан буён ҳам улар бу йўлда бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қиладилар. Тинч ва осойишта ҳаётимизга асло кўз тегмасин. Тўйларимиз тўйларга улансин. Мана шу обод юртни, тинч ва фаровон ҳаётимизни ҳар қадамда асраб-авайлайлик.
Андижон қишлоқ ҳўжалик институти қошидаги 1- сонли Куйганёр академик лицейида ҳам янги ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган"Хотира дарси" билан бошланди.
Вилоятимиздаги нуфузли таълим масканларидан бири бўлган Куйганёр академик лицейида айни кунда тўртта - аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда хорижий тиллар филологияси йўналишлари бўйича 150 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.
Лицейда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. 26 та махсус фан кабинетлари, 15 минг нусхадаги китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 200 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис майдони, 300 ўринли йиғилиш зали ўқувчилар ихтиёрида.
Жорий йилда лицейимизда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Андижон шаҳридаги "Транспорт қурувчи-Анд" қурилиш фирмаси томонидан 800 миллион сўмдан зиёд миқдордаги бюджет маблағлари сарфланиб, алоҳида иситиш қозонхонаси қурилди, бино мукаммал таъмирдан чиқарилди. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан лицейга янги жиҳозлар, хусусан, 20 миллион сўм миқдордаги спорт инвентар ва жиҳозлари ажратилди.
Жамоамизда ўз ишини яхши биладиган, тажрибали мутахассислар меҳнат қилади. Уларнинг 22 нафари олий маълумотли педагоглардир. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти ўқитиш жараёнига ижодий ёндашади, дарсларни илғор педагогик технологиялар, интерфаол усуллар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратадилар. Шу боис ҳам ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишлари, фанларни ўзлаштириш даражаси юқори. Пухта таълим бериш, ўқувчиларимиз фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ўтган ўқув йилида қатор ўқувчиларимиз турли тадбир ва фестивалларда фаол иштирок этди, фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашдилар. Жумладан, хорижий филология йўналишиўқувчилари Бекзод Усмонов информатика фанидан, Моҳинур Мадаминова эса инглиз тили фанидан фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1- ўринга сазовор бўлдилар.
Бу каби ютуқларга эришишда Дилдора Турғунова, Муносибхон Умарова, Муҳаррамхон Саримсоқова, Дилфуза Бўронова, Ўринбой Эргашев, Гулбаҳор Отажонова, Зумрад Эргашева, Арофат Тожибоева сингари фаол ва фидоий ўқитувчиларимизнинг алоҳида хизматлари бор.
Бундан ташқари, лицейимизда турли тадбирлар, беллашувлар ва спорт мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилади. Сентябрь ойида гуруҳлараро "Энг кўп баҳоланган гуруҳ" тадбири ўтказилмоқда. Бундан мақсад, ўқувчиларни фанларни пухта ўзлаштиришини, дарсга қизиқишини ошириш ҳамда машғулотларда узулуксиз қатнашишини таъминлашга эришишдир. Жорий ўқув йилининг дастлабки ҳафтасида мазкур йўналишда 91- гуруҳ ўқувчилари олдинда бормоқда. "Энг кўп бадиий китоб ўқиш" беллашувида эса 89- гуруҳ ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда.
Лицейимизда турли фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритади.
Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг маънавияти, фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирларда "тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида фаол ўқувчиларимиз тенгдошларига белгиланган мавзулар доирасида маърузалар билан иштирок этадилар. Ўқувчиларимиздан ОйдинойСотволдиева, Омаджон Нўъманов, Бекзод Усмонов, Ирода Бобожонова, Хонзодабегим Раҳимовалар ана шундай, балки лицейда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этишади.
Куни кеча мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримов хотирасига бағишланиб, "Доим қалбимиздасиз" мавзусида адабий кеча ўтказилди, унда ўқувчиларимиз Президентимизга атаб ёзган шеърлари, монологлари билан иштирок этдилар.
