+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

23 Март 2017

НАВРЎЗ САЙЛЛАРИ - ЮРТ ОБОДЛИГИДАН НИШОНА

(13-сон)

НАВРЎЗ САЙЛЛАРИ - ЮРТ ОБОДЛИГИДАН НИШОНА

Бугун кўнгилларга хушнудлик бахш этиб юртимизда баҳор шабадаси эсмоқда. Қуёшнинг илиқ тафтидан баҳра олаётган замин, дов-дарахтлар яшил либосини киймоқда. Зилол сувлари шилдираб оқаётган ариқлар бўйларида, далаларда кўкатлар бош кўтариб, кўкка бўй чўзмоқда.

Кўкламнинг қуёшли илк кунларида қишлоқ ва шаҳарлардаги хонадонлар, кўча ва гузарларни ободонлаштириш ишлари, хашар тадбирлари, Наврўз, сумалак сайллари халқимизнинг азалий удумларини, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамламоқда.  Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида ана шундай ҳайрли тадбирлар юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 февралдаги "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида ҳам Наврўз байрами сайллари бўлиб ўтди. 

Бу йилги байрам тантаналари ҳар йилгидан ўзгача - халқ сайли тарзида ўтаётганлиги байрамга ўзгача мазмун касб этди.

     Андижон шаҳри. Вилоятимиз марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи эрта тонгдан кеч оқшомгача одамлар билан гавжум бўлди. Бу ерда ташкил этилган турли кўргазмалар, аттракционлар, халқ ўйинлари ташриф буюрувчиларга байрамона кайфият улашди. Ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилган байрам тадбиридаги карнай-сурнай садолари, дорбозларнинг томошалари, ош танлови, сумалак сайли,  баҳорий таомлар кўргазмалари, ёшлар ўртасида ўтказилган турли спорт мусобақалари байрамга ўзгача жозиба ва шукуҳ бахш этди.

Андижон шаҳридаги болалар боғида ташкил этилган халқ сайли нафақат болаларнинг, балки, катталарнинг ҳам хотирасида сақланиб қоладиган тассуротларга бой бўлди. Маҳаллалар, ташкилотлар ва таълим муассасалари томонидан ташкил этилган турли кўргазмалар, бадиий дастурлар ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади. Истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ўйин-кулгуларга улашиб кетди.

"Камолот" ёшлар боғида ёшлар ташаббускорлигида ўтказилган халқ сайли турли миллий ўйинлар, мусобақалар, беллашувлар билан янада қизиқарли ўтди. Ёшлар билан гавжум ушбу масканда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган истеъдодли ёшлар томонидан намойиш этилган расмлар, каштачилик, тикувчилик буюмлари кўргазмалари, айниқса, баҳорий ва миллий таомлар билан безатилган байрам дастурхонлари барчада катта таассурот қолдирди.

Байрам тадбирларида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, Андижон шаҳар ҳокими Д. Раҳматуллаев иштирок этиб, барчани Наврўзи олам билан муборакбод этдилар.

Андижоннинг энг кўркам ва гўзал гўшаларидан бири бўлган Боғи Бобурда бўлиб ўтган Наврўз сайллари ҳам иштирокчилар билан гавжум бўлди. Турли кўргазмалар, спорт беллашувлари, концерт дастурлари халқ сайлига ташриф буюрганларга байрамона кайфият, кўтаринкилик бахш этди. Болаларнинг ўйин-кулгулари, чойхоналарда ўтказилган палов мусобақалари ва рақс беллашувлари барчага хуш кайфият улашди.

Шаҳрихон. Табиат уйғониши билан ошуфта бўлиб кетган қалбларда яратувчанлик, бунёдкорлик ҳис-туйғулари жўш ура бошлайди. Баҳор ойини фасллар келинчаги, кўкламойим тимсоли, дейилиши ҳам бежиз эмас. Кўклам нафаси уфуриб турган бир паллада янгиланиш ва яшариш, нафосат айёми Наврўзи оламнинг ташрифи қалбларга ўзгача завқ-шавқ улашиши   шубҳасиз. Наврўз байрами муносабати билан турли хил байрам тадбирлари, мусобақалар, танловлар ташкил этилиб, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида, маҳалла ва гузарларда халқ сайиллари ўтказилади.

Шаҳрихонда  Наврўз байрами сайллари ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди.      Сайлларда тумандаги барча маҳаллалар, корхона, ташкилот ва муассасалар фаол иштирок этди. Уюштирилган кўргазмалар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, халқ фольклор дасталарининг ўлан ва лапарлари байрамга янада кўтаринкилик бахш этди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусовалар туман марказида ташкил этилган байрам сайлида иштирок этиб, Шаҳрихон аҳлини  Наврўзи олам билан муборакбод этдилар.

Эрта тонгдан бошланган Наврўз байрами сайллари кечга қадар юқори кўтаринкилик билан давом этди.

Булоқбоши. Халқимизнинг қадим байрами Наврўзи олам арафасида юртдошларимиз қалбида шукроналик, элимизга тинчлик, бир-бирларига омонлик тилайдилар. Таббарук кексаларимизнинг қўллари эса дуода.

- Шу кунларга етказганига шукр, - дейди Булоқбоши қишлоғида яшовчи, меҳнат фахрийси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Раънохон Жуманиёзова. - Қанча-қанча одамлар бугунгидай дориломон кунларни кўролмай ўтиб кетди. Бугун юртимиз обод, ҳаётимиз тинч,  дастурхонларимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холис эканлиги, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати шарофатидандир.

Чилустун тоғлари этагида жойлашган, ўзининг сўлим ва гўзал  табиати ҳар қандай кишини мафтун этувчи Булоқбоши туманида ташкил этилган Наврўз сайли байрами хақиқий халқ сайлига айланди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадионида бўлиб ўтган асосий байрам тадбирида тумандаги фермер хўжаликлари, тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари ташкил этилди. 

Истиқлол йилларида юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Булоқбоши туманида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Туманнинг барча қишлоқ ва маҳаллалари ободонлашиб, янги-янги корхоналар, кенг ва равон йўллар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, боғ ва хиёбонлар бунёд этилди.

 Дарҳақиқат, кейинги йилларда туман маркази, тумандаги барча қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, туман марказида амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Жумладан, туман марказидаги М. Исмоилий кўчаси тўла қайта қурилди.

Тумандаги 37 та маҳалла ўртасида баҳорий таомлар танлови, "Маҳалланинг оқила келини" тадбири, "Қизлар давраси" тўгараклари беллашуви, арқон тортиш, кураш, стол тенниси сингари миллий ва спорт ўйинлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Айниқса,  мактабгача, умумтаълим муассасалари қошидаги бадиий тўгараклар ўқувчилари томонидан намо-йиш этилган дастурлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Юртдошларимизга баҳорий, байрамона кайфият, юқори кўтаринкилик бағишлаётган Наврўз байрами сайллари вилотимизнинг барча туман ва шаҳарларида катта шодиёналар билан бўлиб ўтди.

Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ,

М.Тўхтаназаров,

О. ОЛИМОВА.

Суратда Наврўз

 

 сайлларидан лавҳа.