+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

13 Июль 2017

ҚИЗЛАРИМИЗ ЮЗИМИЗНИ ЕРГА ҚАРАТМАСИН

(29-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Хонобод шаҳрида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги-янги корхоналар, ижтимоий соҳа объектлари, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди, кўчалар таъмирланди. Натижада шаҳар янада ободонлашиб, ўзгача  қиёфага эга бўлди.

Шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлиги ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Айниқса, юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик тўйини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда одамлардаги шижоат, интилиш, уларнинг дунёқараши, кайфиятидаги ўзгаришларни кўрган кишининг кўнгли тоғдай кўтарилади. Айниқса, Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида шаҳримизга келиб, шаҳарни янада ривожлантириш, аҳоли дам оладиган курорт шаҳарга айлантириш, қатор лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсия, топшириқ ва маслаҳатлар берди. Президентимизнинг ана шу эътибори  шаҳримиз аҳолисини янада улкан марралар сари илҳомлантирди.

Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, унинг ташкилот, корхона ва муассасалардаги    52 бошланғич ташкилотлари томонидан Хонободда яшаётган 20 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд ҳаётий муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, касаначилик, хотин-қизлар, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш     орқали  ёшларимиз бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги доимий комиссиялар иши самарали ташкил этилаётганлиги барча йўналишлар бўйича ижобий натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлмоқда.

Тўғри, ишларимиз яхши, ютуқларимиз бор. Лекин бундан хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларга йўл қўймаслик, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз муҳимдир.

Жорий йилнинг биринчи ярмида шаҳримизда 50 дан ортиқ янги оила барпо бўлди. 31 та ажрим рўйҳатга олиниб, ўтган йилга нисбатан 2 тага камайди. Жанжалкаш, муаммоли оилалар сони ҳам бирмунча камайди. Ажрашиш арафасида турган 46 оила яраштирилди. Шундай бўлса-да, фаолиятимизга танқидий ёндошиб, бу борадаги ишларимиз кўлами ва сифатини янада оширишга ҳаракат қиляпмиз.

 Инсон ҳамиша бахтли бўлиш учун интилиб яшайди. Унга эришиш учун эса астойдил ҳаракат қилиши зарур. Тан олишимиз керак, интилганга бугун юртимизда барча шароитлар яратиб берилган. Ҳар бир киши ўз бахтини оилада ҳам, ўқишда, ишда, маҳаллада, шахсий ҳаётида ҳам барпо этишга қодир. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак аждодларимизни мана шундай дориломон кунларни кўриш учун заҳмат ва машаққат чекканига, лекин унга эриша олмасдан армон билан ўтганига гувоҳмиз. Ўз бахти, фарзандларининг келажаги учун интилишларга не-не тўсиқлар бўлмади дейсиз? Лекин  халқимиз ана шу тўсиқларнинг барчасини енгиб ўтди. Бундан шундай хулоса қилишимиз мумкинки, бахтли ҳаётимизнинг энг биринчи омили - бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровон яшашимиз учун яратилган кенг имкониятлардир.

Минг афсуски, бугун орамиздаги айрим кишилар ана шу имконият ва шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига ноқонуний йўлларга кириб, ўз бахтига, порлоқ эртаси томирига болта ураётганлиги ачинарлидир. Айниқса, баъзи бир ёшларимизнинг туриш-турмуши, феъл-атворига қараб, уларни енгил ҳаётга шунчалик муккасидан кетганлигидан хавотирга тушамиз. Улар ўз олдиларидаги арзимаган қийинчилик, машаққатдан қочиб, уни четлаб ўтишга уринаётганлиги, ҳаётга енгил-елпи қараётганликлари турли муаммоларни келтириб чиқармоқда Жумладан, шаҳримизда ҳам бундай ёшлар йўқ деб айта олмайман. Бу каби ёшлар доимий назоратга олинган, улар билан ички ишлар, тиббиёт, таълим тизими ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида зарур тарбиявий ишлар олиб борилмоқда.

Бундай ёшлар гуруҳи қаердан пайдо бўлмоқда? деган савол туғилиши табиий. Менимча, оилада, маҳаллада, таълим муассасасида улар билан етарли даражада иш олиб бора олмаётгандирмизки, улар юзага чиқмоқда. Бунинг учун ҳар биримиз айбдормиз. Шу ўринда ёшларимиздаги салбий иллатларнинг шаклланишига энг аввало, оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг фарзандига, унинг тарбиясига лоқайд ва эътиборсиз қараётганлиги сабаб бўлаётганлигидан кўз юммаслигимиз керак.