Умумий майдони қарийб 40 минг квадрат метрни ташкил этадиган лице-йимиз ҳудудини ободонлаштириш, тоза ва озодалигини таъминлаш ҳам алоҳида эътиборимизда туради. Ҳар бир гуруҳ ўзларига ажратилган ҳудудларга гуллар экади, парваришлайди. Умуман, лице-йимизнинг озодалигини таъминлаш ишида ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи фаол иштирок этади.
Жорий ўқув йилда ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш жамоамизнинг бош мақсади бўлиб қолади. Ёш авлодни билимли, ҳар томонлама етук, Ватанимиз равнақига хизмат қиладиган комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Тўлганой САИДНАЗАРОВА,
Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги Куйганёр академик лицейи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари.
36 йилдан буён ёшларга касб маҳоратидан таълим бериб келади,
қариийб 20 йилдан буён коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари.
Самарали меҳнатлари учун 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Таълим аълочиси",
2016 йилда "Ўзбекистон Респубикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Оилали, турмуш ўртоғи Дилмурод ака Мусаев билан 5 фарзандни тарбиялаб, юртга қўшди.
Кейинги йилларда касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва самарадорлигиниошириш, коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидакенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, 9 та мутахассислик бўйича 1500 нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олаётган бизнинг Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга пухта касбий таълим бериш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги битирувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Коллежда ўқувчиларнинг бугунги кун талаби даражасида билим олишлари, касбий малака эгаллашлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Яъни, бу ерда тикувчилик, чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқув устахоналари мавжуд. Дарсларнинг амалий машғулотлар билан узвий равишда ўтказилиши ўқувчиларнинг таълим ва касбга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Ўтган ўқув йилида коллежимизни тамомлаган 348 нафар ўқувчининг бандлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар олиб борилди. Улар тўрт томонлама шартнома асосида вилоятдаги мулкчилик шакли турлича бўлган корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтади. Бугунги кунга келиб битирувчиларимизнинг 10 нафари олий ўқув юртида таҳсилни давом эттирмоқда, 338 нафари эса ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 10 дан ортиқ битирувчининг бизнес-лойиҳалари кўриб чиқилиб, имтиёзли кредитлар ажратилиши учун тегишлибанкларга тақдим этилди.
Коллежимизда касбий таълим йўналишидаги ишларни самарали ташкил этиш ҳамда эришилаётган муваффаққиятларда касбий таълим бўйича ўқитувчи ва усталардан Гулнора Хусанова, Шерзод Абдураҳимов, Ёқубжон Қаюмов, Барно Абдураҳмонова, Фотима Саидаҳмедова, Дилноза Абдураҳмоноваларнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор.
Мухтасар айтганда, коллежимизда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилида ҳам жамоамизнинг ҳар бир аъзоси эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг етук шахс, ўз соҳасининг малакали мутахассиси, энг муҳими, жамиятимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қиладиган комил инсонлар бўлиб камол топишлари учун бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қилади.
Моҳидилхон МУСАЕВА,
коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари.
Юртимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Андижон шаҳридаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам жорий ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган"Хотира дарси" билан бошланди.
Бачамизга яхши аёнки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилди. Тўрт босқичли таълим тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши эртамиз эгаларининг билимли ва юксак салоҳиятли бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
"Хотира дарси" жараёнида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида юртимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги, умуман, миллат отасининг ёшлар камолоти йўлидаги эзгу ва хайрли ишлари ёдга олинди.
Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган иратли ишларни коллежимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирда коллежимизда 1500 нафарга яқин ўқувчи тўққиз мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, муайян касбни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган.
Жамоамизда 139 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади, уларнинг 97 нафарини педагоглар ташкил этса, 50 нафари олий маълумотли педагоглардир. Жорий ўқув йилида барча мутахассислик йўналишлари бўйича 270 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Коллежимиз вилоятимизнинг саноат ва транспорт корхоналарига малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи таълим муассасаларидан биридир. Хусусан, таълим масканимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, касбий таълим бўйича устахоналар, махсус лабораториялар, лингафон, информатика, мультмедия хоналари, 21 мингта китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхона мавжуд. Шунингдек, 20 та фан тўгараги, 3 та спорт секцияси, "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатмоқда.
