+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Окт 2017

АЁЛЛАРНИНГ ХУНУГИ БЎЛМАЙДИ!

(44-сон) Бизнинг суҳбат

Суҳбатдошимиз - малакали мутахассис, Андижон шаҳридаги "Баҳор" гўзаллик салони раҳбари Гулсарахон Ортиқова. У қарийб 40 йилдан буён косметология соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Қуйида у фаолияти, косметология соҳаси ютуқ ва муаммолари, аёлларимизнинг гўзал бўлиш сирлари хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

- Гулсара опа, косметология соҳасидаги фаолиятингизни қачон бошлагансиз?

- 1965 йили ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган кезларим курсдош қизлар билан Бешёғочдаги гўзаллик салонига бориб турардик. Ўша ердаги сартарош қизлар, косметолог аёлни кўриб, шу соҳага қизиқиб қолганман. Бу соҳа аёл киши учун ҳар қандай ёшда ҳам гўзал ва латофатли бўлиш имконини беради. Ўқишни тамомлагач, Муқимий номли театрга ишга кирдим. Аммо ота-онамнинг хоҳиши билан Андижон театрига ишга келдим. ўша пайтда косметологияга бўлган қизиқишим санъатга бўлган меҳримдан устун келди. Косметология тиббиёт билан эгизак, мазкур соҳада "малакали мутахассис бўламан", деган инсон албатта, тиббиётдан хабардор бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам тиббиёт билим юртига ўқишга кириб, тиббий билимларни эгаллагандан сўнг косметолог бўлиб иш бошлаганман.

- Сизни Андижонда иш бошлаган биринчи косметолог аёл дейишади?..

- Йўқ вилоятимизда косметолог аёллар кўп бўлган. Лекин мен ўзбек аёллари орасида шу соҳанинг бошини тутган биринчи мутахассис бўлганман. Фаолиятим давомида юзлаб аёлларга ҳунарим сирларини ўргатдим. Барча туман ва шаҳарларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам шогирдларим жуда кўп.

- Соҳангиз бўйича малака оширганмисиз?

-Албатта! Россия пойтахти Москвадаги Гўзаллик институтида малака оширганман. Латвия пойтахти Ригада ҳам косметологлар билан ўзаро тажриба алмашганман. Дам олгани бирон бир шаҳарга борсам албатта, гўзаллик салонлари, косметология марказларини айланаман. Уларнинг иш услуби, қайси косметик воситалардан кўпроқ фойдаланиши, табиий маҳсулотларни  қандай ишлатиши билан қизиқаман.

- Бугунги замонавий косметологияга муносабатингиз қандай? Бу соҳадаги ислоҳотлар сизни қониқтирадими?

- Косметология бугун дунё миқёсида ривожланиб бормоқда. Ҳар хил янги косметик воситалар, йўналишлар кўпайди. Пластик операциялар, татуаж, боотекс, соч экишлар, сочни кимёвий куйдириб бўяш, оғритмасдан қулоқ тешиш, депилляциялар амалга оширилмоқда, Айниқса, юртимизда гўзаллик салони очиб, иш ўринлари яратмоқчи бўлган тадбиркор аёлларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Буларнинг барчаси косметология соҳасидаги ислоҳотлар. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, косметологлар орасида етарлича билим ва малакага эга бўлмай туриб, гўзаллик салони очиб, аёлларга ўзи билганича хизмат кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас. Эскилардан қолган гап бор, юзга билиб-билмай дори  қилиб бўлмайди. Чунки ҳар бир инсоннинг юз хусусиятлари турлича. Кимнингдир юзи ёғли, баъзиларники қуруқ, аралаш юзлар бўлади. Масалан, билиб-билмасдан турли косметик воситалардан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Чунки, уларнинг барчаси ҳам бизга тўғри келмайди, негаки бизнинг иқлим қуруқ иссиқ, аксарият косметика билан танилган давлатлар воситалари эса ўзларининг нам ва совуқ иқлимига мўлжалланган.

Ҳаммага бир хил мойупани тавсия этиб ёки ҳамма келинчакларга бир хил макияж қилиб бўлмайди. Кимгадир сунъий киприк умуман, ярашмаслиги мумкин, кимнидир қовоғи билинмайди, унинг қовоғини "очиш" учун қандай ранглар танлашни билиш керак. Қош билан ҳам худди шундай ҳолат. Мен қошлари табиатан чиройли бўлган қиз-жувонларга иложи борича қошига тегмасликларини маслаҳат бераман. Ҳозирда қилинаётган татуажлар, боотексларнинг барибир, инсон организмига зарари бор. Булар кишини вақтинчалик гўзаллаштириб туради, аммо вақт ўтиши билан, қош-кўздаги бўёқ ўчиб хунуклашади, қош ўзи ўсиб туради лекин татуаж қилдиргандан сўнг ўша жойдаги тукларнинг ўсиши қийинлашади, агар бирон томир жойлашган нуқтага нотўғри тегиб кетиладиган бўлса, ўша юз фалаж бўлиб қолиши ҳам мумкин.

- Юзга доғ тушиши, ажинларнинг эрта кўпайишининг сабаби нимада?

- Ҳозир кўпчилик аёлларда қуёшнинг ультрабинафша нурлари ҳисобига доғлар кўпайган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида юз териси қуруқлашади. Қуруқлашганда ажинлар кўпаяди. Кейин...юздаги ҳар хил доғлар ички органлардаги касалликларга ҳам боғлиқ. Мисол учун доғлар ўт пуфаги, жигар хасталиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар ана шу аъзолар      соғлом бўлмаса, бу юзда акс этади. Соғлом одамда юз ранги чиройли бўлади. Шуни ҳисобга олиб камида олти ойда бир марта аёл киши албатта, тиббий кўрикдан ўтиб туриши керак. Ёғли таомларни кўп истеъмол қилиш ҳам юзга ўз таъсирини ўтказади, Аёлларимиз  кўпроқ парҳез таомлар билан озиқланишни одат қилиши лозим.

- Уй шароитида юзларни парваришлаш мумкинми?

 - Бизнинг ўлкамиз неъматлари витаминларга жуда бой, табиий иқлим шароитида ўсган. Бу неъматлардан уй шароитида ҳам юз парвариши учун турли ниқоблар қилиш мумкин. Ёки турли доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб ичиш, компресс қилиш ҳам фойдали.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, Аёлларнинг хунуги бўлмайди, фақат ўзига эътибор беришни билмайдиган аёллар бўлади холос. Аёл киши ўзига озгина вақт ажратиши, гўзал бўлиши учун қунт қилиши керак. Ахир айтишади-ку,   "онангни отангга бепардоз кўрсатма", деб. Аёл киши пардозланиб, ороланиб, бенуқсон, гўзал чеҳрага эга бўлиб юрса, ўзининг ҳам кайфияти яхши бўлади, қолаверса оила аъзоларига, атрофидагиларга ҳам бу ижобий кайфият улашади.

 

-Суҳбатингиз, маслаҳатларингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.