Ҳар қандай инсон фарзанди бахти, камоли учун қайғуриб яшаши, ҳар қандай шароитда ҳам унинг одоб-аҳлоқи, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши, зиммасидаги масъулиятни унутмаслиги даркор. Шундагина фарзанди келажакда ота-онасига раҳмат олиб беради, чинакам роҳат-фароғатни бахш этади.

Оилада, маҳаллада эътибордан четда қолган бола кўнгил кўчасига кириб, хоҳлаган ишини қилишга ўрганади, билиб-билмасдан, тушиниб-тушунмасдан турли ножоиз йўлларга кириб кетади. Айниқса, қиз бола, унинг тарбияси жуда нозик масала. Бу борада нафақат ота-она, балки қўни-қўшни, кенг жамоатчилик икки ҳисса эътибор вак масъулиятни ошириши зарур. Бугун тасодифий танишув, кўнгил майлига берилиб иффатини йўқотиб, жамиятга, оиласи, маҳалласига иснод келтираётган ёш қизларимизнинг борлиги барчамизни жиддий ташвишга солади. Мана шундай ҳолатлар билан боғлиқ жараёнлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда улар носоғлом оила, муҳитда ўсганлиги аён бўлди. Ота ичкиликка берилган, она мол-дунё ишқида, уйда доим уруш-жанжал, болалар ўз ҳолича. Айниқса, ажрашганлар оилаларнинг фарзандлари орасида ана шундай йўлга кириб кетиш ҳоллари кўпроқ учрайди.

Қандай бўлмасин улар ҳам бизнинг фарзандимиз, уларни четга суриб қўйишимиз мумкин эмас. Қизларимизнинг ножўя йўлга киришларига сабаб бўлган омиллар чуқур ўрганилиб, келгусида яна шу каби ишлар такрорламаслиги учун зарур барча чоралар кўрилмоқда.

Халқимизда "Султон суягини хор қилмайди", деган доно нақл юради. Ҳар бир инсон ўзини султон, деб билади. Суяк бу - зурриёддир. Фарзандини мана шундай шармандали аҳволга келиб қолишида отанинг ҳам, онанинг ҳам бирдек айби бор.

Ажралишлар ортидан келадиган кўнгилсизликлар ҳадсиз-ҳисобсиз. У етказадиган моддий зарардан кўра, маънавий зарарнинг кўлами кенгроқ. Уни жойига келтириш учун баъзида асрлар камлик қилади. Бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ер билан битта бўлса, бу унинг авлодлари пешонасида ҳам  тамғадек туради. Қаерда бўлмасин, ким у ҳақида сўрамасин, фалончининг боласи, невараси, деган маломат тоши бошини эгаверади. Бир қизнинг ибоси, ҳаёси нафақат бир оиланинг, балки бутун маҳалланинг, юртнинг ор-номуси эканлиги унутмаслигимиз лозим.

Оилаларда фарзандларни комил шахс бўлиб вояга етишида маҳалланинг таъсир кучини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Энг аввало, оиланинг мустаҳкамлигига эришиш, ажралишларнинг олдини олишда бўлғуси келин-куёвлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Ҳаёт йўллари фақат текисликдан иборат эмаслиги, оилада вужудга келадиган барча муаммонинг ўз ечими борлиги, фақат бунинг учун вақт, сабр-қаноат, бардош кераклиги, оила муқаддас ришталиги уларнинг онгига сингдирилиши лозим. Ҳаётий тажрибаси бой бўлган пиру-бадавлатларимиз доимий равишда ўз насиҳатлари, ибратли умр йўлларидаги кўрган-кечирганлари асосида ёшларга маслаҳатлар бериб боришлари эса мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади.

Оила -жамиятнинг бир бўлаги. Жамиятнинг обод ва фаровон бўлиши эса аввало, оилаларнинг тинч ва тотувлигига боғлиқ. Зотан, аҳил оилада соғлом муҳит қарор топади. Соғлом муҳитдагина одоб-ахлоқли, меҳнатсевар, ўз халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан қарайдиган ёшлар камол топади. Биз бутун сайъи-ҳаракатларимизни ана шундай комил фарзандлар тарбиялашга қаратайлик. Шундагина биз ножўя ишлари билан жамиятимизга доғ тушираётган ёшларимизни тўғри йўлга сола оламиз.

Мухтасархон ХОШИМОВА,

 

Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.