Коллежимизда гуруҳлараро турли беллашувлар, қизиқарли тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. Хусусан, "Соғлом она ва бола" йилига бағишланиб, қизлар ўртасида "Ўзбек аёллари тарих саҳнасида", "Обод юртнинг зебо қизлари", "Коллеж маликаси", "Либосларда қадрият акси", "Зулфияхоним издошлари" каби турли тадбирлар бўлиб ўтди. Ана шу тадбирларда коллежнинг 180-, 192-, 181-, 182-, 192- гуруҳ қизлари фаол иштирок этди. "Коллеж маликаси" танловида эса 192- гуруҳ ўқувчиси Ҳожарой Анваржонова ғолиб чиқди.
Коллежимиз ўқитувчилари ҳам шаҳар, вилоят миқёсидаги турли танловларда ва тадбирларда фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Жумладан,касбий таълим бўйича директор ўринбосари Моҳидил Мусаева мустақиллигимизнинг 25 йиллиги кўкрак нишони билан такдирланганлиги барчамизни қувонтирди. Ҳамкасбларимиздан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Ҳакимова, информатика фани ўқитувчиси Дилрабо Аҳмедова, биология фани ўқитувчиси Саида Мақсумова, физика фани ўқитувчилари Муҳайё Икромова, Шуҳрат Акбаров, рус тили фани ўқитувчилари Фотима Зокирова, Нигора Шоҳобиддинова, Муҳайё Баҳриддинова, иқтисод фани ўқитувчиси Маҳмуджон Қўчқоровлар ноанъанавий дарс усулларидан самарали фойдаланиб, ҳам-касбларига намуна бўлмоқда.
Жамоамиз эришаётган муваффаққиятларда ўқув, маънавий-маърифий ишлар ҳамдакасбий таълим бўйича директор ўринбосарлари Соибжон Ҳакимов, Наргиза Абдупаттаева, Моҳидил Мусаева ҳамда бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ойдиной Умароваларнинг алоҳида хизматлари бор. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча устоз ва мураббийларни, ўқувчи ёшларниянги ўқув йили билан табриклайман. Машаққатли, аммо шарафли фаолиятларида уларга ҳамиша омад ёр бўлсин.
"Меҳмонлар нима деб ўйлайди?" - бу нарса хаёлига келганида Гронг уятдан лоладай қизариб кетди. У никоҳ маросимида куёв ёнида ўтиргани,кўплаб нигоҳлар ўзига қаратилганини тасаввур қилиб, меҳмонлар чеҳрасида ҳозирданоқ таъна аломатларини кўрди.
Бошқа тарафдан олинса, кўйлакни танлаган, бир неча соатдан сўнг унинг эри бўлмиш Чит барчасини зиммасига олган экан, у нима учун хавотирланиши керак? Агар никоҳ кўйлаги кимгадир маъқул келмаса, унга нима? Ахир меҳмонларни деб турмушга чиқаётгани йўқ-ку.
Яна бир неча вақт Гронг шу тарзда фикр юритди. Сўнг хаёлига, агар Читга - миллионер Читга, пхуктедаги конлар соҳибига - турмушга чиқмай, ўз қўшниси, болаликдаги дўсти Дедга чиққанимда не бўларди?
Дед, албатта, бунақа кўйлак кийишига рози бўлмасди - ахир у ўз урф-одатларига оғишмай амал қилади. бир неча марта: "Европача удумдан эси оғиб қолувчи, ярим яланғоч енгилтабиатхонимчаларни кўргани кўзим йўқ, улар аёлнинг асл латофати камтарлик ва оқилаликда, иффатини сақлашида, европача рақсларда қабул қилингандек, дуч келган биринчи одамга ўзини қучишга йўл қўймасликда эканлигини тушунмайдилар!" - деганди.
Гронг удумга кирган европа рақсларини умумий дўстлари уйида қунт билан ўрганаётган чоғида Дед билан бўлган сўнгги суҳбатини икир-чикиригача эслади. Ахир ўшанда бу нарса Дедни ғазаблантиришини, ораларидаги деярли йигирма йил давом этган дўстликни ўлдиришини хаёлига ҳам келтира олмасди у! Ортга-да йўл йўқ - бунинг учун ҳар иккиси ҳам керагидан ортиқ ғурурли!
