+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ДАРЗ КЕТГАН КЎНГИЛ

(42-сон) Турмуш чорраҳаларида

Ҳилола бахтли эди. Ўзи севган йигитга турмушга чиқди. Рўзғори ҳам бинойидек. Бир йил ўтар ўтмас севгисининг меваси бўлмиш Баҳоранинг туғилиши унга яна бир олам қувонч бағишлади. У оиласини еру кўкка ишонмас, ҳатто ота-онасини кўришга  ҳам бир ойда борарди. У туну кун уй ичида куймаланар, тансиқ таомлар пишириш, хоналарни безаш каби турмуш ўртоғига ёқадиган ишларни бажарганда Рустам акасининг миннатдор жилмайишини ҳеч нарсага алишмасди. У ҳатто, тушларида ҳам бахт қасрининг деворларини янада  мустаҳкам қилишга интиларди. Бироқ билмасдики, кун келиб бу қасрга ғам-ташвиш аталмиш меҳмон ҳам ташриф буюришини...

Бир куни эрини ишга кузатиб уйга кираётганда, қўл телефони жиринглади. Укасининг ташвишли овози уни қўрқитиб юборди. Соппа-соғ юрган отаси бирданига йиқилиб тушиб, инсультга йўлиқибди...

Ҳилола уни деярли ҳар куни кўргани борар, тузалиш ўрнига оғирлашаётганини кўриб ичидан зил кетарди. Қанча даволатишмасин, дард Йўлчибой акани ҳаётдан олиб кетгани келган экан. Отахон бир неча кун хушсиз ётгач, омонатини топширди. Тақдирнинг шум зарбасидан эсанкираб қолган Ҳилола отасини ўйлаб бир йиғласа, онасининг аҳволини кўриб яна эзиларди. У барча маъракалари ўтгунича отаси уйида қирқ кун қолиб кетди. Бу орада жонидан ортиқ кўрган Рустам акаси анча ўзгариб қолди. Ҳилоланинг қайғусига шерик бўлиш, уни суяш ўрнига...

Ҳилола ўша куни юрагининг бир парчаси узилгандек, ярим кўнгил билан уйига қайт-ди. Кела солиб қизчасининг ёнига ўйинчоқларни қўйди-да ўзи бесаранжом бўлиб кетган уйларни йиғиштиришга тушди. Шу пайт ҳол сўраш учун чиққан қўшни аёл унга ачинганнамо тикилаётганини сезиб, сергакланди.

- Менда бирор гапингиз бормиди? - деб сўради хавотир билан.

- Нима десам экан?.. - Қўшни аёл каловланиб турди-да, гап бошлади.

- Ҳилолахон, тарбия кўрган, сабрли қизсиз, лекин бу нарсани айтмасам виждоним қийналади...

- Нима гап ўзи? Тортинмай айтаверинг.

- Сиз йўқлигингизда   Рустамжон... - Аёлнинг томоғига бир нима тиқилгандек гапиролмасди.

- Опажон, тезроқ гапиринг нима бўлди?

- Оилангизни сақлаб қолишингиз керак. Рустамжон қўшни қишлоқдаги бир аёл билан... Сиз йўқлигингизда деярли ҳар куни ўша аёлни олиб келди.

  Ҳилола бу сўзларни охиригача эшитолмади. Кутилмаган шум хабардан хушини йўқотди. Шу кундан бошлаб унинг хонадонида гўёки қаҳратон қиш бошлангандек бўлди. Гўдагини ўйлаб ўзини қўлга олган Ҳилола эрининг ишдан келишини сабрсизлик билан кутди. У келгач, босиқлик билан бўлган воқеалар ҳақида гап очди... Рустамнинг ранги ўчди.

- Бу гапни сиз кимдан эшитдингиз? Қўшниларданми? Сиз менга ишонмайсиз-у, ғийбатчи қўшниларга ишонасиз, шундайми? Барчаси бекорчи гаплар, ҳеч қачон бундай бўлмайди, ишонинг...

Ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди. Ҳилола фарзандини, қолаверса, онасини ўйлаб, эрини кечирди. Дардини ичига ютиб юраверди. Бироқ, Рус-там суюқоёқлигини ташламади. Ўша аёл билан   ишқий муносабатларини давом эттираверди.

Ҳилола ноилож ўша бахтига чанг солган аёлнинг маҳалласига борди. Маҳалла йиғинига арз қилди. Оқсоқол, маслаҳатчи ва фаоллар бу масалани атрофлича муҳокама қилишди. Аёлни тартибга чақиришди. Оилани бузиш, никоҳсиз бундай қадам босиши яхшиликка олиб келмаслиги, бунга жазо борлиги ҳақида огоҳлантиришди. Бироқ бу икки беандиша кимсалар кўнгил майлига қараб иш тутишни қўймадилар.

 Эрининг оёқости қилаверганидан тўйган Ҳилола ота уйига кетишга мажбур бўлди.

Рустам ҳам Ҳилоладан, ҳам фарзандидан бир умрга ажралганини жуда кеч англади...

Бу воқеалар бўлиб ўтганига  ҳам ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Рустам минг афсусу надоматлар гирдобида қолди. У Ҳилоланинг ишхонасига тез-тез келар, унинг оёғига йиқилгудек бўлиб кечирим сўрар, ҳаммасини бошидан бошлашни таклиф қиларди. Ҳилола эса унинг бу таклифига ҳеч қачон розилик бермаслигини таъкидларди. Лекин Баҳора отасиз деган номни олмаслиги учун расман ажрашишга ҳам кўнмасди.

Баҳора ҳам вояга етди. Университетда аъло баҳоларга ўқияпти. Унинг ҳар бир ютуғи онаизор учун тенгсиз қувонч олиб келади. Она кечалари мижжа қоқмай Аллоҳдан қизининг бахтини сўрайди. Ўзи кўрган кунларни қизи кўрмаслигини сўраб нола қилади. Бироқ бирор кишига бошидан ўтганларини айтмайди. Сўраганларга эса, "Дадамиз қишлоқда қайнотамнинг чироғини ёқиб ўтирибди, мен қизимизни шаҳарда ўқитяпман, дея оиласини ғийбатлардан асрашга интилади. Бироқ дарз кетган,   хаста дилига даво тополмайди.

Фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб  камолга етказди. Эрини судга ҳам бермади, алимент ҳам олмади. Ундаги сабр-бардош, орият-ғурурга таҳсин айтгим келади. Негаки, у ҳам ёш эди. Оиласи барбод бўлганида эндигина 23 баҳорни қаршилаганди. Беш кунлик дунё, деб кўнгил кўчасига кирмади. Эрининг хиёнатига хиёнат билан жавоб бермади. Бошқа турмуш қуришни ҳам истамади. Баҳорани бегона эркакнинг қўлига солишдан кўра, дунёдан тоқ ўтишни афзал кўрди.

Ҳа, халқ шоири Муҳаммад Юсуф айтганидек, ўзбекнинг аёллари фарзанд учун яралган. Сабр, ориятни ҳамиша устун қўйгани боис, бугун у маҳалла-кўй, таниш-билишлари орасида ҳурмат-эътибор топган. Уй-жойи бор, ҳаёти бир маромда ўтмоқда. Бахти барбод бўлган аёлга берилган бахт балки шудир...

 

 

ОЙГУЛ