+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Окт 2017

ОҚИЛА, МАЪНАВИЯТЛИ АЁЛНИНГ ОИЛАСИ ТИНЧ БЎЛАДИ

(42-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Моҳидилхон НИШОНОВА: Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг қадрдоним

Кўп йиллар туман хотин-қизларининг етакчиси сифатида иш юритганман. Маълум муддат маҳалла ишида фаолият олиб бордим. Мана бир неча ойдирки, яна туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида  ишлаяпман.

Фаолиятим давомида турфа тақдирлар, турфа муаммодаги аёлларга дуч келганман. Аёлларнинг табиати, тушунчаси турлича бўлса-да, лекин уларни она, рафиқа, севимли ёр, опа-сингил сифатида умумий жиҳатлар бирлаштириб туради. Мунис, муҳтарама аёллар миллат давомчиларини дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказадиган, оилаларнинг кўрки, жамиятимиз гултожидир. Шу боис ҳар бир аёлга ўзгача ҳурмат билан қарайман, ҳузуримга келган ҳар бир аёл билан дилдан суҳбатлашаман, Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг  қадрдоним, десам асло муболаға бўлмайди.

Туманимизда яшаётган 107 минг нафардан ортиқ аҳолининг 60 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини асраш, бандлигини таъминлаш каби қатор йўналишларда туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги глобаллашув даври ҳар бир аёлнинг жамиятдаги жараёнларда фаол бўлишини талаб этмоқда. Чунки у фаол, оқила, уддабурон, юксак маънавиятли бўлмас экан, маҳаллада, оилада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси борасида муаммолар юзага келаверади. Ана шундан келиб чиқиб, қўмитамиз, қўмита қошида иш олиб бораётган "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ва  бошқа қатор ҳамкорликда иш олиб борувчи ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш,  уларнинг фаолияти билан боғлиқ барча йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Маълумки, Хўжаобод саноатлашган туман ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ишсизлар, айниқса, ишсиз ёшлар жуда кам. Ёшларимиз касб-ҳунар коллежларини тамомлашлари билан аввало, мутахассисликлари ёки қизиқиши, эгаллаган ҳунаридан келиб чиқиб, бандлиги таъминланмоқда. Бундан ташқари, тумандаги ишга эҳтиёжманд ёшлар, хотин-қизлар рўйхати тузилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази кўмагида уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлаб чиқариш корхоналарига таклифлар юборилмоқда. Яқин кунларда хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича "Бўш иш ўринлари" ярмаркаси ўтказишни режалаштирганмиз. 

Фаолларимиз,  бошланғич ташкилотларимиз етакчилари туманда ташкил этилган секторлар аъзолари, оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган гуруҳлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида барча оилага кириб суҳбатлар ўтказдилар, оилаларнинг яшаш шароитлари, муаммолари аниқланиб, уларга имкон қадар ёрдам кўрсатиляпти. Туманимиздан 30 ёшгача бўлган 52 нафар имконияти чекланган фуқаролар аниқланиб, уларга ҳомийлар бириктирилди.  Ногирон болаларга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса имконияти чекланган инсонларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётга бўлган умид ва қизиқишларини оширишдир.

Томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Кўплаб оилаларга, хусусан, хотин-қизларга ўз хонадонида иссиқхона барпо этиш, чорвачилик, паррандачилик ёки ҳунар-  мандлик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни маиший техника воситалари - холодильник, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, телевизор билан таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Туманимиздаги мавжуд 37 маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, қўмитамизнинг бошланғич ташкилотлари раислари фаоллигини, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида дастур тузилган. Ана шу асосда турли соҳалар мутахассислари томонидан  уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар борасидаги билим ва тушунчалари юксалтирилмоқда. Таъкидлаш керакки, уларнинг ана шу йўналишларда юқори салоҳиятга эга бўлишлари энг аввало, оилалар мустаҳкамлигини, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар билан иш олиб боришда муҳим аҳамият касб этади. Ўтказилаётган семинар, учрашув ва давра суҳбатларида айнан ана масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

... тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Айниқса, аёлларнинг маънавиятини юксалтиришга, китоб, газета ўқишга  бўлган қизиқишини оширишимиз зарур. Чунки газета, китоб ўқиган оқила, маънавиятли, илмли аёлнинг оиласи албатта, тинч бўлади, у тарбиялаган    фарзандлар эса комил инсонлар бўлиб вояга етади.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, айниқса, ажримларга йўл қўймаслик ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Ажримларнинг энг  аянчли оқибати бу - бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, отаси ёки онаси меҳридан бебаҳра  қолишидир. Айрим ажрашаётган ота-оналар фарзандлари қалбига нечоғлик жароҳат етказаётганликларини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари орқали тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Ана шу оилалар билан ишлаш, ўрганиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, биз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим экан. Чунки ёш оила вакилларида оиланинг нақадар муқаддас эканлиги, оталик, оналик масъулиятини тўлақонли англаб етмаётганликлари кўринди. Айрим ёшлар ўта эркин, қизиққон, сабрсиз, алоҳида яшашни хоҳлашади. Афсуски, бу ҳаёт. Ҳамма вақт ҳам кўнгил майлига қулоқ тутиб яшаб бўлмайди. Биз шуларни ёшларга тушунтиришга, ўзлари ҳам бир кун келиб қайнона-қайнота бўлиши, ота-она дуосини олиб яшашнинг саодати тўғрисида "Қайноналар кенгаши" аъзолари, маҳалладаги тажрибали, кўпни кўрган онахонлар кўмагида тушунчалар беряпмиз.

Шу ўринда қизларимизни ҳаётга тайёрлашда ана шу онахонларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

 Аёллар жиноятчилиги масаласида ҳам "Аёл нима учун жиноят қилди?" "Унга нима етмаяпти, сабаби нимада?" эканлиги чуқур ўрганиб чиқилиб, салбий ҳолатларга имкон яратаётган омилларнинг илдизи кесилмоқда. 

Туманимизда туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, айниқса, хомиладор аёллар саломатлигини назорат қилиш  бўйича туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Улар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилиб, текширув натижаларига кўра, турли касаллиги аниқланган аёллар даволанишга жалб этилмоқда. 

Аёл - нафосат, назокат тимсоли. Аёл фақат севиш ва севилиш учун яратилган. Баъзан аёлларнинг рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, ўзининг аёллигини унутиб қўяётганликларига гувоҳ бўляпмиз. Тўғри, уларнинг ҳаёт шунга мажбур қилмоқда. Шундай пайтлар уларнинг турмуш ўртоқларига, фарзандларига қарата: "Аёлни бўйнидан рўзғор юкини соқит қилинг, бироз тин олсин, ахир унинг жони қирқта эмас!" дегим келади. Опа-сингилларимизнинг ҳар ишни эплаб кетадиган, иссиқ-совуққа кўнадиган мулоҳазали эканликлари бор гап. Чунки улар сабр-бардошли, ориятни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Мана шундай аёллар ҳар қанча эҳтиромга, эъзозга муносиб.

Бизнинг асосий мақсадимиз, ана шу улуғ зотнинг ҳаётини янада яхшилашга, бахтидан, турмушидан масрур бўлиб яшашига кўмаклашишдир. 

 

Моҳидилхон НИШОНОВА,

 

 Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.