Сўнг эса тақдир Гронгни Читга дуч қилди. У деярли ярим йил барча урф-одатларни маромига келтириб, Гронга хушомад қилиб юрди ва қизга Читни севиб қолгандек туйила бошлагач, оила қуришга келишдилар.
Гронг кўзгуга орқа ўгириб, чуқур хўрсинди.
"Бугун тўйим, мен эса миямни бўлмағур нарсалар билан банд қилиб ўтирибман. Ўтмиш аллақачон ортда қолган. Дед бирон идорада елкаси букчайиб ишлаб ўтиргандир, мен майин чарм қопланган юмшоқ ўриндиқли, ҳашаматли автомобилда кезиб юраман. Эрим мени муҳтожлик ва қисматнинг барча кўргуликларидан ҳимоя қилади, ойдин кечалари иккимиз денгиз бўйлаб яхтада сайр этамиз, машҳур "ўн мингталикка"кирувчи олий табақага қабул қилинаман". Гронг ушбу манзарани барча тафсилоти билан кўз олдига келтириб, ёмғирдан қутулиб қолган парвонадек бахтли ҳис этди ўзини.
У девор соатига кўз ташлади: ўзини тартибга солиш пайти келибди. Кўйлакни яна кияётганида - чўмилишдан сўнг ҳали атнаси ҳўлмиди ёки кескин қўл ҳаракатидандир, балки кўйлак беҳосдан чап сони ва қўлтиғи тагидан сўкилиб кетди ва юраги ёрилгудек бўлди: у шунчалик ишонч билан ўзини тайёрлаган нарсаларнинг бари рўёбга чиқармикин?
Гронг ногаҳонда англади: ҳар қандай оилали аёлнинг ҳаёти ушбу кўйлакка ўхшайди. Янгилигида чиройли, нима қилиб бўлса-да, авайлаш керак, бироқ эртами-кечми охорини йўқотади ва барчаси исталган пайтда чиппакка чиқиши мумкин. Чит унга айтган назокатли сўзлар бутун умр кафолат бўлишга ишониш қийин. Янги нарсага ошуфталик ўтгач, ишқ олови сўнса, нима бўлади? Ўшанда ҳам Читнинг муҳаббати ва садоқатига суянса бўладими?
Гронгнинг хаёллари яна Дедга қайтди. Турмушга чиққанини қанчалик оғир қабул қилади, уни бу уйда бошқа кўрмай, қанчалар қайғуга ботади! Ким-ким, аммо у Дедга тўлиқ ишониши мумкин эди - у ҳаммасини кечира оларди, ҳар қандай, ҳатто энг бемаъни қилиғини ҳам!
Тушликдан сўнг никоҳ маросими ўтадиган уйига олиб кетиш учун Чит унинг ортидан келиши керак. Бироқ, автомобиль сигнали янграганида Гронг ҳар доимгидек дераза томон отилмади. У никоҳ кўйлагини бепарвогина эгнидан ечди-да, хаёли паришон ҳолда майда-майда парчаларга бўлиб ташлади, сўнг каравотга ўзини ташлаб, юзтубан ётганча аччиқ-аччиқ йиғлади.
Севишиб турмуш қурган икки ёш нима сабаб бўлди-ю, ажрашиб кетишди. Аёл ёш гўдагини отасига ташлаб, бошқа турмушга чиқди. Гўдак ўгай она қўлида қолди, унинг бағрида ўсиб-улғайди. Вояга етгач, унга тўй қилишди.
Тақдир тақозоси билан бу тўйда унинг туққан онаси ҳам қатнашди. Аммо ўз ўғли уни танимасди, ўгай она бағрида эди. Чунки ўгай она ўгайлик қилмади. Уни ўз фарзандидек ардоқлади. Ука-сингиллари ҳам унга гиргиттон эди.
