+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Май 2017

ЎЗБЕК АЁЛЛАР САБР ВА МАТОНАТ ТИМСОЛИДИР

(19 - СОН) Эҳтиром

Бугун орамизда тарихнинг энг оғир даври - Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида жасорат кўрсатиб меҳнат қилган онахонлар яшамоқда. Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз уларнинг фидойилиги, метин иродаси, тоғдек бардошидан барпо бўлган, десак асло муболаға бўлмайди. Уларнинг кўрсатган жасорати ҳеч қачон инсоният ёдидан кўтарилмайди

Ана шундай табаррук онахонлардан бири Асака туманидаги Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилаётган Саодатхон ая Абдурасуловадир. Ўзининг табаррук 90 ёшини қарши олаётган момо бугун тўрт нафар фарзанди, кўплаб набира ва чеваралари бағрида, қолаверса, эл-юрт ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Онахон билан суҳбатлашар эканмиз, улуғ ёшда бўлишларига қарамай, хотирасининг тиниқлигига, тетиклигига, қувноқ гап-сўзларига ҳавасимиз келди.

Саодатхон аянинг болалик, ёшлик даврлари айни қахатчилик ҳамда уруш йиилларига тўғри келди. Ўша йиллари бир бурда нон учун эртадан кечгача меҳнат қилган опа-сингилларимиз қатори у ҳам далада ишлади, тиним билмади.

Саодатхон ая 1946 йили Мамарасул ота билан турмуш қуришади. Машъум урушнинг асорат ва жароҳатлари битмаган оғир йилларда жамоа хўжалигида меҳнат қилди.

- Эркакларнинг кўпи ҳали урушдан қайтмаган, келганларининг ҳам кўпчилиги ногирон эди, - дея   онахон кўзларига ёш олиб, ўша йилларни эслайди. - Шу сабаб барча оғир ишлар, асосан аёлларнинг, болаларнинг зиммасида эди. Ана шундай оғир кунларда  опа-сингилларимиз барча қийинчиликларга елка тутиб, сабр ва матонат билан меҳнат қилишган.

Аянинг турмуш ўртоғи Мамарасул ота кўп йиллар жамоа хўжалигида, қатор корхоналарда омборчи ва бошқа турли вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилди. У кишининг ҳалол, самарали меҳнатлари қадрланиб, қатор орден ва медаллар билан тақдирланган. Афсуски, отахон эрта оламдан ўтди.

Эл-юрт, маҳалладошлари ардоғида яшаётган онахоннинг ҳам фидокорона меҳнатлари улуғланиб, "Меҳнат фахрийси" медали билан тақдирланди.

Ҳозирда фарзандлари барчаси уйли-жойли бўлиб, ўзларидан кўпайишган. Қизлари - Ҳалимахон, Рўзихон ва Ҳабибахон опалар нафақада, оналарининг дуосини олиш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун унинг ҳузурига тез-тез келиб туришади.

Саодатхон аянинг файзли хонадони фарзандлари, қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, маҳалладошлари билан доимо гавжум. Уларнинг ардоғи, меҳри онахоннинг кучига куч қўшади. Уларга ўтмишдаги қийинчиликлар, ҳалол меҳнат қилиш инсонни юксак мартабаларга етказиши ҳақида сўзлаб беради. Юртимиз тинчлиги, фарзандлари, набиралари камолини тилаб, дуолар қилади.

Ҳаёт йўли ибрат бўлган Саодатхон ая сингари пиру бадавлат онахонларимиз ҳаётимиз кўрки, хонадонларимиз файзидир. Бахтимизга улар доимо омон бўлсин. 

 

Ойгул ЭГАМБЕРДИЕВА