Ўз онаси тўйхонанинг чеккасида кўзларидан ёши шашқатор оқиб, мунғайиб ўтирар, беҳуда ўтган умрини лаънатлар эди. Ахир, бир неча марта эрга чиққан бўлса-да, Яратган унга бошқа фарзанд бермади.
Ёшлигидаги хатоси эса уни ягона фарзандидан жудо қилган эди.
Ўшанда эрига, фарзандига меҳр бермаганидан минг пушаймон бўлди. Лекин энди кеч...
Ҳамма жойда ва ҳамма замонларда бўлганидек гавжум бозор эди. Кенг саҳнадаги устунларининг бирига елка бериб ўтирадиган тиланчи чолга ҳам ҳар доимдагидек кўпчилик эътибор бермас, кўнглига келгани бир-икки чақа ташлар, чолнинг "Одам бўл" деган бўғиқ хитобига парво қилишмасди. Чол эса бошқаларга ўхшаб узун-юлуқ дуо қилмас, ўткинчиларга ялиниб-ёлвормас, аксинча, ўнгиб кетган дўпписини олдига қўйганча жим ўтирарди. Бозорда кўпдан буён савдо қилувчи йигит бўлиб, у ҳам чолга кўникиб қолган, аҳён-аҳён унга садақа бериб ўтарди.
Кунларнинг бирида кўнглига келган савол ўзига қизиқ туюлди ва йигит чол томонга йўл олди. Чол доимгидек ним табассум билан маъюс қиёфада ўтирарди. Йигит унинг дўпписига танга ташлади ва одатий сўзларни эшитди: одам бўл! Чол ҳатто йигитнинг юзига бош кўтариб қарамади ҳам. Шунда йигит унинг қаршисига чўккалаб ўтирди ва қариянинг юзига қаради. Чолнинг қисиқ, аммо ўткир кўзлари ялтиллаб кетгандай туюлди. Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Йигит қизиқсиниб, чол бепарво.
Чол атрофга олазарак назар солди ва тағин қаршисидаги йигитга жилмайиб боқди. Унинг сийратидаги аллақандай нурли истара йигитни кутилмаганда эсанкиратиб қўйди ва беихтиёр ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. Шунда чол ердаги дўпписини қўлига олиб тангаларини ерга тўкди. Дўппини ушлаб, йигитга қисиқ кўзларини ўқдай қадаб деди:
- Буни жирканмасдан, ихлос билан кий!
Йигит унинг айтганини қилиб, дўппини бошига кияркан, шу заҳоти ёнгинасида ниманингдир ириллаган товушини эшитди. Илкис ўрнидан туриб қараганда ириллаган нарса каттакон кулранг бўри эканини ва жондорнинг бамайлихотир бозор оралаб кетаётганини кўрди. Бу ғаройиб ҳолдан ажабланиб турган йигитнинг кўзлари не ажабки, кўзойнак таққан, димоғдор улкан илонга тушди. Илон худди одам каби эмин-эркин вишиллаб бозор ораларди. Бу морнинг изида эса чиройли сават тишлаб, акиллаб бораётган итни ҳам кўрди савдогар йигит. Унинг бироз қўрқув ва хавотирга тўла ҳайрати баттар ошган эди.
...Новвот тарозилаётган тошбақани, ун сотаётган майна қушни, "Кеб қолинг, бахтингизни синаб кўринг" деб қичқираётган тулкини, ўроқ ясаб ўтирган темирчи йўлбарсни, унинг олдида қоп елкалаб тик турган қўйни, очиқроқ жойда тамаки тортиб турган бир жуфт каламушни ва яккам-дуккам одамларни ҳам кўрди савдогар йигит...
Шу пайт унинг тиззасида қаттиқ оғриқ турди. Бурилган эди бошидан дўпписи учиб тушди. Чол тиғли асо билан унинг тиззасига туртаётган эди. Чол тангаларини ердан олиб тағин дўпписига соларди. Йигит унга тиз чўкиб ёлвора бошлади.
- Мен кимман, одамманми-йўқми, айтиб беринг?
Чол жавоб бермади. Йигит унинг жимлигини ўзича тушунди ва дўппига яна танга ташлади. Мўйсафид эса тағин: "Одам бўл!" деб хитоб қилди. Йигит энди кўзига ёш келганини ўзи ҳам илғамай гапга тушди.
- Жон ота, бир оғиз айтинг, менинг кимлигимни. Мен шуни билайин, сизни уйимга олиб кетиб ардоқлаб юраман, ўз отамдай кўраман...
- Одам бўл, одам бўл, одам бўл... - чол бошқа жавоб қилмади.
... Бугун бозордаги донишманд қария ҳам йўқ, унинг синоатига гувоҳ йигит ҳам. Аммо ўша ҳақиқатнинг мантиғи ҳамон амалда. Шундай эмасми?
Эндигина хизмат хонамга кириб турганимда, телефон жиринглаб қолди: шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси Мухтасархон Ҳошимова шаҳар ҳокимлигига келиб-кетишимни, бир оиланинг муаммосини бартараф қилиш учун ҳуқуқшунос маслаҳати зарурлигини айтди.
Муаммога дуч келган ўша оила билан яқиндан танишдик. Шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшайдиган оиланинг шароити қониқарли даражада. Фақат оила бошлиғи ёш онага ҳар доимо зуғум ўтказар, ўз вазифасини бажара олмаяётганликда айблаб, "ажрашамиз" дея шарт қўяётган экан. Оила бошлиғини идорага чақириш баробарида эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ота-онанинг ҳуқуқ ва бурчлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганлигини ҳаётий далиллар билан тушунтирдик. Оила бошлиғи ўз зиммасидаги вазифаларни билмаганлиги боис, кўп тушунмовчиликлар келиб чиққанлиги, энди уларнинг барчасигабарҳам беришини айтиб, бизларга миннатдорчилик билдирди. Оилада тинчлик-тотувлик ўрнатилди. Ўзим ҳам енгил тин олдим.
Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан шаҳримиздаги ўн тўртта маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган уй бекалари - оналаримиз, аёлларимиз, ўртасида ҳуқуқий масалаларда тез-тез суҳбатлар, савол-жавоб кечалари, учрашувлар ўтказиб турибмиз. Ёш оила вакилларини намунали хонадонларга таклиф этиб, узоқ вақт ҳамжиҳатликда, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромдаумргузаронлик қилиб, нималарга эришаётганликлари, эл-юрт орасида қай даражада ҳурмат-эътибор топаётганликларини уларнинг ҳаётлари мисолида кўрсатмоқдамиз. Фуқаролар йиғинларининг диний-маърифат, маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари зиммасида бу борада катта масъулият бор. Аввало, улар етарли даражада диний ва дунёвий билимларга, ҳаётий тажрибага эга бўлишлари керак. Маслаҳатчи улар учун тез-тез кўргазмали семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб келаётганимиз уларнинг иш фаолиятларида катта ёрдам бермоқда.
Оила мустаҳкамлиги никоҳдан бошланади. Янги турмуш қураётган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, ёш келин-куёвлар университети машғулотида иштироки, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган отахон-онахонларнинг панд-насиҳатларини тинглашлари оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Йил бошидан бери никоҳдан ўтган икки юз ёш оила соҳибларига оила, эр-хотин муносабатлари, фарзанд туғилгандаги, унинг тарбиясидаги муҳим вазифалари пухта тушунтирилди. Бу борада олиб борилаётган ишларимиз, шубҳасиз, ёшларимиз қурган оилаларнинг мустаҳкам бўлишига, уларда тарбияланаётган фарзандлар эса Ватанимиз учун фидойи, эл-юрти, оиласига муносиб инсонлар бўлиб вояга етишларига ёрдам беради. Озод ва обод юртимиздаги ҳар бир оиладатинчлик-тотувлик, файз-барака ва бахт-саодат ҳукм сурсин.
Шундай инсонлар бўладики, улар тириклигида ўзларига мангу ҳайкал қўйиб кетадилар. Ана шундай буюк зотлардан бири мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.
У кишининг шижоати вамардлиги билан юртимиз мустақил деб эълон қилингандан сўнг ўтган йигирма беш йил давомида Ўзбекистонимиздаасрлага татигулик ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, юртимиз обод бўлди, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига тамал тоши қўйилди, юртимиз қудрати, буюк келажаги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Минг афсуски, ул зот бугун орамиздан боқий дунёга кетди. Лекин у киши бошлаб берган истиқбол йўли, эзгу амаллар бардавомдир.
Халқимиз миллий истиқлолга эришган дастлабки оғир кунларни, ғанимлар диний, миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва Юртбошимизнинг оқил сиёсати туфайли халқимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси интилса, ҳаракат қилса, ҳар қандай орзу-истагига эришиши мумкин. Бундай гўзал, фаровон, тинч-осуда ҳаётни ота-боболаримиз фақат орзу қилишган, қолаверса, уруш ҳаракатлари, турли табиий офатлар рўй бераётган кўплаб давлатлар аҳолиси юртимизга ҳавас назари билан қарашлари аниқ.
Мана шундай тинч, осуда, неъматлар бисёр бир маконда яшаётганлигимизга шукрона айтишимиз зарур. Бизга эркинлик берган, ўз имкониятларимиздан тўлақонли фойдаланишимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган мамлакатимиз равнақи учун қўлимиздан келганча хизмат қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, аҳён-аҳёнда айрим юртдошларимизнинг ношукрлик қилишлари ҳар қандай одамни ранжитади. Тўғри, кишининг ҳаёти ҳамиша текис ўтмайди. Баъзида ҳаётда турли қийинчиликлар юз бериши мумкин. Бу билан ношукр бўлишимиз, бунинг учун кимларнидир айблашимиз динимизнинг ёхуд инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди. Инсон Аллоҳ берган қийинчиликларни сабр, бардош билан енгиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:"Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир", деб марҳамат қилган.
Шу ўринда шукр қандай адо этилиши хусусида кенгроқ тўхталиб ўтишимиз ўринли бўлади. Шукр қилишлик икки хил бўлади, шукр қалбий, яъни қалбан шукр қилиш. Шукри лисоний, яъни тил билан шукр қилишлик. Банда шукр қилишлик аввало, банда эга бўлиб турган барча неъматларга хурсандлик билан розибўлмоғи, Тилнинг шукри ёлғон гапирмаслик, ғийбат, шикоят қилмаслик, қулоқнинг шукри эса ғийбатларни эшитмаслик, кўзнинг шукри ношаръий нарсаларга тик боқмаслик, хуллас мана шунга ўхшаб инсон ўз вужудидаги аъзоларига зиён келтирадиган барча нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмоқлигидадир.
Тил билан қилинадиган шукр ҳам доимо Аллоҳнинг зикрида бўлиш, худа-беҳуда гапларни гапирмаслик билан бўлади. Вужуднинг шукри ибодат билан, қалбнинг шукри эса қалбига гумон, иғво, бўҳтон сингари ёмон иллатларни келтирмаслик билан намоён бўлади. Улуғ донишмандлардан бири инсон: "Ё Роббим, аввало юртимизни тинч қилганингга шукр, аҳли аёл, аҳли солиҳ фарзандлар берганингга, озми-кўпми мол-мулк билан сийлаганингга, адолатли подшо, оқибатли қўни-қўшнилар билан ҳамроҳ қилганингга шукр" дея барча неъматларга шукр қилмоғи керак деб ёзади.
Пайғамбар (с.а.в.) эса муборак ҳадису шарифларида "Қаноатли киши бой кишидир, сабрли киши иймонлидир, чунки иймоннинг ярми сабр билан ўлчанади" деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб гапирмоғи зарур бўлади. Аллоҳ таоло шукр қилгувчи бандалари билан ва сабрлилар билан биргадир. Аллоҳ таоло барчаларимизга шукр қилишлигимизни зиёда қилсин, ношукр бўлишдан ўз паноҳида асрасин. Сабрли бандалари қаторида бу дунёда чиройли ҳаёт кечиришликни насиб этсин. Юртимизда тинчлик, осойишталик барқарор бўлсин.